004. Соҳибқироннинг шахсий одатлари Принтер учун E-mailга юбориш
Узрсиз ҳолда намозини қазо қилмайди, рўза тутади, ёлғон сўзламайди, ичкилик ичмайди, аҳдига вафо қилмоқни мардлик деб ҳисоблайди.
Хотунлар билан оила худудидан ташқари ўйин-кулгуга иштирок этмайди.
Динга бидъат-хурофотни киргизишдан сақланади. Уламоларни эҳтиром қилади. Мусулмон уламоларининг бидъат-хурофотга қарши бўлганларини севади. Хусусан, уламолар тарих, жуғрофия, тиб, фалакиёт, адабиёт, ҳикмат, фалсафаларда моҳир бўлса, алоҳида эҳтиром қилиш билан яхши мукофотлар бериб хурсанд қилади.
Шоирлардан Ташжирий шеър ёзувчиларни ёқлаб, ғазалиёт шоирларини оғзига олмай юрган бўлса ҳам, Ҳофиз Шерозий билан суҳбатлашгандан кейин ғазалиёт шоирларининг истилоҳига тушунди. Янги маърифат соҳири бўлганидан мамнун бўлди.
Юқорида сўзланганларнинг акси бўлиш, ўғриларни, қароқчиларни, ичкилик ичувчи, ёлғончилик қилувчиларни, хусусан, Лут қавмига мансуб феъл қилғувчиларни қаттиқ жазога буюрди. Судхўр, мухтакир тужжорларга шафқатсиз бўлди. Бозорларда олтун, кумуш ашёларига ҳийла қилғувчиларни, тарозуни бузгувчиларни, нархларни оширгувчиларни доимий муроқаба (кузатиш)  остида тутди.
Деҳқонларнинг сув жанжаллари, камбағал деҳқоннинг бой билан бўлган можароларини заифларни ҳимоя қилиш асосида ҳал қилди. Дўстга дўстча, душманга-душманча муомала қилишни назария қилиб  юрди.
Шаҳарларда кўркам қасрлари бўлса ҳам, баъзи маросимлардан бошқа вақтда истеъмол қилмай, саҳродаги хаймада урдугоҳда ҳаёт кечирмоқни муносиб кўрди.
Мурожаат қилувчиларга йўлларни очиқ тутди. Шикоятларни ўз қулоғи билан эшитди. Сафардаги вақтларида аскарий ошхонадан таом еди. Ўзига хос ошпаз сақламади.
Беш устунлик хаймасида гилам устига солинган тўшакда ўлтирар, тахтда ўлтурушни, саломга кирувчиларни сажда қилишларини ман этди.
Қишин-ёзин бошида оқ қалпоқ кияр, одми беқасамдан чопон кияр, “Хўжанд беқасами” деган ўлтироқ навларни истеъмол қилмас эди. Қиш кунлари чопон устидан пўстун ёки юнг чакмон кийиб, оёғига маҳаллий кўндан этук кияр эди. Ёшлигида нақадар гўзал бўлса, қариганида ҳам чиройли марғуб, ўртача соқол-мўйловли эди. Етмиш ёшдан ошганда соч-соқоли мош-гуруч бўлган.
Таомлардан кабобни яхши кўрар эди. От гўштини қўй гўштидан афзал биларди. Палов, қовурма, шўрва каби овқатлар одатдаги таомлари эди. Таомни оз ейдур, кам ухлашни яхши кўрадир. Ишчанликни севадир. Қариганида ҳам кунлик аскар машқини ташламас, бинобарин, жисми риёзий гавдалик эди.
Ҳар қандай хасталикнинг шиддатига чидар эди. Туморга эмас, табибларнинг иложига (дорисига) эътибор берар эди. Хушбўй атирларни яхши кўрар эди. Шароб ўрнида қимиз ичмоққа рағбат қилар эди. Насллик  отларни яхши кўрарди. Хусусан, туркман отларига завқ қилганидан, хусусий оти туркман зотларидан эди.
Ҳунармандларнинг кўпроқ шогирд чиқарганларига ташжиъ бериш билан халқни ҳам ўзига ўхшаш ишчан бўлмоғини орзу қилади. Ялқов, текинхўрлардан нафратланади.
Замонасида ривожланган фикрга қарши ернинг юмалоқлигини иқрор қилди. Инсон кучининг ҳар нарса қила олишига лойиқ бир қувват эканлигига эътиқод қилиб, далиллар билдирди.
Замонсида Мовароуннаҳрда хонақоҳ йўқлигини, муршид деб аталган хонақоҳ соҳибларининг Қунья билан Ардобил шаҳарларида кўруб таажжубланади.

 
« Олдинги   Кейинги »