Принтер учун E-mailга юбориш
МАЪРИФАТПАРВАР МУАЪЛИМЛАР КЕРАК


    Бугунги кунда барча соҳаларда бўлгани каби, маорифда ҳам қайта қуриш, янгиланиш жараёни кечяпти. Ҳар қалай барча ишларни яхши ниятда бошлаяпмиз. Мактаб ислоҳоти, миллий мактаб яратиш... Сизнингча, мактабни янгилаш-қайта қуришни нимадан бошлаш афзалроқ эди?

—    Гапни қайта қуришдан бошлаб, хаёлан сал ортга қайтишга мажбур қиляпсиз. Қайта қурмоқ учун аввал бузмоқ керак. Бизнинг яқин тарихдаги хатоларимиздан бири ҳам айнан шу аввал бузиб, сўнг қайта қуришга берилиш бўлди. Яшаб туриш мумкин бўлган иморатни шартта бузиб, ўрнига янгисини қура бошладик. Ҳолбуки, бу янги иморатнинг лойиҳаси ҳали пишиб етилмаган эди. Лойиҳа муҳандислари бу янги уй зил-зилага, тўфонга, бўронга чидайдими, йўқми-ҳали ҳисоблаб чиқишмаган, қурувчиларнинг малакаси ҳам пухта эмас эди. Орадан йиллар ўтиб маълум бўляптики, иморат зил-зилага бардош бера олмас экан. Ҳозир айрим биродарларимиз яна ўша хатони такрорламоқчи бўлишяпти. Яъни бугунги ўқитиш тажрибасидан бутунлай воз кечиб, янги йўлга ўтмоқни ихтиёр қилишяпти. Ўн еттинчи йилдан кейин эски мактаб, сўнгроқ эса жадид усули ҳам рад этилди. Ҳолбуки, Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Ал-Фарғоний, Ал-Форобий... каби улуғ алломаларимиз ҳам эски мактабда савод чиқаришган эди. Эски мактабнинг неча минг йиллик тарихи, ўзига хос анъанаси, тажрибаси бор эди. Жадидлар эски мактабнинг мақбул тажрибалари, анъаналарини сақлаган ҳолда, янги замон талабига жавоб бермайдиган жиҳатларидан воз кечган, ғарб маорифининг яхши томонларидан фойдаланган ҳолда тараққиёт йўлига чиққан эдилар. Ҳозир ҳам ўша йўлни эслаш, лозим ўринларда ўрганиш фойдадан холи эмас. Албатта, жадидларнинг барча усулини бугунги мактабга жорий қилиб бўлмайди. Айни чокда маорифнинг бугунгача уммон суви каби тўпланган тажрибаларидан ҳам бутунлай воз кечиш мумкин эмас. Гарчи уммон сувини ичиш мумкин бўлмасада, унинг таркибида фойдали моддалар жуда кўп. Ер юзини кислород билан таъминлаб турадиган сув ўтлари ҳам айнан шу сувда яшайди. Қимматбаҳо маъданлар ҳам шу сув тубида. Водороддан қувватлироқ бўлган моддалар ҳам шу уммон сувидан олинади...
Яқинда бир яҳудий танишимиз Исроилга бориб келди. Унинг айтишича, Ўзбекистондаги мактабда аранг уч баҳога ўқиб юрган жиянлари у ерда аълочи экан. Бунинг сабабини у тушунтирди: бизнинг мактабларда талаб ғоят кучли. Ўқитувчилар боланинг ўқишини, мунтазам дарс тайёрлашини, юриш-туришини қаттиқ назорат қилади. Болада салгина салбий ўзгариш сезилса, дарҳол ота-она суҳбатга чорланади. Исроилда эса бундай талаб йўқ, муаллим белгиланган соатда синфга кириб, дарсини ўтиб кетаверар экан. Бола дарсини ўзлаштиряптими ё йўқми, унга бари бир экан. Энди тасаввур этиб кўринг: биз ҳам «инсон ҳуқуқлари» деган юксак тушунчани шиор қилган ҳолда болаларни ўз ҳолига қўяйликчи, нима бўларкин? Бола нима яхши, нима ёмон-дуруст фаҳмламайди. Осон йўл, ҳавойи ютуқ унга маъқул. Машаққат йўли эса унга ёқмайди. Қайси йўлнинг келажаги порлоқ эканини ажрата олмайди. Шу сабабли катталар томонидан маълум ўринларда қаттиққўллик зарур. Мен мактабларда қаттиқ қўлликни янада кучайтириш тарафдориман. Боланинг хулқи бузилса, ёмонлар сафига қўшилса, ота-она дарров мактабни айблайди. Ҳолбуки, бола мактабда бор йўғи 5-6 соат мобайнида бўлади. Бу вақтда муаллим унга сабоқ берсинми ё тарбияси билан шуғуллансинми? Қадимда болани мактабга беришда «эти сизники, суяги бизники» , деб қўйишаркан. Мактабда ўзига хос жазо чоралари ишлаб чиқилса дуруст. Бола қайси гуноҳи учун қандай жазо олишини билиши керак. Ўғри ҳам, безори, зўравон, ҳатто қотил ҳам жиноят кўчасидаги биринчи қадамини шу мактабда қўяди. Унинг ёмонлик сари бурилганини уйда ота-онаси эмас, балки мактабда муаллимлари олдинроқ сезадилар. Айтайлик, биринчи бўлиб синфдошининг қаламини ёки тангасини ўғирлайди. Хўш, сири фош бўлса қандай жазо олади?
Тарбия борасидаги муаммони ҳал этишда яна икки масала муҳим: аввало, бир мактабда рус ва ўзбек синфлари бўлиши тажрибасидан воз кечиш керак. Икки хил йўналишдаги тарбияни бир ерда қориштириш яхши натижа бермади шу тобгача. Рус тилида ўқитиладиган мактаблар алоҳида, ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар алоҳида бўлавергани маъқул. Иккинчиси, ўғил ва қиз болаларни алоҳида-алоҳида мактабларда ўқитишга қайтиш керак. Илгари Европа мактаблари ҳам шу усулда бўлган. Ҳозир ҳам бир қанча ривожланган мамлакатлар шу усулга содиқлар. Ҳеч бўлмаганда тўртинчи синфдан юқорисини ажратиш яхши самара беради.
Кўпчилик мактаб ислоҳотида энг муҳим масала деб дарcликларни янгилашни тушуняпти. Мен бу фикрни инкор этмайман. Аммо янгича дастурни ким амалга оширади? Муаллимми? Демак, муаллим шахcи масаласини ҳал этиб олмоқ лозим. Бугун мактабларда ишлаётган муаллимларнинг билимлари, маданий савиялари талабга жавоб бера оладими? Ўттиз ёки қирқ йил аввал дорилмуаллимини тугатган ўқитувчи шу йиллар мобайнида қўлига бирор янги китоб олмаган бўлсачи? Адабиёт ва она тили муаллимлари орасида бадиий китоб ўқимайдиганлари қанча? Ҳолбуки, бугунги адабиёт муаллими тарихдан, физика, кимёдан ҳам гарчи умумий тарзда бўлсада, маълумотга эга бўлиши керак. Ёки аксинча, физика муаллими адабиётни, тарихни... билиши шарт. Муаллим бошқалардан ҳар томонлама билимли экани билан ажралиб туриши керак. Ундан ташқари, муаллимнинг обрўйи масаласини ҳам ўйлаш вақти келди. Давлат муаллимларга ғамхўрлик қилиб, уларнинг иқтисодий шароитини яхшилаяпти. Жойларда эса ўқитувчилардан дастёр сифатида фойдаланишади. Қандай ташкилий иш бўлса, муаллим балогардон. Сайловми ё бошқа йиғинми, ўқитувчи югуради. Бу ишларга чек қўйиш баробаринда муаллимларга малака ошириш учун шароитни яхшилаш керак.
Муаллим қишлоққа маданият олиб кириши лозим бўлган мўътабар шахс. Айрим ҳолларда биз аксини кўрамиз. Менингча, устбоши ғижим, тўйларда барча билан баробар (ёки бошқалардан баттарроқ бўкиб) ароқ ичиб ўтирадиган, мактаб ҳудудида ҳам чекиб юрадиган муаллимларнинг бу муқаддас даргохда ишлаши мумкинми ё йўқми-ҳал қилиб олиш керак.
Хуллас, қилинадиган иш кўп. Демак, барча масалаларни бир ёки икки йилда ҳал этиб бўлмайди. Бунинг учун сабр керак. Барчанинг ҳамкорликдаги ҳаракати керак. Шошқалоқлик тарбияда яхши оқибатларга олиб келмайди. Яқин тарихдан етарли сабоқ олишимиз даркор.

—    «Ҳар кимники ўзига...» деганларидек, биров мактабга одобнома курсини киритишга астойдил курашса, бошқаси Қуръону ҳадис учун курашади, яна бошқаси ҳуқуқ таълимини... Ўкувчиларнинг ҳафталик юки тобора оғирлашиб боряпти. Нимани ўқитиб, нимани чиқариб ташлаш ҳақида сизнинг фикрингиз?

—    Чиндан ҳам мактабда ўқитилаётган барча фанлар зарур. Қайси бармоғингизни тишласангиз ҳам оғрийди. Афсуски, барча фанларни болалар онгига бирдай сингдириб бўлмайди. Мия чексиз маълумотларни қабул қила олмайди. Бундан ташқари, бир болада кўпроқ, бошқасида камроқ илм олиш қобилияти бор. Болаларнинг зеҳнлари бир хил даражада эмас. Синфдаги ўттизта боладан кимё жадвали-ю формулаларини аъло баҳога билишни талаб қилиш қачон яхши натижа берган? Уч ёки тўрт бола кимёга оид масалаларни дангасалиги туфайли ишлагиси келмайди. Лекин ўн ёки ўн беш бола кимёни севгани билан, табиатан зеҳни етарли бўлмагани сабабли бу вазифани бажаришга қурби етмайди. Биз дангасаларни ҳам, зеҳни пастларни ҳам бараварига айблаб жиддий хатога йўл қўямиз. Ўқитиладиган фанлар масаласига келсак, уларнинг айримларини зеҳн даражасига қараб, ихтиёрий йўналишда ўргатиш керакмикин? Масалан, жисмоний тарбия. Ҳафтада бир-икки соат бўладиган бу дарсда қандай қилиб жисмоний тарбияни амалга ошириш мумкин? Жисмоний тарбия бошқа хулқий тарбия сингари ҳар куни бўлиши лозим. Демак, жисмоний тарбия дарсини тўгарак тарзига кўчириш яхшироқ натижа берар? Болаларнинг ўзлари истаган спорт турлари билан шуғулланишлари маъқулрокдир? Ашула, расм дарси ҳам шундай. Ҳатто одоб дарcлари ҳам шундай. Ахир ҳафтада бир ёки икки соат одобдан маъруза қилинса, боланинг қулоғига кирармикин? Менга ижозат беришса, одоб дарcларини ота-оналар иштирокида ўтган бўлардим. Ҳозир махсус фанларни ўқитишга ихтисослашган мактаблар мавжуд. Назаримда келажак ана шундай мактабларники. Мени тўғри тушунинг: мен фалон фан муҳим, бошқаси иккинчи даражали деган фикрдан йироқман. Ҳар томонлама мукаммал инсон бўлиб етишиш учун барча фанлар керак. Фақат уларни ўтиш тартибини ўйлашимиз лозимга ўхшайди.

—    Ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ баравар ёнади... Бугунги иқтисодий бўҳронлар, барча қатори муаллимлар-у талабаларни ҳам ўз домига тортмоқда. Авваллари ўзи сотиб олган кийими тор келса, бировга сотишга уялган ва танишига текинга берган муаллимлардан баъзилари энди дарсини бемалол тарк этиб, хориж савдо сафарида юрибди. Ҳатто муаллимнинг ўқувчига, ўқувчининг эса муаллимга нарса сотганини кўриб қоламиз. Шу вақтгача устидаги кийимининг нархини билмаган талаба бугун сандиқдай келадиган жомадонни елкалаб зарур китобларни эмас, харидоргир молларни қидиряпти. Сиз мана шундай «ишбилармонлик»ни қандай баҳолайсиз?

—    «Алишер Навоий» спектаклида машҳур бир ибора бор: «Мўмин Мирзонинг ўлими темурийлар хонадонининг таназзулидир». Худди шунга ўхшаб, сиз айтган «ишбилармонлик» маънавият таназзулининг бошланишидир. Буни ҳозир чуқур ўйлаб, олдини олмасак, оқибати яхши бўлмайди. «Ишбилармонлик» деган сўзни икковимиз ҳам бекорга қўштирноқ орасига олмадик. Чунки бу ҳаракат аслида ишбилармонлик эмас, эртани кўра олмаслик, қисқаси, нодонликдир. Бутун ўша сандикдай жомадонни турли матоҳларга тўлдиришга ҳаракат қилаётганлар келажакларини бой бераётганларини фаҳм ҳам этмайдилар. Биринчи нозил бўлган «Иқра» сурасида Аллоҳ таборак ва таоло киши ўзини бой ва беҳожат кўрганида «албатта туғёнга тушар-ҳаддидан ошар», деб огоҳлантиради. Бойликка ҳирс қўйишнинг оқибатлари ҳеч қачон яхшилик билан тугамаган. Ҳозир айрим одамлар бир оз шошиб қолишди. Ўша айрим одамларнинг фикру зикри пул топишда. Бугун елиб-югуриб пул топяпмиз, бойияпмиз. Дуруст. Эртага-чи? Каллада илм бўлмагани ҳолда сандикдай жомадонни кўтариб ер юзини кезганимиз билан чўнтагимиз қаппаймайди. Эртага бой бўлиш учун ҳам илм талаб этилади. Ҳамкасбларимиз матбуотда «бой бўлган яхши» деган фикрни зўр бериб такрорлашяпти. Албатта, камбағалликдан кўра бой бўлган афзал. Аммо чўнтак жиҳатдан бой бўлсагу, руҳиятимиз, маънавиятимиз қашшоқ бўлса-чи?
Агар бойлик орттириш ҳозирги тарзда бўлаверса-шўримиз қуригани шу. Бойлик ниманинг эвазига орттириляпти? Айтайлик, мен ниманинг ҳисобига бойияпман? Мен сотаётган матоҳга зор ҳожатманд биродарим кимдандир қарз оляпти. Сўнг ойлар давомида қарзини тўлаяпти. Шу ҳақиқатни «ишбилармонлар»га гапирсангиз «Исломда тижоратга рухсат бор», деб масала талашишади. Тўғри, рухсат бор. Аммо шариат талаби ҳам бор! Молни истаганча баланд нархда сотиш мумкин эмас. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) «Чайқовчи-лаънатга лойиқ. Кимда ким қирқ кун мобайнида чайқовчилик қилиб (буғдой) олиб сотса, бу чайқовчи билан Аллоҳ ўртасида муносабат бузилади. Агар у қирқ кунлик чайқовидан сўнг бу пулларни Аллоҳ йўлида сарф этса ҳам бу унга ёрдам бермайди, гунохлардан фориғ этилмайди», деган муборак ҳадислари ҳам бор.
Мактабдаги ишини қўйиб тижоратга шўнғиган кимсаларни савобни қўйиб гуноҳни танлаган кимсалардан десак адашмаймиз. Улар бугун топиб келган пулларини бир ҳафтами ё бир ойми, борингки бир йилми ишлата-ишлата тамом қиладилар. Лекин болаларга илм бериб топган савобларини ҳеч қачон йўқотмайдилар. Бу савоб ҳатто ўлимларидан сўнг ҳам асқотишини наҳот англамасалар?

—    Муборак Ҳаж сафарида бўлиб қайтдингиз (Аллоҳ ҳажингизни қабул айлаган бўлсин). У ердаги халқ таълимининг бу ердагидан фарқли томонларини сездингизми?

—    Биз муқаддас шаҳарларга ибодат учун бордик. Маълум бир соҳани чуқурроқ ўрганишга вақт ҳам, шароит ҳам, эҳтиёж ҳам йўқ эди. Аммо ўша ердаги ватандошлар билан суҳбатларда айрим нарсаларни билдик. Шахсан мени мамнун этган нарса – ислом  илмининг билимдонлари, ҳатто ўттиз пора Қуръонни ёд билувчи зотлар биздагидай масжидларда имомгарчилик қилишмайди. Бири геолог, бири математикадан дарc беради дорилфунунда. Юқорида тилга олганимиз «Иқра» сурасида Аллоҳнинг биринчи ояти «Иқра!» яъни «Ўқи!» бўлган. Биринчи оятдаёқ Аллоҳ бандаларини ўқишга даъват этган. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳам илм олиш борасида бир қатор муборак ҳадислари сизларга маълум. Мана шундан келиб чиқиб, муқаддас шаҳарларда ислом илми аниқ фанлардан, дунёвий илмлардан ажратилмайди. Дунёвий илмлар ислом илмини талқин этишга, янада яхшироқ ва атрофлича англашга ёрдам беради.

—    Ўзингизнинг ўкувчилик йилларингиз билан бугунги ўқувчилар фарқи ҳақида сўзлаб берсангиз.

—    Мен мактабда 1953 – 1963  йиллар оралиғида ўқиганман. У замонларда шароит анча оғир эди. Пойтахт марказига яқин жойда бўлсак ҳам, мактабимиз эски, бойлардан тортиб олинган уйга жойлашган эди. Физика дарсида электр ҳақидаги сабоқни қора чироқ ёруғида олганмиз. Орадан ўттиз йил ўтяпти. Лекин советлардан мерос бўлиб қолган бугунги мактаб даражаси ҳали ҳам дунё талаби даражасида эмас. Тўғри, янги бинолар қурилди. Аммо жиҳозларда ўзгариш кам. Бугунги болаларда илмга ташналик сустроқ туюлади менга. Бугунги ҳаёт шиддати билан мактабдаги шароит ўртасида узилиш борга ўхшайди. Бола бугун эртаю кеч телевизор кўради. Дунё илм-фани тараққиёти билан танишади. Мактабда эса ҳали оддий компьютер ҳам йўқ. Ўттиз йил муқаддам ҳам болалар учун яхши китоблар етишмас эди. Ҳозир ҳам шундай. Қоғоз қимматлашуви баҳонасида аҳвол бундан ҳам батарроқ бўлиши мумкин.

—    Қадимги муаллимлар ўзлари дарcликлар ёзиб, ўзлари таълим берганларидан хабарингиз бор: Абдулла Авлоний, Ҳамза, Мунаввар қори, Айний... 5 – 10  йил аввал Москвага қарамлик, тўрачилик каби иллатлар эркин дарcлик яратишга тўсқинлик қилгандир. Бугунги эркинликлар даврида энди бизнинг ижодий ишлашимизга, олимларимиз, адибларимизнинг мактаб билан ҳамкорлик қилишларига нима тўсқинлик қиляпти?

—    Устозларнинг анъаналари барҳам топганини афсус билан эслашимиз керак. Бизда ўқитувчилар кўпайди, бироқ маърифатпарварлар йўқ даражага тушди. Ҳолбуки, собиқ совет иттифоқининг Европа қисмида бундай анъана давом этди. Молдавияда, Болтиқ бўйи жумҳуриятларидаги ёзувчиларнинг дарcликлар, ҳатто алифбе ёзганларидан хабарим бор. Бизнинг ёзувчиларимиз, олимларимиз эса мактабдан узоқлашиб кетишган. Мактаб ҳаётини ҳам, ўқитилаётган илмларни ҳам дуруст билишмайди. Мактабга қадам босмайдиган ёзувчи ва олимлар ҳам бор, десам ишонасизми? Илмни пухта биладиган олимларимиз эса ўзбек тилида ёзишни билишмайди, болаларнинг руҳиятини билишмайди. Рус тилида чиқаётган китобларга ҳавасим келади. Етти ёшли болаларга физика, кимё ва бошқа фанларни ўргатадиган китоблар бор. Сиз қўлланма, дарcлик ёзишни гапирасиз. Болаликка хизмат қилувчи барча соҳа бизда етарли даражада қадрланмайди. Болалар адабиётини олинг. Энг кўп бола Ўзбекистонда. Энг кам болалар ёзувчилари бор юрт ҳам бизнинг юртимиз. Бу сизга ғалати туюлмайдими? Болалар ёзувчилари қалам ҳақини ҳам кам оладилар. Мукофотлар масаласида ҳам кўпинча четда қоладилар. Шунинг учун болалар адабиётига сидқидилдан хизмат қилувчи қалам аҳли кам.
Истиқлолнинг иккинчи йилида муаммолар ҳақида гапиришимиз норозилик баёни эмас. Тилга олинган муаммолар жуда кўп мамлакатларга хос. Янада аянчлироқ аҳволдагилари ҳам бор. Бугун биз ажойиб, умидбахш «Ўзбекистон – келажаги  буюк давлат» деган шиорни амалга ошириш йўлидамиз. Бу умид маърифатга доир муаммолар ҳал қилинсагина амалга ошади. Бу вазифа барчамизнинг зиммамиздаги бурч. Бурчимизни ҳалол адо эта олсак, келажак авлодлар ҳузурида юзимиз ёруғ бўлади.
 
Тоҳир Малик
 
«Маърифат» газетаси, 1993 йил
 
« Олдинги   Кейинги »