020. Обисукун дарёсининг канораларида Принтер учун E-mailга юбориш
Баҳор фасли кирди. Ўғлим Шайх Умарни Мовароуннаҳрга ўз ўрнимга ўринбосар қилиб тайинладим. Ўзим бир юз минг киши билан йўлга тушиб, Жайхун дарёсининг қадим замондаги Обисукунга қуйиладурғон можрасини бўйлаб илгари борар эдим. Аллоҳнинг иродаси билан Жайхун дарёси ғарбга оқиш ўрнига шарққа – Мовароуннаҳрга қараб оқар эди. Агар Аллоҳнинг инояти бўлмаганида, мамлакатимизнинг ярми экинсиз чўл бўлуб қолур эди (М. Брайвон:Дарёи Ҳазар сувининг озайиши Жайхун можрасини ўзгартиш кунидан бошланди). Дарёи Обисукунга етганимизда жанубга қараб йўл олдик. Бироқ, олдимиздан кўп сувлик дарёча чиқиб қолди (М. Брайвон: Темур қўшунининг олдидан чиқиб қолган дарёча Атрак дарё деб аталади). Отлиқларни дарёдан кечиб ўтишга буюрмасдан илгари дарёнинг чуқурлигидан , селнинг кўпайиб қолишидан илм ҳосил қилиш лозим бўлади. Атрофимизда ободлик, одам яшайдиган қишлоқлар ҳам кўринмас эди. Сарбозларни атрофдан бирорта юрт одамини топиб келишга буюрдим. Токи улардан дарёнинг гузорларидан (кечиб ўтса бўладиган жойларидан) маълумот олғаймиз.
Сарбозлар бориб бир неча нафар ерлик кишларни топиб келдилар. Булар дарёнинг саёз жойи бундан уч тош нарида – этакроғда деб жавоб беришди ва бугунги кунда ўтиб бўмаслигини, сел озайгунча сабр қилиш лозимлигини билдиришди. Яна бошқа таҳқиқотларимга қараганда, ўн беш кунча ўткандан кейин тажриба қилиб кўриш лозим эмиш. Кэчик йўл берса, ўтулур, акс ҳолда, яна кутишга тўғри келур эди. Албатта, мен бу қадар қўшун билан дарё лабида кутиб туролмайман. Аскарий одамга бундай монеъликлар юз берса ҳам, уни енгиб чиқиши лозимдур. Мен бу ернинг халқидан бўлмаганим учун шул эшитганларимга қараб иш кўришдан бошқа чорам ҳам йўқ. Биргина ёғоч топа олсам, енгилроқ кўприк солиш ёки сол ясаб унинг билан ўтиш фикримда бўлса ҳам, бу яқин орада бирор туп дарахт ҳам йўқ эди. Бирдан дарёчаларнинг она дарёдан айрилиш жойида йўл топиш имкони бўладур, деган тахминни назардан кечирдим. Ерликлардан бир нечасига йўл бошлатиб, дарёдан шахобча айрилган жойга бордик. Ул ерда ўн беш шахобча айрилганини кўрдим. Булар билан осонликча дарёдан кечиб ўтиб кетдик. Эмди биз дарёни орқамизда қўйиб, жанубга қараб юрдик. Бир ерга етиб бордикки, Мовароуннаҳрнинг энг гўзал кўклам ва хушҳаво жойларидан ҳам яхши эди. Мавсумда чиққан ўтлар отларнинг қорнига урар эди.
Агар юрушимиз уруш ҳолатида бўлмаса эди, ўша кўкламда бир неча кун туриб от боқар эдик. Олдимизда уруш эҳтимоли бор учун отларни кўкка  қўйиб бериб бўшаштирмаслик керак эди. Беш кун муддат ичидаТуркман қабоилларининг бир қанча кўкаламзорларини босиб ўтдик. Баъзи қабила бошлиқлари бирмунча қўзиларни келтуруб пешкаш қилдилар. Мен ҳам уларга рнъом бериб жўнатдим. Бу кўкламзор даштлар тугаб, унинг ўрнига дарахтзорлик минтақага кириб қолдик. Бу дарахтлар улуғ ўрмонзордан дарак берар эди. Баъзилар муболаға билан, бу дарахтзорликнинг этаги дунёнинг нариги четига етади, деб ҳам баён қилдилар. Мен бу ақидада бўлмасам ҳам, жангалнинг ичидан бемалол юриб бўлмас эди. Бир хатар туғулса, мудофааси хийла қийин деб тушунар эдим. Қандай деганда, душман аскарлари ярим тош нарида кутиб турган бўлса, биз уларни дарахтлар орасида кўролмасдан ғафлатда қолишимизга тўғри келади, деб андиша қилар эдим. Шунинг учун талоядорларимга олдинга диққатли қараш, баъзи жойларда дарахтлар устига чиқиб бўлса ҳам, олдиндан яхши хабардор бўлиш, узоғдан бир қора кўруниши билан таҳқиқни яхши олиб бориш ҳақинда таълим бердим. Баъзи вақтларда узоғдан совуғ товуш қулоққа келар эди. Биз жангал ерларида юриб одат қилмаганимиз учун у товушлар бизни ташвишга солар эди. Кейинроқ маълум бўлдики, жангалликда эллик қадамдадур деб чоғланган бир товуш бир тош жойда бўлур экан.
Бир куни қўшуним бир баланд адирдан ўтмоғда эди. Баландликнинг устига чиққанимда кўзим дарёга тушди. Дарё пастда, мен баландликда бўлганим учун бу масофадан дарё кўзумга бир ажойиб мовий мусатаҳ бўлуб кўрунди. Гўёки дарё суви уфққа қадар чўзилиб, осмон билан улашиб кетган каби иккиси бир ранг бўлиб кўрунар эди. Бу гўзал манзарадан кўзумни узолмай бир соатга қадар тўхтаб қолдим. Ҳар ким ҳам бу гўзал манзарани томоша қилгуси келади. Аммо ул манзаранинг ҳар кимга хос таъсири бўлади. Ўша таъсир билан кўрган сайин кўргуси келаверади, агар айрилиб кетса ҳам, ҳаёти борича ёдидан чиқмайди. Бир киши бориб Астрободдан Обисукун дарёсига мен турган жойдан томоша қилса, бу нилғун осмон билан бу номахдуд дарё уфқда бир-бири ила қандай улашди, деб ақли шошиб қолади. Мен ўшал куни дарёнинг юмалоқ эканлигини билдимки, осмон остидаги кўк ранглик дарёга муттасил каби эди. Менинг бу тушунчамни бошқалар тушунолмас эдилар, у манзарани томоша қилмадилар.
У ердан ўтиб, жанубга юрилса, бир минг беш юз зироълик бир довондан ошилса, Ироқ ажамига борилур эди. Менинг Ироқ ажамига бориш рағбатим йўқ эди. Ғарбга юрмоқни муносиб билдим. Нуҳ тўфонини эслатар каби шиддатлик  ёғин бошланди.  Йўл юришга илож йўқ учун тўхтадик. Отларни дарахтлар остига боғладик. Ёмғир тўрт кунча тўхтамай ёғди. Жангалнинг ичи тумандан қоронғулашди. Ўша куни, ўша ҳолда бирор душман бизга ҳамла қилғудек бўлса, бизни тезлик билан махф қила олар эди. Чунки давомлик ёмғирнинг зўрлиги билан бизда муқовамат кучи қолмаган эди. Ёмғир тингандан кейин офтоб чиқди. Бир оз ўтиб, ҳаво шу қадар исидики, кишиларимиз ортиқча кийимларини ечиб ташлашди. У минтақада ёмғир ёғса, совуқ бўлиш, офтоб чиқса, иссиғ бўлиш табиатининг борлигидан огоҳ бўлдим. Қиш ойларида ҳам шундай ўзгариш бўлар эмиш. Ёмғир тўхтагандан кейин йўлга тушдик. Баланд қоматлик, жуссалари катта ҳўкизлари бор инсонларнинг юрти Табаристонга етиб бордик. Табаристон халқи эр-хотун жангалда ҳаёт кечирур эдилар. Ҳаракат ва машғулотларининг аксари гуруч экиш бўлур эди. Гуручларининг ранги қирмизи бўлур экан.
Бу ернинг кишилари ҳайвон терисидан кийим кийган ҳолда, сочлари узун. Ҳар одамнинг елкасида бир болта ёки минтеша (эгри тўқмоқ) бўлур экан. Буларнинг юриш йўллари жангал бўлгани учун йўлларда тўсқинлик берадурғон дарахт шохларини кесиб, йўл очиб кетишлари учун болталари хизмат қилар эди. Эгри тўқмоқлари жуда хатарлик эдики, унинг бир зарбаси ҳар қандай бир йўлбарсни ҳалок қилур эди. Бу иқлимда шер билан йўлбарс кўп экан, аммо йўлбарснинг адади беҳад зиёдадур. Самарқанддаги мушукнинг ададидан ҳам кўпдур. Табаристон хотунлари ҳам эркаклари каби баланд қомат бўлур экан. Улар сигир, ҳўкизларини боқиб юриб ҳайвон билан бемалол сўзлаша оладилар, ҳайвонлар эмас, бутун паррандаларга ҳам инсонга сўзлаган каби сўзлашганларидек. Сулаймон алайҳиссалом ҳайвон ва паррандалар билан сўзлашганларидек, бу хотунлар ҳам қушлар ва ҳайвонларга сўзлайверадилар. Улар форсий сўзласалар ҳам, мен уларнинг тилларига тушуна олмадим. Табаристонликлар ўзларини “дев” наслидан деб эътиқод қиладилар. Шунинг учун умароларининг исмари  девдан бошланар эди. Баъзилари “Оқ дев наслиданмиз”, дер эдилар. Мен бу ерда эканман, ерлик халқ ҳукумати билан дўстона алоқада бўлишни тўғри топдим. Улар билан урушмаслигимни ва йўлдан ўтувчи эканлигимни эълон этдим. Улардан фақат одам ва отларнинг озуқасидан бошқа талабим йўқлигини билдирдим. Мабодо булар билан орамизда душманона ҳаракат пайдо бўлуб қолса, улар бизга кўп хатар еткузур эди. Қўшуннинг адади ва салоҳи уларнинг назарида ҳеч нарса эмас эди. Дўстликка эътимод қилганларидан кейин менинг ҳамма талабларимни ҳозирлаб бердилар.
Бу ерда буғдой йўқлиги учун, аскарлар ҳам ўшалар каби гуруч едилар. Қизил гуручдан бошқа наишакар ҳам бор экан. Ерликлар наишакарнинг сувига гуручни қўшиб ейдурлар.
Табаристоннинг сигир, ҳўкизларининг катталиги инсонни ваҳшатга солади. Бу ҳайвонларнинг ёнига хотунлардан бошқа одам яқинлашолмайди. Хотунлари уларнинг тилларини билади, улар билан яхшигина мукаллама қилади. Эркаклари эса, ҳўкуз, сигирларга яқин боролмайди. Агар бирор киши яқин борса, бу ҳайвонлар ҳамла қилиб, ўлдуриб қўяди. У ернинг ўйинларидан бири ҳўкуз урушидур, буни ҳам хотунлар идора қилади. Уруштиришдан илгари ҳўкузларини ясайдурлар, кўркамлаштириб, ҳўкузларнинг бири билан урушга соладурлар. Бир неча дақиқа урушгандан кейин ҳўкузнинг бири ўладур ёки иккиси ҳам баробар ўладур. Бир кун дарё лабидан ўтуб борар эдик, оқариб кетган одам суякларини кўрдук. Ўлукларни кўммасдан жасадлар чириб, суяклар қолишининг сабабини сўрадим. Ерликлар жавоб берди:
“Булар бундан тўрт йил илгари дунё йўли билан бизнинг юртимизга ўғирлик учун келган қисқа бўйин кишиларнинг устихонларидур. Улар бир неча кема ва қайиқ воситаси билан Обисукун дарёсининг Шимол минтақаларидан келган эдилар. Салоҳлари қилич, найза, ўқ-ёйдан иборат эди. Биз болта билан эгри тўқмоғимизни қўлландик. Кўп кишилари ўлганидан кейин қолғонлари кема, қайиқларда қочиб қутулдилар. Шундан буён бу ўғрилардан ҳеч ким биз тарафимизга келиш учун журъат қилолмай қолди. Уларнинг қолдирғон жасадларини кўмишга ҳам ҳожат йўқ эди. Бу сўнгаклар ўша ўғриларнинг сўнгакларидур”.
Табаристонда катта шаҳар кўрмадим. Ҳаммаси кичик бозорчалардан иборат эди. Исфаҳондаги каби, ортиқча сувларни ташқари чиқармоқ учун захоблар қазилган. Бу ерда ҳам қудуқ қазимаслар эди. Захоблар можрасини ирмоқларга тушуриб, ундан дарёларга оқизиб юборадурлар.
Обисукун дарёсининг соҳилларида денгиз жониворларининг сўнгаклари кўрунар эди. Биз соҳилда вақтимизда териси тангасиз бир балиқнинг ўлиги қирғоққа чиқди. Катталигини ўлчаб кўрдик, олти пироа экан. Табаристонликлар бу териси тангасиз балиқнинг гўшти бемаза деб емас эканлар. Истеъмоллари учун териси тангалик балиқ овлайдурлар. Бозорларда ҳам тангалик балиқ сотилур экан.
Табаристонликлар икки хил жангалдан истифода қиладилар. Бунинг бири табиий жангал бўлиб, иккинчиси масноий жангалдур. Масноий жангалда норинч ва туринч тарбия қилинади (Форсий мутаржим: туринч – пўртақолдан (апельсин) катта, нордонлиги зиёдароқ бўлур. Қадим вақтларда боболаримиз пўртақолни “туранг” дер эдилар. Араблар ҳам “турунж” ва “парткол” деб атайдилар). Табаристонда бу меванинг кўплигидан халқ йиғиштириб ололмайди. Биз бу ердан ўтканимизда бу меванинг мавсуми ўткан бўлса ҳам, дарахтларда қолғани қизил, сариқ кўруниб турар эди. Ерлик халқ сарбозларни бу мевадан олишларига даъват қилди, “фақат, дарахт шохларини синдирманглар”, деди.
Биз Мовароуннаҳрда бу меваларни туҳфа ўрнида қўлланамиз; қиш вақтларида Самарқандда қиммат нарх билан сотилади. Табаристонда эса, ҳар кимнинг бу мевадан териб олмоғи илтимос қилинади. Субҳоналлоҳ, табаристонликлар бу меваларни олувчи тополмасдан, хирмон-хирмон йиғиб, сувини сиқиб чиқаргандан кейин катта қозонларга қуйиб қайнатиб, ранги қора, нордонликда ўткур қиём ёки ширин шаклинда бир модда тайёрлаб оладилар ва таом асносинда салота ўрнида истеъмол қилурлар.
Табаристон аҳолисининг бирмунчаси гиёҳлардан ҳозирланган ёки қуритилган доруларни сотиш билан машғулдурлар. Бир кишининг сўзида, Табаристондан йигирма минг хил дори чиқади, деб муболаға қилган бўлса ҳам, минг турли дори гиёҳлари бор”, деб айта оламан. Шу билан ҳам  у ерни дунёда “дори маркази” деб аталса бўладур. Ироқ ажамда кўриладурғон кўп дориларнинг маркази, манбаи Табаристондир. Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, Табаристонда шу қадар дорининг кўплигига қарамасдан, ҳавонинг нобоблиги, сувларининг захоблиги, минтақа рутубатининг зиёдалиги билан жангал ерларига хос касалликка учраб турадурлар. Одатан, хуш ҳаволиқ жангалларда бир киши ўлумдан бошқа касалликка учрамайди, аммо Табаристонда кунаро иситмага учраб қоладурлар, шу билан оёқдан қоладурлар. Уларнинг сўзларига қараганда, бундан ҳам бадҳаво жангаллар бор эмиш. У тарафга мутлақо юришмас эканлар. Билмасдан бориб қолганларнинг касалдан туролмай ўлгани кўрилган экан. Бу сўзлари бизга ҳам дарс бўлди. Ўшандай хатарли жангаллардан эҳтиёт қилиб юрадирган бўлдик.  
Табаристоннинг Чилдара деган жойида менга: “Агар хоҳласангиз, жануб билан юруб Қасрихон номлик исмоилийларнинг қасрини томоша қиласиз”, дедилар. Мен исмоилийлар ҳақинда бир неча воқиотларни ўқиб ўтганман. Булар шиа фирқасидан бир фирқадур. Бу тарихдан уч юз йил муқаддам Ҳасан Сабоҳ исмлик бир одамнинг қўл остида ривожланган ва номи ҳам “Исмоилия” деб шуҳрат топгандур. Табаристоннинг жанубида “Алмаут” номинда ўнларча қалъа ясаб, ўзига тобеъ бўлганларни ўрнаштиргандур. Унинг чиқарган йўлида: “Исмоилиялар ўз имомининг амрига мунохашасиз ҳолда итоат қилишдан бошқа шаръий таклиф йўқ”, деб ўргатгандур. Ҳар бир исмоилий Ҳасан Сабоҳ тарафидан ижод қилинган бидъатларни ўрганишдан бошқа шаръий амрларнинг ижросига мукаллаф эмасдур. Ҳасан Сабоҳнинг ихтироларидан кучлиги айёрликдур. Айёрлик фунунига моҳир бўлган шогирдларини ўзга мамлакатларга юбориб, у бидъатларга қарши турғувчи нуфузлик кишиларни ўлдуриб келмоққа маъмур қилар эди.
Ҳасан Сабоҳ Ислом аҳкомларини, шу жумладан, намозни бекор қилиб амр бергандир. Имоилиялар фақат илм ўрганса кифоя қилади, деб айёрликни ўргатиш билан шогирд чиқарган одамдур. Ҳасан Сабоҳдан кейин унинг орқасида қолғон кишилари имом деб ном кўтариб унинг бидъатларини давом эттиргандурлар. Улар бир қанча муддат ҳукумат тутдилар, у ҳукумат ҳам исмоилияга қарши кишиларни ўлдуриш билан кечди. Токи (Чингис наслидан бўлмиш) Ҳолоку бундан юз йил илгари Аламут қалъасига ҳамла қилиб, бир қалъадан бошқа қалъаларни бузиб ташлади. Қолғон бир қалъадагиларнинг ҳисоби билан ўн йил, яна бир ҳисобда ўн бир йил муқовамат қилдилар. Охирда очлик ва яланғочликдан иложсиз бўлиб таслим бўлдилар. Қалъа халқини батамом қиличдан ўтказгандурлар. Ана шу ўн бир йил мудофаага чидаган қалъанинг номи Қасрихондур. У қалъа шу қадар мустаҳкам эдики,  ўн бир йил ичида бузиш имкони топилмади эса- да, ҳеч ким бу қалъада сукунат қилмайдур. Ҳолоку бузолмаган қалъани бир кўришни хоҳлар эдим. Аммо бу ерга оз одам билан бориш хатарликдур. Бутун қўшун билан бориш учун беш юз зироаълик довондан ўтиш лозим эди. Довондан ўтмоқ учун хачирлар лозим, ундан бошқа ҳайвон осонликча ўтолмайдур. Шунинг учун бу мустаҳкам қалъани кўрмоқдан воз кечдим.
Бу ердан ғарбга қараб юрдим. Йўлимиз яна жангал эди. Илгаригидек эҳтиёт чораларини кўриб йўлда давом этдик. Гилқумининг юртига етдик. Бу ернинг халқи билан табаристонликлар орасида қомат жиҳатидан фарқ бор эди (улар каби баланд бўйлик эмасдур), диний жиҳатдан ўзларини мусулмон атасалар ҳам, ўлкаларидан ўтадурғон “Сафидруд” деган дарёчани ўзларига худо деб биладурлар ва яхшилик ва ёмонликларни шу дарёдан деб ақида қиладурлар (М.Брайвон: Темур бу ақида тўғрисида қайси далилга асослангани маълум эмас. Аммо асрнинг жуғрофий олимлари Гилон ерини шу Сафидруднинг чиқарган тупроқ лойқаларидан ҳосил бўлган ўлка дейдурлар Гилоннинг қадим одамлари ҳақиқий илмдан хабарсиз бўлганлари учун ҳар нарсани ушбу Сафидруддан деб билур эдилар).
Сафидруд улуғ бир сойдур. Биз борганда Сафидруднинг туғёни босилмаган эди. Обисукун дарёсига борганда ўн-ўн беш бўлиниб дарёга қуйилар эди. Гилоннинг улуғ ва марказий шаҳрини Рошт дейдурлар. Сафидруднинг дарёга қуйиладурғон оғзининг шарқ томонида Лоҳижон деган бир шаҳар ҳам бор. Бу ердан дарёга қараб юрилса, Говтам деган бандарга борилади. Бу бандар Обисукун дарёсининг улуғроқ бандарларидан ҳисобланади. Ул бандарда икки юздан кўпроқ кема тўхтаганини кўрдим. Булар Гилондан ҳар турли мол юклаб атроф-жавонибга кетади (М.Брайвон: Эроннинг шимоладаги “Готам” номлик бандарнинг бу кунларда вужуди йўқдур).
Гилондан ипак ва ипак тўқималари билан гуруч кўп чиқади. Мен шуҳратлик анбар бўйлик гуручдан истеъмол қилиб кўп завқландим. Бу гуручнинг уруғидан Мовароуннаҳрга кема билан юклансун, деб амр қилдим. Ипакчилик ишининг тараққийси шу қадар эдики, бутун дунёға кетар эди. Миқдорининг кўплигига қараганда, дунё бозорини тўлдирар эди. Халқининг эркак-хотун ҳаммаси оқ кияр, қиш кунлари бўлса, теридан кийинар эди.
Эй менинг саргузаштимни ўқуғувчилар! Мен шу қадар шавкатим билан Гилон хотунларидан қочганимга ва улар мени қочирганига эътироф этмай туролмайман. Чунки Гилон хотунлари оппоқ жисмга молик бўлуб, қошлари қароликда жозибадор бўлур экан. Баъзиларининг кўзлари сув рангида кўк бўлиши яна ҳам инсонни ҳайрон қилади. Агар дунёни беҳишт деб, бу хотунларни ҳур деб таъриф қилсам, муболаға қилмаган бўламан. Улардаги бўйга ярашган тўлиққина жисмларнинг гавҳар каби порлаб туриши ҳар кимни ҳам ўзига жалб этмай қўймас эди. Сизларга аввалроғда арз этиб ўтганим каби, шаҳарда турмаслик ва хотунлар билан кўп алоқа қилмасликка аҳд қилганим ёдларингиздадур. Шу билан бирга, Мовароуннаҳрдаги хотунларимдан бошқа хотунлар билан муошират қилмоғим ҳам аҳдимга хилофдур. Мен бу билан ўз аҳдимда содиқ қолмоқға чолишсам ҳам, қўшун афродлари мен қилғонни қилолмайдур, хоҳ-нохоҳ бу хотунларга боғланиб қолгудек бўлсалар, қўшуннинг руҳи бузулуб, иликлари сустлашиб қолмасун, деган эҳтиётда, ўрдугоҳни бу шаҳардан узоғда, одам йўқ жойда турмоғига амр бердим. Ўрдугоҳдан шаҳарга кириб хотунларга этисол қилиш имконсиз ҳолда четлатдим. Мана шу тадбир катта қўшуннинг хотунлардан қочган маъносини берадур.
Гилон хотунларини гўзаллаштирган омилни балиқ гўшти  билан анбар бўйлик гуручдан деб баҳс беришларига унамадим. Нимага деганда, эркаклари ҳам шул нарсани тановул қилар эдилар, аммо уларда бу чирой йўқ эди. Менинг тасаввуримда, бу хотунларда табиий бир мумайзот бор эдики, ўша нарса буларнинг гўзаллигига омил эди. Гилон пойтахт танилган бир шаҳардур. Ундан кейин Аспеҳбадон (М.Брайвон: Лоҳижон Гилоннинг пойтахти бўлса, аспеҳбадон ҳам унинг катта шаҳарларидандур. Ул ҳам Готам шаҳридек бу кунда вужуди қолмағондур) деб бир шаҳар бордур. Бу ернинг одамлари (эркак-хотун) дунёга келганидан то рихлатига қадар оқ кийим кияр, ҳатто ётадурғон тўшаклари ҳам оқ бўлур экан. Биз Гилонни ҳурларга тўлган бир мамлакат деб таъриф қилсак, Аспеҳбадонни унинг гўзал ғурфаларидан деб эътибор берилса арзийди.
Бу ернинг эркаклари ҳам хотунлари каби чиройлик бўлғони учун ҳур-ғилмон каби эдилар.Буларнинг ҳаммасининг ҳам кўзлари сув ранги кўкдур. Бу шаҳар халқи чет одамлар билан аралашмаган, ёт одамлар билан уйланмаган эканлар. Шунинг учун ҳаммалари бир хилда сақланиб келгандурлар. “Аспеҳбадон” исми қадим замондаги умароларидан бирининг исмига қўйилган экан, Булар пилла парвариш қилиш, у маҳсулни ипак қилиш ва ипаклик тўқумаларни ҳозирлаш билан ҳаёт кечирурлар. Гилондаги каби гуруч экадурғон деҳқон йўқ эди. Катта-кичик, эр-хотун ҳаммаси ипакчилик қилади. Уларнинг тўқумачилик ишхоналарини кўрдим. У ерда нозик панжалик ҳусни жамол соҳибаси хотунларнинг тўқума дўконларининг устида мушоҳада қилдим, парнийон (шоҳи атлас каби ипак матоларини “парнийон” дерлар) тўқумоқда эдилар. Бир неча ишхоналарни кўрдим, ҳаммасида ҳам ўша гўзаллар ишламоқда эди. Тўқиб чиқарган латиф ипак матоларидан тўқувчининг ўзи гўзалроғ эди. Кўзум бу томошада экан, фикримдан Жалолиддин Румийнинг маснавийси варақ-варақ ўтар.
Ва унинг ёзгани: “Маснуъ аз сонеъ зиботар аст” (қилинган иш қилғувчисидан гўзал) деган сўзининг хатолиғи зоҳир бўлуб турар эди. Агар маснавийнинг соҳиби ҳаёт бўлса эди, уни қайтадан Аспеҳбадонга юборар эдим. Токи мен кўрган ишхоналарни кўруб, сонеъ гўзалми, маснуъ гўзалми – ўз хатосини ўзига кўрсатар эдим. Аспеҳбадон хотунларининг нозик панжаларидан ўтуб чиқаётган матолар латиф ва мулойим бўлса ҳам, руҳсиз-жонсиздур. Ўз томошачисини кўруш ва уни жалб қилиш учун фитналик кўзи ҳам йўқтур. Буни тўқувчилар-чи? Руҳликдур, уларнинг сув рангидаги (кўк) кўзларига боққан Салахшўр қаҳрамонлар ўз эҳсосини йўқотиб, урушқоқликдан тўнтарилиб тушар эди.
Мен Аспеҳбадонда икки кундан зиёда турмадим. Гилон ўлкаларидан тезликда узоғлашмоқ учун қўшунни йўлга солдим. Агар бу минтақада узоғроқ турсак, танпарварлик ғалаба қозонар эди.
Гилондан Толишга (“Толишон” ҳам дейдурлар) жўнадим. Толишликларни Обисукун атрофидаги мамлакатларнинг энг кучлик одамларидур, деб ривоят қилишган эди. У сўзларнинг ҳақиқатини билмак учун у ернинг кучлик одамлари билан панжалашиб кўруб, кучларини синамоқчи бўлдум. Толишга етдим. Бу ернинг одамлари (эр-хотун) баланд қомат ва буюк таналик кишилар эди. Ўзларининг сатр авратдан бошқа кийимлари йўқ, қиш кунларида чарм (тери) киядурлар, деб эштдим. Толишнинг одамлари баланд товуш билан сўзлайдурлар, бир тоғнинг этагида турган бир киши, тоғнинг нариги бошидаги одам билан бемалол сўзлаша оладур. Толишликлар катта ва таналик (гавдалик) ит тарбия қилиб, аробаларга қўшуб ишлатадур. Бир от тортатурғон юклик аробаларни итлари ҳам тортиб кетадур. Бундан ташқари, говзан (чанбар шохлик кийик жинсига яқин гавдалик ҳўкузчалардур) кўп бўлади. Қиш фаслларида аробаларга шул говзанни қўшуб ишлатиб, баҳор бўлиши билан жангалларга қўйиб берадурлар. Толишнинг Хашам деган бир шаҳрига Дойи ислик бир одам амир экан (М.Брайвон: Бу шаҳар ҳам бу кунларда мавжуд эмасдур). У шаҳарга яқинлашганимда, шаҳар амири истиқболимга чиқди. Дарҳол оёғимнинг остига “Хуш келибсиз”, қилиб бир ҳўкузни сўйди. Шаҳар кичик эди. Уйларнинг сақфи сафол билан ёпилган эди. Емакка говзан гўштини қўғуриб келдилар. Таом асносида амирга айтдим: “Бу ерда кучлик одамлар кўп эмиш, улардан бир нечасини чақиртириб келсангиз, бир куч синашиб кўрсам”.
Дойи менга мурожаат қилиб: “Эй амир, бу ишдан воз кечганингиз яхши. Саноқда, уларни енгсангиз, сизнинг улуғлигингизга бир нима ортмайди. Мабодо, улар сизни енгса, мен ҳижолат бўламан. Нимага деганда, сиз менинг бир суюкли, азиз меҳмонимдирсиз, сизнинг енгилишингиз менга зилат келтуради”, деди. Мен рад қилиб жавоб бердим: “Менинг қасдим ўзимни бир синаб кўрмоқдир. Эски вақтдаги қувватим ҳали ҳам борми-йўқми, билмоқчиман”.
Дойи икки нафар бақувват кишини ҳозир қилишга буюрди. Бир оз сўнгра қўкраклари кенг, билаклари йўғон икки киши келди. Улардан бирининг бўйи менинг бўйим билан баробар, иккинчиси бир оз қисқароғ эди. Мен устимдаги жуббани ешиб, чаққонроғ бўлганимдан кейин, ўз бўйимга баробар кишига: “Яқин кел”, дедим-да, ундан “Мен билан суҳбат қила оласанми?”-деб сўрадим. Ул киши Толиш лаҳжасида: “Бале, сўзлаша оламан”, деб жавоб берди. Мен унга ташжиж (шижоат) бериш йўли билан айтдим: “Мени амир деб тасаввур қилма, ўз қуромларингдан деб ҳисоблағил, кучинг борича ҳаракат қилиб, мени енгмоққа тиришғил”. Ундан кейин оёғимни чап-рост қилиб, тираниб туруб, қўлумни узатдим. Иккимизнинг бармоқларимиз бир-бирига киришти. Бундай панжа мусобақасининг расми шулки, икки ҳариф (рақиб) бирининг ўнг ёки чап қўлини эгиб тизларига қадар еткузғай, қўли тизига етган одам мағлуб деб ҳукм қилинғай. Мен билан мусобақа қилғувчи одам қўлумни эгмоққа тиришиб уддасидан чиқолмас эди. Мен ҳар лаҳзада ўз кучумни унинг устига оширар эдим. Борган сари у қаттиқ нафас олиб, ҳансирашга тушди. Қўли секин эгилиб бориб тиззасига қадар тушди. Томоша қилиб турган афсарларимдан бошқа бирмунча шаҳар халқи ҳам бор эди. Унинг қўли тиззасига тушиши билан томошачилардан ғулғула кўтарилиб кетди (“олқишладилар” дейилмоқчи). Мағлуб толишликнинг панжасини қўйиб берганимдан кейин менга қараб: “Эй амир, сиз ҳийла кучлик экансиз”, деди. Мен уни мағлубликда маҳжуб қолдирмаслик учун бир мунча олтун бериб, суюнтириб қўйдим. Сўнгра иккинчисини мусобақага таклиф қилдим. Униси: “Йўлдошим мендан кучлироқ эди, енгилди, маълум бўлдики, мен ҳам сиз билан куч синаша олмайман”, -деб узр айтди. Мен унга ҳам бирмунча олтин мукофот бердим.
Толишдаги кўзга кўрунган нарсаларнинг яна бири, бир дарахтдурким, ҳар тупда бир неча дона узун ва япалоқ барги бор, у дарахтнинг баъзисида бир бош мева бўладур, шу бир бошда уч юз донагача кўк, узунчоқ мева бўладур. Дарахтнинг исмини “шажараймуз” деб атайдурлар. Бу дарахт йилда бир вақт мева бериш билан тамом бўлади. Иккинчи йили учун унинг шохини экиб, кўкартириб ҳосил олишадур.
 
« Олдинги   Кейинги »