Принтер учун E-mailга юбориш
МУҚАДДАС БУРЧ

   Дунёда биринчи қўшиқни яратган одамни ёки ижрочини аниқлашга биров уриниб кўрмаган. Зеро, бу борадаги ҳар қандай уринишнинг беҳудалиги турган гап. Аммо биринчи қўшиқнинг мазмуни ҳақида турли тахминларга ўрин бериш мумкин. Биринчи қўшиқ севгини мадҳ этганмиди? Эҳтимол. Ёки юрт олқишидан иборат бўлганми? Балки шундайдир. Аммо назаримда, бошқа бир тахмин ҳақиқатга яқин. Биринчи қўшиқ ё она алласи ёки она шарафига мадҳия бўлгани шубҳасиз. Эҳтимол биринчи она алласи сўзсиз бўлгандир. Аммо унинг қуйидаги мазмунини англаш мумкин: она фарзандига узоқ умр тилаган. Бу сўзсиз қўшиқда онанинг буюк, айни чоқда камтарин бир илинжи яширинган. У болажонига фақат бахт насиб этишини, шу орқали дунёдаги энг саодатли аёл бўлишни орзу қилган.
   Бундан бир неча ой муқаддам Доғистоннинг донишманд шоири Расул Гамзатов «Оналарни эҳтиёт қилинг» деган мақоласини эълон қилди. Оналарни эҳтиёт қилинг»… Ажаб… Ахир биз бундай шиорсиз ҳам уларни еру кўкка ишонмай, бошимизда кўтариб юришимиз керак-ку! Аммо шундай шиор ташланибдими, демак, орамизда оналарга бефарқ қаровчи кимсалар ҳам бор экан-да?
   Она бизга юрак беради. Аммо бу юракни муҳаббат, меҳр, шафқат билан ҳам суғориши керак. Агар одамнинг қалби муҳаббатдан, меҳр ва шафқатдан ҳоли бўлса, минглаб китоб нашр қилинг, минглаб маъруза айтинг, фойдаси йўқ. У барибир бағритош бўлиб қолаверади. Қалбимизга онадан бошқа ҳеч бир кимса меҳр-муҳаббат беришга қодир эмас. Онанинг буюклиги ҳам шунда.
   Фарзанд дунё юзини кўргани ҳамон она қалбида покиза умид ҳам туғилади. Бу умид она юрагида фарзанд билан баравар улғая боради. Ҳар бир она фарзандини  энг камида машҳур олим ёки инженер, врач ёки фазогир бўлишини орзу қилади. Не бахтки, кўпинча ниятлар ушалади. Фарзандини ҳам, умидини ҳам бараварига парвариш этиб, мақсадга эришган оналарни ҳар қанча шарафласак оз. Минг афсуски, баъзан бола улғая боради, умид эса бўғилиб, ўлимга маҳкум этилади. Бола жамият зараркунандасига айланади. Қайси она болам ўғри, майпараст, безори бўлсин, дейди. Ҳеч бир она бундай хаёлни яқинига ҳам йўлатмайди. Аммо кутилмаганда умиди парчаланиб, боласи қора курсига ўтиради. Бундай ҳолларда «туппа-тузук бола тўсатдан айниди», деган гапларни эшитамиз. Йўқ, фақат бизгагина «тўсатдан» туюлади. Аслида боладаги ёмон хусусият унда анча илгари пайдо бўлган-у, атрофдагилар сезмаган. Сезса ҳам эътибор бермаган. Мен кўп марта суд жараёнларини кузатганман. Одатда тўсиқ ортидаги қора курсида жиноятчи – ўғил бошини хам қилиб ўтиради. Биринчи қаторда эса дардини бағрига сиғдиролмай ўтирган онани кўриш мумкин. У ҳам одамларга тик қарай олмайди. Унинг кўзларида фақат ғам, аламгина эмас, ўғлининг қилмиши учун номус азобининг кўланкаси ҳам бор.
   Мен айниқса бир суд жараёнини унута олмайман. Бир йигитча синфдошининг ўлимига сабабчи бўлган, жиноятчининг онаси судга гувоҳ сифатида чақирилган эди. Она фақат бир саволга жавоб бериши – ўғлининг жиноят  содир бўлган кечаси уйга соат нечада қайтганини айтиши керак эди. У ёлғон сўзламай, аниқ вақтни айтди. Баъзи оналар каби «Ўғлимга енгил бўлармикин», деб ёлғон гапирмади. Аммо кўз ёшларини ҳам тўхтата олмади. «Мени суд қилинг, ҳаммасига мен айбдорман, жазони менга беринг!», деб нола қила бошлади.  Она фарёд чекарди. Унинг аҳволини кўриб тўпланганларнинг айримлари ҳам кўз ёш қилиб олишди. Жиноятчи ўғил эса ҳамма нарсани унутиб ҳўнграрди.  Она ўғлини асрай олмади – умиди дарз кетди. Ўғил эса онасини эҳтиёт қила олмади, қалби бир умрлик виждон азобида қолди.
    Хўш, бу вазиятда ким айбдор? Онами, ўғилми? Онани айблаш қанчалик оғир бўлмасин, шундан бошқа хулосага келиш мумкин эмас.
   Бу суд воқеаси қадим бир ривоятни эслатади. Ўтган замонларда она-ўғил ёлғиз яшар экан. Кунларнинг бирида у қўшнисиникидан шафтоли ўғирлаб чиқибди. Она ўғлининг абжир ўсаётганидан қувониб, боласини эркалатибди. Эртасига ўғил яна ниманидир ўғирлаб чиқибди. Яна мақтов эшитибди Шу зайлда у ўғирликка ўрганиб қолибди. Она айбини тушуниб етиб  «Вой!» дебди-ю, аммо бошқа чора топмабди. Йиллар ўтиб, ўғил каттароқ ўлжага қўл уриш маҳалида панд ебди. Подшо уни осишга ҳукм этибди. Қатл чоғида ўғил подшодан: «Сўнгги марта онамни бир кўрай» деб илтимос қилибди. Онани келтирибдилар. «Онажон, сизни сўнгги марта тилингиздан бир ўпай» дебди ўғил. Она кўзда ёши билан унга яқинлашгач, ўғил унинг тилини тишлаб, узиб ташлабди. Ўғилнинг бу ваҳшийлигидан ғазабланган подшо ундан: «Нима учун бундай қилдинг?» деб сўрабди. Шунда ўғил: «Мени ёмон йўлдан қайтармай, ўғирликка рағбатлантирган, мени дор остига олиб келган худди шу онамнинг тили бўлади», деб жавоб берган экан.
   Бир неча йил илгари яна бир юракни эзувчи воқеага дуч келган эдим. Биз тоғда республика ёш сайёҳларининг мусобақасини ўтказар эдик, андижонлик бир бола ўзининг чаққонлиги, топқирлиги билан ҳамманинг диққатини тортди. Айни чоқда унинг ўртоқларидан ўзини олиб қочиши, ёлғиз ўтириши ҳам эътибордан четда қолмади.Шунда мен команда бошлиғи, эллик ёшлар чамасидаги муаллимадан бунинг сабабини сўрадим. Маълум бўлишича, бола ёлғиз қолган экан. Отаси оиласини ташлаб кетибди. Онаси эса ичкиликка берилибди. Руҳий азобда қолган бола ёмон ўқир экан. Мактаб маъмурияти ундан қутулиш йўлига тушибди. Воқеа ойдин бўлгач, иш судга ошиб, суд майпараст онани энг олий ҳуқуқдан – оналик ҳуқуқидан маҳрум этибди. Боланинг ўзи судда: «Менга бундай она керак эмас!» деб дангал айтибди. Бу вазиятда ҳам она фарзандидан, ўғил эса онасидан айрилди. Она-бола бир-бировини асрай олмади.Бу ҳолда ким айбдор эканини аниқлаштиришнинг ҳожати йўқдир.
   Ҳаёт мураккаб. Ҳаёт зиддиятлари чигал. Дейлик, эр-хотиннинг феъли чиқишмай қолди. Хўш, болада нима айб? Бу вазиятда кимни айблаш керак? Ажралиш ҳақида ариза ёзаётганларида улар нима учун болаларини ўйламайдилар? Нима учун норасидаларнинг жавдираган нигоҳларини кўз олдиларига  келтирмайдилар? Бола туғилгунга қадар одам ўзи учун яшайди. Фарзанд кўргач эса бутун ҳаётини ана шу гўдакка бағишлаш керак эмасми? Ахир умрнинг бутун лаззати ҳам шунда-ку?!
   Шу ўринда сиз «Севги-чи? Балки улар бошқа-бошқа одамларга кўнгил қўйиб қолишгандир?», деб сўрарсиз. Бунга жавоб тайин: боласи туриб ўзгаларга кўнгил қўйишнинг ўзини нима деб баҳолаш керак? Бола учун ота-она жуда кўп нарсани қурбон қилади. Шу жумладан, кечикиб келган бемаврид муҳаббатдан воз кечиш ҳам уларнинг бурчи доирасига кирса ажабмас. Ҳаётини фарзандига тўлалигича бағишлаш, тўғри тарбиялаш оқибатидагина кексалик гаштини суриш мумкиндир.
   Биз баъзан, ўзимиз билмаган ҳолда, оналаримизни хафа қилиб қўямиз. Аммо оналар фарзандларини ўша заҳотиёқ кечирадилар. Кўнгилларида кек сақламайдилар. Шунинг учун она қалбини уммонга қиёс этадилар.
   Оналарнинг шуҳрати, обрўйи олам қадарли.  Аммо уларнинг жамият олдидаги бурчи ҳам буюк. Биз буни ҳам назардан қочирмаслигимиз лозим. Шунингдек, бугунги онанинг оддий уй бекаси эмас, балки ишчи, пахтакор, қишлоқ совети раисасию ҳукумат аъзоси, олима… эканини ҳам унутмаслигимиз керак. Асримиз дебочасидаги аёлга нисбатан бугунги она зиммасига икки, ҳатто уч ҳисса кўпроқ вазифа юкланган. Яъни у уй юмушлари, болалар тарбияси билан, иш билан, яна жамоат топшириқлари билан банд. Баъзида биз эркаклар асабийлашиб уйдаги аёлларнинг кўнглини ранжитсак ишни баҳона қиламиз. Энди бундай баҳона эскириб қолди. Ахир аёлларнинг ҳам биздан кам ишламаётганини унутмайлик.
   Бола онани ҳурматлашни гўдаклик чоғиданоқ ўрганиши керак. Бу борада ота муҳим рол ўйнайди. Агар ота оиладаги аёлларни ҳурмат қилса, бола ҳам шундай бўлади. Агар ота аёлларни таҳқирласа, устига устак «Қани, онангни бир сўкиб қўй-чи» қабилида «тарбияласа», бундай боладан келажакда нимани кутиш мумкин?
   Халқимиз болани боққан онани боғбонга қиёслайди. Боғ мевасининг қандай бўлиши албатта боғбонга ҳам боғлиқ. Қолаверса боғнинг тақдири об-ҳавога ҳам, атроф муҳитнинг тозалигига ҳам боғлиқ. Баъзи бир боғчаларга бориб ҳайрон қоласан киши. Тарбиячилар она ҳақида, бувилар ҳақида лоақал тўрт қатор ҳам шеър билмайдилар. Болаларни оналарга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш хаёлларига келмайди. Мактаблар хусусида ҳам шундай дейиш мумкин. Иншо учун турли эркин мавзулар тақдим этилади. Менга қолса мактаблардаги битириш имтиҳонларида ҳам, институтларга кириш имтиҳонларида ҳам «Менинг онам» деган мавзунинг тавсия этилишини истардим. Ана шунда биз ўсмирнинг ўй-хаёлларини, орзуларини билардик, ота-онаси ҳақидаги фикрларидан огоҳ бўлардик. Балки шундай иншолар «тарбияси оғир» болаларни тўғри йўлга солишда кўмак берар?
   Қабристонда бўлган кезларимда беихтиёр қабртошлардаги ёзувларни ўқийман: «Онажон, қабрда тинч ётинг», «Онажон, тоабад унутмаймиз»… Лавҳаларни ўқийману хаёлга толаман. Бу фарзандлар оналари тириклигида ўзларини қандай тутган эканлар? Қабртошлар энг қимматбаҳо мармарлардан қилинган бўлса-да, бу саволга жавоб бера олмайди. Марҳумлар хотирасини ўрнига қўйиш хайрли иш. Аммо уларни тириклигида эъзозлаш янада яхши.
   Халқимизнинг яхши бир одати бор: одамлар бир-бири билан танишганда «Ота-онангиз ҳаётми?» деб сўрашади. «Ҳа, ҳаёт» деб жавоб берсангиз, «Э, дўстим, жуда бадавлат экансиз!» дейишади.
   Ҳа, ота-онамиз бизнинг бебаҳо бойлигимиз. Бу хазинани қимматбаҳо тошлар билан ўлчаб бўлмайди. Бойлигимиз ва хазинамизнинг бевақт қўлдан кетмаслиги учун эса биз фарзандлик бурчини, муқаддас бурчимизни шараф билан бажаришимиз шарт.
 
Тоҳир Малик
 
«Тошкент оқшоми” газетаси,1980, март.

 
« Олдинги   Кейинги »