005. Хориқул одат ғароиблари Принтер учун E-mailга юбориш
“Форс ҳокими Султон Мансур Музаффарий менга ғолиб бўлмоқ учун ҳарбий истеъдод кўриш ўрнига “Масжиди Атиқ” деган қадамжога кириб, менинг мағлуб бўлишимга дуо қилди. Бу феъл ислом усулиха хилофдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалоту васаллам Бадрда, Уҳудда душманга қарши салоҳ кўтариб чиқдилар. Агар иш дуо билан ҳал бўладургон бўлса, Пайғамбаримизнинг дуосидан мустажоб дуо бўлармиди? Душманни мағлуб қилиб беришини тиламоқ учун масжидда ўлтираверса бўлмасмиди?”- деб Амир Темур ялқов, қўрқоқларни таъна қилади.
Қор ёғиш билан кунлик тадбирни ўтказа олмаган аскар ва қўмондонларга “Қуръонда қор тўғрисида баҳс қилган оятни топиб келувчиларга шу олтунни мукофот қилиб бераман”, деб муштдек олтунни кўрсатуб, бутун қўшунни машғулотга солиб қўйди.
Ҳиндистоннинг ёғин мавсумида чодирдан чиқолмай қолган аскарларга катта чодир ичида кураш, қиличбозлик мусобақасини бошлаб  берди. Аскарлар бу машғулот билан зерикмас, ҳарбий тайёргарликдан ҳам махрум қолмас эди. Бунинг билан “Ўқи ёки ишла” деган назарияни қўллагандир.
Қаҳқаҳа билан кулмас, табассум қилмоққа ихтифо (кифоя) этар, аскар ва қўмондонларга ҳам маъноли қочирим қилиб, кулдириб қўйишни руҳий тарбия ҳисобларди. Ўзи вабо хасталигига учраб, бугун-эрталик умри қолганини билиб, васият ёзган.
Васиятни умум қўмондонларига ўқуб эшиттирганда Қорахон деган бир қўмондоннинг йиғлаганини кўруб: “Ҳа, Қорахон, мен ўлсам, Зубайдани ололмасмикинман, деб йиғлаяпсанми, васиятда ўғлумга тайинладим, мен ўлсам ҳам Зубайдани сенга беради, йиғлама”, деб кулган (Зубайда – Амир Темурнинг кичик қизи).
Жанг майдонида миниб турган оти ўлгандан кейин пиёда урушаверган, зобитлари от тақдим этсалар ҳам, қабул қилмаганда зобитлар хос котиб – етмиш ёшли чол орқали от юборишган. Соҳибқирон котибни ҳурмат қилар эди. Отни минишдан илгари: “Сиз таъриф қилган Шероз қизларидан ўн нафар гўзалини танлаб оласиз”, деб ҳазил қилганида котибнинг: “Қари одамга ўнтаси кўплик қилади”, деган жавобидан кулиб, жангга кириб кетади.
Мана шундай феъллари, ваҳший кўнгуллик эмас, инсоннинг лойиқида қадр-қиммат беришдир.
Юрган сафарларида, учраган табиий манзаралар – тоғлар, кўкаламзорлар, тоғ чечаклари, ўрмон дарахтлари, ёввойи меваларни мазкур китобида зерикмай таърифлайди.
Борган ерларида зироат, чорвачилик, суғориш ишларига диққат билан қарайди. Юртларнинг одамлари, қадди-қоматлари, гавдалари, ҳуснларини ҳам тилга олмай ўтмайди. Хусусан, тўқувчи хотунларнинг жамолига баҳо берар экан, шоир Румийни ёлғончи қилиб қўяди. Фирдавсийнинг шеърларини бошдан-оёқ ёд билади. Шунингдек, Ҳофиздан ҳам мисоллар сўзлаб ўтишни унутмайди. Ўзи шоир бўлмаса ҳам, шоиртаъбли, шоирсеварлиги маълумдир.
Баъзи султонлар каби қизларини шаҳзодаларга бериб эмас, қўшинига мансуб  Қорахон каби одамларга беришдан фахрланади. Бу иш билан ўтмишнинг шаҳзодапарастлигини ҳам барбод этади.
Мен амир Темур тарихини таҳрир қилар эканман, шу нуқталарни ибрат этмоқ ила, баъзи таълиқчиларнинг кўзлари илғамаган нуқталарини кўрсатмак вазифам эканлигини ҳис этдим.

Яъқуб Хўжа,
11 муҳаррам, 1400 ҳижрий-қамарий.
(30 ноябр 1979 йил мелодий)

 
« Олдинги   Кейинги »