Принтер учун E-mailга юбориш
ИНСОН ТАҚДИРИ
 
О, инсон қисмати, бунчалар чигал,
Бунчалар хилма-хил фоже ва аза…
Абдулла Орипов.
 
 
   Сиз жиноят кўчасига кириб қолиб, афсус кемасида сузаётганларнинг кўзларига ҳеч қараганмисиз? Изтироб, қайғудан ич-ичига ботган кўзларда ҳукм ўқилгунига қадар умид учқуни бўлади. Ҳукм ўқилгач, бу учқун сўнади. То жазо муддатини ўтаб чиққунига қадар бу кўзларда чақноқ нур кўрмайсиз.
   Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бугунги ҳукмга биноан озодликдан маҳрум этилган маҳкум орадан ойлар ёки йиллар ўтгач, қандай одам қиёфасида уйига қайтади? Унинг кўзларида қандай нур жилоланади ўшанда? Шукроналик, бахтиёрликми? Пушаймон, афсусми? Алам ва ҳасратми?
   Яна бир нарсани мулоҳаза қилиб кўрганмисиз? Узоқ ойлар ёки йиллар мобайнида маҳкумликнинг аччиқ сувини ичган одам озодликка чиққач, нима сабабдан жиноятга яна қўл уради?
Мен бу ҳақда кўп ўйлайман. Саволга ўзимча жавоб топишга интиламан. Айримлар «ўтириб чиққан» деган номни, бошқачароқ айтилса – оғир  юкни кўтара олмайдилар. Айниқса оилада, маҳаллада, иш жойида унинг қамалиб чиққани пеш қилинса чидай олмайди. Айримларни кутиб оладиган яқинлари, оиласи, ишхонаси ҳам бўлмайди. Қаёққа боради? Яна жиноятчилар тўдасигами? Баъзилар ўзини ноҳақ жабрланган деб ҳисоблайди. Алам билан яшайди, озодликка ҳам шу алам билан чиқади.
   Ҳар бир замонда, жамиятда ноҳақ жабрланганлар бўлган. Баъзан туҳмат балоси, ёлғон гувоҳлар туфайли одамлар бадном қилинганлар. Баъзан эса янглиш хулоса, янглиш тўхтам сабабли ноҳақ қамалганлар. Қайси бир суд мажлисига борманг, бир томон: ё жабрланувчи ёки жиноятчи томон ҳукмдан нолийди. Бу ҳам табиий бир ҳол. Лекин баъзан бундай ҳоллар ҳам юз беради-ки, терговчи ёки ҳакамнинг янглиш йўли бир одам ёки бир оила тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин.
   Ҳозирги сўз шу ҳақда.
   Юз минг ёки миллионлаб аҳоли яшайдиган мамлакатда бир одамнинг ноҳақ қамалиб ётиши ёки отиб ташланиши – денгиздан бир томчи олинса сезилмагани каби арзимас гапдай туюлар. Лекин ўша одам – гумондорми ё жиноятчими – шу биз яшаётган жамият аъзоси,  кимнингдир суюкли фарзанди, кимнингдир суюкли ёри, кимнингдир жондан азиз отаси ёки онаси. Бадандан бир мўй юлиб олинса оғриқ бергани каби, одамни жамият қўйнидан юлиб олиниши ҳам оғриқ билан кечади. Бу ҳолда фақат жисмоний эмас, руҳий оғриқ беришини, бу оғриқ оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак.
   Табибнинг нотўғри муолажаси туфайли одам ногирон бўлгани сингари терговчи, қораловчи ёки ҳакамнинг нотўғри ҳукми туфайли руҳ шикастланади. Шикаста руҳни тарбия этиш, даволаш эса осон эмас.
   Яқинда Республика Прокуратурасининг эътирози асосида Тошкент шаҳар суди раёсати бир ҳукмни бекор қилди. Туман, шаҳар ёки вилоят судларининг ҳукми бекор қилиниши фавқулодда ҳодиса эмас. Жиноятни аниқлашда камчилик ҳам бўлиши мумкин. Тушунарсиз ёки баҳсли ўринлар ҳам юз бериши, табиий. Шу нуқтаи назардан ёндошиб, бекор қилинган ҳукм хусусида сўз юритар эканмиз, кимнидир айблаш, кимнидир жазога тортишни талаб қилиш фикридан узоқмиз.
   Бекор қилинган ҳукм 29 ёшли Ботир Неъматуллаев  ишига тааллуқли. Мазкур иш бўйича гап айтишдан олдин Ботирнинг аввалги ҳаётини эслашимиз жоиз.
У зиёли оиладан, отаси неча-неча беморларни ҳаётга қайтарган эл эъзозидаги одам эди. Оила тинч, фарзандлар баодоб эдилар… Ўшанда Ботир ўн олти ёшда эди. Ўртоғининг акаси уйланадиган бўлиб, тўйда тенгдошлари қатори хизмат қилди. Даврада ўтирган ёши каттароқ йигитлар ароқ тутганларида рад этди. Зўрлаганларида туртиб юборди, ароқ тўкилди. Бу ҳол йигитларнинг ҳамиятига тегди. Ботирни олиб чиқиб жазоламоқчи бўлишди. Уришди, ҳатто оёғидан дарахтга осишди. Сўнг бу ҳам камлик қилгандай, машинада қаёққадир олиб боришмоқчи бўлишди. Шунда Ботир машинадаги пичоқни олиб, йигитлардан бирига урди. Яраланган йигитни дўстлари касалхонага олиб боришди. Ботирни эса, дўппослаб, беҳуш ҳолида кўчасига ташлаб кетишди. Бу пайтда унинг отаси Москвада эди. Турган гапки, Ботир бўлган воқеани ҳеч кимга айтмади. Уни тиббий назоратдан ўтказиш, жароҳатларини қайд этиш ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Орадан кунлар ўтаверди. Жароҳатлар ўрни йўқолганида у йигитга ким пичоқ ургани «маълум» бўлиб қолди. Ўн олти ёшли ўсмирнинг қўлига кишан уриб олиб кетдилар. Биз ҳозир ўша ишни таҳлил этмоқчи эмасмиз. Бизни фақат бир нарса ажаблантиради: жабрланувчи тан жароҳатлари билан касалхонага келтирилиши билан, ўша ондаёқ милицияга хабар қилиниши, милиция эса ўша ондаёқ қидирув ишларини бошлаши керак эди. Аммо ўшанда нима учундир қидириш пайсалга солинди. Жабрланувчи тирик эди, ҳуши жойида эди. Гувоҳликка ўтувчи дўстлари ҳам тайин эди. Нима учун Ботирни ўша кунлари эмас, орадан ҳафталар ўтказиб қамоққа олишди?
   Ботир «ўзимни ҳимоя қилдим», дегани билан гувоҳлари йўқ эди. Йигитлар эса номардлик қилиб, ҳақиқатдан тойдилар. Уларнинг ҳеч бири «шу бола ўрнида ўз укам бўлса-чи?» деб ўйламади. Жанжални бошлаган, яраланган йигит тузалиб кетди. Бегуноҳ ўсмир эса «аҳлоқни тузатиш» учун ҳукм қилинди. Бу ўринда тергов ёки судни ноҳақликда айблаш нотўғридир. Бу ҳукмнинг гуноҳи ўша ёлғончиларда.
   Хуллас, йиллар ўтиб Ботир уйига қайтди. Ёш эди. Қалбидаги аламга нисбатан мўминлик устун келди. Ўч олиш деган фикрдан узоқ юрди. Тўғри яшади. Уйланди. У машъум кунлардан узоқлашиб, бахтиёр турмуш кечирарди. Ботир акасининг ўртоқлари билан Чимкентга кетган куни «Тошкентда, қурилиш битмаган бир иморатда жиноят содир бўлар ва оқибатда бу жиноят менинг бўйнимга илинар», деб ўйламаган эди.
   1993 йилнинг 21 январ куни, шом арафасида балоғатга етмаган бир бокира қизнинг номуси булғаланди. (Биз у қизнинг исмини айтмаймиз, шартли равишда К. деб қўямиз) К. дугонаси С. билан касалхонадаги отасини кўриб чиқаётганида, тўрт йигит уларни гапга солади. С. улардан узоқлашади. К.ни эса алдаб, таксига ўтказишиб, олиб кетишади.
Милицияга, бошқа ҳуқуқ идораларига ҳам осон тутиб бўлмайди. Қиз жиноятчиларнинг ким эканини аниқ билмайди. Бир мартагина кўрган холос. Милиция эса уларни топиши шарт.  Вазифа ғоятда оғир. Аммо бу ҳеч қандай маҳкамага қонунни четлаб ўтиш ҳуқуқини бермайди.
Жиноят содир этилганидан сўнг орадан бир ой ўтгач, 26 феврал куни Ботирнинг акасини иш жойидан олиб келадилар ва уни бир кеча-кундуз асоссиз равишда ушлаб турадилар. Сўнг «укангни олиб келсанг, қўйиб юборамиз», деб шарт қўядилар. Шу ўринда савол туғилади: Ботир қочиб ёки яшириниб юрган бўлса экан, акасига «укангни топиб кел», деб шарт қўйишса. Кимдан гумон қилишган ўзи? Ботирданми ёки акасиданми? Акасидан гумон қилишса, нима учун укани олиб келишни талаб қилишади? Ботирдан гумон қилишса нега акани қамашади? Тушунарсиз бир ҳол…
   Тошкент шаҳар суди раёсатининг қарорида қайд этилишича, жиноий иш юритишда бир қанча жиддий хатоларга йўл қўйилган. Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг жиноий ишларга оид барча қонунлар, кодекслар ҳуқукий давлат талаблари асосида қайта кўриб чиқилди ва мукаммал ҳолга келтирилди. Афсусли ери шундаки, одамлар бу қонунларни ўрнатишга, амалга оширишга бефарқлар. Кўпчилик бошига бир иш тушсагина қонун билан қизиқиб қолади. Ҳолбуки, ҳар бир фуқаро бундай қонунларни яхши билиши шарт.
   Албатта, қонун ва кодексларни ҳуқуқий идоралар ходимлари аъло даражада билишлари ва бўйсунишлари шарт. Агар қонунни яхши билмасалар ёки унга ҳурматсизлик билан қарасалар четлаб ўтишга ҳаракат қилсалар, нохуш вазият юзага келади; биринчидан, бегуноҳ одам жазоланиши мумкин. Иккинчидан ва энг муҳими – одамларда қонунга, адолатга, нисбатан ишончсизлик туғилади. Одамлар «бир терговчи ёки ҳакам тажрибасизлиги туфайли ё эътиборсизлик ё қасдданми қонунга хилоф иш қилди», дейишмайди. Бу ҳолда «кўтара, улгуржи савдо» бўлади, яъни «ҳаммаси шунақа, адолат йўқ» каби  гаплар айтилади. Ноҳақ ҳукм эса буни тасдиқ этиб беради. Ана шундан сўнг қонунга қатъий амал қилинган ҳолларда ҳам ҳукмларга ишонишмайди.
   Яна юз берган воқеага қайтайлик: ўша куниёқ акаси Ботирни милицияхонага бошлаб келади. Терговчининг талаби билан Ботирнинг куёвлик либосида, келин ва дўстлари даврасида тушган сурати ҳам берилади. К.га айнан шу сурат кўрсатилади. К. иккиланганида «Сени зўрлаган шунинг ўзи, орадан вақт ўтгани учун ўзгарган» дейишади. Суд жараёнида адвокат: «Терговчи бир неча йил аввалги суратни эмас, ўша кунлардаги суратни кўрсатиши шарт эди», деб даъво қилганида, мутлақо ҳақ эди.
   Гумондор билан жабрланувчининг юзлаштириш жараёни ҳам ажабланарли кечади. Аниқроқ айтилса, жиноят процессуал кодексининг (янги таҳрирдаги) 126, 127, 130-бандларига риоя қилинмаган ҳолда амалга оширилади. Ўз ишини пухта, мукаммал билган терговчи юзлаштиришдан аввал «гумондорни қандай аломатлари ёки белгилари билан танишингиз мумкин» каби саволларни берар ва бу сўроқ жараёнини расмийлаштириб қўяр эди. Ботирнинг иши билан шуғулланганлар кодексининг бу бандини ё унутганлар ёки четлаб ўтиш мумкин, деб ҳисоблаганлар. Қизиғи шундаки, икки марта бўлиб ўтган туман суди, уларнинг ҳукмини тасдиқлаган шаҳар суди ҳам кодекснинг бу ва тубанда қайд этадиганимиз бошқа бузилишларига жиддий эътибор қаратмаганлар. Орадан бир ярим йил ўтиб, Республика Прокуратурасининг эътирозига кўра ишни қайта кўрган шаҳар суди раёсати мазкур бузилишларга эътиборни қаратади.
Кодексда таъкидланганидек, юзлаштириш (бошқача айтганда, жиноятчини таниш, аниқлаштириш) жараёнида гумондор ёнида унинг ёшидаги, миллатидаги, ташқи кўриниши ўхшаш одамлар бўлиши шарт. Гумондор бу одамларнинг ўртасида турадими ё четдами, буни ўзи ҳал қилиши керак. Ботирни юзлаштиришдан аввал терговчи унинг темир жавон ёнида ўтиражагини, устида қандай кийим борлигини жабрланувчига маълум қилади. Шу билан бирга «таксичи уни таниди», дейди. Ҳолбуки, таксичи умуман топилмаган эди. Бу ҳам етмаганидек, гумондор қўлига кишан солинган ҳолда жабрланувчи олдидан олиб ўтилади. Юзлаштириш чоғида ҳам унинг қўлидаги кишан ечилмайди ва у терговчи айтганидай, темир жавон ёнига ўтқазилади.
   Ана энди жабрланувчиларнинг ҳолини тасаввур этинг. «Жиноятчи бу эмас», дейишса, қўлига кишан солиб қўйишибди. «Таксичи ҳам топилди, таниди» деб туришибди. Қизларнинг иккиланганини кўрган терговчи «бу аввал ҳам бошқа аёллар билан шундай жиноят қилган», деб таъкидлаб қўяди. Ана шу ҳолатда жабрланувчи «жиноятчини таниди». Лекин судда ўз кўрсатмасини рад этади. «Ботир у йигитлар орасида йўқ эди», деган гапларни суд инобатга олмайди. Қаранг, қиз «бу эмас эди», деб турса-ю, улар «йўқ, шу эди», деб исботлашга уринишса. Тўғри, жабрланувчининг дастлабки даъвосидан кечишига бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Айтайлик, терговчи ва ҳакам «гумондорнинг яқинлари тазйиқ ўтказган, қўрқитган ёки бойлик ваъда этган», деб шубҳаланишгандир. Бу ҳолда жабрланувчи бир судда аввалги сўзидан қайтар. Кейингиларида эса шубҳасиз, бундай қилмайди, ўз сўзида қаттиқ туриб олмайди. «Ана, айтганларингни қилдим, ишонмаяпти-ку», деб тазъйиқ ўтказганлардан қутулар.     Жабрланувчи К. эса судлардан кейин ҳам «Ботир Неъматуллаев айбдор эмас, у ўша йигитларнинг орасида йўқ эди. Унинг ноҳақ жабр чекишига менинг виждоним йўл қўймайди», деб Республика Прокуратурасига, Олий Мажлисга мактуб ёзиб, мурожаат этади. Небахтки, бу сафар унинг номалари эътиборсиз қолмайди.
   Яна ажабланарлиси шундаки, Ботир билан биргаликда яна Ш. исмли йигит ҳам гумон қилинган. Жабрланувчи дастлаб уни ҳам таниб, биринчи бўлиб шу яқинлашган, деган. Сўнг эса янглишганини айтган. Ш.ни озод этмоқ учун шунинг ўзи кифоя этган. Ботир билан Ш. бир ҳил аҳволда эди. Бири озод этилди, бири эса қамалди.
Шу нарсани ўйлаб, ўйимга ета олмайман. Ботир, албатта, қамалсин, деб биров буйруқ бермаган бўлса керак, ҳуқуқ идораларига эса «ҳар ойда шунча одам қамашинг шарт» деган вазифа ҳам берилмаган. Нима учун уни қамашга тиришдилар? Нима учун ҳақиқатни ойдинлаштиришга уринмадилар?
   Агар эсласангиз, «Санта Барбара» деган фильмда шунга ўхшаш ходиса юз беради. Қизни бошқа одам зўрлайди. Бошқа йигитдан эса гумон қилишади. Қиз ҳам ўша бегуноҳ йигитни кўрсатади. Шундай бўлса-да, турли усуллар билан ҳақиқатни ойдинлаштиришга тиришадилар. Биз баён қилаётган ишда эса жабрланувчи қиз «бу эмас» деса-да, ўжарлик билан «сен ишон, шу эди» деб исбот этишга уриндилар.
   Энди тасаввур қилайлик-чи, Ботир чиндан ҳам ўша ерда эди. Терговчи ҳам, қораловчи, суд ҳам унинг айбини исботлай олди. Шунда табиий бир савол туғилади: қизни бир эмас, тўрт йигит зўрлаган-ку? Яна уч жиноятчи қаёқда қолди? Нима учун уларни топишга, жазога тортишга ҳаракат қилинмади? Асосий гувоҳ қаторида туриши зарур бўлган таксичи нима учун излаб топилмади? Баъзан бир одам мардлик қилиб, шерикларини жазодан қутқариш мақсадида барча айбни ўз бўйнига олади. Шунақамикин, десак, Ботир айбни мутлақо бўйнига олмаган. Терговда ҳам судлар жараёнида ҳам айбни қатъиян рад этган.
   Қизиқ-да, ўзи ўша куни Чимкентда юрган бўлса, жабрланувчи ҳам «бу эмас», деб турган бўлса, қандай қилиб «айбига» иқрор бўлсин? Ботирнинг Чимкентда эканини тасдиқловчи гувоҳларнинг сўзлари шубҳа остига олинди, оқибатда эса эътиборсиз қолдирилди. Бунга сабаб – гувоҳлар Ботирга яқин одамлар экан. Мен қонун китобини варақлаб «гумондорнинг яқин кишилари гувоҳ бўла олмайди» деган гапни топа олмадим. Ўша куни Чимкентга акасининг ўртоқлари билан борган бўлса Ботирда нима гуноҳ?
   Мазкур иш давом этаётган бир пайтда, Ботир ҳибсда эканида К. зўрланган айнан ўша бинода яна шундай жиноят содир бўлади. Бу ишни ҳам айнан шу туман ҳуқуқ идоралари юритадилар. Жиноятчиларни ушлайдилар. Аммо ҳеч кимнинг хаёлига уларни К. билан юзлаштирш келмайди. Биз айнан ўша йигитлар К.ни ҳам зўрлашган, демоқчи эмасмиз, бундай фикрдан йироқмиз, бундай дейишга асосимиз ҳам, ҳаққимиз ҳам йўқ. Аммо юзлаштириш фойдадан ҳоли бўлмас эди, деб ўйлаймиз.
   Сиз, азизларга қисқа баён этилган мазкур воқеа билан аввалдан таниш бўлсам-да, уни қандай изоҳлашни билмай, гаранг эдим. Президентимизнинг Самарқанд ва Қарши шаҳридаги нутқлари, унда ҳуқуқ идораларидаги камчиликлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ҳақида куйиниб айтган гапларини эшитиб, бу воқеа хусусида кўпчилик билан фикрлашиш лозим, деган тўхтамга келдим.
   Биз ҳуқуқий давлат тузмоқни асосий мақсадлардан бири деб белгилаганмиз. Бу дегани – биз яшаётган қутлуғ мамлакатда қонунлар собит бўлади, уни четлашга, беҳурмат қилишга ҳеч ким журъат этолмайди, қонун олдида ҳамма тенг бўлади. Бир сўз билан айтганда, адолат, ҳақиқат тўла ҳукмронликка эришади. Президентимиз барчани шу йўлга даъват этаяпти.
   Шаҳар суди раёсатининг қарорида мен инсон тақдирига бефарқ қарамаслик намунасини кўрдим. Раёсат аъзолари масалани тўғри англаб, тўғри ҳал қилганлар. Бу ерда гап фақат Ботирнинг тақдири устида бораётгани йўқ. Бу ўринда ҳақиқат ва адолат дейилгувчи покиза тушунчаларга гард юқтирмаслик масаласи ҳам турибди.  
 
   Бугуннинг изоҳи: Мазкур суд очерки ёзилган дамда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси аввалига нашр учун қабул этиб, сўнг менга номаълум бўлган сабабга кўра, фикридан воз кечди. Орадан йиллар ўтди. Қамоқдан хасталанган ҳолда чиққан Ботир вафот этди. Фарзандлари етим қолди. Тўнғич қизалоғи туғилган маҳалда Ботир қамоқда эди. Қизча амакисини “адажон” деб улғайди... Ботир қамоқдан қутилиб чиққанида мен бу хонадонда бўлган эдим. Бу оиланинг, айниқса Ботирнинг онаси кўзларида қувонч ёшларини кўргандим. Сўнг айрилиқ фожиаси туфайли тўкилган кўз ёшларига ҳам гувоҳ бўлдим. Мен бу аламли воқеа баёнини четга ташлаб қўя олмадим. “ХХ1 аср” газетаси нашр этила бошлагач, мазкур таҳририятга тавсия этдим.Суд очерки 2004 йилда газетада босилиб чиқди.
 
Тоҳир Малик
 
« Олдинги   Кейинги »