Принтер учун E-mailга юбориш
Ўн саккиз ёшинда Амир Ёхмоқ қўшунига бош қўмондон бўлган ҳамон ўша замонга қадар ташкил топишни билмаган аскарларни янгидан ташкил қилиб, ўн боши, юз боши, туман боши деган рутбалар билан аскарий интизом қонунини эълон қилди. Ўша вақтлардаги аскарларни интизомга солиш бу ёш қўмондондан бошқа ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмас эди. Аскарларни жумъадан бошқа кунларда машқ қилдируб аскарий вазифаларни тамоман адо этмак учун истеъдодли афродлар (кишилар) ҳозирлай бошлади. Ўзи доим аскар билан бирга тургани учун чиқарган қонунлари тадбиқ қилинмоғига диққат қилди. Натижада, Мовароуннаҳрда мисли кўрилмаган муаззам қўшин билан мамлакат мудофаасининг унсурлари пайдо бўлган эдики, ўзидан бир неча марта қувватли бўлган қўшунларга жавоб бера олғудек ҳолга келтирди.

Мисол учун, Самарқандда Амирга қўшни яшамоғда бўлган Қорахитой қабиласи Самарқанд амири тобеъларининг устига бостириб келиб, олти минг дона қўйларини ҳайдаб кетиш билан уч нафар чўпонни ҳам ўлдуруб кетган эдилар.
Қўй соҳибларидан шикофт эшитган Амир Ёҳмоқ ўзидан ўн ҳисса ортуқ қувватга эга бўлган Қорахитой қабиласига қарши чора қўллашдан ожз қолғон эди. Фақат бу маъсалани ҳал қилмоқни икки юз аскар билан ўз устига олган ёш қўмондон қшйларни тамом қайтариб олиш билан ўлган чўпонларнинг қон ҳақини ҳам тўлатиб олиб, мамлакатнинг  шон-шарафини кўтариб, фуқаропарварлик аломатини (намунасини) кўрсатди. Ва мамлакатга таадди (адоват) қилғувчиларнинг кўзларини очиб қўйди.
Бироқ, Амир Бухоро аскарларининг Самарқанд ҳудудига кириб, ҳудудчи (чегарачи) аскарлардан олти нафарини ўлдуруб кетгани, мамлакат мудофаасига масъул бўлган ёш қўмондоннинг ҳайбатига зилзила солмоқда эди. Олти нафар ҳудудчининг қон ҳақига шариат тайин қилган дият (қон ҳақи)ни талаб қилиб хат ёзди эса-да, Бухоро амири ёлғон жавобларга истинодан қон ҳақи тўламасликка ўтгани учун Бухоро амири устига бориб, ўн икки соатда Бухорони олиш билан амиридан қасос олди. Бухорога ўз аскарларидан бир кишини ҳоким қилиб қўйди.
Эндигина йигирма ёшга тўлган бир йигитдан кўрулган ишлар, бу йигитнинг жасурлиги, руҳидаги қаҳрамонликни кўрган атрофидаги амирлар, ҳукмдорлар ҳайрон бўлиб қолган эдилар. Собиқ Бухоро амирининг муттафиқларидан беш ҳукмдор юз минг аскар тузуб, ёш қўмондонни дунёдан маҳв этиб юбормоққа бир иттиҳод қилдилар. Буни англаган ёш қўмондон бу иттиҳодни бешикдаги замонидаёқ тугатиб юбориш билан уларнинг тузатургон юз минг нафарлик қўшунига ўз туфроғини оёқ ости бўлишидан сақлаб қолди.
Тошканд вилоятининг ҳокими Ўлжойту Муҳаммад Қуллуқ Амир Темур тарафидан қўйулган зобитлардан бири эди. Мана бу ишонган кишисидан исён чиқмоғи Амир Темур ғазабини қўзғаб юборди. Тошкандни Ўлжойтудан тозалаш ҳарбида бир оёғи чўлоқ ҳам бўлди. Ўзининг тарбиясини олган Ўлжойту охирги нафасгача урушди. Ниҳоят, Тошканд шаҳрини бутун вайрон қилгандан кейин ўлуб кетди. Албатта, Амир Темур исёнчига қаттиғ жазо бермай қўймасди. Аммо Тошканд шаҳрининг қайта обод қилиш учун кўп пул сарф қилиб, аввалгидан яхшироғ ёсоб (қуриб) қўйди. Бу нуқтанинг тадқиқи ҳам унинг ватанпарварлигидандир.
770-777 ҳижрий йилгача Мовароуннаҳрдан ташқарига чиқмади. Бу йилар ичида давлатнинг ички ишларидан бир мунчасини қилиб олди. Масалан: Амударёғача ёйилган худуди ичида амният (тинчлик) ўрнатди. Ўғри, қароқчилардан йўлларни тозалаб, қатнаш (савдо) йўлларини тинч сақлади. Мана шу кундан тортиб Мовароуннаҳр ичида аср бўйи ўғри, қароқчи кўрунмади. Амударёдан, Сирдарёдан сув чиқариб, экин майдонларини янгидан очди ва бу ерларни халқға тақсим қилиб бериб, зироат, чорвачилик ишларини ривожлантириб юборди. Ҳунар – саноатга аҳамият бериб, кўпроқ шогирд чиқмоғига ташжиъ (эътибор) берди. Шаҳарлар солди, масжид, мадрасалар бино қилиб, ўқув ишларига лозим василаларни таъминлади. Шу вақтларда ташқи мусулмон мамлакатларидан келган мударрисларгина эмас, талабалар ҳам кўп ададни ташкил қилгандур. Суриядан борган икки олим билан бўлган суҳбатида сўралган икки саволга олинган жавоб бу кунғача варағи очилмаган илмий масалаларни очиқланмоғи (очилши) эди.
Мовароуннаҳрга келган чигиртка офати, бутун ўрмонлар, боғлар, экинзорларни қип-қизил саҳрога айлантириб кетган эди. Бунинг маъноси Мовароуннаҳр инсонлари, ҳайвонлари очарчиликка кирди, демак эди. Феълан, шу пайтда ҳайвонлар ўла бошлади. Бозорларда нон топилмай қолди: мамлакатга қаҳатчилик келди. Шундай вақда халқи учун фидокор Соҳибқирон олти ойғача бир жойда тиниб ўтурмади. Қишлоқларга бориб, деҳқонларнинг кўнглини кўтариш билан бекор турмай, нўхот, ловия, мош каби майда ҳубуботларни ҳам бўлса экишга тарғиб қилди.
Баъзиларга ўзи кетмон чопиб ёрдамлашиш билан кўнгул кўтарди. Зарафшон суви паст қолгани учун тўғон боғлаб дарё сувини чиқариб деҳқонларни буғдой, арпа экишга тарғиб қилди. Бозорларга четдан ошлиқ сотиб олиш билан нон пайдо қилди.
Қўлида ошлиқ заҳираси бор одамларни берилган яхши баҳо билан донларини сотмоққа масжидлар орқали даъват қила бошлади. Бу курашда ҳам муваффақ бўлди. Сунбула ойларида ҳосиллар йиғиштирулди. Халқ қаҳатдан чиқди. Чорвалар чет ўлкалардан яна ўз яйловларига қайтди.
Биз, туркистонликлар бу ғамхўрликни ўқуганда Соҳибқиронга раҳмат демай, туролмаймиз. Чунки ХХ асрда туркистонликларнинг бошларига келган қаҳатчиликда ўлганлар ҳукуматга писанд бўлмади. Чет давлатларга илтижо қилувчиларга ёрдам бериш ўрнига икки варақ йўл хати ҳам бермади. Қаҳатчиликнинг сабаби эса, чигиртка офати ҳам, қурғоқчилик офати ҳам эмасди. Ҳукумат раҳбарлари эса идораларидан ташқарига чиқмади. Халқнинг аҳволидан хабар олиш, ҳол сўрашга ҳам ярамади. Ана шу одамларни “Доҳий!” деб наъра тортмоқ сабаби нима? Йўқ, “Амир Темур доҳийликка лойиқдур!” деб наъра тортмоқ Туркистон халқига муносибдур.
777 ҳижрий йили Мовароуннаҳрда аҳвол бир истиқоматга киргандан кейин Соҳибқирон ўзини ҳисобга тутди. Ўйун-кулгу билан ўтган кунларига надомат қилди. Ўзини шаҳардан ташқари ўрдугоҳда (лашкаргоҳ) туруш билан андозадан чиқмаслигига тушунуб, дарҳол боргоҳни саҳродаги чодирға кўчуруб, заруратсиз шаҳарда турмаслик, ҳафтанинг жумъа кунида аскарлар билан баробар бир кун дам олганда навбати келган хотунининг қасрига тушуб, эртаси яна саҳрода аскарлари билан ҳарбий таълимда баробар иштирок этмоққа аҳд қилди.
Эмди юртдан ташқарига футуҳот ишларини олиб бормоққа қарор қилди. Бу вақтда биз Соҳибқиронни Ватан хорижинда ишга тушмай туриб, қўлидаги аслаҳалари билан ҳасм тарафларининг қуролларини таққослаб кўрмоқни зарур деб биламиз.
Амир Темур аскарларининг ҳаммаси отлиқдур. Салоҳлари ўқ-ёй, қилич, найза, болта, каманддан иборат бўлуб, портлағувчи моддалардан “борут” ҳам бордур.
Бунинг муқобилинда душман тарафнинг алоқа ишларини тезлатувчи кабутарлари ишлаб турар эди. Сўнгра хорижий мамлакатларнинг мустаҳкам қалъалари, филлари, “шашко” деган қиличлари, “талвор” деган мудҳиш ов пичоқлари, “халқа” деб аталган занжирлик қармоғлари, ҳарбий аравалари бор эди. Яна бир нуқтада зиёда эдиларки, ерларининг жуғрофий аҳволини, об-ҳаволарини, барсот (ёғингарчилик) мавсумларини яхши билар эдилар. Тил ноҳиясидан фарқлари бўлгани учун истихборот ишлари ҳам устун эди. Ҳарбий таъминотларни ўз халқидан муқобилсиз (пулсиз) олишлари мумкин эди. Бу мумайизотлари қоршусинда Соҳибқироннинг бутун қийинчиликларни ҳал эта оладурғон шахсий заковати билан ҳарбий шўро иштирокчиларининг асобатлик, тажрибакор фикр ва тадбирлари турар эди. Хусусан, қўшун бошлиғидан тортиб аднойи фардғача амрга итоат, Низомга риоят билан фидокорлик руҳлари бу қўшуннинг қуролдаги камчилигини енгиб юборар эди. Деҳли каби мустаҳкам қалъалик шаҳарни 500 нафар фидойи билан фатҳ қилиниши “инсон кучи ҳама кучдан устун”, деган назариясининг бурҳони (ҳужжати) эди.
Амир Темур ўз футуҳотларида тутган сиёсати ўзгартирилмади. Масалан, бир мамлакат қалъасига мухосара бошланар экан, таслим бўлса, шаҳар, халқ мол-амволларининг саломат қолишини билдирар эди. Бу нуқтага акс ҳолда муҳовама урушини қилғувчиларға шаҳарни қатли ом қилиниши, молларини талон-тарож бўлиши аниқ эди. Иккидан бирини танлаган мамлакатларнинг воқеаси китобда ўқулғусидир. Китобдаги Абдол Гулзоий урушининг хотимаси ҳеч жойда кўрулмаган бир ҳолни очиқлагани учун бизни ҳам ҳайрон қилиб қўяди.
Масалан, Абдол Гулзоийга қарши уруш бошланиб бир соатдан кейин Соҳибқирон ўз аскарларини чекинмоққа амр беради. Бунинг сабаби эса Гулзоийлар қўлидаги талвор билан занжирлик қармоғдан ожиз келгани эди. Дарҳол очилган ҳарбий шўро мажлиси тадбир кўрди. Яна уч соатдан кейин ҳарбга кирилди. Гулзоийлар жиддий урушдилар, лекин қоронғу тушарда ҳукумат бошлиғи Абдол Гулзоий мажруҳ ҳолда асирга тушди. Албатта, асир тушган одамга қўлланатурғон жазо ҳам маълумдир. Мағлуб мамлакатнинг уруш тазминотларини тўлаши ҳам бордур. Ғолиб томоннинг таъсирини устига олиш ҳам табиий каби халқаро ривож топган ишлардандир (бу кунда ҳам давом этадур).
Лекин Амир Темур билан Гулзоий ҳукуматининг ўртасида бу урф ишламади. Шарҳи бундайдир: Амир Темур Гулзоийлар томонидан ўлдурилган бир неча аскарларининг қонларини талаб қилб келгандур. Бу ҳақда “Сен менинг аскарларимдан зарар кўрмаган ҳолда нимага ўлдирдинг?” саволига “Жаҳонга шуҳрати кетган соҳибқироннинг аскарини ўлдургандаги лаззатни суйганимдан ўлдурдим”, дегани душманнинг асир вақтидаги қаҳрамонлигининг намунаси эди. Албатта, бундай қаҳрамон одамга бизнинг Соҳибқирон ҳам ҳақ беради. Соҳибқирон арз этган уч моддалик шартни эшитган Гулзоий оғзини катта очиб, масхара қилиб кулади. “Хўб, шартларингни қабул қилмасам-чи?” деб сўрайди. Жавобан: “Қабул қилмасанг, ўлдуруласан”, жумласини эшитади. Гулзоий масхара билан кулуб жавоб беради: “Шартларинг халқимнинг бўйнига сиртмоқ солиш бўлгани учун қабул қилмайман. Сенга итоат этмоғим эса мустақиллигимни йўқотишдир. Буни ҳам қабул қилмайман. Бунинг учун ўз сўзингни амалга ошир, жаллодга буюр – бошимни олсун!” Амир Темур “Эртағача хордиқ чиқар, яхши ўйлаб, жавоб бер”, деб чиқаради. Ундан кейин эртаси яна сўраганида “Бир йил сақласанг ҳам, кечаги жавобимдан бошқа жавобим йўқ”, деб қатъий сўзлайди.
Гулзоийнинг ўз жонини халқи, мамлакати учун фидо қилиш руҳи Соҳибқиронни дўстликка томон бошлайди. Ва Гулзоийнинг шартига мувофиқ тездан чиқиб кетишга рози бўлади. Гулзоий асирларини шартсиз таслим беради. Аскарлар сарф этган таъминот ашёларининг пулини тўлашга рози бўлади.
Бу воқеани яхши ўйлаганда Соҳибқироннинг руҳидаги инсонпарварликнинг ғалабасидан бошқа сиёсий, иқтисодий мафҳум (тушунча) йўқлиги майдонга чиқади.  Бу руҳ бу кунгача ҳеч кимда кўрилмагани учун Соҳибқиронни олқишламоқ лозимдур. Мана шундай одамни тарбия қилган Туркистон тупроғига таъзим қилиб, Соҳибқироннинг доҳиёна ишига ташаккур айтилади.
Биз ўз юртдошларимизни олқишламай туруб, бу кишининг заковатидан мағлуб бўлганлар, ўз камчилигига иқрор қилмасдан, Соҳибқиронни раҳмсиз, қонхўрлик номи билан айблаб, “калла минора”ларини далил қиладилар. Бу нуқталарни тарих соҳибининг ўзи иқрор қилиб, сабабларини ҳам кўрсатиб тургани учун, у нуқтани мулоҳазадан ўткузуш инсофлик одамлар учун бир фазлдир.
Майли, “раҳмсиз” десунлар, “қонхўр” десунлар, “калла минора” десунлар. Бунга ўша замон билан бизлар яшаб турган замонанинг маъракаларини солиштириб, сўнгра жавоб берамиз.
Биз бугун тараққий топган ХХ аср билан фахрланиб, 700 йил илгари ўтган ишларни айблаймиз ва уларга нафрат билдирамиз, лаънатлаймиз. Аммо бизнинг бу ҳукмимиз ҳақлими ё ҳақсизми? Ўзумиз ҳам тажоҳил этамиз (билмаймиз). “Асримизнинг ҳамон кўрунуб турган қонхўрлигини яширамиз ёки асрнинг ҳукмронларидан қўрқуб ҳақиқатни ёзолмаймиз. Кенг халқ оммасини ғафлатда қўяверамиз. Мана шу нуқта бизнинг асримиз эскича зўравонлигининг исботига кифоя қилади. Шунинг учун ўқувчиларимга баъзи далилларни кўрсатмоққа мажбур бўлиб қоламан.
1.    Ҳарби аввалда (биринчи жаҳон урушида) қанча одам ўлуб, қанчаси ҳарбий асир тутулиб, эски қуллардан бадтар ҳолга тушти?
2.    Сталин юргузган синфий кураш, иқтисодий кураш, зиёлиларни қамаш, отиш... каби мустабид ҳукмронларча олиб борилган, халқ билан давлат орасидаги мужодалада қирилганларнинг адади тўрт миллионгаборади, дейдилар. Буларни калла минора қилинса, Сталин ғолиб бўлади-ку?! Фақат буларни ерга кўмиб юбориш билан булар “қонхўр” деб аталмайдими? У очиқ ҳолда бир неча юздан иборат калла минора қурди, бу эса тўрт миллионни кўмуб қўйди. Буларнинг фарқи қандай?
3.    Иккинчи жаҳон урушига Оврўпалик Ҳитлер сабаб бўлуб, унинг асабияти бутун дунёни урушга киргузди. Бунинг натижасида ўлган одамларнинг адади ҳар кимга маълумдир. Бу ўлукларни калла минора қилинмагани унинг жаллодлигини тўсуб қоладими?
4.    Хайру Шимо (Хиросима) каби саноатли мутақаддам бир жазирани бутунлай йўқотиб, кулини кўкка совуришни демокуратия деб таърифлаймизми? Амир Темур вайрон қилган шаҳар ва халқларни бу вазнни ишғол қилмаса ҳам у қонхўр, булар эса халқчими (халқпарварми)?
5.    Вьетнам урушига замонанинг илғор салоҳлари билан қуролланган 800 минг аскарни олиб бориш саёҳатмиди ёки Вьетнамнинг пучуқ хотунлари жазб этганмиди?
6.    Мао Цзе Дуннинг ўз халқига қарши ўтқузган култур уруши-чи (“маданий инқилоб”)? Мана булар асримизда бўлуб турган қонхўрлик эмасми? Ёки қизил холми?
7.    Можаристон (Полша) ҳурриятпарварларини йўқотилиши, Чехословакияга ажнабий (совет) аскарларнинг босиб кириши, халқнинг эркин фикрига аскар тортиш эмасми?
8.    Араб ерларини босиб олиш, халқни беватан қилиш, ватанпарварларга ўлим жазоси бериш, тул хотин, етим болаларнинг нола фарёдини эшитиб ўлтуришлар асримизнинг мусиқасими? Бу каби камчиликларимизни ёдлаганда, асримизнинг тараққиёти ҳам маҳв бўлиб кетади. Бундай тараққиётлар, янги-янги ихтироларнинг нашъаси, рифо ва саодатда яшағувчи одамларга ярашади. Дунёнинг ҳамма тарафига қарасангиз, жаллодларни кўрасиз. Бу ҳолда асримиз “илғор” деб мақташга арзимайди.
(Бугуннинг иловаси: Бу сатрлар ўтган асрда ёзилган. Устоз ҳаёт бўлиб, йигирма биринчи аср фожеалари билан танишганларида  Афғондаги АҚШ бошлиқ НАТО уруши, Ироқдаги, Ливиядаги... қирғинларни ҳам тилга олган бўлар эдилар. Кейинги маълумотларга қараганда, Иккинчи жаҳон урушида ўлдирилганлар сони юз миллионнинг нари- берисида. Ўша урушдан кейинги олтмиш йил ичидаги кичик-кичик урушларда бунданда кўпроқ одам халок бўлган. Қани юз миллион калладан иборат минорани  кўз олдимизга келтира оламизми? Эҳтимол Ойга қадар етар? Т.М.)

 
« Олдинги   Кейинги »