015. Зобилистон Принтер учун E-mailга юбориш
Ўнинчи фасл

Ўғлум Жаҳонгирни бир минг аскар билан лавозимот тайёрлашга юборганимни ёзган эдим. Унинг билан ҳар кун чопарлар орқали алоқалашиб турар эдик. Қаттиқ шамолга учраганимиздан кейинҳеч хабар ололмадим. Шамол тўхтаб, ҳаво очилди эса-да, Жаҳонгирдан келадурғон хабарга мунтазир бўлиб, шу жойда тўхтаб қолдим. Жаҳонгирга қўшуб берилган ерлик одамлар йўлларни билар эдилар ва қайси қишлоқдан озуқа тўплаш имкони борлигини ҳам улар билан эдилар. Маълумки, озуқа тайёрлағувчи дасталар қишлоқ-қишлоққа ёйилиши сабабли бир минг аскарни бир ерда тўплаб туриш ҳам мумкин эмас эди. Менинг бу саҳрода турушимга ҳам озуқамиз етарли эмас, агар озуқа тугаса, уни тўплаш ҳам мумкин эмас эди. Шунинг учун бу ердан жўнаш тўғрисида кенгашдим. Кенгашга иштирок этувчилар бундай деди: “Кечги шамол ўғлунгни ҳам ўз аскарларидан айириб юборган бўлса керак, қум кўчкунлари йўлларни кўмуб юбориши билан булар йўл тополмай, бир-бирларига қовуша олмаётган бўлсалар керак. Фақат, Худоға шукрки, куз фаслининг мўътадил ҳавоси саҳрода йўқолганларнинг тезда ташналик  ғалабаси ила ҳалок бўлишига монеъ бўладур. Биз бу ернинг одамларидан йўл билгувчи кишиларни юборайлук, улар албатта хабар топади ва йўл бошлайди” (Форсий мутаржим изоҳи: Тарихда Нодиршоҳ Афшор ҳам шу саҳрода йўл йўқотганда Табас ҳокими унинг иложини қилиб, саҳрода сувсизлик билан қирилиб кетишидан қутқазган эди. Темурнинг ҳам муқобилида шу таҳлика юз бермоқда эди). Кенгаш қарорига биноан, ерлик одамлардан бирмунчасини Жаҳонгирдан хабар топмоққа йўлладим.

Бу жойда турмоғимиз муттазир бўлгани учун олдимизга қараб юрдик. Бодомушк деган жойга бориб тўхтадик. Бу ернинг номи Бодомушк бўлишининг сабаби, бу минтақада ёввойи бодом дарахтлари кўп экан. Бодом дарахтидан кесилган бир таёқ олиб келдилар. Кўтариб боқсам, оғирликда темир кўтарган каби вазмин эди. Бу қишлоқнинг кичиклиги аскарларимни озуқа билан таъмин қилолмаслиги учун атрофлардан озуқа йиғуб келишга аскар юбордим.
Бир куни икки юз эллик адад туяси бўлган бир карвон келиб тушди. Қофилабошини (карвонбоши) ҳозир қилиб, Жаҳонгир ва унинг аскарларини кўрган-кўрмаганлигини сўрадим. Қофилабоши Язд томонидан келиб турганини  баён қилиб: “Биз Язддан жўнаб ўн икки кеча-кундуз йўл юрдик ва бу ерга етиб келдик. Бу муддат ичида ҳеч кимни кўрмадик”, деди. Мен ундан сўрадим: “Босган йўлларингизда ободлик, сув оқиб турган ерлар ҳам борми?” Қофилабоши жавоб берди: “Ўн икки кун илгари, Язддан чиқиб олти тош юрганда, туяларимиз сув ичган эди. Йўлда на сув бор, на ободлик бор, ҳатто ўт ёқиб исиниш учун бир туп шувоғ ҳам топилмайди. Агар қиш кунларида бир киши бу йўлга юрса, совуқдан ўлади. Чунки шу олтмиш тошлик масофада бирорта дарахт ва ё бирор тикан шохчасини топиб бўлмайди. Аллоҳ таоло ер юзида бу саҳродан қуруғ яна бир дашт яратмаган бўлғай”.
Мен қофилабошининг сўзидан ҳайратланиб, сўрадим: “Ундоғ бўлса, сизлар бу биёбонни кечмак учун нимага журъат қилдингизлар?” Қофилабоши жавобида: “Бу ердан баҳор ва куз фаслларида юриш мумкундир. Чунки туялар ўн-ўнбеш кун ташналикка чидайди, бу икки фаслдан бошқа вақтларда бу биёбонға қадам қўймоқнинг ўлим хатари бордур”, деди. Мен яна савол қилдим: “Хўб, сизлар шу ўн икки кунлик сафарда туяларга нима едирдингизлар?” Қофилабоши айтди: “Биз Язддан жўнашда қуруқ беда олдик, чунки қуруқ беда туяларга ташналик келтурмайди. Навола олсак, туяларни сувсатиб қўяр эди”.
Олинган маълумотлардан билиндики, бу саҳродан ўтиб Кермоншоҳга, Яздга бормоғимиз мумкин эмас эди.Чунки олтмиш тошлик чўлдан қўшун юргузмак имкони йўқдур. Гарчи баҳор, куз фаслида туялар ўтмоғи мумкин бўлса ҳам, отлиқнинг ҳар қандай фаслда ўтишга имкони йўқдур. Тажрибадан шу натижа чиқдики, Кермон, Язд, Форсга ҳамла қилиш учун шимол йўли ноқобулдур. магар ғарб йўлидан Рай, Исфаҳон орқали Кермон, Язд, Форсга ҳамла қилмоқ қулай бўлишини пайқадим.
Биз ҳамон Бодомушкда эдук. Язд карвони ҳам ики кун туриб жўнаб кетди. Жаҳонгирнинг орқасидан юборилган одамлардан ҳам хабар келмади. Яна икки кун ўтиб, бир туячи карвон келди. Карвончи туяларни саҳрога қўйуб юборгандан кейин тошдан ўчоқ қилиб ўт ёқди. Ўтнинг тутуни тугаши билан ўт устига катта бир тоғорани қўйуб, саночдаги ёғдан тахминан Самарқанд ўлчовида ярим манни тоғорага қуйди ва бир оз кўшкни (Кўшк – ҳарисаҳ (ҳалм) форсий мутаржим бу изоҳни инглиз қомусидан олган) сувга чайиб, ёғи билан аралаштирди. Ёғ билан ҳарисаҳ қайнагандан кейин бир миқдор патир нонни тўғраб юбориб, емакка бошладилар. Ота-ўғилдан ташкил топган бу қофила етти киши эди. Уларнинг қад-қоматларига, олаётган луқмаларни оғизга сиғдириб ютушларига таажжубланиб, уларга яқин бориб, оталари бўлмиш оқсоқол одамдан қайси ердан бўлишларини сўрадим. Зобилистондан бўлишларини билдирдилар. Мен: “Рустамнинг шаҳриданми?” дедим. Чол: “Балли”, деб ёғлиқ қўли билан ўғилларининг орқасига уриб туриб: “Буларнинг ҳар бири Рустам”, деди. Уларнинг бўйлари узунлигидан туянинг ёнида турса туянинг ўркачи билан баробар турар эди. Туяни чўктурмасдан юк ортар, бир киши бир той юкни кўтариб туянинг жағозига қўйуб боғлар эди.
Мен чол кишидан нима учун туяларни чўктуриб юк ортмаслиги сабабини сўрадим. “Туялар нозик табиатли бўлади, бу жониворларни чўктуриб юк ортадиган бўлсак, ўрнидан тургунча озор етиб қолади”, деб муаммо қилди. Тўғриси, буларнинг бўйлари баландлиги билан билакларининг қуввати туяларни чўктиришга ҳожат туширмас эди. Мен Фирдавсий “Шоҳнома”сининг улуғ паҳлавони Рустамга ҳамшаҳар эканликлари юзасидан, улар жўнаб кетадурғон вақтда, чолдан: “Зобилистонликларнинг ҳаммаси баланд қомат бўладими?” деб сўрадим. Чол жавоб берди: “Зобилистонликларнинг ҳаммаси биз каби бўлади. Эрон мамлакатининг эр кишиларидурлар”. Чол жавобидаги “Эрон” сўзини Фирдавсийдан ўрганганлигига тушундим, чунки Хуросонга кирганимдан бери “Эрон” номини ҳеч кимдан эшитмаган эдим. Чол ва ўғилларининг кўрунишидан завқланганим учун Қойинга борганимдан кейин Зобилистонга бориб, булардан бир муназзам сипоҳ тузмоқни қасд қилдим.
Мен Бодомушкда ўн кун туруб қолдим. Жаҳонгирни излатиб юборган кишиларим уни етмиш икки кишиси билан оч, ташна, ориғлаган ҳолда олиб келди. Аҳвол шундай билиндики, шамол бошланишида ҳаммалари бир жойда эканлар, бир кеча-кундуз давом этган шиддатли шамол ичида ким қаерга кетганини забт (идора) этиб бўлмабдур. Қоронғулуқда нима ўтган, нима кетгани маълум эмас. Офтоб чиққандан кейин излардан асар топишолмабдур. Кўчма қумлар йўлларни буткул ўзгартиб ташлагани учун бизни шимол тарафда деб эътиқод қилишдан бошқа иршодлари қолмабдур. Йўлни кўруб келишга йўллаган одамлари ҳам бедарак кетган, отнинг туёғларидан ҳосил бўлган излар тезликда йўқолиб кетиши сабабли уларни излаб-топиб ҳам  бўлмаган. “Фақат фаслнинг куз бўлиши натижасида ташналик ҳалокати учратмаган бўлса ҳам, очлик, ҳорғинликдан битиш ҳолига етканимизда йўл биладурғон кишиларимиз учраб, олишиб келди”, деган сўзлари ҳаммамизга ибрат, дарс бўлди.
Хулоса шулки, ҳар қачон бир қўшун, эрон регистонидан (эрон қумлиги) кечмоқчи бўлганда, бутун эҳтиёт чоралари учун йўлларга найза каби яғочларни суқуб қўйиши лозим. Тўфон шамоли бошланиши билан турган жойида тўхташ лозим, мумкин қадар сув бор, озуқа бор йўлдан чиқмаган яхшидур. Бу шартларга эҳмол (бепарволик) қилғувчилар ўзини ва қўшунни барбод қиладур. Шамолдан йўқолган аскарларнинг Бодомушкка келишлари эҳтимоли бўлса ҳам, мен бу ерда узоқ туришни лозим кўрмадим. Қойинга қараб йўлга тушдим.
Қойин амири ёшонғон – қари одам эди. Беш тош йўлга қадар истиқболимга чиқди. Узоқдан мени кўриши билан отидан тушуб пиёда юруб келди ва узангумни ўпмоққа ҳаракат қилди. Мен уни манъ қилдим ва ўз отига миниб олмоғига амр қилдим. У одам менга: “Эй амир, мен сизни кўрмоққа муштоқ эдим, Аллоҳ таоло дийдорингизни кўрмоққа муяссар қилғони учун кўп мамнун бўлдум”, деди.
Қойинга борганимиздан кейин ўз уйига тушурди, фотиҳадан кейин ходимлари мис лаганда тўла олтун маскукотларини (олтиндан зарб қилинган) олиб келиб олдимга қўйди ва: “Муборак мақдамингизга пешкашимиздур”, деди. Мен унга: “Молларингизга тамаъим йўқ, фақат, бу ерга келмоғимнинг сабаби – Хуросон умаролари менга итоатдами итоатдами-йўқми, шуни билмоқ учун келганман”, дедим.
Уй соҳиби амир: “Мен сизга мутеъ ва фармонбардордурман, улуғлигингизга қойилдурман. Ҳар нима амр қилсангиз, итоат қиламан”, деди. Бу суҳбат орасида ўзумнинг Зобилистонга бориш ниятим борлигини ҳам билдирдим. Соҳибихона айтди: “Агар Зобилистонга бориш қасдингиз бўлса, сафарга муносиб бир фаслни ихтиёр қилмоғингиз лозимдур. Ҳозир эса, Зобилистонга етиб боргунингизча қиш кириб қолади. Қайтиб келишда сарбозларингиз қум саҳросида қийналади. Чунки регистон (қум, саҳро) ёзда қанча иссиқ бўлса, қишда шунча совуқ бўлади. Йўлларда бирор юрт ёки ободлик жой йўқдирки, истироҳат қилинғай ва ёки бир неча кун турулғай”.
Мен Зобилистон дарвозасига етган жойимда у ўлкани кўрмай қайтмас эдим. Фирдавсий менинг вужудимга буни талқин қилғондур, хусусан Бодомушкдаги кекса одам билан ўғулларини кўрганимдан кейин ва унинг оғзидан “Эрон” исмини эшитганимда, ушбу таъриф қилинғон ерни кўрмакга мустаҳкам алоқалик бўлиб қолғон эдим. (Форсий мутаржим изоҳи: Ватанимиз қадим вақтларда ҳар ноҳияда ўзига махсус ном билан мустақил эди. Араблар ҳумласи билан ўртадан кўтарилиб кетган “Эрон” номини Фирдавсий иҳё қилди (тирилтирди).Шундай бўлса ҳам, Фирдавсийдан олти аср ўтиб, авомлар у ёқда турсун, хослар ҳам “Эрон” исмини эслаб ўтмадилар.)
Қўшунни Жаҳонгир қўмондонлиги остида Қойинга қўйуб, ўзум уч минг отлиқ билан Зобилистонга қараб йўл олдим. Бу уч минг отлиқ киши урушлар учун кифоя қилур эди, шунинг учун бу кичик қўшун билан Зобилистонга бориб қайтмоғимнинг имкони бор эди. Қойин амири йўл биладурғон тўрт кишини менга қўшуб:  “Бу одамлар регистонни яхши билади. Сизни бу поёнсиз саҳродан хатарсиз ўткузуб, Зобилистонга еткузадурлар,-деди.- Баъзи вақтларда Шарқ Қойин йўли билан Зобилистон атрофидаги карвонларни босқувчи ўғрилар тўдаси бўлади, булар албатта қўшунлик одамга дахл қилолмайди”, деб қўшумча қилиб, видолашди.
Қойиндан жўнаганимда ҳаво совуқ бўлуб қолган эди. Зобилистонга тезроқ етиб олмоқ учун аскарча йўл босмоқда эдим, сарбозларим ҳам бу хилда юрушга одатланиб қолғонларидан, бу каби тез юрушдан шикоят қилмас эдилар. Фақат, йўл бошлағувчиларимиз: “Урушга бормагандан кейин, саёҳат тариқасида юраверсак ҳам бўлур эди-ку”, деб шикоятланар эдилар.
Бир куни пешиндан илгарироқ, шарқдан бир тоғ кўрунди. Йўлбошчиларимиз:”Бу тоғни “Сиёҳкўҳ” (Қора тоғ) дейдурлар”, деб билдурди. Дарҳол хотиримга Фирдавсийнинг шеърларида таъриф этилган “Сиёҳкўҳ” келди ва бу ер Зобилистоннинг ибтидоси эканлигини хотирладим. Сиёҳкўҳдан ўтганимиздан кейин ҳаво исимоққа бошлади, кечалари эса осмондан ўтаётган ўрдакларнинг товушлари эшитилар эди. Йўл бошлағучилардан сўрадим: “Яқин орада ўрдак тушадурғон кўл ҳам борму?” Улар жавоб берди: “Зобилистонда Хомун деган дарё бор (Мутаржим Учқун изоҳи: Ҳозирги кунда Хилманд деб аталади. Кандаҳор билан Фарохсач ўртасида Буст қалъаси остидан ўтади, ҳозир Сийистон дейдурлар)”. Биз илгари борганча ободликка кириб борар, ҳаво ҳам иссиқлашиб борар эди. Ҳавонинг вазиятидан, Зобилистон гармсер (Мутаржим Учқун изоҳи: хатти устувога (экваторга) тўғри келган манотиқ хорраларни (иссиқ минтақаларни)”гармсер” деб айтиладур) бир минтақа маълум бўлур эди. Албатта, гармсер минтақаларида қиш фасли иссиқ бўлуб ўтади.
Бир куни Хомун дарёси ўзининг кенглги билан кўзга кўрунуб қолди. Кенглигидан дарёнинг нарига қатини кўруб бўлмас эди. Дарёнинг этаклари кўз еткунча ёйлоқ бўлуб, бу ёйлоқларда  катта қорамол – шохлари баланд хўкузлар ўтлаб юрар эди. Дарё юзида эса, бодбонлар (чодирлик кемалар), қайиқчалар ҳаракатда эди.
Баъзи кемалардан баланд овозлар эшитилар эди. Буни йўл бошлайдурғонлар, “сувчиларнинг овози”, деб таъриф қилди. Улар қайиқда, кемада туруб, дарёнинг нариги четидаги ҳамкасблари билан бемалол сўзлашар эди. Сувчиларнинг бу овози Фирдавсий таъриф қилган  Рустамнинг наърасини хотирлатар, ўзимча Рустам наърасини эшитиб турган каби завқланар эдим.
Мен Хомун дарёсининг кинорида тўхтаб туриб, бир кишини Зобилистон амирига элчи қилиб юбориб, унинг воситаси ила, бу ерга уруш учун эмас, балки сайр тафриҳ (саёҳат) учун келганлигимни билдирдим.
Ўша кунларда Зобилистон амири Гаршосиб исмли юз ёшга кирган бир одам эди. Элчиларимга берган жавобида: “Агар уруш қасдида бўлмаса, меҳмон бўлиб келган бўлса, қадами муборак бўлсин. Мабодо урушмоқчи бўлсалар, бизлар урушга ҳам ҳозирдурмиз”, дебдур. Мен  уруш ниятида эмаслигимни билдирмоқ учун Гаршосибга ҳадялар йўлладим.
Зобилистонни кўриш иштиёқида турган вақтимда, Зобилистон амири истиқболимга келганидан хабар бердилар. Чиқиб кўрдум: бирмунча ҳўкуз минган баланд қоматли одамлар от чопгандек чоптириб келмоқда эдилар. Кўринишда бошқалардан мартабаси баландлиги билиниб турган оқ соқоллик киши ҳўкуздан тушиши билан орқасидаги аскарлари ҳам ҳўкузлардан тушуб, пиёда бўлуб келар экан, боёғи қари одам қўлларини қошининг устига қўйуб, атрофга қараган ҳолда нидо қилди: “Мен Гўдарз набираларидан Зобилистон амири Гаршосиб бўламан. Амир Темур кимдур?” Мен ҳам бир неча қадам илгари бориб: “Эй Зобилистон амири, мен фақатгина мамлакатингни кўргани келдим”, деб  хотиржамлик ила кўрушдим. Зобилистон амири: “Қадаминг муборак бўлсун, мен сени ўз уйимга олиб кетай, деб келдим”, деди. Мен айтдим: “Бизлар уч минг кишидурмиз, бу қадар одам билан уйингга бориб, сенга заҳмат бермайлик”. Чол амир айтди: “Аскарларинг ҳаммаси менга уч кун меҳмондур. Улар ўрдугоҳда қолсунлар, ўзингни уйга олиб кетаман”.
Гаршосиб билан бирга келган одамларнинг баланд қоматлигини кўрган сарбозларим буларни “Девзод” деб гумон қилур эдилар. Ҳаммалари узун кийим кийган, либосларининг бир тарафини чап елкаларига ташлаб олганларидан фарқ этилмаса ҳам, баъзилари оқсоқол, мош-гуруч соқол, қора соқоллари билан фарқ этилар эди.
Гаршосиб ҳўкузига миниши билан одамлари ҳам ҳўкузларига миниб, жўнашга ҳозир бўлганларидан кейин мен ҳам бир неча киши билан отланиб, биргалашиб йўлга тушдук ва Хомун дарёсининг қирғоғи билан юруб, шаҳарга мутаважиҳ бўлдук (юзландик). Йўл устида баланд қоматли, узун соқол, либосининг бир тарафини елкасига солиб олган одамларга учрар эдик. Уларнинг баъзилари деҳқончиликларига машғул, баъзилари ҳўкуз миниб кетиб турган ҳолда кўрунур эдилар. Йўлимизнинг ҳар тарафи экинзор эди, уларнинг таърифларича, Зобилистон ери сермаҳсул эмиш, бир йилда уч қатла маҳсул олиш имкони бор экан. Халқ икки марра ҳосил олишга қаноат қилур экан. Баъзилари бир дафъа маҳсул олиш билан иқтифо қилур экан.
Шаҳарга кирдим. Шаҳар ҳам кенг шаҳар эди. Бозорда Ҳиндустон молларига кўзум тушди. Маълум бўлдики, бу шаҳарнинг Ҳиндустон билан тижорий алоқалари яхши экан. Гаршосиб менинг хурсандлигимни ҳисобга олиб, шаҳар тошига бир қалъага олиб борди. Қалъа харобага айланиб қолғон эди. Зобилистон амири: “Рустам шу қалъада дунёга келгандур”, деди ва орадан бир минг беш юз йил ўтганлигини тахминлади. Ундан кейин бир тоққа олиб бориб: “Рустам кичиклигида шу тоғнинг устига чиқиб, бургут қушларни ўйнар эди. Ҳозир қиш вақти бўлуб қолгони учун бургут йўқ, ёз фаслларида бургут қуши кўп бўлади”, деди. Менинг Фирдавсий шеърларига ошно эканлигимни билган амир, баъзи жойларга борганда, муносабатига қараб, Фирдавсий шеърларидан ўқур эди. Фирдавсий ашъорида паҳлавонни, яъни, Рустмни зикр этган бўлса, мен юзлаб паҳлавони Рустамнамоларни кўрдум. Амир Гаршосиб менга кема билан дарё юзини томоша қилдурди. Сўз орасида айтди: “Бу дарё Рустам замонасида бундан ҳам кенг эди, йиллар ўтиши билан дарё кичиклашиб бормоқда, балки келгусида бундан ҳам кичиклашиб, набираларимга етиб борганда дарё исми йўқолиб кетармукин деб андиша қиламан” (Мутаржим Учқун изоҳи: Воқеъан, ҳозирги Хомун дарёси Амир Темур кўрганининг ўндан бирича ҳам қолмагандур. Мен 1356 ҳижрийда кўрганимда, дарёнинг қирғоқлари тўқайга айланиб кетганидан у ёндан бу ённи кўриш имкони ҳам йўқолган эди).
Қўшуним Қойинда қолгани учун, Зобилистондан қайтмоғим лозим эди. Жўнашимдан бир оз аввал Амир Гаршосибга Зобилистон халқидан сипоҳ ташкил қилиш фикримни баён қилдим. Амир жавобида бундай деди: “Эй амир, сен менинг меҳмонимдурсан, меҳмоннинг тилак-орзусини ижоб этмак вожиб эса-да, шу талагингни қабул қилолмайман, нимага деганда, Зобилистон халқи ажнабий қўшунида хизмат қилишга одатланмагандур. Шунинг учун талабингни буларга айтсам ҳам, унамайдурлар. Рустамнинг вақтидан тортиб, булар ажнабий қўшунига хизмат қилмоқдан ибо қилуб келадурлар, магар Эрон мамлакати қўшунида бўлмоққа қарши эмасдурлар”.
Зобилистондан жўнашимда амир ўн адад ҳўкуз билан бир даста урушга махсус кийимлардан мағфар, зара (совут) ва соқ (тиззанинг пастига кийиладиган темир кийим) бандларни менга ҳадя қилди. Алҳолғача ўша кийимлардан истифода қилолмадим.  Чунки уларнинг бўйига лойиқ қилиб ишланган ашёлар бизларнинг қоматларимизга баробар келмас эди.
Видо асносинда амири Зобилистон айтди: “Эй амир, менинг ёшим улғайгандур, сен билан яна қайтиб кўришолмасам керак, ҳатимда сенга васият қиламан: менинг халқим билан доимий ҳолда дўстлик билан ҳаёт кечиришга ҳаракат қилсангизлар”. Фурсатни қочурмасдан ундан сўрадим: “Кунлардан бир кун сизлардан ёрдам сўрасам, мен билан ёрдамлашасизларми?” Жавоб бердики: “Мен сенга дўстлик қўлини узатаман. Аммо сенинг душманинг билан урушар эканмиз, унинг кимлигини билмоғимиз зарурдир. Агар сен урушадурғон тараф бизга душманликда бўлса, албатта урушаверамиз. Мабодо бизнинг дўстларимиздан бўлса, ёрдамлаша олмаймиз”.
Қиш ойи бошланиб қолғони учун тезда Рустамнинг юртини тарк этиб, Қойинга жўнадим. Қора тоғдан ўтганимиздан кейин совуқ шиддатланиб бошлади, шу қадар совуқ бўлдики, ҳаётимиз таҳлика остига кирди. Кечалари шувоғ топиб исиниб турган кунларимизда қор ёғиб қолди. Қум саҳроси оппоқ қорга айланди. Йўлчиларимизнинг маҳорати зиёдалиги сабабли йўлни йўқотмадук, фақат, совуқнинг шиддатидан кўп ранж тортдук.

 
« Олдинги   Кейинги »