021. Боғдодни нечук мусаҳҳар қилганим Принтер учун E-mailга юбориш
Қўшункашлик фаслини ўтказиб юбормаслик учун Толишда узоқ турмадим. Ҳулоку тасарруф қилган Боғдодни тасарруф қилмоқ учун йўлга тушдим. Бунинг учун Толишдан тўғри Боғдодга юрсам, йўл устида тоғлар кўп бўлганидан ўтиш қийин эди. Толишдан шарққа қараб юриб Обисукун бўйлаб ўзимни Қазвинга еткузсам, сўнгра Боғдодга қараб юрсам бўлур эди. Толиш амири Дойи билан видолашиш суҳбатида: “Ҳар қачон ёрдамга ҳожатинг тушуб қолса, менга хабар бергин, ўзим ёки афсарларимдан мўътамид одамнинг қўл остида даркорлик аскарни йўллайман. Бунинг учун орамиздаги алоқанинг суръатига ҳожат бордир, уни ҳам кабутархона уюштириш билан ўрунлаштирамиз”, деб у ерга бир кабутархона таъсис қилдим.

Толишдан жўнаб, Обисукун дарёси соҳилига қайтиб келдик. Ундан шарққа қараб юрдик. Шафт деган жойдан ўтиб, Қазвинга, ундан Керманшоҳга, ундан кейин Дажла дарёчасининг соҳилига етиб келдик. Бу ерга қадар йўлларда ҳеч қандай монеъликга учрамадик. Ўтиб турган йўлим устида бир неча шаҳарларга дуч келдик. Ҳар бир шаҳарнинг амири менинг яқинлашганимни билган ҳамон истиқболимга чиқар эдилар. Қўлларидан келган қадар иззат-икром билан кутиб олишдилар. Меҳмон бўлуб ўтиш ўрнига, аскарий лавозимот ва озуқаларнинг нархини ошириб юбормай, мўътадил баҳо билан ҳисоблаб олишларининг рижосинда бўлдум. Гарчи бу умаролар кичик-кичик, аҳамиятсиз, қўшунимнинг бир кунлик озуқасини таъмин қилолмайдурғон қадар ожиз бўлсалар-да, мақсадим уларнинг юртларида кабутархоналар таъсис этиш, кабутархонага қарағувчи одамларимга ҳалал бермасликни қабул қилдириш эди. Менинг кабутархоналарим ва хизматчиларим мамнун ҳолда турса, уларга доимий ёрдамда бўлишим, акс ҳолда, бутун юртни қириб ташламоғим мумкинлигини эслатиб қўяр эдим. Дажла қирғоғига (Шатул-араб) етмасдан уч кун аввал олдинғи талоядорларимдан бир қўшун кўришганларининг хабари келди. Келиб турган (кўринган) қўшуннинг адади билан аслаҳаларини билолмаган эдилар. Бу муаммони билмак учун ерлик кишилардан жосуслар қўлланмоқға тўғри келди. Боғдодликлар менинг келишимдан хабар топганлари, менинг олдимни тўсмоқ учун аскар чиқарганликлари маълум бўлди.
Мен жосуслик хизматини қила олгудек кишиларни танламоқ учун ерликлар билан сўзлашдим, улар арабча сўзлашдилар. Мен ҳам арабча биламан, фақат орада фасиҳ тил билан авом тилининг фарқи борлиги учун дастлабда улар билан таржимон орқали сўзлашишга тўғри келса ҳам, оз кунда ерлик истилоҳни ҳам ўрганиб олиб, таржимонсиз сўзлашатургон бўлдум. Сўзлашиб танишганларимдан Абу Саода деган бир киши билан Вожиҳуддин деган яна бир кишини хизматимга мувофиқ топдим. Буларнинг бирини бирига сездирмадим. Алоҳида-алоҳида сўзлашур эдим. Ниҳоят уларга вазифа топшируб, айтдим:  ушман аскарларининг ададини, салоҳларини, қўмондонларини, турган ерларини билиш, сўнгра ерларнинг бутун жуғрофий аҳволини таъкидлаш (тоғлар, дашт-саҳролар, сувлар, кўприклар, кечишга лойиқ ерлар). Агар имкон тополсалар, айёрлик йўли билан душман афсар ёки аскарларидан бирортасини асир тушириш ишларини топширдум. Йўл харажатлари учун беш юз динордан пул бердим. Қайтиб келганларидан кейин яна беш юз динордан беришимни ҳам эслатиб қўйдим.
Олдинги талоядорларга ҳам душман тарафининг талоядорларидан мумкин қадар бир неча кишини асир олишга амр бердим. Булар ҳам икки бор душманга айёрлик ишлатиб кўрди, муваффақ бўлолмади. Бунга иштирок қилган аскарларим ўлди. Бундан маълум бўлдики, душман қўшунининг қўмондони лаёқатлик одам бўлуб, қўшунда инзибот ишларини яхши ижро қилган экан. Агар тадбирсиз бўлса эди, сарбозларим ҳеч бўлмаганда бирортасини асир олиб келар эди. Тўрт кундан кейин Абу Саода қайтиб келди. Душман қўшунлари юз минг бўлуб, ўн беш минги отлиқ, қолғонлари пиёда; салоҳлари бўлса: икки юз дона уруш аробаси, икки юз манжаниқ (мутаҳаррик манжаниқ); аскарлар эса, қилич, найза, ўқ-ёй ва пўтак билан салоҳланган; қўшунни Боғдод амири идора қилган, деб хабар берди. Мен ундан эшитган уруш аробаси билан пўтак тўғрисида изоҳ сўрадим. “Пўтак най каби ичи тешик узун ёғочдур,-деди Абу Саода.-Унга оғиз билан пуфлаб дам берилади. Унинг учига ўрнатиб қўюлғон кичик ўқ ҳалиги елнинг кучи билан душманаг отилади. Ўқ кичик бўлса ҳам, заҳарлик модда билан омода қилингандурки, ўқ тегиши билан инсон бўшашади, бир неча кундан кейин эса фалаж бўлиб қолади. Ўқнинг устига суртилган заҳарлик модда эса Дажла дарёчасининг икки ёнида баъзи халазуни (илон каби эгилиб букиладурғон) ҳашоратлар бўлади, уларни янчиб, ширасини офтобга қўйгандан кейин  заҳар моддаларини темир ўқларга чаплаб заҳарлик қилишадур”.
Уруш аробаси эса,  тўрт от билан ҳаракат қилади. Бунинг иккиси аробанинг шотисида бўлуб, буни “ташлик от” дейиладур. Икки ёндагиларни “ён отлари” дейиладур. Икки ён отга урунмайдиғон қилиб уфуқи шаклида бир меҳвар ясаб, ул доирага тахта михланган. Ўша тахталарнинг ташқари қисмига кучлик темирдан ўқларни (найза каби) ўрнатиб қўйилган.Отлар чопиб кетаверади, икки ёнида унга яқин келган отнинг ё пиёда аскарларнинг ҳалиги ўқларга тўқунушиб қолишлари уларни барбод қилади. Сўнгра ароба устидаги аскарлар ҳам яна тахта билан олдини тўсуб олгандурки, душман ўқи уларга таъсир қилмайдур. Уруш аробаси қўрқунчлик салоҳ бўлса ҳам, бир айби бордур, шундоғки, ташқарига ўрнатилган найза каби ўқлар одам ёки отга санчилгандан кейин аробалар олдинга юролмай қолади. Токи ўқларни боёғи жасаддан узуб, қутқазиб олишлари лозимдур. Унинг учун аробани шиддат билан орқага силжитишлари ёки ўқчи аскарлар ерга тушиб, аробани қутултиришга ёрдам беришлари керак бўлади. Қутқазгунларича ишдан қолурки, бу фурсатда қаршидагилар ароба отларини ўққа тутиб ўлдуришлари ҳам мумкиндир.
Менинг боғдодликлар томонга юборган одамларимдан иккинчиси ҳам келди. Унинг ҳам сўзи юқоридагига мослашди. Ўзимнинг олдинги талоядорларим ҳам душман қўшунининг юз мингдан ортуқлигидан хабар берар эдилар.
Бундай кучлик душманни нобуд қилмоқ учун икки йўлдан бирини қўлламоқ лозим эди. Бири – одатдагича, майдонда рўбарў бўлиб оғир талофатлар бериб ҳам бўлса, охири ғалабага эга бўлишдур. Яна бири – душманнинг орқасидан келиб, унинг аслаҳаларига номуносиб жойдан бош чиқариб, кўп ишонган ароба манжаниқларини ишлатолмай турган ҳолга келтириш эди.
Дастлаб, душманнинг куч ишлатиш усулини тажриба қилмоқ керак эди. Бунинг учун ўн беш минг аскарни уч дастага айириб уни ўнг қанот, сўл қанот, қалб шаклинда ташкил бердим ва уларга айтдим: “Сизлар ҳужум қилмасдан, ҳужум қилар каби душманга кўриниш беринглар. Душманнинг тамом тадбирларини ўрганамиз”.
Бу тартиб билан сарбозларимни ҳужум қилар каби кўрган душманлар манжаниқларини ишга солиб, шу қадар тоғ ёғдирдиларки, отлиқлар илгари боса олмай қолди. Ҳар манжаниқ олдида тўплаб қўйилган тошлар бор эди. Уни аскарлар манжаниққа тўлдириш билан манжаниқ ҳаракатга қириб икки қаноти очилиб, тошларни ёғдирар эди. Ул тошлар от-у одамни ўлдирар, тамоман ишдан чиқарар эди. Ўнг қанотда душман аробалари ҳам бизга ҳужум қилди. Тўғрисини айтсам, бу салоҳ жуда ҳам маҳлак (ҳалокатли) эди. Отнинг қорнига, пиёданинг жуссасига баробар жойга ўрнатилган найза каби ўқлар отлиқ аскарларнинг орқасидан ўтар экан, отнинг қорнига санчилар эди. Фақат, бир отнинг қорнига санчилган ҳамон аробалари оғирлашиб, қимирлай олмай қолар эди. Токи улар отнинг қорнидаги ўқларни чиқариб олгунча, ароба отларини ўққа тутиб ўлдириб, аробаларини бутунлай ишдан чиқариб ташлар эдик. Лекин аробани ишдан чиқариш учун бирмунча отлиқларни фидо қилишга тўғри келар эди. Яхши натижа бермаган бир ишга отлиқларимни фидо қилишга рози бўлмас эдим. Бизнинг чап қанотдаги аскарларимиз душманга ҳамла қилиб турганларида душман тарафининг шиддатлик ўққа тутишига учраб, бирмунча отлиқларим нобуд бўлди. Синалган тажрибадан мушоҳада этилдики, душман кучлик экан, илгаридан мудофаа усулини яхшилаб кўриб қўйган экан. Маълум бўлишича, душман билан бу хилда урушмоқ қўшунимни нобуд қилмоқ бўлур эди. Шунинг учун орқасидан келиб уруш очмоққа қарор бердим.
Менинг душман орқасидан айланиб келмоғим учун узоғ йўл босмоғим керак эди. Қаршидаги душман эса мени, урушдан воз кечиб кетди, деб гумон қилур эди. Ўша онда афсарларимга эълон қилдимки: “Биз узоғ йўл босмоқчимиз, аскарларни огоҳлантиринглар, сўнгра йўл юришга ярим кечадан кейин бошлаймиз, юриш тартибимиз илгариги каби кеча-кундуз, от алмаштириб миниш билан давом этадур”. Ўша соатдан менинг олдинғи талоядорларим душман билан бўладурғон кузатиш ишларини йиғиштирди. Эҳтиётни кўзда тутиб, Дажла соҳили нарироғидан йўлга тушдим (Бу эҳтиёт аскарни душман кўзига кўрсатмаслик учун қўлланилган эди).
Олдимиздаги машҳур Бахтул Наср деворига еткунча беш кеча-кундуз юрдук. Бахтул Наср девори ҳақидаги маълумотларимни арз этмоқ учун бундан кейинги сафаримда Шомдаги (Суриё) Настурий кешишлар билан ўткузғон суҳбатимни бу ерда дарж этаман (Форсий мутаржим изоҳи:Настурий фирқаси масиҳийларнинг бир мазҳабидир. Булар 42-мелодийда Қустантанияда (ҳозирги Истанбул) усқуф бўлиб турган Настурий деган кишини ўзларига пешво деб биладурлар. Настурийлар фирқасининг ақидасини тўлиқ баҳс этмоқ Амир Темур мавзуига хилоф тушадур. Қисқагина ёзсам: настурийлар ҳазрати Ийсога бир тарафдан деб қарасалар, иккинчи тарафдан Худо деб эътиқод қиладурлар. Масиҳийлардан котулик мазҳаби Ийсо алайҳиссаломга бир нуқтадан қарайдилар. У ҳам бўлса, Масиҳ -  Худо ёки инсонлар табақасидан юқори Худонинг ўғли, деб эътиқод қиладурлар).
Настурий олимлари  бу деворни подшоҳ Бахтул Наср Дажла билан Фурот орасига ясаган, дейдурлар. Бу деворнинг бир боши шарқдан Дажла соҳилига улашса, яна бир боши ғарбдан Фурот соҳилига улашгани учун бу девор Байнаннаҳрайн ўлкаларни шимолдан ажратадур. Бу деворни ясаш сабаби эса, Байнаннаҳрайннинг шимолидаги тоғ минтақаларида яшовчи қабоилларнинг ҳамласидан Байнаннаҳрайн ўлкаларни сақлаб қолмоқ эди. Шомдаги кешишлар (настурий руҳонийлари) юнон тарихларидан нақл қилиб: “...қадим замонларда “Бахтул Наср девори” демасдан “Бобил девори” деб атағон эдилар. Чунки икки шаҳарнинг ўртасида Бобил деган бир мамлакат бор эди. Унинг пойтахти ҳам Бобил деб аталар эди”, дейдурлар. Бобил шаҳри ҳам Боғдоддек Дажла соҳилининг ёнида эмас, балки Фурот соҳилининг ёнида эди. Настурий кешишлари яна мундоғ дейдилар: юнон тарихларида номи зикр этилган Эронда Серуз деган бир подшоҳ бор эди (мен бу номни тарих китобларида кўрмаганман, Фирдавсий “Шоҳномаси”да ҳам йўқ. Серуз Бобил шаҳрига ҳамла қилиб, Бобил деворларидан ўтиб, шаҳарни олганидан кейин яҳудий асирларини озод қилган. Бу кешишлар яна бир изофа сўзлардилар: Хайрукдуз (Хайрудуд) деган деган бир муаррих ўз китобида: “Серуз Бобил шаҳрига кирмак учун бу шаҳарга кирадурғон Фурот дарёсининг мажрасини қайтарғандан (мен Исфаҳон дарёчасини қайтармоқчи бўлганимдек) кейин Бобил деворидан ўтиб шаҳарни тасҳир қилди”, дейдур. Кешишларнинг сўзида иштибоҳ бордур. Бобил ва Фурот дарёларига боғлаб қўйилган “Бобил девори” билан Бобил шаҳрининг деворини ажратиб ёзмагандур. “Бобил деворидан ўтди”, деб ёзиш ўрнига “подшоҳ Серуз Фурот дарёсини қуритиб, ўша сойдан Бобилға кирди”, деб ёзгандур. Настурий кешишларининг бу мавзудаги сўзлари тўғри эмасдур. Тўғри эмаслигининг далили эса, Бобилнинг юқорисида Фурот сувини қайтарурга муносиб жой йўқдур, ҳали ҳам йўқ. Подшоҳ Серуз Бахтул Наср деворини – уни Бобил девори дер эдилар –ундан ўтиб ўзини пойтахт аталмиш Бобил шаҳрига еткузуб тасарруф қилғон. Фурот дарёчасининг сойи Бобил шаҳрининг ёнидан ўтар эди. Шаҳар ичидан ўтмас эдики, уни қуритиб мажрасидан ўтиб шаҳарга кирилса Форсий мутаржим: Амир Темур бундан 605 йил муқаддам Суриёни ишғол қилғондур. Ул ердаги бир неча донишманд уламолар, шу жумладан, Настурий кешишлари билан илму баҳсларда бўлганлиги тўғридир. Эронликлар учун аҳамиятли бўлғон янги бу хабарни нақл қиладур. Шу китобни таржима қилғувчи мен ҳам бу мавзуни бугунғача эшитмаган эдим.Мен ҳам бошқалар каби, “Эрон шоҳи Фурот дарёсини қуритиб Бобилга кирди”, деб ўқиганман. Асли исми “Бамухад Наср” бўлган Бахтул Наср тарафидан Дажла – Фурот ўртасига ясаган деворида ҳам шак-шубҳа йўқ. Бахтул Наср девори “Бобул девори” деб аталмоғида ҳам тараддуд йўқ. Аммо Фурот дарёсининг суви Бобил шаҳрининг ёнидан ўтиши ва Фурот сувини Бобилнинг юқорисидан қайтаратурғон жойи йўқлиги устида муаррих ва тадқиқотчиларимизнинг очиқламоқлари лозимдур Бу иштибоҳнинг ислоҳ қилинмоғи тарих боқимидан муҳимдир).
Мен Бобил деворига борганимда, деворнинг баъзи жойлари бузилиб кетган бўлса ҳам, баъзи қисмлари ҳали ҳам ўз вужудини сақлаган эди. Шу қолғон қисмлари ҳам бир қўшунни ўтишдан қайтара олар эди. Йўл юришни ўша жойда тўхтатдим. Қўшунни Дажладан Байнаннаҳрайннинг даштига ўткузмоқ учун дарёга кўпрук солишга буюрдим. У ердаги одат бўйича, катта ҳўкузларнинг терисидан тўлим ясалиб, тўлимни ҳаво билан тўлдирилгандан кейин устига ёғоч тахталарни тизиб кўприк қилишар эди. Бу кўприкни тезликда битириш мумкин бўлса ҳам, тулумга озгина ҳалал етмоқ билан ҳавоси чиқиб кетса, кўприк чўкиб кетар эди. Шунинг учун ҳам кўприкни соғлом қилмоқ қасдида ёғочдан қилинган қайиқларнинг устига кўприк қурмоғни хатарсиз топдим.
Яқин ерларда бўлғон қайиқларни йиғиб келдик, унинг устига ёғоч, хашаклар солиб кўприкдан отларни етаклаб ўткуздик. Тамом қўшун ўтиб бўлғондан кейин кўприкни буздурдимки, қўшун ўтканининг асари қолмағай. Олдимизга ҳеч қандай одам ўтолмагудек даражада суръат билан юриб, жануб томонга йўл олдик. Боғдодликлар одам орқали хабар ололмасликларига матмаъин бўлганимдан кейин, кабутар орқали хабар олурмикан деб атрофларни текшириб кетдим. Ҳеч ерда кабутархона буржини кўрмадим. Боғдод қўшуни Дажланинг шимолий соҳилида эканлигидан хабарим бор эди.
Мен Боғдод амирини ғафлатда қолдуриб, шаҳарга кириб қолсам, қўшунни ғарб томонга юткашга – олдимни тўсишга имкон тополмай қолур эди. Бир юз йигирма минг ададлик аскарни манжаниқ аробалари билан дарёнинг шарқ соҳилидан ғарб соҳилига кўчуриб ўткузмоққа хийла вақт кетар эди. Улар қўшунни юткаб бўлғунча, мен Боғдодни олиб бўламан. У ҳолда Байнаннаҳрайннинг калиди қўлумда бўлуб, Боғдод амирининг кейинги қилатурғон хусуматидан қўрқинчим йўқ бўлади. Гарчи Боғдод қўшуни бутунлай ўртадан кўтарилмаган бўлса ҳам, мен учун у таъсирсиз бўлуб қолади. Қўшуним ва отларим учун сувга ҳожат бўлмаганида, Байнаннаҳрайннинг марказий чўлларини босиб ўтган бўлар эдим. Ва аскарий ҳаракатимни ҳеч кимга билдирмағон ҳолда, боғдодликларни ғафлатда қолдирар эдим. Сув масаласини назарда тутиб, Дажлага яқин йўллардан юрмоққа мажбур бўлдим. Боғдодга беш тошлик масофа қолғонда аскарларни тўхтатиб, бир оз дам олмоққа буюрдим. Бу дам олдурушнинг остида мабодо яқинда турган душман билан тўқнашиб қолғудек бўлсак, аскар ва отлар нишотини йўқотмай майдонга киришга ҳозир туришлари учун берилган истироҳат маъноси бор эди. Сарбозлар истироҳатда ётган вақтларида талоядорларим бир қўшуннинг Дажланинг шарқ соҳилидан ғарб соҳилига ўтаётганининг хабарини бердилар.
Дарҳол амр қилдим: “Сарбозлар уйғотилиб, дарёдан ўтаётганларни ўткузмаслик учун уруш очиб, орқасига қайтарсун. Мен Боғдодни тасарруф қилгумдир. Аскарлар Боғдодга киргандан кейин ўзларича ғанимат олишга урунмасунлар”.
Боғдодни тасарруф қилғонимдан кейин, у ердаги маҳоратлик ҳунармандларни сақлашим, уларга молий жиҳатдан зиён еткузмаслик чорасини кўрушим лозим эди. Боғдод саноатчилари ишлаган ҳар турли санъатлар дунёга шуҳрати кетғондур. Шу жумладан, дунёда машҳур қилич усталари, нафислик матоларининг тўқумачилари, от жабдуғларини ишлайдурғон номдор сарувжиларнинг бошқа жойларда мисоли йўқ эди. Шунинг учун аскарга тушунтириш чиқардим. Боғдод шаҳрида: биринчи, жавоҳирсозлар дўконлари; иккинчи, қилич ва ханжарсозлар ишхоналари ва дўконлари; учунчи, ипак товлайдурғон ва тўқийдурғон ишхоналар ва дўконлари; тўртинчи, жабдуғ ясовчилар ва дўконлари одамлари-ю амволлари билан тоарздан маъсун (сақланиб) қолғай.
Тезлик билан дарёдан ўтаётган Боғдод қўшунининг олди тўсулди. Дажла соҳилига ўткузган кучлари бир соат ичида мағлуб этилди. Шу билан Боғдод йўли юзимизга очилди. Кучимиздан бир қисмини Дажла соҳилига эҳтиёт учун қўйдим. Мабодо Боғдод амири шарқдан ғарб соҳилига ўтмоқчи бўлса, олдини тўсиб ўткузмаслигини тайинладим. Қолғон кучлар билан Боғдод шаҳрига қараб юрдик. Йўл устида Ибни Рушд, Ибни Фақия, Масудий, Мақдусий, Идриз ва бошқа муаррихларнинг китобларида бу шаҳар тўғрисида ёзилганларидан хотиримда қолғанини ёдладим. Мен қасд қилғон Боғдод шаҳрини Аббос халифаларидан Ал Мансур бундан олти юз қирқ қирқ бир йил илгари бино қилғон эди. Бугунда шаҳарнинг ҳисори йўқ эди, чунки 650-ҳижрий йилинда Чингиз авлодидан Фулоқу шаҳар ҳисорини бузиб ташлаб, аббосийларнингохирги халифасини ўлдурғон (Аббосийлар сулоласига хотима берган. Учқун) эди. Тарихнинг бу сатрлари кўзумдан ўтиш ҳамон тубандаги сатрлари ҳам намоён бўлиб бошлади. Боғдоднинг эски исми Мадаввар (доира шакли) эди. У шаҳарни Аббос халифаларидан Ал Мансур145-ҳижрия йилида бино қилғондур. Шаҳарнинг Басра дарвозаси, Куфа дарвозаси, Шом дарвозаси, Хуросон дарвозаси исминда тўрт дарвозаси бор эди. Ал Мансурдан кейин Мудаввар кенгайиб, Боғдод аталди. Шаҳарнинг қабристони ғарб жиҳатга белиланғондурки, Дажланинг суви унинг икки томонини иҳота қилур эди. Эронликлар ул гўристонни Козимайн деб атайдурлар. Сабаби эса, ҳазрат Алининг авлодларидан иккиси Козимайн номда у ерда мадфундурлар. Боғдодни қасрлар шаҳри деб таъриф қилишадур. У шаҳарни кўрмасимдан илгари бу таърифни иҳота қилолмас эдим. Боғдодга кирганимдан кейин бир баландликдан туриб шаҳарга қарадим. Дажланинг икки томонида кўз етган жойга қадар қасрлар кўринар эди. Бу қасрлар Аббосийлар замонасида бино қилинган қасрлардур.
Боғдод аббосийлар замонасида 511 йил бутун Ислом мамлакатларининг пойтахти бўлган эди. Атрофдаги волийлар Боғдодга қайтиб келган ҳамон бир қаср бино қилар эди, ундан фарзандларига қолар эди. Дажланинг икки қирғоғида Мадоин (Ктесофан) харобаларига қадар чўзулиб кетган қасрлар бор. Ҳолбуки, Боғдод билан Мадоин харобасининг оралиғи етти тош масофадур. Бу қасрларга ишлатилган бинокорлик моддаларининг бир қисмини ўша Мадоин харобаларидан келтурулғон эди.   У харобаларни ҳам устига бориб ўз кўзум билан кўруб, тарихларда ўқуғоним билан татбиқ эттим. Қадим Боғдоднинг эски иморатларининг асари кўрунар эди. Боғдод қасрларининг ҳар қайсиси бир ранг билан ясалгани учун, офтоб нури билан тулук-турлук жавоҳир каби жилваланади. Ироқи ажам, форс, Язд, Кермон тарафларидан келтуруб ишлатилган гуллик тошлар иморат соҳибларининг бойлигини нмаойиш қилар эди. Биз Боғдод шаҳрига кирган бўлсак ҳам, Дажланинг шарқий соҳилида бизга қарши катта бир қўшуннинг туруши олдимизда қаттиғ бир дўқуниш борлигининг далили эди. Шунинг учун узоғ йўл юруб чарчаган аскарларнинг истироҳат олмоғи керак эди. Тездан аскарларни истироҳатга буюрдум. Ҳордиқ чиқариб қолган аскарни урушда нишоти зиёдаланиб, душман ҳамласига жавоб бера олади.
Мен Боғдод амирини Дажланинг шарқий соҳилидан ғарбий соҳилига ўтгани қўймас эдим. Аммо ул ҳам менинг қилғоним каби Дажланинг юқори, қуйи томонларидан ўтуш чорасини топса, Боғдодга келиб устумга ҳамла қилиши мумкин эди. Бунинг учун ҳам сарбозлар ҳордиқ чиқариш билан эҳтимоллик урушга ҳозир блуб турушлари лозим эди.
Илгарида ёзиб ўтғонимдек, Дажла канорига бир бўлак аскар қўйган эдим. Уларнинг вазифаси Боғдод аскарларини шарқ соҳилдан ғарб соҳилига ўткузмаслик эди. Бу аскарларнинг бошлиғи қилиб Қоракўз исмлик бир кишини тайин қилганман. Бу одам қисқа бўйлик, кенг елкалик бўлуб, илгари оддий бир аскар қаторида хизматга кирган эди. Урушлардаги маҳоратини кўруб, унинг рутбасини оширганлар. Назаримда ҳам, хийла эътибори бор эди. Қоракўз бу эришган муваффақиятини менинг унга хос эътимодимдан деб билар, ўз жонини фидо қилмоққа ҳозир турар эди. Боғдодда турганимда ундан бир хабар келди. Душман отлиқлари билан унинг ўртасида қаттиғ бир уруш бўлганида хабар бериб, мумкин бўлса, ёрдам юбормоғимни рижо этгандур.
Бу хабарга қараганда, Қоракўз Дажланинг ғарб канорида, Боғдод амири шарқ канорида бўлур эди. Уруш воқеъ бўлушига қараганда, Боғдод амири ўз отлиқларини Дажланинг ғарб қирғоғига ўткузуб олғонлиғи маълум бўлди. Уларнинг отлиқлари Қоракўзни урушга машғул қилиб туруб, пиёдаларини ва қўшун лавозимотларини дарёдан ўткузмоқ учун дарёга кўприк солишларига йўл очади.
Қоракўз турган минтақанинг аскари ва жуғрофий ноҳияларини диққат билан назардан кечуруб бошладим. Боғдод амирининг ўн беш минг отлиқ аскари бор эди. Буларни қандай қилиб дарёнинг шарқидан ғарбига ўткузуб одди? Ўша кунлардаги Дажла дарёчасининг сувидан ҳар қандай сузағон отни ҳам ўткузуб бўлмас эди. Агар сузуб ўтиш имкони бўлганида, ўзум ҳам кўприк солиб овора бўлмас эдим. Ажабо, Боғдод амири бу масалани қандоғ ҳал қилди? Албатта, у ҳам менга ўхшаб дарёнинг қайси бир жойидан бўлса бўлсун, кўприк солиб ўтган бўлиши керак, деб хулоса чиқардим. Эмди Дажланинг ғарбида, Боғдодда бўладурғон уруш муқаррар бўлди. Буни ҳал этмоқ учун нима қилмоқ керак, деган масалани ечишга урундим.
Мен Боғдодга кирганим ҳамон амирнинг оиласига мансубларни ва афсарларнинг оила афродларини эҳтиёти учун асир тутиб қўйган эдим. Қоракўзга ёрдам учун аскар юборишдан илгари ўта суръат билан унга хабар қилдим: “Агар Боғдод амири ўз ҳамласини тўхтатмаса, қўлумда асир бўлуб турганларни ўлдуруб юбориб, сўнгра амирнинг муқобилига чиқаман,- деган гапни айтдим.-Улар бу хабарга нима жавоб берса, тезлик билан менга хабар қил”, дедим.
Аскарларнинг ҳозирлиги учун карнай чалдирдим. Асирлар орасида Боғдод амирининг икки ўғул, уч қизи бор эди. Бошқа вазирлари, афсарларининг ҳам ўғул-қизлари бор эди. Қоракўз орқали эшитдимки, берилган пайғомдан кейин ўзи ва афсарлари бўшашди. Боғдод амири ўз тарафидан Қоракўзнинг олдига намояндаларини юборди. Мен сулҳ музокарасини Қоракўзнинг салоҳиятига топширдим. Ўзум эса, тезлик билан шаҳар тинчлигининг мувозабасига қарадим. Чунки душман тараф бизни сулҳ музокараси билан алдаб, бошқа тарафдан шаҳарга ҳамла қилиши мумкин. Мен бу вақтда бир тарафдан шаҳар мувозабасига аҳамият берган бўлсам, яна бир тарафдан Боғдод амирини умидсизликка туширмаслик учун ва фарзандларидан кечиб урушга ўтиб қолишидан эҳтиётланиб, уни овунтириб турушни лозим топдим.
Мен Қоракўз воситаси билан амири Боғдодга билдирдим: “Бизларнинг сулҳ музокарамиз икки марҳала билан тамом бўлади. Биринчи марҳалада Боғдод амири бутун қўшунни афсарлари билан тарқатиб юборади. Бунинг муқобилинда амир ва афсарларининг оиласига мансуб асирларни озод қиламан. Ундан кейин сулҳнинг иккинчи марҳаласида молия таъминотлар устида музокара қилишамиз”, дедим. Амир берган жавобида қўшунни тарқатиб юборишга Боғдод халқининг мол-жонлари омон қолишини шарт қилди. Мен унга жавобан: “Агар Боғдод амири ва халқи ўз мол-жонларини омон қолмоғини хоҳласалар, менга бож тўлаб туриш шарти билан Боғдод шаҳригина эмас, бутун амирликка тобеъ жойлардан чиқиб кетаман. Амир яна ўз ўрнида амирлигини қилаверади”, деб эшиттирдим.
Боғдод амири хирож масаласи устида ўзининг берадурғонини ва халқнинг тўлайдурғонини аниқлаш имкони бўлса, билсам, деб мурожаат қилди. Мен “Сизлардан одилона хирож олғайман, шундоғки, сизларда бор олтин-кумушнинг ярмига иқтифо қиламан. Қолғон олтин-кумушларингиз ўзларингизга бўлсун. Мен Боғдод шаҳрига кириб, бу ердаги жаоҳиротларга қўл теккузмадим. Булар ҳам ўзларингизники бўлсун”, деб жавоб бердим.
Қўлумда Боғдод шаҳрининг олтин-кумушлари қанчалигига оид ҳисобиёт ҳам йўқ эди. Умумий бойликлар ададини билмас эдим, билиш ҳам қийин эди. Олтин-кумш соҳиблари нисиф маблағларни менга топширишларини билгандан кейин мавжудларини яшириб, ададини оз кўрсатишга урунади. Уларнинг яширган маблағларини топтирмоқ учун ҳар нафарнинг устида тергов, қийновлар юргузишга тўғри келади. Лекин сулҳ музокарасининг умумий ниҳоясига эътиборан жузъий нуқталарини кейинга ташламоққа маъқул топдим.
Боғдод амири сўнг мурожаатга ўтди: “Божни олғонингиздан кейин нима қиласиз?” дб сўратди. Мен: “Божни олиб бўлғонимдан кейин Боғдод салтанатини амирига топшириб, чиқиб кетаман”, деб жавоб бердим. Боғдод амири қаноат ҳосил қилмоқ учун: “Сизнинг бу аҳдларингизга нима замин бўлади? Сиз аҳдингизга амал қилмасангиз, аскарларим тарқатилган бўлса, қўлумдан нима иш келади?” деб савол қилди. Унинг саволига мен: “Менинг наздимда Қуръони Карим муҳтарам, муқаддасдур ва уни кўксумда сақлағондурман (ҳофиздурман, яъни бугунги тилимизда айтсак, “ҳофизи Қуръон” – қоридурман, дейилмоқчи. Т.М.), он ичадурманки, Боғдод амири ўз қўшунини тарқатғон ҳамон бутун асирларни озод қиламан ва қарор қилинган олтин-кумушларни қўлумга олиш билан бутун қўшунимни олиб чиқиб кетаман”, дедим.
Эй ўқиғувчиларим, ҳар қачон мағлуб бўлган ҳукумат сулҳ билан омон тиласа ва икки тараф қарор қилган ҳарбий тазминотларни берса, салтанатни ўзига бериш лозимдир. Агар эски ҳукуматнинг қўлига ўз ишлари ўткузуб берилмаса, ташқаридан келиб ғолиб бўлғон кишига кўп қийинчиликлар туғулади. Масалан: янги истило қилинган мамлакатни бутун ички ва ташқи душмандан сақламоқ учун кўпгина аскарга ҳожат туширадур. Бу аскарларнинг масруфи ўз-ўзидан катта юк бўлиши билан бирга, маъмурий идора хизматчилари, идора маъруфларини ҳам ўз зиммасига юклаб олган бўладур. Бунинг учун давлат хазинасига кирадурғон киримларни ҳам шу масруфга қараб халқдан йиғиш лозим бўладики, халқ ўзининг эски ҳукуматидан кўрмағон тўловларни тўлашга мажбур бўлади. Мана шу ҳолда янги тўловларни ўзига оғир кўрган халқ эски ҳукумат билан бирлашиб, янги қурилган ҳукуматни ағдариш учун ҳаракатга тушуб қолади. Бу халқ қўзғолонини бостирмоқ учун у халқни қириб ташлаш керак, халқ қирилса, кимга ҳукумат қилинади? Бундан ташқари, бу мамлакат халқига ўринлашиб қолғон қонун ва урф-одатлари бўлади. Янги ҳукумат эски қонунларни бекор қилиб, унинг ўрнига янгидан қонун чиқариб, уни амалга оширмоқни халққа буюради. Халқ эса янги тузумга осонликча бўйин бермайди. Баъзан юз йиллар ўтиб ҳам янги қонунларни амалга ошира олмасликлари қўрилғондур. Халк жон-дили суюб амалга оширишга ёрдам бермағон қонунлар қоғоз устида қолиб, халқ билан ҳукумат ўртасини очиб қўяди.
Ғолибиятга эришгувчи киши эски давлат ҳам тамом шартларни қабул қилғони ҳолда ҳукумат ишини унинг қўлида қолдириши, ғолиб кучнинг халқ тарафидан хурсандлик билан қабул қилиниши ва эътиборининг кўтарилишига сабаб бўладур. Бундай ғолиб кишининг номи “Тож бахш” деб аталадур. Эски ҳукумат ҳам ўз эътиборини йўқотмай, ғолиб кишига эҳтиром билан садоқатда қоладур. Хусусан, Боғдод амирига ўхшаган аскарий ва маъмурий ишларда лаёқати бор кишиларни келажакдаги қўзғолон ва исёнларидан амин бўладур. Мен ҳам Боғдод амирининг салоҳиятига қараб, ўз ўрнида қолмоғини мувофиқ топдим.
Боғдод амири қўшунининг кўп қисмига рухсат берди. Бу модда амалга ошгандан кейин мен ҳам унинг афрад оиласи, фарзандларини ва афсарларининг оила ва фарзандларини озод қилдим. Ҳаммалари бир-бирларига қўшилиб, хурсанд бўлишдилар. Мана энди сулҳнинг иккинчи бир жумласи – божларни топширмоққа навбат келди. Бу вақтда мен жавоҳир санъаткорларини, қилич усталарини, ипак ва жамбдўх саноатларини бож тўламоқдан авф қилдим. Сўнгра Боғдод амири ўз хазинасида бор олтин-кумушларнинг нисфини айириб беришни ҳам, Боғдод халқининг олтин-кумушларидан ярим ҳиссасини йиғиб бермоғини ҳам ўзига ҳавола қилдим. Чунки Боғдод амири ўз фуқаоларидан кимнинг олтин-кумуши борлигини ўзи яхши билар эди. Кимнинг қудрати қанчага етади, уни ҳам ўзи тақдир қила олади. Биз эса, халқнинг баланд-пастидан бехабар эдик. Шунингдек, ҳар шаҳарда яшагувчи одамлар орасида баъзилари борки, бир пулга муҳтождур ва баъзиларининг боғ ва тегирмонлари бўлса ҳам, чўнтагида бир дона олтин-кумуши йўқдур. Бундай кишилардан бир нарса олмас ва уларни ўз ҳолига қўярди. Амирнинг хазинаси эса ҳужжатлик бўлиб, яширмоққа имкон йўқ эди. Бинобарин, ўз хазинасида борлиғ олтин-кумушнинг нисфини яширмаган ҳолда топшириб берди. Халқ ичидаги истеъдодлик одамлардан олинадурғон олтин-кумушни Боғдод амири ўзи йиғиб беришга рози бўлгани мени бирмунча қийинчиликдан қутқазди, агар бу иш менинг олдимда қолғон бўлса, бу халқнинг иқтисодий аҳволи менга маълум эмас, шубҳа билан, сенда фалон миқдорда олтин бор, деб қисташ қийновга олиш, уларни мажбур қилишга тўғри келар эди. Натижада бу ишим халқнинг норозилигига сабаб бўлар эди.
Мен умримда кўп шаҳарларни эгалладим. Шундай бўла туриб, бир шаҳар мендан омонлиқ тиласа, хусусан, халқи Ислом динида бўлса, ундоғларга омон бердим, оғритмадим. Биламан, менинг тиғим зарбасидан бутун иқлимдаги инсонлар қўрқади. Шундай бўлса ҳам, баъзи мавқеларда назарпастлик қилмадим, баландпарвозлик руҳда қолдим. Жузъий нарсалардан кўз юмушнинг оқибати яхши натижалар беради. Агар мен Боғдодда бир оз тамаъга ўтиб, Боғдод амирига эътимод қилмай, халқдан олунадурғон божга ўзум ишроф қилғонимда олти ой, бир йил муддат вақтни зое қилиб, олдимдаги қилинадурғон ишларимдан, энг муҳими – Форс султонининг хазинаси ва шоҳ Мансур Музаффарга ўзумнинг ким эканлигимни билдиришдан кеч қолур эдим.
Бу вақтда Боғдод амири халқидан олинадурғон божларни йиғиб бўлғонидан хабар берди. Мажмуи йиғилган 550 минг мисқол олтин (бир мисқол 4,80 граммдур), 200 мисқол кумушни  топшириб берди. Йиғилган олтин-кумушларнинг бир қисми сикка (танга) ҳолинда бўлса, бир қисми безак буюмлари – коса-товоқ каби идишлар эди. Шариатда олтин-кумушларда таом емак, сув ичмак харом бўлгани учун уларни эритиб, сикка зарб уришга буюрдим (Форсий мутаржим: эски замонда олтин, кумуш кам бўлғони учун Амир Темур олғон олтин-кумуш кўпга ўхшаб кўринадур. Агар 500 минг мисқол олтиннинг ўрнига 55  минг динор деганимизда, хирожни ортиқча олмағонлиги маълум бўладур.Ўша вақтдаги бир динорнинг вазни бир мисқол олтин эди).
Ишлар битганидан кейин жўнамоқчи бўлганимда Боғдод амири видо зиёфатига таклиф қилди. Даъватни қабул қилдим. Бирмунча мулозимларим, шу жумладан, Қоракўз билан зиёфатга бордик. Емакдан кейин мажлисга бирмунча араб гўзалларидан илғониб ҳозирланган чўрилар рубоб, сурнай, чанг оҳанглари остида рақсга шуруъ қилди. Мен Боғдод амиридан: “Буларни ўзингнинг хурсандлигинг учун ҳозир қилдингми ёки мени хурсанд қилишга ҳозирландингми?” деб сўрадим. Боғдод амири: “Буни сизни хурсанд қилмоқ учун олдириб келдим, булардан ўзингизга маъқул бўлганини олинг, сизникидурлар”, деди.
Мен: “Ундоғ бўлса, ҳеч қайси бирини истамайман, уларга айт, мажлисдан чиқиб кетсун. Менда раққосаларнинг ҳуснига қараш, ўйунларини томоша қилиш, ашулаларини эшитишга рағбат йўқ”, дедим. Боғдод амири ҳайрон бўлуб: “Эй улуғвор Амир Темур, сиз буларнинг кўнгулларни тасхир эткувчи овозларидан, мусаффо жамолларидан, гўзал рақсларидан нафрат қиласизми?” деди. Мен айтдим: “Бундан хийла муқаддам ўзумни лаҳв-лаабдан тортишга аҳд қилғонман. Бугунғача аҳдимда маҳкам қолдим. Ўз аҳдимни бузишдан ҳаётим борича чекинаман”.
Сўнгра Боғдод амири раққосаларни мажлисдан чиқишға буюрди. Бирор соат суҳбат қилғонимиздан кейин мен ҳам кетмоқчи бўлдум. Менинг олдимга бир олтин табоқда жавоҳиротлар келтириб қўйди ва айтди: “Бу жавоҳиротлар хусусий хазинамдан келтирилғондир. Сизга ёдгорлик учун тақдим қилдим, қабул қилишингизни умид қиламан”. Мен жавоҳиротни қабул қилган бўлсам ҳам, олтин табоқни ўзига қайтариб бердим. Иккимиз хурсандлик билан видолашдик. Ҳар қачон Боғдодга келсангиз, қадамингизни азиз ва қутлуғ деб эътироф қиламиз” деб кузатиш жумласини эърод этди.
Афсар сарбозларимга Боғдод амиридан олинган хирождан луштириб бердим. Куз фасли эди. Боғдоддан чиқдим. Амир ўз ўғуллари ва вазирлари шаҳар катталаридан мураккаб тузилган узатиш маросимига беш тош йўлға узатиб иштирок этишди. Мен Кермоншоҳга қараб жўнадим.
 
« Олдинги   Кейинги »