Принтер учун E-mailга юбориш
ЗИЁЛИ АЗАЛДАН БЕДОР

(Шоир дўстим Собит Мадалиевга очиқ хат)
 
     Ассалому алайкум!
Азизим Собитжон, «Зиёли қачон уйғонади!» деб номланган мақолангизнинг қўлёзмасини ўқиб чиқдим. Юрагингиз зардобга тўлиб, куйиб-ёниб ёзибсиз. Айрим ҳамкасбларимиз сингари масала кўтариб, ўзингизни кўз-кўз қилиш учун эмас, дардингиз тўлиб-тошганидан қўлингизга қалам олибсиз. Бу гаплар дилингизда кеча ёки бугун туғилган эмас. Мақолани ўқиб, Масковда ишлаб юрган чоғингиздаги учрашувларимиз, суҳбатларимизни эсладим. Ўшанда ҳам пойтахтда ялтоқланиб юриб, рус зиёлиларига кулги бўлаётган баъзи номдор ёзувчиларимизнинг қилиқларидан нафратланиб, куйиб гапирардингиз. «Бу ердагилар мана шу нодонларга қараб туриб бутун ўзбек ёзувчиларига, ҳатто, бутун ўзбекларга баҳо берадилар», деб йиғламоқдан бери бўлардингиз. Юракда дард бўлса, у қонга сингиб йўқ бўлиб кетмайди.
Сиз бу мақола билан кўпнинг ярасига туз сепасиз, дардли юракларни тўлғоққа соласиз. Аммо айримларнинг қитиқ-патларига тегиб кетасизки улар ҳам Сизга бефарқ қарамаслар. Сизни шахсан танимаганлар «мақолани жуда кескин ёзибди», дейишлари мумкин. Мен феълингизни билганим боис айрим одамларни хафа қилиб қўймаслик учун эҳтиётлик билан ёзибсиз, дейман.
   Мақолани дастлаб ўқиганимда фикрларингизга тўла қўшилиб, Сизга ҳамдард бўлдим. Кейинги такроран ўқишларимда ўйландим. Бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирмаяпсизмикин, деган хаёлга бордим. Назаримда, Сиз ўлчовни катта олгансиз, бошқача айтганда, кўрпага қараб оёқ узатмагансиз. Таъбир жоиз бўлса, масалага Оврупо кўзи билан қараб, Оврупо қаричи билан ўлчагансиз. Бизни Оврупо зиёлилари каби фаол, фидойи, оқил бўлишга даъват этгансиз. Сиз Масковда ишлаб юрганингизда, хориж сафарларида бўлганингизда юқори мақомдаги зиёлиларни кўп учратгансиз. Уларни кўриб, суҳбатлашиб «қани эди, ўзбек зиёлилари ҳам шу даражада бўлса», деб орзу қилганингиз табиий. Бу орзу кўпчилигимизда бор. Аммо орзу бошқа, ҳаёт бошқа-да.
   Мақолангизни ўқиган одам ўзбек зиёлилари, хусусан, ёзувчилар ҳамма вақт кўзларини юмиб юрган эканлар-да, деган хулосага келиб қолиши мумкин. Сизга очиқ хат ёзишдан мақсад баҳслашиш эмас, балки эътиборингиздан четда қолган айрим гапларни эслатиб ўтиш. Сиз ўзбек зиёлиларидан аланга бўлиб ёнишни талаб этгансиз. Алангани кўрмагач, алам билан қўл силтагансиз. Тўғри аланга йўқ эди, аммо чўғ бор эди-ку?! Чўғ бор жойда аланга олдириш мумкин-ку? Сиз бу чўғни кўрган ҳолда аланга олишига ишонқирамай турганга ўхшайсиз. Агар шундай бўлса, янглишасиз, азизим.
Келинг, юракка далда берувчи шу чўғлар ҳақида суҳбатлашайлик:
   Демак, хасталикни зиёлилар пайқашмаганми? Пайқашган. Хасталикни кўриб туриб, дардларини, ҳасратларини йиғлаб-йиғлаб қоғозга туширишган. Сиёҳ билан эмас, юрак қони билан ёзилган сатрлар озми? Мумтоз адабиётимизни варақласак, қулоғимиз остида улуғлар оҳу-фарёди жаранглайди.
                            Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг,
                            Тўқсон икки бовли ўзбек юртидур, тенглик қилинг...
   Шоир Турди бу сатрларни уч юз йил илгари эмас, бугун ёзгандай туюлмаяптими? Бу-ку узоқроқ ўтмиш. Яқин тарихимизга қарайлик, Абдулла Авлоний сатрларини эслайлик. Бу сатрларнинг мағзини чаққан кимса Сизни кескин кетишда айбламас, деб ўйлайман: «Хонумони хароб, бойқушларга ҳамдам, фарзандлари ҳайкалдек жонсиз, вайрона Туркистон! Йўқ, йўқ, саҳни жонлик жаноза бирла тўлган буюк мазор! Унга ўлик кимсалар – мадфун зиндалар қўйилган. Бу тирик ўликлар – Туркистоннинг бу кунги ноқобил авлодларидир. Унинг аҳволига Ер ҳам Осмон ҳам йиғлайди. У ҳам фақир, ҳам ҳақир. Унинг аҳволи чиндан-да оғир. Бир тарафдан беҳад ёмон дардга гирифторлик, иккинчи томондан хорлик.
                     Маризинг бир тарафдан, бир тарафдан хорсан – миллат,
                     Бадандан доимо қон олдурар беморсан – миллат!
                     Унинг на тили, на қулоғи бор. У – сурат, девор! Мудҳиш ҳол!».
   Бу сатрларни йиғламай ёзиш мумкинми?! Хўш, нима учун халқ бу қадар ғафлатда, зиё аҳли бунинг боисини билармиди? Биларди.
  Энди Дилафгорни ўқийлик:
                   Аҳбоблар, миллат учун биз шаҳд этолмаймиз ҳануз,
                   Ғафлат тўшагида ётиб, кўзни очолмаймиз ҳануз...
                   …Инсофу ғайрат ўрнига, аҳбоблар, шому саҳар,
                   Бизлар этиб буғзу ҳасад, ўзга билолмаймиз ҳануз.
                   Тун кечалар чойхонада айтиб ҳамиша сафсата,
                   Кўк чой ичиб, шилқиллашиб, ҳеч иш қилолмаймиз ҳануз...                                                         

   Шундай экан, Мискин нола қилишга ҳақли эди:            
                   Оҳ! Миллат, деб ғамингдан куйди жоним, кимга дей!
                   Бир эшитмайсан фиғоним, бу фиғоним кимга дей!
                   Дарди ҳажринг торта-торта тархи рангим ўлди зард,
                   Мен сенинг қайғунгда доим, бағри қоним кимга дей!
   ХХ аср дебочасидаги бу аламли фиғонлар сўнгра бориб «Тириксан, ўлмагансан, Сен-да одам, Сен-да инсонсан: Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳур туғилғонсан!» (Чўлпон) деган ҳайқириққа уланди. Натижа эса маълум: ҳақ сўзни сўзлаган тиллар қора ер остида чиришга маҳкум этилди. Бунинг ўрнига «Шундай бир Ватанда туғилиб ўсиб, умр кўрганимга доим мағрурман! Лирик шеъримда ҳам, достонимда ҳам, қаҳрамон Сталин – доҳим, мағрурман!» дегувчи тиллар янада яхшироқ сайрасин учун шакарга ботирилди-ки, тил эгаси то ҳануз ялтоқланишдан тинмайди.
   Собитжон, биродарларингизнинг мақолани ўқиб, яқин ўтмишдан мисол келтириб баҳсга киришишини билгандай писанда ҳам қилиб ўтибсиз. Буни била туриб гапни узоқдан бошлашимнинг сабаби шуки, халқни ғафлат уйқусидан уйғотишга уриниш анъанаси узоқ йиллик тарихга эга ва у ҳеч бир тузумда, жамиятда узилган эмас. Айниқса, қалам аҳли энг оғир дамларда ҳам ҳақ гапни айтиш учун чора излаган. Мана, бир мисол: Мирзакалон Исмоилий 1952 йилда, қамоқда ўтирган чоқларида ўзларини ўзлари миллатчиликда айблаб, бунда Чўлпоннинг қандай таъсири бор эканини бундай баён этадилар: «Кунлардан бир кун Чўлпон одатдагича йиғлаб туриб, менга шу сўзларни айтди:
   «Миллат хароб бўлди! Унинг энг муқаддас нарсалари: ҳурлиги, шаъни, шарафи қўлдан кетди! Ҳар қадамда юрагимиз қуш ҳадиги билан уради. Энди бизнинг вазифамиз, келажак авлоднинг вазифаси – миллатни шармандаларча қулликдан, ҳақорат ва хўрликдан қутқазиш бўлиши керак!..».
   Ёзувчи устози Чўлпонни қоралаган бўлиб шу сатрларни ёзади. Чўлпоннинг нидосини бундан бўлак тарзда, уни қораламай туриб айтиш мумкинмиди? Ёзувчи қамоқдан тирик қайтадими, йўқми – билмаган. Аммо айрим гапларни айтиб кетишни маъқул кўрган. Ҳайрият, архив деган нарса бор, Чўлпоннинг йиғлаб айтган гаплари шу тарзда бизга етиб келди.
«Ажойиб шоир дўстим Асқар Қосим бир шеърида «Искандарнинг шохи бор», дейиш учун қудуқ излайман, деб ёзган эди. Бу гапнинг чуқур мазмунини изоҳлашга ҳожат йўқдир. Асқар олтмишинчи йилларнинг ўрталарида «Билим» уйидаги бир шеърхонликда:
                                       Ўзбек бўлиб туғилмасайдим
                                       Кўрмас эдим бунчалар хўрлик, - деган сатрларни ўқиди-ю, балога қолди. (Хотиримга ўрнашган бу сатрлар аслида бошқачароқ ёзилган бўлиши мумкин. Шундай бўлса, узр сўрайман). У узоқ йиллар қийналди. Ёш умри хазон бўлди, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларга ўша йилларда отилган тошлар кўпчиликка маълум.
Хўш, ўша дамларда нима қилиш мумкин эди?
   Сиз, азизим Собитжон, турғунлик йиллари босиш мумкин бўлмаган асарлар ўзбек ёзувчиларида йўқ эди, дебсиз. Тўғри, нашр этишни йиллаб кутган асарлар бўлмади ҳисоб. Лекин бу деган гап ҳамма мадҳиябоз эди, ҳамма сиёсат қули эди, дегани эмас. Айниқса шеъриятимизни бундай айблаб бўлмайди. Шоирларимиз ўхшатишлар орқали, мажоз образ орқали дилдаги кўп гапларни айтишди.
   Адиблар бу борада бироз фаолсизроқ кўринишлари мумкин. Зоҳиран кузатилса, шундай туюлади. Масалага ботинан ёндашсак-чи? «Конфликтсизлик назарияси» барҳам топгач, асрдаги асосий зиддият қолоқ тушунчали раҳбар (ёки оддий одам) ва илғор коммунист ўртасида бўлди. Шубҳасиз, асар охирида коммунист ғалаба қилди. Ёзувчи бутун дардини ҳақ гапини салбий образ деб танлаган қаҳрамон орқали айтишга ҳаракат қилди. Буни тушунган тушунади, тушунмаган йўқ. Гапим қуруқ бўлмасин, бир мисол:  Шукур Холмирзаев «Қил кўприк» деган рўмонларини ёзиб тугалладилар. Чумчуқ пир этса, юраги шир этадиган зотлар ўша шароитда Иброҳимбек, Анвар пошшо ҳақидаги рўмонни нашр этишга йўл беришлари осон эмасди. Ёзувчи эса бу тарихий шахслар билан халқини таништириши шарт эди. Аммо қандай қилиб? Уларни меҳр билан тасвир этса – иш чатоқ. Тўғри гапдан чекинишга эса виждон йўл бермайди. Ёзувчи тўғри гапни ёзиш учун юрагини ғижимлаб бўлса-да, қизил аскар Қурбон образини мажбуран киритган, деб ўйлайман. Шунга қарамай, рўмон «Шарқ юлдузи»да ҳарфлари териб қўйилган бўлишига қарамай, нашрдан тўхтатилди. Асарни чиқаришнинг бирдан бир йўли – қизил аскар образини кучайтириш бўлди. Асар чиқди. Рўмонни ўқиган одам Қурбон тақдирига унчалик қизиқмайди. Ўқувчи тарихий шахслар ҳақида озми-кўпми зарур маълумот олади. Ёзувчи қизил образларни киритмай асарни ташлаб қўйиши ҳам балки мумкин эди. Шунда виждони ҳам қийналмас эди. Бу ҳолда халқ озодлик учун курашган қаҳрамонлари ҳақида ҳеч нима билмай юраверарди. Асарнинг бадиий қимматини алоҳида қайд этган ҳолда, унинг ижтимоий онгнинг уйғонишидаги хизматини ҳам таъкидлаш лозим.
   Савдода «ўз-ўзига хизмат» деган тушунча бор. Агар бу адабиётга кўчса, бизда ҳам шундай хизмат мавжуд эди (балки ҳозир ҳам бордир?). Яъни ёзувчи яшириб айтган гапнинг мағзини чақиб тегишли идораларга маълум қилиш шундай хизматга киради. «Ўтган кунлар»ни ёки Чўлпон шеърларининг тақдирини эслайлик. Ундаги «миллатчилик руҳини» масковлик Иванов ёки Петров эмас, ўзимизникилар кавлаб топиб, ўзимизникилар ғалва кўтармаганми? «Юлдузли тунлар»ни ҳам ўзимиз ўтмишга сиғиниш деб баҳоламадикми? Ғалати одамлармиз-да! Янги асарнинг бадиий жиҳатларини таҳлил қилиш ўрнига бурнимиз устига энг нозик кўзойнакларни қўндириб олиб, сиёсий хатолар қидирдик. Бу хизмат ўттизинчи, эллигинчи йилларда хўб иш берди. Кейинги йиллардаги беминнат хизматчиларнинг афсуси шундаки, шаккок адиблар бу сафар йўлдан олиб ташланмадилар. Матбуотда танқид тиғига рўпара қилиндилар халос.
   Ҳақиқатни айтишни хуш кўрувчи ёзувчилар беминнат хизматчилар мавжудлигини билмасмидилар – билардилар. Ҳақни ёзиш оқибати ёмон бўлишини ҳам сезардилар. Айримлар бундан қўрқиб тилни тийдилар. Айримлар эса йўлдан қайтмадилар. Виждонига хиёнат этмовчи ёзувчиларимиз борлиги учун Худога шукрлар қилишимиз керак. Сиз ёзувчи сони мингга яқин, бироқ, яхши асарлар кам, дегансиз. Бундан нега ажабланасиз? Ахир бу табиий нарса-ку? Етмишинчи йилларда Тула обкомининг саркотиби маърузасида «Октябрь инкилобидан илгари Тулада бита ёзувчи бор эди, революция чинакам халқ истеъдодларига кенг йўл очиб берди. Ҳозир областда юздан ошиқ СССР Ёзувчилари союзи аъзолари бор», деган экан. Тушуниб турибсиз, инқилобдан аввалги ўша биттагина ёзувчи Лев Толстой эди. Ўтмишга қарасак, турли манбаларда номлари зикр этилган юзлаб шоирларни учратамиз. Аммо йиллар чиғириғидан ўтиб келганлари саноқли. Горкийнинг «талантнинг 99 фоизи меҳнат» деган гапини кўп такрорладик. Ҳолбуки, истеъдод – Яратганнинг буюк неъмати. Нодир истеъдод соҳиби ҳар йили туғилавермайди. Бугун анча маъқул деган асарларимиз ХХI аср чегарасидан ҳатлаб ўта оладими, йўқми – Худо билади.
   Истеъдод ҳақида гапиришимнинг ҳам боиси бор. Менингча, истеъдод даражасини кўп ҳолда виждон барқарорлиги белгилайди. Шунинг учунми виждони барқарор, ҳақ йўлда собит одамлар ҳар йили туғилавермайди, деб ўйлайман. Бунинг учун бутун зиё аҳлини кўтарасига айблаш ноўриндир.
   Бугун ёв қочиб, ҳамма бирданига ботир бўлиб қолди. «Сталин – устод» деб юрганлари ҳам «ўшанда бир янглишибмиз», деб энди бир юмалаб халқпарвар бўлиб олишди. Яқинда бир биродаримизнинг гапларини тинглаб ҳайратда ёқа ушладим: у ёниб-куйиб коммунистларни балчиққа булғаб ташлади. Ҳайратимнинг боиси шуки, «тақсир»нинг ўзлари ҳам фаол коммунистлардан эдилар. Ленинградда, коммунистларнинг олий мактабида ўқиб эдилар, обком деган ҳашаматли идорада виқор тўқиб ўтирардилар. Энди у киши ҳақиқатгўй, ватанпарвар, истиқлол курашчиси саналиб қолибдилар?! Зиёлилар орасида бундайлар озми? Оз эмас. Мен бу одамларга ишона олмайман. Айрим ботирларга «кеча нима учун бу гапларни айтмаган эдингиз?» деб сўрасангиз «Мумкин эмас эди», дейишади. Ажаб ҳол! Фақат айтиш мумкин бўлган гапни ёзиб, мумкинмаслигидан тийилган, аввал Сталинни мақтаб, сўнг унга лаънат тошлари отган, кейин Хрушчевни… Рашидовни мақтаб тирикчилик қилган одамни мунофиқ дейишга ҳаққимиз борми? Бор! Шукрки, адабиётимиз фақат шундайлардан иборат эмас. Ёзувчиларимиз долзарб масалаларни оғир дамларда ҳам кун тартибига қўйдилар. Афсусли томони шуки, бир ёзувчи кўтарган масалага иккинчиси аралашмади. Оқибати нима бўлар экан, буни ёзган одам урилиб кетмасмикин, деб кутди. Дадахон Нурий Бўстонлиқ масаласини кўтарганида жуда кўп зиёли уни қўллади, оқибатда халқ ҳам кўтарилди ва Бўстонлиқда алюмин заводи қурилиши бекор қилинди. Бу воқеа эркинлик эндигина юз очаётган дамларда юз берди. Авваллари ҳам шундай масалалар кўтарилдими? Бир эслайлик: Пахтачиликда юз центнерчилик – ёлғончилик эканини Назир Сафаров очиқ айтмадиларми? Бу ҳаракат ёзувчининг дадиллиги туфайли барҳам топмадими? Бугун бизни эзаётган Орол муаммосини чорак аср илгари Асқад Мухтор кун тартибига қўймадиларми? Нима учун ўшанда ёзувчини ҳеч ким қўлламади? Агар умумхалқ ҳаракати ўшанда бошланганида фожиа бу даражада мудҳиш тус олмас эди. Тоғликларни чўлга кўчириш оқибатида хароб бўлган қишлоқлар тақдирини Шароф Убайдуллаев куйиб ёзмадими? Зоҳир Аълам Бинкентни асраш масаласини кўтармадими, тарихга тўғри муносабатда бўлиш лозимлигини, тарих билан фахрланиш лозимлигини айтмадими? Нусрат Раҳматов чорвачилик офати – СЖК қўллашга қарши чиқмадими? Асад Дилмуродов фан тараққиёти йўлидаги тўғаноқларни фош этмадими? Ёки етмишинчи йиллар «қаҳрамонлари» - минг тонна пахта терувчи азаматларни эслайлик. Кўпчилигимиз уларни мақтаб очерклар ёздик. Улар ҳақида қўшиқлар тўқидик бу билан «қўшиб ёзиш» деган ғирромликка ўз ҳиссамизни қўшдик. Юқорида зикр этилган масалалар, хусусан, минг тонначилар ҳам бевосита марказқўм бошқарган, Масков рағбатлантириб турган ташаббуслар, тадбирлар эди. Буларга ҳатто сиёсий тус ҳам бериларди. Демакки, бу ташаббусларга қарши сўз айтиш Худога қарши чиқишдан ҳам баттарроқ саналарди.
   Биров билмайдиган, биров унутган бу воқеаларни эзмалик бўлса-да, такрорлашимдан максад, Собитжон, зиёлиларимиз, хусусан, ёзувчиларимиз Сиз айтгандай даражада қолоқ эмаслар, асримиз бошларида миллат қайғусида ёнган устозлар нафаси ўчгани ҳам йўқ, демоқчиман. Бир нарсада Сизга қўшиламан: зиёлиларнинг бу савоб ишлари денгиз узра томган томчилар халос. Халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун зиёлилар аввал ўзлари уйғониб олишлари, ҳасад, риё, амалпарастлик, шуҳратпарастлик каби хасталиклардан тузалиб олишлари керак.
    «Ижтимоий қатлам сифатида зиёли табақаси йўқ… Ўзбек зиёлилари миллат келажаги учун масъулиятни зиммаларига олишга қодир эмаслар», деган фикрларингиз ҳам чин ҳақиқат эмас. Литва ёки Озарбайжон зиёлилари билан ўзбек зиёлиларини солиштириб хулоса чиқариш ҳам мақбул йўл эмас. Агар мен Сизга «нима учун Зиедонисдай ёзмайсиз?» десам ғалати туюлмайдими? Ижтимоий фаолиятни солиштириш ҳам шундай. Ҳатто ўзбек зиёлиларининг ўзини ҳам бир-бирига таққослаб, ўртага талаб қўйиш нотўғри. Албатта, барчамиз зиё аҳлининг бирдай фаол бўлишларини истаймиз, миллатимиз тезроқ қаддини кўтарсин, деймиз. Мутелик кишанларини тезроқ улоқтиришини, устозлар орзуси тезроқ рўёбга чиқишини хоҳлаймиз. Устозларимиз сингари, Сиз ва бошқа жонкуяр ҳамкасбларимиз каби фидойилар бор экан, бундай кунларга етамиз, иншооллоҳ!
    Собитжон, мақолангиз зиёлилар орасида бахс ёки норозилик уйғотса, яна-да яхши. Мақола уйқудан уйғотишда бир туртки вазифасини ўтаган бўлади. Шу ўринда улуғ инсон Исмоилбей Ғаспиралининг доно сўзларини ёдга олиш жоиз: «Биз – туркийлар ўз қонунлари ва турмуш одатлари ила бир кўб салтанатлар майдонга келтирган қавм ўлароқ яшаб келдик ва бундан сўнг ҳам шундай яшаяжакмиз. Биз ўз тарихи тонгидаёқ ёзувига эга бўлган, кейин ҳам уни илм ва тафаккурдаги улкан муваффақиятлар билан безаган қабила сифатида яшаб келдик ва шундай яшаяжакмиз. Агар муайян тарихий шароитлар туфайли бошқа халқлардан орқада қолган эканмиз, бу ҳали бизни миллий-маданий инкишоф ҳуқуқидан маҳрум этмайди, аксинча у томон янада катта ғайрат билан интилишга мажбур этади… Буни биздан халқимизнинг тарихи, тақдири талаб этади. Улуғ вазифалардан ва улуғ интилишлардан қўрқманг! Улар улуғ воқеаларни тайёрлайди ва улуғ шахсларни етказади!».
   Миллати учун жон куйдираётган зиёли аҳлига Аллоҳнинг ўзи ажр берсин.
 
Тоҳир Малик
 
“Ўзбекистон адабиёти ва санаъти”газетаси, 1992,август.
 
« Олдинги   Кейинги »