Шошқалоқлик Принтер учун E-mailга юбориш
Шошқалоқлик — инсон зотининг ёвуз душманларидан бири. Айниқса, ўтмиш ҳақида фикр юритиб, ўзича ҳукм чиқариб, сўнг элга овоза қилғувчи одам шошқалоқ бўлса, ундан одиллик кутмак хўроздан тухум умид қилмак ила баробардир. Баъзан ён-атрофимизда ана шу каби шошқалоқларни учратиб қоламиз. Бундайлар ўзларини ғоят билағон кўрсатиб, маълум даврларга, шахсларга ёки айрим воқеаларга нисбатан тездагина ҳукм чиқариб қўя қолишади. Ана энди бир мулоҳаза қилайлик: Искандар Зулқарнайн, Амир Темур, Наполеон… шахси ва даври ҳақида ҳали узил-кесил хулосалар йўқ.

Булар ва бу каби шахслар ҳақида дунё олимлари орасида бир-бирига зид фикрлар оқими ҳали ҳам мавжуд. Закийлар тарихда ном қолдирган шахслар ҳақида неча юз йиллардан бери ўзаро баҳс юритадилар. Бу табиийдир.

Буюкларнинг аъло, савоб ишлари ҳам, шу ўринда камчиликлари ҳам ўзларига яраша буюк бўлади. Тарозининг қай палласи босишини биз — ожиз бандалар белгилаб бера олармиканмиз? Шундай экан, совет даври, хусусан ўттизинчи йиллар ҳақида узил-кесил ҳукм чиқаришга вақт бор. Биз бу билан индамай, мум тишлаб ўтириш керак, демоқчи эмасмиз. Ҳозир ўрганиш, таҳлил қилиш даври. Одил хулоса учун эса, «вақт» деган ҳакам ҳам талаб этилади.

Мисол учун айтсак, «Ҳаммасига Сталин айбдор», деб ҳукм ўқиш осон. Лекин Сталин «Ўтган кунлар»ни ўқиганмикин? Ўки «Бузилган ўлкага»дан хабари бўлганмикин? Абдулла Қодирий ёки Чўлпоннинг отилишидан у манфаатдор эдими?
Ёки: «Фалончининг айбномасига Пистончи имзо чеккан, қотил шу!» деб хулоса чиқариб қўйиш ҳам қийин эмас. Баъзан шундай шошқалоқ фикрнинг гувоҳи ҳам бўляпмиз. Шунга ўхшаш айбловлар айтилганда мен айсбергни — шимолий уммоннинг гердайган муз ҳокимини кўз олдимга келтираман. Айсбергнинг озгина қисмигина сув юзасида кўринади. Кемаларни парчаловчи асосий қисми кўзга кўринмайди — сув остида бўлади. Ўттизинчи йилларнинг қирғини ҳақида фикр юритганда ҳам шу нарса унутилмаса дуруст бўларди. Фалончининг айбномасига Пистончи имзо чекмаганида ўша Фалончи омон қолармиди? Йўқ. Айбномага мамнуният билан имзо чекиб берувчи иккинчи Пистончи топиларди, албатта.

Иккинчиси бўлмаса, учинчиси ёки тўртинчиси топиларди. Дунёда ҲАСАД деган нарса бор экан, бундайин пистончиларга муҳтож бўлинмайди. Тарихдан аёнким, ҳукмронлар айнан ана шундай ҳасадчилар хизматидан беминнат фойдаланганлар.

Мен савдо ходимлари ёки ҳунармандлар орасида ҳасадчилар борлигидан ажабланмайман. Лекин халққа адаб беришга масъул зиёлилар орасида ҳасад мавжудлигига чидашим қийин. Зиёли ҳасадгўй бўлса — дунёдаги энг эси паст махлуқдан ҳам тубанроқ бўлади. Ҳасадгўй зиёли (балки ёзувчидир?) ўзидан истеъдодлироқ ҳамкасбига тош отади, уни йўқотишга тиришади, бу билан ўзига шон-шуҳрат йўлини очишга тиришади. Хўш, кейин нима бўлади? Шу билан шуҳрати ортадими? Йўқ; халқ унинг ўзини эртами-кечми супуриб ташлайди. Буни тарихнинг кейинги ярим асри исботлаб берди.

Энди ўттизинчи йилларни яна қайтармаслик учун айбни фақат Сталиндан эмас, ўзимиздан, одамлар орасидан қидирайлик. Шу билан бирга қатъий, узил-кесил ҳукм чиқаришга шошилмайлик. Бир одамнинг номини тиклаб, бошқасини ахлатга қориштирмайлик. Шошқалоқлик билан нотўғри хулоса чиқариб қўйсак, келажак авлод бизларни кечирмайди.

Биз қоралаётган одам нима учун ёлғон гувоҳлик берган ёки ёлғон айбномага имзо чеккан?

1. Хусуматдан. У ҳолда унинг номи абадул абад қора билан ёзилиши керак.

2. Қўрқоқликдан. Кўзига ўз жони, бола-чақаси кўринган. Бу ҳам лаънатга лойиқ. Лекин ўзида истеъдод чўғи бўлиб, адабиётга хизмат қила олган бўлса, унинг асарларидан воз кечмайлик. Тоғам — Мирзакалон Исмоилий ўзларини қаматишга сабабчи бўлган одамлар ҳақида ҳеч гапирмаган эдилар. Фақат бир марта хасталик пайтларида, йўқлаб кирган шоир қўшнилари чиқиб кетгач, «Бу жуда бечора одам-да», дедилар. «Нимаси бечора?» деб сўрадим. «Бечоралиги — қўрқоқлигидан, — дедилар тоғам, — қўрқоқ бўлгани учун ҳам қамалганимда рўпарамга ўтириб олиб, кўзларини мўлтиллатиб ёлғон гувоҳлик берган».

Эшитганим шу. Ўша шоир ўртоқлари тоғам билан Сталинграддан то Берлинга қадар бирга жанг майдонларини кечиб боришган. Мени ажаблантирган нарса — тоғам қамоқдан чиққанларидан кейин ҳам ўша шоир ва бош-қа ёлғончи гувоҳлар билан дўстликларини давом эттирганлар. Аразлаб, юзкўрмас бўлиб кетмаганлар. Исломдаги одамнинг кечиримли бўлиши фазилатини мен шунда кўрганман.

3. Биз қоралаётган одам ўттизинчи йиллар коммунист мутаассиблигига берилиб, айбланувчини чиндан «халқ душмани» деб билса, орадан фурсат ўтиб, кўз олдидаги мутаассиблик қора пардаси йиртилиб, ҳақиқат нурини кўргач, тавба қилган бўлса, уни қисман кечириш мумкин. Беайб — парвардигор. Шайтон йўлига кириб топилган гуноҳ бўйинга олиниб, астойдил тавба қилинса, Аллоҳ ҳам кечиради, дейдилар. Лекин… ҳақиқатга ета олмай, ўша мутаассиблиги билан ўтиб кетган одамлар-чи? Бунга биз бир нима дея олмаймиз. Дийдор қиёматга қолган бўлса не ажаб?
 
« Олдинги   Кейинги »