Принтер учун E-mailга юбориш
АЙБ КИМЁДАМИ, ЛОҚАЙДЛИКДАМИ?

   Йигирманчи асрнинг атамалари кўп: «Атом асри», «Космос асри», «Электроника асри». «Лазерь асри»… ҳатто «Кимё асри (!)» Жуда кўп фан асослари юз йиллар давомида минг-минг олимлар томонидан ишланиб, бизнинг асримизга келганда нишона бера бошлади. Ҳали ҳеч бир фан мукаммал ҳолга келгани йўқ. Шундай экан, бирон бир фан соҳасида ҳозир ҳам хатоликларга йўл қўйилиши мумкинми? Мумкин. Ана шу хато учун биз ўша «гуноҳкор» фанни «бурчакка тик турғазиб қўйиб» жазолашимиз керакми?
   «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газтасидаги кимёгар – ёзувчи баҳсини ўқиб, хаёлимга шулар келди. Редакция кимёгарнинг ҳам, ёзувчининг ҳам фикрлари асосли эканини қайд этган. Бир қараганда, чиндан ҳам, баҳс иштирокчилари ўз фикрларини, ўзларига мақбул ҳолда исботламоқчи бўлганлар. Лекин, назаримда, ҳар иккиси ҳам бирёқламаликка йўл қўйган. Мен уларнинг баҳсига аралашиб, «қозилик» вазифасини ўтамоқчи эмасман. Мени бу баҳсга аралашишга бошқа бир сабаблар ундади.
   Гап шундаки, кимёга «тош отиш» янгилик эмас. «Кимё касалликлар тарқатяпти, табиатни бузяпти», деган гаплар тараққий этган барча мамлакатларда бор. Бундан бир неча йил аввал бир хорижий мамлакат медиклари мақолаларидан ташкил топган китобда цивилизация келтириб чиқараётган касалликларнинг бош сабабчиси Кимё деган ақида илгари сурилган эди. Китобни ўқиб чиққан одамнинг кимёдан кўнгли қолиши турган гап. Чунки медикларнинг ҳар бир фикри мисоллар орқали далилланган. Улар ҳам, энг биринчи галда ДДТнинг оқибатлари ҳақида сўз юритганлар.
   Яширмайман, уларнинг кўп фикрларида жон бор. Кимёвий моддалар одамзотга илгари номаълум бўлган айрим касалликларни ҳам келтириб чиқаради. Айрим кимёвий моддалар ҳали ҳам саломатликка салбий таъсир этяпти. Бу ҳеч ким учун сир эмас. Жамият мана шундай ҳолларга қарши кураш олиб боряпти. Лекин кимёнинг бу зарари шу фанга нисбатан қаттиқ норозилик туғдириш учун сабаб бўла оладими?
   Кимёга қарши овоз берувчилар аввало медиклар, сўнг табиат муҳофазаси учун жон куйдираётган қалам аҳли. Мен ҳар  икки соҳанинг айрим вакиллари билан баъзи масалаларда баҳс юритмоқчиман.
   Дейлик, кимё касаллик уйғотяпти. Бутунлай рад этолмайман. Маълум шароитларда бу касаллик инсон ҳаётига хавф солиши ҳам мумкин. Аввало ўша кимёвий моддалар яхши ниятларда – экин зараркунандаларини қириш, ёввойи кўкатларни қуритиш, ҳосилни сақлаш учун кашф қилинган. Хўш, кашф этиш жараёнида ўша моддаларнинг инсонга ҳам таъсири ҳисобга олинганми? Олинган. Чунки зараркунандалар ҳам инсонга ўхшаш тирик жон. Унга зарар етказувчи модда ҳеч қачон одамга ёки бошқа жониворларга дори бўлмайди. Гап фақат ўша модданинг меъёрида. Битта ўргумчак канани ўлдириш қувватига эга модда одамни бу даражага олиб келолмайди, бу – бирламчи. Иккиламчи: зараркунандаларга қарши кимёвий модда ишлатганда зарур эҳтиёт чоралари ҳақида ҳам тадбирлар белгиланган-ку! Демак, айб ҳар қалай фақат кимёда эмас, балки ўзимизнинг лоқайдлигимиз ёхуд масъулиятсизлигимизда эмасмикан?
   Шу ўринда Атом электр станцияларни эслайлик: у ерда зарур эҳтиёт чораларига амал қилиш мажбурийдир. Бўлмаса оқибати фожиявий тугайдиган касалликка чалиниш ҳеч гап эмас. Нима учун АЭСда эҳтиёт чоралари қатъий йўлга қўйилади-ю, далада кимёвий моддалар ишлатганда эътибор берилмайди. Ахир ҳар икки ҳолдаги эҳтиётсизлик бир хил натижага олиб келадику?
   Ёзувчи «Олимлар ўзлари яратган дорилар қандай ишлатилаётганини, одамларнинг соғлиғига қандай таъсир кўрсатаётганини ҳам назорат қилишлари керак», деб ёзибди. Одил талаб. Аммо имконият даражасига сиғармикин бу талаб? Ёзувчи ўзига таниш деҳқонларнинг кўп дори ишлатиб карам етиштиришларини айтибди. Бундай «деҳқон»лар (буларни деҳқон дейишга ҳам тилинг бормайди) битта-иккита бўлса экан, олимлар назорат қилиб туришса. Умуман, назоратни олимлар эмас, бошқа масъул ўртоқлар амалга оширишлари керак. (Олимларнинг вазифаси – кашфиётларини такомиллаштириш устида ишлаш). Завод қанча маъдан ўғит, қанча бошқа моддалар ишлаб чиқаргани аниқ. Лекин шу ўғит, шу моддалар қандай ишлатиляпти? Буниси кимга аниқ? Хўжалик раҳбарларигами? Халқ назоратигами ёки милиция органларигами? Агар уларга маъум бўлса, ярим гектар ерга икки тонна дори берган «деҳқон» ўша дорини қаердан олибди? Қовун-тарвузларни селитра билан «боқаётган» «деҳқон»-чи? Кимёнинг тарафини олиб ёзяпман-у ўйлаяпман: назаримда ўша «деҳконлар» кимёдан беҳад мамнун бўлишса керак. Аммо у миннатдор баднафслар қилмишлари билан фақат ўзларига эмас, балки кимёга ҳам лаънат келтираётганларини билармикинлар? Мен бир «ҳаваскор деҳқон»нинг ҳаддан ташқари кўп дори бериб ерни куйдириб юборгани, окибатда фойда ололмай кимёгарни сўкканига ҳам гувоҳ бўлганман. Сирдарё областида бир бригада бошлиғининг «Вақтида ишлатмаганимни билса, раис уришади», деб маъдан ўғитларни  ариққа оқизганини ҳам эшитганман. Хўш, буларни ким назорат қилиши керак? Аввало ҳар бир одам онгига меъёр масаласини сингдириш зарур. Ҳар бир одам маъдан ўғит ишлатишда ҳам, кимёвий модда ишлатишда ҳам  ақлга суяниши лозим. Узоққа бормайлик, кичкина боғимизда дарахтларга шира тушса, дўкондан дори сотиб оламиз. Дори идишларида ишлатиш қоидалари ёзилган бўлади. Айтайлик, бир челак сувга бир ош қошиқ аралаштириш лозим. Биз нима қиламиз? Ширадан тезроқ қутилиш учун бир эмас, икки қошиқ ташлаймиз. «Бир қошиқ ташладик нима-ю, иккита ташладик нима?» деймиз. Ана шунга ўхшаш каттароқ боғи бўлган одам, кузда мўмайроқ фойда олиш ниятидаги «боғбон»нинг уч қошиқ аралаштириши тайинми? Тайин. Бунинг устига «Мен шунча ишлатдим, тез таъсир этаркан», деб бошқаларга маслаҳат бериши-чи? Бу маслаҳатни эшитган одамнинг тўрт қошиқ солиши-чи? «Дорини ишлатиш қоидасида нима учун тўрт эмас, бир қошиқ дейилган?» деб ким ўйлаши керак?
   Даладаги экинларнинг, боғлардаги дарахтларнинг зараркунандаларига қарши курашишнинг бошқа мақбул табиий чоралари етарли бўлмагач, заҳарли моддаларни ишлатишга мажбурмиз. Шундай экан, дориларга қарши курашни эмас,  кимёвий дориларни нотўғри ишлатишга қарши курашишни йўлга қўймоғимиз шарт.
   Айрим корхоналарда қимматбаҳо металларнинг мисқолигача ҳисобга олинади. Маълум буюм учун ишлатилган ўша металлнинг чиқиндиси ҳам ҳисобли. Агар қимматбаҳо метал исроф қилинса масъул шахслар жавобгарликка тортилади. Маъдан ўғитнинг, кимёвий модданинг ҳар бир мисқоли ҳам худди шундай бўлиши керак.
   Мен ҳам эшитган гапларимга асосланиб, маъдан ўғит ишлатилса, тупроқ оҳакка айланиб кетади, деб юрардим. 7-8 йил муқаддам Боёвут районида бўлганимда, район раҳбарларидан бири районда маъдан ўғитдан фойдаланиш тартибини айтиб берди:
  - Олимлар ҳар гектар ерга қанча маъданли ўғит солишни ҳисоблаб беришган. Лекин биз шу ҳисоб-китобни назарга илмаймиз. Тележкага сиққанича ўғит ортиб, даланинг дуч келган ерига ташлайверамиз. Бир ерга икки тонна, бошқа жойга уч тонна… Оқибатда ер ҳам бузилади, ҳосил ҳам яхши битмайди.
    Улар бу нотўғри ишловни вақтида пайқаган ва бунга барҳам берган. Ерларга бир меъёрда ўғит солишни назорат қилган. Оқибатда гектаридан аранг 10-12 центнер пахта ҳосили кўтарган район оз фурсат ичида 30 центнерлик маррага етган. Афсуски, бундай яхши мисоллар кўп эмас.
   Ҳозир ер юзи аҳолиси, жумладан мамлакатимиз аҳолиси ҳам, тез суръатлар билан ошиб боряпти. Ҳаммани боқиш, кийинтириш керак. Жаҳон олимларининг ҳисоб-китобига кўра, маъданли ўғитларсиз олинган ҳосил билан аҳолини тўйдириб, кийинтириб бўлмайди. Кимёгар олима тўғри таъкидлабди, ҳосилнинг қарийб ярми (менингча, ярмидан кўпроғи) маъдан ўғит шарофати. Ҳосилдорликда алмашлаб экиш, маҳаллий ўғитнинг хизматини инкор этиб бўлмайди. Аммо керакли ҳосилни кўтариш учун бунинг ўзи кифоя эмас. Экин майдонлари беҳад кенгайиб бораётган бир вазиятда маҳаллий ўғитни зарур миқдорда етказиб бериш мумкин эмас. Демак, масала яна маъданли ўғитларни билиб ишлата олишга бориб тақалади.
   Олима газетадаги мақоласида кимёга ғоят катта баҳо берган. Бу табиий. Ҳеч ким ўзи севган касбни қораламайди. Бундан ташқари кимёнинг кундалик турмушимизга сингиб кетгани барчага аён. Эрталаб чойимизга маза берадиган қанднинг оппоқлигидан тортиб, зиёфатларда истеъмол қиладиган ичимликларнинг рангигача кимёнинг қўли бор.
15-20 йил муқаддам одамлар ип-газламадан «юз ўгириб», «нейлон» «қули»га айландилар. Синтетик толадан ишланган кўйлаклар, костюмлар, плашчлар.. дўконларнинг орқа эшигидан фақат танишларга ва… чайқовчиларга сотилган вақтларни кўпчилик эсласа керак. Одамлар бу сунъий матонинг чиройига, майинлигига, дазмолсиз ҳам киявериш мумкинлигига… учдилар. Аммо тез орада бу матонинг соғлиқ учун зарарли экани маълум бўлди. Худди шу кийим-бош туфайли одамлар (айниқса болалар) турли ксалликка чалина бошладилар. Чунки бу масалада ҳам кимё мўъжизасидан фойдаланишда меъёр бузилиш ҳоллари кўп. Синтетик толалардан тўқилган матоларни олайлик. Уларсиз ҳам бугунги кунни тасаввур этиш қийин. Бундай матоларнинг ўрнини топиб ишлатган маъқул эмасмикин? Махсус иш кийимларидан тортиб, мактаб ўқувчилари китоб-дафтарларининг жилдигача ишлатиш мумкин уни. Демак, шундагина у инсон саломатлигига зарар етказмайдиган бўлади.
   Ёзувчи кимёгарлар томонидан ишланган янги препаратларнинг жорий этиш масаласини кун тартибига қўйиб жуда тўғри қилган.  Илм-фан янгиликларини ишлаб чиқаришга жорий этишдаги сусткашлик кўп танқид этилади. Кимёгарлар зарари камроқ дорилар ишлаб чиқаришаётган экан, бу дорилар синовларда ўзини оқлаётган экан, тегишли ташкилотлар ва масъул ўртоқлар бизнинг пахтакор республикамиз учун  алоҳида аҳамиятга молик ишни тезлатиш борасида қандай чора-тадбирлар кўришяпти, деган савол туғилади.
   Дарҳақиқат, табиатга зарар етаётганига:
       1)кимёвий дориларни ишлата билмаслигимиз;
       2)янгиликларни тез жорий эта олмаётганимиз;
       3)беғам  ўртоқларнинг лоқайдлиги экан, биз нега бу муаммога совуққонлик билан қараяпмиз?
   Мана шу масалада ҳамкасбларимдан бир оз гина қилмоқчиман. Аввало, табиат муҳофазаси масаласи бир гуруҳ ёзувчинигина эмас, ҳаммани қизиқтирмоғи лозим. Назаримда, бу иш барчамизнинг эътиборимизда туриши керак. Иккинчидан, табиат муҳофазаси ҳақида ёзсак ёки бирон бир кашфиётни қоралаб, бошқасини ёқлагудай бўлсак, олимларнинг оғзаки суҳбатларига суяниб иш қилиш керак эмас. Кутубхонада ўтириб, шу фан, шу кашфиёт асосларини чуқурроқ ўрганмоғимиз лозим. Бадиий асар одамларга бир хилда ёқавермагани каби, фанда ҳам ҳар бир кашфиётнинг тарафкашлари ва рақиблари  (яхши маънода) бўлади. Бир маҳаллар биз лаънатлаётган ДДТнинг ҳам тарафкашлари  мавжуд эди. Ўшаларнинг гапига ишониб, мақтов мақолалари ҳам ёзилган. Гоҳо танқид ҳам қилинган. Мана энди ана ўша кўп йиллик баҳснинг натижаси аён бўлиб турибди. Бу препарат қаттиқ таъқиқланди. Лекин бу таъқиққа, инсон соғлиғини ўйлаб чиқарган қарорларига амал қилмай уни пинҳона ишлатаётган айрим колхоз ва совхоз раҳбарлари ҳам бор-ку? Биз уларни тартибга чақириб қўйдикми? Афсуски, йўқ!
   Гарчи баҳсда медиклар тилга олинмаган бўлса-да, «кимёга қарши тош отаётганлар» қаторида улар ҳам борлигини биламиз.
   ХХ аср касалликларини асосан кимёга боғланиши тўғрими? Яна таъкидлаш керак, бу асосан ишлатиш меъёри бузилганда рўй беради. Биз мўмиёни энг яхши шифобахш дори сифатида эъзозлаймиз. Лекин меъёр бузилса унинг ҳам зарарга айланиши ҳақиқат-ку! Мен табиат муҳофазаси ҳақида озми-кўпми тушунчага эга бўлганимдан бери республикамиздаги бирон-бир  врачнинг  «фалон колхозда кимёвий ўғитдан нотўғри фойдаланилди», деб матбуотда жиддий чиқиш қилганини эслай олмайман. Чамаси, жойлардаги врачлар ҳам бу ҳолга эътиборсиз қарамоқдалар. Ёки баъзи узоқни кўрмаган хўжалик раҳбарлари билан сан-манга боришдан чўчимоқдалар. Холбуки, врачлар фақат касалларни даволаш учун эмас, хасталик ўчоғини бартараф қилиш учун курашишлари керак. Улар кимёвий моддаларнинг нотўғри ишлатилганда ёхуд бу ишда меъёр бузилганда ҳам фаол чиқишлари, лоақал тушунтириш ишлари олиб боришлари зарур. Бу ишда врачлар ва қаламкашлар ҳамкорлиги айниқса фойдалидир.
   Медиклар қовун-тарвуз ва бошқа сабзавотлардаги селитранинг саломатликка зарар келтиришини аниқлаган эдилар, қарабсизки, бунинг олдини олиш чоралари ҳам белгиланди: бозорларда бу маҳсулотлар махсус текширув пунктлари очилди. Бу ишлар яхши бўлди, аммо афсуски селитрага тўйинган маҳсулотларга барҳам берилди деёлмаймиз. Нима учун? Сабаби оддий: баъзи текширувчи шахслар эл-юрт саломатлигини эмас, ўз ҳамёнларини кўпроқ ўйлашяпти. Баҳорда қовун-тарвуз эккан деҳқон бозорда шундай назорат бўлишини билади. Била туриб селитра ишлатишдан ўзини тиймайди. Чунки у бозордаги назоратчи шахс билан тил топиша олишига ишонади. Борингки, беш-ўн тарвузни ёриб ташлар, беш-ўн сўм пул талаб қилар, садқаи сар. Бунинг эвазига неча юз сўм оқиб киради ҳамёнига. Демак, қовун-тарвуз, сабзавотлардаги селитранинг мавжудлигига кимё эмас, бошқа касб эгалари ҳам сабабчи экан, шундай эмасми? Агар назоратчилар вазифасига виждонан қараса бу ҳолга бир-икки йилда барҳам берилган бўларди.
   Дарҳақиқат, кимёнинг табиатга зарари ҳақида кўп гапиряпмиз. Бу зарарга қарши чоралар ҳақида-чи? Ё бундай чоралар йўқми?
   Ҳозир шаҳар-қишлоқларни автомашинасиз тасаввур этиб бўлмайди. Улардан ажраладиган ис газини тасаввур қилиб кўрганмисиз? Унинг зарари экинларга сочилаётган дорилар зараридан кам эмас. Кимёгарлар бензин ўрнига сув таклиф қилишяпти. Яъни сувни водород ва кислородга парчалашмоқчи. Шунда кислород ёнилғи вазифасини ўтайди, кислород эса ҳавога қўшилади: ис гази ўрнига кислород!
   Бу ишлар эртами-кечми амалга ошади.  Аммо ҳозирнинг ўзида кимё табиат муҳофазаси учун нималар қиляпти? Ўн беш йиллар чамаси олдинги буюмларни бир эслайлик: телефон трубкалари, радио-телевизор, трамвай ўриндиқлари, шифти… Ёғочга кўзимиз тушармиди? Энди-чи? Ёғоч ўрнига полимер, пластмасса… Ҳам енгил, ҳам кўркам. Ахир шунинг ўрнига ёғоч ишлатилса, неча гектарлаб ўрмон нобуд бўлмасмиди? Ёки ташлаб юбориладиган қоғозларни қайта ишлаб чиқариш-чи? Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Мен шу ишларга асосланиб ҳам, кимёни душманимиз эмас, дўстимиз деб атайман. Агар биз дўстмизни тўғри тушуна олсак, инъомларини тўғри қабул қилолсак. У бизга содиқ бўлиб қолаверади.
 
Тоҳир Малик
 
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси,1984, январь.

 
« Олдинги   Кейинги »