![]() |
![]() |
КОМИЛА - Сизнингча комила аёл қандай бўлиши керак? - Комил эр қандай бўлса комила аёл ҳам шундай бўлиши шарт. Комил инсонга қўйиладиган талаблар эрга ҳам, аёлга ҳам тегишли. Масалан, илм олишни Аллоҳ ҳам муслимга, ҳам муслимага фарз қилиб қўйган. Кўп масалалар ҳақида сўз кетганда Аллоҳ бандаларига умумий тарзда “эй иймон келтирганлар” деб мурожаат қилади. Илм фарз қилинганда эса эркагу аёл алоҳида-алоҳида зикр этилган. Шунга қарамай, айрим биродарларимиз аёлларнинг ўқишларига аҳамият бермайдилар, ҳатто монелик қиладилар. “Ўқиб менга шаҳар олиб берармидинг!” деб камситадилар. Тасаввур қилингким, кимдир хотинига “Намоз ўқима, намоз ўқиб менга жаннатни олиб берармидинг!” деса? Астағфируллоҳ! Бундай дейиш гуноҳ. Лекин илм олиш ҳам намоз каби фарз-ку? Илмдан қайтариш гуноҳ эмасми? Комилликнинг биринчи шарти илм олиш. Илм меҳнатни талаб қилади. Сабрни талаб қилади. Инсонга хос фазилатларнинг барчаси бир инсонда жам бўлсагина у комилликнинг маълум босқичини эгаллаган бўлади. Мутлақ комилликка эришиш жуда оғир масала. Эҳтимол валийлар шу мартабага етишган ҳисобланарлар. Агар шундай бўлса, тарихдан маълумки, авлиё аёллар ҳам бўлишган. Демак, комила аёл учун ибрат ўша авлиё оналаримиз бўлишади. Бир оилада эр комилликка эришиб, хотин ортда қолиб кетмайди. Агар эр илмда ҳам бошқа фазилатларда ҳам юқори мартабаларга эришса-ю, хотини жоҳилликда қолиб кетган бўлса, демак у эр комил ҳисобланмайди. Аксинча, комилликнинг бир шартини бажармаган бўлади. Агар хотин жоҳиллик билан ҳаёт кечиргани сабабли қиёматда дўзахга ҳукм қилингудай бўлса, эрига даъво қилишга ҳақли. - Аёлдаги қайси жиҳатларни қоралайсиз? -Инсон зотига хос бўлмаган барча иллатларни. Менинг энг ёмон кўрганим – аёлларнинг сергаплиги. Халқда “элакка чиққан хотиннинг эллик оғиз гапи бор”, деган мақол мавжуд. Сергаплик – жоҳиллик аломати. Баъзи аёллар маъносиз, пойма-пой сўзламоқликдан кўра сукут қила билиш нодир фазилат эканини унутиб қўядилар. Маҳмадона, валдировчи одам очиқ бир мактубга ўхшайди, уни ҳамма ўқий олади. Оқил билан телба ўртасидаги бутун айирма шундаки, оқил одам доимо фикрлагани фикрлаган, аммо кам гапиради. Телба – нодон одам эса доимо гапириб, ҳеч вақт ўйламайди. Оқил одамнинг тили ҳамиша фикрининг измида. Телба – нодонда эса бунинг акси. Оқил одамнинг тили тафаккурнинг тилмочи, телба – нодоннинг тили эса гап ташувчи ва ғийбатчидир. Гапдан бўшамайдиган аёллар буни фарқлаб олишлари керак. Тинглашда биринчи, гапиришда эса охиргиси бўла олган аёл ўз бахти саройига ўзи эгалик қилади. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ марҳамат қиладиким: “Эй Одам фарзанди, агар дилингда қаролик ва баданингда дангасалик ва ризқингда танглик бўлса, бас, билгилки, буларнинг сабаби беҳуда ва бемаъно сўзларни кўп сўзлашингдандир, демак, бундан сақлан”. Ҳазрат Навоий демишларким: Кўп демак бирла бўлмагил нодон, Кўп емак бирла бўлмагил ҳайвон. Энг ёмони аёлларнинг кўча эшиклари олдида тўрт-бешта бўлиб тўпланиб “гап сотишлари”. Бу ғоят хунук одат, ёмон хулқ. Агар аёлнинг бунга фаҳми етмаса, эр, ота ёки ака уни бу бадхулқликдан қутқариш чорасини кўриши керак. - Нима деб ўйлайсиз, никоҳгача туғилган севги кучли бўладими ёки тўйдан кейингисими? - Никоҳгача бўлган севги иҳтиёрий, кўнгил ҳукми билан туғилади. Бироқ, чиниқмаган, мўрт бўлади. Ёшлар бу даврда кўп янглишадилар ҳам. Шу сабабли халқимизда “ишқ бошқа, ҳавас бошқа, бу йўлда хато қилма”, деган ҳикмат мавжуд. Яна дейдиларки: “Тўйдан олдин иккала кўзингни катта оч, тўйдан кейин биттасини юм”. Пўлатни тоблаш учун оловда қиздириб, сўнг совуқ сувга соладилар. Севгининг тобланиши тўйдан кейинги турмуш ташвишлари билан амалга оширилади. Тўйгача севги парқу булут мисол осмонда сузади, тўйдан кейин ерга тушишга мажбур. Тўйдан кейинги муҳаббатда дастлаб иҳтиёрийлик бўлмайди. Чунки қиз ёки йигит ота-оналарининг хоҳишлари билан турмуш қурадилар. Аммо никоҳнинг дастлабки ойларида ёш эр-хотин қалбида чин севги туғилса бу муҳаббатнинг умри узунроқ бўлади. Чунки бу севги туғилибоқ тобланиш жараёнига тушади. Тўйдан аввалги алдамчи сурурни (романтикани) бошдан кечирмайди. Тўйгача бир-бирига яхши кўринишга ҳаракат қилган йигит ва қизнинг ўзаро муносабатида никоҳдан кейин барибир озми-кўпми ўзгариш содир бўлади. “Аввал қандай яхши эди, энди айнияптими?” деган мулоҳаза ҳам пайдо бўлиб қолади. - Аёл учун энг яхши совға нима? - Агар уйда совға ҳақида гап кетса, кеннойингизга, яъни аҳли аёлимга: “Хоним мен сизга дунёдаги энг яхши нарсани совға қилганман, бу совға умрингизнинг охирига қадар етади. Бу совға эскимайди ҳам, йўқотиб ҳам қўймайсиз, биров тортиб ҳам ололмайди. Бу совға - менинг ўзимман”, дейман. Бу ҳазилнинг замирида ҳақиқат ҳам бор. Аёл учун энг гўзал ва энг қимматбаҳо нарса – эрнинг меҳри-муҳаббати ва садоқатидир. - 8 март сиз учун қандай кун? - Агар байрам деб ҳисобласак, бир кунда ўтиб кетувчи тантана. Агар масъулият деб белгиласак, мен учун йилда 365 кун саккизинчи март ҳисобланади. Бу куннинг байрамлигини инкор этмайман. Аммо келиб чиқиш эътибори билан саккизинчи март аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш куни. Яъни тенглик куни. “Эр ва хотиннинг тенглиги” дейилганда аёлнинг эр билан тенгма-тенг гап талашиши деб тушунмаслик керак. Оилада эрнинг ҳам хотиннинг ҳам ўз бурчи ва ҳуқуқи мавжуд. Аввалги замонларда аёллар шу қадар камситилганларки, корхонадаги бир хил хизматлари учун улар эркаклардан камроқ ҳақ олганлар. Тенглик ҳаракати шу адолатсизликни бартараф этиш учун бошланган. Совет замони гўё тенгликни инъом этгандай бўлди. Бироқ, аёлларни тракторга ўтқазиб ишлатди, қурилишларда бетон қорди аёл, кўчаларни асфалтлади... Аёлга енгиллик яратиш ўрнига энг оғир ишларда ишлатди. Дунёнинг айрим мамлакатларида аёлга нисбатан адолатсизликлар ҳали ҳам мавжуд. Тараққий этган европа мамлакатлари бугун аёлларнинг камситилишларига, уларнинг эрлари томонидан аёвсиз калтакланишларига чек қўйиш мақсадида турли қонунлар қабул қиляптилар. Демак, дунёда бу борадаги адолат ҳали қарор топгани йўқ. Аёлга нисбатан адолат Исломда мавжуд. Фақат, афсуски, кўплар бунга амал қилмайдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “вадо хутбаси” деган ном ила машҳур сўнгги хитобларида аёлларга адолат билан муносабатга бўлиш ҳақида алоҳида тўхталиб, аёлларни “Аллоҳнинг омонати” деб таъриф этганлар. Демак, эр бу омонатга хиёнат қилмаслиги, омонатни эъзозлаши шарт. 8 март куни байрам қилаётганимизда шу масъулиятни эслаб қўйсак қандай яхши! Бу масъулиятни йил бўйи унутмасак нур аланнур бўлур эди. - Ошхонада аёлингиз ўрнида ошпаз бўлишга тўғри келиб қолса... - Ғоят гўзал бўлур эди. Мен бундан роҳатланаман. Пиширган таомимни мақтаб ейишса, янги китобимни мақташгандай ҳузурланаман. Аммо, очиғини айтишим керак, аҳли аёлим, қизларим, келиним ва ҳатто набираларим томонидан озгина ноҳақлик бўлиб туради. Мен пиширган таом бемаза бўлса-да, мақташаверишади. Мақтамай кўришсин-чи! Агар камчилигимни айтишса, барча эрлар каби мен ҳам: “Ҳали шунақами! Ошхонага энди кирмаганим бўлсин!” деб аразлайман. Бироқ, бу араз узоқ чўзилмайди. Бир оз хасталигим туфайли қўлга капгир ололмаётганимдан армондаман. - Эр-хотин орасида сир бўлиши керакми? - Ўзаро муносабатда, тирикчилик ташвишларига доир масалаларда сир бўлмаслиги керак. Лекин эрнинг бошига хизмати юзасидан бирон ташвиш тушса, хотинига билдирмагани маъқул. Агар хотини биргалашиб бу муаммони ҳал этишга ёрдамлашса бошқа гап. Лекин шунчаки маълум қилиб қўйиш бўлса, сир сақлагани маъқул. Чунки хотинни ортиқча ташвишга қўймаган яхши. Мен ҳаётимда шу қоидага амал қилиб келганман. Юрагим зардобга тўлса ҳам ғам-ташвишимни кеннойингизга айтмас эдим. Чунки уйда унинг ташвиши етарли: ота-онамга, болаларга қараши керак. Мактабдаги вазифаси ҳам осон эмас. Тўғри, эр-хотин бир-бирининг дардига шерик бўлиши керак, дейилади. Лекин қайси дардга? Шуни фарқлаб олиш керак. Масалан, мен “фалончи китобимни чиқишига қаршилик қиляпти”, деб сиқилсаму аҳли аёлимга айтсам. У шубҳасиз, дардимга шерик бўлади. Бундан бирон фойда борми менга? Аҳли аёлим дард чеккани учун китобимнинг йўли очилиб кетадими? Демак, ўртада шунга ўхшаш сирнинг бўлгани ҳам яхши. Курашда енгиб чиққанингиздан кейин айтсангиз, эҳтимол мумкиндир. Тоҳир Малик «Бекажон» газетаси, 2006 йил. |
« Олдинги | Кейинги » |
---|