Принтер учун E-mailга юбориш
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Сизлару бизларни гўзал суратда яратган ва чексиз неъматларга буркаган раббимиз Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар айтамиз. Буюк Парвардигорнинг иродаси ила улкан вазифаларни елкаларида кўтарган ва сизу бизга ҳидоят йўлини кўрсатган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммадга саловат ва саломлар йўллаймиз. Аллоҳнинг инояти ва марҳамати ила хайрли бир ниятимизни амалга оширмоққа киришяпмизким, бу ишимизни ҳам Яратганнинг ўзи хайрли қилғай.

Aссалому алайкум, азизларим.
Интернет орқали камина билан дўст тутинган азизларимга меҳрли саломларимни йўллайман. Бу кунга қадар сиз баҳоли қудрат ёзган асарларим билан танишиб эдингиз. Менда  ўзимга ёққан асарлар билан бошқаларни ҳам баҳраманд этиш истаги бор. Шу боис интернет саҳифасида бир бўлим очиб, сизларни таклиф этяпман. Диққатингизга ҳавола этилажак дастлабки асар Соҳибқирони Акбар ҳаётларига доирдир. Асарни тақдим этишдан аввал унинг тарихи ҳақида икки оғиз тушунтириш сўзим бор. Йигирма йил муқаддам Фарғонанинг Бағдодидаги суҳбатда Саудиянинг Тоиф шаҳрида истиқомат қилувчи азиз ватандошимиз ҳожи Абдурраҳим Амир Темур ҳаёти ҳақидаги ажиб асарни ўзбек тилига таржима қилганларини айтишди. Асар Соҳибқироннинг ўз қўллари билан ёзилганини эшитгач, қизиқишим ортди. Асар қўлёзмаси Тошкентда экан, бир ношир йигит уни китоб ҳолида нашр этишга ваъда қилиб, мутаржимдан бир ярим минг доллар пул олибди-ю, лекин нашрдан дарак йўқ эмиш. Тошкентга қайтгач, ваъдабоз ноширни топдим. Асар қўлёзмасини ҳам олдим. Ношир анча уринишлардан кейин пулнинг бир қисмини қайтарди. Пулни қайтариш воқеасининг ўзи бир қиссаки, бу ҳақда кейинроқ вақти келса айтарман. Ҳожи Абдурраҳим домла “бу миқдордаги пул мен учун аҳамиятсиз, лекин у одам ёлғончи бўлгани учун, узоқ вақт лақиллатиб келгани учун қайтариб олишим керак”, дедилар.
Асар “Шарқ юлдузи” таҳририятига маъқул келиб, нашрга тайёрладик. Биринчи бўлим босилиб чиқди. Иккинчисини “цензура” тўхтатди. Ўзича эмас, балки ўша пайтда ўзини ягона “темуршунос олим” деб ҳисоблаган кимсанинг даъвоси билан юқори амалда ўтирган шахс тўхтатди. Бизнинг ҳаракатимиз бошқача талқин қилиниб, анча-мунча гап-сўзлар бўлди. Бу ҳақда ҳам кейин сўзлармиз, инша Аллоҳ! Даъволар асоссиз эди. Ўша олим ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида “Темур тузуклари”га нисбатан ҳам бемаъни гаплар айтган. Олим вафот этди. Амалдор вазифасидан тушди, лекин асарни нашр этиш ҳамон имконсиз туюлган даврда нашриётлардан бири француз ёзувчиси Марсель Брионнинг Темур ҳақидаги асарини босиб чиқарди. Қизиқиб таниша бошлаганимизда ҳайратда қолдик. Бу айнан ўша, Соҳибқирон ўз қўллари билан ёзган асар эди. Фақат у француз ёзувчиси номидан эълон қилинибди. Асарни қайси тилдан таржима қилганлари айтилмаган, биз рус тилидандир, деб таҳмин қилдик. Таржимонлар, бу асарга тақриз ёзган муҳтарам олимлар ва нашриёт билан баҳслашиш ниятимиз йўқ. Ҳар ҳолда биз бу асарни француз ёзувчиси йигирманчи асрда ёзганлигига шубҳа билан қараймиз. Бу асар таржимасининг ташаббускори ва масъул муҳаррирининг ёзишича: “Французча нусҳани  тарихшунос Морсал Брайвон инглизчадан таржима қилгандур. Инглизчаси эса Девий деган кишининг ташаббуси билан Оксфорд илмий тадқиқотчиларидан профессор Войт ёрдами ила 1783 милодийда китоб бўлиб тарқатилгандир”. (“Брион” – “Брайвон” деб бериилиши сабаблари: Учқун домла форсийдан таржима қилганлар шу сабабли талаффузда фарқ бўлган. Ундан ташқари французнинг отасининг фаилияси (насаби) “Брайон” бўлган.)
Шу сабабларга кўра, асарни интернет орқали эълон қилишни лозим топдим. Асар мутаржими ҳожи Абдурраҳим домламиз вафотларидан аввал мени эслаган эканлар. Таҳминимча, асарлари тақдирини эслатмоқчи бўлгандирлар. “Учқун” тахаллуси билан шеърлар ҳам ёзган муҳтарам домламиз Ҳазрати Умар ҳақидаги “Ал Форуқ” асарини ҳам гўзал тарзда таржима қилган эдилар. Бу асарни нашри ҳам юришмади. Кейинчалик қариндошларидан бири қўлёзмани олиб, бадар кетдилар. Худо хоҳласа, бу асарни ҳам топиб, сиз азизларга тақдим этармиз. Бу билан муҳтарам Учқун домламизнинг васиятларини амалга оширган бўлармиз, инша Аллоҳ!
Қўлёзманинг биринчи саҳифасига “Мен – фотиҳ Темур”, ўз қалами билан ёзилган нусҳа асосида. Форсийдан туркчага Абулқосим Абдурраҳим Учқун ўгирган. Муҳаррир: Яъқуб хўжа Маҳжурий. Ал мамлакатул Аробия ас Саудия, Тоиф, 1400 ҳижрий, 1979 милодий”, деб ёзилган.
Ҳар бир асарнинг ёзилишидан ёки таржима қилинишидан бир мақсад бўлади. Мазкур асарни тажима қилишдан муддао бир – ўз халқини бу дурдона билан таништириш бўлган. Муҳтарам домламизга шуҳрат исташ ёки моддий манфаат бегона эди. Шу боис, асар билан танишганлар Абулқосим Абдурраҳим Учқун  ва муҳтарам муҳаррир Яъқуб хўжа ҳақларига дуолар қилиб турсалар, деган илинжимиз бор. Асосий матнга ўтишдан илгари асарга муҳаррирлик қилган ватандошимизнинг китобга кириш сифатида ёзилган сўзлари билан танишамиз. Мазкурга изоҳимиз шуки, Маҳжурий домламиз тарих илмининг олими эмасдилар, ўқиганлари асосида фикр юритганлар, шу боис жузъий хатоларга йўл қўйган бўлишлари мумкин. Яна бир гапки, бизнинг тарихчи олимларимиз Бартольт, Бертельс, Якубовский каби масковлик устозларининг асарларидан фойдаланганлар. Айниқса, тарих талқинини улардан ўрганганлар.  Ҳамма гап ўша талқинда! Тарих ҳақида сўз юритувчи олим ўз миллати манфаати юзасидан фикр юритади, воқеани талқин қилади ва хулоса чиқаради. Ҳориждаги ватандошларимизда тарихни билишга хоҳиш кучли. Лекин улар тарихни акс эттирган қадим китобларни, асл манбаларни кўпроқ ўқийдилар. Ватандошлар билан тарих хусусида суҳбатлашиб қолсак, ана шу фарқни сезиб қоламиз.
Асар нашрини тўхтатишда “ўз қўли билан” ёзилганига шубҳа билан қарашди. Азизлар, асарни диққат билан ўқинг-а, унда фақат Амир Темурнинг ўзигагина маълум воқеалар баёни бор. Фақат Амир Темурга хос фикрлаш, мушоҳадалар бор. Буларни четда турган одам, буюк иқтидор эгаси бўлган тақдирда ҳам ўзи тўқиб ёзолмайди. Яна бир мулоҳаза: шундай бебаҳо асарни ёзган ижодкор нима учун ўз номини яширади? Аксинча, фахрланмайдими? Адабиётда биринчи шахс номидан ҳикоя қилувчи асарлар кўп. Лекин ҳаммасида муаллиф кўрсатилади. Тарих асарларида ҳам шундай: Абдураззоқ Самарқандий ва бошқа олимларни эслайлик. “Бобурнома”ни ва “Хумоюннома”ни эслайлик.
Бирон нимани чуқур ўрганмай туриб, шартта инкор этиш олимга ярашмайди. Бошқаларни чалғитади. Борингки, бу асарга тўғаноқ бўлганлар даъвоси тўғри чиқсин. Яъни, асарни Соҳибқирони Акбар ўз қўллари билан ёзмаганлар, дейлик. Бошқа одам ёзган тақдирда ҳам асарда қимматли тарихий маълумотлар бор-ку? Ўтмиш тарих асарларида ҳам, кейингиларида ҳам Амир Темурнинг болалик ва ўсмирлик, ёшлик даврлари ҳақида маълумот деярли йўқ. Бу асар орқали эса Соҳибқироннинг нақадар зеҳнли, адолатли ва инсофли эканини билиб оламиз. Совет даври тарихий асарларида Амир Темур ўз фаолиятини  ўғри, қароқчи сифатида бошлаган деб, уқдириб келинган. Бу асардаги баён у нодонларнинг аҳмақона даъволарини бутунлай рад этади. Яна у нодонлар улуғ бобомизни ваҳший, қонхўр сифатида таърифлаганлар. Бу асар буни ҳам рад этади. Тўғри, урушда қон тўкилади. Амир Темур чой ичиб ўтириб, бирдан урушгилари келиб қолиб, қилич кўтариб югурмаганлар. Ҳар бир урушнинг ўз тарихи бор, сабаби бор. Нариги томонда адолатсизлик рўй берган тақдирдагини қилич қинидан суғурилган. Ҳамманинг калласи узилмаган. Кўпларга, ҳатто кофирларга ҳам лутфлар кўргазилгани бу асардан маълум бўлади. Тўғри, бу асарда ўзга тарих асарларида баён этилган маълумотларга мос келмайдиган ўринлар ҳам бор. Лекин мос келмаслик инкорни эмас, тадқиқотни талаб этади. Шу боис бу асар Амир Темур ҳаётига доир илмий тадқиқотлар маркази сифатида ҳам қадрлидир ва яшашга ҳақлидир. Гап шундаки, инкор этиш осон, илмий тадқиқот олиб бориш қийин. Авлодларга эса адолатли тадқиқот хулосалари керак. Ҳолбуки, Амир Темур шажарасига доир маълумотлар, хусусан, унинг шажараси Чингисхонга, унданда нари Ёфасга, демакки, Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалиши хусусида аниқ илмий хулосалар йўқ. Юзаки баҳслар бор холос. Юзаки баҳслар билан маънавият оламини бойитиб бўлмайди.
Азизлар, сизларга тақдим этилаётган асарни ўқиш пайтингизда бир нарсага аҳамият беринг: сиз асл манбаъни ўқиётганингиз йўқ. Аслдан инглисчага, ундан французчага, ундан форсчага ва ниҳоят ўзбек тилига таржима қилинган. Ҳар бир таржимон, шубҳасиз, ўзидан нимадир қўшади ёки олиб ташлайди. Воқеага, юқорида айтганимиздек, ўз миллатининг манфаати кўзи билан қарайди. Масалан, найзага санчилган каллага қараб Амир Темурнинг завқ олиши айтилган жумлага ёки каллалардан минора ясаш манзараларига ишониш қийин. Адолатни тиклаш учун жанг қилган ботир ва жасур одамда, энг муҳими - Ислом адолати бўйича иш юритган бундай олим одамда разиллик, ваҳшийлик ва пасткашлик одати бўлмайди. Тарихга доир киноларда шунақа тасвирларни кўрганмиз. Сарбозлар эҳтимол шу ишни қилишгандир, лекин бу завқ олиш учун эмас, душманга ваҳшат солиш учун қилинган бўлиб чиқади. Шу сабабли бир-икки ўринда келган бундай гапларни, қайсидир таржимоннинг “фантазияси” маҳсули, деган тўхтамга келиб, олиб ташладик.
Зийрак ўқувчиларимиз асарни ўқиш жараёнида тилдаги фарқни сезишлари табиий. Фақат имло эмас, услуб ҳам бугунги асарларимиз тилидан фарқ қилади. Мутаржим ҳориждаги ўзбеклар шевасида иш юритганлар-ки, биз буни фазилат ўрнида кўриб, таҳрирга ҳожат сезмадик. Айнан шу шевада тарих нафаси яхшироқ сезилиб тургандек туюлди бизга. Яна бир гап: исмлар, жой номлари турли китобларда турлича келади. Маслан: Тарағай, Торақой, Турғай (Бриондан таржима қилинган китобда “Тўрғай” яъни қуш номи , деб изоҳ берилган), Турағай... Ҳатто Соҳибқироннинг исмлари ҳам шундай: Темур, Тимур, Темир, Тамерлан (бу мутлақо нотўғри, ҳатто ҳақоратдир). Номларнинг ҳилма-ҳиллиги айрим тарихчиларимиз тарихни рус ва европа манбаларидан ўрганиб, номларни уларнинг талаффузидан олганлар. Масалан, биз Европадан ўрганиб “Ўрта ер денгизи” деймиз, шарқликлар эса “Оқ денгиз” дейдилар. Европаликлар “Тиён-шон” дейдилар, шарқликлар “Тангри тоғ” деганлар... Бу каби ҳилма-ҳилликларга барҳам бериш тарихчи ва тилчиларнинг вазифаси. Улар ўз вазифаларини англаб етгунларига қадар, ҳар ким ўз билганича заверади шекилли...
Ишни бошлаш олдидан азизлардан бир узрим бор. Асарни тақдим этишда баъзан узилиш бўлиш эҳтимоли бор. Чунки асарни ўзим оққа кўчиряпман. Бошқаларга кўчиртириш ҳам мумкин эди, аммо муҳтарам Учқун домламизнинг хотиралари ҳурмати ҳаққи бу заҳматни зиммамга олдим.
Сиз – азиз мухлисларни дилдан  ардоқловчи Тоҳир Малик деб билгайсизлар.

 
Кейинги »