Принтер учун E-mailга юбориш
ЁЗУВЧИ ВА ЖАМИЯТ
 
—    Тоҳир ака, кўпчиликка аён: сизнинг ижодингизда фантастика жанри етакчи ўрин тутади. Детективга ўтишингиз, «Шайтанат» асари ёзилишининг сабаби нимада? Асарнинг бу қадар шуҳрат топишини муаллиф сифатида қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?


—    Насрни «фантастика», «детектив» ёки «реалистика» каби йўналишларга адабиётшунослар ажратиш-ган бўлишса керак. Тарихда «танқидий реализм», «социалистик реализм» каби йўналишлар ҳам мавжуд эди. Ажабки, ёзувчиларнинг ҳеч бирлари асарларининг номи остига ҳеч қачон «социалистик реализм», деб ёзиб қўймаганлар. Нечундир фантастика ва детективга шу одат хос бўлиб қолди. Ҳар бир бадиий асарда озми-кўпми фантастика ва детектив унсурлари бўлади. Тарихий асарларнинг асоси хаёл маҳсулими? «Ўткан кунлар»да Отабекнинг қотиллигида детективга хос баёнларни учратмаймизми? Ҳар бир асарда саргузаштларга дуч келмаймизми?
Тўғри, камина дастлаб илмий фантастика йўналишида бир оз машқ қилиб кўрдим. Асардаги илмий ғоялар мен учун асосий бир гапни айтиш учун баҳона эди. Буни хапдорига ўхшатаман: беморни қийнамас-лик учун дорининг қобиғи ширин бўлади. Лекин бу қобиқнинг шифо бериш хусусияти йўқ. Шифо шу қобиқ ичидаги аччиқ дорида. «Фантастика», «детектив» деган гаплар ҳам шу қобиққа ўхшайди. Мақсад-ўқувчининг эътиборини тортиш. Ҳамкасбларим мендан ранжишмасин, уларни камситмоқчи эмасман, аммо айрим асарларнинг ўқувчилари ғоят кам. Ҳолбуки, асар зўр маҳорат билан ёзилган, ундаги гаплар ҳам бена-зир. Бундай асарларнинг муаллифлари «Мен тушунган одамлар учун ёзаман, ҳамма ўқиши шарт эмас», дейишлари мумкин. Ҳамма ўқиши шарт бўлмаган асарлар тарихда ҳам бор эди, ҳозир ҳам жаҳон адабиётида-кўп учрайди. Лекин мен ёзилган асарни иложи борича кўпроқ одам ўқиши тарафдориман. Гап бу ерда кўп одам ўқигани туфайли ижодкорнинг кўпга танилишида эмас. Гап хизматингиздан кўпроқ одамнинг баҳраманд бўлишида. Ёзувчи қўлга қалам олиб бирон воқеа баёнини берганида ўқувчисини маълум бир ҳаёт фалсафасидан огоҳ этишниният қилади. Ана шу фалсафани кўпроқ одам ўқиши, шу фалсафа ҳақида кўпроқ одам фикрлаши яхши эмасми? Агар тор доирадаги ўқувчиларимизнигина ўйласак, адабиётнинг таъсир доирасини чеклаб қўйган бўлмаймизми?
Айрим дўстларимизда «фантастика ёки детектив савияси паст ўқувчиларга мўлжалланган», деган фикр ҳам борким, бундан воз кечишларини истардим. Ўқувчини савияси паст, деб айбласак ўзимиз учун уят. «Савияси паст асар ёзилибди», десак тўғри бўлади. Баъзилар «фантастика»ни тушунмайман», дейишади. Нимасига тушунмайди? Бадиий адабиётга хос бўлган барча талаблар бу йўналишга ҳам хос. Олимларнинг илмга доир суҳбатлари ҳам осмондан олинган эмас. Олий математикадан маъруза ўқилмайди. Фақат бизда адабиётдаги бу икки йўналишга менсимасдан қараш одати бор. Ўқимасдан туриб баҳо беришга ўрганиб қолганмиз. Яқинда икки ёзувчининг баҳсига гувоҳ бўлдим. Бири қайсидир асарни мукофотга арзийди, деб ишонтирмоқчи бўлади, иккинчиси лойиқ эмас, деб рад этади. Шунда биринчиси: «Шу асарни тузукроқ ўқидингизми?» деб сўровди, иккинчиси ўқимаганини айтдида, «ўқиб нима қиламан, бари бир у одам зўр асар ёзолмайди», деб изоҳ берди. Бизнинг ишларимиз шунақа. Мен Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» асарини детектив асарнинг энг аъло намунаси деб биламан. Марио Пьюзонинг «Падре» («Чўқинтирган ота») асари ҳам шу йўналишда XX асрда яратилган гўзал асар эканини жаҳон тан олган. Хўш, буларни ҳам савияси паст ўкувчиларга аталган, деймизми? «Шерлок Холмс»ни неча замондан бери неча миллионлаб (эҳтимол миллиардлабдир?) одамлар ўқиётганини инобатга олсак, дунёни савияси пастлар босиб кетмайдими?
Саволингизга жавоб беришда чалғиганим йўқ. Бу масалаларга ҳам эътиборимизни қаратишимиз керак. Ҳозир бемаъни саёз қўшиқлар кўпайгани сингари номи «детектив» бўлган, аммо бадиий адабиётнинг энг кичик талабларига ҳам жавоб бера олмайдиган асарлар кўпайяптики, бу ҳолатга йўл қўймаслик чорала-рини ўйлаб кўришимиз керак. Фақат рад этиш билан иш битмайди.
Энди фантастикадан детективга ўтишимнинг сабабига келсак, мен доимий равишда бир хил иш билан банд бўлишни ёқтирмайман. Фантастикада қўлимдан келганича машқ қилиб кўрдим. Детективда ҳам ўзимни синаб кўришга эҳтиёж сезилди. Кейинги пайтда маърифий йўналишга диққатимни қаратдим. Келажакда кўп йиллик орзуйим-тарих мавзуига мурожаат этишни ният қилганман. Қайси йўналишга кирмайин мақсадим бир ўқувчи билан ҳаёт муаммолари ҳақида ғойибона суҳбат қуриш. Зулмнинг илдизини қуритиб, саодатли умрга етишиш йўлларини излаш. «Шайтанат»ни ёзишдан мақсад ҳам шу эди. Сохта камтарлик қиляпти, деб ўйламанг, лекин бу асар ғоятда ҳайратланарли даражада эмас. Ҳамкасб дўстларимдан менинг ортиқ жойим йўқ. Камчиликларим бор, буни ўзим ҳам биламан. Ўзим сезмаётган камчиликларимни холисаниллоҳ айтиб туришса миннатдор бўламан. Асарнинг маълум маънода шуҳрат топишига сабаблардан бири-бу мавзу ўқувчилар учун янгироқ эди. Иккинчи сабаби кейинги йилларда ҳамкасбларимиз китобхонларни янги асарлар билан тез-тез қувонтириб туриш анъанасига содиқ қолмаяптилар. Китоб пештахталарида анчагина бўш ўринлар борлигига гувоҳ бўляпмизким, бу биз учун ачинарлидир. Ўрни келганда айтай: кам асар ёзилишини иқтисодий аҳвол билан боғламаслик керак. «Ўткан кунлар», «Кеча ва кундуз», «Навоий» каби асарлар ёзилаётганда устозларимизнинг иқтисодий аҳволлари ҳозиргиларникидан ночорроқ бўлгани аниқку? Устига-устак мафкуравий тазйиқчи?

—    Сўнгги пайтларда диний-маърифий мавзуда бир қанча рисолалар ёздингиз. «Меҳмон туйғулар», «Иймонлашиш умиди», «Одамийлик мулки» каби асарларингиз мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Айтингчи, диндорликнинг асл моҳияти, вазифаси нимада? Пайғамбар алайҳиссалом машҳур ҳадисларида яхши хулқларни энг мукаммал даражага етказмоқ учун юборилганларини айтадилар. Бинобарин, диндан кўзланган мақсад Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш, инсоннинг комил ахлоқ соҳиби мақомига кўтарилиши эмасми? Шундай бўлса, муқаддас динимизни ҳам манфаат учун кураш воситасига айлантираётганлар қилмишини қандай баҳолаш мумкин?

—    Мен ахлоқ мавзуида, яъни маърифий йўналишда икки китоб ёзишни узоқ йиллар орзу қилдим ва бу ишга тайёрланиб юрдим. Бундан мақсад тоғам Мирзакалон Исмоилий бошлаган ишларини давом эттириш эди. «Меҳмон туйғулар»ни яхлит асар дейиш мумкин эмас. Ўз номи билан айтганда, кутилмаган онда меҳмон бўлиб келган туйғуларнинг баёни. Китобларда ўқиганим доно фикрларни, хаёлимда туғилган баъзи гапларни дафтарга ёзиб юрардим. «Шайтанат»ни ёзиб бўлгач, дафтарни оққа кўчирдим-у, китобхонлар диққатига ҳавола этишга журъат қилдим. Бир оз фурсат ўтгач, уни тўлдириб, «Иймонлашиш умиди» билан қайта нашр эттирдим. Бу икки китобга режадан ташқари тартиб берилди, десам ҳам бўлади. Ниятдаги китобларнинг биринчисини «Жиноятнинг узун йўли» деб номладим. Мен бир неча йиллар давомида ўсмирлар орасида учрайдиган жиноятчилик сабабларини ўргандим. Бу ўрганишнинг натижаси ўлароқ «Алвидо, болалик!» қиссаси дунёга келди. Ўсмирлар орасидаги жиноятчилик ҳар қандай жамиятни ташвишга соладиган ҳолат. Шу боис бу муаммони илмий томондан ҳам тахлил эҳтиёжи туғилди. «Жиноятнинг узун йўли», «Алвидо, болалик»ка ёзилган илмий шарҳ десак ҳам бўлади. Ниятимдаги иккинчи китоб, ахлоқ китоби, унн «Одамийлик мулки» деб номладим. Бу ахлоқ китоби уч жилддан иборат бўлиши керак. Дастлабкиси мухлислар қўлига бориб тегди. Бу китобни ёзиш учун салкам етмишта дафтар тутганман. Унга юзга яқин хулқ ҳақидаги доноларнинг фикрларини, ривоятлар, ҳикоятларни тўплаганман. Шу кейинги китобда сиз ўртага қўйиш муаммога жавоб беришга уриниб кўрдим. Биз «Ибодат қиляпмиз, Аллоҳни таниймиз», деб юрамизу аслида Аллоҳни таниш нимадан иборат эканини яхши тушунмаймиз. Дин беш вақт намоз ўқиш ёки рўза тутишдангина иборат эмас. Аллоҳни таниш илм билан бўлади. Илмсизлик жаҳолатни туғдиради. Диндаги жаҳолат ғоят хатарлидир. Чунки у мутаассибликни туғдиради. Мутаассиблик мавжуд ерда адашишлар бошланади «Илм» калимаси Қуръони каримнинг 752 жойида зикр этилган. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ марҳамат қиладики: «Эй Одам боласи, билгилки, саломатлик-бирликда, ихлос-тақвода, художўйлик-тавбада, ибодат-илмда ва бойлик-қаноатдадир». Демак, илм ҳам ибодат экан. Намоз бола балоғат ёшига етгач фарз саналади. Илм олиш эса бешикдан фарз қилинган. «Қутадғу билиг»да шундай байтлар бор:

Билиг ўгран ашну топуғқа ўкуш,
Билигсиз топуғ осғи булмоз улуш.
 
(Ибодатдан бурун илм ўрган. Билмасдан ибодат қилган билан савоб тегмас.)

Билигсиз топуғ қилмишиндан кўрў,
Билиглиг уюмиш муёни ўрў.

(Илмсизлик билан ибодат қилгандан кўра илм билан ухлаганнинг савоби кўпроқ.)

Бу мисолларни келтиришдан муддао шуки, дин макҳум нарса эмас. У аниқ мақсадлар билан юзага келтирилган. Қуръони каримни биз жанозаларда ўқиладигап калом деб одатланиб қолганмиз. Ҳолбуки, Аллоҳнинг каломи тириклар учун. Аниқроқ айтсак, тирикларни тўғри тарбиялаш йўлларини ўргатувчи восита. Ҳеч қайси динда, Яратган нозил этган ҳеч қайси китобда инсон зулмга даъват қилинмайди. Аксинча, зулмдан қайтарилади. Дин инсонларнинг барчалари бир ота, бир онадан тарқалганлигини уқтиради, аҳиллик, иттифоқликка ундайди. Одамлар динни дуруст англамаганлари учун бир-бирлари билан ёвлашадилар. Ислом, насаро, яҳудо, будда каби динларга бўлиниб олганлари ҳам майли-я, яна ўз динларида ўнлаб оқимларга, гуруҳларга, фиркаларга бўлиниб олишлари-чи? Динни яхши тушунган одам низоли йўлни танлармикин?
Қадим-қадимдан айрим одамлар диндан ўз манфаатлари учун фойдаланиб келганлар, ҳозир ҳам бу ёмон анъана давом этиб келяпти. Диндан манфаатдорлик кичик кўринишдан йирик сиёсий мақсадларга қадар учрайди. Кичик кўринишларига ҳаётимизда деярли ҳар куни дуч келамиз. Одамларга динни тўғри ўргатиб, тўғри йўлга бошлаши шарт бўлган масжид имомлари орасида худойидаги тутундан, тугун учига тугилган пулдан бошқасини ўйламайдиганлари ҳам йўқ эмас, бор. Бундайлар учун бидъат ва хурофотнинг динга зарари хақида сўз очиш бефойда. Агар хурофот йўлидаги бирон имомни танқид қилсангиз, «бу динга тош отяпти!» деб айюҳаннос соладилар. АҚШнинг Ирокда ики масҳаб ихтилофидан сиёсий мақсадларида фойдаланишига қарши биз бирон чора кўролмаймиз. Аммо динни тўғри англашга, бандаларнинг аҳил-иноқ яшашларига ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкинми? Ҳозир юртимизда бир неча диний оқимлар мавжуд. Булар орасида ўзига яраша зиддият бор. Бу ихтилофлар алҳол зарарсиз кўрингани билан ташқи нопок кучлар аралашувида жиддий тўқнашувларга айланиб кетиши мумкин эмасми? Диндан ўз манфаати учун фойдаланиш ҳақида гап кетганда шундай оқибатларни ҳам назарда тутиш ва бундай оқибатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш керак.
Жиноятчилар дунёси, уларнинг тубан қилмишлари ҳақида бадиий асар ёзиш осонми? Сиз бу борада сезиларли ютуқларга эриша олдингиз. Айтинг-чи, бундай асарларга материал йиғиш жараёни қандай кечади? Наҳотки, жиноятчилар руҳиятини, қилмишларини ишонарли тасвирлаш учун улар билан ёнма-ён юришга тўғри келса?
Китобхонлар орасида шунга ўхшаш тахминлар ҳам бор. Айримларини эшитиб тураман. «Ёзувчи жиноят олами билан яқин экан», деган миш-мишлар ҳам учрайди. Абдулла Қодирий «Уткан кунлар»ни ёзаётганларида Қўқон хони билан ёнма-ён юрмаганлар-ку, тўғрими? Ёки Ойбек домла Ҳусайн Бойқаро билан гурунг қилибмидилар? Тўғри, мен қамоқхоналарда уюштириладиган адабий учрашувларда бўлганман. Қамоқхонадаги аҳволни умумий тарзда биламан. Яқинроқ танишиш истагим борлигини билдирганимда Ички ишлар вазирлигидаги масъул раҳбарлар маъқуллашгану, аммо йўл беришмаган эди. Шунинг учун бирон ерда қамалиб чиққан одамлар билан учрашиб қолсам, уларнинг ҳикояларини эринмасдан тинглайман. Бу олам ҳақидаги китобларни кўп ўқиб, мантиқий хулосалар чиқаришга уринаман. Баъзи давраларда: «Шунча нарсани қаердан биласиз», деб сўрашса, «Мен гап ўғрисиман», деб ҳазиллашаман.
 
—    Эртанги куни ёруғ бўлишини истаган одам, истиқболи нурли бўлишини орзулаган миллат фарзанд тарбиясини бир лаҳза бўлсин унутмайди. Бугунги глобаллашув замонида бу масала, айниқса, долзарб аҳами-ят касб этаётир. Бинобарин, ёт таъсирлар оқибатида ёшларнинг азалий қадриятларимиздан йироқлашу-ви, миллий ахлоқ ўрнини Ғарб ахлоқи эгаллаши, аждодларимизга мутлақо бегона бўлган наркомания, ичкиликбозлик, фаҳш каби иллатларнинг ҳаётимизга кириб келиши ҳоллари ҳам буни тасдиқлайди. Сиз куюнчак адиб сифатида бу каби масалаларга жиддий эътибор беряпсиз...

—    Бу масалаларга фақат қалам ахли эмас, жамиятнинг ҳар бир аъзоси жиддий эътибор бериши керак. Энг одобли оила ҳам «Менинг боламнинг хулқи яхши», деб ўзини хотиржам қилмаслиги керак. Чунки ёмон хулқ юқумли касалликка ўхшайди. Африкада тарқалган касаллик бир ҳафтада, балки унданда тез дунёнинг истаган нуқтасида пайдо бўлиши аниқ. Лондонда ёки Мадридда пайдо бўлган ёмон хулқ ҳам ана шундай тезликда бизгача етиб келиши мумкин. Вабонинг олдини олиш имкониятлари мавжуд. Касал тарқалиши билан Соғлиқни сакдаш вазирлиги зарур чораларни кўра бошлайди. Аммо ёмон хулқларнинг олдини олиш мушкул. Буни ҳукумат идораларининг қарорлари билангина тўхтатиш қийин. Бу соҳада барча бир ёқадан бош чиқариши керак. Афсуским, ҳозир шундай бўлмаяпти. Аввалги йили ёшлар ҳаётидан янги қисса ёзиш мақсадида дискотекаларни кузатдим. Агар четдан томоша қилинса, ғалати манзарага гувоҳ бўлинади. Бу ерга йиғилган ёшлар худди телбага ўхшашди назаримда. Дискотекага гиёҳвандлар ёки боши бузуқлар тўпланишини ҳамма билади, аммо ҳеч ким чора кўрмайди. Айрим дискотекалар туни билан ишлайди, ҳолбуки, биздаги қонунларга кўра бундай қилиш мумкинмас. Қонун ижросини назорат қилувчи идоралар эса бунга бефарқлар. Нима учун бефарқликларини тахмин қилсак бўлади. Бир куни шаҳар Халқ таълими бошқармаси мудирига «Дискотекалардаги ёшларнинг кўпи мактаб ўқувчилари эканини биласизми, уларни қайтариш чораси кўриладими?»деб сўрадим. У жаноб «яхши айтдингиз, эртага мажлисда шу масалани кун тартибига қўямиз», дедилар. Масаланинг мажлисга қўйилгани яхши. Аммо натижа-чи? Бизда мажлис кўп, натижа эса йўқ даражада. Биз бир саволни кун тартибига қўяйлик: нима учун ўсмирлар ва ёшларнинг яхшилик кўчасига эмас, ёмонлик томонга оғиши осон бўляпти. (Бу билан барча ёшлар ёмон бўлиб кетяпти, демоқчи эмасмиз. Ёмондан кўра яхши ёшларимиз кўп. Бироқ, орада битга ёмоннинг бўлиши ҳам бизни сергаклантириши керак.) Ёшларни яхшилик томонга даъват этувчи идоралар кўп. Ёмонликка чорловчи биронта муассаса йўқ бўлгани ҳолда уларнинг шу томонга маҳлиё бўлишлари кишини ажаблантиради. Кейинги йилларда бутун жаҳон бўйлаб ёмон хулқ турлари кўпайди. Жиноятлар ғоят ёвузлашиб боряпти. Биз шуларни ҳисобга олмаяпмиз. Тарбия усулларини янгилашни ўйламаяпмиз. Бирон маҳаллада ёки мактабда учрашув ўтказамиз. Юқори идорага ҳисобот жўнатамиз, шу билан ишни қойиллатиб қўйгандек ке-рилиб юраверамиз.

—    Мумтоз адабиётимизга меҳрингиз баланд экани, мутафаккир боболаримиз асарларини мунтазам мутолаа қилишингиз асарларингиз моҳиятидан сезилиб туради. «Одамийлик мулки»да «Лисон ут-тайр»даги шайх Санъон ҳикоятини ўзингизга хос талқин этгансиз. Бундай талқиннинг дунёга келиши қайси омиллар билан боғлиқ?

—    Мумтоз адабиётимизга меҳрим борлиги тўғри. Аммо армоним ҳам бор: бу адабиётни вақтида мукаммал ўргана олмаганман. Мен кечки журналистика факультетида ўқиган эдим. Мумтоз адабиётни жуда оз вақт ўргатишган. Камина ҳам ёшлик қилиб, шу етарли бўлса керак, деб юраверибман. Орадан йиллар ўтиб маълум бўлдики, университетда бу соҳада ҳеч нима ўрганмаган эканман. Қаранг, «Хамса» икки йил мобайнида ёзилган. Лекин уни атрофлича ўрганиш, тушуниб етиш учун одамнинг умри камлик қилади. Университетда эса бу мавзуни уч-тўрт соатда ўтиб бўлишади, Эллик икки минг мисранинг ҳар бирини англаш учун шу соатлар етарлимикин? Бу армонни айтишдан мақсад, ҳозир ҳам аҳвол шунга яқин. Филология факультетларида ҳали ҳам мумтоз адабиёт дарси юзаки ўтилади. Нофилологик факультетларда эса умуман ўтилмайди. Бир неча йил муқаддам Андижоидаги Педагогика институтида учрашув бўлди. Шунда камина: «Институтларингиз Мирзо Бобурнинг муборак номлари билан аталади. Қани, бирортангиз туриб шоирнинг ғазалидан ўқиб берингчи?» дедим. Бир неча юз талабадан садо чиқмади. «Навоий бобом!» ёки «Бобур бобом!» деб лоф урганимиз билан уларнинг ижодидан бебаҳра бўлсак уят эмасми? Фахрланиш қуруқ гап билан бўлмайди. Бу борада ҳам амал керак.
Энди шайх Санъон ҳикоятига келсак, ривоятми, ҳикоятми ё афсонами ҳар замонда турлича талқин қилиниши мумкин. Мен нафс нуқтаи назаридан таҳлил қилишга уриндим. Чунки, назаримда, биз яшаётган замон нафс замони. (Бутун дунёда аҳвол шу.) Одамлар ҳар бир нарсага нафс кўзи билан қарайдиган бўлиб қоляптилар. Шайх Санъон фожиасида ҳам нафс бор. Айрим биродарларимиз масжидга чиқиб беш вақт намоз ўқийдиларда, «бўлди, камолга етдим», деган хулосага келиб, ўзлари учун жаннатдан жой ҳозирлаб қўйгандай бошқаларга сўз бермай, керилиб юраверадилар. Нафс тақво эгаларининг ҳам бошини эгиб қўйишга қодир экан, нимамизга кериламиз. Аҳмад Яссавий ҳазратлари «Шайтон ғолиб, жон чиқарда шош-дим мано», деб бекорга нола чекмагандирлар. Ҳар бир инсон то жони чиққунига қадар шайтонга қарши, унинг асосий қуролларидан бири нафсга қарши курашиши керак. Шундагина Аллоҳнинг ризолигига етиша олиши мумкин. Аллоҳ ризолигига етишиш учун бу дунёда яхшилик қилиб, аввал одамлар розилигини олиш керак. Нафсини енга олмаган одам бошқаларга яхшиликни соғина олмайди.
Адибнинг жамиятда тутган ўрни қандай бўлиши керак? Ёзувчи ёки шоир шахс сифатида асарларида васф этилган фазилатлардан тамомила йироқ бўлиши мумкинми? Сўзи ва амали бирбирига зид бундай қаламкаш хурматга лойиқми?
Сўзи ва амали бирбирига зид одамни «мунофиқ» деймиз ва бундай одам ҳеч қачон ҳурматга лойиқ бўлган эмас. Ёзувчининг жамиятда тутган ўрни эл қатори бўлиши лозим. Агар баландроқ ўринни талаб қила бошласаа кулгига қолади. Масъулият жиҳатдан қарасак, бошқаларга нисбатан унинг зиммасидаги вазифалар кўпроқ бўлади. Чунки (қўполроқ айтсак) ёзувчи бошқаларга ақл ўргатиши керак. Ақл ўргатиш учун эса ўзида ақл бўлиши, ҳаракатлари ҳам шу ақлга муносиб бўлиши шарт. Баъзи одамларга ёзувчи халқи фариштадай кўринади. Уларга интилиб яшайдиган, юзма-юз туриб суҳбатидан баҳраманд бўлишни Худодан сўрайдиганлар ҳам бор. Тасаввур қилинг, шундай даврага ёзувчи келди. Зиёфатда ичиб, маст бўлиб олиб, оёғини дастурхонга узатганича оғзига келган гапларни вайсай бошлади. Аллоҳ сақласин! «Домланинг айтганини қил, қилганини қилма», деган мақол ёзувчи халқига муносиб эмас. Аллоҳ ёзувчига бошқаларга нисбатан кўпроқ неъматлар берган, бу неъматларни исроф қилмай сарф этиб, халққа хизмат қилиши шарт. Бозордан бирон нима олсангиз ҳақини тўлайсиз. Аллоҳ берган неъматларнинг ҳақи халққа хизмат қилиш билан тўланади.
 
—   Тоҳир ака, машхур ёзувчисиз, мухлисларингиз кўп. Улар назари билан қараганда дунёдаги энг бахтли одамсиз. Сизни қийнаши мумкин бўлган биронта муаммо Йўқдай туюлади. Аслидачи? Аслида ҳам шундайми?
 
—    Мен муаммоси йўқ одамни тасаввур қила олмайман. Ҳар бир кишининг муаммоси ўзига хос бўлади. Мени қийнаётган муаммо сизга бачкана ёки кулгили туюлиши мумкин. Аксинча, мен эътибор бермаётган нарса сизни ҳайратлантириши эҳтимоли бор. Мен Яратганнинг барча неъматлари учун шукр қиламан. Бирон ерда камчилик учраса қаноат қилишга уринаман. Сабр-қаноатни одам учун энг олий либослардан деб биламан. Ожиз бандамиз, баъзан бу либосларни ечиб қўйишга тўғри келса аввало одамлардан уяламан, сўнг тавба қила бошлайман. Шахсий муаммоларим кунда, ҳафтада, ойда ёки йилда ўзгариб туриши мумкин, уларни ўзимча ҳал қилишга тиришаман. Ҳал бўлмай қоладиган муаммолар ҳам учрайди, наилож! Мени кўпроқ жамиятдаги ечилмай қолаётган муаммолар ташвишга солади. Мен ижтимоий-сиёсий жараёнларга фаол аралашувчилардан эмасман. Сиёсат бобида уқувим йўқ. Табиатимда курашувчанлик ҳам йўқ. Мен муаммоларни ақлим етган даражада ёзган асарларим орқали ҳал этишга ҳаракат қиламан. Масалан, кўп гапирадиганимиз китобхонлик муаммоси. Кўпчилик гапни айлантириб келиб китобнинг нархи қиммат, деган хулосага боғлайди. Битта хонадонга йилда ўнта янги китоб кирса, тахминан 20-30 минг сўм сарф-ланади. Энди айтинг: шу хонадонга ойида неча минг сўмлик ароқ киради, сигарет киради, борингки, қурт-писта, сақич... киради? Неча ўн, ҳатто юз минг сўмлаб пулларни кераксиз зиёфатларга сарфлаймиз? Тўйлардаги раққосаларга қистириладиган пулларчи? Хўп, китоб қиммат, деган фикрга қўшилдик, дейлик. Аммо кутубхоналардаги текин китоблар ҳам ўқилмайди-ку? Талабалар энг фаол китобхон бўлишлари керак, бироқ улар ҳам китоб сотиб олмайдилар-ку? Ҳолбуки, мутлақо зарурати бўлмаган ён телефонларига 40-50 минг сўмдан тўлашга пул топишади-ку?
Китобхонлик масаласи фақат ёзувчиларнинг ташвиши эмас. Жамият ташвиши бўлиши керак. Чунки маънавий олам фақат ва фақат китоб билан бойийди. Маънавий қашшоқ жамият оламаро юксала олмайди.
Саволингизда «бахт» ҳам тилга олинди. Чиндан ҳам бахтлиман. Аллоҳ менга, аввал айтганимдай, улуғ неъматлар берди. Суҳбатимиз сўнгида журнал ўқувчиларига, уларнинг оила аъзоларига Аллохдан икки дунё саодатини тилайман.
 
Тоҳир Малик
 
«Тафаккур» журнали, 2006 йил
 
« Олдинги   Кейинги »