018. Қипчоқ ўлкаларида уруш Принтер учун E-mailга юбориш
Ўн учинчи ва ўн тўртинчи фасл

Калотага бориш ҳамон Тўхтамишга борадурғон йўлларни тўсиб қўйдим. Қиш ойи ичида бўлса ҳам, ҳаво хийла юмшаб қолди. Шундай бўлса-да, қиш ҳавосини назарда тутуб, отларга муваққат оғил қилдириб, иссиқ сақлаш, олдиндаги юрушимизга отларни бақувват сақлашга буюрдим. Туннинг ярмигача истироҳат олиб, сўнгра йўлга тушмоққа амр бердим. Ўзум ҳам ухладим. Туш кўрдим: тушумда ерларни қор осган, жилғанинг бир ёнидаги қора ўрмоннинг канорида турибман, осмон қора булут билан қоплангани учун ерлар ҳам қорайиб кўрунарди. Бироқ Тўхтамишнинг қўшуни келиб қолди, ҳамла қилдим. Тўхтамишнинг сарбозлари ҳўкузга ўхшаб бўкирар эди. Аскарларим ҳеч тортинмай уларга ҳамла қилди. Қарасам, ўнг қўлум йўқ эмиш. Ҳайрат билан ўнг билагимга қарайман: ўнг қўлум йўқ эди. Даҳшат билан уйқудан уйғониб кетдим. Турганимдан кейин ҳам қўрган тушум кўз олдимда аниқ кўрунуб турар эди.

Қора булутни, ҳўкузларни илгари ўнгимда кўрганим учун таажжуб қилмадим, фақат ўнг қўлумнинг йўқ бўлиши ҳайратда қолдирар эди. Мен бу тушумни ёқимсиз бир воқеага дуч келишимга йўйиб қўйдум.
Аскарларни уйғотиш, йўлга тушиш карнайи чалингандан кейин ўрнумдан туриб, йўл ҳозирлигини кўрдум. Ўзимда ҳеч қандай ваҳшат ихсос қилмас эдим. Балки мендан бошқа киши бўлса, азмидан қайтар эди. Ҳеч бўлмаса, қаттиғ мутараддид (тараддудланиш) бўлур эди. Аммо мен андиша қилиб ўлтурмадим, нимага деганда, зотан урушга борадурғон эр киши ўлумни истиқбол қилиб боради ва қизиқиш билан майдонга етиб бориб, ажалга қарши урушади, қутулади ёки ўлади. Бу натижани билгандан кейин маънавиятини тўплаб кераклик васоилларни (воситаларни) ҳозирлаб, майдонга кираверади. Токи ўлум-кўрум курашида заиф бўлиб қолмайди. Мен йигитлигимдан етмиш ёшимғача қатнашқон майдонларимда ўлумдан қўрқмадим. Бутунлай қўрқмайман, деб ҳам иддао қилмайман. Баъзи нарсалардан ҳайиқсам ҳам, ўлумдан ҳайиқмадим. Аллоҳу таоло мени яратганда, ўлумдан қўрқушни солмаганига шукр қиламан.
Ярим кечада йўлга тушуб, бомдод вақтигача ҳеч бир воқеага дуч келмадук. Ҳаво совуқ бўлса ҳам, унча оғир келмас эди. Офтоб чиққандан кейин, қор босиб ётган баланд даштликка чиқдик. Мен отимни тез-тез алмаштириб миндим. Отларни чарчатмай юрушимиздан сарбозларим истироҳат фурсати йўқ эканлигини тушунар эдилар. Олдинги талоядан пешин вақтида хабар келди: бир сурук ваҳший моллар кўринубдур. Бу дафъа талоядорлар ҳам мол суругина душман қўшуни деб гумон қилмайдиган бўлуб қолган эди. Биз энди шимолдан жанубга қараб юрмоқда эдик. Ҳайвон суруги эса шимолга юрар эди. Ҳайвонлар суруги бизга аср вақтида дуч келди, лекин қўшунни кўруши билан ҳуркиб, орқаларига қочмоққа бошлади. Кун ботгунча ҳам уларнинг қочишларини томоша қилиб боравердик.
Биз кечаси билан йўл юрдик. Эрта билан офтоб чиққанидан кейин яна ёввойи ҳайвонлар суруги кўринди. Унинг орқасидан Тўхтамишнинг талоядорлари ҳам кўрунди. Албатта, ҳар бир жойнинг ўз халқи – ўз ерининг ошносидур. Шанкорида турган Тўхтамиш ёввойи ҳайвонларнинг қайтиб келганини кўргандан кейин (буларнинг қайтиб келиши ғайри оддий эмас, албатта) бу минтақага бирон қўшун ёки бир мунча одамлар  кириб қолғонини сезиб, тездан олдиндан хабар олиш учун талоядорларни чиқаргандурки, мен Тўхтамишни ғафлатда қолдуролмадим.
Эй ўқиғувчиларим, бир уруш кишиси ҳар қандай воқеани ва эҳтиёт чораларини кўрса ҳам, бутун воқеаларни олиндан ҳукм қила олмайди. Хусусан, душман юртига биринчи дафъа қадам қўйиш билан у ўлканинг вазиятидан тамом хабардор бўлиш қийиндур. Балки бехабар турган ерликнинг тажрибаси ҳаммадан ортуқдур.
Далв ойининг йигирманчи куни аср вақтида, бир мунча отлиқлар узоқдан кўрунди. Бир оз тўхтаб, биз тарафга диққат билан кўз солгандан кейин орқаларига қайтди. Секин-секин ҳаммалари орқаларига қайтганидан талоядорларим хабар берди. Мен талоядорларимга, ҳеч бўлмаса улардан бир кишини қўлга тушурмоғини буюрдим, токи ундан аҳволотни сўраб билишга эҳтиёж бор эди. Талоядорларим бу ишга муваффақ бўлгунча, қоронғу тушиб қолди. Энди мен, илгаригидан ҳам эҳтиётликроқ бўлиб йўл юрмоқда бўлсам ҳам, бирорта мувофиқ жой бўлса, бир оз тўхтаб, аскарларга ором бериб олмоғим зарур эди.
Кечаси билан йўл юрдум. Ярим кечадан ўтгандан кейин ҳавода ёввойи ўрдаклар ўтган овози билинди. Булар ҳам ёввойи ҳўкизлардек шимолга қараб учмоқда эди. Тонггача ҳам йўл юрдим. Тонг ёруғини арабчада “фалақ” дейдурлар. Одатим бўйича, “Қул аъувзу бироббил фалақ”ни ўқиб бошладим (Марсел Брайвон изоҳи: “Аллоҳ айтадур:Тонг ёруғини яратган Аллоҳдан паноҳ сўрайман, дегин”, маъносиндадур). Шу вақт олдимда бир Каж ўрмонига кўзум тушди (“Каж” деб сановбар дарахтининг бир навига айтиладур). Ўша куни уруш уруш бошланиб қолиши сезилар эди. Бинобарин, қўшунни шу жойда тўхтаб, дам олиб, истироҳат қилишга буюрдим. Афсарларни чақириб, “Бугун уруш куни жеб эътибор қилинсун, қўшун яхши дам олиб, хордиқларини чиқармоғини билдирулсун. Ўрдугоҳнинг тўрт тарафига яхши қоровул қўйилгандан кейин сизлар ҳам ухлаб олинглар”, дедим. Аммо ўзум ухлай олмадим. Бўлажак маъраканинг қайси хилда бўлишига таълуқ қарорларимни ололмаган эдим. Талоядорлар бирмунча тери-телфак кийган отлиқларнинг кўрунишидан яна орқасидан шундай аскарлар келиб қўшилиб турганини, баъзи дасталари улардан айрилиб орқага қайтиб турганини хабар берар эди. Уларнинг бу ҳаракати Тўхтамишнинг талоядорлари бўлуб, янги хабарларни орқага еткузуб турган низоми вазифадорлар эканини билдирар эди.
Мен Тўхтамишни ғафлатда қолдуролмадим. Аммо уруш тайёргарлигини қилиб олишга фурсат бермагандек эдим. Агар Тўхтамиш илгарироғдан бу ҳаракатни тайёрлаб қўймаган бўлса, энди унинг тайёрлик кўришига вақт қолмаган эди. Менинг қўшуним билан истеъдодсиз ҳолда тўқинишмоққа мажбур бўлар эди.
Офтоб найза бўйи кўтарилгандан кейин карнайлар чалинди, афсар ва сарбозларни уйғоттирдим Мен душманни кўриш ҳамон уруш очиб юборишни қасд қилдим. Бинобарин, қўшуннинг икки жаноҳ билан қалб ва заҳиралар кучларини айирдим.
Озгина дам олиш сарбозларни ва отларни хийла ўзига келтуруб қўйган эди. Йўлга тушдук. Талоядорлар олдимизда бир қўшунни кўрганидан ва улар уруш очмасдан орқасига сурилганидан хабар берди. Аскарий Низомда талоядорлар вазифаси – олдинги душманни кашф қилмоқдур. Душман ошкора кўрулгандан кейин орқасига сурилмоқдан бошқа чораси йўқдур. Уларнинг кучи душманга муқобила қилиш учун ожизлик қиладур (хабарларнинг маъноси шундай ҳукм қилдурар эди). Биз, юруб турган жойлар Шанкори алоқасидан деб ҳисобланар эди. Биз шимолдан жанубга қараб кетмоқда эдик. Мавқеимиз катта дашт эди. Ўнг жаноҳни ғарб томонга, сўл жаноҳни шарқ томонга ёйиб, бир ўзим қалбда ўрин олдим.
Афсарларим орқали қўшун дасталарига тубандагича баёнот бердим:
“Бугун уруш кунидур. Олдимизда турган душман Тўхтамишдур. мақсадимиз эса, душманга ғалаба қозонишдур. Бу урушдан ҳеч қандай қилиб чекинмаймиз. Агар чекинганимиз тақдирда ҳам ҳаёт қолиш имониятимиз йўқдур. Қипчоқ дашти суякларимиз билан тўлиб намойиш қилишдан бошқа натижа чиқмайдур. Шунинг учун бутун қуролли кучлар ғалаба қозониши учун собит қадам бўлмоғи керак. Биз шу руҳда урушар эканмиз, албатта ғалаба бизникидур. Ғалаба қозонган қўшунга маълумки, душман ўлкасидаги борлиқ эркак, хотун, мол-амволлар ғолиб кучларнинг насибасидур. Илло, Тўхтамиш мусулмон эмас, кофирларнинг бойликларини ўзлаштиришга рухсат этилган Тўхтамиш бизнинг мусулмон ўлкамизни барбод, молларини тарож, мусулмонларини асир қилмоқ қасдида такроран қўшун тортди. Юртда тинч яшамоқда бўлган халқимизни бу нопок ғараздан сақламоқ вазифаси устимизга тушди. Биз ўз жонимизнигина эмас, юртдаги қариндошларимизнинг омонлиғи, эркин ҳаётини таъмин этмакдадурмиз. Бу ғояни амалга оширмоқ йўлида ҳар бир аскар мен каби масъулдир. Аллоҳнинг бирлигига иймон келтурган бандаларининг умрини сақлаш учун урушмоқ диний вожибимиздур. Албатта, Тўхтамиш ўлкасидаги бойликлар сизларнинг мулкларингизга айланиши билан ёлғиз сизларнинг эмас, авлодларингизнинг ҳам, рафоҳ-саодатда яшамоғини таъмин қила оладур ва душманларидан мудофаа қилмоққа ярайдур. Бир кунлик фидокорликларингиз бадалига келадурғон ютуқларни билдиришдан бошқа тавсия қилишни лозим кўрайман”.
Пешинга оз қолғонда Тўхтамишнинг аскарлари уруш оройишида кўруниб қолди. Сарбозларнинг учдан иккиси пиёда эди. Мажмини юз минг кишидан тахмин қилса бўлар эди. Тўхтамиш қўшунининг пиёдаларини ўнг ва сўл жаноҳға қўйиб, отлиқлари қалбда эди. Тўхтамиш қўшунининг  заиф нуқтаси пиёдалари пиёдалари ташкил қилган икки жаноҳи эди.
Қўшунимга берган баёнотим аскарларимга зўр катта руҳ берди. Улар тездан ҳаракатга кириб қолдилар. Бу вақтда Тўхтамишнинг икки жаноҳи бўлган пиёдаларига ўзумнинг икки жаноҳимни буюрдим. Уларни бутунлай нобуд қилишга, ҳеч бўлмаганда, турган жойидан қочиришга амр бердим.
Ўзим қалбда туриб душманга ҳамла қиладурғон каби кўруниш берар эдим. Лекин ҳамла қилмас эдим. Бундан мақсадим душман шоҳининг қалбдаги отлиқлари ўз жойларини бўшатиб, бизга қараб илгариламоғини истар эдим.
Афсарларим икки жаноҳдаги амалиётининг бутун мазмунидан воқиф эди. Менга мурожаат қилмасданоқ ўз вазифаларини адо қилиш йўлини тушунар, душманнинг икки жаноҳини бузушимиз билан, унинг отлиқлари ўз жойидан қўзғолар, шунда душманнинг уруш низоми бузулмоғини билишар эдилар.
Душман отлиқлари менга қараб ҳамла қилишлари билан икки жаноҳи узулиб қолиб, пиёдаларга ғалаба қозонган аскарларим, Тўхтамиш отлиқларининг орқасидан келиб ҳужум қилар, олдиндан менинг ҳамла қилишим билан икки тиғ орасида қолар эдилар. Шу йўсун уларни нобуд қилмоқ режаси тузулган эди.
Бизнинг турган жилғамиз мусаттаҳ (текис) бўлиб, унинг этаги дарёга етиб борар эдиМарсел Брайвон изоҳи: Темурнинг “дарё” дегани “Қора денгиз” эди). Жилға отлиқларимнинг ҳар томонга бемалол от солдурмоғига имкон берар, ҳеч қандай табиий монеълик йўқ эди. Жилға орқасида етак отларнинг муҳофазиятига қолдурилган аскарлардан ҳам истифода қилмоғим мумкин эди. Ҳеч бўлмаса, майдондагилардан бир қанчасига истироҳат олдуриш учун отга қараб турган сарбозлар билан алмаштириб туруш ва шу билан қўшун орасида, “мен майдонга кира олмай қолдим”, деб ўксуб қолишини безаш ҳам мумкин эди. Тўхтамиш ўнг ва сўл жаноҳдаги аскарларини ўқ-ёй билан салоҳлантурган ва ўз сарбозларининг найзадан кўра ўқ-ёйга маҳорати зиёда эканлигига эътимоди борлигини билдирар эди. Менга қолса, бу тартибни хато деб билиб, ўлумдан қочишга хамил этаман. Ундоғ бўлмаса, қўшун афродлари бир эмас, бир неча салоҳни яхши истеъмол қилишга маҳоратлик бўлиши лозимдур. Фақат бир салоҳга эътимод беришнинг маъноси шу салоҳидан бошқа салоҳни яхши қўлланолмайди (ўлади) демакдир. Агар бир уруш одами ўлумдан қўрқадурғон бўлса, майдонға тушмасун. Уруш кийими кийиб орада бўлиш ўрнига, мадрасага бориб мутолаа – илмга машғуллик қилсун, чунки аскарлик демак ўлумига рози бўлиб истиқбол қилғувчи демакдур. Ўзи ва сарбозларининг бу онда ўлдурилишини назарда тутсун. Мана бу аскарлигининг анъанасидур.
Менинг сарбозларим отларини йўртма ҳайдаб туриб Тўхтамиш жаноҳларига яқин борганда отни тўрт оёқ чопишга бошладилар. Бу ҳаракатни душман тарафидан отиладурғон ўқға нишон бўлиб бермаслик учун қўлланадилар. Йўртуб борғондаги аскардан ўттизи нишонага ҳадаф бўлса, тўрт оёқ борганда бу адад ярим ёки учдан бирга тушуб қолади. Душманга яқин бориш ҳамон отларни оддий юришга солиб, душманга ҳамла қилинади. Агар душманга яқин келинганда ҳам от чопилса, отлар душманни ёриб ўтиб кетади, лекин душман ўқчилари отлиқнинг орқасидан отиб ўлдуради. Шунинг учун душман олдига от чопиб боролмайди. Оддийлик билан бориб урушга кирилганда, душман пиёдаларини нобуд қилиш, тарқатиб юбориш, тартибларини ҳалалдор қилиш ҳам ҳужумчиларнинг муваффақиятидур. Чочилган аскар ўзини тартибга келтируб олгунча кўп унумлик ишлар қилиб, майдон ҳам, уруш ҳам тугаб қоладур.
Сарбозларим от чопиб кетиб турганларида отларининг устига ётиб олган эдилар. Душман тарафнинг қорага олишидан эҳтиётда бўлур эдилар. Агар бир аскар ўлса ёки оти ўлса, орқадаги эҳтиёт аскари майдонга кирар, етак отларидан бирига миндирилар, ҳужум боёғидек давом этаверар эди. Отлиқларим шу ҳолда ҳаракат қилиб турганларида, ўзим сипоҳнинг қалбида Тўхтамишга қараб кетмоғда эдим. Аммо Тўхтамишнинг ўзи шу майдонда борми-йўқми хабар ололмаган эдим. Турган еримиз уруш майдонини яққол кўзга кўрсатиб турар эди. Ҳужумчи аскарларимни кўрдим. Куз фаслидаги дарахтларнинг барги тўкилганидек, тўкулуб турар эди. Маълум бўлдики, душман тарафнинг сарбозлари ўқ отишга чапдаст экан. отлари нобуд бўлганларимиз бўлса, жабҳа орқасига ўтиб отланиб, қайта майдонга кирар, ўқ тегиб кетган бўлса, у замоннинг ўқлари суғорилмагани учун бир-икки ўқ тегса ҳам одам ўлдуролмас, бир оздан кейин яна майдонга кириши мумкин эди. Мен ўзум қанча марра ўқ еганман Аммо суғорилган ўқ бўлса, унинг заҳари инсон жисмига таъсир  еткузуб ўлдирадур. Отлиқларим душманга етиб боргунча, душман ўқида тутдек тўкилдилар. Душманга етиб борганларидан кейин уларнинг ўқларига анча хадаф нишон бўлмай қолдилар. Кўнглум тинчидики, ўз болта ва қиличларини ишлата олур эдилар. Мен ҳамон қалбда душманга ҳозир ҳамла қиладурғон каби музоҳара (кўриниш) қилур эдим. Шундай ҳолда Тўхтамиш бизнинг устимизга солдириш учун ўрнидан қимирласа, унинг икки жаноҳини уруб турган аскарларим Тўхтамишнинг орқа тарафидан, отлиқларини қийғоч солиб ҳужум бошлар эдилар. (Қийғоч – отлиқ одам от чопиб кетадурганда қўққус ўгирилиб, орқасидаги таъқиб қилғувчини ўққа тутмоғидур).
Душманнинг икки жаноҳига ҳужум қилган аскарларим оғир талафотни тахаммул қилиб турганлари учун мен қалбдаги аскаларимни ҳам ўша қадар талофот бердурмаслик қасдида, душман қалбига от солдурганим йўқ эди. Майдонда сарбозларни қурбон бериш лозимлигига қоилдурман, бироқ ўрунлик бўлиши шартдур, беҳудага сарбозни ўлумга тутиб берилмайдур. Фанний тадбирлар билан илож кўрилмоғи лозимдур.
Мен бир оз таъхирда бўлишимнинг сабаби бўлса, икки жаноҳга юборган ҳужумчиларим Тўхтамишнинг пиёда жаноҳларини тарқатиб олмоғ фурсатини кутиш эдики, уларнинг ёрдами билан Тўхтамишнинг қалбидаги куч-қувватни нобуд қилиб ташлаш кўзда тутилар эди. Шунинг учун шошилмоққа ҳожатим йўқ эди. Мен ўйлаганларим ва чизган чизиқларимнинг бир қисми тўғри чиқса ҳам, бир қисми ғалат чиқиб қолди. Масалан, Тўхтамиш қўшунининг қалб қувватларини ўрнидан қўзғаб олишдаги режам тўғри чиқди эса-да, унинг отлиқларининг жуда ҳам тез бир суръатда менинг отлиқларим устига етиб келиши, мени ҳам уларга қарши ҳаракатни бошламоғимга мажбур қилиб қўйди. Агар шу онда отлиқларимни тезлик билан қипчоқлардан йироқлаштурсам, икки жаноҳимдан ва орқадаги заҳиралардан узоғлашиб, улар билан алоқа қилиш ишларим кесилиб қолиб, мағлуб бўлмоғим мумкин эди. Шу сабабдан ўз нақшамга қарши бўлса ҳам, урушга киришдим, байроқ ишораси билан урушга киришмоқ амрини сарбозларимга билдирдим. Ҳаммалари бирдан урушга кирдилар. Қўшунимдаги инзиботдан (тартиб) ўзум мамнун бўлиб, Аллоҳ таолога шукрлар қилдим.
Мен ўзум бошлаб аскарий низомга қатттиғ итоат этганим учун, утун қўшуним афодлари ҳам тартибга яхши риоят қилур эдилар. Қўшун бошлиғлари низом бузиш ёки итоатсизлик қилиш билан аскарларда инзибот йўқоладур, баъзи қўшун соҳиблари хотунлар билан, ичкулук билан вақт ўтказганидан ўзидан бошқаларга йўл очиб берадур ва бунинг соясида аскарий инзиботлардан ғафлат қилиб, қўшуннинг бутун афродини бетартиб қилиб олади. Мен эсам, ҳамма вақт аскарлар билан бирга яшайман, бекор вақтни аскарларим билан машқ устида ўткузаман ва икки қўлум салоҳ ишлатишдан совуб қолиши учун ҳеч қандай баҳонага йўл бермайман. Қўшунимнинг афродлари ҳам мен каби итоатлик ва шижоатлик, ўлумдан қўрқмаган кишилар бўлуб етишдилар. Шунинг учун байроқча билан берилган амрга мувофиқ ўша онда қиличлар ғилофидан чиқиб, гура ва ўқлар қўллардан ўрин олди ва душманга қараб йўл олдик. Тўхтамишнинг отлиқларига етиб олиб кўрдимки, уларнинг анчагина ботурлиги, истиқомати борлиги билинар эди. Бизнинг шиддатлик ҳамламизга чидаб бердилар. Қўрқмасдан қилич найзаларини қўлларига олиб урушдилар.
Мен душманнинг кучлик дастқоматлик эканлигини, сарбозларнинг жиддийлик билан урушга қатнашишларини қўшунга билдириш ишини яна байроқчалар ила амалга оширдим. Буйруғим тездан амалга ошди. Мен ҳам ўнг қўлимга қилич, чап қўлимга болта олдим, майдонга кирдим. Ўнг қўлимда ҳамла қилсам, чап қўлимда дифоъ қилдим. Ҳар вақт болта ташласам, душмандан бирини йўқотар эдим. Қилич ташласам, ҳеч бўлмаганда душмандан бирини ярадор қилар эдим. Отимнинг жиловини қўйиб бериб, икки қўлим билан ҳам ҳамла қилар эдим. Агар отни бир тарафга буриш тўғри келса, икки қўлимдаги салоҳдан бирини эгарнинг қошига осиб қўяр эдим. Менинг бу вазифам бу билан битмас, бутун майдонни идора қилиш, аскарларга амрлар бериш майдоннинг ҳар бир чеккаларидан ҳам хабардор бўлиб туриш лозим эди. Бир оддий афсар ёки сарбоз билан орамиздаги фарқ шунчалик эди. Шунинг учун аскарларнинг фикри фақат урушгағина хос бўлса, менинг фикрим бутун аскарнинг ҳаракатига, ҳатто жабҳа орқасидаги қувватларга ҳам машғул бўлур эди. Мен фақат жабҳа орқасида туриб қўшуннинг ишларига қараш билан вужудимдаги урушга қизиқиш руҳини йўқотмас эдим.
Тўхтамиш урушининг қизиқ бир маҳалласида эдим, аскарий вожиботлардан бир нуқтага фикрим машғул бўлиши ҳамон, Қипчоқ отлиқларидан бири қиличлик ўнг қўлимга шиддатлик бир болта зарбини туширди. Қўлимдаги қилич ерга тушди. Қўлимни чўрт узиб кетди, деб гумон қилдим эсам-да, фурсатни қочирмасданоқ чап қўлимдаги болта билан қипчоқнинг юзига солдим, у ерга тўнтарилиб тушди. Ўнг қўлим ишдан чиққан эса-да, майдонни тарк этмадим. Чунки ҳали чап қўлим соғ эди. Аллоҳ раҳматидаги устозим Самир Тархон кичик ёшимдаёқ шу ишларга дуч келишимни сўзлаб, бир қўлингдан айрилсанг, иккинчи қўлинг билан майдондан чиқмай қолаверасан, деб ўргатган эди. Унинг қимматли сўзлари қанча жойда ўз қадрини кўрсатган бўлса, бугун ҳам яна бир бор кўрсатмоқда эди. Аллоҳдан ул зотга раҳмат тилаб, урушда давом этдим. Қўлимдан қон оқиб туришига қарамадим, чунки ўша соатда Тўхтамишни ўз байроғи остида биринчи дафъа кўрмоқда эдим. Уни танимоғим учун икки аломат бор эди: бири – байроғининг остида туриши; иккинчиси – устидаги саллиҳ (саллиҳ – уруш висоилларига махсус темирдан ясалган либос ва мағфарга айтиладур) – қимматбаҳо жанговар либоси эди. Юзини кўрдим:соқол-бурти қирилган экан. Кейинроқ эшитдим, бу одатни румийлардан ўрганган экан (М. Брайвон изоҳи: “Румийлар” демакдан Темурнинг мақсади Руми сағир бўлиб, пойтахти Қустантаниядур. Бугун у ерни Истанбул дейдурлар. Уни катта Рум ёки бугунги Италиё деб шубҳа қилинмасун). Мен билан Тўхтамишнинг орасидаги фосилага бир ўқ отсам тегар эди, фақат ўнг қўлим ишдан чиққани учун ёй зеҳини тортолмас эдим. Сарбозларимдан бир нечасига Қипчоқ подшоҳини кўрсатдим, ўққа тутишларига буюрдим. Ўша онда Тўхтамишнинг ҳам кўзи менга тушган эди. Сарбозларимга қайтадан буюрдим, бу одамни ўлдириш ёки ушлаш йўли билан нобуд қилишга тиришинглар, деб хабар қилдим.
Мен ўзим ҳам қалбдаги ҳаракатни бошқаришга жиддий киришганим учун икки жаноҳдаги аскарларимдан хабарлашиб турмоққа фурсат  қозона олмадим эса-да, Тўхтамишнинг пиёдаларининг тартиби бузилганидан ва менинг икки жаноҳимнинг қўлида ўлиб турганидан воқиф эдим. Бироқ Тўхтамиш ўз пиёдаларининг шикастидан мендан зиёдроғ хабардор эди. Менинг зўр ғайратим унинг қалбига, билхосса, унинг шахсига қаратилганини ҳам сезган эди. Ўзининг асир тушмоғи, ўлдирилмоғи, муҳосарада қолмоғини тушунгани учун орқага сурилишга бошлади. Унинг бу ҳаракатидан пиёдаларининг нобуд бўлганини тушунуш мумкин эди. Байроқча орқали майдондаги қувватларимга тезлик билан Тўхтамишнинг қалбига ҳужум қилиш ишоратини бердим. Унинг устига, икки одамни икки жаноҳимга йўллаб, Тўхтамишнинг ўз қўшуни қалбида эканлигини ва унинг марказига қаттиғ ҳужум қилиб асир олиш ёки ўлдиришга урунуш билан фурсатни қўлдан қочирмаслик, агар қочиб кетса, яна каттароғ бош оғриғи бўлишини билдирдим.
Ёнимдаги отлиқлар жиддийлик билан ҳаракатга киришди. Илгари силжишга бошладик, биз қанча илгари силжисак, Тўхтамиш ҳам шунча орқага силжимоқда эди. Бирдан Тўхтамиш бошлиқ отлиқари отларининг бошларини орқага қайтариб, тўрт оёғ от чопиб қочмоққа бошлади. Мен қалбдаги отлиқларимни ҳам от чопиб бориб унинг олдини тўсиш, қочирмаслик чорасини қилишларига буюрдим эсам-да, муваффақ бўлолмадик. Чунки жуда тезлик билан кўздан ғойиб бўлди. Жабҳада қолғон отлиқлари бизга қарши қаттиғ муқовамат қилиб қолдилар, буларнинг бизга қарши муқовамати чоғида Тўхтамиш ўзини майдон ўртасидан қочириб олди, қутулди. Кейинги таҳқиқотларда маълум бўлдики, Тўхтамишнинг қочганини билиб туриб отлиқлари муқоваматни давом эттира берган эканлар. Бошқа жойлардаги урушларда эса, қўшун қўмондони қочиши билан қолган афсар ва сарбозлари ҳам руҳсизланиб қочар, урушни давом эттиролмас эдилар.
Икки жаноҳдаги отлиқларим ҳам Тўхтамишнинг йўлини тўсиб олишга имконсиз эдилар. Нимага деганда, Тўхтамишнинг фароканда бўлган пиёдалари шидат билан муқовамат қилишлари соясида отлиқларимнинг илгариламоғига монеъ бўлган эдилар. Ҳаттоки, баъзи жойларда унинг пиёдаларини тамоман ўлдуриб бўлмагунча олдинга йўл очиб ҳам  бўлмас эди. Тўхтамиш отлиқ ва пиёда афродларининг муқовамати соясида ўз жонини қутқазиб қочмоққа муваффақ бўлди. Тўхтамиш идорачи бўлса ва қўшун эҳтиёжини таъминлаб (агар таъминлашга фурсат тополса) урушга кирган бўлса эди, биз унга ғалаба қилолмас эдик. Чунки унинг ботур ва истиқоматлик сарбозлари бор эди. У идорасизлиги, тўғриси, қўрқоқлиги натижасида юз минг кишилик катта қўшуннинг жанг-жўйлик қимматини тушуриб қўйди. Шу билан бирга, урушқоқликка арзугудек кишиларни ўксутиб, бетаъсир қилиб қўйди.
Ўша куни кун боткунча урушда бўлдик. Шу вақтдан менинг икки жаноҳдаги отлиқ аскарларим қипчоқларнинг орқасидан етиб келишлари билан душман кучини бутунлай муҳосара қилиб қўйди. Мажруҳ қўлимдан қон оқмай қолди, жароҳатга ёпишиб қолган енгим қон оқишини тўхтатган эди Тун қоронғу бўлиб қолган бўлса ҳам, душман сарбозлари ўзларининг муҳосара бўлиб қолганига қарамай, муқоваматни давом эттирмоқда эдилар. Биз ҳам у муқоваматчи кучларни ўртадан кўтармагунча урушни тўхтатолмас эдик. Кеча урушда дўст-душман айирмоқ учун машъалалар ёқишга буюрдим. Душман муҳосара бўлмасдан илгари ўзим ҳам болта уриб ҳаракат қилиб турганим учун ўнг қўлимнинг оғриғи билинмас эди. Муҳосара муносабати билан қўлини урушдан тортганимдан кейин шиддатлик алам ҳис қилдим эса-да, хаймага бориб истироҳат қилолмас эдим. Душман афродлари ҳамон қаттиғ муқовамат қилмоғда экан, хаймада ҳам кўнглум тинчимас эди.
Маълумки, Тўхтамиш менга ўхшаб ўз юртидан минг тош нарида эмас, балки ўз юртида эди. У ўз мулкида ҳар бир тайёргарликни кўрмоғи, менинг устимга куч тўплаб келмоғи осон бир ҳолда эди. Муҳосарадан аскарларини қутқариши ва бутунлай бизни нобуд қилиши мумкин эди. Унинг қолдиқлари таслим бўлмай урушар экан, биз ҳам урушни тўхтатмасдан, ёрдамчи қувватлари етиб келгунча улардан қутулмоғимиз лозим эди. Ва бу фикримни афсарларимга ҳам тушунтирдим. Яна бир тарарфдан, муҳосара кучларини шу кечада тамомлаб олмасак, эртага Тўхтамиш ёрдам билан етишар, ҳар нима бўлса, ғалаба қозонишга уринар эди. Шунинг учун унинг афродлари таслим бўлишга рози бўлмаса, ўлдириб юбориш керакки, бундай ҳолда биздан ҳам зўр талафот берилиши тўғри келса ҳам, ундан чекиниб бўлмас эди.
У кечаси далв буржининг йигирма иккинчиси бўлиб, ҳаётимда унутилмас бир кун бўлуб қолғон эди. Қўшунда бор машъалаларнинг ёруғи билан урушни давом эттиравердик. Қўшун жарроҳи менинг оғриғимга таскин бермоқ учун афюн бериб ухлатмоқчи бўлди. Мен урушдан танам хотиржам бўлмагунимча ухлашга рози  бўлмадим. Гарчи афсарларимга эътимодим бор эди, уларнинг маҳоратларига ишончим бўлса ҳам, лозим вақтда дарҳол қарор бериш учун менга бу етарлик эмас эди. Мен ухлашим билан Тўхтамиш ўз аскарларининг фаолиятини кўриб, ёрдам билан келиб қолиши ва муҳосаранинг бузилиб кетишидан андиша қилар эдим. Кечадан бир оз вақт ўтгандан кейин мени қаттиқ иситма тутди. Устимни қалин қилиб ўраган бўлсалар ҳам, титратма тутар эди, буниг дафъига табиб кўк чойни уст-устига ичкузиш билан бир оз таскин берар эди (М,Брайвон изоҳи: Асрлар илгари овруполиклар чой ичишни ўрганмаган эдилар. Мовароуннаҳр ва шарқий минтақаларда кўк чой ичилар эди. Ҳозиргача у ерларда чой ичиладур, аммо тафаннун учун эмас, балки даво ўрнида касалнинг муолажаси учун эди.).
Майдондаги Тўхтамиш аскарларининг ҳайвон гуркурагандек овози ва менинг афсарларимнинг сарбозларга: “Ўлдур-ўлдур!.. Бирор кишисини қўйма!..” деган қичқириқлари эшитилиб турар эди.
Уруш хабарларини билдириб туриш учун тез-тез аскарларим наздимга кириб турар эди. Уларнинг ўзларига қон сачраган, отлари ҳам қон кечиб юриб арғувон тусига кирган бўлур эди. Бу аҳвол ярим кечагача давом этгандан кейин, душманнинг товуш ва ҳайқириқлари озая бошлади. Шундан кейин мен урушнинг муваффақият билан тамомланганига ишондим.
Тўхтамишнинг афродлари бутун ҳаракатларини фойдасиз билиб, таслим бўлдилар. Мен илгарироғда: “Ҳар ким таслим бўлса, жони омонда”, деб жар чақиртирган ҳам эдим. Уруш тўхташи билан сарбозларнинг истироҳати учун тезда ўрдугоҳ қурмоққа буюрдим. Мажруҳларни тадовий (даволаш) остига олдирдим. Отларни эса, етак ва заҳира отларни сақлаб турган дасталарга топширтирдим. Сарбозларим Шанқорга етиб келиш ҳаракати бошлангандан буён тузук истироҳат олмоққа фурсатлари бўлмаган эди. Олдимиздаги кунларнингэҳтиёти учун ҳам буларнинг тездан яхшигина роҳат олмоғи зарур эди. Шунинг учун ўлик жасадларни йиғиштириб кўмишга вақт йўқ эди. Ўликларнинг кафтор ва шоқол каби жониворларга хўрак бўлишидан ҳам кўз юмилди.
Эртаси эрта билан хабар бердиларки, ўликларга ҳеч нарса дахл қилмабдур. Мен далв ойи тугамасдан туриб у ерлардан бундай жониворларнинг кўчиб кетишидан ғофил қолғон эканман. Йигирма учинчи далв кечаси сарбозлар истироҳат олди. Мажруҳлар тадовий қилинди. Хасталарга хос хайма тутиб, улар парваришлана бошланди. Тўхтамишнинг шабхун уруши эҳтимолига қарши ўрдугоҳ яхши муҳофазот остига олинди. Бу ишларни тугатганимдан кейин бир оз ухламоқ учун жарроҳ берган афюнни тановул қилмоққа муваффақ бўлдим.
Эртасига уйғонганимда ўнг қўлум шу қадар шишган эдики, худди баданимга бир мешк сувини осиб қўйган каби эди. Аммо оғриғи ўтган кунгидек эмас эди, жарроҳ яранинг устига малҳам қўйиб, боғлаб қўйди. Ўрнимдан турмоқчи бўлдим, баданимдаги иситманинг зўридан бошим айланди. Сарбозларни ўлиларни кўмишга буюрдим. Якка-якалаб кўмиш қийин бўлгани учун жамлаб, битта чуқурга кўмдилар. Пешиндан ярим кечагача давом этган урушда йигирма етти минг сарбозим ўлган ва ярадор бўлган эди. Унинг муқобилинда бир юз йигирма минг кишилик Тўхтамишнинг қўшуни барбод қилинган эди. Қипчоқ асирлари билан биргаликда сарбозларим ўликларни кўмиш учун уч кунлик вақт сарф этдилар. Бу орада мен қипчоқ афсарларидан сўроқ қилиб, Тўхтамишнинг ёрдам аскари тўплаб келиши ҳақида маълумот олмоққа қиришдим.
Асирлардан олган маълумотлар йиғиндиси шундоғ кўрунур эди: “Агар Тўхтамиш шимол тарафга кетган бўлса, бу томонда  дўстлик қўлини узатғувчи элат йўқлиги учун бу тарафдан янги бир қўшун тартиб бера олмайди. Мабодо, жануб тарафга кетиб, темир девордан ошса, Қафқазияга борадур. Ул ердан қўшун тузиб келиши мумкиндур”. Темир дарвоза ҳақинда изоҳ бериб айтдилар: “Биз бу темир деворни эронликлар тарафдан ясалган деб эшитганмиз, аммо қайси замонда ва қайси ҳукумат тарафидан ясалганини билмаймиз, шунчалик биламизки, эски замонларда биз тарафдан Эронга бориб, у ўлкаларни талон-тарож қилиб келиш ишлари ривож топган экан. Бу таадийдан қутулмоқ учун эронликлар ушбу темир деворни бино қилиб, йўлни тўсиб олганларидан кейин таадийларимиздан қутулган экан. Бу темир девор дегани бир оз жойда темир билан тўсилган бўлса ҳам, қолғон ерлари тошдан қўрғошин аралаштириб ясалгандур. Девор қилинган жой Қора денгиз билан Оби Сукун орасидадур. Бир неча жойдан дарвоза ҳам қўйилгандур”.
Мени иситма тутиб турган эди. Соғайганимдан кейин бриб темир дарвозани кўрмакка ният қилиб қўйдим. Ўтган уч кун ичида Тўхтамишдан ҳеч бир асар бўлмади. Мен қипчоқ ўлкасини оланимдан кейин у едаги қимматлик мол-амволлардан сарбозларим истифода қилмоғига ваъда берган эдим. Ҳозир ўша ваъдани амалга оширмоқ вақти келди. Биоқ, бу ҳақда баъзи фикр, тажрибаларни ҳам мулоҳаза қилмоққа тўғри келади. Масалан: фатҳ қилинган ерларда сарбозларнинг ғанимат олишларига ижозат берилар экан, буларнинг баъзи тажрибалик ёшагонлари кўзга кўрунган нарсани олмасдан, пулга арзигудекларини олади, ёш йигитлар эса қўлига келганини олаверади, кейин эса арзимаган пулга сотиб кетади ёки ташлаб юборади. Сўнгра ғанимат молларни талашиб, бир-бирларини ўлдириб ҳам қўяди. Қул-чўри олдик, деб бир неча одамни ҳам ўзиники қилади-ю, аммо олган одамларини боқа олмайди, оқибатда арзимаган пулга сотади ёки йўл устида ташлаб кетади. Бу ишларни манъ қилиш учун Чингизхон ўлжага тушган одамларни таъмин қилолмаган аскарларини ўлдириб юборар экан. Пулга ярамайдиган молларни олиб, ўз юртида камбағал яшаган сарбозларига қаттиқ ихонат  қилар (хорлар) экан.Мен мана шу тарихий тажрибаларни мулоҳаза қилганимдан кейин бу ҳақда махсус буйруқ чиқариб, иршод бермак билан аскарларнинг руҳини устун сақлаб қолиш, аскарликдан бўшаган ва қариган замонларида истифода этмоқлари учун йўл кўрсатишни назарда тутуб, тубандагича фармон бердим:
“Қипчоқ ўлкасининг умумий бойликларидан истифода қилиш ҳақларингиз бордур, шу шарт биланки, олган мол-амволни Мовароуннаҳрга бормасдан туриб ҳеч ерда сота олмайсизлар, йўлда юк бўладурғон қийматсиз нарсаларни олмайсизлар, ғанимат талашиб бир-бирингизни ўлдурмайсизлар; қул-чўриларни Мовароуннаҳрга боргунча таъминлашларингиз шартдур. Юртга боргандан кейин хотунларни сақланглар ёки сотиб юборинглар – ихтиёр ўзларингиздадур; йўл устида оч-яланғоч қўймасдан юртга етказишларингиз шартдур. Ғанимат молларни йўлларда сотиб, ўйун-кулгуга пул сарф қилишларингизга ижозат бермайман. Ҳаётларингиз муқобилига ҳосил қилган ғаниматларингиз кексайганларингизда ўзларингизга ва бола-чақаларингизга асқотмоғини кўзда тутасизлар”, деб уқтирганимдан кейин қипчоқ юртларига тарқалиб ғанимат олмоқларига рухсат бердим. Шу билан сарбозлар тўрт ҳафтагача Қипчоқ шаҳар ва қасабаларни ғорат қилиш билан машғул бўлдилар. Юрт халқи ўз мол-амволларини талон қилдирмаслик учун салоҳланиб, сарбозларга қарши муқовамат қилдилар. Улардан ҳам, сарбозлардан ҳам ўлганлар бўлди. Аҳвол шундай экан, ғанимат молларни бу юртлардан олиб чиқиб кетмоққа ҳам келган йўлимизни қўллаб бўлмас эди. Йўлдаги элатлар ҳам ҳужумга ўтишлари кўринур эди. Бинобарин, дарё йўли билан бу амволларни Мовароуннаҳрга еткузмоқ қулай ва хатарсиз эди. Бу ишларнинг охири баҳор фаслига чўзилиб кетди. Қўлимиздаги қўй-хўкузларни ҳам йўлларнинг кўки билан ўтлатиб ҳайдашга бошладик. Шу тартиб билан дарё бўйига еткузсак ҳам, молларни дарё бўйи билан Мовароуннаҳрга еткузмоқ мушкул бўлиб қолди. Сабаби эса, молларга лозимлик сув билан хашакларни ҳам кемага баробар юклашга тўғри келди ва бунга лойиқ кемалар ҳозирламоқ лозим бўлди. Шу вақтда дарё канорида бўлган Эронга мол-қўй олиб бориб сотадурғон савдогарларга бу молларни сотиб, заҳматни камлатиш ижоб этди ва сотиб юборилди. Тўрт ҳафта ичида Қипчоқ ўлкасидан қўлга кирган нарсаларни Мовароуннаҳрга тамоман жўнатиб бўлганимиздан кейин ғанимат олиш ишлари тўхтатилди.
Ўнг қўлимдаги жароҳат сабаби билан ҳосил бўлган иситма қўйиб бермади, ўн кундан кейин табиблар ҳаётимни сақлаб қолиш учун қўлумни кесиб ташлашга қарор беришди. Шу орада, ерлик кексалардан бири юртида табиб деб шуҳрати бор экан, келиб кўриб: “Қоз ўти” деган гиёҳни малҳам қилиб қўйилса, тузалади”, деди. Ул ўтнинг янги чиқғани етишмаганлигидан қуруғини тоиб келиб, малҳам шаклига келтириб истеъмолқ қилдим. Уч кунда оғриқ, иситмалар кетди, ўн кунда бутунлай соғайиб кетдим. Бу мужарраб ҳикмат соҳиби бўлган чолни чақириб келиб, бир минг тилло бахшиш бердим. Ундан ташқари унинг қариясини ҳар бир олиқ-солиқдан озод қилдим. Қария аҳлига зиён-заҳмат етмаслигига аҳамият беришни қўшун бошлиқларига билдирдим. Ўша вақтдан ҳозиргача ўнг қўлимда қалам тута олмайман, ҳозир ҳам чап қўлимда зикриётларимни ёзмоғдадурман, аммо қилични ўнг қўлимда чопишга монелик йўқдур. Яна аввалгидек икки қўлимда салоҳ ишлатаман.
Қўлим соғайгандан кейин машҳур “Темир девор”ни кўрмак фикрига тушдим. Қипчоқ асирларининг сўзича, бу девор хийла узун замонда кўп харажат билан  битган экан, ҳаддо садни бошлаган Эрон шоҳининг умри кифоя қилмай, ўғлининг замонасида тугатилган экан. Ўша кундан буён шимолий Кўҳиқоф даштларидан жанубий даштларга ҳеч им ўта олган эмас экан, магар Кўҳиқоф довонлари устига ўрнатилган дарвозалардан ўтиш мумкин эди, аммо бу кунда ул дарвозалар ҳам темирдан бўлгани учун ёмғир, шамол, қор, офтоб таъсирлари билан чириб, ўртадан кўтарилиб кетган. Албатта, темир тош каби чидамлик бўлмайди.
Яъжуж-мажуж садди деб аталган бориб кўрдим, деворнинг юқориси ўн зироъ, эни уч зироъ эди. Катта, япалоқ тошларни бир-бирига кириштириб қўйишда қўрғошин қуйилгандир. Мен кўрганда деворнинг баъзи жойлари йиқилган экан, соғ қолган жойларидан ҳеч ким ўта олмайди, магар борут билан портлатиб юборишдан бошқа чораси йўқ эди. Ўз вақтида бўлса, дарвозаларни тўсиб қўйилганидан кейин тоғларнинг қулласидан (чўққисидан) ошиб ўтмакка ҳам имкон қўймаган эканлар. Агар тоғларнинг устидан ҳам ўтишга лойиқ жой бўлса, уларни ҳам девор билан тўсиб юборганлар, деворни ясашда иштирок этган муҳандислар жуда диққат билан ҳар тарафни кўриб бўлиб бино қилгандурларки, тоғлиқ минтақаларни ҳам қолдирмай тўсиб ташлагандан ташқари, баҳор фаслларида ўтадурғон селнинг деворга ҳалал бермаслиги учун ҳам тадбир қилиб, деворни сел йўлидан қочириб ясагандурлар. Шу қадар катта тоғлиқ минтақанинг селларига ҳеч бир дуч келадурғон ўрин қўймагандурлар. Селдан қочирмоқ учун ижод этилган мунҳаниётларни кўрганимдан кейин бу ишни”эллик йилда битган” деганлариги ишондим. Эллик йил давомида беш юз минг уста, мардикор, тошчилар ишлаб биткузгандан кейин қипчоқларнинг Эронга қиладурган ҳужум йўллари боғлангандур. Мен яъжуж-мажуж саддини кўрганимдан кейин Эрон подшоҳи ва ўғлининг эллик йил вақтни кеткузуб, хазинадан ададсиз пул сарф қилиб, бир қавмниг ҳужумидан омон қолмоққа урунишларига таажжуб қилдим. Бунинг ўрнига қипчоқ ўлкаларини ўзларига бош эгдириб, ёмон ниятликларини ўртадан кўтарганларида Эрон бутун тинчликда яшай олмасмиди?
Баҳор вақти қорлар эриб Кўҳиқофнинг бўғозларидан ўтмак мумкин бўлгандан кейин ўғлум Шайх Умар Бобул Абвобдан жўнаб, менга келиб қўшилди. Мен шахсан Тўхтамишга уруш очмасимдан бурун ўғлум Шайх Умарнинг Бобул Абвобда туриб қолишини кариҳ кўрар эдим. Қипчоқ подшоҳи билан урушганимдан кейин билдимки, Тўхтамишнинг афсар ва сарбозлари истиқоматлик ботур кишилар экан, улар билан урушга кирмоқ ҳам ҳар кимнинг қўлидан келмас экан. Шунинг учун Шайх Умар ўзини Бобул Абвобда сақламоққа мажбур бўлгани тўғри эканлигини тушундим.
Вақт баҳор фасли эди. Турган жойимиз душман ўлкаси эди. Тўхтамиш шундай бир жойда турар эдики, бирмунча элатларини тўплаб, бизнинг зиддимизга уруштира билар эди. Шу фикр билан мен уни тез кунда бир янги қўшун билан бизнинг устимизга келса керак деб ўйлар эдим. Шунинг учун  Шайх Умарнинг аскарлари ҳам биз билан бирга туришини лозим топдим. Биз қипоқ ўлкасидан чиқар вақтда ҳам жуда эҳтиёт бўлмоғимиз керак эди. Тўхтамишнинг орқадан келиб ҳамла қилишидан сақланмоқ лозим бўлур эди.
Йўлга тушмасимдан илгари қипчоқ асирлари мавзуини шундоқ ҳал қилдим: 1. Бериладурғон муҳлат ичида жонларингиз муқобилинда фидя (тутқун ўз жонини сақлаб қолиш учун бир андоза пул тўлаш) тўлашларингиз мумкин. 2.Ёки менинг қўшунимга хизматга кирасиз, деб эълон қилдим. Бирмунча афсарлар фидяларни муҳлатдан аввал адо этиб, озод бўлдилар. Бир оз киши менинг қўшунимда хизмат этмоқни ихтиёр қилди. Қолғонлари ики шартдан кўра ўлумларини ихтиёр қилди. Мен кейинги зумрадан (гуруҳдан) фидя олмай қўйиб бермоқни ноқулай кўрдим. Чунки орқада бир дона йигитга муҳтож бўлиб турган Тўхтамишга бориб қўшилиб, менинг зиддимга урушга киришлари имкони бор эди.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам қиёдалари остида бўлган урушларнинг бирида мушриклар билан биргалашиб, мусулмонларга қарши урушда иштирок этган ўз амакиларидан фидя олиб, сўнгра озод қилғондурлар. Бу нуқта қонун моддасидан бири бўлгани учун давлат хазинасига кирадурғон пулнинг қариндошчилик хотиридан кечиб юборилмаслигини аниқлаб бергандур. Бу ҳолда мен қипчоқ асирини фидя бермаса, озод қилолмас эдим.
Мен, ўғлим Шайх Умар иштирок этган ҳолда. мансабдорларим билан, Мовароуннаҳрга қайтиш йўлларини танламоқ хусусида машварат мажлисини очдим. Мажлиснинг баҳс қилиниши лозим бўлган нуқта – ғанимат молларини дарё бўйлаб Мовароуннаҳрга йўллаган бўлсам ҳам, қўшунни қандай қилиб қипчоқ ўлкаларидан соғ-саломат олиб чиқиб кетмоқни ҳал этиш масаласи эди. Қўшунни дарё йўли билан жўнатмак жуда ҳам соғлом бўлур эди. Бироқ, қўшунни кўтаришга етарлик кема йўқ эди. Мавжуд кемалар дафъа-дафъа ташисин, десак, кемаларнинг озлиги сабабидан қўшунни тамом жўнатмак учун бир йил муддат кутишга тўғри келар эди. Бундай бўлганда, иккинчи бир хатар ҳам бор эди. Масалан, қўшуннинг аввали жўнаши билан қолғонларининг сони Тўхтамиш ҳамла қилиб қолса, Тўхтамишнинг асири бўлишга тўғри келар эди.
Дарё йўлидан бошқа яна икки йўл ҳам  бор эди. Бунинг бири, Обисукун дарёси билан Тархон (Волга) дарёси орқали бўлса, иккинчиси, Обисукуннинг жануби билан Мозандарон, Астробод, Хуросон йўли эди. Биз Кўҳиқоф бўғозидан ўтиб, ўзимизни ул тоғнинг жанубига еткузуб билар эдик. Аммо Тўхтамиш ўша жойда эди. Тоғ йўлларини бизнинг юзимизга боғлар эди.  У шахсан шу ернинг одами бўлгани учун биздан бир одамни қолдирмай ўлдириб юбориш учун ўз минтақасининг бутун икир-чикирини яхши билар эди. Мабодо Кўҳиқофдан ўтиб кетганимизда, Озарбайжон минтақасидан ўтмоғимиз лозим эди. У ердан ўтилганда ҳам биз учун кўп қийинчиликлар бор эди. Шунинг учун Обисукун дарёсининг шимоли билан ўзимизни Мовароуннаҳрга еткузмоғимиз ҳаммадан маъқул кўруниб, шунга қарор қилинди.

 
« Олдинги   Кейинги »