Принтер учун E-mailга юбориш

Мен танлаган йўл

—    Фантастика соҳасидаги биринчи йирик асарингиз «Ҳикмат афандининг ўлими» қиссаси эди. Бу асарнинг яратилишига нима сабаб бўлган?

—    Менинг табиатимда янги нарса яратишга қизиқиш кучли. Ҳамма қилиб юрган ишни такрорлашни ёқтирмайман. Герберт Уэлснинг «Кўринмас одам» қиссасини ўқиб, ёзувчининг физика фанидаги нур синиш қоидаларига оид масалаларда йўл қўйган хатоларни сезиб қолдимда, хаёлимни кўринмас одамни янгича усулда яратиш фикри қамраб олди. «Ҳикмат афанди¬нинг ўлими» революция туфайли ватанидан айрилган ўзбек олимининг фожиали такдири ҳақидаги асардир. Ўша пайтда Ватандан жудо бўлганларнинг тақдирини яхши билмасдим, лекин қизиғи шундаки, «Чорраҳада қолган одамлар»дан буён ёзган ҳамма асарларимда бу мавзу тилга олинадиган бўлиб қолди. Бу асарни талабалик чоғимда ёзганман, у вақтда адабиётимизда фан¬тастика тарзи деярли йўқ эди. Фақат Ҳожиакбарнинг болалар учун ёзган ҳикоялари чиқиб турарди. Қўлёзмамни ўқигач, дўстларимдан бири «Бекор овора бўлиб ёзибсан», деди. Тушкунликка тушмадиму ҳарбий хизматга жўнашдан аввал қўлёзмани нашриётга топширдим. Хизматдан қайтсам, нашрга тайёрлаб қўйишибди. Айни чокда «Шарқ юлдузи» журнали таҳририятида ҳам талабчан устозлар нигоҳидан ўтиб, маъқулланибди. Лекин китоб аввалроқ чиққани учун, журналда берилмади. Мен фантастикада бошқаларникига ўхшамайдиган ўзимнинг аниқ йўлимни белгилаб олдим: миллий фантастикани яратиш ва асосан Ер муаммолари билан шуғулланиш ижоддаги асосий мақсадим бўлиб қолди. Шу сабабли ҳатто космос ҳақида ёзганимда ҳам асосий диққат марказини замин муаммоларига қаратганман. «Фалак» шу мақсад йўлидаги биринчи уринишнинг меваси бўлди. Унда илмий фантастикани, хусусан келажак баёнини кўҳна тарих билан боғлашга ҳаракат қилдим. Асосий ниятим замонавий фантастикага миллий руҳни олиб кириш эди, назаримда куч етган қадарли бунга эришдим. Шунинг учун ҳам рус ва бошқа тилларга тез таржима қилинди.

—    7-синф адабиёт дарслигига киритилган «Фалак» қиссангизни ўқувчилар ҳаяжон билан ўқишади. Шу асарнинг яратилиш тарихи ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

—    «Фалак» мен учун машқ даражасидаги асар ҳисобланади, чунки биз бу соҳада устоз кўрмаган шогирд эдик, «ҳар мақомга йўрғалардик». Айниқса, мен танлаган йўл, яъни миллий фантастикани яратишга интилиш, мен каби ҳали тажрибасиз ёзувчи учун осон иш эмасди. Шунинг учун ҳам аслида икки қисмга мўлжалланган асарнинг фақат биринчи қисми ёзилди, холос. Бу асарни ёзилишига ўзбек оилаларидаги ҳар бир келинчакнинг уйи тўридаги деворга осиладиган, жонли тилда «палак» деб аталувчи, аслида номи «фалак» бўлган матодаги тасвир туртки бўлган. Тилларанг ипакда тикилган бу тасвир менга осмон (фалак) тасвири, харитаси бўлиб туюлди. Шунда мени фалакиёт (астрономия) илмининг илдизи бизнинг аждодларимизга келиб тақалиши ҳақидаги фикр чулғаб олди. Аммо ўша пайтда «илгари ўзбекларнинг саксон фоизи саводсиз эди», деган «ғоя» ҳукмронлик қиларди. Мен эса бу «ғоя»га қарши ўлароқ, қадим-қадимдан ўзбек аёллари ҳатто осмон илмларидан ҳам хабардор бўлганлар, деган фикрни илгари сурдим. Совет фани тарихчилари гелиоцентрик назариянинг асосчиси Коперник ва Галилей деб ишонтирарди. Фалакнинг ўртасидаги дойра қуёш ва ундан сочилаётган нурни, атрофдаги безаклар эса юлдузларни ифода этар экан, демак, бу осмон харитасини яратган ўзбек аёли гелиоцентрик назарияни коперниклардан 300 — 400 йил муқаддам билганлигини исбот этиб турибди.

«Фалак» қиссасида Чилстун, Чинний қаср, Кўҳак, Булоқбоши каби жой номлари учрайди. Уларни қандай изоҳлайсиз? Расадхона деворларидаги суратлар, жанг майдони, Боязиднинг тасвири тарихий ҳақиқатми ёки бадиий тўқимами?

— Бу жой номлари тўқима эмас. Булоқбоши Андижонда, Кўҳак қишлоғи Самарқанд яқинида жойлашган. Чинний қаср Самарқанддаги саройлардан бири. Бу гўзал иморат ҳақида тарихий манбаларда баён этилган. Расадхона уч қаватли бўлган. Бу беназир иншоотларнинг қай вақтларда бузилиб кетгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ҳарҳолда ҳазрат Навоий бу иморатлар ҳақидаги ҳайратларини назмда баён этганлар. Каминанинг фикрича, зукко меъморлар бунёд этган бу беназир иншоотларни зилзила эмас, замбарак ўқлари яксон қилган бўлса керак.
Расадхона деворларидаги манзаралар, хусусан, жанг майдони, Боязиднинг тасвири — бадиий тўқима. Та¬рихий асарда ҳамиша бадиий тўқима устун туради. Агар бадиий тўқима мантиқий таҳлилга асосланса, кейинчалик ҳақиқатга ҳам айланиб кетади. Бу асарни ёзганимда Булоқбоши деган қишлоқни эшитгандим, аммо бориб кўрмаган эдим. Кейинроқ маълум бўлишича, асар ёзилаётган пайтда ўша қишлокдаги қабристон чиндан ҳам бузилган экан. Шу сабабли асардаги қабристоннинг бузилиши, ундан тоштобутни топилишини андижонлик китобхонлар бадиий тўқима эмас, ҳақиқат деб қабул қилишган.

—    Қиссадаги «пурдил, дорулшафақа, ошира, нави санда, тарҳ, сабоқдош, дилназир, волидаи жаҳон, волид, ножинс, шаҳриёр, шаҳидлар ва мажруҳлар, пойдор» каби тарихий ва эскирган арабча, форсча сўзлардан ҳозирги ўзбек тилида ҳам фойдалансак тил равнақига ҳисса кўшган бўламизми ёки бу сўзлар тарихий асарлардагина кўлланилгани маъқулми?

—    Бу сўзларнинг кўпини биз бекорга истеъмолдан чиқарганмиз. Масалан, мен «касалхона» сўзи ўрнига «дорулшифо» деб ишлатишни истардим. Чунки «касалхона» русча «больница» сўзининг айни таржимасидир. Яъни, «касалхона» — касаллар жойлашган хона маъносини англатади. «Касаллар ётадиган хона» дейиш яхшими ёки «касаллар шифо топадиган уй» деган афзалми? Чунки бу хонада беморлар шифо топиш умидида ётишади. Шунинг учун «дорулшифо» сўзида умидбахш яхши маъно яширинган. Умуман, тилда янги сўзлар ясашга уринмай, эскирганларидан фойдаланиш афзалроқ. Бунинг учун кўпроқ мумтоз адабиётимизни ўқишимиз керак.

—    Ўкувчиларимизга мустақил ўқиш учун қайси асарларингизни тавсия этган бўлардингиз?

—    7-синф дарслигига «Фалак» киритилган экан. Албатта, бу ёзувчи учун қувонарли ҳол. Лекин мазкур асар бу ёшдаги ўқувчиларга мўлжалланмаган, атрофлича тушуниш бир оз оғирлик қилар. Менингча ўсмир ёшидаги мактаб ўқувчиларига «Алвидо, болалик»ни тавсия этиш маъқул. Чунки бу асарнинг тарбиявий аҳамияти катта. Болаларга ўқиш учун китоб танлаганда кўпроқ тарбиявий томонини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ. Жиноятчиликнинг олдини олиш — бугунги куннинг муҳим вазифаси. Келажаги буюк давлатда жиноятчилик бўлмаслиги керак. Асардаги Қамариддин ва унинг дўстлари ўсмирлик чоғидаёқ жиноят кўчасига кирганлари туфайли уларнинг тақдирлари фожиали якунланади. Бу қисса ўқувчиларни ҳушёрликка чақириб, жиноятдан қайтаради.

—    «Сўнгги ўқ» видеофильмидан кўнглингиз тўлдими?

—    Энг муҳими — одамларга маъқул бўлиши. Албатта, видеофильмда асарни тўлалигича қамраб олиб бўлмайди. Томошабинлар етти қисмли фильмни кўриш жараёнида асарнинг мағзини чақа олишган бўлса, яхши. Мени қувонтирган нарса шуки, режиссёр Ҳайбатулла Алиев ҳам, актёрлар ҳам жиддий ишлашди. Тезроқ бўла қолсин, деб шошилишмади.

— Ижодий режаларингиз қандай?

—    «Шайтанат»дан сўнг бу мавзуни давом эттирмоқчиман. Мавзу бир бўлгани учун «Шайтанат» умумий туркумнинг номи бўлиб қолади. Ана шу туркумдаги дастлабки асар «Мурдалар гапирмайдилар» деб номланади. Яна битиришим лозим бўлган чала ишларим ҳам бор. Бир неча йил бурун Мўмин Мирзонинг фожиасини акс эттирувчи тарихий қиссани қоралаб қўйган эдим. Худо насиб қилса, шуни ниҳоясига етказаман.

Tohir Malik

«Тил ва адабиёт» журнали 1996 йил

 
« Олдинги   Кейинги »