Принтер учун E-mailга юбориш
ОВРУПОДАН НИМАЛАРНИ ОЛИШ МУМКИН?
 
   Масаланинг бу тарзда қўйилиши балки Сизни ажаблантиргандир. Балки хаёлингизга хориждан сотиб олиниши лозим бўлган ажабтовур буюмлар келгандир. Гапни айлантирмай, мақсадимни айтиб қўя қолай: мен маданий ва маънавий бойликларимиз ҳақидаги шахсий мулоҳазаларимни баён қилмоқчиман. Ҳа, бу шунчаки шахсий мулоҳазалар, бирон бир йўланма ёки қўлланма ҳуқуқини даъво қилмайди.
  Туркистон рус подшолиги томонидан забт этилганидан сўнг нафақат моддий, балки маданий, маънавий бойликларимизга ҳам таъсир ўтказа бошлади. Бир подшоликнинг иккинчи салтанат томонидан минг-минглаб қурбонлар эвазига забт этилишидан мақсад – моддий бойликларни ташиб кетиш, шунингдек, ўз маданияти ва маънавиятини тобе халққа сингдириш бўлган. Туркистонга қилич тортган барча истилочилар шу мақсадни кўзда тутган, деб ўйлайман.
Ўтган асрда рус подшолигининг марҳамати билан рус ва руслар орқали Оврупо маданияти, айрим урф-одатлари Шарқ хонадонига кириб кела бошлади. Бу янгиликлар осонлик билан кирмади, жуда кучли қаршиликларга дуч келди. Оврупо таомлари (картишка, помидўр) макруҳ деб, кийимларини кийиш шаккоклик белгиси деб билинди. Шунга қарамай, аҳоли орасида Оврупо маданиятига интилувчи одамлар кўпая борди. Халқни уйғотиш, маданиятини юксак даражага олиб чиқишнинг бирдан бир йўли деб билиб Оврупога суяна бошладилар. Ўрус маорифига тақлидан янги мактаблар очилди, янгича томоша усули – театру ташкил топди. Чакмон, салла, ҳатто соқол-мўйлаб ўзгарди. Жадидлар бу йўлда жуда кўп меҳнат қилдилар. Бу ҳаракат Ўктабир инқилобидан кейин анча кучайди. Халқнинг маданият ва маънавият хазиналари асралувчи қўрғон деворлари бузиб ташланди. Тарихимизда «маданий инқилоб» деб ном олган ҳодиса аслида маданий ва маънавий таназзул жарлиги томон бошлади. Мен имлонинг ўзгариши, ўтмиш одатларига ёмон кўз билан қараш, айрим зиёли ва раҳбарлар орасида овруполик аёлга уйланишнинг расм бўлиши каби ҳодисаларни айтиб ўтирмай. Сандал (танча) эскилик сарқити деб эълон қилинди. Уни бадиий асарларда ҳажв қилиш маълум йилларда одат тусига кирди. Эллигинчи йилларда мактаб саҳнасида сандал ва печка «кураши» оқибатида печканинг ғолиб келишини кўрсатиш анъанага айланган эди. Маълум йилларда, ҳатто кетмон ҳам феодализм сарқити сифатида қораланди. Бешикка қарши ҳам маънавий, ҳам амалий ҳужумлар бўлганини бир эсланг. «Эскилик тарғиботчилари» деб бешиксозларнинг таъқиб этилганликларини ҳам ёдга олинг. Уйида устол-устули бўлмаган зиёлиларни қолоқ деб танқид остига олинганларини унутиб бўладими? Ҳозир сандал деярли қолмади. Устол-устул расм бўлди. Бешикдан юз ўгирувчи ёш оилалар ҳам бор. Ҳозир ҳамманинг инон-ихтиёри ўзида. Хоҳлаганча ўтиради, хоҳлаганча болани парваришлайди. Лекин бу масалаларда табобатнинг ўз гапи бор: сандалнинг бел оғриғи (бод), оёқ оғриғига давоси (айниқса, ўрик дарахтининг ўтинидан тушган чўғда), доимо очиқ, тоза ҳавода ўтиришнинг саломатликка давоси барчага маълум. Устол-устулда ўтиришнинг баданда эркин қон айланишига салбий таъсири-чи? Бешикда ётган боланинг озодалиги, суяклари тўғри ўсиши-чи? Мен бу сатрларни ташвиқот мақсадида ёзаётганим йўқ. Мақсадим бошқа – яқин ўтмишда дўппига қўшиб бошини ҳам олганимизни эслатиш, холос.
   Аср бошларида Туркистонга «ресторан» деган бир бало кириб келди. Дин аҳлининг қаршилигига қарамасдан, бойваччалар аввал беркитиқча, сўнг очиқ-ойдин ресторан, фоҳишахоналарга бора бошладилар. Минг йиллар мобайнида авайлаб-асралган ҳам руҳий, ҳам жисмоний покизалик шу тарзда булғана бошлади. Бу булғаниш, бу баднафслик, бу бадахоқлик ҳозир, асрнинг сўнгги чорагида авжига чиқди.
   Мен бундан уч-тўрт йил илгари ароқхўрликка қарши кураш эълон қилинганда хурсанд бўлган эдим. Бу кураш бошқаларга ёқмаганда ҳам, ўзбеклар жон-диллари билан қўллашлари лозим эди. Ҳукуматнинг шу қароридан фойдаланиб, майпарастликни бутунлай суриб чиқариши шарт эди. Мен «Ўзбекистонда май ичиш қатъиян таъқиқланади, Ўзбекистонга ароқ, вино, коняк олиб киришга уринганлар беш йил муддат билан қамалади, муттасил ичувчилар ва май ишлаб чиқарувчилар жумҳуриятдан бадарға қилинади», деган қонун чиқишини жуда-жуда истаган эдим. Бу сатрларни ўқиб, айримлар истеҳзо билан кулиб қўядилар, биламан. Лекин, азизларим, жон жигарларим, чуқурроқ ўйланг: ахир бу балолар миллатимизни барбод қилишга олиб келади-ку?! Ҳозир миллий уйғониш ҳақида гап кетяпти. Бадмастлик уйғонишга йўл қўйяптимикин? Кечагина Фарғона фожиаларини шу ароқхўрликка боғлашди. Агар биз майпарастликка барҳам берганимизда, шу тавқи лаънат тамғаси босилармиди? Ахир, асл сабабни яшириш учун қўл келди-ку бу баҳона.
Ароқхўрлик Овруподан кириб келди. Бу тўғри. Лекин бугунги ароқхўрлигимиз учун ўзимизни айблайлик. Оврупонинг барча мамлакатларида ичишади, лекин бизчалик бўкиб ичишмайди. Бизнинг бир ўтиришда оладиганимизни улар ойлаб ичишади. Биз жигар хасталиклари ҳақида гапириб, кимёвий дориларни айблаймиз. Буни инкор этмайман. Аммо майхўрлигимиз-чи? Майхўрлик оқибатида неча-неча алп йигитларимизнинг жигари қуриди. Бу хасталик наслдан-наслга ўтмайди, дейсизми? Ҳам жисмоний, ҳам ақлий ногирон бўлиб туғилаётган болаларнинг гуноҳи кимнинг бўйнида?
   Олтмишинчи йилларда биз тўйларимизга ҳам ўзгариш кирита бошладик. «Комсомол тўйи» деган гаплар чиқди. Шу баҳонада азалий ажойиб одатларимизга қарши кураш бошланди. «Эскича» тўй қилган  комсомолларнинг ахлоқи мажлисларда муҳокама қилинди. «Янгича» тўй қилганлар газетларда мақталди. Оқибат нима бўлди: тўйхона тўйиб ароқ ичиш масканига айланди. Тўйга асосан ароқхўрлик учун бориладиган бўлди. Агар ҳозир ароқ қуйилмаса, тўй бир соатга қолмай тарқайди. Чунки тўйга келган одам нима қилишини билмайди. Ёр-ёрлар, гулхан ёқишлар, тортишмачоқлар, чимилдиқлар… деярли унут бўлиб кетди. Минг йиллар яшаган одатларимиз, анъаналаримиз жуда тез фурсатда ботқоққа ботирилди. Бугунги келин-куёв орадан 20-30 йил ўтиб, тўйини эслаганда нималар кўз олдига келади? Маст-аласт башараларми? Ёки мастликда алжиб айтилган маза-бемаза табрикларми?
   Булар-ку никоҳ тўйларидаги гаплар. Суннат тўйлари-чи? Аввало Исломда «Суннат тўйи» деган гап йўқ. Бу – бидъат, бойликдан келиб чиққан, динга алоқаси йўқ одат. Бошқа мусулмон мамлакатларда хатна муносабати билан тўй қилинмайди. Ҳамонки, шундай тўйларимиз бор экан, унга дин ниқоби кийдирилган экан хўш, ҳеч бўлмаса, шу тўй ароқхўрликсиз бўлиши керак-ку? Дин майпарастликка йўл бермайди-ку! Оврупонинг ёмон одати бу маросимга қандай суқулиб кириб олди?
   Бизда қадимдан гап-гаштаклар мавжуд эди. Бу асосан қиш чоғларида, далада иш тугаган маҳалларда бўларди. Гап-гаштакларда ғазалхонлик, достонхонлик бўларди, деб эшитганман. Ҳозир «гап» ўйнаш йил бўйи давом этади. Ғазал, достон деган гаплар унутилиб кетган. Бунинг ўрнига «сайратгучи дорилар» бор. Ошна-оғайниларни бирлаштирувчи бу гап-гаштаклар майхўрлик оқибатида дўстни дўстдан ажратади.
   Менга эриш туюладиган бир нарса – гап-гаштакми ё бошқа муносабат билан  берилаётган зиёфатдами, бу – «тўст айтиш» одати: Оврупонинг бу одатини бизда «қадаҳ сўзи» деб ҳам ишлатишади. Мен бу ўринда топилган бу атаманинг бемаънилигини эмас, одатнинг мантиқсизлигини айтай. Сиз «қадаҳ сўзи» айтяпсиз: «Фалончига фалон, фалон нарсалар тилайман» дедингиз. Хўш, кимдан тилайсиз? Мантиқан қаралса, Яратгандан тиланади. Овруполиклар дини ичкиликка рухсат беради. Лекин ислом ман этади-ку? Демак, ичаётганингиз учун тилагингиз қабул этилмайди-ку? Ижобат бўлмайдиган тилакни айтиш бемаънилик эмасми?!
   Тўй, зиёфатларимизга юққан майпарастлик хасталиги ҳақида бошқа ёпишмаган одатларга кўчсак. Ҳозир янги оила қураётган ёшлар ҳам янгича, ҳам эскича никоҳдан ўтишади. Биз эскича никоҳни йиллар давомида қоралаб келдик. Энди чуқурроқ бир мулоҳаза қилайлик, ҳар икки никоҳни таққослаб кўрайлик: янгича никоҳ жуда юзаки, расмий жараён. Ёз ойлари, айниқса, шаҳарларда никоҳхона ходимларининг қўли қулига тегмайди. Ёшлар билан бафуржа суҳбатлашиш у ёқда турсин, табриклашга улгуришмайди. Бир ой илгари берилган аризага мувофиқ, никоҳ қоғозини тўлдириб қўйишади, келин-куёвга имзо чектиришади, тамом-вассалом. Узоғи билан беш дақиқада иш битади. Оила муқаддаслиги, эрнинг масъулияти, хотиннинг масъулияти, вафо, номус, иффат.. деган гаплар тилга ҳам олинмайди. Эскича никоҳда-чи? Куёвдан ёки келиндан никоҳга розилик олишдан аввал талай шартлар қўйилади, келин бўлмишнинг маҳрига тушган уй-жойлар  айтилади, яъни ҳам маънавий, ҳам моддий таъминот масаласи ҳал этилади. Янгича никоҳдан ўтказувчилар келин-куёвни ҳам, гувоҳларни ҳам, уларнинг ота-оналарини ҳам танишмайди. Эскича никоҳ ўқувчи эса, аксинча, танийди. Мана шу танишлик ҳам ёшларга алоҳида масъулият юклайди. Бу билан янгича никоҳни мутлақ рад этмоқчи эмасман. Биз бу никоҳни ўзбек урф-одатига мослай олмадик, ҳаётдан ажратиб қўйдик. Айни пайтда эскича никоҳни ҳам расмий одатга айлантира бошладик. Ёшлар янгича никоҳдан ўтиб, масжидга кириб юзаки никоҳ ўқитиб кетадиган бўлишди.
   Агар оиланинг пойдевори никоҳ бўлса, ана шу пойдеворни мустаҳкам қўйишга эътиборни қаратиш керак. Никоҳ маросимига муқаддас бир руҳни қайтаришимиз шарт. Янгича тўйлар, янгича никоҳлар, янгича либослар, янгича одатларни ҳам яратади. Яқин-яқинларгача никоҳдан чиқиб ресторанда зиёфат қилиш, сўнг куёвнинг уйида зиёфат бериш одат эди. Зиёфатлар оқибатида фожиалар юз бергач, бу одат барҳам топди (лекин, афсус, бу одат ҳали ҳам айрим туманларда бор). Мен никоҳларни, тўйларни кузатиб, либосларни кўрганимда, очиғи, ғижинаман. Куёв бола эгнида тўн, бошида жиғали сала. Келинпошша эгнида этаги ер супурадиган узун оқ кўйлак, бошида шляпа! Шу кўриниш менга эриш туюлади. Тўғри, оқ либос покизалик белгисидир. Лекин атлас кўйлак-лозим, ироқи дўппи кийиб, бошига оқ ҳарир рўмол ўраган гўзал келинчакларни кўрганмиз.
   Мен тўй, зиёфатларимизга кириб келган Оврупонинг ёмон одатларини танқид қилиш билан бирга, уларнинг яхши одатини ҳам айтишим керак: овруполиклардан биз тўй-зиёфатларни ихчам, дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказишни ўрганишимиз керак. Ортиқча дабдабага кетадиган маблағни оила қурган ёшларга бериш фойдалироқ, деб ўйлайман. Овруполиклардан биз вақтни тежашни ҳам ўрганайлик. Биз тўйма-тўй, зиёфатма-зиёфат юриб, умримизни ҳам қўшиб еб-ичиб юборяпмиз. Олимларимиз, ёзувчиларимизнинг имкон даражасидан кам ишлашларига шу ҳам сабаб эмасмикин? Овруполиклардан китоб ўқишни ўрганишимиз керак. Миллатимизни юксакликка олиб чиқишнинг бирдан-бир йўли билим эгаллаш эканини англаб етишимиз зарур.
   Фарзандларимизни гул экиб, гул сотишга, эртаю кеч далада ишлашга  мажбур қилмай, китоб ўқишга, билим олишга мажбур қилайлик, ўргатайлик. Болаларимизни билимдан айириб ишлашга мажбур этар эканмиз, бу билан келажагимиз илдизига болта ураётганимизни унутмайлик. Билимсиз бола – билимсиз келажак дегани. Билимсиз келажак – тубанлик, жаҳолат, тобеликдан бошқа нарса эмас.
    Бизнинг фарзандларимиз китоб ўқиш бўйича мамлакатда сўнгги ўринларда туришади. Биз болаларимиз учун кам китоб чиқарамиз, борларини ҳам кам олиб ўқитамиз. Овруполиклар бўш вақтини фарзандига ажратади. Кичкинтойларига китоблар ўқиб беради, боласи билан театруларга боради. Боғларда сайр қилади. Оромгоҳларда вақтини бирга ўтказади. Биз бозорга тушганимизда боламиз учун қурут, писта олишни унутмаймиз, лекин китоб дўконига кириш хаёлимизга келмайди. Боласига китоб ўқиб берган, театруга олиб тушадиган оналар, айниқса, оталар кам. Бола билан дам олишнинг нақадар мароқли эканини ўйламаймиз. Жомадонни тўлдирамизу жўнаворамиз. Бир ой татил улфатчиликдан бўшамаймиз. Бизнинг ажойиб баҳонамиз бор: вақт йўқ! Ўз фарзандимиз учун вақт ажрата олмаймиз. Фарзандимиз ўн йил мактабда ўқиганда «вақт йўқ» деб юраверамиз. Институтга кирадиган пайтда эса югуриб қоламиз. Йиғиб-терганимизни сочамиз. Мактабда билим олмагани билан ишимиз йўқ, институтни чала мулла бўлиб битириши билан ҳам, оқибатда бўш мутахассис бўлиши билан ҳам ишимиз йўқ. «Ота-онанинг вазифаси - болани ўқитиш» деб кўкракка муштлаймиз, холос.
Тўғри, оилаларимиз кўп болали. Ҳаммасига бирдай қараш қийин. Овруполикларда бир-икки бола бўлади. Улар фарзандларини ҳар томонлама камол топишини ўйлайдилар. Мусиқа илми билан, хорижий тиллар билан таништирадилар… Лекин кўп болалик ҳар томонлама камолга етиш йўлида тўғаноқ бўлмаслиги керак. Ота-онада истак бўлса бас, фарзандлари нечта бўлса-да, камолот сари бошлай олишлари мумкин. Майли, алоҳида муаллим ёллашга қурбилари етмасин. Бироқ ўз ҳатти-ҳаракатлари биан болаларда илмга, маданиятга рағбат уйғота олишлари мумкин-ку?! «Қуш уясида кўрганини қилади», дейдилар. Ота тўй-зиёфатларда ичиб юрса, ёки ишдан қайтган заҳоти телевизорга қадалиб олса, боладан нима кутиш мумкин? Ота (ёки она) ишдан янги китоб олиб қайтса, ўзи ўқиса, фарзандига гапириб берса, қизиқтирса ёки янги куй, қўшиқ ёзилган пластинка олиб келиб фарзандлари билан бирга эшитса, маъносини тушунтириб берса, ёки телевизордаги кинони кўриб бўлгач, яхши-ёмон томонларини айтса… Шу ишларга қанча вақт керак? Нари борса, икки соат. Наҳот биз келажагимизни ўйлаб, икки соат вақтимизни қурбон қила олмасак?
   Биз фарзандларимиз учун бугун қайғурмас эканмиз, миллат равнақи, миллат келажаги ҳақида эртаю кеч ваъз ўқишимизнинг сариқ чақачалик фойдаси йўқ.
   Ҳозир жумҳуриятимизнинг сиёсий ва иқтисодий мустақиллиги ҳақида фикр юритяпмиз. Мен бунга маънавий мустақилликни ҳам қўшишни истар эдим. Бунинг учун биз энг аввало Овруподан нималарни олиш керак, деган саволга тўғри жавоб топишимиз зарур.

 

Тоҳир Малик

 
«Муштум» журнали,1991, октябрь.

 
« Олдинги   Кейинги »