![]() |
![]() |
ФАНТАСТИКАНИНГ ВАТАНИ – ШАРҚ! - Янги нашр этилган китобингизни “Қора фаришта” деб номлабсиз. Шу китобингиз ҳақида гаплашсак. - Китобга турли йилларда ёзилган фантастик қисса ва ҳикоялар жамланган. Бугунги китобхонлар фантастик асарларни соғиниб қолишган эди, десам балки янглишмасман. Чунки кейинги ўн йил мобайнида бу жанрдаги китоб деярли чиқарилмади. Шуни назарда тутиб, аввал ёзилган асарларни қайта таҳрирдан чиқардим. Жиддий тузатишлар киритдим. Китобдаги айрим ҳикояларни вақтида нашр этишга руҳсат беришмаган, айримларига коммунистик мафкурага хос ўзгартириш киритишни талаб қилишган. Масалан, “Садоқат” ҳикоясини нуфузли журналлардан бири нашрга тайёрлаганда журналнинг бош муҳаррири тўхтатган. Унга бош қаҳрамоннинг ўлиши ёқмабди. Бадиий асарда совет хотин-қизларининг ўлиши мумкин эмас экан. “Ахир ўзбек аёли дунёни ҳалокатдан сақлаб қолиш учун жонини қурбон қиляпти-ку!” деб тушунтиришга ҳаракат қилсам ҳам фойдаси бўлмаган эди. “Васваса” қиссасини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этишимдан мақсад: бугунги сиёсий аҳволни тушунтиришга ҳаракат қилиш. Агар илгари дунёга икки мамлакат ҳукмронлик қилишни талашган бўлса, энди АҚШ мутлақ ҳокимлик даъвоси билан яшаяпти. Қиссада акс эттирилган Чарлз Лонг образи бугунги Американинг шу даъвосини ўзида мужассам этган. Тарихга қарасак, дунё ҳукмронлигини даъво қилгувчилар кўп бўлган. Аммо биронтаси ҳам муддаосига ета олмаган. Дунёга ҳукмронлик қилиш учун ҳарбий куч ёки бойлик кифоя эмас. Умуман, ўзини улуғ ҳисоблаган бирон шахс ёки мамлакат дунёга ҳукмронлик қила олмайди. Бу қуруқ сафсата, қуруқ хомхаёл! Чунки дунёнинг ўз ҳукмрони бор. Ҳукмронликка даъвогарларларнинг жазоси эса битта – хорлик! - Ўзбек фантастикаси ҳақидаги фикрларингизни ҳам билмоқчи эдик. - Саксонинчи йилларда Москвадаги бир мажлисда рус фантастикасининг тақдири ҳақида ташвишланиб гапиришган эди. Сабаби: ёшлар орасида фантаст ёзувчилар ғоят кам экан. Шунда мен сўзга чиқиб ўзбек адабиётида аксинча, бизда фантастларнинг деярли ҳаммаси ёшлардан, деган эдим. Ўзбекистонда фантастиканинг ривожи бошқа жумҳуриятларга нисбатан анча яхши бўлди. Бизда устоз ёзувчилар, ноширлар ва муҳаррирлар бу жанрга монелик қилмадилар. Аксинча, қизиқиш билан қарадилар, ёрдам бердилар. Қўшни жумҳуриятларда фантастик асарлар нашр қилиш қийин эди. Шу сабабли уларда бу соҳада ўсиш бўлмади. Бизнинг фантаст ёзувчилар эса иттифоқ ва жаҳон миқёсига чиқишга эришдилар. Бу соҳада марҳум Ҳожиакбар Шайховнинг хизмати катта. У ўз ижоди билан ҳам, кейинчалик ношир сифатида ҳам фантастиканинг ривожланишига сезиларли ҳисса қўшди. Унинг ташаббуси билан нашр этилган “Сирли олам” журналининг таъсирини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Афсусли ери шундаки, кейинги йилларда бу мавзудаги китоблар деярли кўринмай қолди. Ноширлар чўчишмаса ҳам бўларди, фантастика ишқибозлари бизда кўп. Бу тарзда ёзилган асарлар китоб пештахталарида туриб қолмайди. “Бекажон”га ҳам таклифим шу: фантаст ёзувчиларни таклиф қилиб турсангиз газетхонларингиз фақат мамнун бўлишади. - Европада туғилган фантастика Шарқда ривожланяпти, дейишимиз мумкинми? - Йўқ, мен бундай дея олмайман. Чунки менинг фикримча, фантастика Европада туғилмаган. Фантастика – бадиий адабиёт билан аниқ фанларнинг фарзанди, дейиш мумкин. Адабиёт билан илм қўшилган жойда фантастика юзага келади. Минг йиллар илгари илм-фан маркази қаерда эди? Шарқда! Хоразмий, Беруний, Форобий, Ибн Сино, Фарғоний, Улуғбек... Бу улуғлар ва уларнинг шогирдлари илм соҳасида дунё шоҳсупасида эдилар. Ўша замонларда илм-фан одамлар тушунчасига нисбатан анча илгарилаб кетган эди. Араб тилида битилган илмий рисолаларни одамларга етказиш осон бўлмаган. Шунда алломалар бадиий адабиётга мурожаат қилишган. Илмий қарашларини, ғоя ва таҳминларини адабий тарзда баён қила бошлашган. Айрим фикрлар ҳатто арўз вазнида ифодаланган. Орадан неча юз йиллар ўтиб, Шарқ илм-фан борасида уйқуга етди. Европа эса тараққиёт марказига айланди. Гелиоцентрик назария, яъни дунёнинг маркази Ер эмас, Қуёш, Ер эса Қуёш атрофида айланувчи сайёралардан бири деган ғоя Европага 16-асрда кириб келди. Полшалик олим Николай Коперникнинг мазкур мавзудаги илмий китоби узоқ вақт католик черков томонидан “зарарли ғоя” деб топилди ва уни ўқиш ва ўрганиш ман этилди (Ҳолбуки бу илмий ҳақиқат Қуръони каримнинг оятларида очиқ баён қилинган). Кейинроқ италиялик олим Галилео Галилей бу ғояни ривожлантирди. Черков томонидан таъқиқланганини эътиборга олиб, очиқ илмий тарзда эмас, балки, бадиий шаклда, рамзлар воситасида баён қилди. Европада дастлабки илмий-фантастик асар шу тарзда яратилди. Орадан икки аср вақт ўтиб, франциялик адиб Жюл Верн адабиётнинг бу тарзини ғоят юқори поғоналарга кўтарди. Йигирманчи аср фантастиканинг олтин асри бўлди, десак ҳам бўлади. Фантастика тарзида ёзилган асарлар энг кўп нусҳада нашр этилди. Коперникнинг ҳамшаҳри Станислав Лем, америкалик Рей Бредбери, Айзек Азимов, Клиффорд Саймак, англиялик Герберт Уэлс, Джон Уиндем, Артур Кларк, чехиялик Карел Чапек (“робот” атамасини айнан шу адиб ихтиро қилган), россиялик Алексей Толстой, Иван Ефремов, ака-ука Стругацкий, Беляев, Казанцев каби адибларнинг асарларини миллиардлаб мухлислар ўқидилар, десам янглишмайман. Уларнинг асарлари асосида яратилган “Кўринмас одам”, “Одам-амфибия”, “Андромеда туманлиги”, “Инженер Гариннинг гиперболоиди” каби бадиий фильмларнинг тамошбинлари унданда кўп. Совет даврида кўп нарсаларни Европа билан боғлаб ўрганиб қолганмиз. Европанинг дунё тараққиётидаги ўрнини ҳеч ким рад этолмайди. Аммо ҳамма нарса тарихий далил асосида, холисона ва аниқ бўлиши керак. Яқинда Ўзбекистон телеканалида “глобус 15-асрда Европада кашф қилинган”, деган “янгилик”ни эшитиб, ажабландим. “Адашиб айтиб юборишди шекилли”, деб ўйлаган эдим, бир неча кундан сўнг бу “янгилик” яна такрорланди. Бу қанақаси?! Беруний замонида глобус мавжуд экани тарихдан маълумку? Бу “янгилик”ни тайёрлаган мухбир дўстимиз қайси бир европа манбаидан фойдаланганлар, ўзимизнинг тарихимиздан эса бехабар эканлар. Бу уятли ҳолдир. Суҳбатимизни ёшлар ҳам ўқишларини инобатга олиб, фантастика ҳақида тушунча бериб ўтсам: “фантастика” юнонча сўз, тасаввур (хаёлот) санъати деган маънони англатади. Шу нуқтаи назардан қаралса, фантастиканинг дастлабки намуналарини эртакларда кўрамиз. Ўзи учар гиламлар, ойнаи жаҳон каби тасаввур мевалари эртаклар, афсоналардан ёзма адабиётга ҳам кўчган. Жаҳон адабиётида Гомернинг “Илиада”сида, Овидийнинг “Метаморфоза”сида, Франсуа Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэл”ида, Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”ида ва яна шу каби юзлаб асарларда, ҳамда “Маҳабҳорат”, “Минг бир кеча” каби асарларда фантастика унсурларини учратамиз. Йиллар ўтгани сайин, илм-фан ривожлангани сайин фантастика жанри шаклланиб борди. Бошқачароқ айтилса, илмийлашиб борди. Энди шунчаки “учар гилам” эмас, ўн саккиз минг оламни айланиб чиқа олувчи фазовий кемалар тасвирланадиган бўлди. Энди шунчаки қиёмат эмас, ядро урушининг азобли оқибатлари инсон қисматларининг тасвирлари орқали баён этиляпти. Энди “бир бор экан, бир йўқ экан”, тарзидаги гаплар билан ишонтириб бўлмайди. Ёзувчи йигирма бешинчи асрдаги воқеага ўқувчини ишонтириши зарур. Бунинг учун фақат бадиий адабиётга доир маҳорат эмас, аниқ фанлар тарихи ва келажагидан ҳам билимга эга бўлишлик талаб этилади. Бу осон иш эмас, ёш дўстларимга бу йўлда матонат тилайман. Тоҳир Малик “Бекажон” газетаси, 2005 йил.
|
« Олдинги | Кейинги » |
---|