Принтер учун E-mailга юбориш
ҲАЁТ АЛБАТТА  ТОТЛИ

- Қарийб ярим йил давомида газетхонларимиз “Мурдалар гапирмайдилар” қиссаси билан танишдилар. Бу вақт ичида таҳририятимизга юзлаб мактублар келди.
 
-Суҳбатимиз аввалида мактублардан гап очиб яхши қилдингиз. Таҳририят қиссани эълон қилиш ҳақидаги таклифни айтганида, очиғи, газетхонлар томонидан бу қадар қизиқиш бўлар, деб ўйламаган эдим. Чунки асар ёзилганидан бери уч марта қайта нашр этилганди. Мактубларнинг айримларини ўқидим. Баъзи газетхонлар асар билан аввалдан таниш бўлишса-да,  “Бекажон” да эълон қилинган саҳифаларни ҳам қизиқиб ўқишибди. Асарни ўқиб чиққан барча мухлисларимга, хусусан мактуб йўллаган азизларга алоҳида миннатдорлик билдираман. Мактублар кўп бўлгани учун барчасига жавоб ёзиб юборолмайман, бунинг учун узр. Азизларим мендан ранжишмас, деб умид қиламан. Мактубларни таҳририятдан илтимос қилиб сўраб олиш ниятим бор. Токи мактублардан уфуриб турган қалбларнинг ҳарорати менга илҳом бериб тургай. Азизларим, билингки, мен сизлар учун хизмат қиламан. Агар хизматимдан бирон наф унаётган бўлса, бахтиёрман, Аллоҳга шукур!
 
- Газетхонлар асарни ўқиб бўлишди. Қиссани яратиш тарихи билан қизиқишлари табиий. Суҳбатимизни шу савол билан бошласак.
 
- Деярли барча мактубда “Шайтанат” тилга олинибди. Бу асар дастлабки ниятимга кўра уч китобдан иборат бўлиши керак эди. Учинчи китобга сўнгсўз ёзиб, бундан бу ёғига “Шайтанат” туркумида бир неча асар ёзиш умидим борлигини айтган эдим. Туркумнинг биринчи китоби “Мурдалар гапирмайдилар” бўлди. Бу китоб якунига етгач, “Шайтанат”нинг тўртинчи китобини ёзиш фикри туғилди. “Шайтанат-4”ни ёзиб тугатиш анча вақт олди, сўнг соғлиққа доир муаммолар туғилиб, туркумни давом эттириш имконим бўлмади. Худога шукурким, ҳозир туркумнинг иккинчи китоби якунига етай деб турибди. Мухлисларимизнинг дуолари билан “Талваса” деб номланган асарни шу йил охири, ёки кейинги йил бошларида “Бекажон”га тақдим этиш умидим бор. Энди “Мурдалар гапирмайдилар”га қайтсак, асарнинг ёзилишидан мақсадни ўқувчиларимиз тўғри англашибди: “Нафснинг келажаги зулмдир, зулмнинг келажаги эса хорликдир”, деган фикр эҳтимол асарнинг шиори бўлишга арзир. Бу каби асарларни ёзишдан мақсадим шайтанат олами, яъни шайтонларга тобе бўлган жиноят олами билан ёшларни таништириб, уларни бу ярамас йўлдан қайтаришга уринишдир. Бошқача айтганда атрофимизда шундай қабиҳ олам борлигидан одамларни  огоҳ этишдир. Бизнинг адабиётимизда ҳали “қонундаги ўғри” деб аталмиш жиноятчилар олами баёни берилмаган эди. Бу оламнинг шиорига эътибор беринг: “Дунёда ўғридан бошқа ҳеч ким инсон тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқига эга эмас!” Мана шундай зулм оламини биз билишимиз керакми? Албатта керак. Фарзандларимизни бу олам таъсиридан ҳимоя қилишимиз учун ҳам керак. Ҳар ҳолда мен шундай бўлар деган мақсадда қўлга қалам олган эдим. Мактуб йўллаган азизлар асарнинг тарбиявий аҳамиятига ҳам тўхталишибди. Мен бундан мамнунман. Агар бирон бир асар тарбияга хизмат қилмас экан, ёзувчининг уринишлари зое кетибди, деб ҳисоблайман.
 
- Асарда ўғрилар оламининг Фарғонада юз берган фожиага алоқадорлиги ҳақида ҳам сўз юритгансиз. Бу бадиий тўқимами ё ҳужжатлар асосидаги гапми? Адашмасам, “Шайтанат”да ҳам шундай гаплар бор эди?
 
- Иккинчи жаҳон уруши йиллари Қофқазнинг Месхетия музофотидан мажбуран ҳайдаб, кўчириб келинган турклар Ўзбекистондан бошпана топишган эди. ХХ асрнинг сўнгги чорагида советлар тузуми уларнинг бошига яна бир фожиа ёғдирди. Фарғона вилоятида қарийб қирқ беш йил ўзбеклар билан оға-ини каби тинч-тотув яшаган месхетиялик туркларга уюштирилган тўқнашув, сиз эслатганингиздай, “Шайтанат”нинг биринчи китобида қаламга олинганди. Ҳа,  бу тўқнашув шунчаки қулупной савдосидан келиб чиққат тасодифий ҳол эмас, балки айнан Москвадан туриб уюштирилган ва бошқарилган эди. Мана шу сирдан огоҳ бўлгани сабабли Зелихон ўлдириларди. “Мурдалар гапирмайдилар”да ана шу фожиага тайёргарлик кенгроқ тарзда баён этилди. Қўлимда аниқ ҳужжатлар бўлмаса-да, бу фожиани бадиий тўқима сифатида қабул қилмаслик керак. Мен Фарғона фожиаларини, хусусан ёниб ётган уйлар, машиналарни, энг даҳшатлиси - ёниб кўмирга айланган одам жасадларини ўз кўзларим билан кўрганман. Бу ваҳшийликни оддий ўзбек ҳам турк ҳам қилмайди. Яна таъкидлайман: ўзбеклар ва турклар йиллар давомида аҳил-иноқ яшаб келганлар, ораларида сира адоват бўлмаган. Ёдингизда бўлса, “Шайтанат”да “Нон берган жон олмайди!” деган хитоб бор. Бу гапни мен тўқимаганман. Ўша қонли кунларда жабрдийда турк оқсоқолидан эшитганман. Ўша воқеаларни мантиқий таҳлил қилиб, келиб чиқиш тарихини шу таҳлилга асосланиб ёздим.
 
- Ўқувчиларни ҳамиша “қаҳрамонлар ҳаётидан олинганми?” деган саволлар қизқитиради.
 
- Агар ҳаётдан олинмаса, фақат тўқимага асосланса ёлғон гап кўпайиб кетади ва оқибатда китобхон ўқиганларига ишонмай, ҳафсаласи пир бўлади. Асардаги қаҳрамонларни ҳаётда қаердадир учратгандай бўлса, ажабланмаслик керак. Ҳаётда учрайдиган турли воқеалар бир қаҳрамон атрофида бирлаштирилади. Масалан, Дарбадар ҳақида газетхонларимиз илиқ гаплар ёзишибди. Мен айнан шу одамни, хусусан Нуриддинни ҳаётда учратмаганман. Лекин 1992 йилда муборак Ҳаж сафарида бўлганимда бир суҳбат мени ларзага солган эди. Ўша йили бизлар мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ҳожилари сифатида сафарга бориш бахтига муяссар бўлган эдик. Минодаги минглаб чодирлар, ўнлаб байроқлар орасида ватанимиз байроғини кўриб йиғлаган эдик. Ўша жойда оёқ-қўлсиз бир ўзбек билан учрашгандик. Маълум бўлишича, бу одамнинг отаси йигирманчи йилларда совет қирғинидан жон сақлаш учун юртни ташлаб кетган экан. Болшевиклар зулмидан қочган оиланинг бу фарзанди  Афғон урушида советларга қарши жангга кирибди, яраланиб, бу аҳволга тушибди. “Дарбадар” образини яратишда ўша одам, унинг қиёфаси кўз олдимда турди. Матлубанинг кўрпа-тўшакларни олиб чиқиб ёқиши ҳам тўқилган эмас, бир оиланинг тарихидан айтиб беришган эди. Абдуқаюм образи тўла равишда тўқима эди. Лекин бир куни масжидда худди шундай йигитни кўрсатишганда ўзим ҳам ажабландим. Биродарлар шу йигитни ёзган, деб ўйлашган экан.
 
- Энди газетхонларнинг саволларига ҳам навбат берсак.
 
- Сизнинг саволларингизни ҳам мактубларда учратиш мумкин. Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи синглимиз Гўзалхон “Матлубанинг тақдири нега бундай тугади?” деб сўрабдилар. Назаримда, синглимиз унинг тақдирига ачиняптилар шекилли. Паркентлик синглимиз Зулфияхон мени асар қаҳрамонларига, айниқса ижобий қаҳрамонларга “озгина шафқатсизлик” қилишда “айблаганлар”. Бундай айбномани мен турли учрашувларда ҳам эшитиб тураман. Бир учрашувда “Шайтанат”даги Зайнаб тақдирига ачинган ўқувчимиз “Нега Зайнабни бунақа оғир аҳволга солиб қўйдингиз, шунчалар бемеҳрмисиз?” деб гина қилдилар. Мен дедимки: “Мен шафқатсиз эмасман, асли яхши боламан. Атрофга боқинг: ҳаёт шафқатсиздир. Ҳаёт ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Шунинг учун ҳам “Бунчалар аччиқсан, ширин ҳаёт!” деган гаплар юради. Ҳаётнинг бунчалар шафқатсиз эканини очиқ баён этишдан мақсад шуки, ҳаётни тотли деб улғаяётган ёшлар биринчи зарбадаёқ гангиб қоладилар. Ҳаёт албатта тотли. Лекин унинг аччиқ томонлари ҳам борки, ёшларни тарбия қилаётганимиздан бу ҳақиқатдан ҳам огоҳ қилиб қўйшимиз шарт. Йўқса, биринчи зарбага дуч келганларидаёқ ҳаётдан безиб қолишлари эҳтимоли бор. Ҳаётдан безишнинг оқибати эса фожиа билан тугаши мумкин (Аллоҳ сақласин!). Матлубанинг яна ёлғиз қолишини эса мутелиги учун берилган бир жазо дейишимиз мумкин. Агар “Эрининг ёмон, бузуқ йўлларда юришига хотин ҳам айбдор”, десам кўпчилик менга эътироз билдириши табиий. Бизда хотиннинг эрга қарши исёни маъқулланмайди. Лекин эрини ёмон йўлдан қайтариш учун хотин ҳам ҳаракат қилиши керак.
Оҳангаронлик синглимиз Саидахон “асар “салгина” мураккаброқ. Қаҳрамонларнинг дунёқарашлари сал бўрттириброқ берилган”, дебдилар. Гап шундаки, ҳаётга ҳар ким ўз кўзи билан қарайди, ўз идрокига яраша фикр юритади. Ҳаётдаги муаммоларни зийраклик билан кузатсак, баъзан осон кўрингани билан аслида ғоят мураккабдир. Мен бу мураккабликларни бир оз соддалаштириб баён қилишга ҳаракат қиламан. Эҳтимол айрим баёнларда мураккабликлар сақланиб қолгандир. Мен асарнинг якунини мавҳумроқ қолдиришни ёқтираман. Балки шу жойлар мураккаб туюлгандир.  Дунёқарашларнинг бўрттирилиши ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Маълум бир фикрни баён қилишда ана шу бўрттиришга атайин мурожаат қилинади. Лекин бу “бўрттириш” меёрида бўлиши керак. Меёрда ошса, ўқувчи ишонмай қўяди.
 
- Ўзингизга ёққан мактубларни айта олмайсизми?
 
-Ҳамма мактублар ёқди. Чунки барча мухлисларимиз фикрларини холис баён этганлар. Мактублар орасида жиддий таҳлиллар ҳам учрайди. Пискентлик Акром Маликовнинг фикрларидан мамнунман. Акромжон 4-мактабда ўқир эканлар. Бироқ. таҳлиллари адабиётшунос олимникидан кам эмас. Шу мактуб газетада тўлалигича эълон қилинса яхши бўларди. Андижонлик Гулнозахон Темирова, риштонлик Баҳриддин Муҳаммадалиев, тошкентлик Дилфузахон Мақсудова, Навоийлик Улжон    Ғаниева, нукуслик Роза Абдиреймованинг фикрлари ҳам таҳсинга лойиқ. Айниқса вобкентлик пенсионер акамиз Туроб Пўлатовга, олмалиқлик Турсуной Туроповага алоҳида раҳмат айтаман. Дилфузахон Мақсудова мактаб кутубхоначиси эканлар. Синглимизга миннатдорчилик сифатида янги ўқув йили бошлангач, кутубхоналарига китобларимдан совға қилишни ният қилиб қўйдим.
 
- “Бекажон” ўқувчиларига тилакларингиз.
 
- Мактублардан маълум бўлдики, мухлислар газетанинг ҳар бир сонини орзиқиб кутишар экан. Ҳар саҳифасини қизиқиб ўқишаркан. Муҳтарама опамиз Турсуной Содиқованинг суҳбатлари, “Солиҳа Бекажон” саҳифаси ва бошқа саҳифалардан мамнун эканликларини ёзганлар. Бу фикрлар газета таҳририятининг меҳнатига берилган холис баҳодир. “Бекажон” оз фурсат ичида халқ юрагига йўл топа олибди. Газета минг-минглаб ўқувчиларга манзурми, демак, у маънавиятимиз учун яхши хизмат қиляпти экан. Неча минглаб ўқувчи бекорга пул сарф қилиб газета сотиб олмайди, бекорга вақт сарф қилиб ўқимайди. Энг муҳими - вақт. Пул сарф қилиб газетага бекордан бекорга хат ҳам ёзмайди. Бу далилларнинг ўзиёқ  “Бекажон” газетасининг маънавий     ҳаётимизда ўз муносиб ўрнини топа олганидан далолатким, бу ютуқ билан таҳририятни чин дилдан олқишлаймиз. Мен билан адабиёт мухлисларини “Бекажон” саҳифаларида дўстлаштиргани учун ҳам таҳририятга миннатдорлик билдираман. Бундан кейин ҳам мухлислар билан шу газета орқали тез-тез учрашиб туришга ҳаракат қиламан. Азиз мухлисларимиз билан фақат газета орқали эмас, таҳририят ташкил этадиган турли тадбирларда ҳам дийдор кўришиш ниятим бор. Барча газетхонларнинг хонадонларига Аллоҳдан қут-баракот тилайман.
 
Тоҳир Малик
 
“Бекажон” газетаси, 2006.
 
Кейинги »