016. Исфаҳон уруши Принтер учун E-mailга юбориш
Ўн биринчи фасл

Қиш ойида Мовароуннаҳрга қайтмоғни қарор қилдим. Юклардан оғир нарсаларни, масалан, мутаҳаррақ (кўчма) масжидимни, қўшунга қарашли оғир ашёларни Хуросонга ташлаб кетиб, лозим бўлганда шу ердан олмоқчи бўлдум. Қўшун лавозимотининг ҳозирлиги учун ўғлим Жаҳонгирни илгари йўлга солдим. Бу дафъадаги лавозимотларга ўтун ҳозирлаш ҳам қўшилур эди. Йўлимиз Тус шаҳрининг йигирма беш тошлик йўлиғача қулай бўлди. Аммо Канобадан (Канобод) ўтганимиздан кейин тоғлиқ минтақаларга кирганимиз боис йўл оғирлашиб келмоқда эди. Совуққа қолмаслик учун Тусда турмадим. Қучонга борганимиздан кейин совуқнинг зўрлигидан ўн беш кун туриб қолдим. Чунки қўшунни Қучоннинг шимолидаги тоғ минтақасидан ўткузуш тамомийла ҳалокага учраш демак эди.

Қучон минтақаси кичик бўлганидан катта қўшуннинг узоғ турушини тахмил қилолмас эди. Масалан, икки дона тухумнинг қиймати икки дирхамга чиқди. Буни кўрган ерликлар менга мурожаат қилиб айтди: “Агар қўшунингизни шу ерда сақлагудек бўлсангиз, ерлик халқ очликдан қирилибгина қолмай, қўшунларингиз ҳам ҳалок бўладур”, дедилар.
Ўтган ўн беш кундан кейин ҳаво ҳам бир оз юмшади, шимолий тоғ минтақасидан ўтуб, Туркистон жилғасига тушдук. У ердан Самарқандга борғунча ёзишга лойиқ воқеа юз бермади. Самарқандга борганимдан кейин менга нисбатан кўп аламлик нохуш хабар эшитдим.
Ўқувчиларимга таниш бўлган, менга икки қўллаб қилич уришни таълим берган устозим Самар Тархоннинг вафотидан хабар беришди. Бу хабарни эшитиб, кўп афсусландим, чунки унинг менинг зиммамда улуғ ҳаққи бор эдики, ҳар жойда, хусусан Тўхтамишнинг урушида ўнг қўлим оғир ярадор бўлди, шунда чап қўлим билан урушни давом эттирдим. Агар чап қўлни истеъмол қилолмаган бўлсам, ўша урушда ўлдурилган бўлур эдим. Урушдан кейин мажруҳ қўлим тузалди эса-да, қилич ишлатишга ярагондек қалам тутишга ярамайди. Шундан буён ўнг қўл билан хат ёзолмайман.
Самарқандда Ҳакими илоҳий (ҳакимуллоҳ) деб шуҳратланган Садриддин Исфаҳонийдан бир хат олдим. Мен Сабзаворга кетмасдан туриб ундан: “Ҳаётдаги инсон ўз феълида мажбурми ёки мухторми?” деб сўраб, бир мактуб юборган эдим. Бу хат ўша мактубимнинг жавоби эди.
Бу мавзу аҳамиятли масалалардан биридурки, уламою ҳукамолар ўртасида ҳануз ҳал бўлмаган масалалардан ҳисобланади. Садриддин Исфаҳоний Қуръоннинг “Оли Имрон” ва “Аҳзоб” сураларидан бир неча оятни зикр қилиб, бу оятларга қараганда, инсон ўз ҳаётида мухтордур. Аммо мухториятнинг ўзига яраша ҳудуди бор, ўша ҳудуддан тажовуз қилмаслиги лозим, дебдур. Бу жавобдан билдимки, бу кишида Қуръон оятларини дақиқ тушунмоқ маҳорати йўқ экан, бирмунча янглишлиғи кўрунар эди. Бу қадар шуҳратли уламога лозим эдики, оятларнинг маъносига таҳсил қилган илми зарияси-ла тушунмоғи лозим эди.
Менинг билишимча (ақидамча), туғулмоқ, ўлмоқдн бошқа, инсон ўз ҳаётида мухтордур, хоҳлаганини қилиб биладур. Баъзилар пеш қиладурларки, “Бахтиқаролик билан ҳаёт кечирмоққа халқ қилинғонмиз”, деб иштибоҳ қиладур. Уларнинг бахтсизликлари беҳимматликларидан ҳосил бўлгандур. Ҳар кимнинг ҳиммати йўқ бўлса, бадбахтдур. Садриддин Исфаҳонийнинг мактубига жавоб ёздим. Фақат, “Келар йили Тусга келиб истиқомат қилғил, агар Тусда туришни хоҳламасанг, Самарқандга келгил”, деб қўйдим. Тус ёки Самарқандда умр кечирмоғи сабабини билдирмадим. Чунки мен Хуросон минтақасини комил тасарруф қилғонидан кейин Ироқ ўлкаларини ўз тасарруфимга олмоқ қасдида эдим (Форсий мутаржим изоҳи: Ироқдан мақсад -  Эрон ўртасидаги минтақаларга айтиладур. Илгари замонларда Эроннинг марказий минтақалари “Ироқ” деб аталур эди. Ҳанузгача Мозандорон, Гилон қишлоқлари, Теҳрон, Кошон, Исфаҳонда турғувчиларни “ироқий” деб хитоб қиладурлар).
Мен Исфаҳонни Ироқнинг қадим шаҳарларидан деб эшитиб, бу шаҳар ҳақида баъзи нарсалар ҳам англағоним учун бу шаҳарни бориб кўрмоққа қизиқар эдим. Ўтган сафаримда Хуросондан Мовароуннаҳрга қайтиб кетмоғимнинг сабаби ҳам 780-инчи йили баҳориғача Ироққа юришга тайёргарлик кўриш учун эди. Бу сирни ҳеч кимга билдирмас эдим. Шу билан бирга, Исфаҳонга борганимдан кейин Форсга бориш-бормаслик тўғрисида бир қарорга келмаган эдим. Лекин Форс султони султон Мансур Музаффарийни яхшигина жазолаш қасдим ҳам йўқ эмас эди (Форс тарихларида бу одамнинг номи “шоҳ Мансур Музаффарий” деб аталадур). Султон Мансур билан орамизда бир ихтилоф бор эди, унинг шарҳи бундайдур:
Хуросонга иккинчи сафаримда у ўлкага дохил бўлиш билан сиҳатимда ўзгариш пайдо бўлди. Табибим, бу касалликни ҳавонинг иссиғлигидан ҳосил бўлган, деб лимун суви билан бунинг дафъига чора қўлланмоқни мувофиқ топди. “Хуросонда лимун суви йўқ бўлгани учун, Султон Мансурга илтимос қилсангиз, илдамроқ келадурғон тариқа билан бир оз миқдор лимун суви юбориб берса”, дедилар. Бундай илтимос менинг шаънимга ярашмаса ҳам, дўстлик ниятида эканлигимни изҳор қилмоқ учун унга бир нома ёздим. Мазмунида, менга ориз бўлган хасталикка табиблар лимун муваффақ топишдилар, шунинг учун илдамроқ келувчилар воситаси билан бир оз лимун суви юборсангиз, деб яна илова қилдимки, агар касал бўлмаганимда, сизни таклифга солмас эдим, бу тилагимга ижобат қилгудек бўлсангиз, дўстлигингиз учун миннатдорман, дедим.
Султон Мансур Музаффарий берган жавобининг бошдан-оёғи сарзаниш ва носазо сўзлардан иборат эди. Номасининг муқаддимасида бундай деб бошлайди: “Менинг боргоҳим атторлик дўкони эмасдурки, мендан форс лимунининг сувини сўрайсан, шунингдек, мен лимун суви сотадургон дўкондор ҳам эмасдурман. Сен Чингис авлодиданман, деб мени таҳқир қилмоқчи бўлдингми? Сенга тушунтириб қўяй: аждодинг Чингис форс подшоҳига ихонат қилолган эмас, унга қараганда сен чумолича ҳам эмассан”. Хатида давом этиб, яна буларни ёзган: “Мен агар лимун суви сотадурғон аттор бўлсам, форс лимунининг суви сенинг дардингга даво бўладурғонлигини билсам, юбормайман, токи шу мараз билан ўлгайсан, шу билан дунёда Чингис авлодининг вужуди қолмағай”.
Бу хат мени ғазаблантирди, билдимки, султон Мансур Музаффарий нодон, мағрур киши экан. Оқил бўлганда, жавобномани бундай ёзмас эди. Ўша соатдаёқ султон Мансурнинг бурнини ерга ишқаламоққа қарор бердим (Форсий мутаржим изоҳи: Инсон гоҳи вақтларда кичик бир сабаб билан улуғ тарих ҳодисаларининг вужудга келишига сабаб бўлиб қоладур. Фақат бир неча шиша ва ёки бир неча кўзада бўлсин, форс лимунининг суви Султон Музаффарий сулоласининг (Ал-Музаффар ҳам дерлар) инқирозига сабаб бўлди).
Илгари айтиб ўтганимдек, бир катта қўшунни Эрон регистонидан ўтказиш мумкин бўлмагани учун, Ироқни олмай туриб, Форсга боролмас эдим. Олдинда Ироқнинг жанбида Язд, Кермондан ўтсам, Форсга етолғай эдим. 780-инчи йили баҳор ойида бир юз йигирма минг аскар билан жўнаб Хуросонга бордим. Қўшунни қирқ минглик бўлакларга тақсим қилиб, икки бўлакни икки ўғлумга топшурдим. Қолғони ўз аҳдимда қолди.
Тусдан Райга қараб кетган кенгри йўлни тутдим. Ҳеч монеъликка учрамасдан Райга бордум. Райни бир хароба ҳолда кўрдум. Аслида, Рай шаҳри катта бир шаҳар бўлуб, тоғ этагида воқеъ бўлгандур. Тоғнинг бир бошини Шамирон дер эдилар, яна бир бошини Канд тоғи дер эдилар. Бу шаҳарнинг нуфуси Нишопурдан кўпроқ эди. Шамирон, Канд тоғларидан кориз қазиб келтурулган сув шаҳарни таъмин қилар эди. Бу улуғ шаҳар икки йил аввал ярим кечада бир неча дақиқа давом этган шиддатли зилзила билан хароб бўлуб, шаҳардан асар қолмағондур, зилзиладан қутулуб қолғонлар бўлса, қишлоқларга жойлашган, зилзиладан кейин шаҳар ва қишлоқ одамлари инқослар остида қолғон ашёларни кавлаб топиш орқали бой-бадавлат ҳам бўлиб қолғонлар. Гумон қилдимки, бу атрофдаги одамлар энди шаҳар кавлашни сунъат (ҳунар) қилиб олиб бошқа сунъатлардан маҳрум қолсалар керак, деб.
Бу ерда тўхтамасдан, Исфаҳонга қараб давом этдим. Миср демак каби маънода бўлган Қум шаҳридан ўтиш билан Исфаҳонга яқинлашиб қолғонимиз учун қўшун ҳаракатини уруш вазиятига айлантириб, оралиқлари беш тошдан фосила (оралиқ) қўйилғон олдинғи талояларни илгари жўнатдим. Булар йўлнинг икки тарафларини ҳам текшириб юришлари лозим эди. Рай шаҳрига кирган кунимдан бошлаб исфаҳон йўлуни тўсуб қўйдум. Қўшун хабарини еткузушларидан эҳтиётда бўлдим. Душманнинг ғафлатда қолмоғини истар эдим. Исфаҳондан ўн тош берида Мурча деган ерга бориб тўхтадим. Олдингилардан хабар келдики, исфаҳонликлар мудофаа учун ҳозирликка тушубдур. Мен уларни ҳар қанча ғафлатда қолдурмоқчи бўлсам ҳам, улар хабар топубдур, шаҳарни боғлабдурлар. Булар қандай хабардор бўлгани ҳақинда ўйлардим. Садриддин Исфаҳонийдан хабар топармикин, десам, унга ёзган хатим мубҳам эди. Ҳар ҳолда, қайси  тариқа билан бўлса-бўлсин хабар топиб, қалъани банд қилибдурлар. Мурчадан бошлаб, ерлик халқлардан Исфаҳон тўғрисида маълумот олмоққа урундим.
Маълум бўлишича, Исфаҳон шаҳрининг ўртасидан Зоянда исминда бир дарё ўтармиш. У дарёнинг сарҳади йўлим устида бўлмагандек Исфаҳонга яқин борганимда, дарё шарқ томонга оқиб биёбонга қараб кетармиш. Бу дарёни мадхул ва махражи (кирадиган ва чиқадиган жойи) Исфаҳонга кириш учун яхши бир йўл бўлур эди. Фақат мен Исфаҳоннинг шимол томонидан бормоқда эдим. Мен ўшал йўл билан Исфаҳонга кириш тариқасини ўйлаб қолдим. Сада деган жойга бордим. Обод жой экан. Олдинги хабарчиларга буюрдимки, шаҳар ташқарисида қўшун борми, йўқми? Шаҳар ва қалъа тўғрисидаги хабарларни аниқлаб туриш зарурлигини уқтурдим. Биринчи дафъа келган хабарда шаҳар ташқарисида қўшун йўқ эканлиги аниқланди. Исфаҳон қалъасининг узунлиғи етти ярим тош эмуш; бир юз эллик газ масофада қоровулхона (бўрж) қилинган эмиш (жаъми уч юз адад бўрж қилингани маълум бўлди); қалъа устида бемалол аробалар юролгудек кенгликда қурулгон, муффачиларга етарлик тош ва бошқа заҳираларни еткузиш имконлари яхшигина кўруб чиқилган эди. Шаҳар қалъасининг ташқарисида яна бир кичик хисор ҳам ясаган эканлар. Бу ҳолда нақб кавлаш ишларининг ҳандаси тақдирини бир оз ўзгартиш керак бўлур эди. Кавланган нақб кичик хисорнинг ичидан чиқиб қолмаслигидан сақланиш учун нақбни узоғдан бошлашга мажбур қилар эди ёки кичик хисорни тасарруф қилгандан кейин шаҳар хисорига яқин ердан нақб қазмоққа уруниш мумкин бўлур эди.
Исфаҳон шаҳрига кирган сувларнинг ташқарига чиқиш маржаъси борлиги учун сув оқинидан фойдаланишни ҳам ўйлаб кўрдим. Натижа кўрунмади. Фақат мени андишага солиб турган нарса -  хисорни етти ярим тош (ҳозирги ўлчовда 29 км.) узунликда бўлиши устига уч юз қоровулхона ҳам бўлиши эди. Бундай катта қалъанинг фатҳи учун ҳужумчи қўшунларни шошуриб қўядургон нуқталарни ўйлаш лозим эди. Масалан: қўшуннинг мутлақо қалъани ўраб туриши учун тарқатиб бўлмайди, бундай ҳол қўшунни заифлатади. Мудофаачилар қайси бир жойда бўлсин муҳосарани бузиб ташқарига чиқиб ҳамла қилмоқларига имкон туғилади. Шу боис шаҳардан ташқарига чиқадурғон кучларни кўз остида тутиш учун ва мудофаачилар вақт топиб ҳамла қилиб қолмаслиги учун қўшунни шаҳар атрофидаги муҳим жойларга ўрнаштирдим.
Фасл баҳор мавсуми бўлганидан Самарқандда Жайҳун туғён қилғони каби Зоянда дарёсида ҳам сув улғайган эди. Шунинг учун қўшунни сув йўли билан шаҳарга киргузмак ҳам мумкин эмас эди (Форсий мутаржим изоҳи: амир Темурнинг сўзига қараганда, ўша вақтда Зоянда дарёси шаҳарнинг ўртасидан ўтар экан. Ҳозир шаҳарнинг ёнидан ўтадур).  ниҳоят, шаҳарни тасарруф қилмоқ учун нақбдан истифода қилиб, борут қўлланмоқни мувофиқ кўрдум. Нақб ишига монеъ бўлғувчи кичик хисорни олмоғимиз зарур эди. Ўшал кечасилаёқ қўшунга амр бериб, кичик хисорга ҳамла қилдим. Кичик қалъанинг мудофаачилари ортуқча муқовамат кўрсатмадилар, бир неча соатдан кейин бўшатиб, катта қалъа ичига дохил бўлдилар. Кичик хисор қўлга қўлимизга ўтганидан кейин, биз билан шаҳар орасида фосила оз қолди. Шаҳарнинг тўрт тарафидан нақб кавлаб, хисорнинг остига қадар етказиш билан борут қўйиладурғон жойни ҳам чуқур  қилиб қўйишларига буюрдим. Мен нақбларга эътимодан (ишонган ҳолда) тўрт жойдан қўйулган борут билан қўшуннинг осонликча шаҳарга кира олишига ишониб турганимда, бу вақтгача менга номаълум бўлган бир ҳақиқатни меъморларим билдирди, ҳайрон бўлдим. Шундай эдики, қазиб турган нақбларнинг ҳаммасидан сув чиқар эмиш. Маълум бўлдики, Исфаҳон қалъасининг асосига тош ишлатилмаган экан, агар тош бўлмаса борутнинг портламоғига ҳам имкон бўлмас эди. Исфаҳон шаҳрида қудуқ йўқ эди, агар қудуқ бўлса, дарё тошган вақтларида қудуқлар тўлиб, шаҳарни сув босиб кетишига сабаб бўлишидан сақланиш учун оқин сув этагини ташқарига чиқаришганлиги ҳам билинди. Кўруниб турган сабабларга асосан, нақб кавлашдан фойда йўқлиги маълум бўлди. Бинобарин, нақб кавламоқни тўхтатдим. Энди Исфаҳонни олмоқ учун икки йўл қолди. Бунинг бири – Зоянда дарёси оқими орқали шаҳарга кирмоқ, иккинчиси – мутаҳаррак буржларда туриб шаҳарга ҳамла қилмоқ эди. Сувнинг тошқин вақти бўлгани учун оқим орқали шаҳарга кирмоқ ҳам имконсиз эди. Сувни қайтариш учун бошқа бир канал қазиш, сув оқимини шаҳарга киргизмаслик лозим бўлур эди. Буни муҳандислар билан машварат қилганимда айтдиларки, бутун халқни ҳашарга чақириб, кеча-кундуз ишлатилганда, уч ой ичида бошқа канал ҳозирлаш мумкин экан, чунки дарё сувининг миқдорига лойиқ канал қазилмоғи лозим бўлур эди. Лекин уч ойда сув тошқини ҳам пастлаб қолиши мумкин эди, шунда қийналмасдан дарёни у томонаг кечиб ўтишга бўлур эди.
Мен бу вақтда мутаҳаррак буржларни ясашга бошладим. Уч кун ичида буржлар ҳам тайёр бўлди. Кейин бир тарафдан мутаҳаррак буржлар устида туриб қалъадаги мудофааларга ўқ, тош отиш билан уларни машғул қилиб, қалъани ост тарафидан бузишга бошлашга ҳаракат қилдим. Албатта, устида ароба юрадургон қалин қалъани бузиш осон иш эмасди. Масалан, қалъа устидаги мудофаалар қалъа бузиб турганларнинг устидан тош ташлашларига, қайноқ ёғни тўкишларига имкон бор эди. Сўнгра, бу қалин қалъани ғоз тумшуқлар билан ағдариб ташлаш ҳам узоқ вақт талаб қилар эди. Фақат, қалъа деворалрини бир қадар ўйуб, борут кўмиш билан ағдарилмоғи назарда тутилар эди.
Мутаҳаррак буржларда қалъадагиларга ўқ, тошларни ёғдиришга бошладик. Бу ҳамламиз соясида хисорни бузадурғонлар иш бошлаш ҳамон тепадан тошбўрон қилиб ўлдирилар эдилар. Бу ҳол яна бошқа фикрларни қилмоққа ундади. Қийинчиликларни енгиб, шаҳарни фатҳ қилиш зарур эди, йиғилган маълумотлар юзасидан фикр қилдим: шаҳарни сувсизлик билан танг қилиш мумкин эмас эди. Аммо очлик билан танг қилиш тўғрисида эса, Исфаҳон халқининг одати – тамом ҳожатларини бир йилга етарлик қилиб, буғдойни, ўтинни, кўмирни, ёғ-гуручларни ўз мавсумида ғамлаб олар эканлар, душман муҳосирасида бўлсин, тинчлик ҳолинда бўлсин, бир йилғача озиқ-овқат излаб юргувчи одам бўлмас экан. Агар бирорта одам озиқ-овқат сотиб олиб турган бўлса, у одамнинг исфаҳонлик эмаслиги билиниб турар экан.
Аммо бу йилги хирмон вақтига қанча қолганлигини чиқарсак, шаҳар халқи қўлида қолғон буғдойнинг ҳисобини чиқариш мумкин эди. Мен бир юз йигирма минг қўшун билан хирмон вақти келгунча Исфаҳон қалъаси орқасида мунтазир туролмас эдим. Қўшун масрафининг ортиқча бўлишидан ташқари, мамлакатнинг шимол минтақасидан ҳам хотиржам эмас эдим.  Хузистон тарафда менга қарши душманлар ҳам бор эди. Агар улар фурсат топиб мени қўлга тушургудек бўлса, қийнов билан ўлдириш қасдида эдилар.
Маълумки, Озарбайжонда кучли бир давлат бор эди, улар Хуросон умаролари билан биргалашиб менга қарши бир қўшун ҳозирласалар, менга қаттиғ зарба беришлари ҳам мумкин эди. Шунинг учун тезлик билан Исфаҳон ишини тугатмоғим керак эди. Исфаҳон шаҳрининг мудофаачилари қаттиқ муқоваматда эдилар. Менинг аскарларим қанча қийналиб хисордан тешган жойларини тезлик билан тузатиб олмоқда эдилар. Мутаҳаррак буржлардаги сарбозларим шаҳар мудофаачиларини ўзларига машғул қилиб турсалар ҳам, қалъани бузушга урунган аскарларимни юқоридан туруб тошбўронга тутуб ўлдурар эдилар.
Тажрибаларимга суяниб, бу ишни кечаси қилиш фикрига ўтдим. Лекин мудофаачилар юқоридан машъалаларни осилтириб, қалъас остини ёп-ёруғ қилиш билан яна тошбўронни давом этдилар.
Исфаҳон шаҳрида кабутар тарбиясига машҳур одамлар кўп экан. Ҳар куни осмон тўла кабутар учади. Бу бевақт ўйинни текширишга бошладим. Бу кабутарлар муросилат алоқасига ўргатилган бўлиб, ташқари билан алоқа ишларини қилиб турар эканлар. Мен Исфаҳонга киришда буларни шунча ғафлатда қўяман деб урунсам ҳам, улар хабар топиб шаҳар қалъасини боғлаб олишларида ҳам бу кабутарларнинг муҳим хизмати ўтган экан. Бу ҳолда ўзларига дўст мамлакатлардан ёрдам сўраб келишлари ҳам эҳтимолдан йироқ эмас эди. Кабутарларнинг одати – уялари қаерда  бўлса, ўз уяларига қайтиб келадур. Агар эллик тош ердан қўйиб юборилса ҳам, ўз уясига келадур. Бу хатарни кўтариб юбориш учун қийғирлардан (бизда бу ном ҳозир кўпроқ “қирғий” шаклида қўлланилади) истифода этмакка тўғри келди. Элчи кабутарлари қийғирлар сайд қилиб, алоқа ишлари кесиб ташланиши мумкин эди. Мана шу тажрибадан кейин ҳар бир урушга қийғир ҳам олиб юишни аскари лавозимотдан деб ҳисоблайдурғон бўлдум.
Исфаҳонликлар ўз муқоваматлари билан мени қаттиғ ғазаблантириб қўйган эдилар. Исфаҳон амирига, қўшунларига, халқига қаратиб бир даъватнома ёздим: “Агар қўшун ва халқнинг ҳаётини сақлаш умидларингиз бўлса, таслим бўлишларингиз маъқулдур”, деб огоҳлик бердим эса-да, жавоб беришмади.
Албатта, бу номани ўққа боғлаб, шаҳарга отишдан бошқа васила ҳам йўқ эди. Шундай  қилдим. Мен таҳдид қилган қатли омга уламолар, шуаролар, ҳунармандлар шомил бўлмас эди, буни ўқиғувчиларим юқоридаги ёзиқларимдан тушунади. Фақат, Исфаҳонга нисбатан яна кучлик маълумотим бор эди. Масалан, Исфаҳонда зирҳ (совут), мағфар ҳунарида беназир устолар бор эди. Исфаҳон қиличи Ироқ ва Форс ўлкаларида машҳур эдики, бундай ҳунармандларга муҳтож эдим. Буларни Мовароуннаҳрга олиб бориб қўшунга лозим аслаҳаларни қилдириш билан бирмунча шогирдлар бериб, уларга ҳам бу ҳунарларни ўргатдирмоғи лозим эди. Аммо Исфаҳон муҳосираси узоққа чўзилди. Баҳор ойлари ҳам ўтди, ёз фасли келди. Дарёнинг тошқини ҳам камлади эса-да, ҳали қўшунни дарё йўлидан шаҳарга киргузиш имкони йўқ эди. Шаҳар халқида очлик хатари ҳам кўрунмас эди. Бунинг устига, сарбозларим Исфаҳон истилоҳида “табиновба” деб аталган безгак касалига учраб бошладилар. Албатта, бу касалнинг сабаби сувдан бўлур эди. Мовароуннаҳрда ҳам баҳор, ёз фаслларида кўруниб турар эди. Бу касалнинг манбаи сувданлиги муҳаққақдир (Форсий мутаржим изоҳи: Темур бу хасталикни сувдан деб ҳукм қиладур. Қадим замонларда Эрон табиблари моларё хасталигини тўхтаб қолган сувдан деб билдиргандур. Шунингдек, Оврупа табиблари ҳам тўхтаган сувдан моларё пайдо бўлишини аниқлагандурлар. Буни форс тили истилоҳида “бадоб-ҳаво” дейилиши қадимги табибларимиздан қолғон эсталикдур). Бир-бирига монанд келмаган аҳволлар ичида Исфаҳон муҳосирасини ташлаб Форсга бормоқчи бўлдим эса-да, Исфаҳондек катта шаҳарни ташлаб кетмаклик телбалик ҳисобланур эдики, Форсдан қайтишимда йўлумни тутмоқлари мумкин эди. Баъзан Мовароуннаҳрга қайтиб кетмоқни хотирлар эдим. “Бу дафъа қайтиб кетиб, иккинчи дафъа келсам-чи?” дер эдим. Аммо ғурурим бир муҳосирада турган шаҳарни ташлаб кетмоққа монеъ бўлар эди. Ёз фасли кириши билан дарёнинг туғёни бир оз пасайса ҳам, қўшуннинг истифодасига лойиқ ҳолда эмаслиги учун дарёнинг бош тарафидан бошқа томонга ағдариб ташлаш хаёли билан муҳандисларимни сувнинг бош тарафига жўнатдим. Зоянда дарёси ғарбдан шарққа қараб оқар эди. Муҳандислар ғарбга томон бордилар, уч кунда қайтиб келиб, соҳилларнинг баландлиги дарё сувини ҳеч қайси тарафга ағдариш имконини бермаслигидан такрир бердилар.
Сарбозлар орасида безгак хасталиги тарқала бошлади. Табиблар қўшунни бошқа жойга кўчуриш билан иллатлик сувдан қутулуш учун Мурча деган жойни танлаб кўрсатар эдилар. Касалга мубтало бўлган тўққиз минг кишини Исфаҳондан узоқлаштирдим.
Исфаҳонликлар мени, муҳосирадан зерикиб ташлаб кетар деб хаёл қилур эдилар, мен яна муҳосирани давом эттирдим. Ёз фасли ҳам ўтиб, кузнинг совуқ шамоли эсиб бошлади. Бу вақтда Зоянда дарёсидан отлиқ эмас, пиёда ҳам ўтишга имкон туғилди. Ҳамон шаҳар таслим бўлмас эди. Бу вақт ўз қўшунимга назар ташладим. Муҳосира асносида ўлганларнинг адади беш мингга борар эди. Хасталар тўққиз минг бўлса, жаъми ўн тўрт минг нафар камлаб, бир юз олти минг қолғон эрди. Булардан аскарий қоида бўйинча эллик минг кишини эҳтиётда тўхтатиб қўйганманки, аскарларнинг нобуд бўлиши, хасталаниши, узлуксиз ишлаб-чарчаб қолишлари ҳолларида, шу эҳтиётдагилардан истифода қилиш мумкин бўлади. Бу вақтда олтмиш минг кишини уч тақсим қилдим, бунинг бир дастасини шарқ тарафдан дарёнинг оқими билан шаҳарга кириш, яна бир дастани дарёнинг этагидан шаҳарга киришга буюрдим. Учунчи дастани шаҳар хисорини бузуш, борутларни ишлатиш, шаҳарга йўл очишга буюрдим. Биз шаҳарнинг шарқ ва ғарб тарафларидан ҳужум қилур эканмиз, хисор устидагилар бизни қайтармоқ учун хисорни ташласалар керак, хисордаги мудофаачилар озайиб қолиши билан хоҳлаган жойларимизга борут жойлаб портлатиш имкони туғулмоғини кўзда тутган эдим.
780-инчи йили ўн бешинчи жумодул-аввал бомдод вақти билан Исфаҳон шаҳрига кучли бир ҳамла бошладим. Шаҳарга ҳужум қиладурғон аскарларга чекинмаслик учун қаттиқ таҳдид билан, чекинганнинг жазоси ўлум эканини билдирдим. Ва умумий хитоб билан тубандагиларни билдирдим: “Сизлар Исфаҳоннинг муҳосираси учун узоқ вақт кутуб турдингизлар, юртни ва қавму қариндошларингизни соғиндингизлар, албатта, шаҳар фатҳ бўлгандан кейин бу талабларингизни тездан амалга ошураман”, деб уларни шаҳарнинг шарқ, ғарб тарафларидан ҳамла қилишларини амр бердим. Аскарлар қилич, болта, гурзилар билан қуролланган эдилар. Бундай вақтда уларни отлиқ қўлланишдан пиёда қўлланиши таъсирлик эди. Пиёдалар шаҳарнинг тор кўчаларида озод ҳаракат қила олур эдилар. Мабодо отлиқ ҳаракат қилиш лозим бўлса, унга ҳам ҳозирлигим мавжуд эди. Албатта, отлиқларни шаҳарнинг кенг майдонларида шиддатли муқовамаларни тездан синдириб юбориш учун ишлатмоғи мумкин эди. Мен қўшунни дарё ичи билан ҳамла қилмоққа буюрган чоғимда, дарёнинг мадхалида қолган эдим. Маълумки, қўшун бошлиғи орқада туруб, қўшунни идора қилиши керакдур. Мен шаҳарнинг фатҳига муштоқ бўлганим учун ҳаммадан илгари шаҳарга кирмоғим лозим эса-да, бир қоидани эҳтиёт тутиб туриш хусусан бундай вақтларда кўп аҳамиятлидур. Шундоғки, қоидадан айрилган аскар тазалзалга тушадур, жиддий урушолмай қоладур, агарчи мендан кейин ҳғулларим ўрнимни тутсалар ҳам, уларнинг ёшликлари бор эди, аскарбошиларни ва сарбозларни мендек танимас эдилар. Бу қоидага эъибор берганим учун орқада турганимни қўрқоқликка ҳамл қилиш ўрунсиздур.
Исфаҳон хисори етти ярим тош узунликда, устидан ароба юргудек кенгликда эканлиги равшан бўлса ҳам, бу хисорнинг ким тарафидан бино қилинғонини ҳеч ким билмас эди. Аммо неча бор бузулиб-тузатилгани маълумдур. Сада қасабасининг имоми, Исфаҳон қалъасини Нуҳ пайғамбар ясаган, деб ҳам ўтган эди. Ҳар ҳолда, қалъа жуда катта ва кенглиги билан мустаҳкам эди. Дарё йўли билан шаҳарга кирган аскарлар шаҳар халқининг шиддатли муқовамасига учради. Масалан, қари одамлар, ёш болалар, ёш-қари хотунлар умум ҳолда ҳар ким ўз қўлидан келган қадар бизга қаршилик ҳаракатини очиқ кўрсатдилар. Ҳатто хотунлар билан қари одамлар йўлларни ҳалалдор қилиш учун тош, ёғоч ташлаб ҳам монеълик бердилар. Йўлларимизни тўсишга қилинган деворлар орқасидан чиқиб турган тутунга қараганда, ўт билан ҳам бизларга қаршилик қилмоқда эдилар.
Ўша куни пешиндан илгарироқ куз ёмғири ёғиб бошлади, ёмғирга қарамай, урушимизга давом этдик. Ёмғир бизга ёрдам қилгани каби боёғи ўтларни ўчириб ташлади. Магар шаҳар хисорини бузиш учун борутга чуқур чоҳ қилинган эди. Буларни ишга келмайдиган ҳолда ҳўл қилиб қўйди. Хатто қўлимизда турган борутларни ёмғирнинг рутубатидан сақлаш хийла қийин бўлуб қолди. Шундай бўлса ҳам, аср вақтларига борганда шаҳар қалъасининг бир неча жойидан раҳналар очиб, бир мунча сарбозларни шаҳарга киргуза билдик. Отлиқ аскарлар шаҳар ташқарисида амримга мунтазир ёмғурда турар эдилар. Ёмғир ёққандан кейин шаҳар вазияти бошқача бўлиб қолғони учун отлиқлардан истифода қилолмай қолдим. Буларни пиёда қилиб шаҳарга киргузим, чунки бомдод вақти билан шаҳарга кирган аскарлар, бир оз дам олмоқлари, емак ейишлари лозим эди. Дарё йўли билан шаҳарга кирган аскарларга бошлиқ бўлиб, Ўрғун Четин ҳам бирга кирган эди. Четин сарбозларидан бирмунчаси дарёдан кириш вақтида ўлдурилган экан. Аср вақтида Ўрғун Четиннинг жасадини олиб келдилар, кўрдум. Исфаҳонликлар унинг бошини жасадидан кесиб, найзага санчиб юриб, ўз қаҳрамонликларини намойиш қилган эмишлар. Унинг қиличини ҳам олибдурлар, фақат эгнидаги хафтон, оёғидаги соқбанди қолғон эди. Жасадни кўмишга, хафтон, соқбандларни Мовароуннаҳрда қолғон оилаларига еткузиб беришга  амр қилдим.  
Куз фаслининг кунлари қисқа, ёмғурлик ҳавонинг қоронғилиги, куннинг ғарбга оқиб бораётгани кўрулса ҳам, шаҳар урушининг юзлаб янги-янги майдонлар вужудга келтириши урушнинг бугун тугашига ишорат беролмас эди. Эҳтиётдаги эллик минг отлиқ аскардан йигирма беш мингини шаҳарга йўлладим ва кечага кирмай туриб шаҳар урушини тугатмоққа амр бердим.
Шаҳар халқининг бизга қарши шиддатли муқовамаси ҳар қадамда бир монеълик бериб, сарбозларнинг олдинга юрушларини тўсар эди. Мен шаҳар ташидаги қароргоҳ хаймасида эдим. Кун ботмай туриб Қўлорбек (шаҳар урушунинг қўмондони) келди. Шаҳар урушининг кетишидан маълумот бериб, сўзининг охирида: “Бу кеча уруш тамом бўлмайди. Ёмғир билан куннинг кеч бўлиб қолиши урушни оғирлаштириб қўйди. Агар мувофақат берсангиз, бу кеча урушни тўхтатиб, эрта билан бошласак”, деди. Мен, Қўлорбекнинг сўзига қатъий жавоб бермай туриб, тубандаги фикрларни кўзумдан ўтказдим: “Ўзини мудофаа қилиш чораларини қўллана билган, урушнинг шу қадар чўзилмоғига ақлни ишлатган, очликка чидаган, ўлумга рози бўлган душманга қарши муваққат бўлса ҳам урушни тўхтатиш уларга ором ва истироҳат бериш маъносида бўладур. Вақтдан фойдаланиб, бизнинг устимизга шабхун урмоқдан ҳам тоймайди. Оч қолғон, жонидан тўйганлар кеча босқунига урунсалар, бир томондан ёмғур бўлуб, бизнинг вазиятимизни оғирлашишига сабаб бўладур. Бугунги урушда ўзларининг журъатларини, бизнинг кучимиз ва шуҳратимиздан қўрқмасликларини исбот қиладилар”. Қўлорбек илова қилди: “Биз бу кеча урушни тўхтатмоғимизда яна бир сабаб ҳам бор, шундайки, шаҳарни тамом тасарруф қилмоғимиз учун уйларни бузуб ташламоғимиз лозимдур. Буни кечаси ижро қилиб бўлмайди. Ҳозир исфаҳонликлар ўша томларни паноҳ қилиб туруб, бизнинг тепамизга тош ёғдуриб, ўт ташлаб куйдуриб юбормоғдадурлар. Албатта, кундуз куни буни қилолмай қоладилар”.
Ўша куни пешин вақтидан илгари исфаҳонлклар бининг сарбозларимиздан бир неча нафарни асир олганлар, бизнинг урушиб турган сарбозларимизнинг қалбига ларза солмоқ, ўз тобеъларини шижоатлантурмоқ учун асирларни тириклай ўт қўйиб куйдирганлар эди. Қўлорбек шу ҳолга ҳам ишорат қилмоғда эди.
Мен Қўлорбекка буюрдим: “Шаҳарда урушни буткул тўхтатиб бўлмайди, улар бир кеча ором олиб қолса, шабхун уруш ёки ўзларини тўплаб олиб эрта билан бизга кучли ҳамла қилишлари имкони бордур, уларга бизнинг урушда турганимизни эҳсос қилдирмоқ учун ўн беш минг аскар навбат билан бориб шаҳар урушини қилиб турмоғи лозим. Қолғон сарбозлар яхшигина истироҳат қилиб олишсун. Хаймаларга ёмғур ўтадурғон бўлса, хайма устидан кийгиз ташлаб аскарнинг яхши ором олмоғи чораси кўрулсун, токи эрта билан бўладурғон урушда кўнгилдагидек давом қилғайлар”, дедим. Вақтнинг кеча бўлишидан истифода қилиб, ёмғирнинг ёғиб туришига қарамасдан, хисорнинг бир қанча ерларини бузуб ташладик. Кечаси аскарларни ҳисобдан ўтказдим, ўша куни саккиз минг беш юз кишимиз ўлган ва мажруҳ бўлган бўлиб чиқди.
Бу урушда отларга зарурат тушмагани сабабли лозим бўладурган бир неча адад отдан бошқасини ёмғурда қолдирмаслик учун Сада қишлоғига жўнатдим. Отлар ёмғурда қолиш билан касалга учраб талаф (нобуд) бўлиши ҳам эҳтимол эди. Отлар талаф бўлган ҳолда ўрнига от топиш ҳам мумкин эди, лекин топилган отлар бизнинг отларимиз каби сафарга, майдонга пишиқ эмас, тарбиясиз от бўлур эди, шунинг учун отларни Садага юбориб сақламоққа мажбур эдим.
Кечаси билан ёмғур ёғишига қарамай, шаҳар халқи муқоваматда давом этмоқда эди. Тонг отғонда ёмғур тинди, офтоб чиқиб, ҳаво исиди. Аскарлар кўча ва қалъа иморатларини бузиш аслаҳаси билан салоҳлантирилди. Аскарлар ҳам майдонда, ҳам бино бузишда баробар иштирок этадурғонлиги маълум қилинди. Аскарлар даста-даста қилиб минтақаларга жўнатилди. Буларнинг баъзилари урушиб турса, баъзилари монеълик бериб турган уйларни бузуб ташлайди, ҳатто тош-ғиштдан мустаҳкам ясалган биноларни борут билан портлатиб юборади. Эҳтиёт учун йигирма минг сарбозни шаҳар ташқарисида қолдириб, қолғонларини шаҳар урушига қатнаштирдим.
Бугун Зоянда дарёси орқали киришга ҳожат қолмади. Шаҳарнинг тўрт тарафидан бузилган қалъа орқали шаҳарга кирилди. Ўзим ҳам бир даста пиёда аскарлар билан шаҳарга кирдим. Уруш натижасини кўзим билан кўрдум. Шаҳарда отлиқ юришга имкон йўқ эди. Кўчаларда ётган ўликлар кечаги урушнинг шиддатли бўлганини кўрсатар эди. Узоқ ёққа ёмғур шаҳар кўчаларини ботқоқ қилиб ташлаган эди. Мен ва сарбозларим жуда қийинлик билан ўтар эдик. Гоҳи этикнинг ярмигача лойга ботиб қолар эдим. Мен ўзим кечишда ортиқча қийналмаган бўлсам ҳам, сарбозларнинг қийналиб, заҳмат тортаётганини кўриб турар эдим. Аскарларни бу ҳолда кўрган исфаҳонликлар сарбозларимнинг устига тош ёғдирар, ўқ отар эдилар.
Шаҳар уруши ҳар минтақада бир хилда эди. Исфаҳонликлар майдонда туруб урушмас, кўзга ҳам кўрунмас, уйларга ёшуруниб туриб фурсатни ҳам қочирмас эди. Бир кўча бизнинг сарбозлардан ҳоли бўлса, дарров кўчага чиқиб, йўлларни тўсуб юборадурғон мавонеларни ижод қилур эдилар. Баъзи кўчаларга сад (тўсиқ) қилиб олдимизни тўсганлар саддан ўтуб бўлгунча йўлнинг икки ёқасидаги уйлардан тошбўрон қилиб турар эдилар. Булар шаҳар уруши ва мудофаасида хийла тажрибали эдилар.
Улар менинг масжидларга эҳтиромим борлигини билганлари учун масжидларни ҳам қитъага айлантириб олдилар. Масжидга ҳурмат қилиб бузмасдан ўтиб кетиб турган аскарларимга масжид деворидан туруб тош ёғдирдилар. Исфаҳонда катта жомеъ бўлиб, шуҳратланган жомеънинг ичида ҳам тўпланиб олиб ўз ҳужумларини давом эттирдилар.
Бир минтақада бир қабристонга учрадим. Қабрларнинг устига солинган тош, ғиштлар йўқ ва янгидан кўчирилгани маълум бўлиб турар эди. Бу ҳолда, қабристон тошларини ҳам қўпориб бизга қарши салоҳ қилиб қўлланибдурлар. Бир оз ўтиб кўрдук, қабристоннинг мадхалида бир кўчани сад қилишлари учун шу тошларни ишлатибдурлар. Мен ёнимдаги сарбозларга девор остидан яшириниб юриб саддан ўтиб кетишга буюрдим. Лекин иморатларнинг ичидан туриб кузатиб турган одамлар, хотунлар ва болалари бир-бирларига ёдамлашиб (қўлма-қўл қилиб), сарбозларимнинг устига тош ташлаб ўлдурдилар. Бир нечалари саддан ошиб ўтишга ҳам муваффақ бўлди. Қўлорбек шаҳарнинг шимол томонида кенг бир хиёбонни ишғол қилиб, яна илгариламоқда эди. Ўғлум Жаҳонгир ҳам шаҳарнинг жанубида бир хиёбонни озроқ очди ва илгариламоқда эди ва йўлнинг икки тарафини кенгайтириб борар эди, токи баён қилганим катта масжидга етиб бориб, беш нафар имомни менга топшурди.
Мен улардан сўраганимда, булардан уч нафари масжидга имомлигини билдирди. Мен буларни навбат билан имомлик қилар деб сўраганимда узун оқ соқоллик қари бир одам жавоб берди: “Эй амир, биз навбатчи имом эмас, ҳамммамиз ҳам давомлик имомлардурмиз”. Мен бу жавобдан ҳайрон бўлдум, бу бир янги гап эди. Шунинг учун: “Демак, жамоатлар уч имомга иқтидо қилиб намоз ўқийдиларми?” деб сўрадим. Оқсоқол руҳоний киши жавоб берди: “Масжиднинг уч ҳонқоҳи бордур, ҳар биримиз бир ҳонақоҳда имом бўлиб намоз ўқиймиз. Бизга иқтидо қилувчи жамоатларнинг бизнинг адл-инсофимизга эътимодлари бўлиши билан, ҳар ким ўз эътимод қилган имомга бориб иқтидо қилади”. Мен буларнинг мантиқсиз сўзларига шундай жавоб бердим: “Сен бир кафш тикувчига кафш тиктирсанг, унинг одил ёки золимлигини суриштирмайсан-ку? Сен ундан кафш оласан. У ҳам сенга кафш тикади. Кимлигинг, қандайлигинг у учун аҳамиятсиз. Ислом дини амрида намоз ўқувчининг бир кишига иқтидо қилиб намоз ўқиши билан вожиби адо топади. Мусулмон одамга иқтидо қилиб намоз ўқиши кифоя қилади. Ҳеч вақт, имом фариштадан бўлсун, деган амр йўқдур. Фақат тақвосини назарда тутиш эътиборга олинса ҳам, имомларнинг бир масжидда уч жамоат билан намоз ўқимоғига амр йўқдур. Мен бу тўғрида сизлар билан ортиқча баҳслашиб туролмайман, уруш устудадурман”, деб урушнинг давомига назар ташлаш учун илгарилаб кетдим.
Қўлорбек билан Жаҳонгир ҳам ўз минтақаларида илгарилаб борар эдилар. Мен ҳам ўзим турган минтақада бормоқда эдим. Пешин вақтида офтобнинг ҳарорати билан ерлар қуриди. Аскарларнинг ҳаракатига яхши фурсат туғилди. Эмди биз шаҳар халқига ғалаба қилмоқда эдик. Бир вақт менинг қаршимда бир гуруҳ одамнинг олдида қўлига Қуръон тутган бир руҳонийнамо одам кўрунди ва менга яқин келиб айтди: “Эй амир, сен бир мусулмон кишидурсан, шу Қуръон билан сенга қасам бераманки, қолғон Исфаҳон халқини ўлдуришдан сақланғил. Мен айтдим: “Исфаҳон халқи каттадан-кичик, эркак-хотун бирликда туриб сарбозлар қилолмаган муқовамани қилиб, қўшунимга қарши урушчи аскар ҳолинда мавқе тутдилар. Аскарларимдан жуда кўпларини ўлдурдилар, тириклайин ўт қўйуб куйдурдилар, мен ўз аскарларим қонини кечиб юришга мажбур бўлдум. Бу ҳолда мен ўлган аскарларим қонини кечиб юборолмайман. Шу қадар сенга ваъда бераманки, шаҳар халқи таслим бўлсалар, ўлумдан қутқазиб қолишим мумкундир. Агар мен келган кунларимда ёки муҳосара асносинда шаҳар дарвозаларини очиб таслим бўлишсалар эди, бутун Исфаҳон халқининг қонидан кечиб юбормоғим мумкин эди. Сен ва сен билан келган кишиларни элчи ўрнида билиб, “элчига ўлим йўқ”, деган усул бўйича, ўлдурмайман”.
Эълон қилдимки, ҳар ким ўз уйини бўшатиб чиқса, ўлумдан қоладур. Исфаҳон халқи жонларини сақлаб қолиш учун уйларидаги амволларини таслим бердилар. Уларга ўлукларни кўмиш вазифасини буюрдим. Кўмиш вақтидаги ҳисоботга қараганда, кейинги икки кун ичида сарбозларимдан етти минг киши ўлган эканлиги аниқланди. Шаҳарда қолғон молларни бир ерга тўплаттирдим, ишларни тамомлаб бўлиб, ҳар кимга ўз лойиқича тақсим қилиб берилди.
Садриддин Исфаҳонийни кўрмадим. Маълум бўлишича, мактубимга биноан уруш бошланмай туриб Исфаҳондан чиқиб кетган экан.

 
« Олдинги   Кейинги »