Принтер учун E-mailга юбориш
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Кеш шаҳри ҳижрий санасининг 736 йилинда (1335 милодий) ўз қучоғида Темур номлик бир гўдакни кўрди. Бу боланинг отаси Кеш шаҳрига маълум Кўрагон оиласига мансуб Тарқой деган оддийгина бир оиланинг соҳиби эди. Қарилик бўсағасидан ўта бошлаган Торақай ўғулчасини эркалатиб, “Ҳа, Темур Кўрагон!” деб қувонар эди.

Темурни кичик ёшиданоқ маҳалла мактабхонасига бердилар. Ўнг-чап қўлларида алифбони ёзиб турган болага ота-онаси таажжуб билан боқар эди. Темур маҳалла мактаби жадвалини тезда тугатиб, мактабдан мактабга кўчиб, ўз истеъдодига лойиқ устозлардан таълим олар эди. Ўн олти ёшида ўша замоннинг улуми куллияларини битирди. Қуръони Каримни шу даражада ёд олғон эдики, бошдан оёқга – оёғдан бошига қаратиб, оят-оят ўқуғонда ҳам ғалат қилмас эди. Шу билан бир вақтда Қуръони Карим маъносини  билмак учун араб тилини яхши ўрганиб, тафсир, фиқҳ илмларига мукаммаллашди. Хатни икки қўлида ҳам чиройли ёзганидан ташқари тарих, адабиёт, ижтимоийёт, мантиқ, фалсафаларни ҳам ўқугон эди. Ўзининг ёзганида, фақат тиб илми билан фалак илмидан бошқа илмларни тамом ўқудум, дейдур.
Илмни тугатиш муносабати билан берилган зиёфатда олимлар тарафидан имтиҳон олингач, “Ҳофиз” унвони берилади. Шу билан Темур “Қори Кўрагон” бўлди.
Ўғлининг ёрдамига муҳтож отанинг яйловдаги ўттуз адад йилқисини боқиш билан ёрдамга бел боғлар экан, ўқ-ёй, қилич, найза, болта каби салоҳлар истеъмолини ўрганмоқни ҳам қўймади. Ёввойи отларни тутушда қўлланадургон арғамчи ташлашни ўрганиб олишдан бошқа яхшигина камончи ҳам  бўлиб қолди ва устози Самар Тархоннинг тавсияси билан икки қўллаб салоҳ ишлатмоққа ҳам моҳир бўлди.
Йилқибонлик билан оиласини таъминлаш қийин бўлгани сабабли қўшумча иқтисодий ёрдамга эҳтиёж сезди. Ўша вақтдаги Самарқанд амири Амир Яҳмоқнинг ғайри муслим бўлишига қарамай, хизмат талаб қилиб борди. Амир Ёхмоқнинг мувафақати билан ўн саккиз ёшли Темур қори Кўрагон қўшун бошлиғи бўлганича, у охир умрига қадар қўшун бошлиғи бўлуб ўтди ва дунё тарихининг муҳим саҳифаларини ишғол этган соҳибқирон бўлиб танилди.
Тарих китобларининг мўътабари – тарих соҳибининг ўз қўли билан ёзилғонидир. Гарчи тарих соҳибига яқин кишилар ёзган тарих, тарих соҳибининг ички асрорига ошно бўлмагани учун ҳақиқатнинг маониясига ёрдам беролмай қоладур. Тарих соҳибининг ўзи ёзгани турган жойда, бошқа тарихларни хаёлий, афсона, таъкидсиз, муболаға шаклига кириб қолғони каби адоватчиларнинг ҳиқд-хасадлари ҳам тарих саҳифаларини булғаб кетаверади. Мана бундай ҳолларда тарих соҳибининг ёзиғи (қўлёзмаси) ҳужжат тутуладур. Тарихшуносларнинг илмий натижаси шудур.
Мен ҳам бошқалар каби турли нашриётлардан тарқалган Амир Темурга оид тарихлардан бир мунчасини ўқуган, уларнинг руҳини қонимга сингдуруб, ўша руҳда қуролланган эдим. Тақрибан эллик саккиз йиллик ҳаётимга ҳукмронлик қилган маълумотимни қўлумга теккан “Манам Темури жаҳонкушо бақалами худи ў” деган китоб тор-мор қилиб юборди. Чунки бу китоб Соҳибқироннинг етмиш бир ёшида чап қўли билан ёзгани эди. Китобнинг замона гирдобини ҳар мавжида дўқунгон (тўқнашган) ерлари тубандагичадир:
Қўлимиздаги китобга асос қилинган “Манам Темури жаҳонкушо”  деган нусҳа Забиҳуллоҳ Мансурийнинг французчадан форсий тилига қилган таржимасидур. Французча нусҳани эса, тарихшунос Морсал Брайвон инглизчадан таржима қилгандур. Инглизчани эса Девий деган кишининг ташаббуси билан Оксфорд илмий тадқиқотчиларидан профессор Войт ёрдами ила 1783 милодийда китоб бўлиб тарқатилгандир.
Ийзоҳ этилган инглизча нусҳанинг асоси бўлса, илгари Адан волийси бўлиб турган Жаъфар пошшо қўлида биргина форсий нусҳаси бор экан. Аслида Амир Темур чиғатойча ёзганига ривоят кўп бўлса-да, у асл нусҳанинг қаердалиги номаълумдир. Жаъфар пошшо вафот қилганидан кейин ворислари қўлида қолғон бу китобдан бир неча нусҳа кўчируб олган киши Ҳиндистонга олиб боргандур. Ҳиндистондаги инглиз зобитларидан бири шундай бир китобни ўз юртига олиб келгандир. Мана шу нусҳа Девит билан Войтларнинг асосий нусҳаларидир. Бу нусҳа  Жаъфар пошшо ворисларидан кўчириб олинган ўша нусҳами ё яна бир бошқа киши кўчириб олган нусҳами, бу нарса аниқланмаган. Ҳар ҳолда китобнинг таҳқиқи шу ерга қадар етиб боргандир. Французчага таржима қилган Морсал Брайвон ҳам бу ҳақда қаттиқ таҳқиқ қилиб (ҳақиқатни ойдинлаштириш учун яхшилаб текшириш), Амир Темур ўзи ёзган чиғатойчанинг айнан таржимаси эканлигига қаноатланиб, бу китоб Амир Темурга оид тарихларнинг ягона нусҳаси, деб эътироф қилгандир.
Мана шу далилларга йўланиб (суяниб) туруб биз ҳам бу китобни бошқа тарихлардан имтиёзлик деб тасдиқлаймиз ва Амир Темур ўз қўли билан ёзгани ҳақ деб ишонамиз.
Китобни форсий ҳолинда  бир қатор ўқуб чиққанимдан кейин бутун Туркистон халқини ҳам бундан баҳраманд бўлмоқлари орзусига тушдум. Бу ҳолда олдимни тўсуб турган форсийдан туркийға таржима қилиш масъаласини ҳал этмоқ учун бир неча ойларғача таржимон қидирган бўлсам ҳам, кўришганларимнинг ожизликларига кўра, орзумга етиша олмадим. Аммо менга ихлос билан ёнимда турган Алҳож Абдурраҳим Учқуннинг таржима истеъдоди бўлса ҳам, сиҳатларидаги ориза билан бир кишининг хизматида қойимликлари монеъ кўринур эди. Шу сабабдан бу кишига ортуқча юк юкламоқдин тортиндим.
Бир кун суҳбат орасида шу хусусда баҳс очдим. Бу киши руҳидаги миллат хизматига фидокорлиғ вужудини кўрсатиб, “Мувофиқ топсангиз, мен таржима қилиб берайин”, деган жумлаи каримоналари билан устумдаги юкни ўз устиларига олдилар. Шундоғ бўлса ҳам, сиҳҳатларидаги ориза билан бир кишининг хизматидаги масъулиятларини саҳмларига солганимда “Иккисига ҳам тўқнаштирмаслик чорасини кўраман”, деб ҳимматларини изҳор этдилар. Масъала бу ерга етканда бир оз бўлса ҳам юкларини енгиллатмоқ учун таҳририни ўз устимга олдим ва таржимадан чиқадургон китоб номини “Мен фотиҳ Темур” деб атадик.
Таржима иши бошланиб, ҳар куни бир варақ, икки варақдан келаверди. Мен ҳам бугунги ишни эртага қўймаслик асосинда таҳрир қила бердим. Натижада, саккиз ойда тамом таржимадан чиқди. Мен бу ерда саккиз ойлик кўз нурини сарф этиб, меҳнат самарасини юртдошларига бахшиш этган фидокор юртдошимга ўзимдан асолатан ва бутун туркистонликлардан нисбатан ташаккурлар сунаман (узатаман). Боқийсини Аллоҳ таолонинг туганмас ажру мукофотига тафвиз этаман (топшираман). Бу китобнинг муҳаррири бўлганим учун маҳтавиётиндан олган интибоҳларимни (огоҳ бўлганларимни) ўқувчиларимга тақдим этмоққа, бир неча саҳифага қадар мен билан биргалашиб бормоқларига мусодақатларини (самимий дўстликлари) талаб қиламан.

 
« Олдинги   Кейинги »