Принтер учун E-mailга юбориш
ШАХС
   
    Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг 15 йил давомида ёзгани  тўртта китобга жо бўлган “Шайтанат” асарида 200 дан зиёд образ иштирок этади. Бу қаҳрамонларнинг ҳеч бири асарда тасодифий ўрин тутмайди. Улар ҳатто беихтиёр бўлса-да, Шайтанат оламига доҳил. Уларнинг қисмати – кўзгу. Қарайсиз ва... асар қаҳрамонларидан бири англаган ҳақиқатни шивирлайсиз: “Худо ҳамма нарсани кўриб, билиб турибди...” Ёзувчи айни ҳақиқатни шу қадар усталик билан, мантиқан асослаб берадики, беихтиёр бунинг учун унга нечоғли катта куч керак бўлгани ҳақида ўйлаб қоласиз. Тоҳир Маликни мана шу қийин меҳнат ортида анча қаттиққўл қиёфада тасаввур этарсиз балки. Лекин журъат топиб танишганингизда, унинг оғир-вазмин, хотиржам эканлигидан ҳайратланасиз.
 
- “Дадам жуда мўмин одам эдилар. Уруш пайтида дадамнинг ротасида хизмат қилганлардан: “Абдумалик ака ҳарбий бўлишларига қарамасдан уруш пайтида бировга бақирмасдилар”, деб эшитган эдим. Уруш пайтида аскарларга бақирмайдиган офицернинг борлигининг ўзи тушуниш қийин бўлган ҳолат-да. Дадам табиатан оғир – вазмин, камгап одам эдилар. Битта воқеани айтиб берай... Урушдан кейинги йиллар, дадам ҳарбийдан истеъфога чиққан, Тошкентда яшаётган бўлсалар-да, ижара уй, рўзғор ташвишлари у кишининг бир зум ҳам хаёлидан чиқмайди. Шунда амалдор ошналаридан бири дадамга ёрдам бермоқчи бўлиб у кишини бозорга бошлиқ қилиб тайинлаган. Ҳарна бозорда даромад бор, тирикчилик қилиш осон, деб ўйлаган бўлса керак-да! Кунлардан бир куни аям катта акамни бозорга юбориб, “Отангга айт, гўшт олиб берсин”, - дейдилар. Дадам акамдан бу даракни эшитиб, сен ўтириб тур, деб чиқиб кетганларича анча пайт қайтавермабдилар. Шунда акам ташқарига қарасалар, дадам – бозорбоши қассобнинг дўкони олдида навбатда турган эканлар. Дадамнинг мана шу фазилатлари бизга ҳам ўтган бўлса керак-да, ҳар қалай тижорат ишлари қўлимиздан келмайди. Лекин ҳотиржамлик баъзан иллат кўринишида ҳам бўлади. Чунки айрим ҳолатларда маълум нарсаларга хотиржам қараб қўйиш фазилат саналмайди. Агар мендан қандай камчиликларингиз бор, деб сўрашса, айтаман: катта камчилигим – мен курашчан одам эмасман. Ўзим учун курашишга тўғри келиб қолган ҳолатларда талашиб-тортишиб ўтирмасдан индамай қўя қоламан. Аммо бундан доим ҳам ўрнак олиб бўлмайди, ҳаётда курашадиган вазиятлар бор.
    Агар кимдандир норози бўладиган бўлсам, бари-бир, унинг кўнглини оғритишдан эҳтиёт бўламан. Ўзим бироз хафа бўлишим мумкин, лекин кейин таҳлил қилиб кўраман. Арзимайдиган бўлса, унутишга ҳаракат қиламан, агар жиддийроқ масала бўлса, уни ё бирор асарга воқеа сифатида олиб кираман ёки фикрлар ёзиб юрадиган дафтарим бор, ўшанга тушириб қўяман, улар кўпинча керак бўлиб қолади-да...”
 
  Чигал қисматлар, кескин вазиятлар, фожиалар гирдоби... Тоҳир Малик қаҳрамонларини улардан айро тутиш мумкин эмас. Бошқалар фожиасидан инсон нимани топади, тушунади?..
 
- “Адабиётда нима учун инсон фожиаси кўрсатилади? Бу фақат ўқувчини қайғуга солиш учун эмас. Адабиёт – бу ибрат. Киши бадиий асардан: “Сен мана шу одамнинг фожиасини тушунгин, сен ҳам шунга ўхшаб қолишинг мумкин”, деган фикрни уқиш лозим. Масалан, яна “Шайтанат”га қайтсак... Биласиз, Асадбекнинг қизи гиёҳванд бўлиб қолади. Баъзи учрашувларимизда: “Қаҳрингиз қаттиқ экан, Зайнабни ёмон аҳволга солиб қўйдингиз” дейишади. Менинг қаҳрим қаттиқ эмас, улар яшаётган оламнинг ўзи шунақа, у аёвсиз. Эҳтиёт бўлинг, Асадбекдай одамнинг қизини шундай аҳволга солиб қўйган жиноят олами истаган оилага бостириб кириши мумкин. Буни одамнинг ўзи билмай қолади. Инсонлар ёки жамиятнинг фожиаси одамларга ибрат бўлиши керак...”
 
  “Сабаб тушунилмас экан, оқибат билан курашиш беҳуда”. Тоҳир Малик бу қонуниятни ўз асарларида асослай олади...
 
- “Аввал адабиётда одамлар «салбий» ва «ижобий» қаҳрамонларга ажратиларди. Лекин қаҳрамон салбий бўлиши мумкин эмас, чунки унинг ўзи яхши инсон дегани. Бу персонажни «қаҳрамон» деб нотўғри талқин қилинганидан. Ўшандай асарларга эътибор қиладиган бўлсак, салбий персонажларга қора чапланаверади, уларнинг ички руҳияти очилмайди. Яхши одамнинг эса ўтмиши ҳам, ҳозирги ҳолатини ҳам ҳавас билан тасвирлашади. Лекин салбий персонаж мавҳум бўлиб қолаверади. Киши ҳайрон бўлади: у нимага ёмон? Ёзувчи айни саволга жавоб бериши керак-да! Бу билан одамларни ёмон йўлдан қайтариши керак. Бир рус ёзувчиси айтганди: “Биз асаримиздаги салбий образларнинг ички дунёсига киришдан ўзимиз ҳам ҳазар қиламиз”. Ҳолбуки, ундай бўлмаслиги керак. Ана шунда ёзувчи асардаги ҳамма одамларга адолат қилган бўлади. Масалан, бир оилада 5-6та фарзанд бўлса, албатта хаммаси ҳар хил: бири одобли, биттаси сал шўхроқ... Лекин ота-она барча болаларига адолат қилиши керак, бу – уларнинг вазифаси. Ёзувчи ҳам шу-да! Аслида у қаҳрамоннинг руҳига сингиб кетиши керак. Кутилмаган ҳолатлар кўп бўлади. Бир куни метрода кетаётганимда, мен чиққан вагоннинг бир томон деярли бўш эди. бунга эътибор бермабман. Кейин билсам, рўпарамда телбароқ аёл ўтирган экан. Унинг эгнида ифлос эмасу, лекин эски уст – бош. Менга ҳам ноқулай бўлди, аммо ўтиравердим. Бир пайт аёл рус тилида гапириб қолди: “Биз учта эдик: наманганлик Гуля, Валя ва мен”. Бир пас жим қолиб, кейин: “Ўғирлаш керакмасиди”, деди. Кўзларини бир нуқтага тикиб олганди. Унинг гапи қизиқ туюлди, кузатиб кетавердим. Вақти – вақти билан ўша гапни қайтарарди, бошқа нарса демасди. Нима бўларкан, деб метронинг сўнгги бектигача бордим. Аёл охирига келганини билиб, халтасини кўтариб, вагондан тушди. Агар жинни бўлса, буни тушунмасди. Назаримда, унинг эси жойидаю, лекин мияси чайқалган эди. Кейин бошқа йўналишдаги вагонга чиқиб ўтириб олди. Бу менга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилди. Ўша пайтда “Мурдалар гапирмади”ни ёзаётгандим, кейин бу аёлни образ сифатида олиб кирдим. Яъни, у орқали Тошкентга ўқишга келиб, нобоп дугоналарига қўшилиб қолиб, иғво – бўҳтон билан қамалиб кетган қизнинг тақдири, унга ўз оиласи – ота-онаси, акаларининг муносабати, умуман, уйидаги фожиаларини очиб бердим”.
  
  Энди ҳамсуҳбатлар борасида...
 
- “Сиз билан бирга маълум бир масалада фикр юритадиган одам ҳамсуҳбат бўлиши керак, фақат эшитадиган эмас. Битта ривоят айтиб берадиган бўлсам, унга муносабат билдирадиган ҳамсуҳбат менга кўпроқ ёқади. Уларни илм эгалари деймиз. Илм эгалари – бу фақат олий маълумотли деганимас. Ҳаёт дарсини биладиганлар, ҳаётни кўрганлар, одоб илми бор, шу хусусида фикрлашадиган кишилар яхши ҳамсуҳбат бўлади. Жоҳил ҳамсуҳбатлар ҳам бўлиши мумкин. Ўзи ҳеч нарсани билмайди, лекин биламан, деб ҳисоблайди ва сиз билан кўп талашади. Бундайлар қадимдан мавжуд. Тарбияга оид китобларда бу ҳақида кўп қайд этилган, хусусан, Ҳазрати Навоий ҳам: “Жоҳилга сукут билан жавоб беринг”, деб ёзганлар. Турли давраларда ўтирамиз, баъзи одамлар фақат ўзи гапиришни яхши кўради, лекин унинг яхши кўрган нарсасидан маҳрум қилишга урунмаслик керак. Бола қўлидан ширинликни тортиб олишга ҳаракат қилсангиз-да, бари-бир бермайди-ку, у ҳам худди шундай. Ўзи гапиришни ёқтирадиган киши бўлса, майли, гапираверсин. Лекин даврада ўтирганларнинг ҳаммаси суҳбатда иштирок этса, у чинданам гўзал кечади...”   
 
  Оила... ёзувчи учун қўрғон бўлиш баробарида унинг инжиқликларини ҳам тушуниши керак. Лекин...

- “Оила мен учун ҳамиша биринчи ўринда турган, ижод эса ундан кейин. Менинг ижодим оилавий ишларга зарар келтирмайди, чунки ё кечаси, ёки эрталаб – ҳамма уйқудан тургунча ишлайман. Кундузи эса рўзғорга қарайман, ҳовлидаги ишларни қиламан. Сиз кўриб турган уйларнинг деярли ҳаммасини ўз кучим билан қурганман. Мен болаларни ўйнатишга ҳам ҳамиша вақт топардим, чунки оиламни яхши кўраман. Уйдан чиқиб кетиб ишлайдиган ижодкорлар ҳам бор, мен ҳам шунга ҳаракат қилиб кўрганман. Москвадаги Ижодкорлар уйига йўлланма олиб, икки ойга кетганман. Лекин икки ҳафта ўтмаёқ уйдагиларни соғиниб, қайтиб келганман. Мўлжаллаган ишимни ҳам шу ернинг ўзида тугаллаганман... Ёзда тоққа чиқиб ишлайман, лекин бари-бир у ерда ҳам узоқ туролмайман, тезда қайтаман”.
 
  Фарзандлар...
 
- “Иккала қизим ҳам ўқитувчи бўлди, чунки бу ҳам қонда бор-да! Дадам раҳматли ҳам ўқитувчи эди, аям ҳам 30-йилларда мактабда дарс берганлар. Биринчи қудаларим ҳам ўқитувчи. Лекин мен ўғлимни аниқ фанлар билан шуғулланишини ҳоҳлардим. Кичкина пайтидаёқ кимё ва шу соҳадаги олимлар ҳақидаги китобларни ўқишга ундаб кўрдим, лекин барибир ундан кимёгар чиқмади. Ўзи ҳоҳлаган ишни танлади. Ёзувчиликка ҳам ҳавас қилганди, сен бу йўлни танламай қўя қолгин, дедим. Ёзувчиликни оғир касб деб ҳисоблайман. Ўғлимни бу иш билан шуғулланишини ҳоҳламадим”.
 
Янги асар – ижод яна давом этади...
 
- “Шу кунларда Навоийнинг “Ҳамса”сини қайтадан ўқияпман. Чунки “Одамийлик мулки” деб номланган тарбияга доир асар ёзяпман. Бу ҳам кўп йиллик меҳнатнинг натижаси.  Янги асар тахминан 50 бобдан иборат бўлади. Яна бир қиссани қоралаб қўйдим. У ота-онанинг вафотидан кейин ака-укаларнинг муносабати, кўп оилаларни вайрон қилиб юбораётган оқибатсизлик ҳақида...”
 
 Тоҳир Малик
 
«Жаннатмакон» журнали, 2005 йил.
 
« Олдинги   Кейинги »