Принтер учун E-mailга юбориш

ИСТИҚЛОЛ ВА АДАБИЁТ


—      Истиқлол адабиёти қандай бўлиши керак? Соцреализмдан қолган колиплар, андозалар, қаҳрамонларнинг аввалдан белгилаб кўйиладиган бахтли тақдирлари-чи? Бундай йўриқлардан батамом кутула оламизми?


—    Зоҳиран қаралса, қуёш ҳар тонгда бир хил бош кўтариб кун бўйи бир хилда нур сочади. Қуёшдаги портлашларни, кимёвий ёки физикавий ўзгаришларни, уларнинг Ердаги ҳаётга таъсирини олимлар кузатиб, бизга маълум қилиб туришади. Адабиёт дунёси ҳам шунга ўхшайди. Четдан қараган кишига ёзувчилар ўша-ўша, аввалгидай ижод билан банд каби кўринадилар. Ёзувчининг юрагида нималар кечаётгани ёлғиз Аллоҳгаю ўзига маълум. Вақт ўтгач, асар яратилгач, адабиётшунос олимлар таҳлилни бошлашгач, қалбдаги вулқонларнинг кучи элга ҳам аён бўлади.
Яқинда, катта бир йиғинда устоз шоирларимиздан бири «ўз-ўзини танқид» руҳида гапириб, «истиклолга икки йил бўляптию бу ҳакда йирикроқ асар йўқ», дедилар. Бундан тўртбеш йил муқаддам раҳбарлардан бири «қайта қуриш бошланганига ярим йил бўлди, нима учун бу ҳакда роман яратилмади?» деб даъво қилган эди. Худога шукр, қодирийлар орзу қилган замонга етишганимизга икки йил бўляпти. Авлодларимиз бу муборак куннинг икки юз йиллик тўйини кўришсин, Иншааллоҳ. Аммо бундай муқаддас нарса ҳақида тез фурсатда яхши асар яратиб бўлармикин? Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони, айрим ёзувчилар, айниқса адабиётшунослар янги адабиёт яратиш масаласини кун тартибига қўймокдалар. Менингча, бу ҳам шошма шошарликдир. Чинакам адабиёт йиллар, асрлар бўйи яратилади. Ўтмиш сабоғини унутиш мумкин эмас. Яқин ўтмишимизда янги ҳаёт қурамиз, дедик. Эскисидан бутунлай воз кечдик. Янги адабиёт яратамиз, дедик. Эскисидан юз ўгирдик, қораладик. Социалистик реализм йўлида қанчадан-қанча асарлар яратилди, қанчадан-қанча одамлар шу йўл энг тўғри йўл, деб докторлик диссертациялари ёқладилар, юқори унвонларга эришдилар. Янги адабиёт қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб беришга ожизман. Бунга аниқ жавоб бера оладиган одам ё пайғамбар ёки камида авлиё бўлиши керакдир. Камина бошқалар каби Аллоҳнинг гуноҳкор ва ожиз бандаларидан бири бўлгани сабабли, башорат қилишга тиришишдан ўзимни тияман. Баъзи ҳамкасбларимиз ўзаро баҳсда турк адабиёти ёки француз ёки Лотин Америкаси адабиётини мисол қилиб, шулар йўлидан юрайлик ҳам дейишади. Бошқалар юрган йўлдан юришни мен буткул қоралайман. Бошқаларнинг тажрибасидан ўрганиш, айрим чоқларда фойдаланиш керакдир, аммо ўз йўлимиз турганда улар йўлидан юриш, улар чайнаб ташлаган гаплар билан тирикчилик қилиш... Йўқ, бу билан муроса қилиб бўлмайди.
Биз тинмай қоралаётган етмиш йил ичида адабиёт бормиди ё йўқмиди? Бу йилларда яратилган асарлар тирик қоладими ё коммунизм ғояси каби умрини яшаб бўладими? Бу саволга жавобим шу: биз ўтмишни қанчалик қораламайлик, устозлар тарихда қоладиган кўп асарларни яратишди. Агар бу ҳақиқатдан тонсак, нодон бўламиз. Асарлар яратилган экан, демак, тирик адабиёт ҳам яратилган. Ҳар бир тирик жонда хасталаниш табиий бўлганидек, адабий жараёнда ҳам; турли хасталиклар учраб туради. Ахир биз хаста одамни ўликхонага ташлаб қўймаймизку, уни даволашга. Ҳаракат қиламизку?
Адабиётимизга ёпишган энг ёмон хасталик — ёлғончилик эди. Нене иқтидор эгалари бўлган устозлар ана шундан эзилиб яшашган. Ёлғонни ёзишаётганини била туриб қўлга қалам олишган. Бундан ортиқ руҳий азоб бўлмаса керак, одамга. Кўп нарсаларни ҳозир биз ёлғон деймиз. Аммо бугунги ёлғон 50-60 йил муқаддам уларга рост бўлиб ҳам туюлган ва, шу ҳақиқатни куйлашган. Кейин эса... афсуслар чекишган. Ўзбек адабиётининг янгиланиш босқичида энг биринчи галда шундан эҳтиёт бўлишимиз керак. Ёзувчиларнинг ўттиз ёшдан юқорисида бу касаллик озми кўпми бор. Уни даволаш ҳар бир кишининг ўзига боғлиқ. Биримиз бу хасталикдан қутулиш йўлини излаяпмиз. Бошқамиз эса унга янги тўн кийдириб, кулгили аҳволга тушириб қўйяпмиз. Гўё ҳеч ким ҳеч нима сезмаётгандек эски ҳунаримизни тарк этмаяпмиз.
Адабиётдаги яна бир камчиликни ошкоралик даври яратди. Ошкоралик таъсирида ҳамма гап очиқ-ойдин айтила бошланди. Бадиий образ яратиш каби муҳим жиҳатлар эса иккинчи даражага тушиб қолди. Ахир адабиётнинг чойхонадаги гапдан фарқи бўлиши керак-ку? Адабиёт маълум масала бўйича ёзувчининг норозилигини ёки муносабатини очиқ билдирадиган восита эмас. Бадиий адабиётда «актуал масалалар» эмас, жонли одамлар ҳаракат қилишлари керак. Ҳозир айрим асарларда «жонли одамлар» «актуал масалалар» қулига айланган, ҳолбуки, аксинча бўлиши керак. Шундагина бадиий асар узоқроқ яшаши мумкин. Бўлмаса, ўша масалалар ҳал этилгач, асар эскийди, ҳаёти битади.
Адабиётшунослар хафа бўлишмасину улар фаолиятларини тубдан қайта қуришлари лозим. Чунки бугун халқ батамом рад этган адабий йўналишларни улар ўзоқ йиллар мобайнида мақтадилар, саёз асарларни кўпиртириб кўкларга кўтардилар. Давраларда айримлари хато қилганларини айтадилар. Бу яхши. Демак, адабиётшунослик ўзини ўнглаб олишига ишонч туғилади.
Ёзувчиларнинг Москвада ўқиши, малака ошириши одат тусига кирган эди. Икки-уч йилдан бери бу ҳам барҳам топди. Бир жиҳатдан яхши ҳам бўлди. Москвада икки йил ўқиб келган ёзувчининг маҳоратини ошишида жиддий ўзгариш сезилмади, чамамда. Ёзув чилар утошмасида ишлаб юрганимда, ундан кейин ҳам турли давраларда, ҳатто ҳукумат идораларидаги йиғинларда ҳам мен бир таклифни кўп такрорладим. Буни яна айтмоқчиман: Тошкентда олий адабиёт мактаби очилиши керак. Ёш иқтидор эгалари бу мактабга қабул қилинишлари лозим. Улар икки ёки уч йил мобайнида Шарқ мумтоз адабиёти, ислом тарихи ва фалсафаси каби фанларни ўзлаштиришлари шарт. Бу фанларни ўзлаштирмай туриб, тарихий асар ёзиш қиини. Умуман, Шарқ мумтоз адабиёти ислом фалсафаси билан йўғрилган, демак, бу фанни ўзлаштирмасдан туриб мумтоз адабиётни ҳам ўзлаштириб бўлмайди.
Биз мустақил жумҳуриятнинг адабиёти хусусида сўз юритсак, шубҳасиз, эртани кўз олдимизга келтирамиз. Устозлар ҳам, улар қаторида биз ҳам қўлимиздан келганича ёзармиз, Иншааллоҳ. Аммо орзудаги адабиётни бугун дастлабки асарларини машқ қилаётган ёшлар яратишади. Аллоҳ уларнинг Ҳақ йўлдан адаштирмасин, ижодларига барака берсин.

 
Тоҳир Малик
 
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1993 йил
 
« Олдинги   Кейинги »