Сиз – азиз дўстим, биродаримсиз Принтер учун E-mailга юбориш
“Дўстлар дўстлар вафосин асрағайлар”. Алишер Навоий, “Насойимул-муҳаббат”дан.

Қалб – Аллоҳнинг омонати. Уни Эгасига қай ҳолда қайтарамиз? Қўшнидан омонатга бир коса олсак, ишлатиб бўлгач, ювиб, покиза ҳолда қайтарамиз. Қалб вазифасини ўтаб бўлгач, уни покизалашга имконимиз бўлмайди. Ортимизда қолаётган яқинларимиз ҳам тозалаб бера олишмайди. Уни поклашни олдинроқ ўйлашимиз керак. Уни турли иллатлар билан булғамаслик чорасини кўрсак, янада афзалроқ. Эски бир жомга тўпланган ахлатни биров бошқа бировга ҳадя этмайди. Агар қалбни ғазаб, риё, ҳирс, очкўзлик, ҳасад, ғийбат… каби иллатлардан муҳофаза қилмасак, у ўша ахлат тўла жомга ўхшаб қолади.

Одамнинг жисмоний ўлимига турли хасталиклар ёки фалокатлар сабаб бўлади. Одамлар орасида тиригида ўлик кимсалар ҳам мавжудким, улар жисмонан бақувват бўлсалар-да, руҳан мурдадирлар. Қалбнинг ўлими ҳам икки кўринишда: бири – жисмоний ўлим. Иккинчиси – руҳан ҳалок бўлиш. Иймонга зид барча иллатлар қалбни ўлдиради. Ғазаб жиловини бўш қўйган кимса, ҳилмга хиёнат қилиб, биродарини ҳақорат қилаётганида қалби фарёд чека-чека ўлади.

Бировнинг ҳақига хиёнат қилаётганида қалби нолаю афғонлар билан жон таслим этади. Мунофиқлик қилаётганида қалби тилка-тилка бўлади… У эса ўлик қалбни кўтариб юраверади. Оқибат – кимса неча-неча марта азоблар билан ўзи ўлдирган ўз қалбини, омонатни Эгасига қайтармоқликдан уялмайдими? Фоний дунёда одам қотилининг жазоси бор. Боқий дунёда ўз қалби қотилини қандай жазо кутмоқда экан?

Юрак зарбаларини соатнинг чиқиллашига ҳам ўхшатадилар. Инсон қалб соатини Ҳақ учун созласа, унинг зарбалари ҳар сонияда “Ҳақ!” деб турса, инсон Ҳақ йўлида умр кечирган бўлади. Агар одам кўнглини азон товушига боғласа, субҳи содиқда қалби билан бирга уйғонади. Агар азон чақириғи уни чорламаса, қалб уйғонмайди. У умрини ғафлат босган қалб билан ўтказади. Қалб ўлик бўлса, қулоқлар кар, кўзлар кўр бўлади. Ҳақиқатни кўра олмайди ва эшита олмайди.
 
« Олдинги   Кейинги »