![]() |
![]() |
ИККИНЧИ ТУҒИЛИШ - Ўсмир болалар, ўсмир қизларни тарбиялаш борасидаги муаммолар хусусида таҳририятимизга кўп мактуб келади. Айрим ота-оналар фарзандлари хулқидаги ўзгаришдан баъзан чўчиб, баъзан эса нолиб ёзадилар. Ота-оналаримизга бу ҳақда қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз? - Инсон умрини табиат фаслларига қиёслайдилар. Шунга кўра болалик, ўсмирлик ва ёшликни баҳор фаслига ўхшатишади. Деҳқон ёки боғбоннинг ҳар фаслга хос ўзига яраша ишлари, ташвишлари бўлади. Деҳқончиликда ҳам, боғбончиликда ҳам баҳорда энг масъулиятли ишлар амалга оширилади. Дарахтлар гуллаган пайтда бирдан аямажуз келиши, чигит униб чиққанида дўл уриши ёки қатқалоқ бошланиши эҳтимоли бор. Шу боис деҳқон ҳам, боғбон ҳам бу фаслда ҳотиржам бўла олмайди. Фарзанд тарбияси ҳақида сўз кетганда ота ва онанинг боғбонга ўхшатилиши бежиз эмас. Кўчатни экиб қўйиб сўнг унга қарамайдиган одам боғбон деб аталмайди. Парваришлаб, ширин мевасидан тотган одамгина бу шарафга эришади. Боққа жон бахш этувчи инсон – боғбондир. Ота эса оила боғбони. Ҳар иккиси ҳам пешона тери билан ниҳол қадайди. Нафақат дарахтни, ҳатто унинг соясини ҳам севади. Чунки вақти келиб, у ҳаётдан ҳориганида дарахтнинг соясидан баҳраманд бўлишга умид қилади... Баҳорнинг табиати қанчалар инжиқ бўлса, улғайиб келаётган фарзанднинг табиати ҳам шундай нозик ва инжиқ бўлади. Боғбон истаса истамаса табиат инжиқлиги билан ҳисоблашишга мажбур, лекин ажабки, ота ва она ўз фарзанди инжиқлигига тоқат қила олмайди. Ҳолбуки, дўл ёғишига боғдаги ниҳоллар сабачи бўлмаганидек, ўсмирлар табиатларида уйғонаётган инжиқликлари учун айбдор эмаслар. Шунинг учун “инжиқлигинг жонимга тегди!” деб нолиш ақлдан эмас. Ўсмирлик ёшига етган болада ҳам тиббиётга доир, ҳам руҳиятга оид ўзгаришлар бошланади. Ўсмир ёшидаги фарзандларидан кўп нолийдиган ота ва оналарнинг айби шундаки, улар ўзларининг ўсмирликларини унутиб қўйганлар, ўзларида бўлган табиий ўзгаришларни эсламайдилар. Таъбир жоиз бўлса, болаликдан ўсмирлик оламига ўтишлик - кишининг қайта туғилишидир. Энди фақат атрофни кўрадиган одамча эмас, бу борлиқда ўзини ҳам кўра оладиган, фикрлайдиган шахс туғилади. Биринчи туғилишда чақалоқ чинқириб гўё дейдики: «Мана мен ёруғ дунёга келдим. Қувонинг ва бундан буёғига мен учун ташвишлар чекинг. Мен ҳозирча сизнинг ёрдамингизга муҳтожман. Бир дақиқа бўлсин, мени унутманг. Мени авайланг, ҳар бир нафасимни кузатиб, бешигим ёнидан жилманг. Сизларнинг меҳрингизга, шафқатингизга эҳтиёжим бор! Сал ўтмай мени атак-чечак қилиб юрғизинг, йиқилсам - турғизинг, бошимни силанг...» Одам ўсмирлик ёшига етганида иккинчи бор туғилади ва бутунлай ўзгача оҳангда дейдики: «Энди мен қанотларингиз остидаги полопон эмасман, ҳадеб қўлимдан ушлаб етаклайверманг, ҳадеб изимдан юраверманг. Босган қадамларимга ишончсизлик билан қараманг. Йўргакда тутишга интилманг, бешикдаги ҳолимни унутинг. Мен мустақил одамман. Қўлимдан етаклашга уринманг. Мен рўпарамда баланд тоғни кўриб турибман Унинг юксак чўққилари бор. Бу тоғдан ўзим мустақил равишда ошиб ўтмоқчиман. Бу - менинг ҳаётдаги мақсадим. Мен чўққига кўтарилишни бошлаяпман. Ҳар бир қадамим билан мен юқорига кўтарилаяпман. Рўпарамдаги уфқ тобора кенгайяпти. Янада кўпроқ одамларни кўряпман. Уларни тушунишга ҳаракат қиляпман. Меҳр ўрнига адолатсизлик, илм ўрнига жоҳиллик, шафқат ўрнига зулмни кўрганимда қўрқиб кетяпман. Мен бу борлиқда таянчга муҳтожлигимни сезяпман. Мен ақлли, доно, адолатли одамга зорман. Мен ёнимдаги кучли ва донишманд одамга суянсамгина чўққига чиқа оламан. Аммо мен буни ҳеч кимга айта олмайман. Муҳтожлигимни тан олишим - мен учун иснод. Ҳамма мени «мустақил қадам ташловчи одам бўлиб етилибди, чўққини ўзи забт эта олади», деб ҳисоблашини хоҳлайман». Агар ўсмирлик оламига ўтган фарзанд ота-онасига бир нима демоқни истаса ва бунга журъат топа олса эди, эҳтимол шуларни айтармиди. Фарзандларимизда 10-11 ёшдан то 14-15 (ўғил болаларда баъзан 16) ёшгача тиббий тил билан айтганда, анатомо-физиологик жиҳатдан кескин ўсиш содир бўлади. Гўё табиат ҳайкалтарошу ўзининг ижодига хос бу жонли ҳайкални тезроқ такомилга етиштиришга уринаётгандай. Бу жараён сиртдан қараганда овознинг дўриллашида (Буни «овози раста бўлибди», деймиз) сезилади, бўйнинг ўсишида кўринади ва биз асосан шунигина пайқаймиз. Ички тўлқинларни, пўртаналарни ва бошқа ўзгаришларни сезмаймиз. Биз ҳайкалтарошга ўхшатган табиат ўсмирнинг ҳам жисмоний, ҳам жинсий ўсишини ҳисобга олишга улгуролмаётганга ўхшайди. Боланинг суяклари шу даражада тез ўсади-ки, унинг мушак тўқималари бу ўсишга монанд ривожлана олмай қолади. Ана шунда ўсмирнинг мушакларида оғриқлар пайдо бўлиб, ўзини ҳам, ота-онасини ҳам ҳавотирга солади. Боланинг ташқи кўринишида (айниқса 13-14 ёшида) кескин ва сезиларли ўзгариш содир бўлади. Унинг қомати қўполлашади, узун ва ингичка қўл-оёқларини қандай бошқаришни билмай қолади. Бу ўсиш ёшида қизлар қадларини эгиброқ юришга одатланиб қоладилар. Агар айнан шу ёшда болаларнинг ўзларига, юриш-туришларига эътибор беришлари ортажаги инобатга олинса, уларнинг бу беўхшовликдан қанчалар изтиробга тушишлари, оқибатда асабий ва қайсар бўлиб қолишлари сабабини тушунишимиз мумкин. Ўсмир доимий равишда ўзининг қомати билан бошқаларникини солиштиради. Агар бошқалардаги фазилат, айтайлик, адл қоматни ўзида кўрмаса сиқила бошлайди. Бу ёшда бадандаги қувватнинг асосий қисми жисмоний ўсишга сарф этилиши натижасида ўсмир ўзини беҳол сеза бошлайди. Қўшимча дам олишга, тартибли равишда қувватли таом истеъмол қилишга эҳтиёжи кучаяди. Агар бола биз айтган ишни бажара олмаса, асабийлашамиз, уни уришамиз. «Чарчадим», деса буни баҳона сифатида қабул қилиб «Ёш бола нарса уялмайсанми, шу ёшда ҳам чарчайдми?» деб уялтирамиз. Ота-оналарнинг жуда оз қисми фарзандидаги бу жисмоний ва жинсий ўзгаришларни ҳисобга олади. Тиббиётчи олимларнинг кузатишича, бу ёшда юракнинг ҳажми ҳам кенгаяр экан. Қон томирлари эса шунга мос равишда кенгаймай икки-уч йил аввалги ҳолатини сақлаб қоларкан. Қон босими ошишини биз катталарга хос касаллик деб биламиз. Ҳолбуки, айнан ўсмирликка ўтиш ёшида (ўғил болаларда 12-13, қиз болаларда 10-12 ёшда) қон босими 140, баъзан 150га қадар кўтарилади. Тўққиз ёшли боланинг қон босими 90 экани ҳисобга олинса, бу ўсишнинг миқёсини ҳис этиш мумкин. Босимнинг бундай ошиши вақтинчалик ҳолат. Бу пайтда ўсмирнинг боши айланади, овқат ҳазм қилиши ҳам бузилади, қорин атрофида оғриқлар сезади. Ўсмир ўзидаги бу нохуш ўзгаришлар сабабини англаёлмай қийналади. Сабабларни ота-онасидан сўрашга уялади. Ҳаракатларини жонлантириш эвазига бу нохушликлардан қутулмоқчи бўлади-ю, аммо баттар ҳолсизланиб қолади. Бадандаги турли аъзоларнинг бир хилда, бир-бирига мос равишда ўсмаслиги кўкрак қафаси ва ўпкада ҳам сезилади. Қон босими ошиши оқибатида боланинг кўкраги қисилади, юрак уриши тезлашиб, кечалари ухлай олмайди. Ҳатто юрак уришида меёр бузилади. Биз, катталарнинг камчиликларимиздан бири - фарзандларимиздаги мана шу жисмоний ўсиш жараёнида жинсий уйғониш бошланишини эътиборсиз қолдирамиз. «Боламиз катта бўлиб қолди, улғайяпти», деб қувониб юраверамиз. Бу жараён туфайли боланинг фикрлашида, ҳис-ҳаяжонларида, катталар билан, ҳатто ўз тенгдошлари билан муомаласида жиддий ўзгариш содир бўлаётгани эса бизларни ташвишлантирмайди, сергаклантирмайди. Тўғри, фарзандимиз муомаласидаги ўзгаришни сезамиз аммо биз ҳам муомаламизни ўзгартиришимиз зарурлигини фаҳм этмаймиз. Афсусли ери шундаки, бизда ҳали ҳам жинсий тарбия масаласи иккинчи ҳатто учинчи даражали ҳисобланади. Ота-она фарзандлари билан бу ҳақда гаплашишни уят деб биладилар. Яхшики, айрим оналар қизларига керакли эътиборни қаратадилар. Оталар эса ўғиллари билан бу ҳақда деярли гаплашмайдилар Шунинг натижасидамикин, ота билан ўғилнинг орасидаги масофа яқинлашиш ўрнига узоқлашиб бораверади. Зарур тарбия ота-она томонидан берилмагач, ўсмир ўзига керакли одобни ҳорижнинг беҳаё фильмларидан олади. - Ўсмирларнинг мустақилликка интилишларини айтдингиз. Бу ҳол ўзбошимчаликка олиб бормайдими? Ота-онанинг дўст мартабасида бўлиши бу ўзбошимчалик дарвозаларини очиб юбормайдими? - Ота-онанинг дўст бўлиши биргаликда еб-ичиб, биргаликда ўйнаб-кулишдангина иборат эмас. Бу дўстликни бир-бирига нисбатан бўладиган ишончда деб билган афзалроқ. Яъни бола ота-онасига ишониб ўз сирини оча олсин, унинг дўстона муомаласидан баҳраманд бўлсин. Дўстлик ҳеч қачон ёмонлик дарвозаларини очиб юбормайди. Ҳақиқий дўст ҳамиша камчиликларни айтиб, тузатишга даъват этиб туради. Ҳазрати Умар (р.а.) камчиликларимни ўзимга айтиб турмаган одам менинг дўстим эмас, деганлар. Дўст – дўстнинг кўзгуси дейдилар. Одам кўзгуда жисмоний қусурини кўргани каби дўстининг кўзи билан маънавий ва руҳий камчиликларини кўриб туриши керак. Дўст ота ва она фарзандига ана шундай кўзгу бўлади. Халқимизда “ҳар ишнинг ўртачаси маъқул” деган ҳикмат бор. Ўсмирларнинг мустақилликка интилишини тўсмасликда шу ҳикматга амал қилиш зарур. Ўсмирнинг мустақиллиги “балоғатга етдинг, энди тўрт томонинг қибла, нима ичсанг – ич, нима чексанг – чекавер” дегани эмас. Бу борада бола бундақа мустақилликни истаяптими ё ўзбошимчаликни ҳавас қиляптими, фарқлаб олиш керак. Агар ўзбошимчаликдан қайтараман, деб мустақиллиги бутунлай чегаралаб ташланса бола оқибатда мустақил фикрлай олмайдиган, бир ишни мустақил амалга оширолмайдиган, эплаб ҳунар ёки билим эгаллай олмайдиган одамга айланади. Боқимандаликни касб қилади. Биз «Менинг фикримча», «Менинг назаримда», «Мен ўйлайманки», деган ибораларни кўп ишлатамиз. «Мен» - шахс демак. Дунёни кўрувчи, дунёни идрок этувчи, фикр билдирувчи бир шахс иккинчисига ўхшамаслиги сир эмас. Бир ота, бир онанинг фарзандлари қош-кўзлари ўхшаса-да, шахс сифатида фарқланадилар. Киши онгини бошқарувчи «Мен» нима? Кишиликдаги «Мен» масаласи кўп асрлардан буён файласуфларнинг, руҳшуносларнинг, табиатшуносларнинг тадқиқот манбаи бўлиб келган. Жаҳон фани ҳалигача Конфуций, Декарт, Кант, Фрейд, Хейгел, Нитшче, Уотсон каби файласуфларнинг фикрлари атрофида баҳслашади. Файласуфлар назаридаги «мен» - оддийроқ айтилса, кишининг ўзини ўзи таниши, шахс сифатида шаклланиб, жамиятдаги ўз ўрнини топишидир. Шу жиҳатдан қараганда русча «Я»нинг таржимаси ўлароқ қабул қилганимиз «Мен» ўрнига «Ўзлик» деб ишлатганимиз ҳам маъқулроқ. Франциялик файласуф Рене Декарт «Фикрлаяпман, демак, мавжудман» деган ғояни сурган. Шунга кўра, ўзини, ўзликни англаш қачон бошланади, деган савол ҳам ўртага қўйилиши мумкин. Рўё ва ҳақиқатни фарқлаб олиш учун киши фикрлайди. Бу фикрлаш ўн яшар болага хос эмас. Эҳтимол одам 20-25 ёшда бу масала хусусида фикрлай бошлар. Унда ўз-ўзини танимоқликни шу ёшда белгилаймизми? Агар шундай қилсак, олти ёшли боланинг фикрлашини нима деб атаймиз? Масалан, ўша бола дарахтни кўради, гуллашини, мева тугишини кузатади. Мева бор пайтда олиб беришни талаб қилади. Мевалар тугагач, талабни ҳам бас қилади. Келгуси йили дарахт гуллагач, оқибат мева бўлишини билиб, кутади. Агар шу ёшдаги бола катталарнинг кўчат экишини кўрса, у ҳам чўпларни ерга суқишга интилади. Ўз хаёлида кўчат эккандай бўлиб, қувонади. Бу иши учун катталардан олқиш кутади. Демак, у ҳам фикрлаяптими? Онги борлиқдаги ўзгаришларни қабул қиляптими? Таҳлил этяптими? Демак, у ўз-ўзини танишни бошлаган, борлиқда ўз ўрни борлигини биляпти, шунга яраша ўзига эътибор талаб қиляпти. Айрим олимлар буни онгсиз равишда англаш, деб ҳисоблаб, «фикрлаш» тушунчасига қўшмайдилар. Мен бу қарашни маъқуллай олмайман. Гўдак туғилиб, кўзи очилди - борлиқни кўрди. Мия ҳужайралари шакллана бошладими, демак, ўзига хос равишда фикрлай бошлади. Олти яшар бола билан ўн олти ёшли боланинг «Мен кимман?» деган саволга жавобан ўзини ўзи танишдаги ҳолати, талаб, интилиши бир ҳил эмас, албатта. «Мен» масаласида бош қотирувчи файласуфлар учун бу фарқ унча муҳим эмасдир. Аммо тарбия учун масъул одам бу фарқни эътиборга олишга мажбур. Айрим олимлар гўдакнинг дастлабки ойлардаги ҳаракатларини фикрлашдан ҳоли деб биладилар ва бу даъволарини исботлаш учун «Одам бир-икки ёшгача кўрганлари, эшитганларини эсламайди, унутади», дейдилар. Уларнинг айтишларича, унутишларига сабаб - тиллари чиқмагани, гапира олмасликлари экан. Агар бу фикрни тўғри деб қабул қилсак, фикрлаш гапириш билан боғлиқ бўлса, соқовлар умуман фикрламайдиларми? Ўша олимларнинг таъкидига кўра, боланинг ўзликни англашдаги биринчи ҳаракати «Мен» деган сўзни айтишидан бошланаркан. Бу фикрга кўра сиз: «Бу қант кимники?» деб сўрасангиз, бола «Меники (ёки «ўзимники»)» дейди. «Бу кимнинг аяси?» десангиз - «Меники!» дейди. Ёки боланинг қўлидан ушлаб етакласангиз «ўзим юраман», дейди, бирор ишни ҳам (эплолмаса-да) «ўзим қиламан», дейди. Эътибор беринг, бу шунчаки ҳархаша эмас, бола ўзининг ҳаққини талаб қиляпти. Жамоада ўзининг ўрни борлигини фаҳмлаяпти. У ўз ўрнини, ҳаққини турли йўллар ва усуллар билан талаб қилади, кўп ҳолларда талабининг бажарилишига эришади. Баъзан эркаланади, баъзан йиғлайди, баъзан катталарни ёмонлайди ёки чақимчилик қилади. Бу жараён, яъни боланинг ширин сўзлари, қилиқлари бизни фақат қувонтиради. Шахснинг етуклик сари қадам ташлаётганини эса сезмаймиз ёки эътиборсиз қолдирамиз. «Талаб қилинаётган нарсага ёлғон айтиш ёки чақимчилик орқали осон эришиш мумкин», деган фикр аста-секин қувват олиб, бола феъл-атворининг шаклланишида ҳукм ўтказа бошлагач, уни бу йўлдан қайтариш ҳаракатига тушамиз. Ҳар қандай нотўғри фикр бирданига туғилмайди,тасодифан юзага чиқиб, амалда кўринмайди. Боладаги фикр ерга қадалган уруққа ўхшайди. Униб-ўсиб, мева туггунча анча вақт, ҳатто йиллар ўтади. Биз фақат мевасига дуч келганда ажабланамиз. Отаси олиб келадиган ширинликка шерик бўлувчи ака беш ёшли бола учун асосий рақиб саналади. У рақибни четга суриш йўлини излайди. Бир марта қилган чақимчимлиги яхши самара берса, ака ширинликдан маҳрум этилса, у ўзининг ғалабасидан қувонади. Сўнг бу «қуролини» тез-тез ишга сола бошлайди. У олти ёшида, саккиз, ўн етти ёшида ҳам рақибларни суришда айнан шу услубдан фойдаланадиган бўлиб қолади. Каминани баландпарвозликда айбситманг, ватан хоинлари асосан чақимчилардан чиқади. Гарчи файласуфлар ва бошқа олимлар бу «Мен» хусусида кўп асрлардан бери бош қотирсалар-да, биз ўз фарзандимиздаги бу жараёнга етарли эътибор бермаймиз. Сиз билан биздан масалага файласуфона ёндошиш талаб этилмайди. Биз боламизга меҳрибон, синчков ота-она сифатида яқинлашсак бас. Бирон танишимиз ёки қариндошимизникига бир йил ўтказиб борсак, болаларини кўриб: «Қаранг-а, ўғлингиз кап-катта бўлиб қолибди» деб ҳайратланамиз. Ўз фарзандимиз ўз қанотимиз остида кун сайин эмас, соат, дақиқа сайин ўсиб улғаяётганини эса сезмаймиз. Бола ўзини англаш жараёнида биз бераётган адабдан ташқари атрофдан олаётган таассуротлари асосида ҳам ўзича фикр юритади. Болага мактабда ёки уйда шарафли ҳадисдаги «Бешикдан то қабрга қадар илм эгалла», ҳикматини ёки Хитой файласуфи Конфуцийнинг: «Уйда ёшлар ота-оналарини иззат қиладилар. Хонадондан ташқарида катталарнинг гапларига қулоқ осадилар, ҳақиқатгўй ва эҳтиёткор бўладилар. Барчага, айниқса одамийликни фан қилган инсонларга муҳаббатда бўладилар. Шу ҳаракатларидан сўнг куч-қувват топа олсалар илм олмоққа интиладилар», деган доно сўзларини сингдиришга ҳаракат қилинди, дейлик. Бола бу сўзларнинг тўғри эканини тан олади. Лекин кўчада, масалан, чойхонада доимий равишда бекор лақиллаб ўтирувчиларни кўриб, бу ҳақиқатга амал қилиш шарт эмас экан, деган фикрга келмайдими? Баъзи ота-оналар фарзандидан ранжиб «Ҳеч гап тушунтиролмайман» деб нолишади. Чиндан ҳам болага гап уқдириш осон эмас. Хўш, ўзимизчи, фарзандларимизнинг гапларини, хоҳишларини дарров тушунамизми? Ота-она билан фарзанд ўртасида тушунишлик бобидаги келишмовчилик қачон пайдо бўлади-ю, у қандай ҳал этилади? Ҳал этиш чоғида боланинг ўзини таниш, англашга интилаётгани ҳисобга олинадими? Баъзи ўсмир отаси ёки онасига мақсадини англата олмай «Сиз тушунмаяпсиз!» деб юборади. Ота-она буни эшитиб: «Ҳа, энди биз тушунмайдиган бўлиб қолганмиз», деб ранжишади. Ранжиш ўрнига боламиз айтаётган масалага унинг кўзи билан қараб, унинг онги билан фикрлаб кўрсак-чи? Афлотун ҳаким дебдиларки: «Фарзандларингиз илм ва адабини ўзингизнинг илм ва адабингиз билан чекламанг, уларни келгуси замон учун тайёрланг, чунки улар сизнинг замонангиз эмас, келгуси замон одамлари бўладилар». Болалар хоссатан маълум бир оиланинг фарзанди, омматан эса мамлакатнинг, бутун дунёнинг фарзандидир. Улар - ижтимоий-сиёсий ҳаёт нуқтаи назаридан қарасак -эртанинг тарихини яратувчилардир. Оилавий томондан олсак, улар ҳам эртами-индин ота-она бўладилар. Эртами-индин улар ҳам ўз фарзандларини тарбия этадилар. Айни замонда (агар тирик бўлишса) ўз ота-оналарига меҳрибонлик қиладилар. Қуръони карим оятидаги таъбир билан айтилса, хокисорлик қанотларини пастлатмоқлари (фарзанд ота-онанинг ҳузурида ўзини қанчалик хокисор тутса, шунчалик яхши) лозим бўлади. Бизнинг фарзандларимиз - бизнинг қарилигимиздир. Тўғри тарбия - хайрли оқибат, яъни саодатли қарилик. Ёмон тарбия - ғам-аламга, хорликка қоришган қариликдир. Фақат бугина эмас, эл-юрт олдидаги бурчимизни бажара олмаганимиз оқибатида бўйнимизга тушадиган гуноҳдир. Айрим ота-оналар учун эса тавқи лаънатдир. Оллоҳ шундай бўлишдан асрасин, ҳидоятдан адаштирмасин. - “Ўсмирлар жиноятчилиги» деган атамани ҳаётимиздан кетгиза олмаётганимизнинг сабабларини қаердан ахтаришимиз керак? - Ҳар қандай ходиса ўз-ўзидан юз беравермайди. “Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди”, деймиз. Шамол бўлмаса дўл ташловчи булутлар ҳам келмайди. Чуқурроқ ўйлаб қарасак, шамолнинг ҳам, булутнинг ҳам пайдо бўлиш сабаби мавжуд. Бошқача айтсак, ҳар нарсага туртки керак. Ҳатто зилзила бошланиши учун ҳам бир туртки лозим. Кимёда тинч турган суюқликка “катализатор” деб аталмиш бошқа модда ташланса ҳаммаёқни вайрон қилиб юборади. Инсон ҳаётида маълум ёшда шундай турткига дуч келади. Буни “бурилиш нуқтаси” деб белгилаш ҳам мумкин. Чунки айнан шу туртки туфайли одам ё яхшилик томон ёки ёвузлик томон бурилиб кетиши мумкин. Болалик ёки ўсмирлик чоғида бирон олимга учраса, унга меҳр қўйса шу йўлдан кетади. Лекин, Худо кўрсатмасин, ўғрига ёки гиёҳвандга дуч келса, ундан қўрқибми ё зулм оламига ҳаваси қилибми, бу йўлни танлаши эҳтимол. Ёки кўнглини зада қилган бирон нохуш воқеа туфайли аламзадалик билан киради бу йўлга. Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Ўсмирнинг жиноятчи бўлиб қолишига муҳит сабаб. Жиноят муҳитига яқинлашган ҳар қандай ўсмир дарров бу оламга кириб кета қолмайди. Оилада яхши тарбия кўрганлари ўзини тутиб олиши, бу йўлдан қайтиши мумкин. Қайтмасликнинг сабабини ўша оиладаги нотўғри тарбиядан излаш керак. Ўғирлик асосида етишмовчилик ётгандай туюлади. Лекин моддий жиҳатдан яхши таъминланган, ҳатто бадавлат оилаларнинг фарзандлари нима учун ўғирлик қилишади? Болалар ва ўсмирларнинг жиноят оламига кириб қолишларига яна бир сабаб - катталарнинг лоқайдлиги. Айрим катталар жиноятчиларга қўшилган қўшнисининг боласини кўрса ҳам “менга нима!” деб бепарво ўтиб кетаверади. - Бу гапингиз “Бир болага етти тикув” мақолини эслатяпти. Бу болада шаклланаётган мустақиллик, шахс эркинлиги каби туйғуларга ҳалақит бермайдими? - Саволингизга жавоб бериш учун яна “ўсмир мустақиллиги ва ўзбошимчалиги” деган мавзуга қайтишимиз керак. Бу икки тушунчани аралаштирмаслик керак. Сиёсий тилга кўчирсак, демократия бошқа, анархия бошқа. Демократия жамиятни тараққий эттиради, анархия эса харобликка, тарқоқликка бошлайди. Шахс эркинлиги масаласига келсак, саволингизга савол билан жавоб берай: шахснинг эркинлигини инкор этмаймиз, лекин шахснинг жиноят қилиш эркинлиги ҳам борми? Унга бу эркинликни ким берган? Жамият шахс эркинлигини ҳурмат қилади, аммо жиноят эркинлигига йўл бера олмайди. Йўл берса, бундай жамиятнинг келажаги бўлмайди. - Кейинги йилларда “қиз-жувонлар саводхонлигини ошириш” деган гапларга тез-тез дуч келяпмиз. Шунга қандай изоҳ бера оласиз? - Бундай саволларга аввал ҳам дуч келганмиз, ақлимиз етган даражада жавоб қайтаришга уринганмиз. Мавзу муҳим бўлгани учун, саволни четламай, такрор бўлса-да, фикримизни баён этамиз: аввали шуки, илм олиш аёлларга фарз қилинган. Бандаларга буюриладиган вазифалар аксар ҳолларда умумий тарзда, яъни “эй мўминлар” ёки “эй иймон келтирганлар” тарзида баён этилган. Шарафли ҳадисда “илм олиш муслим ва муслималар учун фарз” деб алоҳида таъкид этилган. Бу бежиз эмас, чунки эрлар орасида “аёлларнинг илм олиши шарт эмас” дегувчилар олдинги замонларда ҳам бор эди. Ҳозир ҳам топилади. Аёлларнинг илм олишлари Аллоҳ томонидан буюрилган бўлса-да, кўп асрлардан бери кўп эрлар бу амрга итоат этмай яшадилар. Афсуским, бу хато фикрдагилар ҳозир ҳам учраб турадилар. Аёлларнинг илм олишлари икки томонлама фойда: биринчидан чуқур илм эгаллаган аёллар шу илмлари туфайли жамият равнақига ҳисса қўшадилар. Иккинчидан, фарзанд тарбияси, айниқса боланинг кичик ёшдаги тарбияси илмли аёл қўлида бўлса яхши эмасми? Илмли аёлнинг тарбияси билан илмсизникини тенглаштириб бўлмайди-ку? Дунёга машҳур олимлару шоирларнинг дастлабки илмни оналаридан олганлари сир эмас-ку? Бола дарс тайёрлаётиб ёрдамга муҳтож бўлиб қолганида биринчи галда онасига мурожаат қилади. Агар она илм эгаси бўлса “э, бор-е, бошимни оғритма, ана, адангдан сўра” демайди. Фарзандининг ҳафсалсини пир қилмайди. Илмнинг қадрига етадиган она бозорга тушганида фарзандларига фақат қурт-писта ёки сақич харид қилмай, китоб дўконига ҳам киради. Жиззахлик бир биродаримизни ҳар ойда бир марта Тошкентдаги китоб дўконида учратамиз. “Болаларимизга янги китобларни олиш учун хотиним мени мажбур қилиб юборади”, дейди у кулиб. Ана шундай аёлларни чинакамига меҳрибон она, деб шарафлашимиз керак. Эрга нисабатан аёлнинг илм олишдаги машаққати зўрроқ. Чунки рўзғор ташвишлари, бола тарбияси каби юмушлардан ортиб китоб ўқиш осон эмас. Китоб ўқиб ўтирган хотинини кўрган эр “хотинимга ҳалал бермай, чойни ўзим дамлаб ича қолай” дермикин? Ё қайнона индамай қўя қолармикин?.. Не шодким, шундай қийинчиликларга қарамай, муҳтарама сингилларимиз илм оляптилар. Ўзбек аёллари орасида дунё таниган олималарнинг борлиги миллатимиз учун фахрлидир. Агар Ер юзидаги ўнлаб мамлакатларда яшовчи миллионлаб аёлларнинг ҳатто ҳарф танимаслигини инобатга олсак, қалбимиздаги фахр туйғуси мукаммал бўлади. Биз илм йўлидаги қизларимизга, опа-сингилларимизга “баракалла!” деймиз ва бу ҳаракатларининг ширин меваларига етишишларини тилаймиз. Тоҳир Малик “Гулчеҳралар” газетаси, 2007 йил. |
« Олдинги | Кейинги » |
---|