“Ғариблар” – “Боғбон”
Чамаси чорак аср муқаддам Ҳамза номидаги театр (ҳозирги Миллий театр) саҳнасида “Ғариблар” деб номланган асарни кўрган эдим. Бош ролларни саҳна улуғларидан Сора Эшонтўраева ва Наби Раҳимов ижро этган эдилар. Асар қарилик ёшига етган ота ва онанинг фарзандлари томонидан хорланиши ҳақида эди. Бундай воқеа юртимизда жуда кам учраса-да, томошабинларга асарнинг таъсир кучи сезиларли бўлди. У дамда бу асарни саҳнага қўйишда ғоявий-сиёсий мақсад мавжуд эди. Яъни: “кўриб қўйинглар, капиталистлар оламида ота-она шундай хор қилинади”, дейилмоқчи эди. Ҳолбуки, советлар оламида бу каби, эҳтимол бунданда баттар воқеалар етарли топиларди. Чунки ота-онага муносабат “коммунист” ёки “капиталист” деган тушунчалар билан эмас балки иймон, виждон каби фазилатлар билан белгиланади. Агар “Ғариблар”ни хориж адиби эмас, совет қаламкаши ёзганида, шубҳасизки, сахна юзини кўрмас эди. “Ғариблар”ни кўрганимда ота-онам ҳаёт эдилар. Мен Худодан сахнадаги фарзандлар ҳолига тушиб қолмасликни сўрардим. Бу асарни кўрган ота-оналар кейинги сафар театрга фарзандлари билан келардилар. Эҳтимол театр тарихида оилавий тарзда жам бўлиб кўрилган ягона асар шудир. Афсуски, етакчи актерлардан кейин асар сахнадан тушиб қолди. Мен бошқа актерлар иштирокида бўлса ҳам бу асарнинг тинмай намойиш этилишини жуда-жуда хоҳлар эдим. Лекин, нима сабабдан билмадим, театр жамоаси бу асарга бошқа қайтмади. Каминада яна бир истак мавжуд эди: ҳудди шу асарга ўхшаган (тақлид бўлса ҳам майли эди) бир асар ёзиш умиди кўп йиллар давомида ҳамроҳ бўлди аммо умиднинг амалга ошиши насиб этилмади. Шу армон билан юрганимда “Синема маркет” ижодий жамоасидан бир ҳинд фильмининг видеокассетасини сўрадим. Дўстларим сўраганимга қўшиб “Боғбон” деган фильмни ҳам бериб “Албатта кўринг, сизга ёқади”, деб изоҳ беришди. Очиғи, кейинги йилларда ҳинд фильмларини унча хушламай қўйган эдим. Ҳиндларда ғарбга тақлид кучайгани, маънога эмас, кўпроқ ур-йиқитга эътибор беришлари каминани бездириб қўйган эди. Ҳолбуки, ўтган асрнинг 50-60 йилларида яратган чуқур маъноли фильмлари билан улар ўзбекларнинг хонадонига кириб келган эдилар. Хуллас, “Боғбон”ни кўра бошладим. Ва... “Ғариблар”ни эсладим. Эсладиму жавҳар топиб олгандай қувониб кетдим. Бу гап шунчаки муболаға эмас. Кинофильм, менинг назаримда, тарбия ва адаб уммонидаги чинакам жавҳардир. “Ғариблар”ни кўрганимда кўнглимда туғилган орзу шу фильм билан ушалгандай бўлди. Бир нарсани тан олишим керак бўлиб қолди: мазкур фильм анча вақт олдин телевидениеда икки карра кўрсатилибди, кўпнинг таҳсинини олибди. Бу соҳада камина орқада эканким, узрлидирман. Фильм ҳақида орадан фурсат ўтиб фикр билдириш балки ноўриндир. Лекин асарни қайта-қайта томоша қилиш жараёнида мендаги сўз айтиш иштиёқи тобора аланга олаверди. Ва бир сабаб билан қўлга қалам олдимки, бу сабабни кейинроқ баён қиламан. Ўзбекларда “Битта ота ўнта ўғилни боқади, ўнта ўғил битта отани боқолмайди”, деган мақол бор. “Боғбон”ни кўриб бўлгач, хаёлга келган дастлабки фикр шу бўлди. Фильмни кўрган биродарлар, асарнинг аввалидаги мана бу сўзларга эътиборни қаратганмисиз? “Боққа жон бахш этувчи инсон – боғбондир. Ота эса оила боғбони. Ҳар иккиси ҳам пешона тери билан ниҳол қадайди. Нафақат дарахтни, ҳатто унинг соясини ҳам севади. Чунки вақти келиб, у ҳаётдан ҳориганида дарахтнинг соясидан баҳраманд бўлишга умид қилади...” Қадимдан бизларга етиб келган ҳикматларда бу каби фикрларни кўп ўқиганмиз. Ўқиганмизу аммо... эҳтимол етарли эътибор қилмагандирмиз, эҳтимол унутгандирмиз. Ота-она қариган чоғида эккан ниҳоли соясида ором олишни истайди, мевасидан баҳраманд бўлишни умид қилади. Орзулари ушалмаса-чи? Аллоҳ сақласин! Бундай охиратни душманга ҳам раво кўрмаймиз. Фарзандларига меҳр-муҳаббат бериб, жавоби ўрнига бемеҳрлик олиш инсон боласи учун энг оғир зулмдир. Душман қўл-оёқни, тилни... кесганда чидаганларни эшитганмиз. Фарзандидан битта ножоиз сўз эшитиб, қалби яраланиб жон берганларни ҳам эшитганмиз. Фильм қаҳрамони Раж Малхотра жуфти ҳалоли билан қирқ йил биргаликда умр кўрган. Худо уларга тўрт ўғил берган. Ота топган-тутганини фарзандларига сарф этган. Кенжа ўғилнинг янги автомашина олиш орзусини эшитиб унга эллик минг рупий беради. Нафақага чиқиш арафасида турган Малхотрага идора бошлиғи бундай қилмаслик лозимлигини айтади. Лекин ота тўрт ўғилнинг ота-онани боқишга шай турганини фахр билан маълум қилади. Аммо... унинг орзу қанотига қурган саройи қуш патидек тўзиб кетади. У нафақага чиққанини фарзандларига маълум қилиб, ҳузурига чорлайди. Фарзандлар “дадам яхши маош олардилар, тўплаганларини бўлиб берадилар” деган фикрда, ҳар бири кўпроқ улуш олиш умидида келадилар. Аммо улар учун кутилмаганда ота бошқа гап айтади. У узоқ йиллар мобайнида оиласининг жам бўлиб яшашини орзу қилиб келган. Энди шунга шароит яратилди. Дейдики: “Қирқ йил давомида бизга армон бўлиб келган камчиликни тузатсак. Муҳаббатимизни бериб, меҳрингларни қозонсак. Шу кунга қадар ҳар бирингизга ҳаётда ўз ўрнингизни топишга биз йўл кўрсатиб келдик. Энди қолган умримизни қандай ўтказишимизни айтинглар...” Хўш, ота-она фарзандлари меҳрини кўришга ҳақлими? Юз карра, минг карра ҳақли! Унга бу ҳуқуқни Аллоҳ берган. Аллоҳнинг бу ҳукмига қарши борган ҳар бир фарзанд оқибатда хор бўлгувси. Кинофильмни қўя турайлик, ҳаётга қарайлик: меҳрга зор ота-оналар маҳалламизда ёки қишлоғимизда йўқми? Афсуски, бор! Ўғил-қизларининг эскиб қолган кийимларини кийиб юрувчи ота-оналар йўқми? Қишлоқда яшаб қолган ота-онасини йилда бир йўқламайдиган оқибатсиз фарзандлар йўқми? Ўлигини фарзандлари эмас, маҳалла ёки қишлоқ аҳли кўмган бечоралар-чи? Биз кейинги пайтда қариялар уйи ҳақида куйиниб гапирадиган, ёзадиган бўлиб қолганмиз. Фарзандлари билан бир ҳовлида яшаб, меҳрга зор ҳолда дунёни тарк этаётганлар ҳақида гапирмаймиз. “- Адангни бориб кўрдингми? - Ҳеч вақтим бўлмаяпти, кейинги ҳафта боришни мўлжаллаб турибман...” Бу савол-жавоб чойхонада бўлиб ўтяпти. Ошхўрликка вақт бор, отадан хабар олишга эса йўқ. Ҳолбуки шу чойхона билан ота яшайдиган уй оралиғи автомашинада ярим соатли йўл... Энди фильмга қайтсак: тўрт ўғил ва уч келин отанинг гапини эшитиб ларзага тушадилар. Ажиб манзара: ота-она “маслаҳатлашиб олинглар” деб нариги хонага ўтадилар. Уларнинг хаёлида фарзандлар “ота-онам меникида яшайдилар”, деб ўзаро талашиб ўтиришгандай. Аслида эса оқибатсиз ўғиллар ота-оналарини бағирларига олмаслик учун баҳоналар қалаштирадилар. Охири отани бир ўғил, онани бошқа ўғил олиб кетажагини маълум қиладилар. Бу нодонлар “шундай қилсак, ота-онамиз айри-айри яшашга кўнмайдилар, шу уйларида ёлғиз қолаверадилар”, деб ўйлашади. Ота-онага айри яшаш оғир, бироқ, фарзандларига шу йўл маъқул бўлгани учун кўнадилар. Қариганда болаларимдан роҳат кўраман, деган умидда яшаган ота-она икки ҳил азобга учрайдиларким, “бундан кўра гўр азоби енгилроқмикин”, деб юборгинг келади киши. Биринчиси – айрилиқ азобини енгиш учун фарзандлар меҳр-ҳурмати зарур эди. Аммо бу меҳрнинг йўқлиги иккинчи азобни туғдирди. Иккинчи ўғил “нега нонушта тайёр эмас”, деб хотинидан сўраганида “Мен сахар туриб чой тайёрламайман, кимга керак бўлса тайёрлаб ичсин” деган жавобни эшитади. Биз бундай келинни фақат кинода кўрамизми? Қариндошлар, танишлар оиласида шунақаси йўқми? Бор бўлса, Аллоҳ уларга инсоф берсин, хайрли йўлга йўлласин! Келиннинг бу талабини ҳали эшитмай туриб она нонушта тайёрлаган бўлади. “Ташвишланманг, келин, мен борман-ку?-дейди у.- Мен уй ишларига одатланиб қолганман. Аввал дадангга чой тайёрлаган бўлсам, энди болалар учун тайёрлайман”. Чиндан ҳам фарзандлари учун хизмат қилиш она учун роҳат. Онасини хизматкор ўрнига қўйиб қўйган фарзандлар атрофимизда йўқми? Оналар меҳнат қилавериб кўникиб кетишган, хизматдан чарчашмайди. Нолишмайди ҳам. Биргина ширин сўз уларнинг чарчоғини тарқатиб юборади. Аммо қани ўша ширин сўз? Она ўғлини йўқлаб ишхонасига боради. Ўғли ғазабда! Онасини хонасига қўймайди. Қайнонасининг қаерга кетганини билган келин ҳам ғазабда: “Росаям ғийбат қилиб ўтиргандирлар ўғилларига. Лаблари лабларига тегмай ёмонлаётгандирлар?” Ўғли билан самимий суҳбатлашиб ўтирган онани кўрган қанча келинда шундай шубҳа уйғонаркин? Қанча келин шу гумон билан қовоқ солиб юраркин, ҳеч кузатганмисиз? “Келин, ёмонлаш учун борганим йўқ эди”,-деди хокисор она. “Ўзингизни сипо кўрсатишга уринмай қўя қолинг. Нима истайсиз ўзи, нима учун оиламизни бузмоқчи бўляпсиз?” дейди келин. Қайси она ўғлининг оиласини бузишни истар экан? Қайнонага шундай айб тақаётган келинлар шу саволга жавоб топишга уриниб кўрсалар эди... Хотини берган саволга ўғил ҳам жавоб эшитмоқ истайди. “Мен ҳам шуни билгани келдим. Хотинимни ёмонламоқчи бўлсангиз уйда кўмилиб ўтиринг эди. Нимага кўчага чиқдингиз?” Аллоҳ! Аллоҳ! Онага шундай қўполлик қилувчилар фақат киноэкранида қолса эди. Бундан ҳам баттарроқ қўполлик қиладиган фарзандлар борлигини одамлардан эшитиб, ёқа ушлаймиз. Дарвоқе, она нима учун ўғлининг ишхонасига бориб эди? Ўғил ҳузурига уни она меҳри етаклаб борган эди. Унинг қўлида мўъжаз идиш. Унда бодом ҳолва. Ўғли болалигида бодом ҳолвани яхши кўрар эди. Бугун унинг туғилган куни. Она саҳарлаб бу ширинликни пиширишга уннайди. Аммо ҳолва пишмай туриб ўғли ишга шошилиб кетиб қолади. Она ҳолвани кўтариб унинг изидан боради... ва қолган гаплар ўзингизга маълум. Бу гапларни айтган она яна балога қолади. “Ўғлингизнинг туғилган куни фақат сизнинг эсингиздами, биз ҳам совға тайёрлаб қўйганмиз”, деб келин йиғлайди. “Хотиним бечорани йиғлатдингиз, энди хурсандмисиз?” дейди ўғил. Бу кинодаги ўғилнинг гапи. Ҳаётдаги ўғиллар орасида ҳам шундай дейдиганлари борми? Қайнона-келин орасида машмаша ва келиннинг кўз ёшлари тўкиши камёб ҳодиса эмас. Айрим ҳолларда ўғил дардини ичига ютади, баъзи ўғиллар онанинг ёнини олади. Ўғиллар орасида онани айблайдиганлар учраса улар фильмдаги онанинг жавобига диққат қилсинлар, иложи бўлса ёдлаб олсинлар. Онага қарши бир нима дейиш истаги туғилганда йиғлаб айтилган бу гапларни эсласинлар: “Хотинингнинг йиғиси кўзингга кўринди-ю, муштипар онангнинг кўз ёшлари кўринмадими? Унинг муҳаббатини сезмадингми? Ўғлим эканингни унутганга ўхшайсан. Лекин менинг она эканим доимо ёдимда”. Онасини йиғлатувчиларга сўзимиз будир: албатта, жуфти ҳалолингизнинг беҳуда кўз ёши тўкиши дуруст эмас. Аммо икки ҳил кўз ёшига эътибор беринг: онангизнинг кўзидан оққан ёш мусаффо сув кўринишида бўлса ҳам аслида юракни поралаб чиққан қонли кўз ёшларидир ва сиз бу зулм учун Яратганнинг жазосини кутаверинг. Бу хонадонда яна бир муаммо набира ва буви ўртасида пайдо бўлади. Умрини солиҳалик билан ўтказиб келаётган кампир билан ҳаётни фақат ўйин-кулгидан иборат деб билувчи тантиқ қиз орасидаги келишмовчиликни киноэкранда кўрганингизда эҳтимол қўшни ёки қариндошлар оиласидаги шунга ўхшаш воқеани эслагандирсиз. “Мунча менинг қизимга ёпишиб қолдингиз ойи?”,-дейди келин. Ҳаётда бундай саволларга сиз ҳам гувоҳ бўлгандирсиз. Бир аёл менга хасрат қилган эди. Набираси тор шим, киндиги кўриниб турувчи калта куйлак кийганида танбеҳ бериб, келинидан балога қолган экан. Ҳудди кинодагига ўхшаб у аёл ҳам келинига жавобан: “У менинг ҳам қизим”деса-да, унинг бу даъвоси инобатга олинмаган экан. Бугун қайси қизга номуссизлик илашибди, билмоқ жоизким, бунга энг аввало онаси айбдор. Фильмдаги тантиқ қиз номуссизлик жари ёқасига бориб қолганида буви уни асраб қолади. Қиз ота-онасига нисбатан ақллироқ экан, айбини тушунади, бувисидан узр сўрайди. Набирасини тергай бошлагани ўғлига ҳам, келинига ҳам ёқмайди. Ўғил ҳудди европаликлардай эркин ҳаёт ва эркин муҳаббат тарафдори. У нодон англамайдики, эркин муҳаббат эвазига оила номуси билан ҳақ тўланади. “Ойи! Шу вақтга қадар уйимизда жанжал бўлмаган эди, нима қиласиз муаммо чиқариб?!”-дейди ўғил ғазаб билан. “Муаммо бўлгани учун гапиряпман. У - қиз бола!”-дейди она. “Ҳозир замон ўзгариб кетган. Ёшларнинг тушунчаси умуман бошқача!”-дейди келин. Бу гапни ҳам ҳаётда тез-тез эшитиб турамиз. Тўғри, замон сиртдан қараганда бошқача. Ёшлар ҳам кўзимизга бошқачадай кўринади. Лекин моҳият, яшашдан мақсад каби тушунчалар ҳеч қачон бошқача бўлмайди. Буни она яхши билади ва ўғли билан келинига қараб дейди: “Аёл учун замон ҳеч қачон ўзгармайди...” Ғоят доно гап. Дейилмоқчики, аёл зиммасидаги бурч ўзгармайди. Ҳар қандай замонда ҳам аёлнинг номусли, иффатли, солиҳа бўлиши талаб этилади. Ҳар қандай замонда ҳам номуссиз қиз лаънатланади. Агар замон номус тушунчасини четга суриб қўйса, номуссиз аёл билан урғочи ит орасида қандай фарқ қолади? Энди иккинчи оилага назар ташлайлик. Яшаш шароитида бир оз фарқ бор. Биринчисида она хизматкор вазифасини бажарган бўлса, ота бунга қодир эмас. Эр хотинига “тезроқ бўл, кеч қоляпман” деса у “Нима қилай, оиламиз яна бир кишига кўпайган. Дадангизга овқат қилишим, кийимларига дазмол уришим, болани мактабга тайёрлашим керак. Ҳаммасига улгуришим қийин”, деб нолийди. Нолиши эҳтимол ўринлидар. Лекин бу ишларни у қайнотаси йўқлигида ҳам қилиб келган. Овқатни ёлғиз қайнотаси учун пиширмайди. Қайнота кун бўйи ярим коса таомга қаноат қилиши мумкин... Кийимига ҳар куни дазмол урилмайди. Яхшики дунёда бегона бўлса-да, меҳр кўргазувчи яхшилар кўп. Агар шундай меҳрибонлар бўлмаса, бемеҳр фарзандларни кўтариб юришдан орланган замин тарс ёрилиб кетган бўларди. Биринчи меҳрибон – набира. Бобонинг овунчоғи. Қалби пок инсон! Ота синган кўзойнагини тузаттириб беришни ўғлидан илтимос қилади. “Онангдан келган хатни ўқимоқчиман”, дейди. Ўғил “келинг, шу хатни мен ўқиб бера қолай” демайди. Онасидан келган хатга қизиқмайди. Кўзойнакни тузаттириш учун бу ой имкони йўқлигини айтади халос. Набира пойафзал учун отаси ташлаб кетган пулга бобосининг кўзойнагини тузаттириб беради ва... онасидан калтак ейди. Кўчанинг нариги бетига жойлашган қаҳвахона эгалари бўлмиш эр-хотин шарқликларга хос меҳр-мурувватли инсонлар. Шукрким, бундайлар ҳаётда кўп. Худодан сўраймиз: бизнинг қалбимиздаги меҳр-мурувватни ҳам янада зиёда қилиб берсин. Аллоҳнинг бу неъматни бергани – бандани улуғ савоблар уммонига ғарқ қилгани демакдир. Ота учун меҳр булоғи ўғилнинг хонадонида эмас, айнан шу қаҳвахонада бўлиб чиқади. Унинг овунчоғи шу ер. Унинг учун энг оғир қийноқ - айрилиқнинг азоби. Қаҳвахона хўжайинига “хатоингни тўғирлаб турадиган рафиқанг ёнингда”, деб бекорга ҳавас қилмайди. Қаҳвахона хўжайини хотинига “мен ёзган хатни ҳам шундай соғиниб ўқийсанми” деган маънода гап бошлаганида “Парвардигоримдан сўрайман: сизларни ҳеч қачон айирмасин”, деб бекорга илтижо қилмайди. Ҳаётдаги айрилиқ азоби кексалик ёшидаги эрга ва хотинга бошқа-бошқа тарзда таъсир этади. Бу азобни енгиб ўтишда эркаклар кўпроқ қийналадилар. Аёллар кўп қийинчиликларни кўз ёшлари билан енгиб кетишга уринадилар. Афсуким, эркаклар ҳар доим ҳам йиғлайвермайдилар. Дард уларнинг қалбларини исканжага олиб беором қилаверади. Раж Малхотра кампири билан телефонда сўзлашиб туради. Бироқ, юрак дардларини телефонда изҳор этиб бўлмайди. Яхшики мактуб ёзиш имкони бор. Одамлар ҳозир мактуб ёзишдан эриниб қолганлар. Ўтмиш китобларида биз гўзал мактубларга гувоҳ бўлганмиз. Ақалли Кумушбиби ва Отабек ёзишмаларини эсланг. “Вафосизға. Мен ўзимнинг бу мактубимни кўз ёшларим билан ёзаман. Негаки, ҳозирда маним ёлғизгина кўз ёшларимгина эмас, бутун борлиғим сиёҳдир. Мен энди оғизлардағи “вафо” сўзига ишонмайман. Чунки мен ўзимнинг вафосига ишонганим йигитдан улуғ вафосизлик кўрдим. Уятимдан кўзларимни очолмайман Негаки, еру кўклар, тоғу тошлар ва дунёдағи барча нарсалар манинг алданғаним учун кулиб масхара қилгандек қарайдилар... Бу кунимдан, бу ҳасратимдан қутилиш учун мен ўзимга ҳасрат чақираман. Лекин ажал ҳам мен шўрликдан нафратлангандек, гўё ул ҳам менга вафосизлик қиладир... ...Сизга янги ёр, менга уятсизликнинг қурбони бўлиш муборак. Кумуш эмас, Тупроқбиби ёздим...” “Умидим юлдузи, орзум чечаги, ҳаётим тираги Кумушимга! Киноя ва аччиғлар билан тўлиқ бўлган мактубингизни олдим. Хатни ёзган чоғингизда тамом бир ўт ичида, ғазаб денгизида сузганлиғингиз гавдаланиб кўз ўнгимдан ўтдилар. Ўтдиларгина эмас, ҳатто менга шунчалиқ таъсир этдиларким, гўё маликасининг ғазабига учраган қул қай даражада эс-ҳушидан айрилса, қилар ишидан, ўйлар ўйидан янглишса, манинг-да ҳозирги ҳолим бунинг юз даража юқорисиға етди... ...Сиз ўзингизни тупроқ билан тенглашдирмакчи бўлгансиз, лекин ман ҳозир Кумушка ҳам қаноатланмай Олтинбиби деб атамоқ фикрига тушдим... Борлиғим муҳаббатингиз алангаси билан туташқани ҳолда завжангиз: Отабек...” Бу – муҳаббат оташидаги икки ёшнинг мактуби. Фильмда муҳаббат майидан қирқ йил давомида биргаликда тотинган икки қалбнинг мактуби борким, уни четлаб ўтиш мумкин эмас. Раж Малхотра ёзади: “Хатингни ўқиб, кулиб турган чеҳрангни кўз олдимга келтиришга уриндим. Лекин кўз ёшларим ҳалал берди. Ҳа, майли, ёнимда бўлмасангда, Худойим мени бутунлай ёлғизлатиб қўймади. Яхши одамларга дучор қилди.Бир эр-хотин бор, қаҳвахонани бошқаришади. Кунни ўшалар билан ўтказаман. Лекин уйга қайтиш вақтим бўлганда юрагим орқасига тортиб кетади. Оёқларим олдинга босгиси келмайди. Чунки уйда интизор кутиб ўтирадиган қалбимнинг эгаси йўқ. Яна нимани ҳам ёзай, болаларим меҳрини туйиш учун келгандим, севикли ёримдан ҳам айрилиб ўтирибман...” “Азизим, пойингизга бош эгай. Хатимни ўқиб кўзингиз ёшланганини ёзибсиз. Бу сафар сиз ҳам мени йиғлатдингиз. Севгимизнинг айро тушганидан асло ўкинманг. Мен бор эканман сизнинг, сиз бор экансиз менинг муҳаббатим сўнмайди. У абадий! Бир гап айтаман, кулманг-а: авваллари кўзгу қаршисида туриб ўзимга оро бераётганимда сиз қараб тургандек туюлаверарди. Гўё “кўзларингга тортилган сурма жуда ярашибди”, деяётгандек бўлардингиз. Энди бўлса на бўянгим, на кийингим келади. Айтинг, ким учун ўзимга оро берай? Сиз ёнимда йўқсиз-ку! Жуда соғиндим, гўё минг йил кўришмагандекмиз...” Бундай мактубни кўз ёшларисиз ёзиб бўлмайди. Бундай мактубни кўз ёшлари тўкмасдан ўқиб бўлмайди. Бундай соғинч мактубини ёзишга мажбур этгган фарзандларни кечириш мумкинми? Эҳтимол ота кечирар, она бу гуноҳдан ўтар. Бироқ, уларнинг фироқига гувоҳ бўлган сиз – тамошабин кечирасизми? Фильмнинг хулосаси мен учун кутилмаган бўлди. Чунки одатда ҳинд киноларидага хотима хайрли оқибат билан тугайди. Севишганлар муддаоларига етишадилар, адолат қарор топади. Бунда ҳам ота ва она айбига иқрор фарзандларини кечирсалар керак, деб ўйлагандим. Фақат кинода эмас, ҳаётда ҳам ота-она ҳамиша фарзанди гуноҳидан ўтади. Лекин “Боғбон” да ундай эмас. Мухбирлардан бири Раж Малхотрага мурожаат қилиб: “Боғбон” китобидаги йигитлар сизнинг фарзандларингиз бўлганида сиз нима деган бўлардингиз?” деб савол беради. Дилни ўртайдиган савол эди бу. Жавоб юракни тилка-тилка қилиб юборадиган бўлди: “Ўз ота-онасига меҳр кўрсата олмайдиган, на иззат, на ҳурмат қила оладиган фарзандларни кечирмайман. Ҳар қандай риштани узаман!” Бу қарор билан ота тўрт ўғилни бараварига оқ қилди. Тўрт оқпадар... тўрт дўзахи... нақадар даҳшат! Оқпадар бўлганлар энди онадан умидворлар: “Ойи, она ҳар қандай шароитда ҳам ўз фарзандларини кечиради, деб эшитганман. Бизни ҳеч бўлмаса сиз кечиринг”, дейди ўғил. Ўғил топиб гапирди: она ҳар қандай шароитда кечиради. Онанинг дуоибад қилиши қийин. Лекин... она ҳам кечирмади. Чунки: “Ҳа, она сифатида эҳтимол кечирарман. Лекин жуфти ҳалол сифатида, соҳибимнинг сизлар туфайли кўзларидан оққан ёшлари ҳаққи кечира олмайман. Қолганини вақт кўрсатади. Ҳозир эса... сизларга айтадиган бошқа гапим йўқ. Кечиролмайман...” “Кечиролмайман” деяпти. Кечиришни истайди, лекин бунга ҳаққи йўқ. Оғир синов бўлди бу. Ота-она учун ҳам фарзандлар учун ҳам. Қирқ йиллик умрини муҳаббат билан бирга ўтказган эр-хотин синовдан ўтди. Фарзандлар ўтишолмади. Ота-она кечирмади, демак, Эгам ҳам кечирмайди. “Тўрт дўзахи” деб бежиз айтмадик. Тўрт дўзахининг муқобилида жаннатилар бор: қаҳвахона эгалари, унда тўпланиб турадиган, Малхотрани китоб ёзишга ундаган пок дилли ёшлар ва... Алок ҳамда унинг жуфти ҳалоли. “Яхшилик қилиб, дарёга сол, балиқ билур, балиқ билмаса – Ҳолиқ билур” деган мақол мавжуд. Алок – етимча бола Малхотранинг меҳри туфайли ўқиди, вояга етди, эътибор топди. Ҳорижда эканида қўнғироқ қилиб қаллиғи борлигидан огоҳ этди. “Агар сен ота-онамга ёқмасанг мен сенга уйланолмайман, севгим ҳурмати бошқага ҳам уйланмайман”, деб айтади. У айни дамда икки муҳаббат олови орасида қолган эди. Ота-онасига бўлган муҳаббати кучлироқ эканидан хабар топган қаллиғининг унга бўлган меҳри янада ортди. Бир муҳаббат иккинчисини рад этмади, балки янада куч берди. Етимга меҳр бергани учун Раж Малхотра ва унинг жуфти ҳалолига Тангри улуғ мукофот ҳозирлаб қўйган эди. Ўз фарзандларидан зулм кўриб кўчада қолай деган ота-онага Алокнинг муҳаббати билан етказди бу мукофотни. Бу шунчаки гап эмас, бу – Аллоҳнинг улуғ ҳикматларидан бири. Энди мазкур таассуротларни ёзишга ундаган воқеа ҳақида: фильмдан таъсирланиб юрган чоғимда бир неча ёш дўстларим билан суҳбатлашишга тўғри келди. “Боғбон” фильмини кўрдингизми, фикрингиз қандай?” деб сўраганимда “охиригача кўрмадик, зерикарли экан”, деган жавобни эшитдим. Жангари ёки беҳаё фильмларга ўрганиб бораётган ёшлар учун бу фильм балки зерикарли туюлгандир. Мен ёшларни бу ўринда айбламоқчи эмасман. Маъно дурларига бой асарлар билан танишишни уларга ўзимиз ўргатмаганмиз. Қандай асарлар уларнинг хаёлини қамраб олаётгани билан қизиқмаганмиз. Табиийки, ёшлар кексалик муаммосини деярли ўйлашмайди. Шу боисдан ҳам фарзандлар томонидан хорланган ота-она қисматига бефарқлар. Шу ёшлар орадан қирқ йил ўтиб айни шу фильмга бошқача баҳо беришларига имоним комил. Бугун зерикарли туюлган шу фильмни қирқ йилдан сўнг йиғлаб томоша қилишларига ҳам ишонаман. Яна ким билади, балки ўша дамда улар фақат фильм қаҳрамонларининг қисматига эмас, ўзларининг тақдирларига ҳам ачиниб йиғларлар? Бундай бўлишдан Аллоҳ сақласин! Аллоҳ сақлаши учун эса биз – катталар уларни ҳозирдан тўғри тарбия этишга эътибор қаратишимиз керак. Мен шундай тавсия берган бўлардим: кимнинг уйида видеомагнитофон бўлса уйида, бўлмаса қўшниси ёки қариндошиникида фарзандлари билан биргаликда ўтириб шу фильмни албатта кўришсин. Иложи бўлса икки қайта кўришсин. Зарур жойларда фарзандларига насиҳат қилишсин. Шубҳасизки, “Бу асар нима ҳақида?” деб савол беришар. Мен суҳбатлашган ёшлар ҳам шундай деб сўрашганда фильм қаҳрамонининг сўзлари билан жавоб бердим: Бу асар бугун билан эрта орасидаги осуда оралиқ ҳақида. Бу асар бир авлод билан иккинчи авлод ўртасида узилиб қолган кўприк ҳақида. Бу асар бир вақтлар жигарбандларини елкасига миндириб, ўйнатиб юрган, аммо ҳозирда букчайган елкалар ҳақида.Бу асар фарзандларини жажжи қўлчаларидан тутиб олиб тетапоя қилдирган, энди очиқ қолган қалтироқ қўллар ҳақида. Бу асар бир замонлар алла айтиб, айни дам жимиб қолганлар ҳақида... Замон ўзгарди, ҳаёт ҳам ўзгарди. Бизнинг ёшимиздаги тенгдошлар билишади: бугунги кунда ўтмиш сарқити деб ҳисобланган одатларимизнинг ҳаммасига биз ишонардик. Оналар оёғи остида биз жаннатни кўрардик. Энди одамлар жуда доно, ёшларимиз иқтидорли, ўта қобилиятли бўлиб кетишган. Улар эришиладиган ҳар қандай ютуққа гўёки пиллапоядан кўтарилгандек осон кўтарилаверишса. Агар йўлларида нафи йўқ нарса учраса, уйдаги кераксиз бўлган синган идиш-товоқ, эскирган кийим-кечак, сарғайган газета парчаси каби шу захоти ахлатхонага олиб бориб ташлашади.Лекин ҳаёт асло пиллапоя эмас! Ҳаётни унга қиёслаб бўлмайди. Менинг фикримча, ҳаёт улкан бир дарахт мисоли. Унинг томири эса ота ва она ҳисобланади. Дарахт ҳар қанча катта бўлмасин, томири кесилса, тамом, у ортиқ кўкармайди. Қуриб битади. Энди оддий бир савол билан сизларга мурожаат қилсам: ота ўз фарзандининг қувончи, камоли учун топганини сарф қилади. Бироқ, кўзларидан нур кетган чоғида падарига суянчиқ бўлиш у фарзандга малол келса? Нима учун ота боласининг илк қадам ташлашига кўмак беради-ю,бироқ, белидан қувват кетганида нима учун ўша фарзандига эмас, хассага таянади?Бир умр ўз болаларига шодлик улашган ота-онани не сабабдан қон йиғлашдек зулмга дучор қилади? Бизга меҳр кўрсатиша олишмас экан, меҳримизни тортиб олиш ҳуқуқини уларга ким берди? Улар ким бўлибди-ки, Парвардигор муҳаббат риштаси ила бирлаштирган ота-онасини бир-бирларидан айириб, алоҳида яшашга мажбур қилишади?Наҳот инсон Худодан шунинг учун фарзанд сўраса? Қайтар дунё дерлар...Бизнинг бошга тушган савдо эртага албатта уларнинг ҳам бошига тушади. Улар ҳам кексайиб бир куни шу саволни беришади... Атрофимизда меҳри дарё, солиҳ фарзандлар кўп. Аллоҳ уларни паноҳида асрасин. Ота-оналарини беҳад иззат қилувчи укалар, сингиллар, баён сўнгида сизларга мурожаат қилишни лозим топдим: ёнингизда ота-онасига бемеҳрроқ дўстларингиз бор, сиз уларни биласиз, агар “чин дўстман”, десангиз уларни бу ёмонликдан қайтаринг. Шунда ўзингизнинг ҳам, уларнинг ҳам охиратлари обод бўлади. Бир фильм баҳонасидаги суҳбатимиз шу билан якун топмайди. Тангри насиб этса учрашувларимизда ёки сиз таҳририятга юборадиган мактублар орқали мулоқотимизни давом эттирамиз. Тоҳир Малик
“7х7” газетаси,2005.
|