Принтер учун E-mailга юбориш
АВЛОДЛАР ҲУКМИ

—    Бу фоний дунёда инсон зотига бориб тақаладиган жумбоқлар, муаммолар кўп. Буларга ҳар биримиз дуч келамиз ва ҳар биримиз ўзимизча жавоб излаймиз, ечимини қидира бошлаймиз. Инсон умрининг мазмун моҳияти нимада, деб ўйлайсиз?
 
—   Қуръони каримнинг Ҳадид сурасида бу маънони ўқиймиз: «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат бир нафаслик ўйин-кулги, зеби-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир холос. У худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг ёғиши сабабли униб чиққан ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб, ақлларини банд қилиб қўюр, сўнгра у қуриб-қовжирар. Бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнг у қуруқ чўп бўлиб қолур. Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир. Охиратда эса ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун қаттиқ азоб ва иймон-эътиқод билан ўтганлар учун Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матохдир».
    Жалолиддин Румий ҳазратлари «Биз бу дунёга икки қулочли мато (яъни кафан) олиб кетгани келамиз», деган эканлар. Шундай экан, темир сандиқларимизга минг ёки миллион долларни тахлаб қўйишимизда нима маъно бор? Ётиб-туришимизга бир хона кифоя этгани ҳолда юз хонали иморат қуришимиз шартмикин? Мен бойларни, иморат қураётганларни ёмонламоқчи эмасман. Ҳалол топиб бойишган бўлса, барака топишсин. Мени темир сандиқни пулга тўлдириш, данғиллама иморат қуриш, донғи етти иқлимга кетадиган тўйлар қилиш учун одамнинг жонини хатарга қўйиб, жиноят йўлига ўтиши ажаблантиради. Бири порахўрликни ёки ўғирликни касб қилади, бошқаси эса бойиш учун беморларга сифатсиз дориларни сотишдан ҳам қайтмайди... Оқибати эса маълум. Бечораларнинг ҳаёти таҳлика остида ўтади. Ҳарҳолда «Оч қорним — тинч қулоғим» деган ҳикмат бекорга айтилмаган. Ҳеч ким оч қолмасин, хотиржам яшасин, деб дуо қиламиз. Бандадан Худо рози бўлиши учун ундан аввало атрофидагилар рози бўлишлари шарт. Ота-онаси, оила аъзолари, қариндошлари, қўшнилари, ҳамкасбларини ранжитиб юрган одам беш вақт намоз ўқиб қўйгани учун Худонинг розилигига етиша олармикин? Инсон умри фақат ва фақат одамларга яхшилик қилиш билан ўтиши керак. Бировга ёмонлик қилмайдиган одамни яхшилар қаторига қўя олмаймиз. Ёмонликдан тийилиб, умрини яхшиликка бағишлаган одамни яхши одам, деймиз. Ўзидан яхши ном қолдирмаган кишини бу дунёда яшамабди, десак ҳам бўлар. Бир куни чойхонада ўтирганларга «фалончи вафот этди», деган хабарни етказишди. Ўтирганлардан бири «хайрият, ўлгани яхши бўлибди», деб юборди. Шундайлардан бўлишдан Худо арасин!

—    Бадиий адабиётнинг умри неча минг йил эканини аниқлаш мушкул. Эҳтимол инсон яралгинидан буён мавжуд, десак янглишмасмиз. Адабиётга турли сифатлар ҳам берамиз. Маънавият асоси, деймиз, «одобиёт» деймиз. Яна бошқача таърифлар ҳам бор. Аслида адабиётнинг вазифаси нима? Ёзувчининг бурчи, масъулияти қандай бўлиши керак? Ёзувчи ким ўзи?

—    Мен учун адабиёт — одоблар тўплами, демак. Ҳамкасбларимиз орасида бу фикрга қарши дўстларимиз ҳам бор. Улар бадиий адабиётга ўзгачароқ талаб билан қарайдиларким, улар билан баҳслашиш ниятим йўқ. Дин — мавҳум тушунча эмас, балки насиҳатдир. Қуръони карим ҳам мавҳум нарса эмас, инсонга тўғри яшашни ўргатувчи ўзига хос илоҳий ҳаёт дарслигидир. Адабиётнинг вазифаси ҳам одамларга оқу қорани ажратиб олишларига ёрдам бериш. Бу вазифа турли тарз, турли шаклларда амалга оширилади. Адабиётни одоб дарслиги эканини рад этувчи дўстларимизнинг асарлари ҳам бари бир одамларни тарбиялаш йўлида хизмат қилади. Ҳамонки, бадиий адабиёт одоб китоби экан, демак, ёзувчини тарбиячи дейишга ҳақлимиз. Унинг бурчи ва масъулияти айнан шунда. Тарбиячи аввало ўзи тарбияли бўлиши керак. Кўнгли қора одамдан яхши тарбиячи чиқмайди. Демак, тоза виждон ва покиза қалб эгасигина бу шарафга эриша олади. Ёзувчи то умрининг охиригача виждон ва қалб поклигини сақлаб қолишга эришиши шарт. Ижодкор умрининг охирида шайтон васвасасига учсада, иймони сустлашиб, қалби кирланиб қолган ҳолида тўрт қатор нарса ёзса, бари бир ўша кирлик шу сатрларга кўчади. Чиройли жумлалар билан ўқувчини алдаш мумкин эмас.

—    Бир суҳбатингизда «Дунё ўзгараётганини баъзи бир одамлар англаб етмаяпти» дедингиз. Дунёга мослашиш учун одамлар қай даражада қадларини ростлашлари керак?


—    Одамнинг дунёга мослашиши мураккаб масала. Одамнинг дунёга мослашишини бемаънилик, ҳатто онгсизлик, деб ҳисобловчилар ҳам бор. Бу масалани тўғридан-тўғри англамаслик керак. Одам дунёга ҳар томонлама мослана олмайди. Дунёнинг маълум янгиликлари, айрим янги талабларига мослашиши мумкин, мослашишга уриниши эҳтимол. Айримларини эса рад этади, бўйсунмайди. Масалан, Европада ҳозир эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг никоҳи замонавий дунё талаби сифатида эътироф этиляпти. Нима, биз ҳам уларга мослашишимиз керакми? Илм янги босқичга кўтарилди, уйларимизга интернет кириб келди. Шунга ўхшаш ҳолатларга мослашишимиз керак бўлади. Жиноят олами йилдан-йилга ваҳшийлашиб кетяпти. Улар ўз оламларини ўзгартиряптилар. Биз ўларга ҳам мослашишимиз керакми? Биз уларга қарши кураш усулларимизни ўзгартиришимиз керак. Бу борадаги мослашиш тилга олинганда айнан шу назарда тутилиши керак. Дунёнинг ўзгараётганини англаб етмаслик турли соҳаларда турлича намоён бўлади. Бугун ёшларни тарбия қилиш усули бунга мисол бўла олади. Бугун болани «аъло ўқисанг яхши бола бўласан», деган гаплар билан тарбия қилиб бўлмайди.

   Инсон бир умр бахтини излаб яшайди. Вақт ва бахт оралиғидаги масофанинг умри, маъноси ҳақида сизнинг фикрларингизни билмоқчи эдим.

—    Ҳа, инсон вақтини бахт излашга сарф этади. Аммо қандай бахтни излаяпти у? Вақтини нималарга ва қандай сарф этяпти? Агар бахт темир сандикдаги пуллардан иборат бўлса, инсон бутун умрини шунга сарф қилган бўлса, демак вақтини исроф қилибди. Ҳар ким бахтни ўзича тушунади. Бозорда боғбондан олмани сотиб олиб, сўнг қимматроққа пулловчи одам ҳокимликка интилмайди. Ҳатто бозор директори бўлиш ҳам унинг учун бахт эмас. У боғбонни алдаб, олмани арзонроққа сотиб олса ўзини бахтли ҳис қилади. Олмани мўлжалидан қимматроққа сотса у киши икки ҳисса бахтли. Агар паттачини чалғита олса, ундан бахт лироқ одам йўқ! Катта мансабни мўлжаллаган одам бутун вақтини, ақлини, қувватини, ҳатто мол-мулкини шу йўлга сарфлайди. Агар мансабни эгалласа — бахтлидир. Лекин бу чинакам бахт эмас. Буни «елкасига бахт қуши қўнибди» деймиз. Қуш эса ҳеч қачон бир жойда узоқ ўтирмайди. Бахт қуши учиб кетгандан кейинги одамнинг аҳволи эса ўзингизга маълум. Вақт, бойлик сарф этиб мансабни эгаллай олмаган кимса ўзини бахтсиз ҳис қилади. Ҳар икки бахтсиз орасида қандай фарқ бор? Менингча, одам вақтини бахтни қувишга сарф этмаслиги керак. Вақтни хайрли ишларга сарф этса, бахтнинг ўзи келади.

—    Адабий жараённи кузатадиган бўлсак, кейинги йилларда публицистика билан бадиий адабиёт ўртасида чегара пайдо бўлганга ўхишйди. Публицистика борасида ёзувчиларимиз сукут сақлаётганга ўхишйдилар. Адиб давр билан, халқ билан ҳамнафас бўлиши керак-ку?

—    Ҳа, керак. Лекин аксинча ўйлайдиган ҳамкасбларимиз ҳам бор. Публицистикани менсимаслик ёки инкор этиш одати аввалдан бор. Публицистика билан шуғулланиш бадиий адабиётга салбий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас. Бу борада баҳслашиш мумкин, лекин ҳар бир ёзувчи албатта публицистика билан шуғулланиши шарт, деган талабни қўя олмаймиз. Ҳар ким ижод йўлини ўзича белгилайди. Менингча, публицистика билан шуғулланувчи адибнинг йўли кенгроқ, гавжумроқ бўлади. Адиб бир қисса ёки романни ёзиб, нашр эттиргунча орадан бир неча йил вақт ўтади. Демак, бу ораликда ўқувчиларидан узилади. Орасира публицистикага мурожаат этиб турса, узилиш бўлмайди. Публицистикани ўқувчиларини қизиқтирувчи долзарб мавзуларда жидаий суҳбат ўтказиш, баҳсга тортиш, деб биламан. Публицистикада кўтарилган муаммо кейинчалик ҳатто романга ҳам мавзу бўлиши мумкинлигини тарихда учратганмиз.

—    Нақадар аччиқ бўлмасин, бир ҳақиқатни айтишга тўғри келади. Бугун енгил-елпи тарзда ёзилган айрим «ижод намуналари» «қисса», «роман» деб нашр қилиняпти. Китоб расталарида ўз ҳисобидан ёки ҳомий марҳамати билан нашр қилинган бундай китоблар терилиб турибди. Бу аҳволда адабиётимизнинг келажаги қандай бўлади?

—    Бу муаммо фақат ўзбек адабиётига хос эмас. Дунё адабиётини кузатсак, шундай ташвишли ҳолни кўрамиз. Бадиий адабиётни ўзи учун муқаддас деб ҳисобловчи ижод аҳлининг ташвишланиши ўринли. Сиз айтаётган енгил-елпи «ижод намуналари»ни тўқиб чиқараётганлар адабиётни муқаддас эмас, шунчаки ҳавас деб биладилар. Бундайлар аввал ҳам бўлган, лекин ҳозир улар «болалаб» кетишди. Бир йили «Шарқ юлдузи» журналига бир одам ёстикдай қўлёзма кўтариб келиб «Мен уруш иштирокчисиман, романимни босиб чиқаринг», деб талаб қилди. Шунда мен «Уруш иштирокчиси экансиз, расм чиза қолмайсизми ё композиторлар уюшмасига бориб, опера ёза қолмайсизми?» десам, «Мен расм чиза олмайман, композиторлик ҳам қўлимдан келмайди», деди. Қаранг, опера ёза олмаслигини ўзи ҳам билади, лекин «роман ёза олмайман» деган тушунчага кўнмайди. Ҳозир ўзбек алифбосидаги ўн бешта ҳарфни ёзишни ўрганиб олган одам ҳам ўзини ёзувчи бўлишга қодир, деб ҳисоблайдиган бўлиб қолди. Бу ҳам касаллик. Касалликнинг олди олинмаса, унга қарши курашилмаса нима бўлади? Ҳозир ким курашяпти бу касаллик билан? Яқинда газетада «Бозор адабиёти» мавзуида давра суҳбати бўлибди. Бир дўстимиз саёз асарларга шундай тамға босгани ҳолда, ўзи ўша «бозор адабиёти»даги энг пачоқ асарларни мақтабди. Кейин билсам, ўша китобга ўзи сўзбоши ҳам ёзиб берибди. Мен бу «асар»ни мақтаган дўстимиз адашмагандир, деб китобни қўлга олиб бир неча саҳифа ўқидим. Афсуски, бадиий адабиётни эслатадиган биронта жумлани учратмадим. Руслар бундай «ижод иамуиаларини» «бред» дейишади. Яъни алаҳсирашнинг ўзи ёки валдирвос гапдан бошқа нарса эмас булар. Хўш, бу касалликни енгиш мумкинми? Ҳозирги лоқайдлигимиз билан, ҳозирги иккиюзламачилигимиз билан енга олмаймиз. Мени бир савол қийнайди: келажак авлод бу борада бизни айблаб, қандай ҳукм чиқарар экан?
 
 
Тоҳир Малик
 
« Олдинги   Кейинги »