Принтер учун E-mailга юбориш
ҒАФЛАТ УЙҚУСИ
 
Бу ғафлат уйқусидан, эй ёронлар,
уйғониб бўлмас.
 
 
Бобораҳим Машраб.

   Илк асарларимни машқ қилиб юрган кезларимда келажакдаги, яъни юз, икки юз йил кейинги ўзбеклар туриш-турмуши ҳақида мунозарали фикрларга банди бўлар эдим. Узоқ сайёраларга учувчи фазо кемаларининг байналминал аъзолари орасида ўзбекни ҳам кўришни умид қилардим. Бугунги аниқ фан асосларига минг йиллар бурун пойдевор қўйган ўзбек наҳот келажакда олис юлдузларга парвоз этувчи фазо кемаларини бошқара олмаса?!
Масковдаги бир баҳс ёдимдан чиқмайди. Ҳамкасб дўстим, руснинг инсофли, билимли ёзувчиси бўлган йигит билан суҳбатимиз мозий хусусида кечган эди. «Сизнинг (яъни, биз, ўзбекларнинг – Т.М.) ўтмишда буюкларингиз кўп эди. Ал Хоразмий, Ал Беруний, Ал Фарғоний, Ал Сино, Ал Форобий, Улуғбек, Али Қушчи,… Дунё тараққиётини бу зотлар заковатисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Аммо Улуғбекнинг ўлимидан сўнг сиз уйқуга берилдингиз, ҳануз уйғонганингиз йўқ…» Бошқа миллат вакилидан бундай танбеҳ эшитгандан кўра, ер ёрилса-ю, ерга кириб кета қолсам! Аммо начора, у ҳақ гапни айтди. Тўғри, буюк зотлар ҳар йили туғилавермайди. Худо қайси халқни алқаса, унга аллома фарзандлар беради. Бироқ, Худодан яхшилик тиловчилар фақат дуо билан кифояланмай, ҳаракат ҳам қилишлари керак-да! Биз ғафлат уйқусига берилиб Худо берган неча-неча аллома даҳоларини менсимай, тириклайин кўмган бўлсак-чи?!
  Даставвал ўтмишга қора лой чапладик. Феодал тузумининг ичак-чавоғини ағдариб ташладик. Энди «етмиш йил»ни қорага бўяш билан оворамиз. Ўтган кунларни қарғаш билан ёруғликка чиқиш мумкинми? Балки, уйқудан уйғонишнинг тўғрироқ бошқа йўли бордир? Ўтмишни қоралаш – уйқусирашдан, алжирашдан бошқа нарса эмас. Ёруғликка етиш учун ўриндан туриш керак, бет-қўлни ювиб, покизаланиб, сўнг остона ҳатлаб кўчага чиқиш керак. Чиққанда ҳам «кечаги кунимга минг лаънат» демай, «бугунги куним нурли, барокатли бўлсин» деган яхши ният, яхши ихлос билан қадам босилади. Менингча, ўтмишни қуруқ қарғаш ўрнига чуқур таҳлил қилмоқ лозим. Фақат ёмон ёки фақат яхши ўтмиш бўлмайди. Яхшими, ёмонми – кечаги кун бизники. Эрта ҳам бизники. Эртага яхшироқ яшаш учун кечаги кундан сабоқ олиш зарурроқ эмасми?
   Бугунги Ўзбекистонимиз мустақиллиги ҳақида сўз юритяпмиз. Сиёсий мустақиллик, иқтисодий мустақиллик деймиз. Бу – халқ дилидаги умидлар. Аммо, назаримда, бу муҳим масалага андак юзакироқ қараяпмиз. Қонун қабул қилган билан, депутатлар минбарда кўкракка уриб нутқ ирод этганлари билан , борингки, хориж кўмак бергани билан бу мустақилликка эришиб бўлмайди, халққа фаровонлик бериш ҳам қуруқ гапга айланади. Хорижликлар ажойиб корхоналар қуриб, хом ашё ўзимизда қайта ишланса ҳам мустақиллик йўли тўла очилмайди. Таъбир жоиз бўлса, мустақиллик – бир муаззам бино. Унинг пойдевори – иқтисодий мустақиллик, деворлари – сиёсий, томи эса, маънавий мустақиллик. Том мустаҳкам бўлмаса чакка ўтади, деворлар нурайди, пойдевор зах тортиб, иморат енгил зилзилага ҳам дош беролмай қолади.
   Шу муаззам иморат пойдеворига ҳозир тош қўйилмоқчи. Мустақиллик саройини биз эмас, келажак авлод қуриб битиради. Неча йилда қуриб битиради, қай аҳволда қуради – чиройли, мустаҳкам бўладими бу бино ё деворлари қийшиқ, томлари тешикми – бу бизнинг бугун фарзандларимизга бўлган муносабатимизга боғлиқ. Биз «болажон халқмиз», деб фахрланишни яхши кўрамиз. Серфарзандлик ҳали «болажон» деган гап эмас. Мен болажон деганда фарзандига беқиёс меҳр кўргазишни тушунаман. Ҳар бир инсон фарзандини суяди. Лекин яхши кўриш ҳам турлича. Фарзандини чинакамига суйган ота-она уни зарли либосларга ўрашни ўйламай, балки, ҳали покиза, булғанмаган болалик онгига дунёвий илмларни сингдиришни биринчи даражали вазифа деб билади. Энг сара либослар ҳам вақт ўтиб эскиради, титилади. Мияга жойланган илм эса умр бўйи асқотади, болани келажакда кимхоб чопонга ҳам ўрайди, олий мартабага ҳам эриштиради.
    1945 йилда Япония урушда мағлуб бўлди. Икки шаҳари бутунлай вайрон этилди. Одатда мағлуб халқлар узоқ йиллар мобайнида қад кўтаролмайдилар. Япония урушда енгилди, бироқ қисқа муддатда қад ростлаб, ғолиб мамлакатларни иқтисодий, илмий кўтарилиш жиҳатидан сиқиб қўйди. Бу нима, Худонинг мўъжизасими? Ростми, ёлғонми, билмайман: урушдан кейин бир одам Японияга фақат бир кун раҳбар бўлган экан. Эрталаб сайланганида у мамлакатдаги барча бойларни тўплаб «Болаларни ўқитиш, яхши боқиш учун пул беринглар», дебди. Бойлар миллионлаб пул беришибди. Кечқурунги мажлисда у одам ишдан олинибди. Шунда бойлар «пулдан айрилдик», деб ташвишга тушганида собиқ раҳбар «Сизлар ачинмай туринглар, бугун яхши дарахт экдинглар, мевасини ўн йиллардан кейин териб ейсизлар», деган экан. Биз ҳавас қилаётган Япония бу даражага айнан болаларга кўрсатган меҳри туфайли эришган, десам, янглишмайман. Биз япон магнитофонларига, автомобилларига ишқибозмиз. Японияга бориб келганлардан нарх-навони суриштирамиз, лекин «японлар болларига қандай тарбия берар эканлар?» деб зинҳор сўрамаймиз. Янада аччиқ ҳақиқатни айтсам, у ёққа борган биродарларимиз бу масалага қизиқиб ҳам кўришмайди. Бу юртга бир неча йил муқаддам борган ёзувчи акаларимиз эса япон болаларининг «аччиқ қисматлари»дан ҳикоя қилдилар. Ажабки, «болаларга шароит яратиб бермаган» Япония гуллаб-яшнасаю «бахтли болалик учун партияга минг раҳмат!» деб қўшиқ куйловчи юрт тобора қашшоқлашса?! Бу тушунарсиз ва мантиқсиз бир ҳол эмасми?
   Сиз мазкур мақолани ўқиганингиздан сўнг хоҳ мени қарғанг, хоҳ нафратланинг, аммо мен ўзим учун ҳақиқат бўлиб туюлаётган гапни айтишга мажбурман: болаларимизга бўлган муносабатимиз яхши эмас. Биз бу муносабатни тубдан ўзгартирмас эканмиз, ҳеч қачон ёруғликка чиқолмаймиз. Катта мажлислардаги гаплар, қарорлар, декларациялар осмонда дириллаётган чиройли варракдек кўзни  қувонтиришдан бошқа нарсага ярамай қолади. Кичик давраларда шу фикрни айтсам, дўстларимдан бири «нимага ўзбекларни танқид қилаверасиз, ўзбекмисиз ўзи?» деб танбеҳ берди.  Шу пайтгача «ўзбекмиз!» деб фахрланиб, ўзимизни ўзимиз мақтаб келдик. Энди камчилигимизни ҳам бир-биримизга айтайлик, тузатишга киришайлик. Ўзбекнинг шуҳратини аллома боболаримиз оламга ёйдилар. Биз-чи, ўзбекнинг шони-шуҳрати учун нима қилдик? Қозоқнинг буюк ёзувчиси Абайнинг насиҳатлар асари бор. Унда қозоқларнинг айби аямай айтилган. Абай халқим кўксига офтоб тегсин, деб бу нсиҳатларни бағри куйиб ёзган. Абдулҳамид Чўлпон эса:
    
                          Ҳасратим кўп, элга айта олмайман.
                             Армоним кўп, дилга жойлай олмайман,
- деганда нимани назарда тутдилар экан?
 
Ғафлат уйқуси – тун белгиси. Буни савод дейдилар. Савод қоронғулик демак. Саводни, яъни қоронғуликни ёруғлик, яъни зиё қувиб чиқаради. (Биз сўз маъносини англамай, «Саводхон бўламиз!» деб юриб, чиндан савод бағрига - зулмат ва жаҳолат салтанатига сингиб бордик). Ҳарф таниш – ҳали зиё деган гап эмас. Биз – ёппасига ҳарф танишга берилдик. Ҳарф таниш – зиёнинг ибтидоси. Интиҳоси – илм эгаси, ориф бўлмоқлик. Аксар одамлар ибтидода тўхтайдилар. Улар газит ўқий олишса бас, карра жадвалини билишса бас. Улар англамайдиларки, бу билан инсон вужудидаги, дилидаги, онгидаги зулматни қувиб чиқариш мумкин эмас. Халқимизнинг  оз қисми ибтидо довонидан ўтиб интиҳо – зиё сари юради. Сизга қандай туюлади, билмадим, бироқ иттифоқ миқёсидаги академиклар орасида бир-икки миллионли арман ёки гуржи одамларининг кўплиги, йигирма миллионли ўзбекдан эса Иттифоқ академиясида битта ҳам йўқлиги мени руҳан эзади. Биламан, сиз бунга бошқа сабаб ахтарасиз. Ўзбек боласининг куни далада ўтади, дейсиз, ўзбек олимларини чиқиштиришмайди, дейсиз. Бу даъвода ҳам жон бордир. Аммо асосий сабаб бошқа, бунга кўпроқ ўзимиз айблимиз.
   Асримиз аввалида Туркистон ўлкасида жадидлар яхши ният билан ҳаракат бошлаган эдилар. Улар халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш – болаларга билим бериш орқалигина амалга оширилиши мумкин, деб ишондилар. Жадидлар мактабларга ислоҳ кирита бордилар. Болаларни Оврупо мактабларига юборишга даъват этдилар. Бу ҳаракатни ўша дамларда аҳли дин орасидаги айрим жоҳил кимсалар англаб етмадилар. Чор ҳукумати, Бухоро амири уларни таъқиб остига олди, қувди, ўлдирди. Инқилобдан сўнг эса жадидлар буржуа ҳаракати сифатида бутунлай ботқоққа ботирилди. Қарангки, халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш фикри у томонга ҳам, бу томонга ҳам мақбул келмади. Шу зайлда маърифатпарвар илдизи қурий бошлади. Ҳозир Ўзбекистонда муаллимлар кўп, педагогика номзодлари, дўктўрлари кўп, аммо Авлоний, Ҳамза сингари маърифатпарварлар йўқ даражада. Шу сабабли ҳам мактаб ислоҳоти номаълум йўналишда гангиб юрибди.
   Биз нурли келажакка бориш учун аввало мактабларимиз қаддини кўтаришимиз зарур. Мактаблар биносининг хароблиги, замонавий техника, компьютерлардан бебаҳралиги алоҳида масала. Мустақилликни ўйлаётган юртнинг аввало мактаби мустақил бўлмоғи шарт. Ўқув қўлланмалари ўзиники бўлиши лозим. Муаллимлари мустақил фикрлай оладиган бўлмоғи зарур. Муаллим – фақат ҳарф ўргатувчи эмас, балки, болани фикрлашга ўргатувчи табаррук зот. Муаллим мустақил фикрлай олмаса, болада қандай қилиб бу хусусиятни тарбиялайди? Физика, кимё, алжабр… ўқув қўлланмалари Масковда, Киевда, Санкт-Петербургда ёзилади. Уни Иттифоқдаги барча бола ўқийди. Украинадаги мактаб билан Ўзбекистондаги мактабнинг  фарқи йўқ. Ҳолбуки, ўзбекларнинг мактаби бошқалардан ажралиб туриши керак. Фалакиётни бизнинг фарзандларимиз кенгроқ ва чуқурроқ ўрганишлари лозим. Хоразмий, Беруний, Румий, Улуғбек, Али Қушчи.. каби улуғларимизнинг илмий меросларидан баҳраманд бўлишлари шарт. Ҳолбуки, украин ҳам, эстон, қозоқ… ҳам Коперник ва Галилейни сув қилиб ичади. Берунийнинг глобус ясаганини, ўзбек алломалари Коперникдан минг йил аввалроқ Ернинг тухум шаклида эканлигини айтганларини украин у ёқда турсин, ўзбек боласи ҳам билмайди. Ёки тарихда малика Тамарани, Богдан Хмельницкийни, Долгорукийни билишлари шарт. Петр I  қачон туғилганини аниқ айтиб беролмаса баҳоси пастлайди, «Темур Малик билан Амир Темур бир одам», деса танбеҳ эшитмайди. Жуғрофиядан Бобурнома ёки Маҳмуд ибн Вали, тарихдан «Абдулланома», «Зафарнома», «Шайбонийнома», «Ҳумоюннома»лар ўқитиш мумкинлиги маърифатпарварларимиз хаёлига ҳануз келмайди. Ҳозир янги ўқув қўлланмалари устида иш олиб бориляпти. Балки бу хатолар барҳам топар. Бироқ қўлланмани ўзгартириш билан олам гулистонга айлана қолмайди.
   Энг аввал ўзбек мактабининг қиёфасини белгилаб олиш шарт. Бунинг учун яқин ўтмишдаги адашишларни эсламоқ жоиз. Яъни, биз эски мактабни буткул рад этиб тўғри қилдикми? Эски мактабга гўр қазиётганда улуғ алломаларимиз айнан шу эски усул мактабларида, шу эски мадрасаларда таҳсил олганларини нечун унутдик? Эски мактаблар хоразмийларни берибди экан, янги мактаб кимларни берди? Жадидлар, агар янглишмасам, илм беришнинг шарқона усули билан Оврупонинг маъқул усулини олиб, чоғиштиришга уринишган эди. Биз ҳозир балки шу масалани ўйлаб кўрармиз. Эшитишимизча, эски мактабда «тутал айтиш» дарси бўлган. Буни ҳозир «тез айтиш» деймиз. Бу дарсда бола тили «чархланган». Сўзларни аниқ талаффуз қилишга, нутқни ривожлантиришга, тез фикрлашга ўргатилган. Навоий, Фузулий, Бедил… махсус ўқитилган. Таҳсилнинг маълум босқичидан, айтайлик, ҳафтиякдан Чаҳор китобига ўтиш бола учун байрам бўлган. Бутун маҳалла аҳли «Фалончининг ўғли (ёки қизи) ҳафтиякдан ўтибди», деб совғалар берган. Бу билан бола янада яхши ўқишга рағбатлантирилган. Энди биз қўшнимиз фарзанди қандай ўқиши у ёқда турсин, нечанчи синфга бораётганини ҳам билмаймиз. Болаларимиз дарс тайёрлашда ёрдам сўраб мурожаат қилишмаса, уларнинг қайси фандан нимани ўқиётганини ҳам билмай ўтамиз. Тўғри, эски мактабнинг ярамас жиҳатлари ҳам бор. Ўша дамларда ҳам билимсиз, жоҳил мактабдорлар, муаллимлар бўлишган. Улар ўзларининг айбини ёпиш учун турли усуллар, ҳикоятлар ўйлаб топиб Худонинг номи билан боғлашган. Мисол учун нон ёпишга уқуви йўқ отинойи айбини эридан яшириш учун куйган нонларни толибаларга мажбур қилиб егизар экан, «Бу куйган нонлар Худонинг юзини кўрган», деб фатво берар экан. Бунга ўхшаш ҳоллар эски мактабнинг яхши томонларидан буткул юз ўгиришга асос бермайди. Эски мактабни кўрган кекса олимларимиз, ёзувчиларимиз, муаллимларимиз яхши  томонлар ҳақида фикр юритсалар нур устига аъло нур бўлар эди.
Мен қадимнинг яхши одатларидан бири – ўғил ва қиз болаларни алоҳида-алоҳида ўқитишни тиклашни истар эдим. Эллигинчи йилларнинг бошларида ҳам шу усул ҳукмрон эди. Ўзбекистонда эрлар мактаби, қизлар мактаби мавжуд эди. Кимнингдир истаги билан бу яхши усул барҳам топди. Айниқса, юқори синфларда бирга ўқиш фақат салбий натижа беради. Болаларнинг фикрлари дарсда эмас, бир-бирларида бўлади. Буни зинҳор диний ақидага боғламаган ҳолда инсон табиатидан келиб чиқиб таҳлил этиш керак. Боланинг овози раста бўлганидан бошлаб, хаёли бузилади. Ёнгинасида гўзал қиз (ёки қиз ёнида хушрўй ўспирин) ўтирса, каллага логарифмлар кирармиди? Жисмоний тарбия дарслари-чи? Номи жисмоний ТАРБИЯ, аслида фикрни бузишга хизмат қиладиган номаъқул дарс. Ўзбек қизларига ҳусн бермайдиган бир қилиқ. (Агар бу гапим малол келса, марҳамат, шундай дарсларни зимдан кузатинг). Хуллас, ўғил ва қиз болаларни алоҳида-алоҳида ўқитиш болаларнинг илм олишларида фақат ижобий самара бериши аниқ.
   Илмни болага илмли одам бера олади. Хўш, муаллимларимиз илми, савияси, фикрлаш қобилияти қай даражада? Ҳар холда бир хил эмас. Назаримда паст савияли муаллимлар кўпроққа ўхшайди. Улар болаларга яхши билим беролмаганлари етмаганидек, илғор фикрли муаллимларни чалишади, уларнинг эркин юришларига ҳалақит беришади. Нон ёпишни билмайдиган отин ойи каби айбини беркитишга ҳаракат қилувчи муаллимлар ҳозир йўқ дейсизми? Мен аниқ фанлар муаллимларига баҳо бера олмайман. Бироқ, тарих, она тили, адабиёт муаллималари орасида билимсизларини кўп учратганман. Мени даҳшатга солгучи нарса шуки,  бу муаллималарда илм билан бирга рағбат, ғайрат ҳам йўқ. Мақола билан шеърнинг  фарқига бормайдиган адабиёт муаллимлари йиллар мобайнида фарзандларимизга дарс бериб тирикчилик ўтказадилар. Бир мисол айтай: шу йил аввалида халқ таълими вазирлиги хайрли иш қилди. Жумҳуриятдаги адабиёт муаллимларини пойтахтига чорлаб, таниқли навоийшунос олимлар иштирокида илмий анжуман ўтказди. Олимлар дарсликлардан ўрин олмаган Навоий ҳаёти ва ижодига оид муҳим мавзуларда маърузалар бошлашди. Иккинчи маърузадан сўнг узоқ йўл босиб келган муаллимлар аста-аста чиқиб кетавердилар. Бу қилиқлари билан улар, аввало, маданиятсиз эканликларини намойиш этдилар. Бу ҳолни фақат олимларга, ҳазратга эмас, балки ўз касбларига нисбатан бўлган беҳурматлик деб баҳо бериш мумкин. Қиссадан ҳисса шуки, барча муаллимлар йирик олимлар, ёзувчилар, жамоатчилик иштирокида синовдан ўтишлари шарт. Муаллимлар зиммасидаги масъулиятни чуқурроқ ҳис этайлик, ахир келажагимиз тақдири кўп ҳолларда уларга боғлиқ-ку? Келажакни кимларга ишониш мумкин эмас, билиб олишимиз шарт эмасми?
   Мактаб, айтганимиздек, жиддий ислоҳларга муҳтож экан. Олий ўқув даргоҳлари-чи? У ерда аҳвол қандай? Мен бу ерда ҳам некбин руҳ уйғота олувчи ҳол кўрмайман. Олий билим бериши лозим бўлган қутлуғ даргоҳлардан кимлар қай даражада мутахассис бўлиб чиқяпти? Пора билан ўқишга киритиш, пора билан имтиҳонлар топшириш аслида сир эмас, бироқ, биз буни сезмагандай юрамиз. Мен айнан шу нуқтада миллат фожиасини кўраман. Биз норози бўлаётган мактабда оз бўлса-да, илмли болалар етишиб чиқади. Лекин уларнинг янада оз қисми олий ўқув даргоҳларидаги тўсиқларни енгиб ўта оладими? Шунинг учун ҳам бугун бизда олий маълумотлилар кўп, аммо дунё билан сўзлаша олувчи олий даражали иқтисодчилар, ҳуқуқчилар, муҳандислар… кам, жуда кам.
   Ҳар бир ота-она (жумладан ўзим ҳам) фарзанднинг олий даргоҳларда илм олишини истайди. Катта мансаблар, марҳаматлар эгаси бўлишни орзу қилади. Бу худбин орзулар ҳеч қачон улуғ орзу – юрт равнақи эвазига яшамаслиги зарур. Биз буни англамаган, ўйламаган ҳолда халқ келажагини ўз нафсимиз йўлида қурбон қиляпмиз. Мен бу сатрларни ўқиган одамларда ватанпарварлик ҳисси уйғонди, илмсиз фарзандини пора эвазига ўқишга киритиш фикридан қайтади, деёлмайман. Энди минг оҳ урайлик, фойдасиз. Яра мадда боғлаган. Нафс аждаҳосининг боши мингта, бирини кессангиз иккинчиси билан ўт пуркайверади. Бизни хатардан фақат ислоҳ қутқаради.
   Ҳамонки пора бериб ўқишга киритишга қурбимиз етар экан, олий ўқишхоналарни пуллик қилайлик. Ўртада турадиган даллол, имтиҳон оладиган домла қидириб овора бўлиб юрмай истаган ўқишхонага бориб пул тўлайлик. Тамом, вассалом! Пул бир одамнинг чўнтагига тушмай, ўқишхоналар аҳволини яхшилашга хизмат қилсин. Мактабда дуруст илм олган, илмга рағбати бор болалар эса, имтиҳон билан ўтсин, давлат уларни бепул ўқитсин. Балки ислоҳнинг бошқа маъқул йўллари бордир. Буни жамоатчилик кенгашиб ҳал этар. Ҳар холда ҳозирги аҳволга бошқа чидаш мумкин эмас. Илмсиз бола беш йил пулга ўқиб ёки домлалар хизматини қилиб «олий маълумотли мутахассис» бўлади. Баҳоларини қарасангиз «уч»дан юқорисини кўрмайсиз. Илм даражаси уч баҳога лойиқ «олий маълумотли мутахассис» қандай қилиб юқори малакали  ишчига ақл ўргатсин? Бундай мутахассис соя-салқинда кунини кўриб юраверади. Ишлаб чиқаришда техниканинг ўсмаслиги, алмисоқдан қолган машиналарга  қаноат қилишимиз ўшандай «мутахассислар»нинг илмсизлиги туфайлидир. Одатда булар саводсизликларини яшириш учун кўп гапирадилар, мажлисларда ваъзхонликлар қиладилар, амалга интиладилар. Ҳатто катта мансабларга эришадилар ҳам. Мансабдорда илм бўлса у техникани тараққий эттиришни ўйлайди. Биз тилга олган уч баҳога арзир-арзимас «мутахассислар» эса илғор техниканинг нима эканини билишармикин?
Жарроҳ ёки табиб янглишса бир ёки бир неча одам жабр кўради. Бу хато учун улар жазоланадилар. Илмсиз мутахассислар чиқишига йўл очиб берган олий ўқув даргоҳларининг айрим домлалари келажагимиз кўксига ханжар санчишаётганини билишармикин? Уларнинг бу гуноҳлари қандай жазога лойиқ экан? Пора олаётиб қўлга тушгани бир неча йилга қамалар. Пихини ёрганлари-чи? Ахир уларни Худо урмаса, бандасининг қўли калталик қилар дейманов…
   Мактабнинг ҳам, олий ўқув даргоҳларининг ҳам аҳволини яхшилаш учун кўп маблағ керак. Айниқса, мактабларнинг аҳволи ночор, замон талабларига мутлақо жавоб бермайди. Физика фанининг бугунги даражаси билан мактабдаги физика хонаси ва у ерда ўтилаётган дарс савиясини таққосласангиз хўрлигингиз келади. Мактабни шу ночорлик ботқоғидан тортиб чиқаришга давлат ажратаётган маблағ етарли эмас. Ҳозирги аҳволни кўриб, билиб турибмиз, давлатни айблаш ҳам ноўрин. Аммо, яхши кунлар келиб қолади, деб кутиб туролмаймиз. Мен бу ишга болалар жамғармаси (вақфи) деган ташкилотни жалб этишни истар эдим. Бу вақф асосий эътиборни болалар уйларига, етимхоналарга қаратади. Етимларга меҳрибонлик қилиш улуғ савоб.  Бироқ, бу етимлар кимлар, буни ҳам ўйлаб кўрайлик. Биз етим деяётган болаларнинг ота-оналари ҳаёт. Улар – нафс бандалари. Хўш, нафс бандалари ялло қилиб юриб, жамият етимлар бошини силаши керакми? Назаримда, фарзандидан воз кечган ота-она боласи 18 ёшга етгунча жарима тўлаб туриши шарт. Етимхоналар шу жарималар ҳисобига кун кўриши мумкин. Ундан ташқари жарима тўлашини билган одам нафсини сал тийса ҳам керак? Шу билан балки етимлар сонининг кундан-кун ўсиши пасаяр? Бундан ташқари мен етимхоналарни диний идоралар оталиғига топширишни таклиф қилардим. Биринчидан, етимхонадаги болалар қалбида алам бор. Улар шу алам билан улғайишади. Иккинчидан, саккизинчи синфни тугатгач, бу болалар ора йўлда қолишади. Улғайган етимда на уй бор, на яқин  одами, на бир ҳомий. Дин идоралари – масжидлар, бутхоналар, синегоглар етимларни бағрига олса, аввало улар дилини аламдан фориғ қиладилар, диний илм ўргатадилар, оқибатда, улғайишгач, уй-жой билан таъминлашлари ҳам мумкин.
   Шу йўсинда болалар жамғармаси тўлалигича мактаб равнақига ишлатилиши мумкин ва бунинг ижобий самара бериши тайин. Мактаб, келажак ҳақида сўз юритганда дин масалаларини четлаб ўтиб бўлмайди. Мактаб ва дин муаммоларини бугунги кунда диққат марказидан қочириш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шўро мактаби дин билан келиша олмайди, деган эски ашулани айтиб юриб берк кўчага кириб қолмадикми, таълим ва тарбияда қоқилмадикми? Қаранг, мактаб ва дин ёнма-ён яшаса-ю, келиша олмаса? Тўғри, давлат, хусусан, мактаб диндан ажратилган. Лекин бу мактаб боласи даҳрий бўлиши шарт, деган гап эмас. Айни чоқда Аллоҳга сиғинган бола илм олиши мумкин эмас, деган ақидага ҳам ўрин йўқ. Ислом дини ҳеч маҳал илм олишни инкор этмаган. Аллоҳнинг каломларида ҳам илм олишга ундаш мавжудлиги маълум. Дунё илмининг равнақи кўп жиҳатлардан ислом дини билан ҳам боғлиқ. Бағдодда ташкил этилган Байтул Ҳикма Фанлар академиясини олайлик. Агар ислом дини илмга қарши десак, бу алломалар тақдири нима бўлиши аниқ-ку? Аммо биз буни билмаганга олиб, дин илмга қарши деган гапни исбот қилишга уриниб, бунга Улуғбек ўлимини мисолга келтиравердик. Ҳолбуки, Улуғбекнинг ўлдирилишига диннинг, айниқса, Хўжа Аҳрорнинг мутлақо алоқасизлиги тарихдан маълум. Тўғри, қадимги асрларда насронийлар илм аҳлини таъқиб  этганлар. Буни «инквизиция» деймиз. Бу дин номидан иш кўрган жоҳиллар иши эди. Биз дин билан дин номидан иш кўрувчи айрим жоҳилларни фарқлашимиз керак. Чунки бу жоҳиллар ҳозир ҳам учраб туради. Уларни пеш қилиб, динга қарши курашиш бизни ҳам жаҳолат жарига бошлайди. Ҳозир динга эркинликлар берилиши муносабати билан тушунмовчиликлар юзага келяпти. Касалликнинг келиши осон, кетиши қийин, деган нақл бор. Агар ҳар маҳаллага ўнтадан масжид қуриб берилса ҳам барча исломга қайта қолмайди. Бунинг учун фурсат керак.
   Сўнгги пайтларда масжидларда имомларимиз мактабга, ҳатто айрим ўқитувчиларга нисбатан қаттиқ гаплар айтаяптилар. Бунга болаларнинг шикоятлари сабаб бўляпти. Баъзи мактабларда баъзи ўқитувчилар ўғил болалар дўппи кийиб, қизлар рўмол ўраб келсалар дарсдан чиқариб юборар эканлар. Ҳатто Тошкентдаги бир мактабда соқол қўйган ўқитувчини дарсга қўйишмаган. Жума ёки тарових намозига борган болалар ҳам қаттиқ танбеҳ эшитар экан. Масжид имомларидан кўмак сўраб ёзилган, ўнлаб имзолар қўйилган хатларни ўзим ҳам ўқидим. Мактабларда бўлдим, муаллимлар билан суҳбатлашдим. Улар болалар намоз баҳонасида дарсдан қочяптилар, илм олишга рағбатлари сусайиб кетяпти, деб нолидилар. Мен халқ таълими вазирлигидаги раҳбар ўртоқлар билан ҳам суҳбат қурдим. Улар ҳам айнан шу ташвишдалар. Аммо дўппи, рўмол ҳақида буйруқ бўлмаганини ҳам айтишди. Демак, бу ташаббус кичик раҳбарлардан чиққан. Бир неча йил бурун Наврўзни диний байрам деб тақиқлашгани ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Худди шунга ўхшаб айрим кичик раҳбарлар дўппи, рўмолни динга боғлашлари бемаъни бир ҳол. Арабистондаги ёки Покистондаги мусулмонлар дўппи кийишмайди. Дўппи – миллий кийим. Кремлдаги мажлисларда ҳам дўппи кийиб ўтиришади. Сталин даврида ҳам, ҳозир ҳам биров «дўппингни ечиб ўтир» демаган. Соқол ҳам мусулмонлик белгиси эмас. Бошқа дин вакиллари ҳам соқол қўйишади. Кремлдаги олий мажлисларда иштирок этувчи муфтийга биров соқолингни олдириб кел, демагандир? Хуллас, калтабинлик оқибатида юзага келаётган кескинликнинг олдини олишимиз керак.  Мактаб ва дин, мактаб ва ота-она муносабатига адоват уруғи сепилишига йўл қўймаслигимиз шарт. Ҳозир мактабда масжидга борма, деб буюрилгани билан бола қулоқ солмайди. Кўнглида ибодат қилиш истаги туғилса бораверади. Мен бир нарсага ҳайронман. Муаллимлар болани «нима учун видеосалонга бординг!» деб уришмайдилар. Бола кўнглига ёмонлик уруғи қаерда сепилади – масжиддами ё видеосалонлардами?
   Шахсан менга бу масалада бир иш нотўғри бўлиб туюляпти. Болаларнинг норозиликлари, муаллимларга қарши гаплар катта издиҳомларда, болалар иштирокида айтиляпти. Бу билан бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатиляпти. Жума намозидан аввал имом муаллимлар шаънига қаттиқ гаплар айтганларидан сўнг болалар ўқитувчиларини менсимай қўйишади-ку? Баъзан адашаётган бўлишса-да, болаларимизга илм ўргатаётган муаллимларимизни бу даражада беҳурмат қилмаслик керак. Бунинг ўрнига имом ҳазратлари мактабларга борсалар, ёнларида беш-ўн оқсоқол, ота-она бўлса, ўша муаллиму, директорлар темирдан эмасдир, тушунар, хатосини англар?
   Юқорида муаллимларнинг ташвишини айтдим. Айрим давраларда «шўро мактабига борманглар» деган гапларнинг айланиб қолиши мени ҳам ташвишга соляпти. Ҳозир маориф ислоҳ йўлида. Янги йўллар, усуллар изланяпти. Лекин аввал ислоҳ ниҳоясига етсин, кейин болаларни ўқитамиз деёлмаймиз-ку! Ҳозир – масжид аҳли билан мактаб аҳли бирлашадиган вақт. Агар улар ҳамжиҳат иш олиб боришса, келишмовчиликлар юз бермайди. Истаган бола дин илмини ўргансин, аммо дунёвий илмлардан узоқлашмасин. Қорилик қилиб тирикчилик ўтқазаман, деган хато тушунча миясига ўрнашмасин. Рамазон кунлари Саудия Арабистонидан келган Солмон қори исмли йигит кўпни ҳайратга солдилар. Солмон қори ўн бир ёшларида қори бўлган эканлар, ҳозир дорилфунунда математика бўлимида ўқирканлар. Мен шу жанобнинг барчага ўрнак бўлишларини истардим. Ислом динини мукаммал билган фозиллар, арбоблар, имомлар илм олиш аҳамиятини яхши билганлар. Мен болаларга ислом илмидан сабоқ бераётган кўпгина закийларни биламан. Улар боланинг мактабдаги ўқишларидан доимо хабардор бўладилар. Дунёвий илмлардан чекинишларига йўл қўймайдилар. Шу ўринда маҳалланинг ҳам вазифасини таъкидлаб, Тошкентдаги «Қизил шарқ» маҳалласининг яхши бир ишини айтиб ўтай. Бу маҳалла Яссавий номидаги мактаб билан келишиб, ҳам дунёвий, ҳам исломий илмни яхши ўрганаётган болалар учун стипендия жорий этибди. Менингча, бу қувватлашга арзирли ташаббус.
   Сиртдан қаралса, мулоҳазаларим балки майда гаплардир. Лекин жиддий касалликлар арзимас шамоллашдан бошлангани каби бу майда гаплар кейин жиддий муаммога айланиб қолиши мумкинлигини назардан четда қолдирмайлик. Бир дунёда, бир осмон остида  яшаяпмиз. Бир тилда сўзлашамиз. Бир-биримизни тушунишга, англашга, ақл билан иш юритишга ҳаракат қилмасак, бир ёқадан бош чиқармасак, Бобораҳим Машраб айтган куйга тушиб қолишимиз тайин.    

   Бугуннинг изоҳи: Мақолада тилга олинган бир қатор муаммолар истиқлол туфайли ҳал этилди. Бугунги мактабларимизнингзамон талабларига жавоб бера олувчи аҳволи, янги дарсликлар яратилгани... каби ютуқлар жамиятимиз ривожида муҳим аҳамият касб этади. Бугунги  ютуқларнинг қадрига тўлароқ етишимиз учун Совет жамиятидан бизга қандай аянчли мерослар қолганини унутмаслигимиз керак, деган мулоҳаза билан ўтмиш муаммоларини эслашни жоиз деб топдик.
 
 Тоҳир Малик
 
«Ўзбекистон овози» газетаси, 1991, декабр.
 
« Олдинги   Кейинги »