012. Фирдавсийнинг туғулгон ерига қараб юруш ва Нишопур уруши Принтер учун E-mailга юбориш
Еттинчи фасл

Деди эмди эй жавшани кори зор,
Кечурдинг фароғат бирлан рўзгор.
Етубдирким, иш вақти сен сахт бўл,
Ҳар ишда яна соҳиби бахт бўл. (Фирдавсийдан Учқун таржимаси.)
Фирдавсийнинг бу байтлари ҳар доим қулоғимда янграр эди. Етти йил еб-ичиб ётганим учун роҳатсизланиб, йилларча ташлаб қўйган қилич, совутларимни кийиб, мағфарни бошимга қўйдум ва бундан уч юз эллик йил илгари бу шеъни ёзган ерига бормоқ учун қаадам кўтариш вақти келганини сездим. Дунёни мусаххар қилмоқ учун ишни Хуросондан бошламоқ кераклигини тасбит этдим. Мен Самарқанд туфроғида етушган қовуннинг ширинлиги, хушбўйлигини биламан, дунёнинг ҳеч бир ери бундай неъматга молик эмас, деган эътиқодда эканман. Бироқ Хуросон туфроғидан атрнинг бўйи келади. Хуросон одамлар ё улуғ шоир ёки донишманд бўлади, деб эшитган ҳам эдим. Унинг устига, Хуросон туфроғи илм, адабпарвардур, у туфроғни тарбия қилган шоир ва донишмандлари жаҳон ботурларининг жумласидандур. Улардан бири Фирдавсий эдилар.

Бу шуҳратларини ўз кўзум билан кўрмоқ ва синовдан ўтказмоқни хоҳлаб қолдим. Ўзумга ўзум: “Қани, ўша тарбия топганлардан кимнинг маҳорати ортуқ эмиш. Мен ҳам ўрдугоҳимни уруш майдонига айлантирдим, эртадан оқшомғача уруш тамринлари билан машғул бўлиб, от чопар, гурзи ўйнар, ўқ отар, найза ташлар, кураш қилар эдик. Тилларда донг кўтариб юрган хуросонликлар билан, шуҳрати ёйилмаган самарқандликларни тажрибадан кечурмоқ яхши далил бўлмасми?” деб кенгашар эдим. Донишмандларнинг сўзича, инсон қирқ ёшга борганда жисми ва ақли болиғ бўлур эмиш. Мусо алайҳиссалом қирқ ёшларида Тур тоғида пайғамбарликка мабъус бўлган эдилар. Бизнинг пайғамбаримиз ҳам қирқ ёшларида (Ғори Ҳирода) пайғамбарликка мабъус бўлганлар, дер эдилар. Феълан (ҳозирда) мен ҳам қирқ ёшда эдим. Шу ҳикмат тўғри бўлса керакки, ушбу қирқ ёшимда бўшанглик, танбалликдан уйғониб, айшу ишратдан узоқлашмоқ учун азм қилдимми? Ўтушимдан пушаймон бўлушим қирқинчи йилнинг балоғатига эришганлигим намунасидур, деб тушундим ва шул 777 йилни уруш тамринлари, қўшундаги паҳлавонлар билан кураш тутмоқ билан ўтказдим ва риёзий ишларда устунлик қозонганларни мукофотлаш йўли билан қўшун тобеъларини синовдан ўтказиб турдим.
778 ҳижрий йилнинг баҳор мавсуми келди. Йилқилар сутга кирди, қимизхўрлик бошланди. Яйлоқ тўлуб ётган йилқиларни Хоразм томонга ҳайдаш, қимизхўрликни ўша тарафларда қилиш учун амр бердим. Менинг уруш ҳаракатида эканлигимни душманга сездирмаслик учун қўшуннинг кўчушига қимизхўрликни баҳона қилиб қўйган эдим. Шунинг учун Хуросон ҳудудигача бўлган йўлларни оддий юриш билан юруб бордим. Хуросон ҳудудига боргандан кейин урушга бориш йўсунида тез юрушга тўғри келар эди. Етак отлар ҳам шунда ишлатилар эди. Яйлоғимда кўк еб юрган йилқилар узоғ йўлга чидамай қолишини кўзда тутуб, қуруқ беда ва сомон билан тарбиялаб боравердик. Хуросонда биринчи чўтлаган ерим Нишопур эди. Чунки Хуросонда бойлиги билан шуҳратланган Нишопурдур. Сўзлашларига қараганда, ўрта ҳисоб билан ҳар куни Нишопурдан икки карвон жўнайди ёки икки карвон тушадурғон, тижорати илғор бўлғон шаҳардур. Бу ердан кириб-чиқадурғон карвонлар шарқда Чинга, мағрибда Румга қадар боришар эди. Нишопур савдогарлари олтунни санаб олсалар ҳам, кумуш пуллани тарозида тортиб олмасалар, санаб ўлтурушга фурсатлари йўқ эди.  Нишопурнинг тужжорлари қўлида бўлган ипак моллар шу қадар кўп эдики, Нишопурдан Самарқандга қадар масофага ёйиш мумкин эди. Демак, бу шаҳар тижорат маркази аталғон ердур. Нишопурдан кейин Сабзавор ва Бушравияга ўхшаш улуғ шаҳарлар ҳам бор эди. Сабзавор шаҳри Хуросоннинг шимол тарафида бўлса, Бушравия нимрўз (жанубда) эди (Қандаҳор билан Ҳирот ўртасидаги вилоятларнинг бири “Нимрўз” деб аталадур).  
Мухбирларим берган хабарларида, Сабзаворда уч юз минг киши гилам тўқиш билан шуғулланади, бу шаҳар дунёнинг энг катта гилам тўқуш маркази, деб билдирар эдилар. Бу хабарга муболаға деб қараган эдим. Ишонишга ақл бовар қилмас эди. Фақат шуниси аниқ эдики, дунёнинг ҳеч бир жойида Сабзаворчалик тўқимачилар йўқ эди. Бушравияга у қадар таважжуҳ қилмаган эдим. Баъзиларнинг сўзига қараганда, Хуросоннинг нимрўзга воқеъ бўлган бу шаҳрининг халқи аҳли илм бўлишларига қарамай, маошларининг таъмини учуш меҳнат қилар эдилар. Иловатан, шу ҳам бордурки, Бушравиянинг ўтунчиларининг ҳам бир шаҳарнинг муфтиси даражасида илми бор, чорвачилари ҳам бир донишманд каби арабий китобларни ўқуб тушунар эдилар. Мана, мен шу хабарларни таҳқиқ этмак орзусида эдим. Оё бу хабарларнинг асли ҳақиқатми ёки муболағами?
Мен Хуросоннинг тасарруфи ниятида эканлигимни ҳеч кимга сездирмас эдим. Ҳатто мансабдорларим ҳам мени Аршакободни (“Аршакобод” бу кууларда “Ашхабод” деб аталур) тасарруф қилмоқ қасдида деб тушунар эдилар. Лекин мен Аршакободга тушмасдан ўтдум. Аршакободга юрсам, Нишопурга бормоқ учун тоғ устларидан юрилар эди. Йўлни тезроқ босиб юрмоқ учун жилҳа йўллари билан бормоқни аржаҳ (муносиб) билдим. Марвдан тўрт нафар эшакчи одамни йўл бошлаш учун ижара қилиб олдум. Чунки у саҳро йўлларини ҳеч ким эшакчилар билгандай билмайди. Улар доимий ҳолда Марвдан Нишопурга юк ташиш билан ҳаёт кечиргандурлар. Йўлнинг баланд-пастидан огоҳдурлар. Улар Нишопурга бормоқ учун йўлда довон тагидаги тор бир йўлдан ўтмоғимиз (“Танга-Гардана” дерлар) лозимдур, деб огоҳлик бердилар. Мен ўша мавқеънинг вазиятини айтиб беришларини сўрадим. Улар бундай дедиларки: “У довон ингичка бир йўлдур. Бир тарафи тоғ, яна бир тарафи эса, узун кетган сойдан иборат бўлиб, қинғир-қийшиқ, узун йўл бордур”, дедилар. “Довонда ободлик борми?” деб сўрадим. Улар менинг бу саволим нима мақсад билан берилганини тушунмас эдилар. Мен эса довоннинг ободлик жойи яқинми, узоқми эканини билмоқчи эдим. Иккинчи тарафдан, яна бир эҳтиёт лозим эдики, қўшун ободлик ерига етганда, ерлик одамлар марказга тездан хабар еткузуб, марказнинг мудофаа эҳтиётини кўрушига йўл очар эди. Менинг қасдим эса, марказга хабар бормасдан аввал қўққус босиб қолиш билан мудофаа тадбирларини олдирмаслиқ эди. Сўнгра довондаги йўлнинг торлиги ҳам қўшуннинг илдам юргузишига монеъ бўлур эди. Ҳатто қўшунни кечаси юргузиш ҳам хатарликдурки, қўшуннинг дарёга юмалаб кетиши эҳтимоли ҳам бўлур эди.  Шунинг учун тоғнинг орқасидан айланиб ўтишни маъқул топдим. Тездан қўшунга етак отларни тарқатдим, ҳар қачон, бир отга зўр келса, иккинчисини алмаштириш усули билан узоқ йўлни тездан юруб олишга қарор бердим. Шу вақтда қўшун ҳам тушуна бошлади, борадурғон йўлнинг узоқлиги, бетўхтов юрушлик, ҳатто истироҳат ва таом емоқға  ҳам йўл қўюлмаслиги маълум бўлди. Фақат, етак отларни эгарлаб алмаштириб олишларига лойиқ озгина фурсат бермоқ лозимлигини мансабдорларга англатдим. Отларни тўйғазиб олиш учун бундай тез юруш вақтларида беда, сомон берилмас, фақат арпа, жўхори каби емларнинг илгаридан янчиб юмалоқ қилиб қўйилганини бериб, тездан отларни тўйғазиб олиш мумкин эди. Шу фурсат ичида аскарлар ҳам ором олишлари имкони бор эди. Мен Хуросонни кўрмасимдан илгари Мовароуннаҳр баҳорини оламда йўқ деб эътиқод қилар эдим. Хуросон баҳорини кўрганимда Мовароуннаҳрдан ҳам гўзал ерлар бор экан, деб билдим. Тоғ этакларидаги кўклам манзарасининг жамоли, кўллардаги сувларнинг сафолиги, жилғалардан тушуб турган оппоқ сувларнинг нағмаси менга бу манзараларни очиқ кўрсатар экан, ернинг чиройи, баҳор гулларининг ҳуснидан беҳад лаззатланар эдим. Намоз ўқуб бўлгунча тўхтаганимизда атрофларни яхши кузатиб турмоқ учун пойлоқчиларга амр берар эдимки, ҳеч ким биздан илгари ўтуб кетмасин, ҳар қандай одам ўткинчи бўлуб кўрунса ҳам, йўл берманглар, қўшундан орқада қолсун. Агар итоат қилмаса, ўлдиришларингизга ижозат, деган эдим. Бизнинг келиб турганимизни хабар қилмоқ учун чопарлар орқали ахбор бермоқларига йўл қўймаслик лозим эди.
Жумъа куни эди. Юқори қишлоқ деган бир қасабага етдик. У ерда бир масжид бор экан, лекин жамоат йўқ, жумъа ҳозирлиги ҳам йўқ эди. Бир одамдан: “Бу ерда руҳоний киши борми?” деб сўрадим. Ул одам бориб, бошида салласи бор бир оқсоқол одамни бошлаб келди. Мен ундан бу қишлоқ халқи қайси динда эканлигини сўрадим. “Ҳаммаси мусулмон”, деб жавоб берди. Мен айтдим: “Мусулмон бўлсалар, бугун жумъа бўлса, жумъа намозини жамоат билан ўқимайдиларму?” Имомо суратида кўринган одам: “Уйларида ўқийдурлар”, деди. Мен бу одамнинг илмсиз-жоҳиллигини тушундим эса-да, сўрадим: “Қуръон ўқийсанми?” Жавоб берди: “Бале, Қуръон ўқийман”. “Ундай бўлса, сен Қуръонни фақат қироат қиласан, маъноларини билмайсан. Худои таоло Қуръонда, Жумъа сураси  билан жумъа кунини ва жумъа намозини таъриф этади ва: “Жумъа кунининг намози учун ишларингиз, тижоратларингизни ташлаб бориб жумъа намозини ўқинглар”, дейдур. Уйда жумъа намозини буюрмагандур. Ҳар ким жумъа намозига хилоф қилса, Қуръон ҳукмига бош тўлғаган бўладур. Қуръон ҳукмига бош тўлғаганларни кофир деб ҳукм қилинадур. Сени жоҳил мулло бўлуб халқни алдаб юрганинг учун жазоламоқчи эдим, афу қилдим. Лекин эҳтиёт бўл, мулломан деб халқнинг пули билан ҳаёт кечирма, ҳаром еган бўласан. Муллолик, руҳонийлик кўринишда эмас, балки Қуръон илмини комил билиб, жамоатни Қуръон ҳукми билан идора қилишдадур. Ҳаёт учун лозим бўлган маош йўлини бошқадин қуриб олишинг керак. Халқнинг устига юк бўлишни ташла”, деб насиҳат қилгандан кейин, хос муаззинларимга буюриб, азон айттирдим. Ўзим имом бўлуб жумъа намозини икки ракаат ўқидум, сўнгра йўлга тушдук.
Тоғни айланиб юриш билан йўл узайиб кетди. Бир куни пешин вақтларида Нишопурнинг шарқ тарафида воқеъ бир жилғага кирдим. Жилға бўйида кўпгина халқ яшаб турар эди. Уй-жойлар, зироат майдонлари бор эди. У ерда мавжуд турган бир неча карвон ҳам бор экан, қўшунни кўруб Нишопурга қараб қочдилар. Орқадан ўққа тутилган бўлсалар ҳам, ўлганларидан бошқалари қочиб кетдилар. Бу ҳолда мен тезлик билан (шаҳар дарвозаларини банд қилиб олмасларидан илгари) шаҳарга кирмоғим керак эди. Жилға билан шаҳар орасидаги йўлда юруб турган аҳоли аскарларнинг тез юрушига имкон бермас, йўл четида боғ-бўстонлар бўлгани учун уларнинг орасидан юрмоқ ҳам мумкин эмас эди. Мен Мовароуннаҳрнинг зироатига аҳамият бериб, хийла обод қилган бўлсам ҳам, даштлар Нишопурнинг даштларича обод эмаслигига иқрор бўлдум. Ҳолбуки, Самарқанд, Бухородаги сингари Нишопур деҳқонларини сув билан таъмин қилатурғон дарёлар йўқ эди. Аммо обод эди. Мен Жайхун дарёсидан сув чиқармоқ учун неча юзларча сув омборлар қилдириб сув чиқарган бўлсам, Нишопур деҳқонларининг суғориш манбаълари кўзга чалинмас эди. Бу ҳақдаги ҳайронлигим Нишопурнинг мухосирасидан кейин ойдинлашди. Буларнинг суви қанотдан таъминланар экан (Қанот – кориздур, бунинг усули – тоғ этакларига бирин-кетин бир қанча қудуқ кавланади. Қудуқлар сувларини бир-биридан ўтказиб, ер остида ариқ ташкил этиш билан ер устига чиқарилади).
Нишопур жилғасида тўрт минг икки юз ободлик бордур. Ҳар бирида бир қанотдан сув бўлса, жами тўрт минг икки юз қанот оқиб турган бўладур (Морсал Брайвон изоҳи: “Амир Темурнинг бу ҳисобида бир оз ғалат бор, эронийларнинг ўзлари Нишопур жилғасининг қанотларини ўн икки минг дейдилар). Бизнинг Мовароуннаҳр ўлкаларида бу қанот усулини ижро қилиш имкони йўқдур. Чунки қанот қазишликка тоғли минтақа бўлиши лозимдур. Бизнинг зироат минтақаларимиз тоғдан йироқдадур.
Мен кунботар вақтда Нишопурга етдим. Шаҳар дарвозаларни боғлиқ кўрдим. Дарвозани синдириб очиш учун текшириш юргиздим. Улар дарвозанинг ичидан тош териб қўйганликлари учун синдириш осон эмасди. Дарвозалари берк бўлган бўлса ҳам, шаҳар халқига лозимлик эҳтиёт озуқаларининг тадбирини кўра олмадилар. Фақат шаҳар атрофидаги тўрт минг икки юз обод кент халқи аскар тўплаб шаҳардагиларга ёрдам бермасун, деб қишлоқларни ишғол қилишни буюрдум. Шу билан қишлоқ – шаҳарнинг алоқаси қатъ бўлди.  Илгарида Чингизнинг амри билан бир ўғли ва икки нафар мўътамид сардори қўмондасида келиб, Нишопур шаҳрига ғалаба қозонганларидан кейин қалъани бузуб ташлаган эдилар. У вақтдаги қалъа лойдан ясалган эди. Кейин Нишопур халқи янгидан қалъани тош билан бино қилган эди. Баъзи ерли одамлардан шаҳар қалъасининг пойдевори ҳақинда суриштирганимда, унинг асоси ер тагидан ўн зиръо то билан ишлаб чиқилгани билинди. Мен бу қадар чуқурликда кавлаб пойдевор олишларига унча ишонгим келмас эди. Бироқ шаҳар атрофида турган дўнг-тепалар, баландлик ва сайҳонликлар қалъа пойдеворидан чиққан туфроқнинг исботи-далили эди. Нишопур шаҳр атрофида хандақ йўқлиги учун шаҳарга ҳужум қилиш осон кўрунур эди. Лекин бу қадар мустаҳкам шаҳарни муҳосирада узоқ қолдириш аскарларнинг жиддийлигини кесиб, танбалликка алмаштириб қўйиши ҳам ҳеч гап эмасди. Аскарларга икки кун истироҳат берганимдан сўнг ўзим бошда туруб аскари тамринга машғул бўлуб турдим. Бу машғулият орасида шаҳарни фатҳ қилиш учун текшириш ва тадбир кўришни ҳам унутмадим. Олган хабаримча, қалъанинг ости ўн-ўн икки зиръо чуқурликдан тош билан ишлаб чиқилган бўлса, буни борут билан ҳам йиқитиб бўлмас эди. Шунинг учун шаҳарни фатҳ қилмоққа икки йўлдан бошқа чора ҳам йўқ эди. Бири, ҳисор (истеҳком) мудофаачиларига билдириб туриб ҳисорга тирмашиб чиқиш, иккинчиси эса, шаҳарни узоқ вақт муҳосирада тутиб, очликнинг зўридан таслим бўлмоқликларини кутиш эди. Муҳосира билан кутиб туришнинг яна бир хатари бўлур эдики, шаҳар ичидан ташқарига очилган нақб йўллари ҳам бўлмоғи мумкиндур. Бу йўллар орқали ташқаридан ёрдам киргизиш, очлик ва бошқа заруратларини дафъ қилиш имконияти бўлур эди. Иккинчи тарафдан, Нишопурга қарашли юрт-кентлар уюшиш йўли билан бизларга ҳар он зарба еткурмоғ учун муқоваматга ўтмоқлари ҳам эҳтимолдан узоқ эмас эди. Шаҳарни фатҳ қилмоқнинг бутун шарт-шароитларини кўздан кечурдим. Биринчи дафъа ўлароқ шаҳарга кирадурғон сув манбаи бўлмиш қанотларни буздириб юбордим. Уч кун ўтуб, қишлоқ одамларини ҳашарга тўплаб, шаҳар теварагидаги баланд-баланд чинор ва теракларни кестириб, ёғочларидан ёғочларидан истифода этгудек ҳолга келтурдим. Атроф жавонибдан ҳатто Тусдан ҳам дурадгорларни йиғиб келиб, мутаҳаррик буржлар (миноралар) ясаттирдим. Мен муҳосирада турганларнинг қавм-қариндошларини ишлатиб турганимда, булар менинг зиддимда кичкина бўлса ҳам душманларча ҳаракат қилишлари ёки қилган ишларига ҳийла аралаштириб, истеъмол вақтида кутилган ишларни қилолмайдиган бўлиб қолишидан эҳтиётда бўлдум ва ҳунармандларга ҳам огоҳлик бериб турдимки, бошлари кетиб қолишини билдириб қўйдум. Ҳашарда ишлаб турган кўпчиликнинг емак-ичмак билан таъминлашни атрофдаги юрт-кент аҳолисига юкладим. Итоат қилмаган юртларга сарбозларимни юбориб, озуқа ва сигир-қўйларини ҳам ҳайдатиб келдим. Бир ҳафта ичида бир неча дона мутаҳаррик буржлар тайёрланди. Эмди у буржларни қалъага яқин олиб бориб, улардан қалъага ўтиш ёки бурждан туриб қалъадаги мудофаачиларга ўқ отиш, ҳатто шаҳар ичига ҳам тош отиб вайрон қилиш асбоби тайёрланган эди. Мутаҳаррик буржлардан қалъа устига аскар ўтказмоқ ҳам осон эмас эди. Бу хил ҳужумга чидамли, ўлумдан қўрқмайдурғон одам бўлмаса, нариги тараф ҳам буларга дарҳол йўл бериб қўймайди. Бу хилда ишларни буюрса қила оладурғонлардан қўшиним ичида “четон” деган халқдан бир даста сарбозим бор эди. Буларнинг асли Сибирия музлама ерлари халқларидандир. Одатлари ит гўштини хом ер эдилар. Буларни ит гўшти емоқдан манъ қилолган бўлсам ҳам, бошқа ҳар қандай гўштни хом емоқдан тўсолмадим. Фақат қўй гўшти, қўй ёғини еёлмас эдилар. Еб қолсалар роҳатсиз бўлур эдилар. Аммо от гўштини бемалол ер эдилар. Ўрдуда (лашкаргоҳ) йиқилиб қолган отларни улар еб юборар эди. Мабодо сафарга чиқар вақтлари бўлса, от гўштини нимталаб, отнинг терлиги остига қўйуб сақлар эдилар. Чунки отнинг баданидаги ҳарорат гўштни саситмайди, дер эдилар. Мен буларни мусулмон қилдим эса-да, намозларни араб тилида ўқитолмадим. Арабчага тиллари келмас эди. Шу сабабдан ўз тилларида намоз ўқишларига фатво берганман (Мутаржим изоҳи: бу фатво Амир Темурнинг хусусий назариясидур, бу зинҳор шаръий ҳукм ҳисобланмайди). Четонлар очликдан бошқа ҳеч нарсадан қўрқмас эдилар. Мен ҳам бу нуқталарга аҳамият берар эдим. Буларнинг ботирликлари, журъатлари, менинг журъатим ва ботирлигимдан кам эмас эди. Аммо ёш болалар каби ҳушсуз бўлур эдилар. Агар уларга буйруқ берилмаса, ҳеч бир ишни қилишни билмас эдилар. Мутаҳаррик буржлардан биринчи дафъа ҳисорга кечурмоқ учун четонларни ихтиёр қилдим. Булар бурждан қалъага ўтишлари билан бир қисми мудофаачиларга қарши урушади, яна бир қисми эса тездан шаҳар дарвозасини очишга уринади. Шунинг учун булар қаттиқ муқовамот қилур эдилар. Буларнинг бошларига мағфар, устиларига хафтон кийдурдум. Қўл-оёқларининг муҳофазаси учун ҳам қаттиқ нарсалар қўлландилар. Аслаҳаларидан бошқа “ғоз тумшуқ” ҳам бердим. Агар шаҳар дарвозаси ичкари тарафдан тош-тупроқ билан маҳкамлаб ташланган бўлса, ғоз тумшуқни ишлатур эдилар. Булар қалъага ўтишлари ҳамон бошқа буржда турган сарбозларимга палахмон билан қалъа устидаги мудофаачиларни уриб турмоққа буюрдим. Чунки палахмон тошлари яхши отилса, ўқ-ёйнинг ўқидан таъсирлироқ бўлур эди. Четонларга бошлиқ қилиб эндигина йигит бўлуб келиб турган ўғлим Жаҳонгирни тайинладим. Ўғлим кичик бўлса ҳам,уни икки нуқтада тажриба қилдурмоғим лозим эди. Гарчи ўғлимга ҳарбий таълимларни ўргатган бўлсам ҳам, қалъаларга ҳужум қилишни ва ўзи танимаган бир қалъада ададсиз душманни кўриш билан ўлим бўйини олиб, ўзини титрак ва ҳавфлардан сақлашни ўргатиш бўлса, иккинчи назарияда, бутун мансабдорларим, сарбозларимга огоҳлик бўлур эдики, мен иродамга ўз ўғлимни ҳам фидо қилмоққа ҳам ҳозирдурман. Унга ҳам сарбозлар каби уруш кийимларини кийдирдим, сўнгра тубандагича йўл-йўриқ бердим: “Эй ўғлим, қалъага оёқ қўйганингдан кейин ўзингдан бошқа ҳеч бир одамга иттиқо қилма (ёрдам кутма), душман дарёсига чўмганингда ўзинг  ўзингни мудофаа қил. Мен ҳам сенинг ва бошқаларнинг ёрдамлари учун узлуксиз ёрдам юбориб тураман”.
Бизнинг шиддатли ҳамламиз пешин намозидан кейин бошланди. Қалъа атрофига ўринлаштирилган барча буржлардан ўқ ва палаҳмондан тош отиб қалъа мудофаачиларини шошдириш ҳамон четон сарбозлари ўғлим Жаҳонгир бошчилигида ҳисорга қадам қўйдилар. Қалъа устига ўтган кишиларим билан қалъадагилар ўртасида шиддатли уруш бўлди. Сарбозларим мудофаачиларни орқага суриб чекундурмоққа муваффақ бўлдилар. Тездан шаҳар ичига тушмоққа ҳозирлик кўрдилар. Шу вақтда шаҳар мудофаачилари четон сарбозларидан бир мунчасини қалъа деворидан ерга ағдариб ташлаб ўлдурдилар. Бошқалари шаҳарнинг ичига тушди. Дарҳол бир даста сарбозни уларнинг ёрдамига юбордим ва орқа-орқадан иккинчи, учинчи дасталарни ҳам йўлладим. Ўзим ҳам отланиб ҳисор атрофидаги фаолиятларни, хусусан, буржлардаги сарбозлар қалъа устидагилар билан нечук урушиб турганига диққат қилдим. Шу онда фикр қилдимки, мустаҳкам қалъаларни бузишда борутдан ҳам фойдаланиш лозим экан. Масалан, борутни кўзачаларга жойлаб, осилтириб қўйилган пиликларга ўт туташтириб қалъага отилса, мудофаачиларни тездан шошириб қўйиш мумкин бўлишини дилдан ўтказдим ва бу фикримни Усмонли подшоҳи Йилдирим Бойазит билан Анқарада бўлган урушда амалга оширдим (Борут истеъмолига доир батафсил изоҳни Анқара урушига доир саҳифаларда ўқийсиз, инша Аллоҳ). Шу вақтда хаёлимдан яна бир иш ўтди. Масалан, Нишопурга тобеъ Хуросон иқлимларидан бўлган шаҳарлардан Тус, Сабзавор, Асфаройи каби шаҳар халқлари муҳосирада қолганларнинг ёрдами учун бирор қадам ҳам кўтариб қўймадилар. Агар бу шаҳар халқлари кичик бўлса ҳам, кучлироқ қўшун тартиб бериб, Нишопурга қараб юрганларида менга шикаст беролмасалар ҳам, муҳосирадан қўл кўтариб шаҳар атрофидан узоққа сурилишимга сабаб бўлур эдилар. Сўнгра Нишопур шаҳар ҳокимининг беақл, тадбирсиз, нолойиқ одам эканини пайқадим. Чунки у ўз шаҳрининг мудофааси ва менга зарар бериш учун бирорта манжаниқ (палаҳмон) ҳам тузатмади (ишлатмади). Агар у ьир неча манжанақ ясаб, сарбозларим устига ва буржда турган ўқчи ва ҳужумчиларга тош ёғдирса, биз учун хийла заҳмат бўлур эди. Яна бири – қаттиқ оғир ёғочлар ўртасидан узун даста ўрнатиб, бир мунча сарбозларни унга вазифадор қилиб қўйса, ҳар қачон мутаҳаррик буржлар билан хасм (душман) сарбозлари қалъага ўтмоқчи бўлганда ўша дастани уларга қаратиб ҳаракат берсалар, ҳужумчи сарбозлар қалъа устидан ерга йиқилиб нобуд бўлаверарди. Нишопур ҳокими тарафидан бу василалар қўлланилмади. Қалъа мудофаачилари фақат қилич ва найза билан сарбозларимни қайтармоқ учун чолишар эдилар. Бунинг ўрнига, бир мунча увадаларни тўплаб, ёққа чилаб ўт қўйиб буржларимизга отсалар, буржларга ўт туташиб, сарбозлар буржни ташлаб қочар эдилар. Қочмасалар, куйиб кетар эдилар. Нишопур ҳокимининг ақлига бу тадбирлар кирмади. Ниҳоят аскарларим буржлар орқали қалъас устига ўтдилар. Ундан шаҳар ичига тушдилар. Юборган ёрдамларим ҳам етиб борди.
Эй менинг шарҳи ҳолимни ўқуғувчилар, бугун уруш қўмондони бўлмасангиз, яна бир кун уруш қўмондони бўлсангиз керак. Шуни билиб қўйиш лозимки, ҳар вақт мустаҳкам қалъалардан бирини муҳосира қилсангиз, унга нақблар орқали ёки мен қўллаганимдек, қалъа устидан шаҳарга кирмоқчи бўлсангиз, дастлаб кирадурғон қисмларга қўшун ичидан тажрибали, ботур кишиларни илғамоқ лозимдур. Чунки аскарларингиз илгари кўрмаган ва вазиятни билмаган бир шаҳарга кирмоқдадур. Бу қўйилган қадам ғоятда хатарлидурки, юз мингларча кишилар турли салоҳларни тутган ҳолда аскарларингизни ўлдуриш учун қасд қилиб қолмай, хотунлар ҳам том устидан  тош ташлаб ҳалок қилиш, зарба беришга ҳозир турадурлар. Қўмондон ҳар қанча ботур бўлса ҳам, биринчи даста сарбозлар билан шаҳарга кирмасун. Чунки ҳали номаълум бўлган бу шаҳарда туйуқсиз бир фалокатдан топилган ҳалокатга учраган қўшун бошлиғи бутунлай енгилди демакдур. Лашкар бошлиғининг вафотидан кейин бошчисиз қолган аскарлар шаҳарни фатҳ қилолмагай. Қўшун бошлиғининг ўлими билан сарбозларнинг кўгиллари  совуб, жиддийликни йўқотурлар. Мақсадга етишолмасликнинг бир сабаби шу бўлур. Бундай урушда лашкар бошлиғи орқадан туриб бир даста сарбоз юборган бўлса, уларнинг орқасидан яна ёрдам дасталарини юбориб турмаса, ўз аскарларини ажалнинг қўлига топширганидур. Чунки мудофаачилар аввалги даста устидан ғалаба қиладилар. Шаҳар дарвозасини очмоққа имкон бермайдилар.
Мен ҳудди шу марҳалада уч даста ёрдамни орқа-орқадан четонларга йўлладим. Ўзум қалъа атрофидаги мутаҳаррик буржларга яқин эдим. Нишопур шаҳрининг шарқий дарвозаси икки ёнига чоплашган йигирма қадар бурждан сарбозларим тўхтовсиз ҳолда қалъа устига ўтмоқда эдилар. Шу йўл билан сарбозларимни шаҳарнинг ҳар жиҳатига йўлламоқ ҳам мумкин эди. Шаҳар ичига тушган сарбозларим шарқий дарвозани ичкари тарафдан очмоққа урунар экан, ичкаридаги шаҳар мудофаачилари бирлашиб туруб бу қитъа устига солдириб қолмасун, деб тушуб турган аскарларимни шаҳарнинг ҳамма тарафидан ҳужум қилишга буюрдим. Биз Нишопур шаҳрининг шарқий дарвозасини очдик эса-да, мудофаачилар яна бир ҳужум билан беркитиб олишлари эҳтимоли бўлур эди, шунинг учун ғарбий дарвозани ҳам очиб турмоқни лозим кўрдум. Ҳар икки дарвозага ташқари тарафдан ёрдам қўлларини юбордим. Чунки ғарб дарвозасига етган аскарлар йўлда бирорта муқоваматга (қаршиликка) учрасалар, дарвозанинг очилиши имконсиз бўлур эди.
Шарқий дарвоза очилмай туруб мудофаачилар яхшигина урушуб турган эдлар. Дарвоза очилгандан кейин мудофаачиларга қўрқув тушуб, ноумидликка учрадилар, бир мунчалари ўшал очиқ дарвозадан ташқарига қочмоқда эдилар, баъзилари ўққа учради, қолғонлари омонлик талаб қила бошладилар. Қоронғулик тушмасданоқ ғарб дарвозаси ҳам очилди. аскарлага машъал ёндуриб кечаси билан урушни давом эттришларига амр бердим, токи шу бир кечада уруш тамом бўлсун, мудофаачилар кечаси билан ўзларини тақвия (кучлантириб) қилиб, эрта билан яна бизга мазоҳим бўлмасликларини назарда туттим. Уруш тонг отгунча давом этди. Кечаси олғон хабаримда ўғлум Жаҳонгирнинг тирик борлиги, енгил яраланганлиги хабарини англадим ва уни ўз вазифасини адо қилишда давом этмоққа ундадим, эр киши шундай маъракаларда синовдан ўтмаса, лаёқат ҳосил қилолмайди.
Мен дунёдаги тамоми ҳунар, санъат ва адабга қойилдурман, бироқ бир эр киши учун ҳарбийни энг улуғ ҳунар деб биламан. Аллоҳ таоло эр кишини ўз иззат шарафи, ҳурматини сақлаш йўлида тиришадиган яратгандур. Эр киши ўлумдан қўрқар ва ҳарбга қатнашолмас экан, Худонинг эркин бандаларидан эмасдур, негаки, уруш фитрий истеъдод ва вадиай илоҳийадур. Буни ҳар банда ўз вужудида тақвият бермай муҳмал қўйур экан, эрлар қаторига ўтмас. Мен ўғулларимни шу руҳда тарбияладим, қўллари қилич кўтаролгудек бўлиши ҳамон уруш фанларини ўргатмоқ учун устоз қўлига топширдим. Қолганини шундай маъракаларда имтиҳон қилиб ўргатдим.
Тонг отгандан кейин уруш нишопур ҳокимининг қўли боғлуқ ҳолда ҳузуримга келтуруш билан тугади. Нишопурнинг тижорат омборларида шу қадар ажнос (жинслар; турли-туман бойлик) кўп эдики, уларни Мовароуннаҳрга ҳамал қилмоқлик учун барча атрофлардаги уловларни кира қилдук.
Одатим бўйича, уламои шуаро ва ҳунарандлар ўлдурулмасун, деб амр бердим. Асир хотунларни сарбозларга тақсим қилиндики, уруш билан фатҳ бўлган хотунлар жангда қатнашганларга ҳалол қилингандур (Форсий мутаржим изоҳи: Ўқувчиларимиз эҳсос қиладурлар, Темур Ислом аҳкомларини ўз таъбирича истинбот қилмоқдадур. Қуръони Каримда мусулмонлар ҳарбий кофирлар билан жиҳод қилган вақтларида ҳарбий кофурларнинг хотунларини канизликка олишлари мумкундур, деб айтилган бўлуб, Худованди Карим бу амрида мушрикларга тавжиҳан буюргандир. Тавҳидий мазоҳиб пайравлари (мусавий ва исавийлар) ҳам бундан мустаснодур. Қуръонда бу мавзуда яна бошқа хабар йўқдур. Темур шунчалар олим ва бохабар бўла туриб, муваҳид ва мусулмон Нишопур халқини мушрик, ҳарбий кофурлар қаторида қарор бергандур). Нишобурдаги ажнос ва молларни Мовароуннаҳрга олиб кетиш шаҳар қалъасини бузуб ташлаш ва маҳаллий идорага оид баъзи ишлар менинг бир ой туруб қолмоғимга сабаб бўлди. Бир ойдан кейин қолғон ишларни ўғлум Жаҳонгирга топшуруб, ўзим Тусга жўнадим. Тусда ҳеч ким бизнинг қаршимизга чиқиб муқовамат қилмади. Мен ҳеч кимга озор еткурмасдан шаҳарга қадам қўйдим. Тус халқи ҳам Нишопур халқи каби бошларига қалпоқ киймасдан салла ўрар эканлар. Баъзи мусулмон ўлкаларига, шу жумладан, бизнинг Мовароуннаҳрга салла ўрамоқлик Хуросондан борганлиги маълум бўладир. Ўғлум Умар Шайх мен билан бирга эди. Тус шаҳрининг одамлари бошларига салла ўраган, сўзлари ҳам арабча бўлганидан таажжуб қилиб: “Бу ер Ҳижозми?” деб мендан сўради. Мен айтдим: “Ҳижозликлар салла ўрашмайди, агар ул ерда салла ўраган бўлсалар, хуросонликдан тақлид бўлади. Қадимдан тортиб хуросонликлар сарпўшт учун салла ўраб одат қилгандурлар. Аммо араб тилида сўзлашлари арабларнинг Хуросондаги тасаллўтларидан ёдгордир”. Дарҳақиқат, Тус умуман араб тилида сўзлашар эди. Фақат хос ва донишманд кишилар форс тилида сўзлашур эдилар. Уларнинг билимли кишилари наздимга келганда, мен форсий ҳам арабий сўзлаганимни кўриб таажжуб қилдилар. Донишмандлар орасида Аъзам (улуғ) лақабли бир имом киши ҳам бор эди. Унинг исмига лойиқ илми ҳам бормукин, деган умид билан илмий баҳс қилишдук. Мен ундан: “Ҳаммамиз, алҳамдулиллаҳ, мусулмондурмиз, намозларимизда сураи “Фотиҳа” ўқиймиз, сиз ҳам ўқисангиз керак?” дедим. Аъзам: “Бу бадиҳиятлардан-ку (очиқ равшан), албатта ўқилади”, деди. Мен давом этиб: “Бу сурадаги Аллоҳи таолонинг сифатларидан бири “Малики йавмиддин”дур, шунинг маъноси нима?” деб сўрадим. Жавоб бердики: “Дин кунининг молики” деганидур”. Мен айтдим: “Мени бир авом сифатида ҳисоблаб, “дин кунининг молики” деганингнинг маъносини шарҳ қилиб бергин”.  Аъзам: “Бу оят сано сураи “алҳамду”да маъноси равшандур, шарҳ ва тафсирга ҳожат йўқ”, деди. Мен яна такрор савол бердим: “Мен унинг маъносини билмайман, менга тафсир қилиб бергин!” Аъзам жим бўлиб қолди. Сўнгра унга айтдим: “Оятдаги “дин” калимаси “жазо маъносини беради. Яъни, Аллоҳи таоло жазо кунининг эгаси, дегани бўлур. Бу жазо кунида ҳар ким аъмолига яраша савоб ёки ъитобга (қийноқ) сазовор бўлади. Жазо кунининг узунлиги ҳам ҳудудсиздур. Офтоб чиқиб ботмас, жазо кунининг вақти Аллоҳ таолога маълумдур, ўзга зот билмас”. Имом менинг сўзларимдан ҳайрон бўлуб: “Эй Амир Темур, бу қадар доноликни қандай касб қилдингиз? Устозингиз нечук маърифатли зот эканки, сизни бу қадар билимли тарбия қилибдур? Эй амир, сиздан рижо қиламан, мени шогирдликка қабул қилсангиз, сизга шогирд бўлиш шарафига ноъил бўлсам”, деди. Мен айтдим: “Мовароуннаҳрда менинг устозларим кўпдур, ҳаммадан улуғ ва қудратлироғи Қуръони Каримдур. Мен Қуръонни ёд олганимда бошқалар каби тиловат қилиб ўтавермадим, ҳар бир оятнинг маъносини билиб, сўнгра иккинчи оятга ўтдим. Мен ҳаётим борича бир марди майдон – уруш кишиси бўлуб ўтурман”. Аъзам афсус қилиб: “Эсиз, менга таълим беришга фурсатингиз йўқ, мен эсам камоли хурсандлик билан шогирдингиз бўлмоқни талаб қилар эдим”, деди.
Менинг Хуросонга келишимда уч нуқта бор эди: бири – Нишопур тасарруфи, иккинчиси – Сабзавор тасарруфи, учунчиси – Бушравия шаҳрини кўрмоқ. Бушравия халқининг аҳли илмлигини, донишмандлари ҳам пешона тери тўкуб маош ўткузиши каби таърифларни илгарироғда зикр этиб эдим. Мен Тус шаҳрида икки ҳафта ўткуздим. Сабзаворни тасарруф қилмоқ учун кўчмоқчи эдим, бироқ ёшлигимдан тортиб шеърларини ўқуб юрган Фирдавсийнинг Тусда дафн этилгани хотирамдан кечди. Унинг вафотида рофъазийлик (мазҳаб) шуҳрати борлиги учун мусулмонларнинг қабристонига кўмдургали қўйишмаганмиш, деб эшитардим. Бу сўзларни таҳқиқ қилмоқ учун унинг қабрини кўрмоқчи бўлдум. Мусулмонлар тарафидан мувофиақат бўлмоғи учун ўз боғига дафн қилган эмишлар, деган сўзларнинг рост-ёлғонини билмак учун Сабзаворга ҳаракат қилишдан илгари Фирдавсийнинг боғини кўргани бордим.
 (Форсий мутаржим изоҳи: “Рофъазий” – яъни шиа. Баъзи ривоятларга қараганда, Фирдавсийни кофирликда айблаганлар. Шуни ҳам айтиб ўтмоқ керакки, Фирдавсийнинг мусулмонлар қабристонига қўйилмаганининг иллати ҳар хил ривоятларга мутаккийдур. У ривоятларнинг ҳаммаси саҳиҳ бўлмаса керак. Қадим одатларга кўра, баъзи кишилар жасадини ўз уйлари, боғларига дафн қилмоқни таржиҳ қилур (истар) эдилар.Фирдавсий ҳам ўз уйига ёки боғига дафн қилмоқларини васият қилган бўлгай).У ерда боғдан ҳеч бир асар кўзумга кўрунмади. Фақат ўтлар кўкариб ётган бир вайрона эди. Ердан бир озгина кўтарилиб турган тупроқ уюмини кўрсатиб “Шул Фирдавсийнинг қабри” дейишди. Вайрон бўлуб ётган қабрни Тус халқи бирорта тош қўйуб белгилаб қўймаганлиги, агарчи рофъазий бўлса ҳам, улуғ шоирнинг қабри бундай матрук (ташлаб қўйилган) ва маҳжур қолиши мени хийла хаёлотга олиб кетди. Дарҳол амр қилдимки, қабрнинг устига тош териб, қабр эканлигини билдириб қўйгайлар. Токи қабр тануғлик бўлуб тургай.
Ҳали харобада эдим, юз-кўзуни чанг босган чопар отдан тушуб менга қараб югуриб келди, қўлтуғудан бир мактуб чиқориб узатди. Мен чопарни танидим: илгаридан тортиб чопарлик қилиб келган истиқоматли одам эди. “Келишинг қаердан? Бетўхтов йўл босдингми?” деб сўрадим. Чопар қисқача қилиб: “Самарқанддан чиққанимдан буён отдан тушмай етиб келдум”, деди. “Номани сенга ким берди?” деб сўрадим. “Шер Баҳодир”, деб жавоб қилди.
Шер Баҳодир мен тарафимдан Самарқандга ҳоким тайинланган киши эди. Номани очиб ўқудум. Номада: “Улуғвор амир Амир Темурга! Оби Сукун орқасида воқеъ бўлган ўлкаларнинг подшоҳи Тўхтамиш деган одам катта бир қўшун тартиб бериб, Мовароуннаҳрни тасарруф қилмоқ қасдида йўлга тушган эмуш. Ўзум унинг муқоваматига ҳозирлик кўрган бўлсам  ҳам, сизнинг бу ерда ҳозир бўлмоғингизнинг таъсири ортуқроқ бўлғай, деб тушунаман. Арзимни қабул қилиб, тезроқ Мовароуннаҳрда бўмоғингизни кутаман”, деб ёзилган эди.
Мен бу вақтгача Тўхтамиш номини эшитмаган эдим.У кимдир? Қайси мамлакат подшоҳи эмиш? Оби Сукун дарёсининг орқасида ўлкалар кўбдур. Уларнинг қайси бирининг ҳокими бўлғай? Инсон ўз кўзи билан кўрмаса, бу ўлка одамларини тахмин билан ажратиб бўлмас.
Чопардан “Тўхтамиш деган ким?” деб сўрадим. Чопар айтди: “Мен ҳам Тўхтамишнинг ким эканини билмасман, аммо сизнинг мамлакатингизни тасарруф қилмоқ қасдида йўлга чиққан эмиш, йўлда ҳам унга тобеъ қўшун, сарбозлар кўрунмади. Мен Самарқанддан чиққанимда унинг қўшунлари пойтахт туфроғига эришмаган эди”, деди.
Шер Баҳодирнинг мактубини ўқуғондан кейин Бушравияга юришни тўхтатдим. Сарбозлардан уч минг нафар яровликларини айириб, ўзум бирга ўша куни Мовароуннаҳрга жўнадим. Қолган аскарлар қўшунга тобе ашёларни йиғиштириб, орқадан етиб боришларини тайин этдим. Мўлжалимча, мен Мовароуннаҳрга борганимдан кейин ижозатда турган аскарларни йиғиб, муназзам (тартиблик) бир қўшун тартиб бергунча, орқада қолганлар ҳам етишуб борар эди.
Йўлда тезлик билан юрдум. Фақат, етак отларни алмаштириб олгунча бир  оз тўхталур эдик. Узоқ йўлларда отларни едуруб-суғормоқ ҳам тажрибалар билан собит бўлган усулда юргизилади. Масалан, тинмай йўл юрган отларни тўйдириб суғормоқ қорнининг оғриб қолишига сабаб бўлади. Ўтлатмоқ учун наволардан (ем бўғазнинг янчиб юмалоғлангани) бир кеча-кундузга икки юмалоғи кифоя қиладур. Ҳар икки-уч кунда отларни яланғочлаб, бирор соат даштга қўйиб берилади. Ҳайвон тупроққа юмалаш билан ҳордиғини чиқарадур. Шу йўсунда Тусдан чиқиб Марвга етиб келдик. Ул ерда “Тўхтамиш қайтибдур”, деб эшитдим. Ва Тўхтамишни Русия жанубида воеъ бўлгон Қрим давлатининг бошлиқ бекларидан эмиш, деб эшитдим. Бир оз отлиқ кишилари билан илғор қилиб Мовароуннаҳрга келгон экан, Шер Баҳодирнинг унинг муқобаласига қўшун тайёрлаб турганини эшитуб, қайтиб кетибдур. Мен ҳудудимга журъат билан лашкар тортиб келиб ҳужум қиладурган кишининг қандоқ бир киши эканлигини билмоқ қасдида бўлсам ҳам, ўша вақтнинг фасли Қримга бормоқ учун мусоид (мос) эмас эди. Русия мамлакати совуқ иқлимдан бўлгани учун қўшун билан Қримга етиб бориб урушни тугатиб қайтгунимча қишнинг шиддати фурсат бермас эди. Шунинг учун Тўхтамишга адаб бермоқни кейинга қўйдум.

 
« Олдинги   Кейинги »