Дарз кетган дўстлик Принтер учун E-mailга юбориш
Маҳаллада икки дўст яшардилар. Икковларининг ёшлари етмишдан ошган. Агар йигирма яшар дўстлар аразлашса, тушуниш мумкин: уларнинг ҳаёт тажрибалари кам, қизиққонлар. Бугун бир дўст йўқотсалар, эртасига бошқасини топишлари мумкин. Аммо етмиш ёшда дўстни йўқотиш?! Аразлаш учун биттагина ҳазил кифоя қилган. Атрофдагилар уларни яраштириш учун кўп ҳаракатлар қилишди. Сўфи Оллоҳёр ёзадиларким:
Худонинг буйруғидан тойса ногоҳ,
Биродарлик ўшалдир қилсанг огоҳ...

Демоқчиларким, Аллоҳ таоло учун тутинган дўстинг беҳосдан Аллоҳнинг буюрганидан қайтиб, йўлдан чиқса, уни бу бузуқ ишдан огоҳлантириб, тўғри йўлга қайтаргин. Ҳақиқий биродарлик ана шундай бўлади, деган ҳикматга амал қилиб, улардан бири уйида маҳсус зиёфат уюштирди. Масжид имомини ҳам таклиф қилди. Имом бу икки аразчи қариянинг аҳволидан бехабар, қавмнинг илтимоси билан икки мусулмоннинг аразлашуви дуруст эмаслиги ҳақида маъруза қилди.

Зиёфат якун топгач, аразчи қариялардан бири соҳиби эҳсонга «Сен менга ақл ўргатиш учун чақирдингми?»- деб дағдаға қила кетди. Хуллас, улар ярашишмади. Кимки аччиқ бўлса ҳам ўз дўстлари насиҳатига қулоқ солмас экан, ишнинг оқибати пушаймонлик бўлади. Бу – табиб буюрган дориларни ишлатмай, парҳез қилмай, ўзининг кўнгли тилаган таомларни еган, истаган ичимликларини ичган беморнинг ҳар дақиқа дарди оғирлашиб кетгани кабидир. Орадан шу зайлда икки-уч йил ўтиб, олдинма кейин вафот этишди. Биринчи дўст вафот этганида ярашишни хоҳламаган киши жанозага келди. Шунда биродарлар дедиларки: «Барибир келар экансиз, аввалроқ келиб рози-ризолик тилаб қолсангиз бўлмасмиди?» У киши эса шунда ҳам паст келмай: «У «менинг ўғлим сеникидан бойроқ» деб керилган, шунисини кечира олмадим», — деб изоҳ берди.

Унинг бу изоҳи тўпланганларга шу даражада бемаъни туюлди-ки, айримлар ундан юзларини ўгирдилар ҳам. Аразлашишга сабаб бўлган баҳона биродарларига ҳам эриш туюлган бўлса, уларнинг қиёматдаги аҳволлари қандай бўларкин?
Мана шу каби воқеаларни эшитганимизда ёки… йўқотганимизда (астағфируллаҳ!) фикр қилайлик:

— Эй ғофил банда, Аллоҳнинг марҳамати билан топган дўстингни йўқотиб қўйдинг-а! Энди уни қиёматда қайда ва қай ҳолда топгайсан? Дўстини йўқотган ҳар бир одам кўпроқ айбни унга юклайди. Сен ундай қилма, кўпроқ айбни ўзингдан қидир.Сўнгги нафасинг чиқунига қадар дўстлигингни қайта тирилитиришга улгуриб қол! Бир оғиз нохуш гап учун аразлаб юриш эвазига дўзах оташини сотиб олиш наҳот сен учун лаззатлироқ бўлса?! Олий ҳимматли, мард одам бир лаҳзада дўст орттиради, пасткаш эса неча йиллик ошналигини бир лаҳзада барбод қилади. Сен пасткашлардан бўлма. Фаровонликни истасанг, бахтли онларингда ҳам дўст-ёр орттириб ол. Биласанки, денгиз тўлиб тошса ҳам дарё сувига муҳтождир. Дўстлар қанча кўп бўлса, кишига бало шунча кам ёпишади.

Донодан сўрабдилар: «Дўстларингдан қай бири барчадан кўра сенга кўпроқ ёқади? Қайси бирини чин биродарлик даражасига етган, деб ўйлайсан? Қайси бирига сенинг муҳаббатинг кучлироқ?» Донишманд жавоб бердиким: «Айб қилсам яширадиган ва узр сўрасам кечирадигани менга ёқиб тушади...»

Баён қилганимиз икки қария узоқ йиллар ўзларини бир-бирларига дўст деб билганлар, аммо қалбларида дўст меҳри йўқ эканидан бехабар яшаганлар. Ҳатто муборак ҳаж ибодатига борганларида ҳам Аллоҳ уларнинг қалбларига дўст муҳаббатини солмаган экан, на илож? Дўстнинг васли кўрар кўзларга роҳат беради. Уларнинг кўзлари бу роҳатдан бенасиб экан. «Емайсан, аммо тўясан, бу дўст меҳридир». Улар дўст меҳрига оч яшадиларми? Ҳар ким айбсиз дўст қидираверса, дўсти камайиб бораверади, дўстларини ранжитаверса, душманлари кўпаяверади. Бу қариялар умрлари давомида қанча дўст йўқотиб, қанча топдилар экан? Ҳар бир гулнинг тикони бўлгани каби, ҳар бир дўстнинг ҳам нуқсони бўлиши табиий. Ўз дўстларининг хатоларини кечирмасликнинг, уларга етказган зарарни унутмасликнинг одам учун нима фойдаси бор? У қандай инсонки, ўз дўстининг тавба ва узрини қабул этмасин ва уни севинч билан қарши олмасин!? Олижаноб ва мард одам оғир кунларда ҳам ўз дўстини ташлаб кетмайди. Ҳар қандай шубҳа ва гумонга асосланиб, ўртоқлик алоқаларини узмайди, бориш-келиш, салом-аликни канда қилмайди.
 
« Олдинги   Кейинги »