Принтер учун E-mailга юбориш

Сабр имтиҳони

 

“Рамазон – сабр ойидир”. Демак, бу ойда озми-кўпми сабр имтиҳонини топширамиз. Қудсий ҳадисда:

«Эй Одам фарзанди, сабрли бўл ва ўзингни паст тут, Ўзим сени олий даражага кўтараман», деб марҳамат қилинган. Бизлар қандай даражада эканмиз? Эндиги суҳбатимиз шу ҳақда. Фарзандларимизни, яқинларимизни дуо қилганимизда бахт-саодат тилаймиз-у аммо сабр-тоқат, қаноат тилашни унутамиз. Сабр-қаноатсиз бахт-саодатга етиб бўлмаслигини биламизми? Биз фақат жанозага борганимиздагина марҳумнинг яқинларига сабр тилаймиз. Бу яхши одат. Бошига мусибат тушган ҳар бир бандани сабрга чақириб, ёнида далда бўлиб туриш аъло фазилатлардан.  Аммо сабр фақат мусибатли кундагина керакми? Бу саволга ҳар биримиздан жавоб лозим.

Инсон жисмоний жиҳатдан бақувватлигига мағрурланиб юраверади, аслида эса у ғоят ожиздир. Тоқати етмайдиган юмушлари кўп. Сабрсизлиги учун йўл қўяётган гуноҳлари ундан-да кўпроқ. Инсон сабрсиздир, қаноатсиздир. Шу боис «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф этмайди» (Бақара сураси). Мўминлар Аллоҳнинг барча амрларини бажарсалар-да, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб: «Эй Роббимиз, бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин» (Бақара сураси), деб муножот қиладилар. Бундай дуода бандаларнинг ўз ожизликларига иқрорликлари мужассамдир. Ҳуд сурасида Одам болаларининг хислати чиройли тарзда баён этилган:

«Қасамки, агар Биз инсон зотига Ўз томонимиздан раҳмат-марҳаматимизни тотдириб, сўнгра уни Ўзимиз тортиб олсак, у, албатта, ноумид ва ношукурчилик қилиши шубҳасиздир. Қасамки, агар унга бирон зиён-заҳмат етканидан кейин Биз ноз-неъматларни тотдириб қўйсак, албатта у: «Барча ёмонликлар мендан нари кетди, энди қайтиб келмайди», дейди. Дарҳақиқат, у мағрур ва мақтанчоқдир. Магар балоли кунларда сабр қилиб, сафоли кунларда шукроналик билан яхши амаллар қиладиган зотлар бор-ки, ана ўшалар учун мағфират ва катта ажр-мукофотлар мавжуддир».

Мазкур уч оят «Бу васф иймон ва ислом тақозо қилган сифатлари билан тўла сифатланмаган инсон васфидир», -деб тафсир қилинади «Тафсири ҳилол»да. -  Агар ундай одамга бирор неъмат бериб туриб, сўнгра олиб қўйилса, тушкунликка тушиб, дод-вой қилади, ўзини ҳар томонга уради. Ёки аксинча, ё иссиққа кўнади ё совуққа. Охирги оятда солиҳ бандаларнинг икки сифати алоҳида таъкидланмоқда: сабр ва яхши амаллар қилиш. Сабр доимо, ҳаммага керак: яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар-камчилик пайтида ҳам, фойда-борчилик пайтида ҳам ғоятда зарур. Йўқчиликка сабр қилиш осон. Аммо борчилик-тўқчиликка ҳамма ҳам тоқат қила олмайди. Аслида банда оғир пайтда бардош билан, неъмат етганда шукр ва яхшилик билан сабр қилсагина саодатга етиша олади».

Ҳаёти давомида кишининг боши устида қуёш чарақлаб туриши баробарида турли ҳил ташвиш булутлари ҳам сузиб ўтади. Кенглик - танглик ҳам, тўқлик – очлик ҳам, ғалаба –мағлубият ҳам, шодлик – мусибат ҳам. Умри фақат шодлигу ғалаба билан ўтган кимсани тарих билмайди. Одам боласидан машаққат ва мусибат пайтида сабр қилиши, умидсизланмаслиги, ҳақ устида сабот билан туриши талаб этилади. Дунё ғами келиб-кетувчи меҳмондир. Абадий қолади, деб ранжимаслик керак. Тонгни кутадиган одам сабр қилиши шарт. Тун қиёматга қадар давом этмайди. Неъматга сабр билан эришилади, шошқалоқ ва бесабр неъматдан маҳрум қолади. Неъматни кўриш билан шокир, мусибатга дуч келганда эса собир бўлиш иймон жумласига киради.

                   Одамга сабр гар кўрингай заҳар,

                   Чидам ниҳояси жонга бўлгай шакар.

Ҳа, йўқчилик ва танг ҳолатларда сабр керак. Аммо бу машаққатлар кушойиш топганидан сўнг ҳам сабр лозим бўлади. Чунки мусибатга тоқат қилишдан кўра, аввал айтганимиздай, кенгчиликка сабр қилиш оғирроқ.

Киши умр бўйи кўп қийинчиликларга дуч келиши, бу қийинчиликларни фақат сабр билан енгиб ўта олиши мумкинлигни, сабрсизлик эса инсонни қайғудан қутқара олмаслигини, сабрсизликнинг ўзи куйдиргувчи зўр қайғу эканини болалигиданоқ онгига сингдириш керак. Ҳар қандай хасталикнинг энг биринчи давоси – сабр дорисидир. Сабр – дориларнинг энг ишонарлисидир. Дорихонадан харид қилган дорингиз шифо берадими ё йўқми, билмайсиз. Бу олган дорингиз бир дардингизга даво бериб иккинчисини қўзғаши эҳтимоли ҳам бор. Аммо сабр дорисида бундай хатар йўқ. Сабрни моддият ва маънавият устуни, десак ҳам янглишмаймиз. Уни асрамай, йиқилишига йўл қўйилса, моддият ҳам, маънавият ҳам йиқилади.

Донолар деганларки: «Модомики, ер остида қабр азоби ҳақ экан, ер устида ўша азобнинг муқобили сифатида сабр азоби ҳам мавжуд. Бандага ё униси, ё буниси». Ҳикмат аҳли барча нарсадан айнан шу сабр азобини аъло кўрганки, ажри юқори бўлгай, иншааллоҳ! Ҳазрат Навоий айтганларидек: «Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ғам йўқ, иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ». Чунки: «...уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз учун сизларга салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай яхши, дерлар» (Раъд сураси).

Европанинг машҳур файласуфи, узлатга чекиниб, умрини бочкада ўтқазган Диогендан бир одамнинг бойми ёки камбағал эканини сўрадилар.

- Билмайман, - деб жавоб берди Диоген,- мен фақат унинг пули кўплигини биламан.

- Пули кўп бўлса, демак, бой экан-да?

- Кўп пулга эга бўлиш ва бой бўлиш - бир нарса эмас, - деб жавоб берди Диоген. - Борига қаноат қилган одамгина чинакам бойдир. Ўзида бор нарсадан кўпроқ бойлик орттиришга ҳаракат қилган одам, оз бўлса-да, борига қаноат қилган одамдан камбағалроқдир.

Энди «сабр» ва «қаноат» атамаларига қисқа изоҳ бериб ўтсам: бу икки сўз кўпинча кетма-кет қўлланилади. Аммо иккаласи бир маънони англатувчи маънодош сўзлар эмас. «Сабр» – иффатга хос хислатлардан бўлиб, нафсоний қувватларни жиловлашдир. «Бардош» ёки «чидам» дейилса ҳам «сабр» англашилади. «Сабр»ни мумтоз адабиётимизда «таҳаммул» (айрим ўринларда «тааммул») шаклида ҳам учратамиз:

                   Ё марҳамат ул хайли ситамкорага бергил,

                   Ё сабру таҳаммул мени бечорага бергил.(«Маҳбуб ул-қулуб»дан)

«Муншаот»дан: «...ва кўнгуллари таҳаммул қилмағандин арз қилғайлар».

Демак, сабр – тоат-ибодатни адо этишдир. Ҳавойи нафс хоҳлаб турган гуноҳларни қилмаслик ҳам сабр. Балою офатлар ва мусибатларга таслим бўлақолмаслик ҳам сабр. Сабрнинг олий даражаси – мусибатнинг биринчи зарбаси вақтида билинади.

«Қаноат» эса еб-ичмак ва кийинмакнинг борига рози бўлиб, имкон ва зарурат даражасидан ортиғини талаб қилмасликдир. Шу боис донолар қаноатни қушлардан ўрганишни тавсия қиладилар. Қуш эртанги озуқаси бўлмаса ҳам масъуд-бахтиёр учаверади. Одамнинг эса омбори донга тўла бўлса-да, кейинги йил ғамида, ташвишида паришондир.

«Қаноат – эҳтиёжсизлик негизидир, иззат ва шараф тантанасидир, - деб ёзганлар ҳазрат Навоий. - Қаноатли камбағал – давлатманддир, унинг шоҳу гадога иши тушмайди:

                   Хорлиғлар боши тамаъ билгил,

                   Доимо «азза ман қанаъ» билгил».

Маъноси будир: хорликларнинг бошланиши тамаъдан эканини фаҳм этгин ва ҳамиша «қаноатли киши азиздир», деб билгил.

Қаноатли кишини ноёб донишманд деб ҳам иззат қиладиларки, қаноат бандага берилган туганмас неъматдир. Низомий ҳазратларидан байт:

                   Ҳар кеча сўнгида нури зиё бор,

                   Ҳар бардош сўнгида завқи сафо бор.

Қаноат тўғрисида кўп ҳикматлар айтилган, кўп таърифлар берилган. Шулар орасида «Маҳбуб ул- қулуб»даги таъриф ғоят аҳамиятлидир:

«Қаноат – бир чашмадирки, олган билан унинг суви қуримайди; у бир хазинадирки, ундаги бойлик сочилган билан камаймайди. У бир экинзорки, уруғи иззат ва шавкат ҳосилини беради; у бир дарахтдирки, унда қарам бўлмаслик ва ҳурмат меваси бордир.

Қаноат – киши кўнглига равшанлик етказади; кўз ундан ёруғлик касб этади. Қаноатли дарвешнинг қаттиқ нони таъмагир шоҳнинг ноз-неъмат тўла дастурхонидан яхшироқдир. Қаноатга одатланган фақирнинг ёвғон умочи – олғир бойнинг новвоту ҳолвасидан тотлироқдир.

Шоҳ удирки – олмайди-ю беради, гадо улдирки – сочмайди-ю теради. Ҳар ким қаноатга одатланган бўлса, шоҳлик-гадолик ташвишини билмайди. Гарчи тирикчилик уйи доим тор, бу ҳақда қанча муболаға қилсанг, ўрни бор. Қаноат бир қўрғонки, унга кирсанг, нафснинг ғалвасидан қутуласан. Қаноат бир чўққики, унга чиқсанг, дўст-душманга муҳтожликдан халос бўласан. Қаноат – хокисорлиғдир-ки, натижаси - юксаклик; муҳтожлик-ки, фойдаси – эҳтиёжсизлик. Қаноат – экиндир, уруғи – бойлик; дарахтдир, меваси – муҳтожсизлик; майдир, аччиқ, лекин нашъаси – шодлантирувчи; йўлдир қаттиқ, лекин борар манзили – севинтирувчидир».

Расулуллоҳнинг (с.а.в.) уйларида бир неча кунлаб қозон қайнамасди.

-Эй Расулаллоҳ! Фақат хурмо еявериб, ичимиз куйди, - деб фақирлар нолишганида Расулуллоҳ (с.а.в):

- Мен ҳам худди сизлар каби икки ойдирки, фақат мева ейман. Уйимда ейишга бошқа нарсам йўқ, - дедилар.

Бир киши очлик туфайли қорнига тош боғлаб олди. Исссиқ тош қоринга боғланганида ошқозондаги очлик азоби бир оз чекинди. У одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қорнидаги тошни кўрсатиб, очликдан шикоят қилганида, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам муборак қоринларига боғлаб олган тошларни кўрсатдилар.

Баъзилар хизматдан уйга қайтганларида овқат тайёр бўлмаса, ғазабланиб, дунёни ағдар-тўнтар қилишга ҳам тайёр бўлиб қоладилар. Таомни вақтида ҳозирлашга улгурмаган аҳли аёлини ҳақоратлашдан, ҳатто дўппослашдан тоймайдилар. Қаноатсизликнинг энг олий даражаси шу ҳолда намоён бўлади. Чунки таом қозонда қайнаб турибди, узоғи билан ярим соатда пишиши аниқ. Ярим соатга қаноат қилолмайдиган одамнинг арзимаган туртки билан диндан чиқиб кетиши ҳеч гапмас. Дарвоқе, шундай деб ёзишга ёздигу бироқ, динда собит одам тоқатсиз бўлмайди, деган ҳақиқатни ёдга олдик. Бундай тоқатсизларга Расулулоҳнинг (с.а.в.) тоқатларидан сўзлаб бериб, иймонга чорловчи дўстларимиз барака топишсин.

«Инсонларни ҳайвонлардан юқори қўювчи тўрт нарсанинг бири - қаноат», деб санаб ўтилади. Бу фикрни инкор этмаган ҳолда баъзан ўйлаб қоламан: қаноат ҳайвонларда, масалан, итда ҳам бор-ку? Ҳайвонлардаги қаноат даражаси баъзан инсонникидан анча баланд бўлади-ку?

                   Қаноат маъданиға оч кўзунг оч,

                   Тамаъ бўйи кўринмай, бўйидан қоч.

Мазкур байтда ҳазрат Сўфий Оллоҳёр бу маънони айтмоқчилар: «Ҳамиша қаноат хазинасига кўз тикиб юргин. Тўқликда ҳам, очликда ҳам қаноатли бўл. Ғафлатда бўлма, кўзинг оч. Тамаънинг қиёфаси кўринмасдан олдин, унинг исини билгачоқ, ундан қоч”.

Шарафли ҳадис: «Кимнинг Аллоҳдан савоб келишига қаноати бўлса, ўзига етаётган азиятни сезмас». Қаноат қилган кимса ҳамма нарсадан озод бўлади. Таажжубки, дунёпарастлар бойликни молдан қидирадилар. Ваҳоланки, у қаноатдадир. Роҳатни эса кўпдан қидирадилар. Аксинча, у оздадир. Ақлли одам фаҳм этмоғи шартки, қаноат унинг бошини юқори кўтаради, олий мақомга етказади, иззат ва шавкатга эга этади. Аммо тамаъгир одам дунёда хорлик ва ҳақоратдан холи бўлмайди. Қаноатли киши ўзининг ҳар бир сўзи ва ишида ҳалолдирки, шу боис ҳам Суқрот ҳаким: «Ҳою-ҳавасни тарк айлаб, қаноатни ихтиёр этинг», деб васият қилганлар.

Шоир айтмоқчи:

                  Бир йўқликнинг бир кун тўқлиги бордир,

                   Бир ғамликнинг бир кун шодлиги бордир.

                   Қаноат қилган роҳат кўрмаган эмас,

                   Гадоликнинг бир кун беклиги бордир.

«Дунёда энг яхши лаззат нима?» деган саволга «қаноат лаззатидир», деб жавоб берадиганлар янглишмайдилар. Чинакамига қаноатли бўлиш худбинликни инкор этади, киши ўзи роҳатда яшаш билан бирга, бошқаларнинг ҳам шод яшамоғини истайди ва бу йўлда жон фидо қилмоққа ҳам тайёр бўлади.

Кунлардан бир куни Салмон Форсий (р.а.) уйларига яқин дўстларидан Абу Зарр Ғифорий келдилар. Дастурхон устига бир кўза сув ва бир неча бўлак қотган нон қўйилди. Нонни сувга ботириб еяётган меҳмон «нон жуда мазали экан-у аммо тузи бир оз камроқ туюлди», дедилар. Шунда Салмон Форсий меҳмондан узр сўраб, кўзани олдилар-да, бозорга йўналдилар. Бозор яқин бўлгани сабабли, кўзани тузга алмаштириб, тезда уйларига қайтдилар. Энди сувга бўктирилган нонга туз сепиб едилар. Шунда меҳмон: «Аллоҳга шукр, бизни шунчалар қаноатли қилиб яратибди», дедилар. Бу шукронани эшитиб, мезбон қўшимча қилдилар:

- Тўғри, Аллоҳга шукр қиламиз, лекин қаноатимиз янада кўпроқ бўлганида кўзани тузга алишмаган бўлардик.

Яна бир ҳикоят:

Ҳукамонинг бири ўз ўғлиға кўп емакдин наҳйи этиб, дедики: «Кўб емак одамни ранжур қилур». Ўғли деди: «Эй ота, одамни очлик ўлдурур, эшитмадингмуки, зарифлар дебдурлар: «Очлик ранжин чеккондин, тўқлик билан ўлган яхшидур». Отаси деди: «Ўлчоқ билан егилким, «кулу вашрабу ва ла тусрифу» (енгиз ва ичингиз, исроф этмангиз) дебдурлар». Маснавий:

Ема кўб, ўйлаким бўғзингға етгай,

Егил оз, ўйлаким жон роҳат этгай.

Қоринни ул сифат тўйдурма ҳар тун,

Ки келтургай мусибат топмоғон кун.

Ўғилнинг отага дегани тилимиздан тушмай юрадиган бир мақолни эслатди: «Ўлдирса ҳам ош ўлдирсин». Ажабки, ош ўлдирмоқ учун эмас, яшамоқ учун хизмат этиши керак. Ким ошдан бўкиб ўладиган бўлса, айб таомда эмас. Исломнинг улуғлиги шундаки, инсон зоти нимадан қайтарилган бўлса, бугунги табобат бунинг илмий исботини топиб турибди. Тиб олимлари рўзанинг фойдасини ҳам тан олдилар, ҳатто оч қолдириб даволаш усуллари кашф этилди. Табобат аҳли кечки пайт кўп таом емасликни тинмай таъкидлайди. Масалан, телевизорда шифокор шундай маслаҳат беряпти. Биз эса унинг маслаҳатини жимгина эшитиб, ош ошайверамиз. «Гаплари тўғри», деб тан оламиз-у бироқ. таомдан қўлимизни тортмаймиз.

Асалари нилуфар гулининг рангини кўриб, дарҳол унга қўнади. Ширасини сўриб, ҳидидан завқлана бошлайди. Бу ишга шунчалик берилиб кетади-ки, учиб кетиши лозимлигини ҳам унутиб қўяди. Бу орада нилуфар аста-секин япроқларини юмади ва асалари улар ичида қолиб, ҳалок бўлади. Ўз қисматига рози бўлмай, ортиқча нарсалар талаб қилувчи қаноатсиз одам, гўзал чаманларда ранг-баранг чечакларнинг хушбўй ҳидига ва яшил япроқли дарахтларнинг меваларига қаноат қилмай, филнинг қулоғига кирган ва қулоқ супрасининг бир ҳаракати билан ҳалок бўлган пашшага ўхшайди.

Шайх Саъдийда ўқиймиз: «Бир тиланчи Ҳалаб баззозлари сафиға келуб, айтур эрди: «Эй давлатлиғ бойлар, агар сизларда инсоф ва бизларда қаноат бўлса эрди, тиланиш расми жаҳондин кўтарилур эрди».

Эй қаноат, тавонгар(бадавлат) айла мани,

Ки сенингдек азизи неъмат йўқ.

Суҳбатимизни сабр ҳақидаги фикрлар билан бошлаб эдик, мавзуни яна шу йўсинда давом эттирсак.

Сабрга берилган гўзал таърифни яна ҳазрат Навоийдан ўқиймиз: «...Сабр – аччиқ, аммо фойда берувчи; у – қаттиқ, аммо зиён заҳматни даф этувчи. Қайси бахтсиз сабр этагини тутган бўлса, у охири муродига етади; қайси бир гирифтор кўнгил сабр тугунини бўшатмаган бўлса, унинг бахт тугуни очилади. Сабр – шодликлар калитидир, бандларни ечувчидир. Сабр – ўртоқдир, суҳбати зериктирарли, аммо, мақсадга олиб борувчи; сабр – улфатдир, узоқни кўзлаган, аммо, охирда истакка етказувчи. Сабр – уловдир, секин юрадиган, аммо манзилга элтувчидир. Сабр – туядир, оғир қадам, лекин бекатга олиб борувчидир. Сабр –насиҳатгўй, ачитиб гапирадиган, киши табиати ундан озор чекади, лекин амал қилган охирда муродига етади. Сабр – табиб, бадхўр дори, бемор ундан азоб тортади, аммо сўнггида соғликка эришади.

Ишққа мубтало бўлган ошиқлар бу сўзни эшитганда чўчийдилар ва лекин сабр натижасида ёр васлига етишадилар. Ҳажр азобини тортаётган кишилар сабр сўзини эслашдан жирканадилар, лекин охирда сабр туфайли дийдор кўришадилар. Сабрнинг умидкорлик қафасида жон булбулига на хомушлик фойда берар, на куй ва на нола; сабр мажлисида руҳ тўтисига на сукут наф еткурар, на фарёд ва на фиғон.

Сабр саҳросида роҳат қилиш изтироб чекиш билан баравар; сабр даштида дам олиш – югуриш билан баравар. Сабр бор ерда, айрилиқ ўтида куйганларга ўлишдан ғам йўқ; иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ.

Сабр – ҳажр шомидек қоронғи ва узун, аммо унинг охири висол тонги; сабр – ҳаж йўлидек қийин ва йироқ, аммо ниҳояти – иқбол каъбаси.

Балога гирифтор бўлиб, нобуд бўлиш хавфи остида қолган одамнинг ҳаёти сабр туфайли озод; ҳар бир ноумид шахснинг тушкун руҳи сабр туфайли тетик, обод...”

Ҳазрати  Абу Ҳозим Маданий (қ.с.) қассобнинг дўкони ёнидан ўтар эдилар. Қассоб: «Гўшт олинг», деб таклиф қилди. Ҳазрат «пулим йўқ», дедилар. Қассоб: «Ҳозир гўштни олиб кетаверинг, пулини кейин берарсиз, сабр қиламан», деб илтифот этди. Шунда  шайх дедилар-ки: «Менинг нафсимга сабр қилишим сенинг мендан пул кутиб сабр қилмоқлигингдан яхшироқдир».

Ҳазрати шайх Сирри Сақотий (қ.с.) сабрдан сўзлаётган эдилар. Чаён ул зотнинг бир неча жойларидан чақди. Шайх чаённи ўлдирмадилар. «Нечун ўлдирмадингиз?» – деб сўрашди. «Сабрдан сўзлаб турар эканман, Аллоҳдан уялиб, чаённи ўлдирмадим. Нединким, сабрдан гапира туриб, сабр қилмаган бўлардим», деб жавоб қилдилар.

Азизлар, ҳар бир оят, ҳадис ва ҳикматларни ўқигандан кейин сатрлардан кўз олайлик-да, ўзимизни ўзимиз имтиҳон қилиб қўяйлик. Сабр ҳақидаги даъватлар шунчаки маълумот учун баён қилинмаган. Маълумки, шарафли Рамазон ойи барчаларимиз учун сабр ва қаноат бўйича имтиҳон топшириш кунларидир. Йил бўйи сабр ва қаноатда ўзимизни қанчалар тарбият этганимиз шу ойда намоён бўлади. Афсуски, айримлар бу имтиҳонни субҳдан шомга қадар таом емасликдангина иборат, деб ҳисоблайдилар. Рамазон ойида бошқа кунлардагига нисбатан камроқ таом ейиш тавсия этилганига қарамай, субҳда ошқозонни обдон тўлдирадилар. Ифтор чоғи оғиз очилиши билан бир неча кундан бери оч қолган одамдек таомга ташланадилар. Бировнинг қандай таомланиши хусусида баҳо бермоққа каминада ваколат йўқ. Аммо сабрнинг чиройли кўринишлари шу лаҳзаларда намоён бўлишини унутмасликни тавсия қилган бўлардик.

Ҳар бир оиланинг саодати оила аъзоларидаги сабр-қаноатга боғлиқ. Лекин сабр  – мутлақ итоатгўйлик эмас. Туҳмат тоши отилса ҳам, фитна қилинса ҳам сабр қилиб ўтириш керак, дегувчиларга мен қаршилик билдираман. Ҳар қандай сабрнинг ҳам чегараси бўлади. Хўп, давомли ғийбатларга чидаш мумкиндир. Лекин ғийбат туҳматга айланса, оилани бузишга қаратилган туҳмат қуроли ишга солинса индамай ўтириш керакми? Йўқ! “Бахт учун курашмоқ даркор” деб бежиз айтилмаган. Сабр бундай курашда тўғаноқ бўлмаслиги лозим. Лекин сабр чегарасидан чиқилган тақдирда ҳам, одоб чегарасидан чиқмаслик талаб этилади.

                                                                                              Тоҳир Малик

 
« Олдинги   Кейинги »