Принтер учун E-mailга юбориш
СЎЗ ҚАДРИ

—    Суҳбатимизни сўз санъати ва сўз қадри ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак.

—  Сўз мулки, сўз санъати, сўз қадри ҳақида улуғларимиз, пирларимиз, устозларимиз биздан кўра кўп ва хўб айтиб кетганлар. «Сўз обиҳаёт бўлиб ўликни тирилтириши ёки ханжар бўлиб тирикнинг жонини олиши мумкин», дейилувининг ўзиёқ фикримни тасдиқ этса керак. Камина улардан дурустроқ фикр айтмоққа ожизман. Шу боис саволингизга ҳазрат Алишер Навоий таърифлари билан жавоб қайтарай. Ҳазратнинг маснавийдаги фикрларини бугунги суҳбат тилига кўчирсак бу маъноларни ўқиймиз: «Сўз ўз аҳамияти билан фалакдан ҳам юқори мақомдадир, фалакдангина эмас, инсон идрок қилган ҳамма нарсадан юқоридир. Сўз дури шундай юксакликка сочилганки, унинг пойтахти Сурайё юлдузининг ўрнидадир. Сўз ўз борлиғи билан оламнинг ҳамма бурчагига етиб борувчи, ўз шарафи билан эса, одамни энг юксак мартабаларга кўтарувчидир. Агар маъноли сўзи бўлмаса, ичида гавҳари йўқ садаф сингари, инсоннинг ҳеч қандай обрў ва эътибори йўкдир. Садафнинг ичида гавҳар пинҳон турган пайтда унинг хазинаси баҳри уммон бўлгани ҳолда, ичидан гавҳари олингач, садафнинг қуруқ тошбақа суягидан фарқи қолмайди. Сўз  жаҳон-жаҳон дилоролиққа эга, гўзаллик ва латофат уни кўзга кўринмас қилиб қўйган...»
Бу ақл маъноларига яна нима деб қўшимча қила олардик? Ҳар бир ёзувчи асарининг умри айнан шу маъноларга қанчалик амал қилганлиги билан, бошқачароқ айтсак, сўз санъатини қай даражада эгаллагани билан ўлчанади. Сўз санъаткори мартабасига етган ёзувчиларнинг асарлари асрлар чегарасини билмайди. Тарих сабоғи, устозлар сабоғи бизга шундан далолат бериб турибди. Афсус шуки, биз сўз сеҳрига баъзан етарли аҳамият бермаймиз. Сўз жилвасини унутамиз, сўзнинг асл маъносини тўғри фаҳм этмаймиз ёки эътиборсизлик қиламиз. Бундай камчилик каминада ҳам бор. Мисол учун, «Шайтанат»нинг бир ерида «басир кўзлар очиларми?» деган жумлани ёзибман. Ҳолбуки, «басир» — кўзи очиқ одамдир. «Сўқир» демоқ ўрнига, хаёлим чалғибми, шундай ёзибман. Муҳаррир ҳам бунга эътибор қилмабди. Албатта, бу хатоликни кейинги нашрда тузатдим. Аммо ўзини ёзувчи деб билгувчи одам бундай хато қилишга ҳақсиздир. Суҳбатимиз баҳонасида мен китобнинг биринчи нашрини ўқиган мухлислардан узр сўрайман.
Тоғам Мирзакалон Исмоилий сўз қадрига ғоят эътиборли устоз эдилар. Сўзнинг мағзини чақа олувчи сўз сеҳргарларидан эдилар. Машқларимни кўрсатганимда асосан нотўғри ишлатилган сўзлар учун танбеҳ эшитардим. Бир куни оддийгина қилиб: «Қуёш нур сочарди», дейиш ўрнига «Шамсиянинг ўткир тиғлари», деб ўзимча «зўр», «шоирона» жумла ёзибман.
—    «Шамсия» нима, биласанми?  деб сўрадилар тоғам.
—    Биламан, қуёш,  дедим.
—    Қуёш — шамс, «шамсия» эса русчасига «зонтик» дегани...
Тоғам бадиий асарда «ва» боғловчисини ишлатишга қарши эдилар. «Ва» арабларда ишлатилади. Ўзбек тилида, айниқса жонли сўзлашув тилида ҳеч ким «ва» ни қўлламайди», дердилар. Тоғам Чўлпонни устоз деб билардилар. Асарларида Чўлпонга хос латифлик билан сўз гавҳарларини терардилар. Ҳатто таржима асарларида ҳам сўзга жиддий эътибор берардилар. Маънони қуруқ кўчирмай, жумланинг, иборанинг ёки мақолнинг ўзбекча шаклини топардилар. «Анна Каренина» ни, айниқса «Чолиқуши»ни ўқиганда таржима асарлиги билинмайди.

—    Ёзувчи асарларига бўлиб ўтган воқеаларни асос қилиб оладими?

—    Ҳар қандай асарнинг пойдевори бўлиб ўтган воқеалардир. Ёзувчининг вазифаси бу воқеаларни саралайди, умумлаштиради. Керак жойга ўзининг хаёли маҳсулидан қўшади. Лозим бўлмаганларидан эса воз кечади. Адабиётшунос олимларимиз буни «бадиий тўқима» деб атайдилар. Бироқ буни «йўқ гаплар тўқиб чиқарилар экан», деб тушунмаслик керак. Ҳар қандай бадиий тўқиманинг асосида ҳаётий воқеалар бўлмас экан, асар оқсоқланиб қолади. Ўқувчини ишонтириши қийин бўлади.

—    Детектив жанрига ўтганингиз фантастикани бутунлай тарк этганингизни англатадими?

—    Бадиий адабиётга бўлган муҳаббатим фантастика булоғи сувидан баҳра олган. Мен бу муҳаббатдан бутунлай воз кеча олмайман. Фантастика унсурларидан фойдаланиб ўқувчилар хаёлини маълум бир муаммоларга тортишга интиламан. Эътибор берган бўлсангиз, «Шайтанат»нинг Анвар ҳаётига дойр тасвирларида шундай қилганман. Очиғини айтсам, бир умидим бор: фантастика билан детективни бирлаштириб ёзсам. Бу асарни йигирма йил аввал бошлаб қўйган эдим. Ўша пайтда кучим етмаган эди. Балки энди уриниб кўрарман. Кўпчилик фантастика ва детектив тарзини менсимайди. Буни очиқ айтади ҳам. Агар адабиёт бир чинор бўлса, фантастика ва детектив тарзи унинг икки шохидир. Тўғри, номи фантастика ёки детектив бўлган, аммо бадиий асар талабига жавоб беролмайдиган хомхатала асарлар кўп. Лекин юз йиллардан бери севиб ўқилаётган романлар ҳам борку? Наҳот уларни ҳам инкор этиш мумкин бўлса?

—    Детектив жанридаги асарларингиз билан жиноятчиликка зарба бера олдим, деб ўйлайсизми?

—    Асло! «Зарба бера олдим», деб ўйламайман. Чунки асар ёзишдан мақсадим зарба бериш эмас, эди. Бир ўзим зарба беришга қодир ҳам эмасман. Ўтмиш жамиятнинг оғир захмига битта асар даво бўла олмайди. Менинг вазифам — шайтанат оламининг, яъни шайтонларга қул, шайтонлар бошқарадиган оламнинг қора саройини кўрсатиб қўйиш эди. «Қозонга яқин юрсанг — қораси юқади», дейишадику? Қора юқмаслиги учун аввал ўша қозонни кўриш керакми? Мен яқинлашув фожиага олиб борувчи қора оламни кўрсатмоқчи эдим холос. Маълумки, шайтанат олами шайтон жаннатдан қувилганидан бери мавжуд. Жиноят эса Одам Атонинг катта ўғиллари Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдирганидан бери бор. Шайтанат олами неча минг йиллардан бери турли кўринишларда, турли шаклларда яшаб келяпти. Шайтанат оламининг йўқолиши учун орадан шайтон йўқолиши керак. Ёки иймон олами қудрат касб этиши керак, токи қудратли иймон олами шайтанат оламини енга олcин. Шайтанат олами ёшларнинг кўзларига чиройли кўринади. Уларни анашундан эҳтиёт қилишимиз шарт.

—    Шунинг учун айрим манзараларни шафқатсизлик билан тасвирлаганмисиз?

—    Ҳаётнинг ўзида кескинлик ва кураш бор. Юмшоқлик асарга ҳусн бермайди. Баъзилар баъзан ҳазил, баъзан чин равишда «қаҳрингиз қаттиқ экан», деб қўйишяпти. Йўқ, мен табиатан қаҳрли эмасман. Одамларга, айниқса ёшларга меҳрим зўрлиги учун қора оламнинг зулмга тўла ҳаётини кўрсатишга интилдим. Мен ёзганларимни хавфдан огоҳлантирувчи чироқ ўрнида қабул қилишларини истардим. «Огоҳ бўлинглар, шайтанат олами чегарасидан нари юринглар!» деган хитобимни эшитишларини ва бу чақириққа амал қилишларини хоҳлардим.

—    «Шайтанат» ҳақида ижобий фикрлар кўп. Ўзингиз ўз асарингизга қандай баҳо берасиз?

—    Мен қўлимдан келганича ёздим. Яна бир ҳамкасбим бошқачароқ, ҳатто мендан дурустроқ ҳам ёзиши мумкин. Ҳарҳолда шундай бўлишини истардим. Чунки яратилаётган асарлар бир-биридан яхшироқ бўлиши керак. Агар шу пайтгача ёзганларимда тузукроқ саҳифалар ёки сатрлар бўлса «Устозларига балли, устозларидан дарсни яхши ўзлаштирибди», дерсиз. Хом жойлар учраганда эса «Устозларидан мукаммал сабоқ олмабдида», деб қўярсиз.

—    Эшитишимизга қараганда, «Шайтанат»нинг тўртинчи китобини ҳам ёзаётган эмишсиз?

—    Ҳа. Аслида асарни учинчи китоб билан якунла ган эдим. Аммо бундан ўзимнинг кўнглим тўлмади. Кўп саволлар жавобсиз қолгандай бўлди. Ундан ташқари, гиёҳвандлик ҳақида ҳужжатли фильм сценарийсини ёзаётганимда янги фикрлар келди. Асарнинг чўзилишидан мен манфаатдор эмасман. Чунки «бемаза қовуннинг уруғи кўп», деган мақолни тасдиқ этиб қўйишим мумкин. Шундан хавотирдаман. Лекин ички бир куч тўртинчи китобга даъват этди. Насиб қилса, келаси йили китоб ўқувчилар қўлига етар, иншааллоҳ!

—    Бирон нимадан норозилигингиз ҳам борми?

—    Норозилик эмаску, бироқ, кўнгилни хижил қилиб турган бир гап бор. Ёзилган асар барчага бир хилда маъқул бўлавермайди. Кимгадир ёқади, кимгадир ёқмайди. Бу табиий ҳол. Мен ёзганларимни барча қарсак чалиб олқишлаяпти, деган фикрдан узоқман. Ўзим билган, билмаган хатолар бор, рад этмайман. Мени ранжитадиган нарса — биродарларимиз орасида «Шайтанат» савияси паст ўқувчиларга мўлжалланган», деган гаплар айланиб қоляпти. Агар «Шайтанат» асарининг савияси паст» деб асарнинг ўзига очиқ баҳо берсалар мен ранжимасдим. Эҳтимол чиндан ҳам шундайдир. Лекин ўқувчиларни «савияси паст» демоқликдан уялиш керак. Китоб ўқиган ўқувчида нима гуноҳ? Китобхон бизнинг асаримизни ўқийдими ё йўқми, мақтайдими ё йўқми — уларни қадрлашимиз керак. Уларни биз ўзимиздан устун деб билишимиз шарт. Агар ёзувчи ўзини китобхондан устун тутиб асар ёзса мағлубиятга учрайди.

Тоҳир Малик

«Даракчи» газетаси, 2000 йил
 
« Олдинги   Кейинги »