Ўзбек атамаси ҳақида Принтер учун E-mailга юбориш
“Ўзбек” атамаси ҳақида турли фикрлар мавжуд. Тарихчи олимларимиз таъбирича: “ўзбек – ўзига ўзи бек” дегани. Яна бошқа таъбирда ўзбек тарихини Ўзбекхондан бошлашади. Бу икки фикрда ҳам мантиқий асос йўқ. Аввало, Ер юзида яшаётган каттами-кичикми ҳар бир халқ ўзи ўзига бек, бошқага тобе бўлишни истамайди. Иккинчидан, агар тарих Ўзбекхондан бошланса, бу хонга “Ўзбек” деб ким исм берган? Бу исм осмондан олинмагандир. Демак, бу ном, бу атама аввал ҳам бўлган.

Мен тарихчи эмасман, олимликка даъвоим ҳам йўқ. Бироқ, бу хусусда ўзимнинг қатъий фикримга эгаман. “Қирғиз” – қир ўғузи, “Гагауз” – кўк ўғуз демакдир. Туркий халқларнинг бобоси Ўғузхон бўлганлар. Бу ҳақда қадим тарих китобларида етарли маълумотлар бор. Айни Ўғузхон даврларида қавмларга (оилаларга) ном берилган: уйғур, қорлиқ, қибчоқ, қанғли… (бу тарихга қизиққанлар Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асаридан баҳраманд бўлсалар дуруст) Бизнингча “ўзбек” – Ўғуз беги демакдир. Яъни Ўғузхон саройига яқин оила шундай аталган. Бу ҳол Европада ҳам бўлган. Масалан Россияда “дворянин” деган табақа бўлган. Яъни “прилиженниый к царственному двору” – подши саройига яқин бўлган киши. Яна Европада лорд, герцог, барон… каби табақалар борки, барчаси ҳукмдорга қанчалик яқинликни англатиб туради. Ўғуз беклари ҳам саройга шундай яқин бўлганлар. Тарихчи олимларимиз ўзларининг Якубовский, Бартольт, Бертелс каби узтозларининг айтганларини маҳкам ушлаб олмасдан асл манбаъларни ўрганиб, таҳлил қилиб, фикр юритсалар дурустроқ бўларди. Бизнинг тарихимизни ўрганиб, китоблар ёзганлари учун у зотлардан миннатдормиз. Бироқ бу борада бир ҳақиқат мавжуд: бир миллат тарихини ўрганиб, баҳо бераётган бошқа миллат вакилининг баён этилган фикрида албатта ўз миллати манфаати ётади. Ана шу манфаат холислик йўлини тўсади.
 
« Олдинги   Кейинги »