Принтер учун E-mailга юбориш
ИСЛОҲНИНГ ВАҚТИ ЕТДИ

   Бу мавзуда кўп ёзиляпти, кўп гапириляпти. Амалий ишлар ҳам қилиняпти. Лекин кутилган фойда кўринмай турибди. Тўғри, бу масала бир неча ойда ҳал қилинмайди. Биз балки ижобий ўзгаришларни йиллар кутармиз. Лекин назаримда айрим ўзгаришлар ҳозир ҳам ниш бериши мумкин эди.
   Мен фарзандларимиз, укаларимизнинг ҳарбийдаги аҳволлари ҳақида кўп қатори фикр юритмоқчиман. Яқинда Ёзувчилар уюшмасига уч аскар йигит кириб келди. Тўғрироғи, кийимлари қатирмоч бўлиб кетган, афтодаҳол йигитларни шоҳбекатда кўрган таксичи ёзувчилардан ёрдам истаб шу ёққа бошлаган. Аскарликдан қочган бу йигитларни кўрган дийдаси қаттиқ одамнинг ҳам кўзига ёш келади. Озғин болалар, кийимлар одам устида эмас, ёғоч илгичга илиб қўйилгандай шалвираган, товони едирилган қўпол этик ичида ингичка оёқ ўйнаб юргандай. Кўзлар қизарган, тил гапга айланмайди. Уларнинг аҳволларини биров айтиб берса ишонмас эдим. Бизда “бурч” деган тушунча бор. “Йигитлар Ватан олдидаги бурчларини фахр билан ўташлари керак” деймиз. Ўша ҳавойи тушунчага суянадиган бўлсак, биз бу йигитларга”: “хизматдан қочиб яхши иш қилмабсизлар, йигит киши қийинчиликларга чидаши керак, Ватан сизга ишонган эди” , деган гапларни айтардик. Шу гап тилимиздан учганда, бизларга қараб: “Сизлар қолоқ, халқига хиёнат қилгучи зотларсиз” дейишса минг карра ҳақ бўлардилар... Энди ҳисларга берилмай муддаога ўтсам.
   Уч аскар боланинг афти-ангорига боқиб ўн уч-ўн тўрт ёш берасиз. Ушоққина, нимжонгина болалар. Уларни қайси виждонсиз тиб ходими “ҳарбий хизматга ярайди” деб имзо чекди экан? Мен аниқ биламан, ўзим ҳам ҳарбий хизматда бўлганман, саломатлиги мутлақо ёмон болалар ҳам “яроқли” деб тамға босилиб юборилаверилади. Мақсад - белгиланган режани бажариш. Тутқаноғи бор, юраги хаста, кўзи яхши кўрмайдиган, қулоғи кар болалар ҳам биз билан хизматга боришган. 1-2 ой ичида аҳволи ёмонлашгач, изига қайтарилган. Бу ҳол неча ўн йиллардан бери қайтарилади. Лекин мен шу вақтга қадар “нима учун хаста болани “соғлом, ҳарбийга ярайди” деб имзо чекдинг”, деб жазоланган дўхтирни учратмадим. Тиббий кўрикда неча йиллардан бери пора олинишини ҳамма билади, лекин бирон-бир порахўрнинг фош этилганини ҳали эшитмадик.  Фармонларда тиббий кўрикка ҳам алоҳида эътибор берилади. Қўшимча чоралар белгиланади. Лекин бу фармонларда порахўрлик пайини қирқиш ҳақида калима йўқ. Хаста, нимжон болани ҳарбийга жўнатган дўхтирларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақида сўз йўқ. Суҳбатларнинг бирида фазогир Жонибеков “нима учун ўзбеклардан фазогир йўқ?” деган саволга “ўзбек йигитларининг соғлиги тўғри келмайди” деган эди. Ажаб, самога учишга саломатлигимиз тўғри келмас экан, қарийб йигирма миллион одамдан битта соғлом йигит топилмас экан-у аскар кийимини кийдириб, жазирамада ёки қаҳратон совуққа олиб бориб ишлатиш мумкин экан. Мантиққа қаранг!
   Сариқ касал - жигар хасталиги дарров тузалмайди. Шундай экан, 14-15 ёшида оғриган болаларни ҳарбийга чақиришдан тийилиш керак эмасмикан?
   Бу гаплар ҳарбийга чақирилишдаги дастлабки босқичга тегишли. Иккинчи босқичи ҳарбийга кузатиш. Фарзандимизни қандай кузатамиз? Минг овораи сарсонлик билан. Ота-оналар вилоят ҳарбий комиссариатида кунлаб овора бўлиб юришади. Депаралардан келганлар кўчаларда ётиб қолишади. Бирон бир инсоф эгаси йўқки чиқиб “ўғлингиз фалон соатда, фалон жойга жўнайди” деса. Ота-она шу вақтда келса, ўғлини кузатса. Йўқ, ҳарбийларимиз ҳали бу оддий маданиятга етиб келишмаган шекилли. Улар бу бола ота-она юрагининг бир парчаси эканини, ўн саккиз йил бағрида авайлагани - жигаргўшасини икки йилга узатиш ниҳоят оғир эканини ҳис қилишмаса керак. Уларнинг бу ҳиссизлигига қараб “ўзининг ҳам фарзанди бормикан?” деб ўйлайсан. Тўғри, уларнинг касби қатъийликни, совуққонликни талаб этади. Лекин улар қатъийлик билан қўполлик, совуққонлик билан бемеҳрлик орасида ер билан осмонча фарқ борлигини англаб етишлари керак. Ота-оналарнинг бир неча кун сарсон бўлиши фақат маънавий эмас, моддий зарар келтириши аниқ. Ахир қанча одам неча кун ишга бормай юради, бунинг зарарини ким ҳисоблайди, ким тўлайди?
   Энди учинчи босқич - йўл. Ота-онасидан ширин сўз эшитиб улғайган бола ҳарбийлар қўлига ўтиши билан биринчи кўргани - қўполлик, сўкиш бўлади. Зобитлар (офицерлар) оғзига  келганини қайтармайдилар. Ўзбеклар, умуман мусулмонларнинг бунга кўникиши қийин. Она бағридан узоқлашаётган болага “онангни..” деб турса қандай чидасин? Шу ўринда зобитларнинг маданияти масаласини кун тартибига қўйиш керак.
   Тўртинчи босқич: мутлақо нотаниш даврага қўшилиш. Тонг саҳарда туриш тартиби, овқатланиш, ўқиш тартиби, муомала тарзи - ҳаммаси нотаниш. Барчасига кўникиш керак. Аста-секин эмас, тезлик билан кўникиш шарт. Ёш аскарнинг дастлабки ҳафтаси, ойи оғир, жуда оғир кечади. Уни бир томондан соғинч қийнайди. Тунлари тушларида уйига қайтган, ота-онаси бағрида эркин юрган бўлади. Ана шундай тотли дамларни “Подъём!” деган кескин буйруқ бузади. Бир неча сонияда туриб, кийиниш, сафга тизилиш, сўнг югуриш, бадан тарбия... Айниқса, шаҳарда улғайган, кун ёйилгунча ухлаб ётадиган, бирдан бир қиладиган иши - ярим челак ахлат чиқариб ташлашдан иборат бўлган болаларнинг силласи қурийди.  Ҳарбийлар орасида ярамас одат бор: агар бир бола қоидани бузса бутун бўлинма жазоланади. Яъни аскар бола вақтида туриб, кийинмади, дейлик. Демак, барча бошқатдан ечинади, ётади, сўнг буйруқ билан ирғиб туриб, яна кийиниб, яна сафга туриш... Бу билан маълум бир аскарга нисбатан бошқаларда нафрат уйғотиши мумкинлигини бўлинма командирининг ақли етмайди. Аскарлар орасидаги уруш-жанжал худди шундай “тарбиявий” ишлардан бошланади. Мана шу босқич мени кўп ўйлантиради. Фарзандларимиз фақат Ўзбекистонда хизмат қилган, зобитлар фақат ўзбеклардан иборат бўлганда ҳам ҳарбийда интизом деган нарса биринчи ўринда қолаверади. Тезкорлик, бадантарбия, оғир шароитлардаги машқлар бекор қилинмайди. Ҳарбий тайёргарликдаги машаққатлар йўқолмайди. Шундай экан, барчамиз болани жисмоний тайёргарликларига ҳам барвақтроқ эътибор беришимиз керак. Қадимда юнонларда ўғил бола туғилса қишми, ёзми пичан устига ташлаб қўйишаркан. Чунки ўғил – бўлажак жангчи ҳисобланган. Шу сабабли уни чақалоқликдан чиниқтиришган. Мен биз ҳам шундай қилайлик, демайман. Бироқ, болани чиниқтириш лозимлигини эътибордан четда қолдирмаслик керак. Шунда ёш аскар бегона шароитдаги дастлабки қийинчиликларни енгиб ўта олади.
   Бу босқичда жисмоний машаққатдан ташқари маънавий машаққат ҳам мавжуд. Турли тарбия кўрган, турли шароитда улғайган, турли милатдаги йигитлар бир хил шароитда жамланадилар. Бу шароитда «катталарга ҳурмат, кичикларга иззатда бўл, ўзгаларни хафа қилма» тарзида тарбия кўрган йигитлар бениҳоя даражада маънавий жабр тортадилар. Беҳаё, безбет, сўкағон, бемеҳр, шафқатсиз бола ҳар бир миллатда бор. Бундай болалар тезда жипслашиб бошқаларга ҳукм ўтказадилар. Яхши тарбия кўрган, заифроқ болалар эса уларнинг «қулига» айланадилар. Нонуштада сарёғлари, қандлари, пешинда овқатдаги гўштларини улар билан “баҳам” кўрадилар. Буни катта-кичик зобитлар биладилар, била туриб кўз юмадилар. Ҳатто ўша бақироқ, сўкағонларга тез орада ефрейтор (ўнбоши) унвони берилиб, бўлим командири этиб тайинланадилар.
   Биз миллатлар орасидаги дўстлик ҳақида кўп гапирамиз, қайғурамиз. Назаримда, ҳарбийдан қайтган болада байналмилал дўстлик туйғуси сўнган бўлади. Икки гапнинг бирида «онангни…» деб сўкиб турувчи рус ёки украин йигитига нисбатан қандай дўстлик туйғуси бўлиши мумкин. Ёдимда, биз – бир неча юз йигит Тошкентдан чиқиб ҳарбийга борган эдик. Ҳарбий қисм ўқув юрти ҳисобланар эди. Биз –аскарлар асосан ўзбеклар, қозоқлар, катта-кичик командирлар эса руслар, ғарбий Украинадан келган йигитлар эди. Улар ярим йил, бир йил хизмат қилган димоғдор йигитлар эди. Уларнинг сўкинишлари туфайли бир-икки уруш чиққач, катта зобитлардан бири бизни тўплаб «улардан хафа бўлманглар, одати шу» деб насиҳат қилди. Лекин уларни тўплаб «сўкинманглар, уларнинг одати буни кўтармайди», демади. Ўзбеклар ҳамма вақт ҳарбийдаги энг тарбияли, мўмин аскарлар бўлишган. Шунингдек, кўп жабр кўришган. Урушда ҳам бошқаларга нисбатан кўпроқ қирилишган. Ҳозир ҳам йигитларимиз мутетабиат бўлганлари учун кўп азоб чекяптилар. Хизматимизнинг ярми ўтганда қисмга кавказликлар келишди. Бизга зуғум қилганлар бу сафар ҳокимликни ўзлари истаган тарзда ўтқаза олмадилар. Зобитлар алмашди, аммо вазият ўзгармай қолаверди.
   Хулоса шуки, йигитларни қисмларга бўлишда уларнинг миллати, демакки, миллий хусусиятлари, диний қарашлари, фазилатлари ва камчиликлари инобатга олиниши шарт. Ундан ташқари боланинг қаерда, қандай қисмда хизмат қилишга хоҳиши бор, буни ҳам инобатга олиш керак. Болани уйидан ҳаддан зиёд узоққа олиб кетиш мақсадга мувофиқ эмас. Ҳарбий санъатга, ҳарбий интизомга яқинроқ жойда ҳам ўрганиши мумкин. Агар уйига яқинроқ бўлса тезроқ, пухтароқ ўрганар балки. Бу масалада аскар руҳий ҳолатини ҳам ҳиосбга олиш вақти етди.
   Аскар йигитлар ўз жумҳуриятларида хизмат қилишсин, деган таклифга кўпчилик хавотир кўзи билан қараяпти. Миллатчилик иси келяпти, деб ноўрин ташвишланяпти. Мен бу таклифда мантиқ бор, деб ҳисоблайман. Ҳарбий, тарбиявий ишлар тўғри олиб борилса, яқин йиллардаёқ ижобий самара беришига ишонаман.
   Зобитлар орасида ўзбекларнинг камлиги ҳам хизматнинг ота юртдан узоқларда бўлиши сабаб, деб биламан. Бизнинг қонимизда ўтроқлик бор. Ҳадеганда жомадонни кўтариб кўчиб юриш ўзбекка хос эмас. Ҳарбий билим олиб, зобитлик мартабасига эришгач, албата узоқ ерларга кетиш керак. Шуни ҳисобга олиб, ота-оналар ўғилларини ҳарбий ўқишга бермайдилар. Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони – ота-она рухсат берган тақдирда ҳам бу ўқишга кириш қийин. Рус тилида имтиҳон топшириб ўтиш мушкул. Фуқаро уруши даврида Фрунзе ташаббуси билан Тошкентда Ўрта Осиё миллатлари ҳарбий мактаби ташкил этилган эди. (Ҳозир бу мактаб Ленин номидаги умумқўшин ҳарбий билим юртига айлантирилган). Мактабнинг мақсади – маҳаллий аҳоли фарзандларидан зобитлар тайёрлаш эди. Шундан сўнг Ўзбекистонда ўзбек миллий дивизияси ҳа мавжуд бўлган. Дивизияда барча иш, ҳатто ҳарбий буйруқлар ҳам ўзбек тилида бўлган. Лекин буларнинг барчасига «миллатчилик» тамғаси босилиб, йўқ қилинди.
   Сўнгги босқич – хизматдан қайтиш. Ҳар ким ўзича, ҳамёнига қараб қайтаверади. Ёз ойлари аэропортларда навбат кутиб ётган аскарларнинг саноғига етиш қийин. Икки йил соғинч азобида қийналган йигитлар уйга тезроқ қайтсам, дейди. Ота-онамнинг дийдорига тўйсам дейди. Уйга қайтиш эса хизмат қилишдан ҳам оғирроқ кечади. Кетишда тартиб билан олиб кетган ҳарбий қисмлар нима учун тартиб билан қайтаролмайдилар. Нима учун биз аскар болаларимизнинг қайтар онларини олдиндан билиб кутиб олишга чиқмаймиз. Нима учун икки йил айрилиқ исканжасида яшаган оналар яна ҳафталаб эшикка кўз тикиб ўтиришга мажбурлар? Ҳарбий қисм командири «Фалончи икки йил Ватанга хизмат қилди, бунинг учун Сиздан миннатдормиз, ўғлингиз фалончи, фалон куни хизматини адо этиб йўлга чиқади», деб хат ёзиб юборишга қодир эмасми? Бу ҳам оддий маданиятга, оддий инсоний фазилатга киради. Ҳамонки, бошлиқнинг бунга фаросати етмас экан, ҳарбий нозирлик буйруқ чиқариб, шундай иш юритишга мажбур қилиши керак.
   Ниҳоят, аскар йигит қайтди. Уни ота-онасининг иссиқ бағри, дўстлар давраси кутади. Лекин давралар ҳам турлича бўлади. Баъзи ота-оналар ўғлининг қайтиши муносабати билан зиёфат берадилар. Тўғри, хурсандчиликдан ҳар қанча дастурхон безасак-да оз. Аммо, муҳтарам ота-оналарга «шу зиёфатдан воз кечинглар», деб мурожаат қиламан. Чунки, зиёфат ичкиликсиз бўлмайди. Қони қайноқ йигитлар бу зиёфат оқибатида нималар қилмаяптилар. Қандай жиноятлар содир бўлмаяпти?! Аскарликдан қайтган йигитнинг дастлабки ойи ота-онаси, яқинларининг қаттиқ назоратида кечса чакки бўлмас. Ҳафта, ой давомида руҳий чигалликлар ечилади, йигит оғир интизом ҳаётидан эркин ҳаётга ўтганда ҳаддан ошмаслиги шарт. Чанқаб келиб, шошилиб сув ичганингизда қалқиб кетганингиз каби бу эркин ҳаёт ҳам баъзан азобга рўпара қилиб қўйиши мумкин.
   Айни кучга тўлган йигирма ёшли йигит энди нима қилиши керак? Кўп йигитларнинг ҳунари бўлмайди. Чунки ўнинчи синфни битириб ишга кириш қийин. Корхоналар «бир йилдан кейин ҳарбийга кетади», деган сабаб билан ҳунар ўргатгиси келмайди. Шундай экан, йигитларга ҳарбий қисмларда, қўшин туридан қатъи назар, ҳунар ўргатилгани дуруст эмасми?
   Ҳарбийдан қайтган йигитни бир неча йил бадалида комиссариат ҳол-жонига қўймайди. Ҳали чақирув қоғози тарқатади, ҳали навбатчиликда туради. Бир жойда ишлаб турган йигитни чақириб олишга барҳам бериш керак. Комиссариатни истаган одамни истаган пайтда чақириб олиш,  истаган ишни буюриш ҳуқуқидан маҳрум этиш, фақат маълум йилларда, янги қурол турини ўрганиш учунгина чорлаш ҳуқуқини қолдириш лозим.
   Ҳарбийда нобуд бўлаётганлар ҳақида кўп ташвишли хабарлар эшитяпмиз. Буни миллий масалага боғлаяпмиз. Мен бу хулосани инкор этмаган ҳолда, бошқа сабабларни ҳам айтиб ўтмоқчиман. Аскар йигитларнинг ўлимига фақат миллий низолар сабаб эмас.  Бундан йигирма-ўттиз йиллар илгари ҳам ўлимлар содир бўлган эди. Ўзбек-ўзбекни, рус-русни ўлдирган ҳолларга ўзим гувоҳ бўлганман. Айрим йигитлар дастлабки қийинчиликларга дош беролмай жонларига қасд қилардилар. Машқлардаги эҳтиётсизлик ҳам ўлимга сабаб бўлар эди. Лекин бу ҳақда гапирилмасди.
   Менингча, аскарларнинг ўлимига энг асосий сабаб – ҳарбий интизомнинг бўшашиб кетгани, ичкилик, порахўрлик ҳам бошқа соҳалардан кам эмас. Ҳатто ўғрилик ҳам бор. Мана, мисол: бир неча йил илгари йироқ ҳарбий қисмда хизмат қилаётган икки йигит жазоланди. Хизмат тақозоси билан мен шу жараённи бошидан охиригача кузатдим. Йигитлар ҳарбий қисмдан чиқиб кетганлар, омборга бориб қимматбаҳо буюмларни ўғрилаб, арзонга сотганлар. Омборни қўриқлаши лозим бўлган зобит ва аскарлар бу пайтда маишат қилиб ўтиришган. Икки аскар уларнинг устидан қулфлаб, ўша оғир буюмларни бир-бир ташиб кетган. Ҳарбий трибунал ўша маишат қилиб ўтирган зобитга чора кўрмади – у гувоҳ сифатида иштирок этди. Ҳолбуки, ўғриликда унинг айби ҳам бўлган эди. Қисм командири мени лол қолдирди. Маълум бўлишича, аскар болалардан бири олдин ҳам ўғрилик қилган. Милиция уни ушлаб, буюмни ҳарбий қисмга, шахсан командирга қайтарган. Командир ўғрига чора кўрмаган, қайтариб олган буюмини қаерга қўйганини ҳам эслолмади. Менинг имоним комилки, ўшанда ўғрини қароқчи урган. Буюмни командирнинг ўзиёқ пуллаб юборган. Бу-ку, бир буюм, ҳозир одамлар қўлидан тортиб олинаётган қуроллар қандай қилиб аслаҳахоналардан чиқди экан?
   Зобитлар орасида-ки интизом бўлмагач, аскар бечоралар нима қилсин? Зўравон йигитлар заифларни истаганча ҳақоратлайверадиларми? Интизоми бўшашган қўшинда қудрат қолармикан? Олий Кенгаш мажлисларида «командирнинг сиёсий ишлар бўйича муовини (замполит) керакми ё керак эмасми?» деган масала кўтариляпти. Армия ҳаётини ёмон билмайдиган одам сифатида айтишим мумкин: ҳозир бундай муовин шарт эмас. Фуқаро урушида шарт эди, аскарлар сиёсий онгига таъсир этиш керак эди. Ҳозир эса бунга муҳтожлик йўқ. Ҳозир чапаевларни йўлга солувчи фурмановларга ҳожат қолмаган. Аксинча, аскарларнинг инсоний ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қиладиган эркин ташкилот зарур. Ҳозирги муовин командирга тобе, у нима деса шуни қилади. Сиёсий дарслар, мажлислар ўтказади, маданий ишларга қарайди. Аскар ҳақ-ҳуқуқи эса назаридан четда қолади. Замполит шу вақтгача Компартия вакили сифатида иш юритган. Энди эса, партиялар ва жамоатлар сони кўпайгач, сиёсий иш юритиш янада мушкуллашади. Шу сабабли қўшинни сиёсатдан айириш керак. Унда ҳеч бир партия, жамият иш юритмасин. Қўшин қўмондонга, қўмондон ҳукуматга бўйсунсин. Тамом-вассалом!
Ўзбекистон Олий Кенгаши ҳарбий қурилиш қисмларига чақирилган ёшлар Ўзбекистонда хизмат қилсин, деб қарор қабул қилди. Қарор кўпчиликка маъқул тушди. Мен масалани бошқача қўяр эдим: ҳарбий қурилиш қисмларини бутунлай тугатиш керак. Менга бу қисмлар биринчи жаҳон урушидаги мардикорликка чақиришни эслатади. Улуғ Ватан урушида ҳам ишчи батальонлари бўлган. Ҳозир «инженер-қурилиш қисмлари» дейилади. Мардикорликка ҳам, ишчи батальонларига ҳам маҳаллий миллат вакиллари олинган. Ҳозир ҳам бундай  қисмларга ўзбеклар, қозоқлар, туркманлар... кўпроқ олинади. Ўзбекнинг айби – кўп бола кўриб, боқиб, тарбиялагани. Очиғи, ҳарбий қурилиш қисмларига ўзбекларнинг кўп олинишидан мен норозиман. Биринчидан, бу қисмларнинг номигина ҳарбий. Бунда на интизом бор, на қадр-қиммат бор. Мажбурлаб олиб бориб ишлатувчи  мардикордан ҳеч фарқи йўқ. Қилган меҳнати қадр топса ҳам майли эди. Йигитлар икки йил ишлаб, арзимаган пул билан қайтадилар. Кийган кийимлари, еган овқатларига олам жаҳон пул ушлаб қолинади. Бу масаланинг бир томони, иккинчи томони – менингча, ҳарбий қурилиш қисмларига кўпроқ ўзбек йигитларининг олиниши ўзбек халқининг қадрини тушириш демак. Яъни, янги ҳарбий техникани эгаллашга ақли етмайди. Ватанни ҳимоя этишга қодир эмас… деб тушунаман мен бу ҳолни. Мактабда «Чоризм ўзбекларга ишонмагани учун уларга қурол бермай, мардикорликка олган» деб ўқитишар эди. Ҳозир-чи? Ҳозир «Рус тилини яхши билмайди, шу  боис буйруқни тез англаб бажаролмайди» деган баҳона чиқди. Бу мутлақо бемаъни баҳона. Ўзбек йигитлари гуржи ёки литваликдан яхшироқ билади рус тилини.
   Ҳамонки, йигитларимиз кўп экан, уларни узоқларга олиб бомаслик керак. Ҳамма жойда қурувчи зарур. Ҳарбийга чақирилиши лозим бўлган йигит, танкчиликка ёки десантликка ярамаса, «сен икки йил қурилишда ишлаб берасан» дейилсин. Ўз уйида яшаб ишлаб берсин, майли. Ҳоҳласа кечқурун ўқисин, билим олсин.
   Энди охирги фикр: армиямиз қандай бўлиши керак – ҳозиргидай мажбурий, қисқа муддатли ҳарбий хизматми ё ихтиёрий доимий (профессионал) хизмат асосидами? Менингча, армиямиз қурилиши, бошқарилиши анча эскиди. Мамлакатимиз жуда кўп аскарни боқишга мажбур бўляпти. Мен ҳарбий мутахассис эмасман. Фикримнинг мутлақ тўғри эканига даъво қилмайман. Назаримда, мамлакат қудратини аскарлар сони, яъни кўплиги белгиламайди. Ҳатто, ҳарбий техника сони ҳам белгиламайди. Балки қўмондонларнинг ақли-фаросати, аскарлар фидойилиги, ота юртга бўлган, садоқати белгилайди. Қадим урушларни эслайлик, тарихда қолган жангларда куч эмас, ақл ғалаба қозонгани сир эмас. 1919 йилги Англия – Афғонистон учинчи урушини мисолга келтирай. Англияда 300 мингдан зиёд аскар, кучли техника, ҳатто аэропланлар бўлган. Лекин 70-80 минглик афғон лашкарларини енга олмаган. Буни тарих дерсиз. Лекин ҳозир (урушдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!) уруш чиққудай бўлса асосан яроғлар ишга тушади. Шунинг учун барча йигитларни аскарликка олавермай, қўшин сонини кескин қисқартириш мамлакатга ҳам маънавий, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий фойда берарди. Шу қисқартириш асносида кўнгилли доимий (профессионал) қўшинни жорий  этиш мақсадга мувофиқ бўларди. Бунда ҳам мамлакат жуда катта фойда кўрарди. Ҳарбий ишни касб қилганлар 18-20 ёшли йигитлардан кўра кўпроқ тажрибага эга бўладилар. Уларнинг ҳар бири ўн йигит ўрнини босиши мумкин.
   Афғонистондаги урушда жуда кўп йигитларимиз қирилди. Менингча улар ёш бўлганлари, тажрибасизликлари учун кўп жон бердилар. Ҳаётнинг ширин мевасидан энди татийман деб турган, бировни чертмаган, бурнини қонатмаган йигитча урушда қўрқиши, ўзини йўқотиб қўйиши, руҳан азобланиши турган гап. Доимий хизматдаги киши эса дарров довдирамайди.
   Ўтган йили Фарғона фожеаси бошланганда шаҳарни эгаллаган аскар йигитларга разм солиб эдим. Қурол ушлаб турган ёш йигитлар кўзида ҳадик кўрдим. Улар атрофда қизиқувчанлик билан велосипедда айланиб юрган ўсмирларга ҳам қўрқиб қарар эдилар. Оқшомда, айниқса тунда бирон ножўя ҳаракат сезилса тепкини босиб юборишга тайёр эдилар. Сир эмас, тепкилар босилди, бегуноҳ жонлар узилди. Бу балки бирон аскар йигитнинг шу қўрқоқлиги ёки тажрибасизлиги оқибатида рўй бергандир, ким билсин?
   Менинг армиямиздаги аҳвол ҳақида фикр билдиришим бежиз эмас. Аввал бу ҳарбийлар иши ёки «ҳарбий нозирлик иши» дердик. Йўқ, ҳамонки ҳарбийда бизнинг фарзандларимиз хизмат қилар экан, бу ота сифатида менинг ишим – бизнинг ишимиз. Ҳарбий нозирлик, қўмондонлар биз, ота-оналар кўнглига қараб иш юритишга мажбурдирлар. Тўғри, Ватан ҳавфсизлигини таъминлаш ҳар биримизнинг бурчимиз. Лекин бу бурчни ниқоб қилиб биз дунёга келтирган, умид билан ўстирган ўғиллар ҳуқуқини поймол қилишга, ҳақоратлашга, жонига озор етказишга йўл бермаслигимиз лозим.
   Қизил Армия ташкил топганидан бери аскарлар кийими бир неча марта ўзгарди, белгилари ўзгарди, унвонларнинг номи ўзгарди. Буларни зоҳирий, яъни ташқи кўриниш ўзгаришлари деймиз. Энди ботиний, яъни ички тартиб ва таркиб ўзгаришларига, жиддий ислоҳотларига вақт етди. Бу ислоҳотлар қанчалик тез амалга оширилса, шунча яхши. Биз армияга «шавкатли», «қудратли», «енгилмас» деб сифат бериб келганмиз. Чиндан ҳам армия тарихида нурли саҳифалар кўп. Доғли ишлар ҳам бор, лекин бунга армия эмас, алоҳида шахслар айбдор. Биз энди алоҳида шахслар билан армияни аралаштириб бир хил – бадбин хулосага келмаслигимиз, аксинча армия обрўйини сақлашгина эмас, оширишга интилишимиз керак. Алқисса, ишчи-деҳқон армияси деган номдан воз кечмаслигимиз, балки армияни шу шараф чўққисига етказишимиз лозим.
 
Тоҳир Малик
 
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 1991, январь.

 
« Олдинги   Кейинги »