Принтер учун E-mailга юбориш
ОЛИМ БЎЛИШ... ҚИЙИН

   Гапни мақолдан бошласак: “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин”, дейдилар. Одам бўлиш қийин эканлигига шак келтирмайман. Икки оёқда юриб, озгина фикрлай олган билан одам қаторига қўшилиш мушкул. Одам бўлиш учун не-не ҳислатларга эришиш лозимлигини алломаю донишмандлар минг йиллардан бери уқдириб келадилар. Бу ўгитларга, ҳикматларга бирон янги фикр қўшишга жазм эта олмайман. Мен мақолнинг биринчи қисмига озгина эътироз билдириб, шу масалага доир фикрларимни ўртоқлашмоқчиман.
Чиндан ҳам олим бўлиш осонми?
   Ўн йил мактабда, беш-олти йил олий ўқув юртида ўқиш, сўнг уч йил аспирантура, ниҳоят, диссертация ҳимояси... Шу уч пиллапояни босиб ўтиб қулинг ўргилсин олимга айланасан, қоласан. Шундайми? Ғайрат қилсанг, докторлик унвони ҳам қочиб кетмайди. Диссертацияга ҳаракат қилиб, мақсадга етолмай доғда қоладиганлари кам. “Сендан -ҳаракат, Мендан - барокат”, деганларидай, ғайрат бўлса, бас!
   Республикамизда ҳозир уч мингдан зиёд фан номзоди, мингдан зиёд фан докторлари бор. Бу кўпми ё озми? Сон жиҳатдан олиб қаралса, давр талабига нисбатан кам. Фан-техника асри одамлар олдига катта талаблар қўйяпти. Ишлаб-чиқаришдаги янги-янги ускуналар ишчидан баъзан олий маълумотга эга бўлишни, хўжаликни бошқариш эса камида фан номзоди даражасини талаб қиляпти. Давр олға босгани сайин бу талаблар ошиб боради. Демак, ўз-ўзидан олимларга қўйилажак талаблар ҳам ортади. Йигирма йил аввал диссертациясини ҳимоя қилиб олиб, шу билан “олим бўлдим”, деб ўсишдан тўхтаган фан номзоди даражаси бугунги олий маълумотли мутахассисдан паст экани сир эмас.
   Бугунги кунда Ватан иқболини белгиловчи жуда муҳим масалалар кун тартибида турибди. Фан-техникани янги талаблар даражасида тараққий эттирмасдан туриб, мамлакат келажагини тасаввур этиш қийин. Хўш, сафимизда минг-минглаб олимлар бўлатуриб, нима учун фан-техника тараққиётида давр талабига жавоб бера олмай қолдик? Нима учун кибернетикага асос солинган ўлкада, табобати, фалакиёт илми, ал-кимёси дунёни лол қолдирган халқнинг бугунги олимлари жаҳон миқёсида донг таратмай қўйдилар? Бу ўринда икки нарсани эътироф этиш керак: Ўзбекистон олимларининг кибернетика, ядро физикаси, кимё соҳаларидаги фахрланса арзигулик ютуқлари мавжуд. Бундан кўз юммаган ҳолда, ютуқларнинг давр зарбига нисбатан сустроқ эканини айтмоқчиман. Иккинчидан, Хоразмий, Беруний, Форобий, Фарғоний...ларни ҳозир буюртма орқали яратиб бўлмайди.
    Ўзбекистон фани сўнгги неча юз йиллар ичи йўқ даражага тушиб қолган эди. Неча юз йиллар жаҳолат мутлақ ҳукмрон бўлиб келди. Жаҳолат Мирзо Улуғбек бошини эмас, тафаккур бошини танидан жуда қилгандай бўлди.   Алломалар солиб кетган сўқмоқлардаги гард йигирманчи асрда жадидлар ҳаракати туфайли кўтарила бошлади. Қадимда Европа Шарқдан илм олган эди. Энди чархпалак айланиб, ўзбек ёшлари Ғарбдан ўргандилар. Қори Ниёзий, Ҳабиб Абдуллаев сингари олимлар фан тарихининг янги саҳифаларини очдилар.
   Ҳозир фан асосларини эгаллаш учун барча шароитлар мавжуд. Тошкент Давлат университетининг йигирманчи йиллардаги студентлари билан ҳозирги талабаларни солиштириб кўрайлик: ҳам моддий, ҳам амалий жиҳатдан бугунги ёшларга яхши шароитлар яратилган. Демак, биз бугунги олимларимизга энг юқори талаблар асосида даъво қилсак арзийди.
   Айтмоқчи бўлганларимни “даъво” дейиш балки жоиз эмасдир. Чунки мен олимларни бирваракайига айбситмоқчи эмасман. Мен фақат олимлар орасида олим деган номга ҳали нолойиқ, бу даргоҳга “олим бўлиш осон” деб кириб қолган,  фанга, демакки жамиятга фойда беришни ўйламай юрувчи айрим “илм кишилари” ҳақида сўз юритмоқчиман халос.
   Менинг тасаввуримдаги чинакам олим бўлиш учун: 1.Фақат диссертацияси атрофида ўралашмай, фаннинг кенг тармоқларини, тўла ўзлаштирмаган тақдирда ҳам, билиши керак. Яъни, “қомусчи олим” даражасига етмоқлик учун ҳаракатни ҳеч қачон тўхтатмаслиги лозим. 2.Дунё тилларидан бир нечасини эгаллаши керак. Бизга ёқадими ё йўқми, истаймизми ё йўқми – маълум бир тил маълум бир даврада етакчилик қилади. Олимлар илмий ишларини ўз она тилларида эмас, ўша етакчи тилда олиб боришга мажбурлар. Қадим алломаларимизнинг илмий асарлари шу сабабли ҳам араб тилида ёзилган. Замонлар ўзгариб, энди инглис, рус тилида иш олиб бориш талаб этилади. Олим ўз ишини шу тиллар орқали дунёга ёя олади. 3.Маънавияти, бошқача айтганда, ички маданияти юқори бўлиши шарт...
    Бунча фазилатларга эга бўлиш осонми ё оғирми?
   Келинг, энди бу талабларни бир оз ойдинлаштирайлик: таъна тошларини узоққа отмай, ўзимизга яқин дўстлардан, адабиётшунос олимлардан бошлайлик.
   Фантастикага қизиқиб юрганим сабабли, айрим адабиётшунос олим ўртоқлардан “фантастикани яхши тушунмайман”, деган гапларни эшитиб қоламан. Хўш, фантастикани яхши тушунмайдиган олим Херберт Уэллс ёки Алексей Толстой ижодини қандай таҳлил этиб, қандай баҳо беради? Ёки Алишер Навоий ҳазратлари асарларидаги фантастика элементларини четга чиқариб туриб ўрганадими? Ана шу “тиш ўтмаслик” оқибатида тап тортмай Алишер Навоий фантаст шоирга, эртаклар эса “фантастик асар”ларга айлантириб юбориляпти.
   Хўп, фантастика биз учун нисбатан янги жанр, аниқ фанлар бўйича олинган ғояларни тушуниш қийиндир. Лекин “Ўзбек поэзияси коллективлаштириш учун курашда” (бу тахминий ном) деган диссертация муаллифи мумтоз назм: Лутфий, Навоий, Огаҳий, Турди, Пахлавон Маҳмуд... ижоди бўйича бемалол баҳсга кириша олармикин? Ёки драматургия, публицистика муаммолари бўйича атрофича тадқиқотлар қилишга қурби етармикин? Ҳозир адабиётшуносларимиз жанрларга бўлиниб олганлар. Уларнинг ҳар бири ўз жанрига содиқ бўлиб, бошқаларнинг “нонини яримта қилишдан” ўзини тийиб туради. Шунинг учун ҳам кўп илмий мақолаларда бир ёқламаликни учратамиз. Услубий изланишлар ҳақида фикр юритилса, бадиий тил муаммоси қолиб кетади. Тил муаммоси таҳлил этилса, ишонарли образ яратиш масалалари унутилади. Оқибатда асар бор бўйича олинмай, “нимталанади”.
   (Энг қизиғи шундаки, яқинда “филология фанлари кандидати” деган унвонни кўтариб юрган ўн олимдан “филология” атамасининг луғавий маъноси нима?” деб сўрадим. Шулардан еттитаси “адабиётшунослик” деб жавоб берди. Учтаси ҳақиқатга сал яқин келиб “тил тарихини ўрганувчи фан”, деди. В. Дальнинг луғатида  шундай изоҳ ҳам бор. Аммо сўзнинг асл келиб чиқиши бутунлай бошқа – “филология” атамаси лотинчада “билимни севаман”, деган маънони англатади. Шуни билмагани учун у дўстларимни билимсизга чиқармайман. Лекин ҳеч бўлмаганда ўз фанларининг номи билан қизиқиб қўйишлари лозим эди, деб ўйлайман).
   Аниқ фанларда ҳам шундай ҳолни учратиб турамиз. Аввало физика, кимё каби фанлар майда тармоқларга бўлиниб кетди. Ана шу бўлиниш оқибатида бошқа-бошқа фанлар қўшилиб, янги фан тармоқлари юзага келди: биофизика, астрофизика, биохимия, бионика... каби фанлар шулар жумласидан. Демак, физик ёки кимёгар олимнинг даражаси шунга мос равишда ошиши керак. Ҳолбуки, биз акс ҳолларга дуч келамиз. Физика фанлари номзоди, агар у ярим ўтказгичлар бўйича мутахассис бўлса, айтайлик, магнит майдони ёки космик нурлар ҳақида етарли билимга эга бўлмайди. Ёки Политехника институтида “материаллар қаршилиги” фанидан дарс берувчи олимни бўлажак ирригаторларга рўпара қилсангиз, мўм тишлаб қолиши мумкин. Физик астрономияни яхши билмаса, астроном   - медицинани, медик - кимёни... Ҳар бири ўз қўрғонидан ташқарига чиқмаса, қандай ютуққа эришиши мумкин? Ахир фанлар бир-бири билан узвий боғланган-ку? Ҳозир медицина билан кибернетика бирлашиб, кўп ажойиботлар яратяпти. Фаннинг ана шу тарзда шаклланишининг ўзиёқ бугунги олимдан кўп нарса талаб қилади. Медицинадаги мутахассисларнинг бўлинишини мен “шартли бўлиниш”, деб ҳисоблашни истардим. Асаб хасталикларини ўрганган олим кўз бўйича мутахассис ёки томоқ бўйича мутахассиснинг ёрдамига муҳтож бўлади. Назаримда бу медик олимнинг билимлари чекланганини кўрсатувчи бир мисолдир.
   Ўз фанини атрофлича билмаган олимдан нима кутиш мумкин? Унинг тадқиқотлари юзаки бўлади, демакки, арзирли бирон янгилик бера олмайди. Фақат ўз қобиғига ўралиб олган олимга бошқа даъво қилмасак ҳам бўлар. Аммо бир масалани эслатмай ўтишнинг иложи йўқ. Олимларимизнинг аксари ўз фанлари, тадқиқотлари, ҳатто кашфиётлари билан халқни таништира олмайдилар. Қадимда алломалар бу ҳақда кўп бош қотирганлар. Фандан йироқ халққа илмий тилда гапириш самара бермайди. Шунда алломалар адабий тарзга мурожаат этганлар. Умар Ҳайём, Ибн Сино...ларнинг аруз тарзида ижод қилганлари бежиз эмас. Кейинги асрларда эса Европада фан асосларини халққа етказиб беришга хизмат қилувчи “илмий-оммабоп жанр” пайдо бўлди. Бу жанрда ижод қилиш учун арузда ғазал ёзмаса ҳам, бадиийлик нима эканини билиш шарт. Афсус билан айтиш лозим, ҳозирги олимларнинг кўпчилиги адабиётдан, умуман гуманитар фанлардан узоқдалар. Бу ҳолда  маънавий камолга эриша олинмаслигини таъкидлаш ортиқчадир. Шу ўринда муҳтарам олимларимиз “Хўп, биз бадиий адабиётдан узоқда эканмиз, айбимизни бўйнимизга оламиз, ўзингиз-чи, ёзувчилар-чи, аниқ фанлар билан умумий тарзда бўлса-да, хабардормисизлар?” дейишга ҳақлилар. Чин маънодаги маънавий камолот ҳақида гап кетар экан, бу саволдан сўнг биз ҳам бош эгиб қолишимиз тайин. Ҳар ҳолда кўпчилигимиз аниқ фанлар билан мактабдаги умумий танишувдан сўнг қизиқмаганмиз. Филфакда ёки журфакда аниқ фанлар ўтилмаганидан қувониб юраверганмиз.
   Бу ҳам олимлар, ҳам ёзувчилар ўйлаб кўрадиган масала. Олимларга алоқадор яна бир талабга тўхталсам: олимларимиз чет тилларни яхши билмайдилар.Чет тилидан “номзодлик минимуми” деб аталувчи имтиҳон топширадилар-у, тамом! Республикамиз олимлари ичида чет элларга бориб, ҳорижий тилларда маъруза қилганлар ҳам бор, буларни биламиз, фахримиз чексиз. Бироқ, бундай олимларимиз озлигидан афсусдамиз. Ёш олимларга ҳайронман. Чет тилларни ўрганиш имкониятлари яхши бўлса, чет тилини билиш ҳориждаги олимлар ишлари билан танишиш йўлларини очиб берса-ю, бу имкониятлардан фойдалана олмасалар? Оғир ботса ҳам айтай: танбаллик натижаси бу!  Тошкент Давлат Политехника институти архитектура (меъморчилик) факультетида яхши бир ташаббус бошланибди: битирувчи талабаларнинг айримлари диплом ишларини ҳорижий тилларда ёқлабдилар. Бу эътиборга молик, шаклланишга муҳтож ташаббус назаримда. Профессор Капицанинг ҳорижий олимлар билан  бемалол суҳбат қурганини телеэкранда кўрганимда менда “бизникилар ҳам шундай бўлишса эди”, деган армон уйғонади.
   Яқинда Тошкентдаги “Профессорлар шаҳарчаси” деб ном олган мавзеда олимлар даврасида бўлдим. Даврада бир маҳалла кишилари, бироқ, турли фан вакиллари тўпланишган эди. Ўқиётганингиз сатрларни ёзишга ўша суҳбатдан сўнг эҳтиёж сездим. Олимларимизнинг мендан норози бўлишларини, айрим фикрларимни инкор этишларини била туриб, ёзишга жазм этдим. Ҳеч бўлмаса, фанга кириб келаётган ёшларга фойдаси тегар, деган умидда ёзишга қарор қилдим.
   “Хўш, даврада нима воқеа юз берди?”- дерсиз? Гап шундаки, ҳеч қандай воқеа содир бўлмади. Турли соҳа олимлари ўзаро шунчаки гурунглашиб ўтирдилар. Олимлар йиғилганларида фақат фан соҳасидан гаплашсинлар, демайман. Даврада ўтириб мен бошқа нарсани ўйладим. Агар давра фақат физиклардан иборат бўлганида, истайсизми ё истамайсизми – суҳбат физика  фани атрофида юритиларди. Бу даврада эса ҳуқуқшунос, физик, геолог, кимёгар, математик... суҳбат учун умумий мавзу тополмаганларидан ажабландим. Бунинг сабаби оддий: юқорида айтганимдай, юрист физикадан, математик геологиядан бехабар. Ҳолбуки, бу фанларнинг бир-бирига алоқадор томонлари бор.
Олимнинг фандан бўлак ташвишлари ҳам мавжуд. Буни рад этмайман. Суҳбат учун ўзи қизиққан, ўзини тўлқинлантирган мавзу танлаши ҳам табиий. Лекин гап унинг шу мавзуда қандай фикр юритишида. Баъзан бошқа касб эгаларининг даврасида олимлар ҳам бўлишади. Фандан йироқ одамлар улардан кутилмаган гаплар кутадилар. Олим фан ҳақида гапириши шарт эмас, лекин турмуш икир-чикирларими, халқаро аҳвол ҳақидами сўз кетганда олимона фикр юритишга, мантиқий хулосалари билан бошқалардан ажралиб туришга мажбур. Дипломатик алоқалар ҳақида ибтидобий тушунчага эга бўлган одамнинг ўша олимлар даврасида халқаро аҳвол бўйича зўр бериб сафсата сотишидан ажабландим. Мантиқ тарозиси палласини босмайдиган гапларни олимлар даврасида айтаётган одам бошқа ерда гапирмайдими? Матбуотни зийраклик билан кузатувчи оддий ишчи ундан кулмайдими? “Шунга ақлинг етмаса қанақа олимсан?” демайдими? Шунақа ҳол юзага келса у одам албатта “мен файласуф (ёки тарихчи) эмасман, математикман”, деб ўзини оқлар. Лекин унутмайлик: гап фан намояндасининг маънавий камоли ҳақида кетяпти. Олим - ўзида маънавий бойликни, ахлоқий покликни ва жисмоний мукаммалликни (бу масала ҳам доимо диққат марказида бўлиши шарт) мужассамлаштирган, ҳар томонлама камол топган, ижтимоий жиҳатдан фаол шахс бўлиши керак.
   ЮНЕСКО берган маълумотга қараганда, кейинги эллик йил ичида Ер юзи аҳолиси ҳар йили 1,7 фоиз кўпайгани ҳолда, илмий ходимлар сонининг ҳар йили ортиб бориши 7 фоизни ташкил этган. Бу демак, ҳозирги илмий ходимлар сони фаннинг бутун тарихи мобайнидаги олимлар умумий сонининг 90 фоизини ташкил этади. Бу ўсиш Ўзбекистон мисолида ҳам кузатилади: республика Фанлар академияси ҳузуридаги 36та илмий-тадқиқот институти, 7та конструкторлик бюроси, 3та тажриба заводида 16 мингга яқин илмий ходим меҳнат қиляпти. Бу катта куч.
Олимликнинг оғир сўқмоқларидан ўтган, олим бўлиш осон эмаслигини амалда ҳис қилган, барча қийинчиликни енгиб ўтган фан намояндалари ҳисобига бу куч янада улуғроқ қудрат касб этмоғидан умидвормиз.
 
Тоҳир Малик
 
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1984, сентябрь.

 
« Олдинги   Кейинги »