Принтер учун E-mailга юбориш
ДУНЁҚАРАШ
 
(Маърифий суҳбатлар)

Кўп мухлисларда биронбир асарни ўқигандан сўнг ёзувчи билан суҳбатлашиш истаги тyғилaдu. Асарни ўқиш жараёнида туғилган саволларига жавоб олишни истайди. Адибнинг таржимаи ҳоли, оиласи, туриштурмуши, айрим масалаларга бўлган муносабати билан қизиқади. Табиийки, ёзувчи барча мухлислари билан учраша олмайди. Юзмаюз бўлиб суҳбат қуриш имкониятига ҳам эга эмас. Китобхон ўзини қизиқтирган саволларига ёзувчининг турли муносабатлар билан ёзган мақолалари орқали жавоб олиши мумкин.
Тоҳир Маликнинг «Танланган асарлар»и нашр этила бошлангач, нашриёт китоб муҳибларидан  кўп мактуб олди. Еттинчи жилдни тайёрлашда мухлисларнинг истаклари инобатга олинди. Бадиий асарни ўқиганда ёзувчининг ички дунёси билан танишиш қийин. Тоҳир Маликнинг кимлиги, ҳаётда қандай одам экани, нималардан ранжиб, нималардан қувонишини билмоқ учун унинг суҳбатлари ва мақолаларини ҳам ўқиш керак, деган фикрда турли йилларда ёзилган публицистик асарлардан айримлари саралаб олинди.

 

Кенжа ўғил

—    Сиз туғилган оила ва унинг муҳити қандай эди?


—    Мен 1946 йилнинг 27 декабрида, тизза қадар қалинликда қор ёққан аёзли куни туғилган эканман. Санадан аёнки, урушдан кейинги машаққатларга бой, аммо қорин оч маҳалда туғилиш қисматимиз экан. Камина оиладаги бешинчи, кенжа фарзанд эдим. Дадам раҳматли — Абдумалик Ҳобил ўғли, асли марғилонлик аям раҳматли — Санобар Исменлхужа қизи, асли андижонлик эдилар. Бизнинг оила Тошкентга мусофир, мен туғилганимда ҳам ўзимизга тегишли уй йўқ эди. Икки акам ва икки опам, таъбир жоиз. бўлса, ижара уйларда туғилишган. Мен тоғамнинг уйларида яшаётганимизда туғилган эканман Шунданмикин, менда ёзувчиликка ҳавас бўлган. Тоғам — атоқли адиб, Мирзакалон Исменлий уруш йиллари Сталинграддан то Берлингача борганлар. Урушдан кейин Берлинда ўзбек тилида чиқадиган газетада ишлаб, оилаларини ҳам кўчириб кетганлар. Ўшанда уйсиз сингилларининг оиласи, яьни бизга тоғамнинг уйларида вақтинча яшашга тўғри келган экан. Менинг ижара уйда туғилмаганимга сабаб шу. Дадам раҳматли ҳарбий хизматчи эдилар. Дастлабги ўзбек зобитларидан бўлганлар. Аям раҳматлини тоғам Тошкентга олиб келиб, ўқитганлар. Аям бир қанча вақт муаллималик қилганлар. Кейинчалик акаопаларим туғулишгач, ишлай олмаганлар. Лекин тирикчилик қийин бўлгани сабабли, новвойлик қилганлар, дўппи тикканлар. Қоронғи кечаларда ҳам қора чироқ ёруғида дўппи тикиб ўтирганлари эсимда. Айниқса тоғамни «халқ душмани» деган туҳмат билан қамашгандан Кейин йиғлаб ўтирганларини унута олмайман. Мен кенжа бўлганим учун ҳам доимо аям билан бирга эдим. Кечқурун ҳам бирга ётардим. Тунда пиқиллаб йиғлаган овоздан уйғониб кетардим. Қора чироқ липиллаб турибди. Тиззаларида дўппи. Қўлларида игна. Кўзларида ёш... У пайтда нима учун йиғлаганларини идрок қила олмас эдим. Буни кейинрок. тушундим. Кейинчалик биз Кўкчадаги 40мактабнинг синф хонасида яшай бошладик. Дадам шу мактабда ҳарбийдан дарс берардилар, шу боис бўш синф хонасида яшашга ижозат этиланди. Эллик тўртинчи йил эди шекилли, кечаси тоғамнинг катта ўғиллари раҳматли Фаррух акамнинг овозларидан уйғониб кетдим. «Амма, суюнчи беринг, адам келдилар!» Аям ўша кечаси ҳам йигладилар, аммо бу йиғи аввалгисидан фарқ қиларди. У пайтлар такси, йўловчи машина деган гап йўқ, тунда трамвай, троллейбуслар ҳам тўхтаган. Шундай бўлсада, акани соғинган сингил ярим кечада Кўкчадан Дархон томонга пиёда кетдилар. Тонг отиб, трамвай юришини кутишга сабрлари чидамади.
1949 йилда ҳозир яшаётганимиз маҳалладан дадам учун ҳам ер ажратиб берилди. Фақат маошга яшовчи камбағал оиланинг иморат қуриши осон эканми? Акаларим, опаларим ғишт, гувала қуйишиб, пахса учун лой тэпишиб, қариндош уста ва танишлар кўмагида бир уй, бир дахлизни аранг тиклаб олиб, 1955 йилнинг ёзида кўчиб келдик. Дадам билан аям 1932 йилда турмуш қуришган бўлишса, 23 йил мобайнида қандай қилиб уйсиз яшашга чидаганларига ўзим ҳам ажабланаман. Ахир орада қанча азобли кунлар, йиллар ўтди.
Очарчилик, уруш йиллари... Дадам урушда эканларида қандай яшашди экан, тасаввур қила олмайман.
Моддий томондан қийин эди. Аммо оиламиз аҳил, ношукурлик қилмасди. Борига қаноат қиларди. Бирбиримизнинг кийимларимизни кийиб катта бўлганмиз. Айниқса мен. Университетнинг иккинчи курсида ўқиётганимда ҳам акамнинг катта, оғир пальтоларини кийиб юрардим. Хеч кимга оғир, машаққатли хаёт насиб этмасин, аммо қийинчилик кишини ҳар томонлама «пишитар» экан. Яқинда бир танишим «Шу кунларда сиз ҳам қийналаётгандирсиз?» деб сўраб қолди. «Йўқ дедим, ҳозирги қийинчиликлар менга унча қаттик, таъсир этаётгани йўқ. Чунки мен доимо қийинчиликлар орасида яшадим, бундан беш баттар кунларни хам кўрдим».

—    Исмингизни ким қўйган?

—    Халқимизнинг одатига кўра, эгизаклардан кейин туғилган фарзандга «Тоҳир» деб исм беришади. Лекин менга исм қўйилиш тарихи сал ўзгачароқ. Исмимни дадам раҳматли билан у кишининг яқин қариндошлари Ўлмасжон ака қўйган эканлар. Ўлмасжон аканинг катта қизлари Малоҳат Исоқова санъаткор эдилар, Андижон вилоят театрида узоқ, вақт ишладилар, Ўзбекистон халқ артисти унвонига эгалар. Мукаррама Турғунбоева билан дугона бўлишган экан. Ўлмасжон аканинг мендан сал кичикроқ. ўғиллари Тўлаган Исоқов 60 —70йилларнинг машҳур футболчиларидан бири эди. Хуллас, икки биродарнинг хонадонида икки фарзанд дунёга келади. Бири мен, иккинчиси Ўлмасжон аканинг қизлари. Ўша пайтда «Тоҳир ва Зуҳра» фильми жуда машҳур экан. Шундан илҳомланибми, «фарзандларимиз келажакда ТоҳирЗуҳра бўлиб юришсин», деб каминага Тоҳир, қизга Зуҳра деб исм беришибди. Аммо қисмат экан, Зуҳра чақалоклигида вафот этибди. Исмимнинг тарихи шундан иборат.


—    Отангиз, у кишининг ҳарактери ҳақида нима дея оласиз? Онангиз хакидачи?

Дадам раҳматли ғоят мўмин ва ҳалол одам эдилар. Кам гапирардилар. Биз болаларни деярли уришмасдилар. Батартиб ва озода юрардилар. Ҳозиргача маҳалладаги кексалар дадамни мақтаб эслайдилар. Дадам ҳарбийдан истеъфога чиққанларидан сўнг ўттиз йилга яқин мактабда ишладилар. Ҳозир кўпинча тушимда дадамни худди шу лавозимда ишлаб юрганларини кўраман. Ётган қабристонлари ҳам ўша мактабнинг шундай ёнгинасида. Такдирнинг ёзуғи шу экан... 1958 йилда акам қурилиш факультетидаги ўқишни тугатар маҳалларида қаерда ишлашлари оилада муҳокама қилинарди. Дадам акамнинг қурилишда ишлашларига қатъий қарши эдилар. «Қурилишда ўғирлик кўп, ишламасин», дердилар. Акам аспирантурада қоладиган бўлганларидан сўнг дадам анча тинчидилар. Дадам намозхон бўлмасалар ҳам, мусулмонга хос фазилатларга эга эдилар.
Раҳматли аямда ҳам дадамдаги яхши фазилатлар бор эди. Ҳалоллик, меҳнаткашлик, меҳрибонлик каби фазилатлар уларни бир-бирларига боғлаб турарди. Шунинг учундир барча машаққатларни биргаликда енгиб ўтишган. 55 йилдан ортиқ бирга яшашди. Аямда дадамдан фаркди ўлароқ бир одат бор эди: дадам ноҳақликни кўриб ҳам индамай кетаверсалар, аям жим тура олмас эдилар. Ноҳақликни ўша кишининг юзига айтардилар. Бир йили қўшни ҳовлини бир бадавлат одам сотиб олиб, жойини янада кенгайтириш мақсадида ҳовлимизнинг ярмига ҳам харидор бўлибди. Дадамдан сўраса «майли» деб қўя қолибдилар. Агар бунга аям аралашмаганларида ҳозирги ҳовлимиз туйнук ҳолига келиб қолган бўларди.

—    Сизнинг тарбиянгизда болаликда кимнинг ҳиссаси кўп бўлган, деб ҳисоблайсиз?

—    Бешала фарзанднинг тарбияси аямнинг зиммаларида эди. Чунки дадам эрталабдан кечгача ишда бўлардилар. Якшанбада ёки таътилда дам олиш деган нарсани билмасдилар. Мен оилада кенжа бўлганим учунми шўхроқ эдим. Шунинг учун акаларим, опаларимдан кўп дакки эшитардим. Сал улғайиб уларга гап бермай қўя бошлаганимда аям тоғамга шикоят қиладиган бўлганлар. Бирон ҳикоя ёзиб тоғамга кўрсатгани олмб борганимда ҳикояиинг муҳокамасидан сўнг «тарбиявий соат» бошланарди. Менинг тарбиямда катта акамнинг ҳиссалари ҳам кўп. Китобга ихлосим борлигини билиб, китоблар олиб келиб берардилар. Адабиёт тўгарагига ҳам акам олиб борганлар. Кичиклигимдан бери то ҳозиргача ёзганларимнинг биринчи ўқувчиси ва танқидчиси акам бўладилар. Мисол учун, бир куни мактабда илм олишнинг фойдаси ва усули ҳақида гапира туриб, ҳовлида кичик чуқурча қазидиларда, бир челак сувни олиб қуйдирдилар. Сув тўлиб-тошиб кетди. Кейин айтдиларки: «илм ҳам шундай, бирданига олиб бўлмайди. Агар оз-оздан қуйилса, бу кичкина чуқурчага юз челак сув кетади. Шунинг учун ҳар куни дарс тайёрлаш керак».


—    Болаларнинг ҳар бирининг оилада, уйрўзғор иш ларида ўз юмушлари бўлганми?

—    Албатта. Иш ёшга қараб тақсимланган. Ҳовлидаги ишлардан ташқари акам ва опаларим аямга дўппи тикишда ёрдамлашишарди. Кейинчалик бу ишга мен ҳам жалб қилиндим. Аввал елимлардим, кучга тўлгач, кўмир чўғи билан қиздириладиган оғир чўян дазмолда дазмоллайдиган бўлдим. Якшанбада бозорга бирга борардим. Милиция дўппи сотишга йўл қўймагани учун мен бир четда дўппиларни ушлаб турардим, аям битта-битта олиб тушиб сотардилар. Ҳамма дўппилар сотилган куни уйимизда байрам бўларди. Қозонга ҳам баракали масаллиқ тушарди.


—    Болалигингизда қандай ўйинлар ўйнагансиз?

—    Тўп ўйнаш орзуимиз эди. Резина тўп ҳам барчада бўлавермасди. Қишда коньки учишни орзу қилардик. Ҳар йили келгуси қишда коньки олиб беришга ваъда қилишарди. Велосипедни орзу қилардик. Ваъда бажарилмаслигини билсак ҳам ишонардик. Болалар билан ўйнайдиганимиз чиллак, соққа қувлаш, ланка, варрак учириш эди. Соққа ўйнаш мақсадида ёнғоқ тозалаб қўлларимизни қизартирганимиз учун ўқитувчилардан дакки эшитардик. Варрак учириш, ланка ўйнаш ҳам мумкин эмасди. Кечқурунлари беркинмачоқ ўйнардик. Электр чироғи бўлмагани учун ҳам ўйинимиз жуда қизиқарли ўтарди.

—    Ўйин бор экан, болалар уришиб ҳам туришади. Тенгдошларингиз билан уришиб қолган кезларингизда отангиз сизга нима деган? Онангизчи?

—    Ажабки, болалигимда ҳам, кейин ҳам уришмаганман. Жиддий сўкишганим ҳам эсимда йўқ. Шунинг учун дадамни таниганлар мени «отангизга ўхшайсиз» дейишади.


—    Сизнинг тарбиянгизда кимнииг ўрни кўпроқ бўлган  ота-онангиз ёки бобо-бувингизникими?

—    Афсуски, биз бобо-бувиларимизни кўрмаганмиз. Аммо бизнинг фарзандларимизни, Худога шукр асосан бобо-бувилари, яъни дадам ва аям тарбия қилишди, дея оламан. Тўғри, биз ҳам қараб турмаганмиз, лекин асосий яхши фазилатларга дадам билан аям ўргатишган. Болалар қайсарлик қилишса «болангга айт, ундай қилмасин, бундай қилсин», деб биз орқали таъсир этишарди.

—    Улар болаларини, набираларини суйишда, алқашда қандай сўз, ибораларни ишлатишар эди? Ёдингиздами? Уришганда, танбеҳ беришгандачи?


—    Акаларим, опаларимни қандай эркалашларини билмайман. Чунки, мен туғилганда улар улғайиб қолишган эди. Мени «Тойчоқ» деб эркалашарди. Сал катта бўлганимдан сўнг «чоқ» тушиб қолиб, «той» деб атайверишди. Бу деярли исмга айланиб қолаёзди. Ҳозиргача кичик опам шундай атайдилар, ҳатто маҳаллада бирга катта бўлган ўртоқларим ҳам шундай деб чақириб қолишади. Дадам раҳматли мўмин ўсаётган набираларини «Мўмин мирзо» деб эркалатардилар. Йиғлоқиларга эса «Тошпўлат тажанг» деб қўярдилар. Дадам раҳматли фарзандларни сира сўкмаганлар, ҳақорат сўзларини эшитмаганмиз. Аям раҳматли ҳам сира қарғамас эдилар. Ҳозир нима деб уришганларини эслашга уринсам ҳам ёдимга келмаяпти. Демак, кам уришган эканлар. Эҳтимол «аҳмоқ» дегандирлар. Баъзи оналарга ўхшаб: «Балогинага учра!», «Қўлинг синсин!», «Башаранг қурсин!» деган лаънатлар онамизнинг тилларидан сира учмаган.


—    Болалар номаъқул иш қилиб кўйганда улар қандай жазо чораларини кўллар эдилар?

—    Дадам раҳматли жазоламас эдилар. Аямдан шапалоқ еганим эсимда. Ўзим ғоят шўх эдим. Кичиклигимда бир-икки бурчакка турғизиб қўйишгани ёдимда. Бунга ўхшаш жазо чораси акаларим ва опаларим иштирокида бўларди. Шўх бўлганим учун ҳам қочиб қолардим. Аям ёлғиз ўзлари қувиб етолмасдилар. Тутиб беришда иштирок этган акам ёки опамдан аразлаб юрардим.

—    Сизнингча бола тарбиясига ким устароқ? Бобо бувиларми ёки отаоналар?


 Тарбияга албатта бобо-бувилар устароқ бўлишади. Чунки ёш жиҳатдан улуғроқ бўлганлари учун ҳам ҳаёт тажрибалари бойроқ бўлади. Баъзилар 20 ёшдаёқ ота ёки она бўлади. Уларнинг ўзлари ҳали тарбияга муҳтож бўлишади. Шунинг учун ҳам бобо ва бувилар билан бирга ўсган бола билан ота-она билан ўсган бола тарбиясида фарқ сезилади. Аммо бобо ва буви билан кўпроқ бирга бўлиш баъзи ҳолатларда салбий натижа ҳам бериши мумкин. Чунки бобо ва бувилар набирани ота-онасига нисбатан кўпроқ эркалатиб юборишади. Бу масалада яна бир муҳим, эътиборга молик жиҳати бор. Айтайлик, ўтган асрнинг ўрталаридаги бобо-бувилар билан бугунги бобо-бувилар орасида фарқ ҳам бор. Аввалги бобо-бувиларда қадриятларимиз анча сакданиб қолган эди. Ҳозиргиларда ўтмишдан ўтиб келаётган яхши одатлар кам сақланиб қолган. Ҳозиргилар аросатда: европаликлар орқасидан юриб Европа тарбиясини ўзлаштиргани йўқ, ўзимизникидан эса бебаҳра. Албатта Европадан ўрганадиган жиҳатлар ҳам мавжуд. Аммо тарбияни бир муаззам иморатга қиёс этсак, мустаҳкам пойдевор, иморат деворлари, томи ўзимиздан бўлиши керак, фақат айрим жиҳозларни улардан олиш мумкин.

—    Ҳозирги ота-оналарнинг бола тарбиялашида сизга нималар маъқул, нималар номаъқул?


—    Фарзандини илмга даъват этувчи ота-онага «баракалла!» дейман. Ҳозирги отаоналарнинг сабрсизлиги, бетоқатлиги мени афсуслантиради. Болани кўп жазолайдилар. Сал нарсага урадилар, жеркийдилар. Ёки ёлғон ваъдалар бериб, алдаб овутмоқчи бўладилар. Бу усул вақтинча қўл келиши мумкин. Аммо кейинчалик боланинг феъл-атвори шаклланишида салбий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.


—    Ҳозир миллатимизга қандай ўғил-қизлар керак, деб ҳисоблайсиз?


—    Илмлилар керак. Фидойилар керак. Бу ҳар иккала фазилат қуруқ гап билан қарор топмайди. Шу йўлда тарбияни кучайтириш шарт. Илмли қилиш дегани пул эвазига ўқишга киритиш деган гап эмас. Ёшлар истиқлол нима эканини ҳали тушуниб етишгани йўқ. Байроқнинг муқаддаслигини ҳали ҳис эта олишгани йўқ. Ватанга муҳаббат туйғуси ҳали шаклланганича йўқ. Ҳозирча гап бор, амалда эса бўшлиқ мавжуд. Ана шу бўшлиқни тўлдириш осон иш эмас. Бу тез ҳал қилинадиган масала ҳам эмас. Ҳозирги ёшлирнииг телевизорда гапираётганини кўрсак қувонамиз. Чиройли гапиришади. Ишлари ҳам шундай бўлса эди.

—    Ёш келин-куёвларга бола тарбиясига оид қандай маслаҳатларингиз бор?

—    Ёшлар ҳали фарзанд кўрмасларидан олдин ўзларининг тарбияларига эътибор қилишлари шарт. Бола туғилгунича ўзаро ҳурматни, озодаликни касб қилиб олишлари керак. Бирбирларига бақирмасликни, гап қайтармасликни, бировларни ғийбат қилмасликни ўрганиб олишлари керак. Агар ўрганмасалар, фарзандлари қайсар бўлса, гап қайтарса, бақирса, буюрилган ишни бажармаса айбни ўзларидан қидирсинлар.

—    Сиз ижод оламида дастлаб фантаст-ёзувчи сифатида танилган эдингиз. Сиз яна кимларни фантаст ёзувчи деб ҳисоблайсиз?


—    Худога шукрки, бизда фантаст-ёзувчилар анчагина. Шукр қилганимнинг боиси  кўп халқлар адабиётида фантастика тарзини учратмаймиз. Ҳолбуки, дунёда фантастика ривожи билан ўша халқ илм-фани ривожини тенг қўядилар. Масалан, Америкада фантас¬тика ривожланган, айни чокда илм-фани ҳам юқори даражада. Ўзбекистонда қадимда ҳам, ҳозир ҳам илм-фан ривожи таҳсинга лойиқ. Дунё таниган олимларимиз кўп. Ўзбекистонда фантастика ўтган асрнинг иккинчи ярмида тараққий эта бошлади. Раҳматли устозларимиздан бири Ғани Жаҳонгиров ҳали биз хат танимаган пайтларимизда фантастика тарзидаги асарларини эълон қилганлар. Бу соҳада марҳум дўстим Ҳожиакбар Шайхов юқори чўққиларни эгаллади. Ке¬йин Қудрат Дўстмуҳаммад, Ҳасан-Ҳусан Турсуновлар, Рустам Обидов, Турсунбой Саматов, сингилларимиз Соҳиба Абдуллаева, Мавлуда Иброҳимовалар ҳам бу соҳа ривожига катта ҳисса қўшдилар. Айтиш жоизки, жаҳон фантастикасида ижод қилувчилар орасида аёллар жуда кам. Биз бу соҳада ҳам илғормиз.

—    Ўз ҳаётингизда ҳам росмана ғаройиб ҳодиса рўй берганми?


Йўқ. Ғаройиб ҳодиса каминага насиб этмаган. Аммо фантастикага оид асарлардаги кўп воқеалар ҳайотдан олинган. Масалан, Мирзо Улуғбек замонидан ҳикоя қилувчи «Фалак» қиссасини яратишга Қўқон атрофидаги қабристонлардан бирининг бузилиши сабаб бўлган. Автобусда ўтиб кета туриб экскаватор чангалидаги суякларни кўриб, ўйга толган эдим: «Ўша суякларнинг эгалари кимлар бўлган экан? Эҳтимол улуғлардан бўлишгандир?» деган фикр китобни ёзишга туртки бўлган эди. «Фалак»даги воқеа Булоқбоши қишлоғида бўлиб ўтади. Китоб чиққанидан кейин менга маълум бўлдики, айнан ўша қишлокда ҳам қабристон бузилиб, ўрнига ресторан қурилган экан.

—    Бугунги ҳаётингиз, оилангиз ҳақида ҳам билсак?

—    Ҳозирги ҳаётим кўпчилик қатори, бошқалардан фарқли томони йўқ бўлса керак. Кўпга келган тўй, бошқалар қандай бўлса, биз ҳам шуда. Иш жойим: Милиция академиясида ўзбек тилидан дарс бераман. Аҳли аёлим мактабда муаллималар. Икки қизимнинг касби ҳам муаллималик. Ўғлим Техника университе тида ўқийди. Оиламизда адабиётга алоқадор одам фақат ўзимман. Куёвларимнинг бири сиёсатшунос, яна бири тижорат аҳлидан. Келиним боғча тарбиячиси.

—      Иккиюзламачилик нима, кўрқоқликми, ҳасадми ёки хиёнат?

—    Мен кўпдан бери одобнома йўналишида бир китоб тартиб бериш учун тайёрланаман. Шу мақсадда олтмишдан ортиқ дафтар тутганман. Яъни ҳар бир фазилат ёки иллат таърифи алоҳида-алоҳида дафтарга баён этилган. Инсон боласига хос агар юз (ёки ундан ортиқ) фазилат бўлса, унинг муқобилида шунча иллат ҳам мавжуд. Фазилатлар бир-бирлари билан занжир ҳалқалари сингари боғланганлар. Иллатлар ҳам айнан шундай. Фазилатлар ҳалқаси узилган ерда иллат бош кўтаради. Фазилатлар алоҳида яшай олмагани каби иллатлар ҳам бир-бирлари билан жуда «аҳил» яшайдилар. Шунга кўра иккиюзламачи (буни мунофиқлик ҳам дейиш мумкин) одамда ҳасадни ҳам, хиёнатни ҳам, қўрқоқликни ҳам учратсак ажабланмаймиз.

—    Айрим тушунчаси. пастрок, одамлар оғзидан масхараомуз макол ёки иборани эшитиб коламиз. Масалан: «Ўғри қариса сўфи бўлар...» га ўхшаш. Шуларга муносабатингиз?


—    Ўзингиз тўғри таъкидладингиз: бу  саёз тушунча оқибати. Тўғри, мақол ва ибораларни биз донишмандлик белгиси сифатида қабул қиламиз. Мақолларнинг ижодкори  халқ. Халқ орасида эса донишмандликдан йироқроқ одамлар хам бўлади, Улар бир масала хусусида қофияли гаи айтиб юборсалар, кимларгадир гўзал туюлиб такрорлаб юришлари мумкин. Тўпловчи олимлар эса уларни саралаб ўтирмай, турли тўпламларга киритадилар. Демоқчиманки, мақоллар орасида ҳам ҳаёт ҳақиқатига зид, донишмандликнинг акси бўлган гаплар учраб туради. Сиз айтган мақолни диний жиҳатдан таҳлил қилсак, киши аввалги гуноҳларига тавба қилса, Оллоҳ унинг гуноҳини кечиради. Бошқаларнинг аввалги гуноҳларни эслатиб маломат қилиши эса дуруст ҳисобланмайди. Ким маломат қилса, яъни «кечагина ўғри эди, бугун намозхон бўлибдими?» дегандай гап қилса, ўша одамнинг аввалги гуноҳлари маломат қилганга ёзиларкан. Бу томонидан ҳам эҳтиёт бўлиш керак экан. Оллоҳ «тавба қилинглар, кечираман» деб турсаю, биз кечаги гуноҳларини юзига солиб турсак, қандай бўларкин?
Агар мазкурни мақол сифатида қабул қилсак, рамзий маъносини излаб кўришимиз керак бўлади. Яъни: «Агар ўғри чин дилдан тавба қилса, тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиб, сўфийлик мақомига ҳам етишиши мумкин. Агар бузуқ аёл астойдил йиғлаб, тавбалар қилса, унинг-да тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиб, эл ардоғидаги отинойи мартабасига кўтарилиши мумкин. Ҳамма гап гуноҳларини англаб етмоқлик ва тўхташда». Аммо, афсус шуки, биз мақолни рамзий маънода эмас, асл бузуқ ҳаттоки ҳақорат маъносида ишлатамиз ва билиб-билмай муҳтарам сўфийларимизни, отинойиларимизни ҳам ҳақорат қилиб қўямиз. Шуниси ёмон.

—    Сизнингча 21 асрда 20 ёшга кирган ўғил-қизларда қандай сифатлар кўп учраяпти? Ижобийми ёки салбийми?

—    Бу ўша ёшга кимнинг назари билан боқишга боғлиқ. Агар кекса одамнинг кўзи билан қарасак салбий ҳолатни кўпроқ кўрамиз. Ҳар бир ёш авлод замонга мос равишда бўлади. Агар у ёмон бўлса, демак, биз — катталар ёмонмиз. Чунки уларни биз тарбия қилганмиз. Энди холис кузатиб, баҳо берсак, салбий кўринишлар кўпроқ. Ёшлар орасида маънавий бузилиш кучайган, худбинлик, осон йўл билан дабдабали яшашга интилиш кучайган. Бунинг салбий оқибатларини яқин йилларда кўрамиз.

—    Ўзбекистоннинг буюк келажагини қандай сифатли  ўғил-қизлар қура олади?

—    Виждонли, инсофли ва илмли фарзандлар қура олади. Бошқача бўлиши мумкин эмас.

Tohir Malik

«Оила» илмий-амалий Маркази саволларига жавоблар

 

«Танланган асарлар 7-жилд» 2008

 
« Олдинги   Кейинги »