Принтер учун E-mailга юбориш
УШАЛГАН УМИД
 
- «Шайтанат»нинг биринчи китобини муборак Қуръон оятлари билан бошлаб, “айтар сўзларим сизларни бефарқ қолдирмаса”, дея умидланганингизданми, романингизнинг ҳар иккала китоби китобхонлик бироз сустлашган ҳозирги пайт қўлма-қўл бўлиб кетди... Умидларингиз ушалдими?

- Ижодкор борки, албатта, ёзганларимни биров ўқисин, деб ният қилади. Мен ҳам ҳамиша шундай хайрли ният билан қўлимга қалам оламан. Аммо “Шайтанат”га қизиқиш бу даражада бўлишини, айниқса ҳозирги шароитда, рости, кутмаган эдим. Чунки  алҳол барча тирикчилик ташвишлари билан банд. Айрим одамларнинг топган-тутгани томоғию уст-бошидан ортмайди. Шундай бўлса-да, босмахона билан шартнома асосида келишган тижоратчи фирмалар, хусусий дўконлар “КамАЗ” машиналарига “Шайтанат”ни йигирма минг нусҳалаб ортиб, вилоятларга ташишди. Аёнки, китобнинг бозори чаққон бўлиб, фойда бермаганида улар асло бундай қилишмасди.
Энди нашриётлар ҳам бозорга мослашиб, фойданинг ортидан тушишган. Шунинг учун “Ёзувчи” нашриёти “Шайтанат” нашр қилмади, “ҳажми катта экан, сотолмаймиз, банкрот бўламиз”, деб чўчишди. Асар қўлёзмаси нашриётда икки йил ҳаракатсиз ётди. Биринчи китоб яхши тарқалгач, иккинчи китобга харидор бўлиб келишди. “Шарқ” концерни мардлик қилди. Биринчи китобни бирданига етмиш минг нусҳада чоп этди. Тиражнинг бундай бўлишидан ҳам қувондим, ҳам сал чўчидим. “Китоб пештахталарда чанг босиб ётса-чи?” деб ташвишландим. Шукр, ташвишим ўринсиз экан, китоб сотувга чиқарилиши билан талаш бўлиб кетди. Ана шундан кейин менда “асарнинг иккинчи китоби ўқувчиларнинг ҳафсалсини пир қилиб қўймаса эди”, деган ҳавотир уйғонди. Чунки адабиёт тарихида бундай ҳодисалар кўп учраган. Детективнинг пири ҳисобланган Александр Дюманинг ҳам барч асарлари бирдай машҳур бўлган эмас. Ҳатто айрим асарлари ёзувчидан ўқувчиларини бездирган. Чунки кейинги ёзганлари муваффақиятли чиқмаган.  
“Шайтанат”нинг учинчи китобини ҳам тугатиш арафасидаман. У ҳам одатдагидай Қуръон оятлари билан бошланади. Чунки ҳаётнинг энг улуғ фалсафаси аввало Аллоҳнинг шу илоҳий китобида мужассам. Баъзи бировлар муқаддас оятлардаги огоҳларга эътиборсизликлари туфайли адашиб, шайтанат дунёсига кириб қолишган. Шарқ адабиётига азалдан Қуръон маёқ бўлиб, ҳақиқат йўлини кўрсатиб келган. Дунёнинг Фёдор Достоевский, Лев Толстой сингари буюк ёзувчилари ҳам асарларида Инжилга  мурлжаат қилиш орқали эзгуликнинг улуғворлигини таъкидлашган. Менинг ҳам мақсадим Аллоҳнинг хитобларини, огоҳлантиришларини одамларга эслатиш йўли билан эзгулик учун курашдир.
 
- Сиз ҳужжатларга асосланиб асар яратишнинг анча-мунча ҳадисини олгансиз. Абдулла Авлоний ҳёти ҳақидаги қиссангиз, фантастик асарларингиз бунга далил. Шов-шувга сабаб бўлган “Шайтанат”ингизда аниқ ҳаётий далилларга асосланиб иш тутдингизми ё кўпроқ тўқимадан фойдаландингизми?
 
- Ҳар қандай  асардаги воқеаларнинг, албатта, қандайдир ҳаётий асослари бўлади. Бироқ, ижодкор уларни ўз ҳаёлоти чиғириғидан ўтказиб, қайта ишлаб, қувватлантиради. “Шайтанат”ни ёзишда мен ҳатто ишонарсиз туюлган миш-мишлардан ҳам фойдаланганман. Чунки эл орасидаги “узунқулоқ гаплар”нинг ҳам муайян асоси бўлади. Мен ҳужжатларга таянганимда ҳам, ваҳималарга асосланганимда ҳам ўзимча, эркин ёзишга интиламан. Ҳужжат ёки эшитилган гапларнинг қулига айланиб қолмайман. Бу - менинг ижоддаги ақидам. “Тарихий роман – тарихий даллилар тугаган жойдан бошланади”, деган фикрни маъқул кўраман.
 
- Детектив асарларда жиноятчилар, қотиллар, ўғрилар тўғрисида ҳикоя қилинса-да, бироқ уларда “инсон ёмонлик учун яралмайди”, деган ҳақиқат тасдиқланади. Буни дидли китобхон албатта сезиб туради.  Сиз ҳам романингизнинг бир жойида “инсон бу дунё синовларидан ўтиш учун келади”, деб ёзасиз. Шу сабаблими, қаҳрамонларингиз таржимаи ҳолини алоҳида-алоҳида тарзда баён қиласиз. Бу детектив асар талаби, тақозосими?
 
- Улуғ адиб Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романи дунё адабиётида детективнинг чўққиси сифатида эътироф қилинган. Чунки ундан жиноятчи одамнинг кўнгил кечинмалари, теварак-атрофидагиларнинг ҳаёт тарзи, жиноят сабаби, тафсилоти, қотилнинг қалби изтироблари ҳайратомуз даражада ёрқин ва таъсирчан кўрсатиб берилган. “Тутинган ота” (“Падре” – “Крестный отец”) романини ХХ асрнинг “Жиноят ва жазо”си, дегим келади. Ҳар бир ижодкор эса, албатта, шундай асарлар яратишни орзу қилади.
Менинг “Шайтанат”даги мақсадим жиноятлар, қотилликлар тафсилотини баён этишдан иборат эмас. Асарда жиноятчилар ҳам барчага ўхшаган одамлар бўлганини, жамиятдаги носоғлом муҳит, оқибатсизлик уларни қай даражада ўзгартириб юборганини кўрсатишга интилганман. Дарахтнинг танаси, шох-бутоқларини кўрамиз, мевасидан баҳраманд бўламиз. Бироқ ўша дарахт биз кўрмайдиган, эътибор қилмайдиган илдизи туфайли гуркираб тургани ҳақида негадир ўйламаймиз. Аслида илдиз бақувват бўлса, дарахт кўркам ўсади, одамларга манфаати тегади.  Ҳеч бир она фарзандини жиноятчи, қотил қилиб туғмайди. Ҳар бир чақалоқ оналарининг вужудига таърифсиз ором бериб дунёга келади. Ана шундай ширин бўлиб дунёга келган гўдакдан тарбия, муҳит, афсуски, ҳар хил одамни етиштиради. Ашаддий қотил, ўғри ҳам дастлаб бир мунис онанинг ажойиб орзуси, бир хонадоннинг нурли умид юлдузи бўлади. “Шайтанат”да қаҳрамонларнинг таржимаи ҳолига батафсилроқ ўрин беришимдан муродим ҳам жиноятнинг илдизига ўқувчилар эътиборини қаратиш бўлган.
 
- Шунинг учун бўлса керак, асарингиздан оқибатсизлик, меҳрсизлик, худбинлик ёвузликни урчитади, деган маъно аниқ англашилиб туради. Бироқ ёвузлик оқибатларини таърифлашда, уларнинг шафқатсизликларини маълум қилишда бўёқларни андак қуюқлаштириб юбормаганмисиз?

- Аксинча. Жиноятчиларнинг ёвузликларини анча юмшатиб ёзганман. Мафияда темир тартиб, қатъий интизом ҳукмронлик қилади. Улар лозим бўлиб қолса отасини ҳам сийлаб ўтиришмайди. Мафиянинг қилмишларини киноларда ҳам кўрганмиз. Фильмларда, албатта, бўрттирилган ўринлар бўлади. Уларда, айниқса, отиш, осиш, ўлдириш кўп. Агар бундай киноларда ўлдирилган одамлар сони ҳисоблаб чиқилса, беш миллиарддан ҳам беш марта ошиб кетарди. Яъни, бу ер курраси аҳолисидан ҳам шунча марта ортиқ демак.
 
- “Шайтанат” миллий адабиётимиз детективидаги дастлабки шов-шувли асар. Унинг дунё детектив адабиёти намуналаридан фарқли жиҳатлари борми?
 
- Мен ҳамма нарсанинг очиқча бўлишини ёқтираман. Шунинг учун ҳатто карта ўйинида ҳам очиб ўйнашни яхши кўрардим.  “Шайтанат”даги терговчилар кимларга қарши курашаётганларини аниқ билишади. Зоҳид, Ҳамдам, Солиевлар фақат ўшаларнинг айбини бўйнига қўйиб, исботлаш ташвиши билан банд бўлишади. Конан Дойл сингари детектив усталари асарларида эса жиноятчи охирида маълум бўлади. Томошабинларимиз эътиборини тортган машҳур “Спрут”даги ҳақиқатпарвар комиссар Каттани ҳам жиноятчиларни тополмай роса сарсон бўлиб юради. “Шайтанат”да ўқувчиларни мавҳумлик чодири билан ўрамайман. Ўқувчи кимнинг қандай гуноҳи борлигини билиб туради. Унинг учун оқибатни билиш муҳим.
 
- Биздаги мафияга Италиядагилар ҳам тан берган, дейишади. Демак, бу...
 
- Ғирт ёлғон. Бу уйдирма жиноятчи тўдаларнинг ўз обрўларини ошириш учун тўқилган сафсатаси, халос. Чунки биздаги жиноятчиларнинг қилмишини қаттиққўллик билан ушлаб, сал ҳафсала қилинса, дарҳол аниқлаб, гуноҳини бўйнига қўйиб, боплаб жазосини берса бўлади. Улар, дейлик, Сицилия мафияси олдида анча ибтидоий кўринишда. Уларга нисбатан биздагиларни “ҳаваскор жиноятчилар”, десак ҳам бўлаверади. Сицилиялик жиноятчилар шу қадар уюшганларки, улар Европа мамлакатларигагина эмас, Америка қитъасидаги давлатларга ҳам таъсирларини ўтказа оладиган даражага кўтарилган мураккаб тизимдир.
 
- Қадимда ҳам юртимизда мафия бўлганми?
 
- Албатта-да. Фақат ўша пайтларда уларнинг қилмишларини баён этадиган ҳозиржавоб ёзувчилар оз бўлишган, халос. Шоирлар “гулу булбул” деб ишққа мубтало бўлиб юраверишган. Бу бежиз эмас, нозик туйғули шеърият ҳамиша жиноятчилик қилмишларидан ҳазар қилиб келган. Узоқ ўтмишдаги мафия ўзига хос кўринишга эга бўлган. Карвонларни талайдиган қароқчилар, йўлтўсарлар, бировнинг сандиғини, ҳамёнини ўмарадиган ўғрилар, томтешарлар, от ва мол ўғрилари... бўлган. Бу жиноятчиларнинг сафида қозию қуззотларнинг қариндош-уруғлари, юрт сўраган пешволарнинг ўғлию жиянлари ҳам бўлган. Маҳалланинг миршабидан тортиб, мамлакатнинг эгасигача уларни билган. Нафақат билган, балки баъзилари улар билан ҳамкорлик қилиб, манфаатдор ҳам бўлган. Негаки, ўтган замонларда ҳам ақчанинг зўри билан биров бировни ўлдиртирган. Қасд қилганининг қизини, синглисини бадном қилдирган. Ўғлини олиб қочиб, пул ишлаган. Амир Темур ҳазратлари бирон шаҳардаги ўғри тутиб, жазоланмаса, “сен унга шерик бўлганинг учун қочириб юрибсан”, деб ҳокимни жазолатар эканлар Бу кўҳна дунёда нималар бўлмаган! Ҳозир жиноятларнинг шакли ўзгарди, қамрови кенгайди.
 
- Детектив асарлар оммавий бўлади. Адабиёт оммабоп бўлиши керак эмас, у санъат сифатида ҳамма бирданига англайвермайдиган даражада сирли бўлиши шарт, деган қарашлар бор...
 
- Адабиёт қай тарзда бўлса ҳам эзгуликни тарғиб қилиб, кўнгилларда иймон уруғларини улғайтирса, шунинг ўзи бениҳоя улуғ ҳодиса.
- Шундай бўлса-да, “Замона сенга боқмаса, сен замонга боқ”, дейишади. Эътирооф қилганингиздай ҳозир бозорга мослашиш даври. Эндиликда ижодкорларнинг бир тоифаси Тошкентнинг “Отчопар”ида, турли фирмаларда, бозорларда тирикчилик изидан юрибди. Сиз ҳам бошқачароқ йўлни топиб, бозорга мос мавзу танлабсиз. Чунки сиз долзарб муаммоларга бағишланган жиддий асарлар битиб танилгандингиз-да...
-“Ҳамма жиноятчилар дунёсига қизиқади. Шунинг учун одамлар орасидаги шов-шувларни китобга айлантириб бойимоқчи бўлибсиз-да”, демоқчисиз. Йўқ, асти ундай эмас. “Шайтанат” ёзилаётган пайтларда, яъни саксонинчи йилларда, ҳозирги бозор иқтисоди ташвишларидан дарак ҳам йўқ эди... Аллоҳ суюб Одамни яратибдики, шайтон унга қасдлашиб келади. Уни ўз йўлига солишга уринади. Одам шайтоннинг қутқуси туфайли ўз асл макони – жаннатдан қувилган. Шундан буён у ўзини йўқотиб, овораю жаҳон бўлиб келади. Жиноятчилар ҳам ўзини тополмай, сарсону саргардон юрганларнинг бир тоифасидир. Шайтонга тобе бўлиб, бойликка интилувчиларга танбеҳ берганим ҳолда ўзим бойлик умидида китоб ёзсам Аллоҳ мени кўпчилик ҳузурида шарманда қилиб қўймасмиди? Савол берганингиз учун айтай: мен китоб савдоси билан шуғулланмайман. Нашриёт белгилаган қалам ҳақига қаноат қиламан. Қалам ҳақининг таҳминан ярмига китоб сотиб олиб, яқин дўстларимга совға қиламан.
 
- Детектив асарлар ижодкорлари хорижий мамлакатларда беҳад бадавлат бўлишаркан... “Шайтанат”нинг ҳар иккала китоби аввал баобрў журналда, кейин чиройли ҳолда алоҳида китоб шаклида босилди. Нархи баланд бўлшига қарамай, китоб қўлма-қўл бўлиб кетди. Демак, сиз ҳам...
 
- “Оз бўлса - етади, кўп бўлса – кетади”, дейишади. Бу – турмуш тажрибасида кўп бор синалган қадимий ҳикматдир. Шунинг учун мен “Миллион сўм пулим бўлмасин, миллион ўқувчим бўлсин”, деб ҳаракат қиляпман. Бу шунчаки баландпарвоз гап эмас. Чунки ўттиз йилдан бери бирор марта қалам ҳақи деб нашриёт аҳли билан талашганим йўқ. Ўн бешдан ортиқ китобим чиққан бўлса, берганларини олиб, “раҳмат”, деб кетаверганман. Пул ҳар қанча кўп бўлгани билан барибир тугайди. Ижодкор сифатида, одам сифатида бир кўнгилдан жой олсанг, умрбод ўша дилда сен учун макон, мамлакат  мавжуд бўлади. У кутади, сен ҳақингда ўйлайди, ўзига яқин олиб, дилдан суҳбатлашид. Хўш, бу ҳодисанинг қиммати қанча туради? Уни сўм билан ёки доллар билан ўлчаш мумкинми? Шунинг учун ижоддан, китобларим ортидан топган мулким, орттирган энг катта давлатим – китобхонларим.
 
- Эркин ижодкор эмассиз. Доим давлат хизматидасиз. Уззу кун идоралар, нашриётлар юмуши билан банд бўласиз. Журналларнинг иши, рости, мардикорликдай гап. “Шарқ юлдузи”да масъул котиб эдингиз.Энди мамлакатимиз қиёфасини хорижликларга таништираётган журналлардан бири – “Ўзбекистон-контакт”га Бош муҳаррир этиб тайинланибсиз... Шунга қарамасдан, анча срмаҳсулсиз. Йил оралатмай катта-катта асар битиб улгурасиз. “Шайтанат”га ҳам сўнгги нуқтани қўйиб, бошқа янги йирик асар битишга киришибсиз.
 
- Бекорчиликдан безорман. Доимо ўйлаб юраман. Майдагина мақоламдан тортиб, катта асаримнинг сўнгги жумласига қадар хаёлимда пишитиб оламан...  Одамгарчилик, гап-гаштакларга ҳам бораман, улфатлар даврасига кираман, яқинлар, қавм-қариндошлар давраисда бўламан. Бироқ. ўша жойларда ҳам тинчгина бир четда ўтириб олиб, кўпроқ бошқаларнинг гап-сўзларига қулоқ тутаман. Асаримни эрта саҳар қоғозга тушираман. Дастлаб қаламда ёзиб чиқаман. Хатимни бошқа ҳеч ким тушунмайди, шунинг учун ўзим ёзув машинкасида кўчириб чиқаман. Бунга анча кўп вақт кетади. Чунки асарни таҳрир қилишим ҳам шу жараёнда кечади.
 
- Бу машаққатли меҳнатингизда Аллоҳ сизга мададкор бўлсин.
 
- Инша Аллоҳ!
 
Тоҳир Малик
 
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1996 йил.
 
« Олдинги   Кейинги »