Принтер учун E-mailга юбориш
ПОЙДЕВОР

—    Сизнингча социал-сиёсий ислоҳотлар шароитида миллий муносабатларни ривожлантиришнинг истиқболлари қандай?

—    Ҳар биримиз фарзандларимизнинг иқболини ўйлаб, босган қадамини кузатамиз, кимлар билан дўстлашаётганини назорат қиламиз. Бирон-бир бола кўнглимизга ёқмаса «у билан дўстлашма», деб қаттиқ талаб қиламиз. Меҳримизни уйғотган болани фарзандимизга чин ўртоқ бўлиб қолишини истаймиз. Бизнинг бу истакларимиз ҳамма вақт ҳам ширин мева беравермайди. Мажбуран дўст бўлиш — пойдевори туздан ишланган бино. Сал нам тегдими, пойдевор нурайди, бино эса қулайди.
Биз «халқлар дўстлиги» деб аталмиш муқадлдс, муаззам бинони узоқ вақт шундай пойдеиор устига қўймоқчи бўлдик. Бир-биримизни яхши билмасдан, бир биримизни юракдан ҳурмат қилмай, сохта жилмайишлар билан дўст тутиндик. «Бир-биримизни яхши билмаймиз», дедим. Бу шунчаки тил учига келиб қолган гап эмас, балки узоқ йиллар кузатишлар натижасида пишиб етилган фикр. Хўш, биз Грузия ҳақида нима биламиз? Тарихдан малика Тамарани, адабиётдан Руставелини ўқиганмиз мактабда. (Агар Сталин грузин бўлмаганида бу шахслар дарсликларга киритилмаслиги мумкин ҳам эди.) Ҳозирги кун ҳақида гап кетса Тблисининг «Динамо» командасини биламиз. Зиёлилар уч-тўрт ёзувчи ёки артистни билишади. Бугун бир халқ ҳақидаги тушунчамиз шулардангина иборат. Молдавияни, Болтиқ денгизи бўйидаги республикаларни ёки Ёқутистонни деярли билмаймиз. Хўш, уларчи? Қардошларчи? Улар Ўзбекистонни, ўзбекларни қай даражада биладилар? Уларнинг биз ҳақимиздаги билимлари, тушунчалари бундан ортиқ эмас. «Ўзбекис¬тон пахта етиштиради. Самарқанд, Бухоро деган шаҳарлари бор...» Бу саёз тушунчаларга энди марказий матбуотнинг «холис хизматлари» туфайли «Ўзбекистон... ярмиси порахўр, ярмиси ўғри халқ», деган тушунча ҳам сингдирилди. Хўш, ана шундай тушунчалар, билимлар чинакам дўстликка асос бўла оладими? Асос бўла олмаслигини Қозоғистондаги, Татаристондаги, Арманистон, Озарбайжондаги воқеалар тасдиқлаб турибди. Меҳмонни тантана билан кутиб олиш, «чойхона палов» билан сийлаш, совғалар билан жўнатиш — дўстлик белгиси эмас. Чинакам дўстлик бир бирини билишдан, англашдан бошланади.
Дўстлик қасрининг сталинизм қилган пойдевори вақт синовига дош бера олмади. Ҳозир бирон масалани ҳал этишда оқилликка нисбатан баъзан эҳтирослар устун келиб қоляпти. Шу туфайли тушунмовчиликлар, норозиликлар юзага келяпти. Бу бежиз эмас. Биз бундай масалаларни ошкора ҳал этишни энди ўрганяпмиз. Сувга тушмай туриб, сузишни ўрганиб бўлмайди. Демак, ҳар бир ножўя гапдан, ножўя ҳаракатдан дарров умумий хулоса чиқариб «миллатчи» деган тамғани босавермаслик керак.
Қарс икки қўлдан чиқади, деган гап бор. Ўзаро дўстлик ҳам шундай. Халкдар бир-бирларини чин дилдан ҳурмат қилишлари шарт. Икки ёки уч халқнинг оллий вакиллари бир-бирлари билан қўни-қўшни, қариндош-уруғ бўлиб иноқ яшайди. Тўйлари ҳам бирга, азалари ҳам бирга. Сувни лойқалатувчилар асосан зиёлилар. Назаримда, жойлар, тарихий шахсларга нисбатан бўлаётган даъволарга чек қўйиш керак! Минг йиллар мобайнида талашмаган жойни, талашмаган шахсни энди «сеники-меники» деб турсак уят эмасми? Тарихий шахслар меросини ҳар бир халқ ўзича ўрганмай, зиёлилар, олимлар баҳамжиҳат ўрганса кўпроқ фойда бўлмайдими? Тарихий шахслар ҳақида мукаммал бадиий асарлар кам, кинофильмлар, саҳна асарлари йўқ даражада. Назаримда, талашишга кетадиган вақтни, кучини, билимни шундай савоб ишларга сарф этиш зарур. Ўрта Осиё ва Қозоғистон олимлари шу масалада тез-тез давра куриб туришлари шарт. Давра қурганда ҳам шахснинг кимлигини аниқлаш эмас, меросини халққа етказишни ҳал этиш зарур. Биров чиқиб «Форобий қозоқ эди!» деб юз йил жар солгани билан фойда йўқ. Ундан кўра бу алломанинг меросини ўрганиб, халқни баҳраманд қилиш керак. Ёки «Хоразмий ўзбек, Беруний, Фарғоний, Улуғбек... ўзбек», деб жар солишимиздан наф борми? Ахир халқимиз бу алломаларнинг номинигина эшитишган. Меросидан эса деярли бебаҳра. Хоразмийнинг кибернетика отаси эканини барча ўзбеклар яхши билади, дея олмайман ва буни кечириб бўлмас ҳол деб ҳисоблайман. Шу ишлар билан ҳозир биз шуғулланмасак, ким, қачон шуғулланади? Талашишлар, баҳслар ҳеч қачон ниҳоясига етмайди. Ҳеч қачон бир томон «Яхши, шу тарих сизники», деб қуллуқ қилмайди. Шу боис ўзаро миллий муносабатга рахна солувчи гап-сўздан амалий ишларга ўтиш керак.
Ўз онасини ҳурмат қилмайдиган одам нариги маҳалладаги бегона кампирни ҳурмат қилмайди. Худди шунга ўхшаш — ўз халқини ҳурмат қилмайдиган одам ўзга халқни ҳам ҳурмат қилмайди. Ўзбек ўзбек эканидан, украин эса украин эканидан, яҳудий яҳудий эканидан фахрланиши табиий ҳол. Афсуски, бу фахр узоқ йиллар омбур билан қисилди. Энди биз ҳар бир одам шу фахрни уйғотишимиз шарт. Тарихимизни чуқур ўрганишимиз керак. Яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам шу тарих бизники — ҳеч қаёққа қочиб қутула олмаймиз. Пушкин айтганидек, аждодларга ҳурматсизлик — ахлоқсизликнинг биринчи белгисидир. Бугун тарих устига кул тортсак, эртага авлодларимиз барибир очадилар ва бу кулни бизнинг устимизга тортадилар. (Шундай қилишга улар тўла ҳақлидирлар!) То яқин йилларга қадар ҳам тарихий асар «Ўтмишни қўмсаш», деб баҳоланди. Бемаъниликни қаранг: украин ёзса майли эмиш, грузин, рус... ёзса майли эмиш-ку ўзбек ёзса тарихни қўмсаш эмиш!? Қизиғи шуки, ўзбеклар тарихига оид асарларни грузин, украин ёки рус адиблари ёзишса бу тамға босилмайди. Адабиётга нисбатан бўлган шу нотўғри муносабат ҳам ўзаро миллий муносабатларга салбий таъсир қилгани сир эмас.
Бир неча йил илгари олий ўқув юртларида бошқа миллатга нисбатан ўзбеклар кўп, бу социал ноҳақлик деб танқид қилинди. Ажаб, ўзбеклар Ўзбекистон республикасида ўқимасдан қаёққа боришлари мумкин?
Мени яна бир нарса кўп ўйлантиради. Бу — Ўзбекистон спортида ўзбекларнинг камлиги. Футбол командаларимизда номига 3 — 4 ўзбекни кўрамиз. Ҳолбуки, бу юқоридан берилган кўрсатма, буйруқ натижаси эмас, балки шу соҳага жавобгар шахсларнинг калтабинлиги. Ҳеч эсимдан чиқмайди: 1967 йилда Ростов-Дон шаҳрида ёш футболчиларнинг мусобақаси бўлган эди. Тошкентдан борадиган команда фақат руслардан иборат эди. Сўнгги соатда командаги учта ўзбек қўшилди. Оқибатда шу иш учун бир неча одам ишдан олинди, танбеҳ эшитди. Бу ҳам майли, ўша мусобақа пайтида ростовлик мухбир мен билан суҳбатлаша туриб, «қачонгача сизларнинг шарафингизни руслар ҳимоя қилади?» деган эди. Мана шу гап сира эсимдан чиқмайди. Чунки бу ўринли танбеҳ эди!
Мен тилга олган масалаларни асосан ўзимиз ҳал қилишимиз зарур. Юқоридан кўрсатма, фармон, буйруқ кутишимиз шарт эмас. Аввало, ўзимиз ҳамжиҳат бўлишимиз керак. Шундагина миллатлараро ҳамжиҳатликка, байналмилал дўстликка, чин самимий биродарликка муносиб ҳисса қўша оламиз.

—    Кўп миллатли давлатимизда миллий тилларнинг ўрни ва аҳамияти сизнингча қандай бўлиши керак?

Онани ҳурматлаш ҳақидаги фикримни давом эттириб, шуни айтишим мумкин: ўз она тилини ҳурмат қилмайдиган одам ўзга тилни ҳам ҳурмат қила олмайди. Ҳозир давлат тили ҳақида кўп гапириляпти, баҳслар кўп бўляпти. Икки тиллилик тарафдорлари республиканинг кўпмиллатли эканини рўкач қиляптилар. Хўш, Грузияда фақат грузинлар, Эстонияда фақат эстонлар яшайдиларми? У ёкдарда давлат тили бошқа миллатларни, бошқа тилларни камситаётгани йўқ, шекилли? Рус тили буткул инкор этилаётгани йўқку? Рус тили ҳеч қачон инкор этилмайди ҳам. Бу тил миллатлараро муҳим восита тили бўлиб қолаверади.
Ўз она тилларини мукаммал билмайдиган одамлар иккитиллилик тарафдори бўлиб баҳс майдонига чиққанлар. Давлат тили ўзбек тили бўлган такдирда маърузаларида, ёзмаларида ноқобил эканликлари фош бўлиб қолади. Ўзбек тилини ўзлаштиришда анча жон куйдиришга тўғри келади. «Мажлисда рус ўртоқлар ҳам бор, шунинг учун русча гапираман», деган баҳоналар ўтмайди. Уларнинг ҳаракатларини шундай асослаш мумкин.
Ҳозир ўз она тилини яхши билмаганлари учун рус тилида ижод қилувчи ёзувчилар бор. Уларни кўрганимда улуғ рус адиблари эсга тушади. Улар фаранги тилини яхши билишган. Лекин асарларини ўз она тилларида ёзганлар. Ҳатто фаранги тилида гапирувчиларни асарларида ҳажв қилганлар. Она тилининг софлиги учун курашганлар. Рус тилининг мўъжизаларига амал қилиб фақат русларгина ёза олишлари мумкин. Бошқа халқ вакилининг рус тилида ёзадиган асари тилида шира, жозиба бўлмайди. Бадиий ижоднинг энг муҳим қирраси ўтмаслашади. Аввал ўз она тилида ёзиб, сўнг рус тилига ўзи таржима қилса бу бошқа масала. Бундайларни фақат шарафлаш керак.
Гарчи конститудсиямизда сўз бўлмаса-да, бизда ҳозир иккитиллилик мавжуд. Шаҳарларда барча ишлар рус тилида, қишлокдарда айрим ишлар, мажлислар ўзбек тилида олиб борилади. Иккитиллилик қонун тусига кирса, ҳеч нима ўзгармайди. Адолат юзасидан, миллий сиёсат нуқтаи назаридан қаралганда ҳар бир халқнинг Давлат тили ўз она тили бўлиши керак.
Тил масаласининг одилона ҳал этилиши жойларда миллий муносабатларни яхшилашга олиб келади. Аниқ эслайман: олтмишинчи йилларга қадар Тошкентда яшовчи руслар (шунингдек, белорус, украин...лар)нинг аксари ўзбек тилини, урфодатларини яхши билишган. Маҳаллий аҳолининг урф-одатини, тилини билиш — ўзаро ҳурматнинг асосларидан бири. Республикамизда яшаётган рус, украин, яҳудий...ларнинг бар чалари бир хилда эмас. Инқилобга қадар, қўйингчи, Улуғ Ватан урушига қадар кўчиб келган биродарларимизнинг миллий тилга, тарихга, урф-одатга муносабатлари бошқа, улар ўзбеклар, тожиклар, қозоқ...лар билан оға-ини тутиниб кетишган. Олтмишинчи йилларга қадар келганларида бу фазилат сустроқ. Олтмиш олтинчи йилдан кейин келганларда эса бу фазилат янада кам сезилади. Тушунмовчиликлар, норозиликлар, тўқнашувлар шундан келиб чиқади. «Биз сизларга шим кийишни ўргатдик», қабилидаги аҳмоқона гаплар айнан олтмишинчи йилларнинг иккинчи ярмида пайдо бўлди.
Бошқа халқларнинг ўзбек тилини ўрганиши масаласи аввал ҳам бир кўтарилгани ёдимда. Бу масала энди яна кун тартибига қўйилиши керак. Ўзбек мактабларида рус тили қай тарзда ўтилса, рус мактабларида ўзбек тили шундай ўтилиши керак. Рус мактабларида Ўзбекистон тарихи атрофлича ўргатилиши шарт. Токи уларда ҳам «Тарихи ғоят бой мамлакатда яшаяпман!» деган фахр уйғонсин.
Бу масалаларнинг ҳал этилиши ҳукумат қабул қиладиган қарорларга боғлиқ. Халқ хоҳишининг инобатга олинишига ишонгим келади. Аммо қарор қабул қилинишини кутиб ўтирмай, бошлайдиган ишларимиз ҳам бор. Яъни бошқа халқларга ўзбек тилини ўргатишдан аввал она тилимизни ўзимиз дурустроқ ўзлаштириб олишимиз зарур. Ўз тилимизда сўзлар, иборалар турган пайтда ўзга тиллардан ўтган сўзларни ишлатишга ўрганиб қетдик. Радио, телевидениеда, матбуотда, шунчаки суҳбат қурганимизда ҳам кулгили, ҳам ғашни келтирадиган жумлаларни эшитамиз: «Мен савсем ишонмадим», «Вабше қарамади», каби жумлалар тузиш эътиборсизлик оқибатими ё калтабинликми, билмадим. «Мавзу» ўрнига «тема», «режа» ўрнига «план», «ҳакам анжумани (ёки ҳакамлар ҳайъати)» ўрнига «жюри», «қурилма» ўрнига «установка», «тўсин» ўрнига «балка», «шиша» ўрнига «бутилка»... деб ишлатишимизчи? Халқимиз неча минг йиллардан бери деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик билан шуғулланади. Лекин нима учундир бу соҳадаги иборалар ҳам ўзбекча эмас. «Культивация», «барона», «корчовка», «чеканка», «обрезка»... Бу иборалар вақтида кимнингдир эътиборсизлиги ёки саводсизлиги туфайли тилимизга аралашиб қолганича ҳануз истеъмолда юрибди.
Биздаги катта-кичик раҳбарлар юқорига кўз тикиб яшашга ўрганиб қолишган эди. Афсуски, бу ҳол ҳозир ҳам давом этяпти. Тошкент кино томошахонларида ўзбекча эълонлар йўқлиги масаласи кун тартибига қўйилгач, шаҳар ижроқўми қарор қабул қилди. Шундан кейингина ўзбекча эълонлар пайдо бўлди. Хўш, шу томошахоналар раҳбарлари қарорни кутмай, ўзбекча эълонлар ёздирсалар бўлмасмиди? Бунинг учун қарор эмас, озгина дид, фаросат бўлиши лозим. Эълонларнинг ўзбекча ёзилиши муносабати билан савод масаласи яна қалқиб, юзага чиқади. Имло хатолар билан тўла эълонлар жуда кўп. Томошахонадагилар ҳам майли, газеталардаги эълонларни ўқиб, дод деб юборай дейман. Шунақа чаласавод эълонни ўзбекча бергандан кўра русча бўлаверсин, дегинг келади. Томошахоналарнинг бошлиқлари адабиётчи ёки тилчи эмаслар, илмдан анча нари эканликлари маълум. Газеталар-чи? Радио-телевидение-чи? У ерларда тил ва адабиётдан сабоқ олган одамлар ўтирадиларку? Бир учрашувда устоз Абдулла Қаҳҳор радио тилини танқид қилиб «кўча ҳаракати қоидаси бузилса, ГАИ ходими тўхтатиб, жазолайди. Тил қоидасини бузганлар нима учун жазоланмайди?» деган эканлар. Йигирманчи-ўгтизинчи йилларда «саводсизликни тугатиш ҳаракати» бўлган эди. Ҳозир саводсизликка қарши кураш лозим бўлиб қолди. Буни ҳукумат қарори билан эмас, биз, ўз онгимизни ишга солиб, амалга оширишимиз шарт.
Айрим маданият арбобларининг тилга муносабатлари ҳам мени ташвишлантиради. Мен Маданият министрлигида ишлаганимда бир нарсадан ажабланган эдим: ўзбек маданияти тараққиётини белгиловчи юқори идорада ўзбек тилидаги хатни кўчирувчи ёзув машинкаси йўқ! Ҳатто бу идорага мурожаат қилувчи чўпонга ёки деҳқонга ўзбек тилида бамаъни жавоб ёза оладиган одам йўқ. Ҳолбуки, бу юқори идора ходимларининг аксарияти ўзбеклар.
Театрларга машқ пайтида (уларнинг тилида «репетиция») кириб қолсангиз, бошингизни қайси деворга уриб ёришни билмайсиз. Ўзбек театрида ўзбекча асар саҳналаштириляпти. Бирдан режиссёрнинг овози янграйди: «Стоп, Стоп! Что за ерунда! Он говорить «со ваман», понимаешь Гулечка, «се-ва-ман!» значить, любить. А, сенда не то. Давай, бошидан, начали». Ўзбек актёрига ўзбекча сўз ўзбек режиссёри томонидан ана шундай тушунтирилади. Агар эътибор берган бўлсангиз, саҳнадаги актёрнинг гап оҳанги ўзбекча эмас, сўзлар бураб-бураб, европаликлар оҳангида талаффуз қилинади. Баъзан саҳнада ўзбеклар эмас, ўзбекчани энди ўрганаётган инглизлар гапираётганга ўхшайди.
Хўш, айтингчи, энди буларга ҳам «машқлар ўзбек тилида бўлсин», деган махсус қарор керакми? Махсус қарор уларга эмас, Театр ва рассомлик, Маданият институтларига, консерваторияга... керак. Ўзбек маданиятининг бўлажак арбоблари талабалик йилларида ўз тилларини мукаммал ўрганишлари шарт. Бунинг учун мазкур билим даргоҳларида ўзбек тили ва адабиёти дарслари ўтилиши зарур. Бу ҳакда узоқ вақтдан бери (ҳатго турғунлик йилларида ҳам) гапириляпти, аммо қулоқ соладиган азамат топилмай турибди. Менингча, илм толиблари ҳам ташаббус кўрсатишлари, олий идораларга мурожаат қилишлари керак.

—    Миллий маданиятларнинг бойиш йўллари ҳақида сизнинг тасаввурингиз?


—    Миллий тилга эътибор, миллий тилни бойитиш — миллий маданиятнинг қай даражада бойишини белгилайдиган муҳим омил. Ҳар бир халқ маданиятини асосан ўз тилида яратган асарлар билан ривожлантиради. Айни пайтда бошқа халқ вакиллари яратган бебаҳо асарлардан ҳам баҳраманд бўлади. Ўзбек театри тарихига назар солайлик: Абдулла Авлонийнинг Озарбайжон театри билан танишиши, сўнг ўзбек саҳналарида Шекспир, Чехов қаҳрамонларининг пайдо бўлиши... Ўзбек театри ҳам, драматургияси ҳам бошқа халкдар маданияти тажрибасига суяниб ривож топди. Бошқа халкдар маданиятидан ўрганиш керак. Аммо тақлид қилиш ярамайди. Ўзбек театрида, айниқса киносида ана шу тақлид кучли. Тақлид ўзбекона руҳни, миллийликни четга суриб ташлаган. Шунинг учун халқимиз «Ўзбекфильм»нинг кўп асарларини кўргиси келмайди. Миллийлик йўқ бўлгани учун иттифоқ томошабинлари ҳам унчалик хушлашмайди. Опера-балет санъати ҳам шундай. Биз бу санъат тури Европада қандай бўлса, шундайлигича олдик. Холбуки, ўзбек операси белорус операсидан ажралиб туриши лозим эмасми? Ҳозирча биз бундай фарқни сезмаяпмнз, Шунинг учун ҳам санъатнинг бу тури халқимизга сингмай турибди.
Бадиий асарларни таржима қилишлар, маданият ҳафталиклари миллий маданиятларнинг ривожланишига сезиларли ҳисса қўшади, дейиш қийин. Ҳиссанинг сезиларли бўлиши учун маданий алоқаларни доимий бўлишини таъминлаш керак. Бундан бир неча йил олдин республикамизда Озарбайжон адабиёти ва санъати кунлари бўлди. Шунга бағишлаб учтўрт китоб чиқарилди. Шу билан иш тугади, ҳисоб. Энди шундай тадбир қачон бўлади, номаълум. Арманистон, Молдавия, Литва... маданият ҳафталиклари қачон бўлган, эслай олмайман. Қардошлар маданиятидаги бирон янгилик Москвадаги марказий матбуотда тилга олинса, хабар топамиз, бўлмаса йўқ, Шунинг учун ҳар бир республика пойтахтида қардош республикаларнинг маданият марказлари бўлиши шарт. Чет эллар билан маданий алоқалар марказлари бор, аммо қардош халқлар нима учундир эътибордан четда туради. Тошкентда Латвия, Эстония... маданияти маркази, Таллин ва Рига... да эса ўзбек маданияти маркази бўлса, бу марказ қардошларни ўзбек маданияти билан таништиришга хизмат қилса, қардошлар маданиятидаги энг яхши янгиликларни бизга етказиб турса яхши эмасми? Фақат бу масалада ғоят зийраклик зарур. Ундай жойларга фақат фамилиясигина ўзбек, ўзи эса ўзбек маданиятидан бегона одамлар бориб қолмасликлари керак.
Биз қардошларни рус тили орқалигина биламиз. Имоним комилки, уларнинг барча яхши асарлари ҳам рус тилига таржима қилинавермайди. Шу Пайтгача ҳаракатчан бўлган, Москвада қалин ошналари бор ёзувчиларнинг бўш асарлари кўп чиқди. Биз ўша бўш асарларга қараб, ўша халқ маданиятига, хусусан адабиётига баҳо бердик. Айни чокда улар ҳам бизнинг адабиётимизга шундай баҳо беришди. Нохуш ҳолми? Албатта. Биз бир-бирларимизнинг тилларимизни билмаймиз. Америкадан келиб ўзбек тилини ўрганиб кетишади. Литвада ўзбек тилидан литва тилига таржима қилишади... Биз эса туркий ва форс тилларидан базўр (шунда ҳам барча эмас) таржима қила оламиз. Ўтган йили Украинадан бир йигит ўзбек тилини ўрганиш учун келди. Унга ҳеч ким ёрдам бермади. Ёзувчилар идораси ҳам четда турди. Оқибатда у қайтиб кетди.Барча республикаларнинг ёзувчилари уюшмалари шу масалада бирлашсалар, ёшларни тил ўргатишга сафарбар этсалар, шароит яратиб берсалар, миллий маданиятлар янада бойир эди.

Тоҳир Малик

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси. 1989 йил 10 март

 
« Олдинги   Кейинги »