Принтер учун E-mailга юбориш
БУ – ҲАММАНИНГ ИШИ

   «Мен ота-онамдан бутунлай кечдим. Уларни умрим борича лаънатлайман…».
   Бу гапларни ким айтиши мумкин? Бемеҳр, беоқибат, тошбағир… фарзандми? Ёки калта ўйлаш натижасида тилдан учган гаплармикин? Фарзанднинг ота-онадан кечиши?! Ҳа! Одам зотига хос бўлмаган иллат! Тўхтанг. Балки фарзанд ҳақдир? Балки унинг юраги зардобга тўладир? Балки чиндан ҳам ота-онаси қонига ташна қилиб юборгандир?..
   Юқоридаги сатрлар битилган мактубни ўқиганда мен икки ўт орасида қолдим. Орадан ўн йил ўтяпти, ўша хат, ундаги сўзлар хаёлимдан ўчмайди. Ўн йил муқаддам «Комсомольская правда» газетасида фарзандлик бурчи ҳақидаги баҳсда иштирок этган эдим. Йигирма кунлардан кейин редакциядан менга уч-тўрт хатни юборишди. Мактубларнинг бири юқоридаги сатрлар билан бошланар эди. «Ота-онамнинг айби билан мен ногирон бўлиб туғилдим» - бола ота-онасидан кечиши сабабини шундай изоҳлаган эди. Сафарларимнинг бирида шу хат эгаси билан учрашдим. Касалхона. Болалар каравоти. Эти суякка ёпишган рангпар бир бола. Жавдираган кўзлар. Бу манзара сира ёдимдан кўтарилмаса керак. Маълум бўлишича, бола онадан ногирон туғилган. Тўшакка михланган ҳолда ўсган, эсини таниган, ёзиш-чизишни ўрганган. Унинг умри ўлчовли эди. Буни кимдандир билган, ҳатто ногиронлиги сабабини аниқлаган. (Кимдан эшитганини айтмади). Боланинг ота-онаси майхўр эканини врачлардан эшитиб, бор гапга тушундим. Бола узоқ яшамади. Кейинги борганимда совуқ хабар эшитдим. Бола ўлган экан.
   Ичкиликбозликни тугатишга қаратилган қарорлардан кейин шу воқеа яна менга тинчлик бермай қўйди. Кўнгилдаги гапларни ўртага ташлашга даъват этди. Майпарастликни қораловчи яна қандай гапларни айтиш керак? Бадмастликнинг зарари ҳақида гапириш жоизми? Ахир бу зарар каттаю кичикка маълум-ку?! Бу зарарни билганимиз ҳолда нима учун ўзимизни тия олмаймиз? Зарар фақат ичган одамнинг ўзигагина тегса бир нави эди. У атрофдагиларга, жамиятга ҳам тегяпти-ку?
   Майпарастликнинг оқибатлари ҳақида шу оғу кашф этилгандан бери гапирилса керак. Тўмарис афсонасини эслайлик. Тўмарисни фарзанд доғида куйдирган ким? Ғанимми? Фақат у эмас. Орада май ҳам бор. Ўша замонлардан бери майхўрлик қораланар экан, нима учун уни бутунлай маҳв этиш амалга ошрилмаяпти? Назаримда, бунга эришиш учун насиҳатбозлик ожизлик қилади. Қатъий, кескин чоралар керак. Ҳамжиҳатлик билан, аҳилликда кураш олиб борилсагина майхўрликка барҳам бериш мумкин. Шу пайтгача бир томондан ичкиликнинг зарари ҳақида гапириб, иккинчи томондан савдо ташкилотлари «Истаганингча, тўйгунингча ич, етказиб бермаган номард», деб иш тутди. Сигаретларнинг қутиларида «Соғлиқни сақлаш министрлиги огоҳлантиради: чекиш сиҳатингиз учун зарарлидир», деган ёзувлар бор. Одамлар яна икки ўт орасида. Соғлиқни сақлаш министрлиги бундай деб турибди. Савдо министрлиги эса ҳар қадамда кўз-кўз қилиб сотиб ётибди. Пойтахтнинг «Болалар дунёси» атрофига назар ташланг, сигаретларнинг истаган турини топасиз. Мен гапдан чалғиётганим йўқ. Яқиндагина шу сигаретлар қаторида ароғу коньяклар гердайиб турарди. Яхшики, ичкиликка қарши курашга даъват этувчи  қарордан сўнг бунга барҳам берилди.
   Яширишнинг ҳожати йўқ. Бундан ўн тўрт йил муқаддам ҳам ичкиликка барҳам бериш ҳаракатлари бўлган. Ҳатто айрим чойхоналар беркитилган эди. Саноат корхоналари атрофидаги дўконларда ароқ, коньяк сотиш ман этилган… эди. Ҳаракат узоққа чўзилмади. Мен ўшанда ҳам бир нарсага ажабланган эдим. Ароқ сотиш кундуз соат 11 дан кеч 19 гача деб белгиланди. Лекин бу чекланиш фақат ароққа нисбатан эди. Вино, коньякни эса истаган вақтда истаганча олиш мумкин. Бу қанақаси! Ароқ зарарли, одамни маст қилади, вино, коньяк эса зарарсизми? Бу «фатво»ни кашф этган савдо ташкилотлари узоқ йиллар давомида қарорларга чап бериб иш кўришди. Чойхоналарда-чи? Дастлаб самоварчилар чойнакка қуйиб яшириб ичишни «тавсия» этишди. Кейин-кейин бориб «ошинг ҳалол бўлса..» мақолига амал қилиб, очиқ-ойдин ичишга ўтилди.
   Савдо ва умумий овқатланиш ташкилотлари кўзни чирт юмиб планни бажаришнигина ўйладилар. Гўё мамлакат иқтисоди шу спиртли ичимликдан келадиган фойдага қараб қолгандай бунга йўл ҳам қўйиб берилди. Ҳолбуки,  савдо ташкилотларига ҳеч қачон “ароқ-коньяк ҳисобига план бажар!” деган шарт қўйилмаган:
   В.И.Лениннинг РКП (б)нинг Х Бутун Россия конференциясида (1921 йил 27 май) сўзлаган нутқини савдо ташкилотлари раҳбарлари унутмасликлари шарт деб ўйлайман. “...Менимча, бизнинг капиталистик мамлакатлардан фарқимиз шундаки, биз улар қилган ишни, яъни ароқ ва шунга ўхшаш бошқа заҳарларни кенг суратда сотиш сингари ишни қилмаймиз, чунки бундай ишлар савдо учун нақадар фойдали бўлишига қарамай, балки коммунизмга томон олға эмас, балки капитализмга томон орқага олиб боради”.
   Майхўрликнинг авж олишида фақат савдо ташкилотларини айблаш инсофдан бўлмас. Кейинги пайтда, бошқаларга ўрнак бўлувчи зиёлилар ҳам майпарастликни реклама қилишда беихтиёр фаоллашдилар. Бу қуруқ даъво эмас. Тўйларда, зиёфатларда олимгами, санъаткоргами, ёзувчигами, ўқитувчигами, ҳар ҳолда зиёли аҳлига дастурхон тўридан жой беришади. Қадаҳ сўзи айтилади. Кейин сўзлари самимийлигининг исботи учун ичилади. Яна биринчи бўлиб кўтариш ва “оқ қилиш” керак. Буни “шахсий намуна” ҳам дейдилар. Кичикроқ давраларда ичишни ҳар сафар дастурхон тўридаги зиёли бошлаши керак. Бошқалар қараб, кутиб туришади. Бу кейинги пайтда одат тусига кириб қолди. Биз бу одатга заррача қарши бормай, аксинча, уни қўллаяпмиз. Баъзи дўстларимиз буни ҳатто шу давра аҳли билан якдиллик намойиши, деб изоҳламоқчи бўладилар. Бемаъни гап! Айтайлик, даврада ишчи ёки деҳқонлар орасида биргина сиз - ёзувчи ёки олим, ёки санъаткор, ёки ўқитувчи ўтирибсиз. Кўп ҳолларда давра сизнинг оғзингизга қарайди. Яхши гаплар, янгиликлар ҳақида ҳикоя кутади. Сиз эса гўё камтарлик, якдиллик белгиси сифатида “шахсий намунангиз” билан ароқхўрликни бошлайсиз. Бадмастликда қандай якдиллик бўлиши мумкин? Ароқхўрлик қачондан бери камтарлик доирасига кириб қолди, ақлим лол. Ҳурмат билан дастурхон тўрига чиқарилган меҳмонни, зиёфат ёки тўй тарқамай, икки қўлтиғидан олиб судраб чиққанларини кўп кўрганман. Аммо шу қилмиши учун изза чекиб, эртасига узр сўраганларни кам учратганман. Ичкиликка берилган ёш йигитга панд-насиҳат қилинганда “Ичкилик айб эмас, ана, номи чиққан фалончи ҳам думалаб қолди-ку”, деган жавоб олинса ҳеч таажжубланмаслик керак.
   Биз ичкиликнинг зарари ҳақида гапирганимизда ароқхўрлик ишлаб чиқаришга жиддий зарба беради, деймиз. Нима учундир бу масалада ишчи ёки деҳқоннинг меҳнат унумдорлиги пасайиб кетади, деб ташвишланиб, бир мисол атрофида айланаверамиз. Хўш, кеча бўкиб ичган бошқа касбдаги кишилар-чи? Бу борада врачларга ҳар қанча таъна тошлари отилса арзир. Ароқнинг зарарини врачлар аниқлашган, буни тинмай гапиришади. Аммо кўпгина врачларнинг ўзлари ичишни канда қилишмайди. Бу ҳам майли, зиёфатларда ичмайман, деб соғлиғидан шикоят қилган дўстларига “озгина ароқ ичсанг бўлади, аммо коньяк ича кўрма”, деб “фатво” беришлари-чи? Наҳот бошқаларга намуна бўлиш ўрнига кулгига қолиб юраверсак?
   Одамларни, айниқса ёш авлодни рағбатлантиришга хизмат қиладиган яна бир омил бор. Бу - адабиёт, санъат асарларининг айрим лавҳалари. Кинофильмларни олайлик: ароқ ичилмайдиган фильм борми? Хотининг билан урушдингми - ароқ ич, идорада иш юришмадими юзта-юзта қилу кўнгил хижилини ёз, фарзанд кўрсанг - ич, мукофот олсанг - ич... Санъат асарлари ҳаётни акс эттиради, ҳаётда эса бундай иллатлар мавжуд, буни рад этиш мумкин эмас. Лекин экрандаги, саҳнадаги ёки бадиий асарлардаги бу майхўрликлар меъёридан ошмаяптими? Қаҳрамоннинг ичиши унинг характерини очишга ёки бошқа бир томонга хизмат қиладими? Ичиш эпизоди олиб ташланса, асар кемтик бўлиб қоладими? Шу нуқтаи назардан қаралса, кўп асарларимиздаги эпизодлар ортиқчалиги сезилади. Демак, биз бу жиҳатдан ҳам ўзимизга, ижодимизга эътиборни, талабни кучайтиришимиз лозимга ўхшайди. Ичкиликнинг зарари ҳақида кўп гапиряпмиз, ёзяпмиз. Аммо ёзганларимизнинг таъсири ҳақида камроқ ўйлаяпмиз. Қуруқ гаплар билан майхўрни қайтариб бўлмайди. Гапларингизни диққат билан эшитади, қилмишидан пушаймон эканини айтади. Ҳатто қасамлар ичади. Эртасига эса... яна ўша-ўша аҳвол. Демак, у гапларимизни эшитмаган ҳам, панд насиҳатдан тезроқ қутулиш учун шунчаки тавба-тазарру қилган, холос. Майхўрнинг шу феълини назардан қочирмаслик керак.Чунки юзма-юз ўтирганда гапингизни қулоққа илмаган одам, ёзган мақолангизни ўқиб инсофга келармикин? Умуман, ўқишга тоқат қилармикин? Асарларнинг ижтимоий моҳияти ҳақида фикр юритганимизда шу масалаларни четлаб ўтаётганимиз йўқми? Яқинда бир мақолага кўзим тушди. Сарлавҳаси: “Ароқсиз тўй бўладими?” Ичидаги гаплар шу саволга жавоб. Бу ўлкада тўй-томоша расм бўлгандан бери ароқсиз ўтган-ку! Тўйларда ароқ қачон пайдо бўлди? Янглишмасам, бу одат йигирма-йигирма беш йилнинг нари-берисида бошланди. Шундай экан, мақола муаллифининг янги Америка очмоқчи бўлиб уриниши таажжубга солади.
   Жамиятимиз одил, ароқхўрлик қилган кишини дарҳол одамликдан чиқариб бадном қилмаймиз. Яхшилар сафига қайтариш учун бутун кучни сарлаймиз.  Бу оғу билан  заҳарланганларни даволаш учун махсус касалхоналар бор, давлат бунга маблағ ажратади. Лекин мен бир нарсани тушуна олмайман. Наша, қорадори, кўкнори деган оғуларга нисбатан жуда кескин чоралар кўрилади. Агар бирон ерда нашавандлик ёки гиёҳвандлик юз очгудай бўлса қаттиқ жазо кутади. Ахир, ароқхўрликнинг оқибати ҳам нашавандликдан қолишмайди-ку? Зарарлар тарози палласига қўйилса тенг келмайдими? Шуни назарда тутиб, қатъий чораларни кўпайтиришимиз лозим. Мен яқин орада, ҳатто шу асрда (!) спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг кетма-кет ёпилиши ҳақидаги хабарларни ўқишни орзу қиламан. Жамият шундай дадил қадамга қодирми? Албатта қодир. Биз  жуда кўп иллатларнинг оқаваларини қуритдик. Инсон зотига хос бўлмаган  ароқхўрлик иллатига барҳам бериш - барчанинг иши. Буни унутмайлик.
 
Тоҳир Малик
 
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1985, июнь.
 
« Олдинги   Кейинги »