017. Мўғул сардори билан уруш Принтер учун E-mailга юбориш
Ўн иккинчи фасл

Илгари айтиб ўтганимдек, Исфаҳон урушини тугатиб, Форсдаги менга носазо айтган султоннинг бурнини ерга ишқаш қасдим бор эди. Аммо Самарқанддан келган чопарнинг топширган мактубидан билдимки, менинг йўқлигимдан истифода қилиб, Тўхтамиш Мовароуннаҳрга ҳамла қилиб келиб, кўп кишиларни ўлдуриб, бир миқдор чорваларни ўзи билан бирга ҳайдаб кетибдур.

Бу Тўхтамиш деган одам Қипчоқ ўлкаларининг султони эди. Кўҳиқофнинг орқасида турар эди (Форсий мутаржим изоҳи: Боболаримиз Қафқаз тоғларини “Кўҳиқоф” дер эдилар. “Қафқаз” калимаси ҳам “Кўҳиқоф” маъносидадур. Билишимга кўра, Қафқаз тоғлари у ўлкаларни иккига айиргандур. Қафқаз тоғларининг жанубидаги даштлар Фатҳ Алишоҳ замонлариғача Эрон туфроғидан саналур эди. Қафқаз тоғларининг шимолий минтақаларидаги ерлар “даштиқипчоқ” ёки “қипчоқ ерлари” демиш эдилар.Тўхтамиш қипчоқларнинг султони эди. Русиё жанубидаги Қрим шибҳи жазира (жазиранамоси) унга тобеъ эди). Унинг юртига бормоқ учун Исфаҳондан Озарбайжонга, ундан Тўхтамиш ўлкасига бормоққа тўғри келар эди.
Эроннинг марказий ўлкаларида унча совуқ тушмагани учун сарбозлар йўл устида қийналмас эдилар. Райдан кейинги минтақаларда хийла совуқ бор эди. Мен ўзумнинг қўшун тортиш ишимда хатолик кўрдим. Масалан, мен ҳар йили баҳорда Самарқанддан жўнайман, куз фаслигача бошқа иқлимларда урушиб юриб, яна Самарқандга қайтаман. Бу йўсинда иш кўриш аскарий чиқимни орттириб юборар, бориш-келиш йўлларида бир мунча вақтларимиз зоеъ бўлур эди.
Бу тартибнинг ўрнига “Самарқанддан бир чиққанимча,  бир-икки ё уч йил ташқарида қолмайман?” деган фикр юзасидан бу йил қишда Самарқандга қайтмаслик, Тўхтамишнинг устига бостириб бориш учун секин-секин илгарилаб туриш билан эрта баҳорданоқ унга ҳужум бошлаб юбормоқ қасдида Озарбойжон тарафга қараб юриб қолдим. Кўҳиқофдан ўтиб, ўзумни Қипчоқ мамлакатига еткузуб олишим лозим эди.(Изоҳ: Бугун “Кавказ” деб атаётганимиз тоғни қадимда Қоф аташган. Бинобарин, “Қоф-қоз” сўзи “Қоф” “тоғ” маъносини англатади. Кавказ тоғлари ўша ҳудудни икки қисмга бўлади: бири – Қоф тоғидан жанубга томон ястанган текисликдан иборат. Бу ҳудуд Эрондаги Фатҳ Алим шоҳ мулкига қадар чўзилган. Иккинчи қисми – мана шу тоғдан шимолга томон Қрим ярим оролигача чўзилган ерлар бўлуб, ҳисобланиш эди. Бу ҳудуд Тўхтамишнинг қўл остида бўлган. Шунингдек, ҳозирги Россиянинг ғарбий ҳудудлари, Украина ва Болтиқбўйи давлатлари ҳам унинг таъсири остида бўлган.) Бироқ, Ал-брус тоғининг этакларига борганимда совуқ шиддатланди. Бундай совуқда катта бир қўшунни Озарбойжондан ва Кўҳиқофдан ўтказиш хатарли эди. Шунинг учун бу йўлни ташладим. Унинг ўрнига, Туркустон йўли билан, Оби Сукун дарёсининг шимоли билан юруб, Тўхтамиш томонга бормоқни қулай кўрдим. Бу иш ҳам келар йили баҳорга қолмоғи лозим эди. Мана шу вақтда Мовароуннаҳрга қайтмоғим зарур эди. Исфаҳондан Райгача совуқ билинмади. Райдан ўтиб совуқ билинди. Сабзаворга етмай туриб совуқ шу қадар ёмон бўлдики, қўшунни тўхтатишга, отларни совуқдан сақламоқликка мажбур бўлдим. Отларни сақламоқ учун ерга ёғоч кўмуб, атрофига хайма кигизларни ўраб, муваққат оғил қилдирдим. Совуқнинг шиддати бир оз тушгандан кейин Тус ва Қучон йўли билан ўзимизнинг Туркустонга еткуздук. Ҳаво ҳам мўътадил бўлди. Самарқандга етканимда қиш ойларининг охири эди. Самарқандда сизларга маълум аҳдимга мувофиқ беш кундан ортиқ турмадим. Ташқари чиқиб, саҳрода сукунат қилдим ва Қипчоқ ўлкаларига қўшун тортиш тадоригини кўрдим.
Тўхтамиш тўғрисинда тўплаган маълумотларимга қараганда, Тўхтамиш қадди-қомати менга ўхшаб тушармиш. Сарбозлари тоғ қабоилидан бўлуб, ҳаммалари Кўҳиқоф минтақасидан эмиш. Салоҳлари ўқ-ёй, “шошка” исминда ингичка, эгри қиличдан иборат эмиш, шошканинг енгил бўлиши, кескурлиги ишлаткувчига осонлик туғдирадур. Қўллар қалтираб қолмас эди. Унинг аскарлари шошкани ишлатишда хийла маҳоратли эди.
Менинг қилиб турган тайёргарлигим бош баҳорда мукаммал бўлди. Мен энди йўлга тушаман, деб турганимда, мўғул халқининг Мовароуннаҳрга ҳужум қилиш учун келиб турганининг хабари келди. Жўнаганимдан кейин мамлакатни мўғул ҳужумига қўйуб бермаслигим зарур бўлганидек, Тўхтамишнинг ҳам қулоғини бурашдан кеч қолмаслигим зарур эди. Шунинг учун ўғлум Шайх Умарни бир қўшун билан Қипчоқ ўлкаларига юбориб, ўзум Мовароуннаҳрда турмоқни қарорлаштирдим.
Мен саксон минг сарбозга ўғлум Шайх Умарни болиқ қилиб, Тўхтамиш ҳужумини тугатишни тайинлаб, йўлга солдим. Мен йўқ вақтимда икки мартаба Мовароуннаҳрга ҳужум қилишидан уни бир қўрқоқ киши ҳисоблаган эдим. Агар қўрқоқ бўлмаса, ўзум бор вақтда ҳамла қилар эди, дер эдим.
Мен ҳукамоларнинг: “Эртаги ишни қилмоқ учун бугундан ҳаракат қилмоғинг шарт”, деган сўзига яхши эътибор берар эдим. Шунинг учун Исфаҳондан қайтиб келганимдан кейин кабутарлардан истифода қилиш усулини амалга оширишга бошлаган эдим. Мўғулларнинг шарқ тарафдан ҳамла қилишларини эҳтимолдан йироқ тутмадим ва мухталиф фосилалар билан шарқ томонга кабутархоналар қилдим. Бинобарин, энг аввал машриқ хабарини ҳам кабутар орқали олдим. Мўғуллар бошлиғи Бил Ургун деган киши бўлуб, бутун дунёни фатҳ қилмоғ фикрида Чингиснинг ўрнини тутмоғчи бўлган эмиш. Иккинчи кабутардан олинган хабарга қараганда, мўғул қўшунининг адади ўн икки туман (100-120 минг қадар) эмиш. Бу хабардан англашилдики, Бил Ургун Чингис хонадонига мансуб эмасдур, фақат, шундай шуҳратдан истифода қилмоқчидур. Сўнгра уларнинг секин ҳаракат қилишларидан етарлик нақлия василаларининг камлиги билинди. Ҳатто бола-чақалари ҳам бирга бўлсалар керак, деб гумон қилдим. Кабутар мухобарамиз унча комил бўлмагани, уруш вақтида бир иллат бўлуб сезилмоқда эди. Шу сабабдан мўғул қўшунининг секин ҳаракат қилиш сабабини аниқ билолмас эдим. Самақанддан атрофга ва атрофдан Самарқандга кабутарнинг мухобарасини мукаммал қилиш зарурати аниқланди.
Бу ҳолда мен ҳам қўшунларим билан мўғулларнинг олдига чиқмоғим лозим бўлди. Кабутар хабарига қараб,  душманнинг қайси йўлдан келиб турганини билар эдим. Ёнимдаги етмиш минг сарбознинг минган отларидан ташқари, Чингис усулига мувофиқ, бир донадан етак от ҳам берган эдим, душманни ғафлатда қўйиб, тезлик билан босиб қолиш учун шарққа қараб жўнадим. Йўл устида аскарларни уч ярим минг донадан қилиб йигирма дастага тақсим қилдим. Албатта, етмиш минг аскарни жамъ ҳолда идора қилиш, сафарда юргизиш қийиндур. Ҳар даста олдиндаги душманга қарши чаққонлик билан ҳаракат қилар экан, баъзи дасталар отларини алмаштириб олмоғига ҳам ёрдам қилар эди.
Душманга яқинлашганимдан кейин икки даста аскарни илгари йўлга солдим. Улар билан менинг оралиғимда ўн беш тошлик фосила бор эди. Биринчи толиядан келган хабарда: “Душманнинг адади кўп, етак отлари йўқ”, деб билдирди. Бил Ургун Чингисдек жаҳонгир бўлмоқни ҳавас қилса ҳам, Чингиснинг муваффақиятга эриштирган асосий омилдан бири бўлган етак отларнинг аҳамиятини билмас эди. Унинг юрушида ҳар бир аскарда оз бўлганда бир адад етак от бўлур эди ва бунинг билан узоғ йўлни тездан босиб олар, душманни ғофил ҳолда тутиб бостирар эди.
Шунинг учун отларимизга навола бериб, жўнаш билан йўл устида кўп тўхтамадик. Олдинги хабарчиларимиз, душман қўшуни кўрунди, деб хабар бериши билан аскарларни уруш тузуми билан тартиблаштирдим. Етакда бўлган отларни майдон орқасида тутуб туриш учун беш минг кишини айирдим. Қолган олтмиш беш минг отлиқнинг йигирма мингини эҳтиёт учун орқага белгиладим. Қолғонини уч дастага бўлиб, ўнг жаноҳ, сўл жаноҳ ва қалбларга тайинладим. Олдиндан келган хабардан мўғуллар хотун-болаларини олиб келмагани маълум бўлди. Буларнинг секин ҳаракат қилишларини етак отлари йўқ учун минган отларини чарчатиб қўймаслик  чораси экан, деб тахмин қилдим.
Яна олдиндан берган хабарлардан аниқландики, мўғуллар менинг ўзларига яқинлашиб бораётганимдан бутунлай хабарсиз эканлар. Улар турган ери билан Мовароуннаҳрнинг орасида узоғ фосила борлиги учун олдинга  хабар олувчилар чиқармаган эканлар. Биздан душман хабардор бўлиб қолмасин деб улар тарафга чиқадурғон йўлларни тўсуб ташладим. Олдиндаги икки даста хабарчи қисмлар бошлиқларига тайинладим: ҳар соатда олинган хабарлар билан мени хабардор қилиб туриш ва тажрибакор одамлар қўшундан икки тош илгарида юришларини тафсиз қилдим (топшириқ бердим). Бу ҳолда икки номуносиб сабаб бўлмаса, душманга шабхун урмоғим лозим эди. Сабабнинг бири: бир юз йигирма минг қадар душман қўшунига кечаси ҳужум қилганимда, сарбозларимда низомсизлик рўй бериб, қоронғуда дўст-душманни фарқ эта олмай қолишлари мумкин эди. Иккинчиси эса, Бил Ургунни тирик тутуб, қайси журъат билан бизга қасд қилганлигини сўрамоқчи эдим. Душманга тўрт тошлик масофа қолганида ҳам душман биздан бехабар тургани учун ортуқча отларни айириб орқага жўнатдим. Аскарларни яхши ором олишга буюрдим. Ярим кечада йўлга тушдим. Ўртада етарли вақт бор бўлганидан секин-секин йўл олдим. Тонг отар вақтида иккови жаноҳнинг менинг икки томонимда ўз ўрунларини ишғол қилишларига буйруқ бердим.
Эй биродар, агар сен бир кун уруш бошлиғи бўлгудек бўлсанг, билгилким, аскарни майдонга лойиқ тузиш муҳим бир ишдур. Қўмондоннинг лаёқатидан ташқари, машқ ва муморасат (ҳаракат) талаб қилади. Агар бир даста таълим кўрмаган аскарни  ҳар қанча муназзам қилиб турсанг ҳам, бир кунлик урушда ўз жойларида туролмасликларининг ҳам эҳтимоли бор. Аммо таълим кўрган сарбозлар бўлса, ҳар қанча уруш жиддийлашса ҳам, қайси ерда турушлари муносиб эканлигига тушунади.
Иккови жаноҳнинг ўз жойларида турмоққа амр берганимдан бир соат кейин уруш тартиби тузулиб бўлган эди. Душман тараф отлиқ бўлгани учун уларнинг отларини тезроқ ишдан чиқариш қасдида, аскарларим қўлида қилич, каманд, ўқ-ёйларга қўшиб найза билан салоҳлантирдим.
Офтоб чиққанда биз яп-яланг бир даштга чиқиб қолғон эдик. Ўзамизни душман кўзидан ёшуриб туриш имкони ҳам йўқ эди. Мўғуллар эса, ҳануз ўзларини тўплаб ололгани йўқ эди. Офтоб кўтарилса ҳам, уруш тузуми нари турсин, ўз ўрдугоҳини  тўплай олмади. Бу вақт душманнинг эпсиз эканлигига воқиф бўлдим ва унинг енгилишига жазм қилдим.
Отлиқларим қўшуннинг икки қаноти ва қалбида ҳаракатга кирди. Ўзум ҳам найза, қилич, каманд, ўқ-ёй билан қуролланиб, бошимда мағфар, эгнимда зирҳ бор эди.
Очиқ даштда урушган аскарнинг кўзи офтоб нури билан қамашиб қолмасин, деб бир кеча аввал қўшун сайрини жанубдан шимолга қаратиб ўзгартириб олган эдим.
Қирқ беш минг отлиқнинг шарқдан ғарбга ёйилиб, жанубдан шимолга қараб қўзғолишини ҳеч қандай қилиб ўқуғувчиларимга тасвирлаб беролмайман. Ҳатто Тус шоири ҳам ўз китобида бундай бир ҳолни тасвирлаб кўрсатолмаган эди. Гумонимча, бизнинг ўша ҳаракатимизни осмондан туруб офтоб бемалол томоша қила олур эди. Биз илгари бормоқда эдик. Йигирма минг отлиқ ҳам орқа тараф эҳтиёти сифати билан орқамиздан келар эди. Биз билан душман орасида чорак тош фосила қолган эди.
Аскарларнинг муназзам юриши, гўзал тартибланиши билан руҳланганларидан ерлар ларзага келаётир, деб ҳис қилар эдим. Аскарларимга қараб қувониб, дилимга бир шавқ тушдики, ўзимни тўхтатолмай, оғзимдан узундан-узоқ бир наъра чиқди. Қалбдаги сарбозлар ҳам бирдан наъра тортиб юборишди. Ўнг ва сўлдаги жангчиларнинг ҳам наъралари қўшулгандан кейин аскарларимда улуғ руҳ уйғонди. Албатта, бу наъра қўшуннинг хурсандлиги, ютуқларига эътимод қилганларидан ҳосил бўлган эди. Қўшунда ҳам эр кишининг урушдаги маҳоратидан қимматбаҳо нарса дунёдан топилмаслигини тушунганликлари маъноси чиқар эди. Менимча, бутун дунёдаги ҳурсандлик бир тарафга қўйилса, урушдаги кутулажак ғалабанинг ҳурсандлигига аробар келмайди. Бир эр киши ўзини бошқа хушликларга машғул қилар экан, ўз мардоналигини қўлдан бериб, хотунлар сафига қўшулуб қоладур. Чунки хотунлар ҳам ўзларини турли хурсандликларга машғул қилишлари мумкиндур.
Мўғуллар бизни кўргандан кейин ўз сафларини тузатмоқчи бўлди. Уларга фурсат бермасданоқ устига бостириб бориб қолдик. Икки жаноҳдаги қўмондонларга мўғулларни муҳосира қилиш амрини бердим. Бизнинг мўғул ўрдугоҳига қилган ҳужумимиз тасвирини қўйларга ҳамла қилган бўри мисолида билдирсам, балки ишонмассиз. Нима учунки, уларнинг “мўғул” номини эшитгандурсиз. Ҳар бир мўғулни Чингис бўлиши керак, деб хаёл қилгайсиз. Бу мўғулларнинг баъзилари шу қадар нотавон эдиларки, қиличларини ғилофидан ҳам чиқаролмади. Фақат ўрдугоҳнинг баъзи жойларида бизга қарши муқовамат ҳам қилишди. Аввалги берган аримга мувофиқ Бил Ургун бир мунча мўғул афсарлари билан асирга олинди.
Бил Ургун, аввал эшитганим каби, баланд қомат, улуғ жуссали эмас, бўйи менинг белимдан ошмаган бир одам экан. Мен ундан: “Туркий биласанми?” деб сўраганимда, билмаслигини билдирди. Бинобарин, тилмоч воситаси билан: “Менга қайси журъат билан қўшун тортиб келдинг? Менинг ким эканлигимни эшитмаганмидинг?” деб сўрадим. “Мен сени бу қадар қудрат соҳибидур деб билмас эдим”, деди. Мен унга айтдим: “Сен менинг наздимда аҳамиятсиз забун бир кишидурсан. Сени ўлдурмоқни ҳам ўзумга ор биламан. Шунинг учун афсарларинг билан ўзингга фидя тўласанг, озод қилиб юборишим мумкин”. Бил Ургун жавобида: “Агар озод бўладургон бўлсам, шу ердаги отларнинг нисфини (ярмини) бераман”, деди. Мен айтдим: “Бу отларда сенинг ҳаққинг йўқ, улар уруш ғаниматларидан ҳисобланади – менинг ҳаққимдур”. Бил Ургун айтди: “Хўп, менинг юртимда от, қўйлрим кўп, озод бўлсам, уларни сизга бераман”.
Фидя тўғрисидаги музокара икки кун чўзилиб, охирида Бил Ургуннинг шахсий озодлиги учун олтмиш минг от, ики юз эллик минг бош қўй фидя тўлайдурғон бўлди. Ҳар бир афсар учун бир минг от фидяга мувафақат қилишдик. Бил Ургун сўнгги ва ниҳоятда ўрунсиз бир ҳийлага бош уруб айтди: “Мен билан бир мунча аскарларингизни қўшунг, мен тегишли фидяларни уларнинг олдига солиб берай”. Мен кулдим ва жавоб бердим: “Сен аскар бошлиқларинг билан бирга шу фидялар етиб келгунча қўлимда асир бўлуб турасан, фидялар келгандан кейин озод бўласан”. Бил Ургуннинг яна тамаъ томири уруб айтди: “Бу ердан Мўғулистонга қадар узоқ йўлдир, фидяларни олиб келгунча узоқ вақт кетадур”. Мен айтдим: “Сен бу фикрингни менга ҳамла қилишдан илгари ўйлашинг керак эди, лекин ўн бешинчи ақрабгача фурсат бераман, ҳозир баҳор фаслидадурмиз. Кузнинг иккинчи фасли иккинчи ойи ақрабгача хийла вақт бор. Сўнгра олтмиш минг от, икки юз эллик минг бош қўйни бир сурик қилиб ҳайдаш қийиндир, магар кичик-кичик сурикларга бўлиб ҳайдаш осонлик туғдирадур. Ҳар ҳолда ўн бешинчи ақрабгача фидяларинг етиб келмаса, ўлумларингизга иқрор бўлишларингиз керак”. (Марсел Брайвон изоҳи: ўтган саҳифаларда Темур ой ҳисобларини қамарий қўлланиб келган эди.Бу ерда шамсий ҳисоб қўлланмоқдадур. Маълум бўлишича, Мовароуннаҳрда эҳтиёжга қараб, шамсий ёки қамарий ҳисоб қўлланур эканлар.)
Мен у йили Мовароуннаҳрда бўлдим. Аскари танзимот, юртларнинг ободонлигига қараш, саккиз ёшли ўғлимга от миниш, ўқ-ёй отиш таълимини бериш каби ишлар билан машғул эдим. Баҳор, ёз фасллари ўтса ҳам, мўғулларнинг фидясидан дарак йўқ эди. Бил Ургунга берилган фурсатдан бир неча ой олдимизда тургани учун унга бу ҳақда сўз очмадим.
Кичик болаларнинг ширинлигиданми, ҳар ҳолда тўртинчи ўғлум Шоҳруҳни яхши кўрар эдим. Ёнимадан ажратмас эдим. Аммо менинг яхши кўрганим уни эркалатиб, беадаб қилиш тарзида эмас, балки отаси Темур каби мардонавор бўлишини кўзда тутар эдим. Шоҳруҳ туғилганида маъқул бўлган исм билан қулоғига азон айтиб атаган эдим. Бир кечаси туш кўрсам, етти адад амир шаклидаги болалар менинг тўғримда турибдурлар. Булардан тўрт нафарининг отини билур эдим: Жаҳонгир, Шайх Умар, Мироншоҳ, Шоҳруҳ исмли эдилар. Қолғонларининг исмларини билмас эдим. Қизиқроғи шул эдики, мен таниган тўрт боланинг кичиги Шоҳруҳ исминда эди, бошига қўтос думи осилган эди (Марсел Брайвон изоҳи: Мўғул қабоиллари Марказий Осиёда кўп бўладурғон Ёк исмли қўтос думини байроқ ўрнида истеъмол қилар эдилар. Чингиснинг байроғи ҳам шу эди. Темур ҳам ўзини унга нисбат бериб,  қўтос думидан байроқ кўтарур эди). (Бу ўринда қайсидир  таржимон томонидан йўл қўйилган хатолик мавжуд. Чунки, тарих илмидан маълумки, Амир Темурнинг байроғида учта доира шакли, уч иқлим эгаси деган маънода бўлган.Қўтос думи байроқнинг уч қисмида зийнат сифатида бўлган, дейилгани  тўғрироқдир. Ҳозирга қадар кўп мамлакатларнинг байроқларида дум ўрнига найза ва ипакдан бир ёки икки шокила мавжуд. Совет давридаги байроқларда учдаги найзага темирдан ўроқ ва болға зарб қилинган эди.Т.М. )
Тушумни таъбир қилувчиларга айтдим. Улар шундай таъбир қилдилар: “Сиз етти ўғулнинг отаси бўлғайсиз, буларнинг исмларини билганларингиз дунёга келгандур, қолғон исмларини билмаганларингиз кейин дунёга келса керак”, дедилар. Ҳеч қайсилари Шоҳруҳнинг бошидаги қўтос думига таъбир қилмадилар ва ё таъбир қилмоқдан чекиндилар. Ўз гумонимда фарзандларим орасидан Шоҳруҳ улуғлиққа етиб ўрнимни тутиб қолса керак, деб ўйлар эдим Марсел Брайвон изоҳи: Темур ўғулларидан салтанатга етишган биргина Шоҳруҳ эди. Бошқа ўғулларидан вужудга келган авлодлардан кейинги вақтларда салтанатга эга бўлганлари ҳам бордур).
Қипчоқ ўлкаларига кетган ўғлим Шайх Умардан келиб турган хабарга кўра, Тўхтамиш билан икки дафъа тўқнаш келган бўлса ҳам, натижасиз бир уруш бўлиб ўтган эди. Куз фасли бошланиб, Ақраб ойининг бошларидаги ёзган мактубида мендан тезликда ёрдам келишини талаб қилган эди. Агар ёрдам тездан етиб бормаса, унинг оғир вазиятда қолганлиги, ҳатто нобуд бўлишдан ифода берар эди. Фаслга қарагнда, қўшун тортишнинг вақти бўлмаса ҳам, талаб қилинган ёрдамнинг устида ўзимнинг бормоғим зарур бўлуб қолди. Шайх Умарнинг талаби келганининг иккинчи куни қўшун лавозимотларини мағрибга йўллаб, ўзим тездан йўлга тушмоқ учун қўшун тартиботига киришдим.
Мўғул асирларининг фидясининг келишидан асар кўрунмади. Маълум бўлишича, “Болта тушкунча – кунда дам олубдур” қилмоқчи, бир ҳийлани амалга оширишга фурсат пойламоқда эдилар. Уларга берган ваъдамга мувофиқ, лафзда турмоқлик мен қадрлайдиган инсоний фазилатлардан бири бўлгани учун ўн бешинчи ақрабғача турмоғим лозим бўлди. Ўзим Мовароуннаҳрдан ташқари кетар эканман, Бил Ургун ва афсарларини тирик қўйиб кетмоғим маъқул эмас эди, менинг йўқлигимдан фойдаланиб, бирор фитна туғдуришлари мумкин эди. Шунинг учун ўн бешинчи ақрабғача тўхтаб турмоғим, берилган муддат тугагандан кейин тегишли чорани кўриб, сўнгра Шайх Умарга кўмаклашмоқ учун жўнашим мумкин эди.
Самарқанддан жўнашимдан илгари улуғ ўғлим Жаҳонгирни ўз ўрнимда – ўринбосар – тайин қилдим. Ўн олтинчи ақраб куни эрта билан Бил Ургунни ҳозирлаб айтдим: “Мен сенга шу қадар узоқ  муҳлат бердим. Сен менга ёлғон ва ҳийла ишлатдинг. Агар сўзинг тўғри бўлганида, бу кунга қадар фидяларинг ҳаммаси бўлмаса ҳам, бир қисми етиб келмоғи лозим эди. Бугун мен юртни тарк қилиб кетиш олдидадурман, сен ва афсарларингни қатл этмоғим керак”.
Бил Ургун: “Эй улуғ амир, менга раҳм қилғил”, деди. Афсарларига истирҳам (раҳм қилишликни) талаб қилмади. Унга айтдим: “Сен ҳарбий кофурдурсан, агар сенинг олдингга чиқиб тўсмаганимда, мусулмонларни ўлдуруб, моларини талон қилғон бўлур эдинг. Ўзинг ҳарбий асир бўла туриб, ёлғончилик ҳам қилдинг. Бундан қасдинг, вақт топиб Мўғулистонга қочишдур. Мен бир асирнинг қонидан кечишим мумкин, аммо бир ёлғончининг қонидан кечмайман. Афсарларинг ҳам ёлғончиликда сен билан шерик бўлғонлари учун уларни ҳам ўлим билан жазолайман”, дедим. Жаллодларни чақириб, Бир Ургун билан афсарларининг ўлумига амр бердим.
Бу ишни тугатиш билан бир юз йигирма минг кишидан ташкил топган қўшуннинг бошида йўлга тушдим. Кунлар қисқариб қолғони учун кечанинг бир қисмида ҳам йўл юрдим.
Биздан илгари йўлга солинган қўшун лавозимотлари Оби Сукунгача тамоми лавозимотларни таклиф қилиб борган бўлса ҳам, Оби Сукундан кейин уч йўл бор эди. Бу йўлларнинг қайси бирига юриш таълимоти берилмагани учун тўхтаб турган эди. Уч йўлнинг бири дарё эди. Дарёдан ўтиш учун кемамиз йўқлигидан ва кема ҳозирлаб ўткунча фурсат озлигидан иккинчи йўлни кўриш тўғри келди. Иккинчи йўл дарёнинг жанубидан кетар эди. У йўлда Гургон, Табаристон, Таволиш мамлакатларидан, мамлакатлардаги қабоиллар (қабилалар) яшамоқда бўлган тоғдан ўтиш лозим эди.
Йўлнинг чангалзорлиги, қабоилларининг бевошлиги юрушимизга мушкуллик туғдириш эҳтимол эди. Учунчи йўл Оби Сукун дарёсининг шимол тарафи билан қипчоқ ерига кетар эди. Ўғлим Шайх Умар ҳам шу йўлдан кетган эди. Фақа, унинг бу йўлдан ўтиши баҳор фаслида бўлиб, ҳозир эса, қиш фаслининг шиддатли совуғи олдинда турар эди.
Оби Сукун дарёси каноридан қўзғалмай туриб, бир мунча кишини лавозимот ҳозирлиги учун юбориш вақтида, уларга тайинладим: “Бундан кейинги юрушимиз уруш ҳолида давом этадур, ҳар манзилда ўтроқ жой билан кенгри лавозимотга ҳожат йўқ, шунинг учун Тархон (ҳозир “Волга” деб аталади) дарёси канорига озиқ-овқатлар ва отлар учун тўбралик (тўрвалик) марказини ижод қилинглар, у ерда бир неча кун туриб, аскар ва отларга дам берамиз”.
Лавозимот дастасини йўлга солганимдан кейин юз минг кишилик қўшунимни ўн мнгдан қилиб, ўн фирқага тақсим қилиб, шимолга қараб юрдим. Оби Сукун дарёси каноридан йўлга тушганимдан кейин совуқ шиддатланди. Кеча-кундузлаб йўл босар эдик. Отларни навола билан озуқлантириб турганимиз учун ва давомли ҳаракатда бўлганидан, бирдек йўл босиб турган бўлса ҳам, қўшунда совуқ шиддатидан роҳатсизлик бор эди. Тархон дарёси канорига бориб, аввал айтиб ўтганимдек, отларга муваққат оғил қилиб жойлаштирдик. Лавозимотчиларимиз хийла мўл истеғдод кўрганлари учун, қўшунга эълон қилдим: “Олдимизда оғир йўл бор, сафаримиз ҳам узоққа чўзиладур. Шунинг учун сарбозлар яхши ҳордиқ чиқарсун, емак-ичмаклари ҳам мўл-мўл берулсун, отларнинг тўрбаликлари ҳам узоқ сафарга лойиқ ҳисоби кўрулсун”. Бу ерда тўрт кун дам олдик. Аскарлар, отлар ҳам яхшигина ҳордиқ чиқариб олди.
Ҳаракат қилишимиздан икки кун илгари лавозимотчиларни Қипчоқ мамлакатидан лавозимот тадбирларини кўриш учун жўнатдим. Тўрт кунлик истироҳатдан кейин, бомдод намози вақтида, ҳавонинг шиддатли совуқ соатида, ўн фирқа аскарнинг ҳаракатига амр бердим. Тархон дарёси музлаган эди. Аскарни музлаган дарё устидан ўткузгунимизча отларнинг тайғониб кетишлари сабаби билан, бир мунчасининг қўли, оёғи синиб, нобуд бўлди. Мен бу кунғача Нишопур, Сабзавор, Исфаҳон каби катта шаҳарларнинг мустаҳкам қалъаларини бузуб ташлаб фатҳ қилган бўлсам ҳам, музлик ўлкаларга қўшун тортмоқда ҳеч қандай тажрибам йўқ эди. Биз дарёнинг нариги қатига ўтиб бўлганимиздан кейин, ўша жойда маскун (ўтроқ) халқдан эшитдимки, булар муз устидан отларни ўткузишда тақаларини бошқатдан – музламага махсус тақалар билан тақалаб олиб, дарёнинг устидан бемалол ўтиб кетаверар эканлар. Бу тажрибани шу жойда ўргандим. Бир уруш бошлиғининг дунёда бор тажрибалардан хабардор бўлиши лозим эди. Инсон ҳамма вақт янги тажрибалардан фойдаланмоғи лозимдур. Маълум бўлдики, музга хос тақалардан истифода этмак лозим экан.
Бизни икки юз минг от тақасини ўзгартирмоқ учун саккиз юз минг тақага эга бўлишимиз керакдур, бу ҳам отларнинг туёғига лойиқ мухталиф андозада бўлмоғи лозимдур. Ўзимиздаги ва у ердаги темирчиларни йиққанимизда ҳам бу иш жуда узоққа кетар эди. Шунинг учун имкон борича, отларнинг тақасини ўзгартирдик. Жумладан, ўзим ва афсарларим отининг ва етак отларнинг тақаси янгиланди. Бироқ янги тақаланган отлар яхши юролма қолди. Чўлоқ отдан фарқсиз бир ҳолга тушди. Афсарларим ҳам шикоят қилиб қолдилар. Бунинг сабабини шундай тушундим: бизнинг отларнинг жуссасига лойиқ туёқлари ҳам зарифдур. Ерликларнинг қўллагани қалин оғир тақалар ўзларининг катта жуссалик отларига уйғун келса ҳам, бизнинг отларга уйғун тушмади, деб янги тақаларни суғуриб ташлаб, яна эски тақалари билан тақаладик. Муз устида отларимиз қийналиб юрса ҳам, олдимиздаги узоғ йўлларга ярамоғини сақлаб қолдик.
Биз кетиб турган йўл улуғ, теп-текис бир даштдан ўтар эди. Йўлнинг икки қатида гоҳ-гоҳ кичик адирлар кўруниб қолса ҳам, тоғ кўрунмас эди. Бир тарафдан шиддатли совуқда йўл босиш билан машғул бўлсам ҳам, бир тарафдан душманимнинг ҳам бизга қарши шундай совуққа чидаб тезлик билан юриб устимизга келиши фикриға машғул эдим. Отларни совуқдан сақлаб қолиш учун тўхтамасдан йўл босиб туришни ягона чора деб ҳисобладим. Сарбозларнинг оёғига ушук текдурмаслик учун кигиз ўраб олиш билан муҳофаза қилдим.
Мен бундай совуқ юртларга қўшун тортиб тажриба қилмаган бўлсам ҳам, қиш ойларида сафар қилғувчи қўшунга кўриладурғон лавозимотлар билан (Оби Сукун лабида, Тархон дарёси канорида турган вақтимизда) мумкин қадар кигиз ҳам ҳозирлатдургон эдим. Жадди ойининг бошиғача аскарий юрушда давом этмоғим мумкин эди. Бироқ ҳаддан ташқари бўлуб тургон совуқда қўшунни юрушдан тўхтатмасам, бутун сарбоз ва отларнинг ҳалокати аниқ кўруниб қолди. Шунинг учун ўша жойда тўхташга амр бердим. Отларга муваққат оғиллар қилинди, уларни иссиқ жой билан таъмин эта олсак ҳам, ўзимиз совуқда кўп азоб тортдук. Жадди ойининг иккинчи куни (23 декабр) қор ёғиб бошлади ва давомли икки кеча-кундуз ёғди. Ҳар он оғилларнинг устини кураб, қордан тозалаб турдик. Икки кундан кейин қор тўхтади, офтоб чиқди, лекин офтобнинг ҳарорати йўқ эди. Совуқнинг шиддати шундай ёмон бўлдики, умримда бунақа совуқни кўрган ҳам эмас, эшитган ҳам эмас эдим. Совуқнинг зўридан, кигиздан қилинган кичик хаймадан ташқарига чиқа олмас эдик. Кун ботиш билан мингларча оч бўрилар атрофимизда улуб турар, уларни отларга дахл қилдирмаслик учун кечаси билан бўри қўриб чиқдик.
Илгари йўллаган суюрсот (лавозимот) дасталари бизга лозимлик озиқ-овқатни яхшигина тўламаган бўлишсалар эди, бу жадди ойининг совуғида от, одамнинг ҳаммаси ўлуб, қуруқ сўнгакдан бошқа асар қолмас эди. Инсон чидай олмайдирғон совуқда суюрсотларни олдинга йўллаш ҳам ғайри маъқул эди. Ва яна олдимиздаги йўл бўйларида лавозимотларни йиғиб, тўплаб туришла лойиқ омборлар ҳам йўқ эди. Шунинг учун уларни муваққатан (совуқ тугагунча) тўхтаб туришларини лозим топдим. Бир кечаси узоқдан ҳаво гулдираган каби овоз эшитилди. Осмонга назар қилдик: ҳавода ўзгариш йўқ эди. Хаймага кирдим , чиқдим, яна ўша овоз келар эди. Афсарларим ҳам йиғилди. Ҳавода иллат йўқлиги, раъд овозининг келиши ҳаммани таажжубга солар эди. Бир оздан кейин сарбозлар ҳам хаймадан ташқарига чиқди. Ҳаммада қатъий ҳукм йўқ, бир неча эҳтимолий фикрлар майдонга чиқар эди.
Мен бу овозни Тўхтамиш шабхун уруш қасдида келиб турган бўлса, унинг қўшунидаги от ва аскар овозларимукин, деб гумон қилдим Албатта, бир уруш кишисининг бундай гумонлардан узоқ туриши, Бил Ургуннинг бошига келтурган ҳолни келтуруб қўядур. Шунинг учун тўрт тарафга хабар олғувчи дасталар жўнатдим. Ўрдугоҳда ҳаммани ҳозирликда тутдим. Карнай овози чиқиши билан отланмоқларига огоҳлик бердим. Тонг отган пайтларда, актишоф (тафтишчи) кишилардан бир дастаси қайтиб келиб хабар берди: “Бир сурук шохлик ҳайвонлар бир томондан яна бир томонга қочиб ўтишларида вужудга келган овоз экан”. (Форсий муҳаррир шарҳи: Катта чамбар шохлик бир ҳайвон гавзандурким, уни “сўғун” (буғу) дейюрлар. Ҳар дастаси мингларча ададни ташкил қилиб, бир минтақадан яна бир минтақага кўчиб ҳаёт кечурадурғон ҳайвонлардур. Бу кунда Оврупо шимолинда, Осиёнинг баъзи минтақаларида нодир кўрунуб қоладур. Амир Темур замонида Шимолий Қафқазияда жуда кўп бўлар эди. Амир Темур қўшуни ва бошқа сайёдлар шу қадар кўп овладиларки, улар Оврупо шимолига, Осиёга ва Қутб минтақаларига паноҳ топиб кетдилар.)
Актишоф дасталари келтурган бу хабардан таажжубландим. Буларнинг ҳаракати билан бу қадар ҳайбатли овоз туғулишини ўз кўзум билан кўрмоқ учун афсарларим билан бирга ҳайвонлар суругига етиб бордим. Ҳайвон тўдасини кўрушим билан Эронда кўрганим гавзанлардан эканлигини билдим. Сарбозлар гавзан кўрмагани учун исмини билдиролмаган эдилар. Бу жониворларнинг шохлари узун ва баланд бўлгани учун қочар вақтларида шохлари бир-бирига тегиб шу овозни чиқарар эдилар.
Кўрунуб турган гавзан сўғун суруги шу қадар кўп эдики, интиҳосига кўз етмас эди. Буларни сайд қилинса, гўшти совуқ кунда муносиб тушар. Терисидан отларга оғил қилиш билан истифода қилиш яхши бўлур эди Шунинг учун афсарлар ва аскарларни шикор қилишга буюрдим. Ўша куни кун ботгунча жуда кўп шикор қилинди. Шикорларни сўймоқ, тозаламоқ билан кун ўтди. Ҳамон сўғун суруги бизнинг олдимиздан ўтиб турар, тугамас эди. (Форсий муҳаррир изоҳи:бу сўғунларнинг кўплигидан берилган хабар муболаға ҳисобланмасун. Йигирманчи асрнинг бошларида Канада мамлакатида бу сўғун ҳижратига тасодиф этилгандир. Уларнинг ўтмишлари уч кунғача давом этгандур.)
Бизнинг аскаримиз ўша куни шу қадар шикор қилдиларки, овларимизни сўйиб йиғиштириб олмоқ ҳам қийинлашди. Кечаси билан тозалонғон гўштларни Ўрдугоҳга нақл қилиш билан машғул бўлдик. Энди сўғун гўштини еб бошладик, гўштларнинг баъзиси юмшоқ бўлса, баъзисининг қаттиқлигидан чайнаб бўлмас эди. Бу, албатта, жониворнинг қари-ёшлигидан фарқдур. Афсарларимдан тажрибакорлари “қаттиқ гўштни қорга кўмиб қўйилса, юмшайди”, дедилар. Ҳақиқатдан тўғри тажриба экан, қорга кўмиш билан юмшаб қолди. Ҳайвонларнинг ҳижрати бизга катта ёрдам бўлди. Бир неча муддатгача уларнинг гўштларидан истифода қилдик. Ҳатто кейинги кунлар учун ҳам заҳира қилиб олдик. Терисини ошлаб ололмасак ҳам, қуритиб, отларнинг оғилларига қўлладик. Одамлар орасида, бўрилар тирик ҳайвонга ҳамла қилади, ўлигига тегмайди, деган гап бор эди. Бу гапнинг асоссизлиги шундай кўрунди: биз тозалаб ташлаган этларга шундай ҳамла қилишдики, ўлук гўшт деб илғаганлари кўрунмади.
Биз жадди ойининг ўн бешигача ўша тўхтаган жойимизда туриб қолдик. Ҳаракат қилиш учун совуқ монеълик берар эди. Ўғлум Шайх Умардан хабар йўқ; қайси жойда, қайси ҳолда эканлигидан воқиф бўлолмадик. Шунчалик гумон қилинар эдики, бу совуқ Тўхтамишнинг ҳам ҳаракат қилишига имкон бермаган бўлса керак, деб хаёлдан кечар эди.  Аммо Тўхтамиш ўз иқлимининг қиш-ёз авзойига воқиф бўлгани учун урушуб билар эди. Ўғлум эса, бегона юртда авзоидан бехабар, ҳар қадамда минглаб урушқоқ душманга мулоқат бўлур эди. Шунинг учун ўлка мамлакат халқлари ташқаридан келганларга қарши, ерли халқдан истифода қилиб, ўз халқининг душманлари муқобилига турғузиб биладурлар, уни нобуд қилиб, ўз юртини қутқазмоққа чора кўра биладурлар. Шу эҳтимолларга биноан, “Тўхтамиш қипчоқларни ўғлумнинг зиддига турғузиб, Шайх Умар билан қўшунни нобуд қилдими ёки асир олиб қамаб қўйдими?” деган хаёлларга ҳам борар эдим. Шайх Умарни ўлдурди, деб гумон қилсам, биздек уруш кишиларига фарзанд ва қариндошларнинг ўлуми қаттиқ мусибат саналмас эди. Биз ўғулларимизни урушга юборишда уларнинг ўлумини назарда тутиб юборамиз. Урушда бир сарбоз билан бир амирзоданинг ўлумининг фарқи йўқдур. Иккисининг ҳам жонининг қиммати бир деб биламиз.
Магар Шайх Умар тутқунга тушиб қолиб, Тўхтамишнинг бир нима муқобилинда талаб қиладурғонларининг беҳад-бепоён бўлиши қайғули чиқар эди. Чунки мен ўғлумнинг душман қўлида ўлушига рози бўлмайман, душманнинг талабини беришга мажбур бўламан, сўнгра ўғлум билан бирга борган саксон минг кишини қутултириш ҳам оғир қиймат тутадур. Шу андиша юзасидан у ерда ортуқча туролмасдим. Жадди ойининг ярмидаёқ ерда қор, ҳавода совуқнинг зиёдалигига қарамай, йўлга тушдим. Сарбозлар совуқда қолган бўлса ҳам, яхшигина ҳордиқ чиқариб олган эдилар. Отлар ҳам чаққонлик билан қадам ташлар эди. Қор устида юриш азият бермаса ҳам, баъзи жойлардаги тўхтаб қолган сув тайғоқликларида отлар қийналиб ўтар эди. Ундоғ ерлар келганда, отларнинг оёғи остига кигиз солиб, отлрни кигиз устидан юргузиб ўтар эдик. Жадди ойининг йигирмасига қадар шу хилда юрушдан бошқа воқеага дуч келмадик. Аммо жаддининг йигирманчи куни қорлик совуқ шамолга (бўрошага) учрадик. У шу қадар совуқ эдики, инсоннинг юзига тегса, темирни қизитиб босган каби аламлик эди. Бўроша фажр вақтидан бошланганча офтоб чиққандан кейин ҳам давом этти, осмонда офтобнинг кўрунуб туриши совуқ шиддатини кесолмас эди. Агар кўз очиб-юмгунча қулоқ бурунга шамол тегса, қорайиб кетар эди. Сарбозларда чармлик қўлқоп ҳам етарли эмас эди. Шунинг учун минган отининг тизгинини бир билагига, етак отининг тизгинини эса бир билагига ўткузуб олиб, қўлларини қўлтиққа тиқиб, совуқдан муҳофазат қилишар эди.  Отларнинг оёқларига илашиб қолган қорлар қотиб, музлаши билан шиша устида юргандек сийғанар, ҳар лаҳза йиқилиш билан баъзи отларнинг пути синиб, туролмай қолар эди. Ўзум ҳам совуқдан кўп азоб чекдим. Жасадни пўстин ҳимоя қилса ҳам, қўлим, қулоқ-бурнимга шамол тегса, кўп беҳузур қилар эди.
 
Афсарларим орасида Абдулло Қора Майсин деган бир киши бор эди (Форсий мутаржим шарҳи: эскидан Кермон шоҳни “Қора Майсин” дер эдилар. Эски китоблар ҳам Кермон шоҳни “Қора Майсин” деб таъриф қилганлар). Бухоро шаҳри маориф маркази бўлгани учун Абдуллонинг отаси Қорамайсиндан таҳсили илм учун Бухорога келгандур. Таҳсилдан кейин ҳам Бухородан уйланиб, у ерда мутавотин бўлиб (ватан тутиб) қолғондур. Фарзанди Абдуллони ҳам ўқутди. Катта бўлган чоғларида менинг хизматимга киргандир. Нишопур, Сабзавор, Исфаҳон урушларида, мўғул Бил Ургун урушларида ҳам бирга эди. Илми жиҳатдан арабийни яхши билса ҳам, менчалик эмас эди. Ботирлиги ҳам менга маъқул эди. Унинг фазлига қўра, менинг муқорабаларимдан саналар эди. Кўнглини яқин билганидан бошқалар сўзлай олмаган сўзни ҳам журъат билан менга сўзлар эди. Унинг сўзлари ҳарчанд оғир бўлса ҳам, ғазабланмас эдим, чунки кўнгли оқ, ҳар бир сўзи менинг фойдам учун бўлишини билар эдим. У ўша куни пешиндан илгари ёнимга келиб: “Эй амир, нима қилмоқчисан? Замҳарир совуғни кўриб туриб, буроша ҳавода юрмоққа зўрлайсан. Шу ҳалокатлик сийғоқ ернинг устида қаерга бормоқчисан? Агар шундай йўл босудурғон бўлсанг, кечгача қўшунингда бир от соғ қолмасдан, сарбозларнинг ҳаммаси пиёда қолиб, совуғда қирилиб кетади”, деди. Шу ҳолда узоқдан ўрмонга ўхшаш бир қора кўруниб қолди. Ўрмонни унга ишоратлаб, айтдим: “Ўша ўрмонга борсак, тўхтаймиз. Ўрмоннинг ёғочларини ёқиб, исинамиз”.
Бир оз ўтиб, осмон булу бўлди, изғирин шамол тўхтади, бора-бора булут ҳам шундай қорайдики, ердаги қорлар ҳам қора кўриниб бошлади. Ҳаво қоронғулашса ҳам, боёғи изғириқ шамолдан яхши эди. Қорайган ҳаво ичида ўрмонга етиб бордик. Бу ўрмоннинг дарахтлари Мовароуннаҳрда йўқ, бир нави ёғоч эдики, кўм-кўк турса ҳам, ўзида мавжуд ёғ моддаси билан қулай-қулай ёнар эди.
Хаймаларимизни тутиб, отларга ҳам муваққат оғилларни қуриб олдик. Ёқилган ўтлардан ҳосил бўлган чўғларни оғилларга элтиб, отларга илиқлик берар эдик. Мен умримда бундай қоронғулашган кундузни кўрмаган эдим. Осмонга қора ранг суртиб қўйгандек қора, ер ҳам ўрмон ҳам қорайган эди. Совуқнинг шиддатидан биронта қарға ҳам учмас эди. Ҳавонинг кўруниши инсон қалбига ҳам таъсир берган каби, ҳаммада ғамгинлик ҳукм сурган эди.
Афсарларимни маслаҳат учун тўпладим. Отларнинг емаги ва ўзимизнинг емагимизнинг озлиги, қорларни эритиш йўли билан ҳам от ва инсонни сув билан таъмин қилолмаслигимизнинг сабаби ила бу ердан тезроқ кўчишимиз лозимлигини билдирдим. Сўнгра асосий мақсадимиз ўғлумнинг ёрдамига келганимиз ва бу мақсадга етишмоқ учун шу қийинчиликларга учраганимизни билдириб, “Шайх Умарни қайси тарафда деб биласизлар?” саволини бердим. Афсарларимдан бири: “Ўғлинигиз ғолибо Бобил Абвобда (Форсий мутаржим изоҳи: Бобил Абвобни бу кунларда Дарбанд деб атайдурлар. Ҳазар дарёсининг ғарбий соҳилида бир бандаргоҳдир) бўлса керак”, деди. Абдулло Қора Майсин айтди: “Биз Шайх Умарни Бобил Абвобда деб қатъий ҳукм беролмаймиз. Бизга маълумдирки, Шайх Умар дарё-кема билан сафар қилғони йўқдурки, тўғридан-тўғри Бобил Абвобдадур, десак мумкин эди. Жануб йўли  билан Бобил абвобга бордими десак, йўл устидаги “Нўширавон” садди монеълик беради. Шунинг учун Шайх Умарни Бобил Абвобда деб таҳмин қилиш қийиндур”. Мен орага бир тавзиҳ жумласи киргизиб: “Ул саддини баъзилар Нўширавонга ва баъзилар Жамшидга нисбат берадурлар, эски вақтларда  Ҳазар дарёсининг шимолидаги қабоиллар ҳамма вақт Эронга ҳамла қилур эди. Буларнинг ҳамласидан Эронни қутқазиш учун Нўширавонми, Жамшидми – қайси бири бўлса -  шу садни бино қилдиргандур. Ўша садни бино қилишга сабаб бўлган ҳазар қабоилининг турар жойлари ушбу Қипчоқ даштидур. Қабоилнинг султони эса, ҳозир Тўхтамишдур”, дедим.
Абдулло Қора Майсин: “Амирнинг изоҳлари тўғридур, садни ким тарафидан бино қилган бўлса бўлсин, ҳозир шимол йўли билан Бобул Абвобга кема боролмайдур. Тўхтамиш у ерга қандай борадур? деб савол берди. Сад мавзуини ўртага солган афсар: “Дарё йўли билан борган бўлса керак?” деди. Абдулло Қора Майсин изоҳ берди: “Жануб йўли билан айланиб юриб яна дарёнинг нариги қатида жанубдан чиқадур. Кейин яна жануб йўли билан Бобул Абвобга бориш мумкиндур. Аммо оташлик ерлардан қандай ўтадур?” Мен мажлисга яна бир изоҳ бердим: “Абдулло тўғри айтадур, жануб йўли билан Бобул Абвобга бориш мумкиндур, аммо йўлдаги доимий ҳолда ёниб турган ердан ўтиш имкони йўқ, у ерларнинг оловлик ер деб аталишининг сабаби шулдирки, ернинг остидан ёғ булоқ бўлиб қайнаб чиқиб турадур, баъзи булоқларда ўт ёниб тургани учун “ўтлик ер” деб аталадур. Ул ўтларни бу вақтгача ҳеч ким ўчира олмагандир. Қиш-ёз бир хилда ёниб турадур”.  Афсарлардан бири: “Ўша жой қайси минтақага тўғри келади?” деб сўради. Мен жавоб бердим: “У ер Оби Сукун (Ҳазар денгизи) қирғоғида бўлиб, Бобул Абвобнинг жанубига тўғри келади”. Афсарлардан бири қизиқчилик қилиб: “У ўлканинг халқлари саодатли экан, ҳамма вақт ўт ёниб турса, биздек совуғдан тирамас экан”, деди. (Форсий мутаржим изоҳи:“Сарзамини оташ” – ўтли ер – бугун “Боку” исминдадур. Луғат аҳли бу калиманинг асли ришасини маҳаллий “Оташкада” – ўт топинмаси ё “Оташгоҳ” – олов учи, деганларига ишорат бергандур.)
Мен жиддий ва илмий жавоб бердим: “Совуқ офати каби ўт ҳам зўр офатлардандур. У ўтнинг ёнига инсон боролмайдир. Борган бўлса, ҳалок бўладур. Алангаси осмонга ўралиб турадур. Бу ўтни сув сочиб ҳам ўчириш мумкин эмасдур”. Мен бу ҳақдаги маълумотларни Мовароуннаҳрдаги вақтимда, шу ерларни кўриб борганлардан сўраб билган эдим.
Орадан бир киши: “Биз бу сафаримизда ўша ўтлик жойларга ҳам борамизми?” деб сўради. Унга жавоб бердим: “Биз ҳаммадан аввал қўшуннинг маслаҳатига қараймиз. Агар ўша томонга бормоқлик ижоб этса, албатта ўтлик ўлкаларга ҳам борурмиз”, дедим. Афсарлардан бири айтди: “Амир Шайх Умар жанобингизга юборган мактубни қуруқ йўли билан юборгандур. Агар Оби Сукун дарёсининг нариги қатида – майли, Бобул Абвоб тарафда, майли, Ўтли минтақаларда бўлганда эди, қосидни (элчини) дарё йўлидан кема орқали йўллаган бўлур эди. Бундан маълум бўладурки, амир Шайх Умарнинг турган жойи дарё канорида эмасдур”. Мен ўзум ҳам шу фикрга назар солмаган эканман, бу сўзни тақдим этгувчи афсаримга ташаккур билдириб, фикрининг соғломлигини тасдиқладим. Демак, Шайх Умарнинг дарё канорида эмаслиги қатъийлашди. “Энди унинг турган жойини топмоқ учун ерли халқ яшайдиган жойларга тезроқ етиб бориб, маҳаллий кишилардан сўрамоғимиз лозим”, дедим.
Абдулло Қора Майсин илова қилди: “Қипчоқ ўлкаси икки дарёнинг ўррасига жойлашган бўлиб, кенглиги икки юз тош масофани эгаллайди. У ерда яшамоқда бўлган халқ ҳам кўпдур: саксон минг нафарлик бир қўшуннинг овозаси юрт орасига ёйилган бўлади, уларга бориб сўраш билан амирдан хабар топмоғимизга зўр имкон туғиладур”. Дарҳақиқат, Абдулло айтганидек, Қипчоқ ўлкаси жилғалари билан назарга олинганда бепоёндур. Ундан ташқари, жанубдаги Доғистонни ҳам унутмаслик керакдурки, у тоғларнинг орасида осмоннинг юлдузича қабоил бордур, ҳар қандай катта бир қўшун ул орага кирса, сингиб кетадур. Машваратимизнинг охири шундай бўлдики, эртаси куни эрталаб кўчамиз, ўзимизни Дашти Қипчоқдан обод бир минтақага еткузуб, у жойда туриб таҳқиққа давом этамиз, деб қарор қилдук.
Кечаси қор ёғиб бошлаши билан ҳаво хийла юмшади. Бу ҳол хурсандлигимизга сабаб бўлди, чунки йўлдаги музламаларни қор босиб қолиб, отларнинг осонлик блан йўл юришига имкон туғилар эди. Бомдод вақтиғача ёққан қор билан хаймаларимиз кўмилиб етибдур, яна қор ёғиб турибдур. Мен қўшунни кўчишга буюрдим. Қўшуннинг олди-орқасига  хабар олувчи дасталар чиқардим. Уларнинг сергаклик билан йўл атрофларини кузатиб боришларини таъкидладим. Лавозимотчиларнинг қайси жойга озуқа тўплаб туришларини қатъий қилолмас эдим. Ҳавонинг юмшоқлиги, отларнинг сирғанмасдан юришлари соясида суръат билан илгариламоқда эдик. Аммо офтоб булутнинг орқасидан чиқиб, ўз нурини оппоқ қор устига сочиши билан ҳаммамизнинг кўзларимиз қамашиб қолди. Йўлларни кўриш ҳам қийин бўлиб қолди. Бунга нима илож қилишни ҳам билмас эдик. Бир куни қор устида ғилдираксиз аравага (чана) миниб олган саҳройи одамларни кўрдим, улар суръат билан ўз сайрида давом этар эди, фақат юзларига қора ниқоб ташлаб олган эдилар. Унинг сабаби билан кўзлари қамашмас эди. Ундан кейин биз ҳам кўзимизга ниқоб тутиб олиб, кўз қамашғанидан қутулдик.
Илгари айтиб ўтганимдек, бир йигирма биринчи жадди куни йўлга тушдик, бир кеча аввал бошланган қор ҳалигача давом этмоқда эди. Бу вақтдан фойдаланиб, кўпроқ йўл босиб олмоққа ҳаракат қилар эдим. Йўлимиз устидаги саноқсиз оч бўриларнинг от, одамга еткузадиган хатари бор учун уларга ўқ отиб ўлдуриб борар эдик. Кечаси қор ёғиб туришидан эса, хурсанд эдим.
Қўшуннинг олдида кетган хабарчи ва йўл билгувчилардан шикоят хабари келди: “Отлар ўз йўлларини яхши ташҳиз қила олмай, тўхтаб қолмоқда эмишлар”. Бу хабар ҳам ҳайратга соладургон бир хабардир. Чунки қўшундаги йўл биладурғон отлар итлардан зийракроқ эди, нима учун бу ҳол юз берганини билиш қийин эди.
Албатта, ёғиб турган қор миқдорининг кўплигидан отлар эски йўлни ҳидлаб топишдан маҳрум қолғондир, деб ҳукм қилмоқдан бошқа сабаб кўрунмас эди. Бу ҳолда талояларни юрабергин десам, йўлни йўқотиб, совуқда нобуд бўлмоғимиз муқаррар эди. Қўшунни тўхташга буюрсам, бу даштда ўтинимиз йўқ, озиқ-овқат ҳам топилмас эди. Атрофга кўз солсам, оч бўриларнинг ярқираган кўзи, очлик садоларидан бошқа овоз эшитилмас, умид нури ҳея тарафдан кўринмас эди. Иложсизлик юзасидан қўшуннинг тўхтамоғига амр бердим. Албатта, отлиқ аскарлар бир жойга тушганда, ўзидан аввал отларнинг осойиши кўзда тутилур: “Отларни муваққат оғилларга киргизуб, сўнгра сарбозлар истироҳат қилсин”, деб буюрдим.
Қор устига тикилган чодирларда ўт-оловсиз тўнга кирлик. У кеча менинг умримда биринчи марта дуч келган энг оғир ва меҳнатли кеча эди. Кечанинг аввалида бир оз ухлаган эдим. Қор тўхтагандан кейин совуқ шу қадар шиддат қилдики, мен хайманинг ичида ухлаш эмас, ўлтиролмадим.
Кечанинг шиддатли совуғида ўрдугоғ қоровуллари бўрилар билан олишмоғда оғилдаги отларни бўриларнинг ҳужумидан сақлашга чалишмоқда эдилар. Вазифасини адо қилган қоровул оғилнинг ичига кириб жон сақлар эди. Нимага деганда, ўрдугоҳда энг иссиқ жой отларнинг оғили эди. У сафаримиздан кейин баъзи муболағачиларнинг афсонаси халқ орасига эртак бўлуб тарқалибдур.
“Ўша кечаси бир неча қоровул қўлларидаги найза, белларидаги қилич билан совуқда қотиб қолган эмишлар. Қиш тугагунча ўша туришларида турганмиш. Йўловчилар қор кетган замонларда кўрубдурларким, улар ҳанузгача қўлларида найза билан жонсиз ҳолда турган эмиш”.
Бундай афсоналарни авом халқ суриштирмай қабул қиладурлар.  Аммо оқил кишилар қабул қилмас, чунки бир ўлукнинг ёки бир неча ўлукнинг ҳафталарча қор устида тик туриб қолиши мумкин эмаслигини идрок эта оладурлар.
Ҳақиқатда, ул кечаси ўрдугоҳ қоровулларидан ҳеч ким совуқда қорайгани ҳам йўқ. Қоровулларни тез-тез ўзгартириб турар эдим. Совуққа чидай олмаганларни оғилга кириб исиниб олишларини таъкидлаган эдим. Отлар оч қолди, қўлимиздаги охирги наволани тонг отгандан кейин едириб йўлга тушсак, унинг кучи билан анчагина йўл юриб олишимизни ҳисоблаган эдим. Бўлиб турган совуқнинг шиддати, қўлимиздаги озуқаларнинг тугаб қолиши кўп андишага солар эди. Бирор мажбурият орқасида яна бир кун шу ерда қолгудек бўлсак, бутун сарбозлар билан отларнинг ҳалок бўлиши, қўшуннинг ўртадан кўтарилиб кетиши кўзга кўрунуб қолғон эди. У кеча мен ўзумни ўзум ҳисобга тутдим, қўшун тортишда ҳануз лаёқатсиз эканимга надомат қилдим.
Агар тажрибали қўшун бошлиғи бўлганимда, қиш замонида совуқ минтақаларга аскар тортиб кирмас эдим. Мен ўғлим Шайх Умарнинг хатарга учраб қолганини ҳисобга олдим. Қипчоқ ўлкаларини Мовароуннаҳр ўлкалари қаторида ҳисобладим, бу ерда инсон қўлини темир жинсига текгузса, чаплашиб қолишидан ғафлатда бўлдум. Натижада, саксон минг кишилик қўшунни қутқазаман, деб бир юз йигирма минг кишилик қўшуннинг ҳам ҳалокатга учраши олдида қолдим. Ўзумни шу каби лаёқатсиз кўрганим учун уйқум келмас, тонг ҳам яқинлашмас эди. Хаймага кирар-чиқар, қўшуннинг хаймаларига ҳам бориб бош тиқиб кўрар эдим. Аммо бир киши билан сўзлашишни юрагим кўтармас эди, бошқаларни ҳам ўзумдек хафсаласиз ва роҳатсиз билар эдим. Ёғуб турган қор ҳам тўхтади. Булутлар ҳар томонга тарқаб кетди. Кўзум жадий (Қутб) юлдузига тушди (“Жади буржи” деб иштибоҳ қилинмасин).
Ўзумча, “шу юлдузга қараб юрсак бўлади, лекин совуқнинг шиддати хавф туғдуради. Хайр, сарбозлар намози бомдодғача истироҳат ола берсин”, дедим.
Ҳаво ёришиб қолди, жадий юлдузи порлаб турибди. Шарққа қарадим, шарқ томон қоронғу эди. Шимол тарафдан тонг шафақи зоҳир бўлур эди. Совуқ дағдағасидан ухлай олмаган афсарларимдан бир нечаси атрофимга тўпланиб, “Тонг ёрушти, қўшуннинг ҳаракатига буйруқ бермайсизми?” дедилар. Мен: “Бу ўлкаларда тонг шафақи шимолдан чиқадими?” деб юлдузлар таъини билан шарққа қарашлигини тушунтирдим. Улар ҳам шарққа ва шимолга қараб мен каби ҳайрон бўлиб қолдилар. Бу ҳолда офтоб чиққунча мунтазир бўлмоғимиз лозим кўрилди.
Мен ўзумни ҳеч нарсадан қўрқмайдурғон бир иносн ҳисоблар эдим, бироқ бу ерда азим бир даҳшат ўраб олди. Ўзумда кўруниб турган қўрқув ҳолатини афсарларимдан бири ўз ҳайронлигини: “Эй амир, нима бўлғай экан?” деб ташвишли ҳолда таъбир қилди. Мен уларга умумий қилиб шундай дедим: “Бизнинг ўз ишимиздаги ихтиёримиз қўлимиздан чиқди, ҳар нима бўлса, Аллоҳнинг хоҳлагани бўлади”. Ҳаммамизнинг ақидамизда офтоб ўз еридан чиқмаса, Қиёмат қоим бўлади, деб кўз олдимизда Жазо кунининг даҳшати кўринар, маҳшаргоҳнинг ҳисобига ҳозирланмоқдан бошқа аҳамиятлик иш қолмаган каби сезилар эди.
Бизнинг интзоримизга қарши офтоб ҳам чиқмади, Қиёмат ҳам ошкор бўлмади, боёғи бомдод шафақи ҳам йўқолиб, дунёни қайтадан зулмат босди. Кейинча маълум бўлдики, шимол томондан офтоб тасаввур қилганимиз субҳи козиб (алдамчи тонг) экан. Қипчоқ ўлкаларида ва унга тобе ерларда қиш ойининг баъзи кечалари субҳи козиб кечаларида шимолдан туғадур, дейдилар (Марсел Брайвон изоҳи: қиш ойининг баъзи кечаларида, қутб шафақи Қафқозиянинг шимолида кўринадур. Темур қутб шафақини “субҳи козиб” деб тасаввур қилгандир).
Субҳи козиб ҳам йўқолиб, олам қоронғулашгандан кейин чодирга қайтиб кирдим, совуқнинг шиддатидан кечаги ўрмонга қайтиб бориб, бир оз исиниб олсак, кўнгил тинчирмикин, деб ҳам хаёлга тушар эдим. От ва одамларнинг озуқасизлигига чора қилмоқ исинишдан зарурроқ эди.
Субҳи содиқ кўтарилди. Офтоб нури даштни ёритиб юборди. Ғарб томонга кўз тикдим: саҳронинг текислиги кўз илғаган жойға қадар кўрсатиб турар эди. Бироқ узоқ уфқдан бир ўрмон кўриниб қолди. Афсарларимдан бир нечасини чақириб, ўрмонни кўрсатдим. Улар ҳам тасдиқ қилишди. Дарҳол отларнинг охирги наволасини едириб, сув ўрнига бир оз қор ялатиб олгандан кейин қўшуннинг ҳаракатига амр бердим. Қўшун ҳаракатидан илгари олдинғи хабарчилар дастасини йўлга солдим. Аскарлар ўз олдиларида ўрмон борлигидан хабардор бўлиш билан маънавиятлари қувватланди, совуқнинг шиддатига қарамай, ўзларини йўлга ҳозирладилар. Қўшун йўлга тушди.
Кенг текис даштда кўрунган ўрмон яқинга ўхшаб кўрунса ҳам, тажрибадан ўтганига қараганда, тўрт-беш тош масофада бўладур, шунинг учун бир неча соатлар юргандан кейин қорага етиб бормоғимиз мумкин эди.
Олдинғи хабарчилардан келган маълумотга кўра, биз кўрган ўрмон жуда катта жангал эмиш, унинг ёнида каттагина ободлик кўрунар эмиш. Бу хабардан ярим соат кейин яна бир хабар келди: узоқдан бир неча отлиқлар талоядорларимизга қараб келиб турган эмиш.
Бизнинг лавозимотчиларимиз ўша минтақада Калана деган жойга ўринлашганларидан кейин бир неча отлиқни биздан хабар олиш учун чиқазғон экан, бизнинг хабарчиларимиз ўша лавозимотчи дасталаримиз йўллаган отлиқларни узоқдан кўриш билан бизга хабар қилган экан. Хабарлар аниқлашгандан кейин қўшуннинг ҳалокатдан қутулиб қолганига ишондим ва кўнглим тинчиди.
Аср вақтларида, совуқдан безор, очликдан рамақда жон билан Калана ободлигига етдик. Лавозимотчилар бизни узоқдан кўриш билан отларга муваққат оғиллар ҳозирлаб турган экан, отларни оғилларга киргузуб, ем-хашак тўкдук, совуққа қарши катта ўт ёқдик. Чўғларни оғилларга киргузиб, отларни совуқдан муҳофаза қилдик.
Лавозимот бошлиғидан, нима учун уларнинг борлигидан бизга хабар етгизилмаганини сўраганимда, жавоб бердики: “Каланага келгандан кейин қор бўронга учраб, қимирламоққа имкон тополмай қолдик, шундай бўлса ҳам, ҳар куни мумкин қадар дашт тарафга чиқиб, тўрт тарафни ахтариб турдик”. Шайх Умар тўғрисида бундай деди: “Калана халқидан Шайх Умарни сўрадим. Улар: “Шайх Умар қор ёғиб йўллар тўсилмасдан илгари Бобул Абвобда эканлигидан хабар олган эдик, йўлларнинг тўсилиши билан хабар ололмадик”, деб хабар қилдилар”.
Ўзим юрт оқсоқолларидан сўрамоқ учун уларни ҳозир қилишга буюрдим. Келганларнинг ичида ўша жойнинг “кадхудоси” (оқсоқоли) деб аталган бир киши ҳам бор эди, мен ундан “Бобул Абвобгача қанча кунлик йўл?” деб сўрадим. Кадхудо жавоб берди: “Эй амир, Бобул Абвобга ўн икки кунлик йўлдур. Аммо ҳозирги кунда Кўҳиқофдан Семуруғ ҳам ўтолмайдур. Қорлар кетгандан кейин юришга имкон туғулладур”. Мен кадхудодан сўрадим: “Агар кеча-кундузлаб йўл юрсак, қанча кунда Бобул Абвобга боргани бўлур?” Жавоб берди: “Қор кетган бўлса шарти билан олти кунда боргайсиз”.
Каланаликни семурғдан баҳс этганига завқим келиб, “Бобул Абвобга бориш учун тоғ ошиб юрмоқдан бошқа йўл йўқми?” дедим. Кадхудо менга атрофлича тушунтириш учун сўз бошлади: “Эй амир, Бобул Абвобга Табар довонидан ўтилади, йўлнинг кенглиги баъзан бир зироъ бўлса, баъзан ярим зироъ келадур, бу йўлнинг қачон ва ким томонидан очилгани ҳам Худонинг ўзига маълумдир. Табар довонининг бошланишидан тоғнинг учига қадар илон изи каби айланиб тоғ бошига чиқиладур. Тоғнинг бошига чиққан одам тоғнинг орқа-олдини ва дарё юзини бемалол кўра олади (Тоғнинг орқаси – Қафқоз тоғининг шимол минтақалари, қипчоқ ўлкаси, тоғнинг олди –Қафқоз тоғларининг жанубий минтақалари ва Ҳазар дарёсидур). Тоғ йўли атрофидаги дара-жилғалар шу қадар хатарлидурки, йўловчи йўлнинг каноридан туриб пастга қараса, зовнинг остига кўзи етмайдур. Хатари шу қадардурки, озгина тойиб кетмоқ билан инсон ҳаётидан айрилади. Қиш вақтларида бўлса, бир тош йўл босмай туриб йўловчини қор кўмиб ташлайди. Бундан бошқа Бобул Абвобга борадургон бир сўқмоқ йўли ҳам бор, пиёдадан бошқа одам юролмайди. Шу фаслда Бобул Абвобга бормоқ учун дарё йўлидан бошқа чора йўқтур. Бу фаслда дарё йўли ҳам бехатар эмас. Қандай деганда, бу ердан дарё канорига етиб олмоқ мушкуласи бордур. Йўлда обод қишлоқ ҳам йўқ, одам ҳам йўқ, озуқа ҳам топилмайди. Оч бўриларнинг хатари яна зиёдадур. Агар шу қийинчиликларнинг чораси қилинса, дарё канорига етиб олган заҳот кемани кирага олиб, осонлик билан Бобул Абвобга етиб оладур”.
Бу маълумотлардан аниқландики, ўғлум Шайх Умар билан алоқа боғламоққа дарё  йўли кофийдур. Аммо ўзумни унинг ёрдамига қўшун билан еткузмоқ имконсиздур. Шунинг учун қўшун бекларидан Фотинғур деган кишини чақирдим, бу одам асли ғурлик бўлиб (“Ғур” – Афғонистоннинг шимолида жойлашган макон), Мовароуннаҳрда менинг хизматимга кирган эди. У пиёда юришда чарчашни билмас эди. Мақсадга етиб олгунча тўхтаб ором ҳам олмайди, чақир-чуқур йўлларда ҳам юрган йўлида ухлаб кетаверарди. Аммо зовлик, ёмон йўлларда ҳеч ухламас эди. Мен унга икки киши ҳам қўшдим. Бир нома ёзиб бердим, хатни Шайх Умарга еткузиб, жавобини олиб келишини таъкидладим. Дарё бўйигача булар отлиқ борур эди. Мабодо отлар йўлда чарчаб қолса, ташлаб юбориб, пиёда кетиш мумкин. Ором олганда ва ёки бирор хатари бор жойларда навбатлашиб бир-бирларига ёрдамда бўлишларини тайинладим. Шайх Умарга ёзган хатимда, унинг талабига биноан ёрдамга келганимни, қор орқасида қолгандаги вазиятимни билдириб, қорлар эриб кетмагунча қўшунни қимирлатолмаслигимни ёздим. Сўнгра ўзининг аҳволини, биздан айрилгандан кейин нималар ўтганини, Тўхтамишнинг вазиятини мукаммал билдиришни сўрадим. Сўнгра иккимизнинг қайси вақтда, қайси жойда мулоқот бўлишимизни маълум қилмоғини билдирдим.
Чопарни жўнатгандан кейин эҳтиётни қўлдан бермадим, сарбозларни Калана қишлоғининг атрофлари билан қўшиб иқтишоб этиб турмоққа буюрдим. Тўхтамиш бизни ғафлатда тутиб ўрдугоҳга ҳамла қилиб қолмаслиги учун ўрдугоҳни уруш ҳолида турган ҳолда тутдим. Мабодо ҳаммага маъруз бўлиб қолсам, душманга зарба бериш, орқасига суриш тадбирларини кўриб қўйдим. Мен ўзим неча марта душманни ғафлатда қолдириб нобуд қилганман, уруш кишисининг ғафлатда бўлиши аскарий шон-шавкатнинг барбод бўлишидур, деб тушунганим учун ҳар вақт олдимдаги душманга қарши эҳтиёт чораларини кўриб туришни муносиб кўраман. Шу билан бирга, бўш туриб вақтни зоеъ қилишга ҳам қаршидурман. Шунинг учун қишлик овдан истифода этмак фикрида юрт оқсоқолларини йиғиб, улар билан машварат қилдим. Улар бу минтақада қиш кунлари овга лойиқ парранда бўлмаслиги, фақат айиқ овидан бошқа овнинг аҳамияти йўқлигини сўзлаб, мени айиқ овига даъват қилдилар. Мен улардан айиқ тўғрисидаги сўзларни эшитиб таажжубландим.
Айиқнинг одати – қиш кирмасдан аввал саҳро ва тоғларда юруб, балут жангали, аччиқ анор, ўрмон асали каби ўзи яхши кўрган озуқаларни жуда кўп миқдорда йиғиб, ўнгурига келтуруб олур экан. Қишда бу нарсалар йўқлиги учун ташқарига чиқмай, қиш уйқусига кирар экан, унинг уйқуси ҳам узун ва жуда қаттиқ бўлгани учун саҳройи ҳайвонлардан росу ва ҳаз деган бир нави сичқонни эслатадиган ҳайвонлар айиқнинг ўнгурига келиб олиб, унинг уйқудаг вақтидан фойдаланиб, бояги заҳираларни еб, қишни ўтқузар экан. Бу ҳайвонларни овламоқчи бўлган тулкининг териси қалин бўлгани учун қишнинг совуғидан андишасиз ҳолда ташқарига чиқиб, айиқнинг ўнгурини ахтариб топар ва унинг ичидаги ҳайвонларни овлаб жон боқар экан. Айиқ ўнгурини тулкидан бошқа нарса тополмаслиги учун бу ернинг халқи тулкининг изига қараб бориб айиқ ўнгурини топиб олиб, сайд қилур эканлар.
Бу ажойиб ҳикояларни ўз кўзим билан кўриш учун айиқ овига чиқишни маъқул кўрдим. Қишлоқилар ҳам тўпланиб келди. Лекин ҳаммаларининг қўлида таёқдан бошқа салоҳ йўқлигига ҳайрон қолдим. Мен афсарларим билан отландик. Қилич, найза, ўқ-ёйларимизни олдик. Улар топган тулки изини қувлаб боравердик. Бир жойга борганда тулки изи йўқ бўлғоч, улар “Айиқ ўнгури шул” деди. Ва ўзлари билан бирга олиб борган икки дона итни айиқ ўнгурининг торгина мадҳалидан ичкарига қўйиб бердилар. Итларнинг баланд овоз билан ҳуриганларидан айиқ ҳам уйғонди. Ичкаридан бир неча адад ҳайвон билан оғзи-бурни қонга буланган тулки ҳам қочиб чиқди. Маълум бўлишича, тулки ҳам ўз сайдини тутиб еб қорнини тўйғузган экан. Охирида хурмо рангли бир айиқ ҳам ғордан қочиб чиқди. Мен эсам ўқни ёйга ўрнатиб турган эдим. Калана халқи: “Эй амир, ўқ отманг, айиқнинг териси зое бўлади”, деди. Ўша вақтда қишлоқиларнинг қилич, найза олмаганининг сабабига тушундим. Ёйни билагимга осиб олдим. Айиқ ғордан чиқиб, бизга яқин келганда, икки оёғининг устида тик турди. Айиқнинг бўйи шу қадар баланд эдики, қишлоқилардан бири унга яқин борганда, унинг бўйидан анча баланд турар эди. Мен эрон айиқларини кўрган эдим, аммо бу қадар катта айиқни кўрмаган эдим. Қишлоқиларнинг сўзича, бундан ҳам каттароқ айиқлар бор эмиш. Айиққа қишлоқилар таёқ билан ҳамла қилди. Менга ҳам бир таёқ келтириб бериб урмоғимга ундади. Мен таёқни олмадим, чунки бир аскарий киши қўли қилич, найза қўллашга ўрганган бўлса, таёқ қўлламайди.
Қишлоқилар айиққа зарба бера бошладилар. Айиқ бўкирар, қўли билан таёқдан ўзини муҳофаза қилар эди. Кўплашиб туриб урулган таёқ натижасидан айиқ қорни билан ерга йиқилди. Мен ҳам бориб кўрдум. Айиқнинг жони чиқғонда кўзи очиқ қолғон эди. Айиқнинг териси ҳам иллатсиз эди. Қишлоқилар дарҳол терини ажратишди, гўштини ўзаро бўлишдилар. Гўштдан менга ҳам олиб келиб: “Кабоб қилиб берайликми?” дедилар ва айиқ гўштининг юмшоқ лазиз бўлишини мақтадилар. Мен уларга мусулмонлар айиқ гўштини харом бўлишини айтиб, чекиндим.
Мени ҳайратга солиб қўйган нарса Тўхтамиш ўзини кўрсатмаслиги эди. Бир юз йигирма минг ададлик бу қўшун унинг юртида бўлса-ю, у ғафлатда бўлмас эди. Фақат бунда унинг ишлатиб турганёки пайт пойлаб турган бир нуқта (ўйун) борлиги узоқ эмас эди. Бизга қийинлик туғдириб турган қиш, унга қийинлик туғдирмайди, чунки у ўз ерининг шароитига ошнодир, халқи ҳам унинг итоатидадур. Мабодо менинг келганимдан бехабар бўлса, у ҳолда ундоғ подшоҳни енгиб ташламоқ осон деб хаёлдан кечурур эдим.
Шайх Умарга юборган қосидим Фотунғур мен ўйлагандан ҳам илгари – чаққонлик билан бориб Шайх Умардан мактуб олиб келди, сарбозлари билан Бобул Абвобда экан. Мактубнинг мазмунидан шулар сўзланади: Тўхтамиш билан бўлган урушда қўшуннинг ярми зоеъ бўлибди. Дарё бўйи билан Мовароуннаҳрга қайтмоқчи бўлганида қўшуннинг ярмини зоеъ қилгани ҳолда менга муқобил бўлишни  эп кўрмай ва менинг ғазабимдан андиша қилиб, шу ерда нусратга улашмаса, тамом қирилиб тугагунча урушни давом эттиришга, мағлуб ҳолда юртга кириб бормасликка азм қилган экан. Буюрулган хизматни бажаролмай юзумга қарашдан уялур эмуш. Сўнгра бошқа мавзулардан сўзлаб, Тўхтамиш олтмиш минг аскари билан қиш кириши ҳамон Шанкорга бориб туруб қолғон эмиш (Шанкор – Қафқоз тоғининг шимолий минтақаси ёки Қафқоз тоғи).  Қор кетиб, йўл очилгандан кейин дарё йўли билан ёки Табар давони билан ўзини Бобул Абвобга еткузуш эҳтимоли бор эмиш.
Шайх Умар мактубидаги Шанкорнинг минтақаси Қипчоқ ўлкасининг қайси жойига тўғри келишини билмоқ учун Калана оқсоқолларини чақириб сўрадим. Улар Қипчоқ ўлкаларининг ғарбида, Қора денгизга яқин ерда эканлигидан хабар бердилар.
Маълум бўлдики, Тўхтамиш Бобул Абвобга борадурғон бўлса, майли, дарё йўли билан, майли, Табар довони билан юрсин, мен турган Каланадан ўтмай иложи йўқ экан. Биз турган жой билан Тўхтамиш турган ернинг оралиғи саксон тош масофа эканлиги ҳам аниқланди. Мен бу йўлни тўрт-беш кун оралиғида босиб юбормоғим мумкин эди.Ўғлумдан елган хат мазмунини ҳеч кимга билдирмадим. Ҳатто катта рутбалик (даража) афсарларимга ҳам Тўхтамишнинг Шанкорда эканлигидан огоҳлик бермадим. Бунинг сабаби эса, менинг Тўхтамиш қароргоҳидан хабардор бўлганлигимни Калана халқига туйдирмаслик эди. Чунки душман мамлакатида турган қўшун ўз асрорини одам эмас, дарахтлар, деворлардан ҳам, балки тоғ ва жониворлардан ҳам эҳтиёт қилиши, ҳар ҳолда бир жосус қулоғига тушуб қолмоғидан ҳазар қилиши лозимдур.
Фотинғурни иккинчи дафъа нома билан Бобул Абвобга юбордим. Ўлумга ёздимки: “Дарё йўли билан биз тарафга жўна, қишнинг охирида соҳилга етиб келасан. Фақат соҳилга келиб, Калана қасабасига етиб келгунча аскар ва отларнинг озуқаларини ўзинг билан олиб кел. Қиш ойларида бу ерда озуқа тополмайсан. Агар қўшунни тамом лавозимотлари билан дарёдан ўткузушга кифоя қилғудек кема топилмайдиғон бўлса, Табар довони билан келавергил, мен Тўхтамишни ғафлатда босиб қолиш учун Шанкор томонга ҳаракат қилавераман. Сен Каланага келгандан кейин менга ёрдам учун қўшунингни орқадан еткузуб борасан”,
Шайх Умарнинг биринчи мактубини олган кунимдан бир ҳафта ичида мағриб томондан қирқ тошли масофани иктишоф (кашф) қилишга муваффақ бўлдим. Албатта, мен бу иктишоф ишларимни Калана халқига билдирмадим. Қандай деганда, биз Каланага келгандан тортиб аскарларим узлуксиз ҳолда қорлик даштларни кезиб юрмоқ ила машғул эдилар. Ерлик халқлар менинг иктишофси дасталаримни ҳам ўша газма (кезма) ҳаракатлар қаторида ҳисоблаб, диққат қилолмас эдилар.
Менинг иктишофим қирқ тошли масофадаги йўллар, даштлар, тоғлар вазиятини яхши билдирса ҳам, қиш фаслининг қор, музлари сабабли дарёлар билан кечикларни аниқлаёлмадим. Бу ҳақда Калана халқидан сўраб билишни иктишофларимга уларнинг шерик бўлуб қолиши деб ҳисоблаб, улардан сўрамадим. Ерларнинг қори эриб, осмонда ўрдакларнинг товушлари кўтарилиши билан, қўшунни мағрибга қараб ҳаракат қилишга амр ердим. Эмди Калана халқининг Тўхтамишга хабар беришидан қўрқмас эдим. Нимага деганда, ҳеч ким биздан илгари ўтиб кета олмас эди.
Биз далв ойининг ўн еттинчи куни бомдод вақтида Каланадан мағрибга ҳаракат қилдик. Икки иктишоф дастаси қўшундан илгари жўнатилгандек, орқадан ҳам ғофул эмас эдик. Тўхтамишнинг баҳор мавсумидан илгари Бобул Абвобга ҳаракат қилмаслигидан хабардор эдим. Шунинг учун аскарларни от алмаштириш усули билан тез юргуздим. Тўхтамиш ҳали ўз юртида қимирламай туриб, ғафлатда босиб қолиш фикрида эдим. Кетиб турган йўлимиз устида тез-тез оқар сувлар, наҳалларга учраб қолсак ҳам, монеъсиз ҳолда ўтиб кетмоқчи эдик. Бир кун юриб отларни етак отларга алмаштириб олдик. Пешин вақти билан биринчи талоя иккинчи талоя воситаси билан хабар бердики, илгаридан – узоқдан бир қўшун қораси кўрунган эмиш. Бу хабар билан аскарларни тўхтатдим. Чунки тез юриб турган қўшун, тўғридан-тўғри душманга қарши майдон туза олмас эди. Дарҳол уруш низоми бўйича икки жаноҳ ва бир қалб дасталарини ташкил бердим. Эҳтиёт аскарларимни ҳам айирдим. Ўзим ҳам хафтон кийдим. Бошимга мағфар қўйдим. Ишлатиш учун қилич, болта билан салоҳландим. Тўхтамишнинг бу саҳрода олдимдан чиқиши кутулмаган бир иш бўлса ҳам, мен учун бундай ҳоллар оддий иш бўлиб кўринганидан ташвишга солмас эди. Талоядорларнинг навбатдаги вазифаси -  душман ададини тахминлаб хабар бериш эди. Бироқ улардан: “Кўрунган қўшун қораси яқинлашмоқда”, деб хабар келди. Мен душман ададидан хабар олгунча тўхтаб турган эдим. Афсарларим бўлса, оғзимдан чиқадурғон амрга мунтазир турар эдилар. Яна илгаридан келган хабарда “душманнинг қораси кўрунади, бошқа нарсани фарқ этиб бўлмайди”, деб билдиришди. Мен Тўхтамиш аскарларига қора юнг кийим кийдурганмикин, деб гумон қилдим. Пешиндан бир соат ўтуб, талоядорлар аниқ хабар қилди: қора қўшун бўлиб кўринганлар мағрибдан шимолга қараб кўчуб турган ҳўкуз каби ҳайвонларнинг суруги экан.
Аскарларга берилган майдон тузумини бузуб, тездан у ҳайвонларга етмоққа амр бердим. Биз етиб борганда жуда ҳам катта ҳайвон суругига кўзум тушти. Жисмлари ҳўкузга ўхшаса ҳам, бош, юз сурати инсонга ўхшашиб тушар. Қизғич кўзлари билан бизга назар солар эди.  Бугунғача бундай ҳайвонни кўрмаганим учун ҳайрон қолдим. Ҳайвонлар қўшун кўпчилигини кўргандан кейин суръат билан қочмоққа турдилар. Ҳаркатлари билан оёқ ости ҳам кўрунди - ҳўкуз туёғидек эди. Буларнинг гўштидан истифода қилмоқ учун аскарларга сайд қилмоқни буюрдим. Йигирма бош ҳайвон сайд қилинди. Қолғонлари қочиб кетди. Ҳайвонларнинг сўйилган гўштини тафтиш қилдим: беиштибоҳ ҳўкуз наслидан экан, деб билдим. Юзудаги одамга ўхшашлигидан шубҳаланиб, аскарларга у гўштдан емагига ижозат беролмадим. Гарчи у ердаги ўтуннинг кўплигида пишириб ейишлари мумкин бўлса ҳам, гўштларнинг яхши жойларини кесиб олиб ҳамл (гумон) қилинсун, масалага кейин ҳукм берамиз, дедим.
Кун ботганда Калота деган жойга етиб бордик. Қишлоқ аҳлидан ҳўкуз тўғрисида сўрадим. Маълум бўлдики, у ҳайвонлар ҳаво исимоққа бошлаши билан совуқ минтақаларга ҳижрат қилиб кетадургон жангали моллар экан. Бу кунлардан бошлаб шимолий минтақаларга кўчмоқда экан  (Марсел Брайвон изоҳи: Темур кўрган ёввойи моллар бу кунларда “Улуш”(оуруц) деб аталадур. Қадим вақтларда Русиёнинг шимоли, Қафқозия, Полша, Олмониянинг шарқида кўрунар эди. Баъзан Ўтришда (Австрия) ҳам бўлур эди.Ул беозор ҳайвонларни кўп сайд қилиш билан наслини ҳам қолдирмай тугатдилар. Фақат Полшанинг Перипўт(Прибат) ботқоқларида бир оз кўрунади”).
 
 
 
 
« Олдинги   Кейинги »