Принтер учун E-mailга юбориш
ЯШИРИБ КЕЛИНГАН ДАРД

   Чақалоқ туғилиши билан ота-она  «Фарзандим эсон-омон вояга етсин, эсли-ҳушли бўлсин, одамлар ҳурматини қозонсин», деб орзу қила бошлайди. Орзуга етмоқ учун қанчадан-қанча уқубатлар саҳросидан ўтилади. Буни бола тарбиялаган ота-онагина билади. Орадан йиллар ўтиб, бу азоблар яхши мева берса – фарзанд комил инсон бўлиб етишса, ота-онада армон қолмайди. Аммо ярим йўлда ёки маррага етай деганда қоқилса-чи, йиқилса-чи? Қалбида авайлаб-асраётгани – умиди дарз кетса ёки синса-чи? «Фарзандимни одамлар эъзозлашсин, бошларига кўтаришсин», - деб юрган ота-она ўғлини ёки қизини «қора курси»да кўрса-чи? Бу даҳшат! Бундай бахти қароликни ҳатто душманингга ҳам раво кўргинг келмайди.
   Кейинги пайтларда жиноятчилик, жумладан «қора курси»даги ўсмирлар, ёшлар кўпайяпти. Жиноят турлари хилма-хиллигидан ёқа ушлайсиз. Киссавурликдан тортиб босқинчиликка қадар, номусга тегишдан тортиб, одам ўлдиришгача – ҳаммасидан бор. Болалар ахлоқ тузатиш-меҳнат колониясида сочлари олинган, қора камзул кийган, «кўзлари ботиб кетган ўсмирларга қараб туриб ажабланасиз: «Наҳот шу бола одам ўлдирган?» «Наҳот ўғрилик қилган?».
   15-16 ёшида одам ўлдириш!.. Ўзини ҳимоя қилиб ёки билмасдан ўлдириб қўйганда, бошқа гап эди. Булар эса қасддан ўлдиришган. Ўлдирганда ҳам қўллари қалтирамай, ваҳшийлик билан жонни суғуриб олишган. Энг даҳшатлиси шуки, буларнинг аксари қилган ишидан афсусланмайди. Булар орасида «қутулиб чиққандан кейин яна ўғрилик қиламан» ёки «яна одам ўлдираман», деб очиқ айтадиганлари ҳам бор. Ўн саккизга кирмай туриб, қайта-қайта қамалганлар ҳам бор.
   Айниқса, 14-17 ёшли болаларнинг жинояти кескин ўсаяпти. 1988 йили Совет Иттифоқида 183 минг 953 ўсмир жиноят устида қўлга олинди. Шундан 47 минг нафари мактаб ўқувчиси. Бу 1987 йилга нисбатан 4,3 фоиз кўпайди демак, 63 минг жиноятчи – ҳунар-техника билим юрти талабаси. Иккинчи марта қамалиш эса 19 фоиз ошган. 56 минг жиноятчи қамоқдан қутилиб чиққач, бир йил ичида яна жиноят қилиб қўлга олинган.
   Бу совуқ рақамлар орқасида инсон тақдирлари ётибди. Бу болалар неча минг одамнинг ёстиғини қуритди, неча минг одамни майиб қилди, неча минг одамни қақшатди. Нима учун? Бу болаларга нима етишмайди? Кимларнинг фарзандлари улар? Келинг, шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қилайлик. Қисқа мақолада тўлиқ жавоб бериш мушкул, албатта. Шу сабабли фақат мулоҳазаларим билан ўртоқлашаман. Масалага аниқ жавобларни эса кўпчилик бўлиб ҳамжиҳатлик билангина топиш мумкин.
   Халқда бир ривоят бор. Дорга тортилаётган ўғил: «Ўлим олдидан онамнинг тилидан бир ўпай», деб бу тилни тишлаб узиб ташлайди. Чунки бу тил болани вақтида жиноятдан тутиб қолмаган. Агар шу жазо қонун тусига кирса, неча миллион ота-она тилсиз юрган бўларди ҳозир!
   Ҳа, жиноятнинг бош сабабини ота-онадан қидириш керак. Болаларнинг бебош бўлиб кетишига асосан ота-она, оила айбдор. Кўпинча бола тарбиясига ким масъул: оилами, мактабми деб баҳс юритишади. Мен бу баҳсни бемаъни деб биламан. Бу масалада аниқ фикрим бор: бола тарбиясига оила, ота-она масъул! Бола кўриб, тарбияни етти ёт бегоналар зиммасига юклаб қўйиш ғирт нодонлик, нотавонлик! Мана, оддий ҳисоб: бола ҳафта мобайнида 36 соат мактабда бўлади. Агар 56 соат уйқуга ажратилса, демак, 76 соат ота-онаси билан бирга. Мактаб болага билим беради. Унинг асосий вазифаси шу. Йўл-йўлакай яхши ахлоқлардан дарс ҳам ўтади. Боланинг оиладаги тарбияси билан мактабдаги тарбияси орасида кўпинча сезиларли фарқ бўлади. Боланинг ота-онаси ароқхўр бўлса, оғзи шалоқ сўзлардан бўшамаса, ўзгани ҳурмат қилиш нималигини билмаса-да, бола мактабда ана шу бадахлоқликка нисбатан қарши гаплар эшитса, унга ота-онасининг қилиқлари яқинми ё бир бегона одамнинг насиҳатларими?
   Мактаб ҳозирги кунда болани етарли даражада тарбиялай олмайди. Биринчидан, мактабда эркаклар камайиб кетган. Ўқитувчилар асосан аёллар. Ёмон йўлга кирган ёки кира бошлаган болани тўхтатишга улар ожиз. Бунинг учун эр кишининг қаттиққўллиги керак. Бола кимдандир ҳайиқиб туриши лозим. Биламан, бу фикрим педагогикага зид, инсон ҳуқуқларига зид. Лекин мен ҳозир, жиноятлар кўпайиб бораётган дамда бундан ўзга чора кўрмаяпман. Бола ҳамма вақт эмас, умрининг маълум бир қисмида нимадандир қўрқиб туриши керак. Инсон табиати шундай. Одам ҳамма вақт ақл-заковатига итоат этавермайди. Гўдакларни қаранг: чойнак иссиқ десангиз ҳам унга интилаверади. Қўлини бир-икки иссиққа боссангиз, совуқ чойнакдан ҳам қочадиган бўлади.
   Болага қаттиққўллик қилиш – уни кунда калтаклаш ёки хўрлашдан иборат эмас. Мен бу фикрдан мутлақо узоқман. Чунки бу усул яхши болани ҳам бузиши мумкин. Шунинг учун қаттиққўллик меъёрини, усулини белгилаб олиш керак. Мактаб болага нисбатан қаттиққўлликни, назоратни ошириши лозим. Бола айби учун жазо олишини билиши керак. Чунки катта жиноят майда айблардан бошланади. Катта ўғрилик мактабда ёки кўчада заифроқ болаларнинг овқат пулини тортиб олишдан бошланади. Бундай ҳолларда оддий танбеҳ билан иш битмайди. Бир марта танбеҳ берилади, икки марта. Ўқитувчи яна нима қила олиши мумкин? Ота-онани чақириб айтса, айримлар чора кўришга ваъда беради, аксар ота-онага эса бу гап туҳмат бўлиб туюлади, жанжал кўтаради. Бола танбеҳ билан осонгина қутулишини билганидан кейин ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бўлиб қолади. Оқибатда ўқитувчилар унинг 8-синфни тезроқ битиришини исташади. Саккизинчини битирса-ю билим юртига кетса, деб орзу қилишади. Шундай ҳам бўлади. Билим юрти талабалари орасидан жиноятчининг кўп чиқишига  сабаб ҳам шу. Бола мактаб томонидан бўлаётган назоратдан қутулгач, то янги одамлар назоратига тушгунча қиладиган ишини қилиб қўяди.
   Бола саккиз йил мактаб назоратида бўлади. Айни қалтис ёшга етганда билим юртига кетади. Бутунлай янги одамлар, янги тарбиячилар қўлига тушади. Билим юрти ўқитувчилари боланинг феъл-атворини ўрганишга улгурмай ҳам қоладилар. Мактабдаги ўқитувчидан сал бўлса-да, ҳайиқадиган бола билим юрти ўқитувчилари боланинг феъл-атворини ўрганишга улгурмай ҳам қоладилар. Мактабдаги ўқитувчидан сал бўлса-да, ҳайиқадиган бола билим юрти ўқитувчисини назарига ҳам илмайди. Аввал мактабдан ҳайдаб юборишади, деб қўрққан бўлса, энди билим юртини ўзи ташлаб кетади. Мактаб бола яшайдиган маҳалла, мавзеда жойлашган. Кўча-кўйда танишлар, қариндошлар учраб туради. Истаган ишини қила олмайди. Билим юрти чеккада, назорат йўқ. Қолаверса, бошқа мактаблардан ҳам ўзига ўхшаганлар келган. Ёмон ёмон билан тез топишади. Гўё ёмонлик бўйича тажриба алмашилади. Бир-бирига наша чекишни ўргатади, бири қора дорининг кайфини мақтайди, ароқхўрлик, бузуқчиликнинг алдамчи ҳислари уларни тезгина банди қилади.
   Билим юртига кирган боланинг 63 минги жиноят қилса, 200 минги ўқишдан кетиб қолади! Улар қаёққа боришади? Мактаб қайтариб олмайди. Ишга киришлари ҳам қийин. Саёқ юриш учун яна нима керак? Мактабда ўқиш жонига теккан бола билим юртида жон куйдириб ўқийди, деб айта олмайман. Шунинг учун билим юртида асосан ҳунар ўргатиш керак. Болани 2-3 йил ўқитишнинг зарурати йўқ. Бола қуйилиб қолгандан кейин ўқишнинг заруратини сезса, кечки мактабда ҳам билим олаверади. Мажбурлаб ўқитиш ҳеч қачон керакли самара берган эмас.
   Бекорчи ўсмирлар масаласи ҳал қилинмас экан, жиноят кўпайиб бораверади. Мактабдан, билим юртидан кетган болалар, қамоқдан қутулиб чиққан ўсмирлар ишга киролмай сарсон юришади. Корхонага малакали ишчи керак. Ҳунар билмайдиган боладан наф кам уларга. Шу сабабли турли баҳоналар билан чап беришади. Ижроқўм, ҳатто милиция ҳам баъзан ожизлик қилиб қолади. Шу сабабли ҳар бир корхонада болалар меҳнат қилувчи махсус цехлар очиш керак. Корхона раҳбарларини, керак бўлса, қонун билан мажбурлаш лозим бунга. Фойдали иш билан машғул бола жиноят йўлига кирмайди.
   Жиноятнинг кўпайишига яна бир сабаб – оилаларнинг нобоплиги. Совет Иттифоқида йилда 500 мингтача бола туғилибоқ тирик етим қолади. Ярим миллион гўдакнинг отаси бетайин, онаси ҳам ундан тонган. Бу ҳам ҳолва. Мамлакатда йилига бир миллион оила бузиляпти! Демак, тирик етимлар сони ошяпти. Тирик етимлар – ота-она меҳридан маҳрумлик, ўз холича ҳаёт кечириш – ҳаётдан аламзада юриш демак. Маълумотларга кўра, болалар уйидагилардан 80 фоизининг ота-онаси бор. Меҳрга ташна болаларнинг бу етимхоналарга кўникишлари қийин бўлади. Кўплари етимхонадан безиб, қочиб кетадилар, шаҳарма-шаҳар санқийдилар. Айримлари катта жиноятчиларга қўшилиб кетадилар. Совет Иттифоқида  9 миллион ашаддий майхўр (буларни расмий-илмий тилда “алкоголик”, халқ тиолида эса оддийгина қилиб “алкаш” дейдилар) бор экан. Майхўрликка қарши кураш улар сонини камайтирмади. Афсусланарлиси шундаки, бу майхўрларнинг катта қисми ота-она, деган шарафли унвонни кўтариб юришади. Айримлари бу ҳуқуқдан маҳрум ҳам қилинади. Лекин боланинг ҳаёти бу билан яхшиланиб қолмайди, кўнгил чиннисидаги дарз тузалмайди. Қалби зада одамнинг ўзига келиши эса қийин, жуда қийин.
   Оила қураётган йигит-қиз зиммасига қандай масъулият олаётганини ҳис қилиши керак. Оилавий ҳаёт – эр-хотинлик лаззатигина эмас. Болалари тақдирини ўйламай ажрашаётганлар ана шу масъулиятни ҳис қилмаганлар. Ҳеч бир замонда, ҳеч бир жамиятда бола тақдирига бундай бефарқ қарамаганлар. Мен илгари ҳам ёзганман, яна айтаман: эр-хотинлар кўп ҳолларда арзимаган сабаблар билан ажралишяпти. Менга бир одам: «Тирикчилик оғирлашди, шунинг учун ажралиш кўп», - деб исботламоқчи бўлди. Менингча, гап қийинчиликда эмас, гап одамнинг шу қийинчиликка ўзини тайёрлашда. Турмушда қийинчилик бўлса, ажралиш ўрнига жипслашиш шарт эмасми? Хўш, ажралишганларидан кейин ҳаётлари яхши бўлиб кетадими? Халқимиз не азобларни кўрмади: очарчилик, уруш, тикланиш машаққатлари… У пайтлари ажралиш кўп бўлмаган шекилли?
   Ҳозир ғишт қолипдан кўчган: бу ярамасликларни тарғиб-ташвиқ билан тугатиш қийин. Энди оила масъулиятини, ота-она масъулиятини қонун даражасида талаб этиш керак. Қайсидир мамлакатда ким маст ҳолда машина ҳайдаса, жарима солиб ўтирмай қамашар экан. Шунда ҳам ёлғиз ўзини эмас, хотинини ҳам қўшиб қамашаркан. Қани, энди қайси хотин эрининг арақ ичишига бефарқ қараркин? Шунга ўхшаб боласининг жинояти учун ота-она ҳам жиддий жазога тортилса, улар фарзандларининг юриш-туришига бунчалик бефарқ қарамас эдилар. Ўтган йили уч минг қизнинг 14 ёшида туғиб қўйгани, 14-16 ёшли қизларнинг бола олдиришлари 30-40 фоиз кўпайгани, нашавандларнинг 5-15 фоизи мактаб ўқувчилари экани – булар ҳаммаси аввало ана шу бефарқлик оқибати. Бефарқлик фарзандлар келажагини бадном қилар экан, жамиятга зарар етказар экан, нима учун жазоланмаслиги керак?
   Юқоридаги фикрларим жиноятга бевосита шерик бўлувчи омиллар ҳақида. Энди билвосита омиллар ҳақида фикр юритсак.
   Бола тарбиясида ҳар биримизнинг озми-кўпми ҳиссамиз бор. Нотўғри тарбия учун дастлаб жамият жабр кўради. Биз ҳозир ана шу нотўғри тарбиянинг жабрини тортяпмиз. Биз ўн йиллар давомида бола тарбиясида нимага суяндик? Кўпроқ шов-шувларга. Ҳа, биз болаларимизни «қаҳрамонлик намуналарини» кўрсатаётган одамлардан ибрат олишга ундадик. Болалар буларнинг чин қаҳрамон эмас, разил, ёлғончи эканликларини билсалар ҳам учрашувларга таклиф этдилар, фахрий пионерликка қабул қилдилар. Бу «фахрий пионерлар» оқибатда бирин-сирин фош бўлиб қамалди. Тарихимизда яхши одамлар сифатида талқин қилинганлар кейинги йилларда фош этилди, қабиҳ ишлари барчага аён бўлди. Хўш, энди бола нимага ишонсин? У учун муқаддас энди нима? Нимага интилсин? Кимдан ўргансин? Бадиий асарларнинг қаҳрамонлариданми? Ундай десак, бу соҳада ҳам нотўғри ишларни хўб қилдик.
   Бу соҳада хато шундан иборатки, асарларни бадиий мукаммаллигига қараб эмас, балки ёзувчининг ижтимоий ҳаётда эгаллаган мавқеига қараб танладик. Бадиий заиф асар билан одамни тарбиялаб бўлмайди. Аксинча, бузиш мумкин. Бадиий заиф асар ёлғондан иборат бўлади. Демак, биз бу асар ёрдамида ёлғончиликни тарғиб қила оламиз. Фикримга бир мисол: Ҳамзага аталган кўп қисмли фильм яратилди. Бу маданиятимизда катта воқеа бўлиши керак эди. Аммо кутилган натижа рўй бермади. Халқ бу асарни илиқ кутиб олмади. Чунки унда уйдирмалар ғоят кўп эди. Хўш, шу асар билан ёшларни тарбиялаб бўладими? Ахир, Ҳамзанинг таржимаи ҳоли халққа маълум, унга ёлғон қаҳрамонликларни ҳадя этишнинг  нима ҳожати бор эди? Фильмни кўрсангиз, Ҳамза Киров, Фрунзе… каби буюк инқилобчилардан ҳам улуғроқ бўлиб кетади. Ўсмирнинг шунга ақли етмайди, деб ўйлайсизми? Ҳамза каби инсон бўлишни орзу қилади, деб ҳисоблайсизми? Йўқ, асло! Ёлғон асарларни кўргач, унга нафрат уйғонади, санъатдан ихлоси қайтади.
   Санъат бола тарбиясида муҳим ўрин тутади, десам фикримга қўшиларсиз. Энди биз болаларга аталган санъат даргоҳларига назар ташлайлик. Ўзбек ёш томошабинлар театри республикада ягона, яъни 5 миллионли мактаб ўқувчилари учун биттагина шу театр. Театрнинг тарихини билмаганларга айтай: у қадимда қамоқхона бўлган жой экан. Эскижўвадаги кўримсизгина бинога жойлашган бу театрнинг ҳовлиси ҳам, дам оладиган ери ҳам йўқ. Саҳна техникаси алмисоқдан қолган. Шу ерга келган болада санъатга меҳр уйғонади, деяолмайман. Театрнинг орқа томони боғ. Боғнинг ҳам, театрнинг ҳам хўжайини бир – Маданият министрлиги. Боғ деворлари театр биносига қадар бостириб келган. Шу деворларни олиб ташлаб, боғни театрга, яъни болалар ихтиёрига бериш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Министрлар бирин-сирин алмашяпти, театр аҳволи эса ўша-ўша хароб ҳолда. Матбуотда ёзиляпти, бонг уриляпти, ваъдалар бериляпти, аммо амалий ишдан дарак йўқ. Энди театрга келиш азобини айтинг. Неча ўқитувчи овора. Трамвай, троллейбусда болаларни театрга олиб келиб-олиб кетишнинг азобини кўз олдингизга келтиринг.
   Болажон республика учун битта болалар театри камлик қилади. Область театрлари болаларга атаб йилда битта асар саҳналаштиради. Шу билан болани тарбиялаяпмиз, десак янглишамиз.
Китобнинг тарбиядаги ўрни барчага маълум. Хўш, болаларни китоб билан таъминлаш қай аҳволда? Аянчли аҳволда, деб баралла айтиш керак. Ҳисоб-китобга қараганда, республикада битта болага бита китоб ҳам тўғри келмайди. Ҳолбуки, айрим республикаларда битта болага йилига 7-8 тадан янги китоб тўғри келади. «Хўш, болаларга китоб чиқариш лозим бўлган «Юлдузча» нашриёти нима қиляпти?»  дерсиз. Нашриёт республиканинг ички имкониятларидан келиб чиқиб ташкил қилинган. Унга қўшимча қоғоз, қўшимча босмахона ажратилмаган. Оқибатда салкам уч йилдан бери керакли даражага етиша олмай сарсон. Ўтган йили нашриёт 60 номда китоб чиқаришни мўлжаллаган эди, босмахоналарнинг камқувватлиги, қоғоз етишмаслиги сабабли аранг 45 китоб чиқарилди. Нашриётнинг яқин йиллар ичида аҳволи ўнгланади, дейишга ҳозирча асос йўқ.
   Китоб чиқариш-ку аянчли аҳволда экан, кутубхоналар-чи? Айрим болалар кутубхоналарини кўриб, йиғлагингиз келади. Болаларнинг севимли жойига айланиши лозим бўлган бу кутубхоналар дуч келган, тор биноларда жойлаштирилган. Шу сабабли ҳам болалар келмайди бу жойларга. Ҳозир болалар дидига мос махсус кутубхоналар қуриш керак. Бу ерда ишловчи кутубхоначилар махсус тайёргарликдан ўтишлари зарур. Болалар билан гаплаша оладиган, уларни китоб ўқишга қизиқтирувчи, энг муҳими – ўзи ҳам китоб ўқийдиган одамлар ишлаши керак бу ерларда.
   Биз тарбия масаласида ҳаётдан орқада қолганмиз. Ҳаёт шиддат билан олға интиляпти. Биз эса бир ерда депсиниб турибмиз. Ҳали ҳам «Оталар сўзи, ақлнинг кўзи» телекўрсатуви ёрдамида тарбияламоқчи бўламиз. Бу кўрсатувдан ибрат олиши лозим бўлган ёшлар видеобарларда, ресторанларда, дискотекаларда ўтирганини ҳисобга олмаймиз.
   Кейинги пайтда «видео» деган аждаҳо пайдо бўлди. Ҳа, айнан аждаҳо у. Шоир бўлганимда «видео»га «аждаҳо», «расво», «бало» деган сўзларни қофия қилардим. Видеосалонлар, дискотекалар ёшлар тарбиясини бузишга хизмат қиляпти. Тошкентда варетте очилганда нафратланган эдим. Ресторанга кирсангда, ярим яланғоч аёллар турли мақомда йўрғалашади. Энди бу ҳам ҳолва. Видеолар тарбиясизлик эшикларини ланг очиб юборди. Бу эшиклар беркитилмас экан, яхшиликка умид йўқ. Ёш қизларнинг бузилиши, фоҳишаларнинг, гиёҳвандларнинг, қотилларнинг кўпайиб кетишига ана шу томошалар ҳам сабаб. Мен Ўзбекистонда бундай бемаънигарчиликка тезроқ барҳам берилишини истайман.
   Ҳар бир диёрнинг ўзига хос тарбия усуллари, анъаналари мавжуд. Биз ана шуни ҳам унутяпмиз. Ҳаммани бир хилда тарбияламоқчи бўляпмиз. Ҳолбуки, бизнинг халқимиз ҳамма вақт шарқона тарбияга суянган. Нима учун ундан воз кечишимиз керак? Шарқона тарбиянинг нодир жиҳатлари унутилаяпти. Бугунги ёш ота-оналар, ўқитувчилар шарқона тарбияни яхши билмайдилар. Салом бериш одоблари, меҳмонда ўзини тутиш одоблари, катталар гапини тинглаш, саломга алик олиш одоблари… Шундай одоблардан сабоқ берувчи донолар китоблари Шарқшунослик институтида босилиб ётибди. Бу китоблар қачон халққа етиб боради? Ахир одобномалар айнан ҳозир зарур-ку?
   Болаларнинг, ёшларнинг тарбияси пионер ва комсомол ташкилоти зиммасига юклатилган. Жиноятчиларнинг учдан бир қисми 30 ёшгача бўлган одамлар экани назарга олинса, бу ташкилотларнинг яхши ишламаётгани кўринади. Энди яширмаслик керак, яра патос боғлаган –бу ташкилотлар зиммаларидаги вазифаларни уддалай олишмаяпти. Бунга сабаб – ташкилотларда ишчан, доно одамлар кам, аксинча маҳамадона, сафсатабоз, буйруқбоз, қоғозбозлар кўп.
   Оғзи куйган одам қатиқни пуфлаб ичади, деган гап бор. Хўш, бир марта қамоқ жабрини тортган ўсмир нимага эсини йиғиб олмайди? Аввало, қамоқдан қутулган ўсмир қалбида ҳаётга муҳаббат ҳисси эмас, кўпроқ аламзадалик бўлади. У ҳатто колонияда ҳам ноҳақликларни кўради. Колонияларда юз берган исёнларнинг сабаблари бор-ку, ахир? Колониядаги боланинг кунлик ейдиган овқати пулга чақилса – 56 тийин экан. Айни кучга тўлаётган, овқат ейман деб турган ўсмир бунга қаноат қила олармикин? Бола жиноятга яраша жазо олиши лозим, лекин саломатлигини йўқотмаслиги керак.
   Ўсмир қамоқдан чиқди. Уни ким кутиб олади? Бирон бир корхона аъзоларими? Йўқ. Комсомол ташкилотими? Йўқ. Уни яна милиция кутиб олади. Яна рўйҳатга қўяди. Ҳар қадамини текширади. Милиционерлар орасида ширинсўз, хушмуомала одамлар камлиги ҳисобга олинса, ўсмирнинг аҳволи ойдинлашади. Қамоқдан чиққан айрим ўсмирларни аввалги дўстлари – гиёҳвандлар, безорилар… кутиб олади. Унинг ишга жойлашиши қийин, яшаш учун эса пул керак. Ким беради? Албатта ўша «қадрдон» дўстлари.
   Айрим ўсмирлар тавбасига таяниб чиқади қамоқдан. Лекин атрофида меҳр кўрмагач, яна ҳаётдан нафратлана бошлайди. Оқибатда бу нафрат уни яна «қора курси» сари бошлайди.
   Райижроқўмлар қошида ўсмирлар билан ишлаш комиссиялари бор. Билишимча, улар ҳам вазифаларини етарли уддалай олмайдилар. Шу сабабли ҳам қамалиб чиққан ўсмирлар, ёшлар билан иш олиб борувчи кўнгилли жамият ташкил этилса деган истак бор менда. Тахминан «Биродарлик» деб номланувчи бу жамиятга ҳаёт кўрган одамлар, қамоқ жабрини тотганлар, юрагида шафқат ҳисси бор одамлар бирлашишлари керак. Уларга колониялардаги аҳволни назорат қилиш ҳуқуқи берилиши зарур. Жамият колониядаги маҳбуслар билан тарбиявий ишлар олиб боради. Ўсмир озодликка чиққач, уни кутиб олади. Оилвий шароитига қарайди, ёрдамлашади, ишга жойлаштиради… Унинг жиноят кўчасига яна киришига йўл қўймайди. Ички ишлар министрлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида шундай жамият тузилса, жиноятларнинг камайишига ҳисса қўшилади деб ўйлайман.
   Ватанимизни беқиёс гўзал ўрмонзорга қиёс қилсак, ҳозир бу ўрмонга ўт оралаган. У қамровни тобора кенг оляпти. Узоқ йиллар ёнғин халқдан яшириб келинди. Ана энди унинг машъум оқибатлари аён бўлгач, даҳшатга тушиб турибмиз. Ёнғиннинг олдини олишда калтабинлик қилинди. Энди ўчириш чораларини топиш зарур.  
 
Тоҳир Малик
 
«Муштум» журнали,1989, август.

 
« Олдинги   Кейинги »