Дўстлик "Мерседес"дан қимматми ёки сохта дўстлар. Принтер учун E-mailга юбориш
Инсон зоти ҳаётда ёлғиз яшай олмайди. Ҳар он, ҳар қадамда дўстга муҳтож эканини аввалроқ айтдик. Умри давомида садоқатли дўст бўла оладиган одамни топишнинг ғоят мушкул вазифа экани сир эмас. Камбағал одамнинг бу масалани ечиши осонроқ: унинг атрофида сохта дўстлар деярли бўлмайди. Бадавлат ёки мансабдор одам атрофидаги «манфаат дўстлари»нинг садоқатини аниқлаб олгунича кўп азият чекади. Яқинда бир нохуш воқеани сўзлаб бердилар. Бадавлат оилаларнинг фарзандлари бўлган икки дўст икки машинада кетаётган эканлар. Иттифоқо биринчисининг автомашинаси ҳалокатга учрабди-ю, ўзи жароҳатланибди. Унинг изидан келаётган дўсти «Мерседес» автомашинасини тўхтатиб, дўстига ёрдам бериш учун йўловчи машина тўхтатибди. «Акахон, оғайним яраланиб қолди, машинангизда касалхонага олиб бориб қўйинг, мен орқангиздан етиб бораман», дебди. Бундан ажабланган йўловчи машина эгаси «Машинангиз бўлса ўзингиз олиб боравермайсизми?»- деб сўраса, у «дўст» «Қон оқиб ётибди-ю, яп-янги машинамни қон қилади», дебди. Бу йигитнинг қанақа дўст эканини фарқлаш ўзингизга ҳавола.
 
« Олдинги   Кейинги »