Принтер учун E-mailга юбориш

 

Шайтанат

(Қисса)

4-китоб

 
 
   Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
   «Эй Одам фарзандлари, шайтон ота-онангизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш учун устларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта у (яъниким, шайтон алайҳилаъна) ва унинг ёрдамчилари сизни ўзингиз кўрмайдиган томондан кўриб туради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз».
   «У (яъниким Оллоҳ) бир гуруҳни ҳидоят қилди. Бошқа гуруҳга йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Оллоҳни қўйиб, шайтонларни ўзларига дўст тутдилар, ҳамда ўзларини, албатта, ҳидоят топувчилар деб ҳисоблайдилар»*.

   Худовандо, на қилдим турфа ёздим,
   Шаётин макри бирлан йўлдан оздим.
   Пушаймонман паришон ўтган ишдан.
   Баҳору тийра моҳ ёзу қишдин.
   Сўфий Оллоҳёрнинг «Саботул ожизийн» китобларидан)

   Борлиқ оламларни яратиш баробаринда бизларни – одам болаларини йўқдан бор қилган, иймон, маърифат, илму адаб, ҳикмат баҳш этган, ўзининг ваҳдати зотини, асмаи сифатини бизларга – қулларига билдирган Холиқи даҳрга мадҳу таҳсинларимиз ва шукрларимиз бўлсин.
   Раҳим ва Раҳмон ҳабиби, оламлар нури, олимлар фахри бўлмиш Муҳаммад мустафо салаллоҳу алайҳи ва салламга салоту салом ва таҳиййат бўлсин.
  Муҳтарам пайғамбар афандимизнинг азиз авлодларига, хонадонлари аҳлига, дин йўлида ёрдамчилари, дунёи охиратда содиқ ёрлари мартабасидаги улуғ биродарларига саловотлар бўлсин. Ва жами анбиё саловатуллоҳи алайҳим ва авлиёи киром руҳларига восил бўлсин ва биз мискинлардан рози ва ҳушнуд бўлсинлар. Инша Аллоҳ, омийн. Аммо баъд:
   Шукрларимиз бўлсинким, неча йиллардан бери шайтонга тобе олам аҳволининг баёни баҳонасида сиз муҳтарам китоб муҳиблари билан биргамиз. Сизлардан бениҳоя миннатдорманким, саховатингизни аямаганингиз ҳолда бир ожиз ва нотавон банда сабаби билан қоғозга туширилган мазкур битикдаги саҳвул-қаламга кечиримли бўлдингиз, узрларимизни эътиборсиз қолдирмадингиз. Яна бир қувончимиз шуки, шайтон васвасасига берилмоқлик, шайтонга қарши жиҳодда мағлуб бўлмоқлик оқибати Сиз – азизларни лоқайд қолдирмади. Сиз билан биз «Фалончи қўшним (ёки ҳамкасбим, ёки қариндошим) менинг душманим», дейишга одатланганмиз. Мен буни бир оз ўзгачароқ тарзда баён қилган бўлардим. Сабабки, Одам боласининг Одам боласига душманлиғи дуруст эмасдур. Одамнинг ягона душмани – иблисдур! Иблиснинг энг зўр қуроли – нафсдур! Иблиснинг энг зўр қуроли – нафс. Демакки, биз душманни атрофимиздан эмас, ўз вужудимиздан, ўз руҳимиздан изламоғимиз жоиз. Буюрилмишким, «ла-тазанил холқа бимизаника, ваззин нафсака би мизонил қавм». Маъноси будирким: «Халқни ўз ўлчовинг ила ўлчамагил, билъакс, ўз нафсингни қавм (халқ) ўлчови (мезони) ила ўлчагил». Шунга бизлар амал қилсак, ҳидоят йўлидан тоймасмиз, инша Аллоҳ.
   Тўртинчи китобга жамланувчи фикрларни қоғозга тушириш аввалида айрим изоҳларни баён этмоққа ҳожат сезилди. Дастлабки умидимиз – воқеалар баёнини уч китобга жамлаш эди. Учинчи китобда умидга еткурган Тангримизга шукрлар қилганимиз ҳолда асарга сўнгги нуқта қўйилганини маълум этиб эдик. Яширмаймиз, дастлабки аҳдга биноан ўзимизни зўрлаган ҳолатда асарни якунлагандай бўлиб эдик. Ана шу зўракилик талабчан китобхонларимизга маъқул келмабди. Учрашувларда, мактубларда асар якун топмагани хусусида танқидий фикрлар билдирилди. Шу кезлари гиёҳвандлик оқибатлари муаммолари ҳусусида ҳужжатли фильм учун маълумотлар тўплашга тўғри келди. Мазкур жараён ҳам асарни давом эттиришга даъват этди. Бизни энди ҳижолатга солаётган бир сабаб бор: «Бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлар», деганларидек, асарнинг чўзилиши оқибатида Сиз – азизлар ҳафсаласини пир қилиб қўймасак бўлгани… Начора, яхши умид билан яна қўлга қалам олдик, раҳмли Парвардигоримиздан хайрли ниҳоясига етказмоғини сўраймиз.
   Муножотимиз будир:
  Илоҳо Парвардигоро! Иззатинг ва жалолинг ҳаққи, анбиёю мурсалин ва авлиёйи солиҳийн ва уламои росихин разийаллоҳу анҳум ажмаъйин арвоҳи шарифлари ҳурмати, биз заиф ва гуноҳкор қулларингни ҳам бу қавмдан бенасиб қилмагил ва ул хос наслиданким, буларга насиб этдинг, бизларни ҳам маҳрум қилмағил. Ва шаръий амалларимизни гуноҳларимизга каффорот айлагил ва сўнгги нафасда иймонимизни шайтон макридан ўзинг сақлагил. Омийн йа Роббил аламийн!*
   Шундан сўнг Ҳақ таоло инояти билан баёнларимизни бошлармиз, биавниллоҳи таоло.
 
Тоҳир Малик
 
 
« Олдинги   Кейинги »