Принтер учун E-mailга юбориш
ИМОН ҚАЛЪАСИ

—    Барча яхши асарлар китобxхонни эзгуликка ундайди. Ойдинликка чорлайди. Ёзувчилар бу йўлда керак бўлса ўз жонларини ҳам қурбон қилишади. Шу маънода уларни «эзгулик яловбардорлари» деб атагим келди. Сиз бу таърифга қандай муносабат билдирасиз?

—    Мен ёзувчи алоҳида таъриф билан шарафланмаслиги тарафдориман. «Эзгулик яловбардори» деган иборага келсак, аслида ҳар бир одам шундай бўлиши керак. Яъни ҳар бир одамнинг қўлида эзгулик байроғи бўлиши ва у шу байроққа садоқат билан хизмат қилмоғи шарт. Агар инсон бошқа бировга холис равишда яхшилик қилишни ўйламаса, уни инсон дейишимиз қийин. Ҳар бир одам ҳаётда ўз касби бўйича жамиятга хизмат қилади. Аллоҳ ҳар бир бандасига маълум касбга дойр қобилият берган. Банда шу қобилиятни исроф қилмасдан халқ хизматида бўлса, ажр олади. Қобилиятнинг исроф бўлиши нима? Дейлик, бир кишига Худо заргарликни берган. Лекин у бу касб туфайли келаётган ризқига қаноат қилмай, бошқа ишни касб қилди, масалан, тижоратни. Ўша одам қобилиятни исроф қилган бўлади ва шунга яраша жазосини олади. Ёзувчи ҳам шундай. Аллоҳ барчага ҳам илҳом беравермайди. Кимгадир берибдими, демак, шунга яраша хизмат қилиши жоиз. Дурадгор ўз касбида, муҳандис ҳам ўз касбида, кимёгар ўз касбида, хуллас барча-барча ҳамиша комиллик сари интилиши керак. Комиллик сари интилган ҳар бир одам ўзига хос яловбардордир. Энди ёзувчиликка келсак, қалам аҳли зиммасига одамларни маърифатга даъват этиш, ёмонликдан эса қайтариш ишларига ҳисса қўшиш топширилган. Тангри шунга яраша идрок, зеҳн, қобилият берган. Бу вазифани бажармоқ учун ёзувчининг ўзи, ёшидан ва мартабасидан қатъи назар, ҳамиша илм эгаллаш билан машғул бўлиши шарт. Ана шунда бошқаларни маърифатга чорлаш ҳуқуқига эга бўлади. Агар кишининг илми етарли бўлмасаю даъватга киришса, кулгига қолади. Ўзидаги иллатлардан қутулишга ҳаракат қилмай туриб ёмонликдан узоқлашишни гапира бошлаганида даврадаги кимдир: «Ўзингизчи?» деган саволни бериб қолса қандай ноқулай ҳолга тушаркин? Сиз айтган таърифдаги «эзгулик яловбардори» деган юксак номга эришмоқ учун ёзувчидан кўп нарсалар талаб этилади.

—    Инсондан азиз зот йўқ бу дунёда. Лекин, унинг бу сифатга қай даражада лойиқлигини вақт белгилайди. Бу борада ёзувчилар қандай мақомга эга?

—    Аллоҳ: «... Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик» (Ал-Исро сураси), деб марҳамат қилади. Ҳар бир одам касбидан қатъи назар, бунинг маъносини чақиб кўриши керак. Ҳар қадамида ўзига «мендаги юрак, жигар, ўпка, кўз... бошқа жониворларда ҳам бор. Мен улардан нимам билан фарқ қиламан?» деб савол бериб унга жавоб топиши керак. Агар унинг нафси жониворларники каби экан, агар у атрофидагиларга зулм қилар экан, тили ғийбатдан бўшамас экан, у азиз мукаррамлик шарафига етмабди. Азиз-мукаррамлик — бу дунёда тўғри яшаш ва элнинг эътиборига сазовор бўлиш. Бу дунёда азиз-мукаррамлик мартабасига етишиш — у дунёда жаннати бўлишга бир нишонадир. Сиз айтгандай улуғ сифатга лойиқликни вақт белгилаши масаласига келсак, буни одам ўлганидан кейин маълум бўлади, деган маънода уқмаслик керак. Тўғри, айрим одамларнинг хайрли ишлари вафотидан кейин ҳам мева бераверади. Бундай одамлар вафотларидан кейин ҳам халқнинг дуосини олаверадилар. Аммо бундай мақомга етишиш кундалик, ҳатто ҳар нафасдаги фаолият билан боғлиқ. Бундай мақомга етишиш болаликдан, яъни киши ҳали касбини белгилаб олмасидан бошланади. Буни биз тарбияга боғлаймиз. Азиз-мукаррамлик мартабасига етишишда ҳеч кимга ҳеч қандай имтиёз берилмаган. Яъни «бу подшонинг боласи, бунга бу хислатлар шарт, буниси шарт эмас, мана бу иллатларни кечириш мумкин», деган гаплар йўқ, Худди шунга ўхшаб, «бу ёзувчи экан, эзгуликка хизмат қилар экан, кечалари ухламай сал асабийлашиб қолибди, шунинг учун қўшнисини ҳақорат қилиши кечирилади», деган имтиёз ҳам йўқ. Аксинча, бошқаларга нисбатан ёзувчи зиммасидаги масъулият кучлироқ. Имтиёз талаб қилган ёзувчи бу масъулиятни ҳис эта олмайди ва оқибатда кўпнинг назаридан қолади. Шунисидан Худо асрасин!

—    Бугунги кунда детектив асарларга бўлган қизиқиш тобора кенгайиб бормоқда. Бу сингари асарларнинг мухлисларни ўзига жалб этишида қандай сир бўлиши мумкин?

—    Бу қизиқиш фақат бугунги кунга хос эмас. Саргузашт асарларига қизиқиш аввалдан мавжуд эди. Умуман, ҳар бир китобхон ўзининг қизиқишига қараб асар танлайди. Биров саргузаштга қизиқса, бошқа биров бунга тоқат қила олмайди. Шунинг учун ҳам адабиётда турли жанрлар мавжуд. Фантастика ва детектив жанрига қизиқувчиларнинг кўплиги ўзига хос муаммо ҳам туғдиради. Айримлар «фалончи пистончини ўлдирди», деган баён билан ўқувчи диққатини тортар эканман, деган фикрда ёзиб кетаверади. Оқибатда саёз асарлар кўпаяди. Бу бутун дунё адабиётини ташвишлантираётган масала. Детектив жанрини танлаган ёзувчи чойхонада чўпчак айтиш билан эмас, бадиий адабиёт билан шуғулланаётганини унутмаслиги керак. Тил жилоси, қаҳрамонларнинг руҳий олами, мантиқ тарозуси каби талабларни бажариши зарур. Бу шарт айрим ҳолларда бажарилмагани учун ҳам детектив жанрини бадиий адабиёт эмас, дегувчилар ҳам бор. Албатта уларнинг бу даъвоси нотўғри, лекин улар мисолга келтирган саёз асарларни варақлаб чиқсак, шундай фикрга келишлари бежиз эмаслигига биз ҳам иқрор бўламиз. Кейинги йилларда ўзбек адабиётида ҳам детектив жанри сезиларли даражада жонланди. Бунинг яхши ҳолат эканини эътироф этган ҳолда, саёз асарларнинг кўплигини ҳам афсус билан таъкидлаймиз. Бунга мисоллар ҳам келтиришимиз мумкин. Аммо бу ҳозирги суҳбатимиз доирасига сиғмайди. Ўрни келганда бу ҳакдаги фикрларимизни алоҳида баён этажакмиз.

— Кейинги йилларда ижодингиз жиноятчилар ҳаёти, уларнинг машъум ва аянчли тақдири акс этган асарлар ҳисобига бойимоқда. («Сўнгги ўқ», «Шайтанат», «Мур далар гапирмайдилар»...) Бу билан сиз ёвузликка, гуноҳга қарши хитоб қиляпсиз, чамамда. Шундай эмасми?

—     Бу асарларни ёзишдан мақсад хитоб қилиш эмас, балки одамларни огоҳлантириш. Ҳаммамизнинг кўзларимиз очиқ, аммо атрофимизда ёмонлик, зулм олами тўрлари мавжудлигини ақл кўзи билан кўра олмаймиз. Шунинг учун ҳам айримларнинг ўзлари, айримларнинг болалари бу олам тўрига тушиб қолади. Кейинги афсусдан эса фойда йўқ. Мен демоқчиманки: «Эй одамлар, атрофингизга зийраклик билан боқинг, шайтон йўлидаги жиноят оламини кўринг, ўзингизни ҳам, фарзандларингизни ҳам бу олам домидан асранг!»
 
—     «Шайтанат» асарингизда кўнглимга яқин образни учратдим: Анвар. Курашувчан, ҳақиқатга топинадиган бу йигит негадир ожизлик қилиб, ўз жонига қасд қилади. Ахир бундай ўлимни ижобий баҳолаб бўлмайдику, тўғрими?

—    Албатта. Ўз жонига қасд қилиш — тўнғиз қавмида кетиш дегани. Мен асарда унинг ўлимини ижобий баҳолаганим ҳам йўқ. Мен унинг ожизлигини тасвир этдим. Сиз уни курашувчан, деяпсиз. Аслида у айтарлик даражадаги курашувчан эмас. Агар чин маънодаги курашувчан бўлса, жонига қасд қилмаган бўларди. Мен ўтмиш жамият маънавий оламининг чиркинлигини, ҳур фикрни қандай бўғиб ўлдирганларини шу образ орқали беришга ҳаракат қилганман.

—    Тарбиявий мавзуларда ҳам рисолалар туҳфа этдингиз. Буларни ёзиш марҳум тоғангиз Мирзакалон Исмоилийдан юкқанми ёки кўнгил амримиди?

—    Саволга жавобни ўзингиз айтдингиз: ҳар иккаласи.

—    «Меҳмон туйғулар» рисолангизни қайта таҳрир қилиб, тўлдириб «Имонлашиш умиди» номи билан нашр эттирдингиз. Китоб қалб поклиги, виждон софлиги, иймон мукаммаллиги борасида кўнгилга мунавварлик бахш этади, эътиқодимизни мустаҳкамлайди. Айтингчи, эътиқод нимадан бошланади?

—    Саволингизга дарров аниқ жавоб бериш қийин. Чунки ҳеч ким «эътиқод шу нуқтадан бошланади», дея олмаса керак. Тўғри, эътиқоднинг бошланиши иймон. Аммо иймон калимасини айтган, беш вақт намоз ўқийдиган одамни тўла маънода эътиқодли дея олмаймиз. Чунки намоз ўқисаю биродарини ғийбат қилса, ҳалол-ҳаромни ажрата олмаса, вақтини бўлмағур ишларга сарф этса... шундай одамни эътиқод эгаси дея оламизми? Эҳтимол саволингизни бу тарзда ўзгартирармиз: «Эътиқод тарбиясини қачондан бошламоқ керак?» Унда жавобимиз шу: бола туғилмасидан аввал, Яъни, бўлажак ота-онанинг ўзлари эътиқодли бўлишлари шарт.

—    Асарларингизда муқаддас оятлар, ҳадислардан намуналар келтирасиз. Бу иймонга содиқликдан далолат. Айтинг-чи, аслида, иймоннинг барқарорлиги, мунавварлигини нима билан изоҳлаш мумкин?

—    Ҳеч ким «менинг иймоним барқарор ва мунаввар» деб мақтана олмайди. Шундай деган одам ё ёлғончи ёки жоҳил бўлади. Чунки иймон қўлга киритилиб, токчага қўйиб қўйиладиган матоҳ эмас. Айрим хонадонларда уй тўрида, юқори токчага безак каби қўйилган Қуръони Каримни кўрамиз. Уй соҳиби бу билан ўзининг иймонга дахлдорлигини кўрсатмоқчи бўлса керак, валлоҳи аълам. Ҳолбуки, Мусҳаф уй безаги эмас, ўқиб, тушуниб, амал қилинадиган калом. Баъзан «ёшларга инсоф, қариларга иймон бер», деган дуоларни эшитиб қоламиз. Шунда ўйланаман: ёшларга иймон керак эмасми? Ёки бирон кишини «Аллоҳ сенга иймон берсин» деб дуо қилсангиз, «Нима, мен иймонсизманми?» деб у сиздан ранжийди. Бугун ўзини иймонли деб ишонч билан юрган одам арзимаган ҳаракати билан иймонсизлик ботқоғига қулаши мумкин (Аллоҳ сақласин!) Чунки ўртада  васваса қилувчи шайтон бор. Шайх Санъон қиссалари бу борада барчаларимизга ибратдир. Таъбир жоиз бўлса иймон — бир қўрғондир, унга эга чикдингизми, энди уни шайтон ҳамлаларидан ҳимоя қилиб яшашингиз керак. Эҳтимол, кимгадир бу қўрғонни эгаллаш қийин кечмас, аммо уни сўнгги нафасгача шайтондан ҳимоя қилиш оғир, жуда оғир. Яссавий ҳазрат «Шайтон ғолиб, жон чиқарда шошдим мано...» деб бекорга ёзмагандирлар?

—    Адиб ва шоир сўз мулкида яшасалар ҳам икки олам одамларидир. Шоир ҳис-туйғулар асири. Адиб эса доимо ўз кўнглини назорат қилиб туради. Шундай эмасми?

—    Яна жавобни ўзингиз айтдингиз: шундай эмас. Адибда ҳис-туйғу йўқ, деб ким айтди? Агар унда ҳис-туйғу бўлмаса, унинг қаҳрамонлари такдиридан ўқувчи кўз ёши тўкармиди? Мен Отабек ва Кумуш такдирини назарда тутяпман. Эҳтимол, сиз ҳис-туйғулар баёнини беришда фарқ бор, демоқчи бўлаётгандир сиз? У ҳолда фикрингизга қўшиламан.

—    Истеъдод ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим. У нимани тарғиб қилиши мумкин?

—    Истеъдод Аллоҳ берган неъмат. У фақат ва фақат яхшиликни тарғиб қилиши шарт (сиз «мумкин» деб сўраяпсиз, мен «шарт» деб таъкидлайман). Агар адабиёт яхшиликка тарғиб қилмаса унинг кимга кераги бор? Тўғри, ҳозир ғарбда бузуқликни тарғиб қилувчи асарлар пайдо бўлган. Лекин уни истеъдод меваси деб баҳолаш мумкин эмас. Улар ёвуз истеъдодсизликнинг кўриниши.

—    Сўнгги саволим: бадиий асар қайси жиҳатлари билан мангуликка дахлдор бўла олади?

—    Саволга жавоб топиш учун ўтмиш улуғларининг асарларини ўқишимиз керак. Улар нима учун юз йиллар шамолига дош бериб бизга етиб келди. Яна минг йиллардир яшашлари табиий. Қалам аҳли ҳақиқатга содиқ бўлиши шарт. Ҳаёт фалсафасининг қай бири тўғрию қай бири нотўғри — шуни фарқлаб олиши зарур. Энг муҳими  юраги шайтон ҳужумини қайтара оладиган иймон қалъасига айланган бўлиши лозим. Шу каби амалларни бажара олса, ёзган асарларининг умри боқий бўлади, иншааллоҳ!
 
Тоҳир Малик
 
«Бекажон» газетаси, 2005 йил
 
« Олдинги   Кейинги »