022. Патоқ довонидан ўтуб Форсга бормоқ Принтер учун E-mailга юбориш
Кермоншоҳга кетиб туриб “Патоқ довон” деган бир довоннинг остига етиб бордим. Илғор талоядорларим: “Олдимизда бирмунча отлиқ пиёдалар кўрунди. Уларнинг ваъзийга қарғонда, бизга қарши ҳамла қилиш аломатлари бор”, деб хабар берди. Мен уларнинг нима мақсадда турғонликларини билишга буюрдим. Орқадан келғон талоядорларим хабар берди: “Улар кермоншоҳ ўлкасининг элатларидан эмиш. Амир Темур Бағдоддан олган олтин-кумушларни топшириб берса, довондан ўтиши мумкин, акс ҳолда, йўлдан ўткузмаймиз”, дер эмишлар. Мен Бағдоддан олиб келмоқда бўлган олтинларнинг миқдори унча кўп бўлмаса ҳам, овозаси катта эди. Гарчи бир мисқол бўлсун, олтин бериш бадалига довондан ўтишимни менинг шон-шавкатим кўтармайди. Аксинча, менга устун сўзлагувчига жазо бермоғимни ижоб этади.

Довоннинг ҳар тарафига кўз ташладим, элат халқи довоннинг атрофини ўраб олсалар, қўшун оғир талафотга учрамасдан ўтолмас эди. Довоннинг вазияти ёлғуз қарши қаршига туриб ўқ отиш эмас, тоғнинг тепаларидан туриб тош юмалатиш билан ҳам ўтадурғон қўшунни қириб юборишга имконияти бор эди. Ва бу иш учун оз одам кифоя қилар эди.
Шунинг учун у ердан қайтмоққа буйруқ бердим. Қўшуннинг орқа томонига қўйилган мароқиблар хабар берди: “Биз ўткандан кейин элатлар довоннинг бошини ҳам ишғол қилиб олибдурлар”. Уруш майдонида чорасизлик юз бериши ҳамон, вақтни ўткузмасдан “ўлум ё кўрум!” деб ўлумнинг истиқболига бориш лозимдур. “Қўрқоқ юз марра ўлади, ботир бир марра ўлади”, деган мақолга аҳамият бериш вақти шулдир. Туғулғондан кейин ўлмай илож йўқдур. Аллоҳнинг пайғамбарлари ҳам дунёда тирик қолмайди, ўлади. Уларга қараганда, биз нима деган одам?! Бизларга ҳам ўлум муҳаққақдур.
Мен ақл таниғонимдан буён ҳеч қандай майдонда эҳтиётни қўлдан берғоним йўқ. Аммо ночор қолғонимда ўлумнинг истиқболига югурдим. Бу соатда ҳам ўзумни ўлумга ҳозирладим. Тезлик билан хафтон кийдим ва худни бошимга қўйдим. Ғуломимга енгил, чоч қилични (Чоч бугунги кунда Тошкент аталадур. У ерда заҳар билан суғорган енгил ўткур қилич ясалур эди) олдириб келиб, икки қўлимга тутдим. Хафтон ва темир қалпоқ (худ) кийган отлиқ аскарларимни икки бўлакка бўлиб, бир бўлагини биз ўтиб келган довоннинг бошидаги элатлар билан урушиб турмоққа, яна бир бўлагини жиловдор бўлиб (илгарига бориб) йўл очиб турмоққа тайинладим. Мен ўзум бўлса, илғордаги темир кийимли отлиқ аскарлар қўмондонлигини қўлумга олдим. Бутун сарбозларга насиҳат нутқини сўзладим: “Агар мен ўлсам, Қоракўз менинг ўрнимда қўмондонлик қилади. Қўшунни Патоқ довонидан саломат ўткузишга йўл бошлайди. Ҳаммаларингиз менга итоат қилган каби Қоракўзга итоат қилинглар!”-деб тавсия қилдим. Орқада -  довоннинг бошидаги афсарлар билан олдиндагилар ўртасида узилмас алоқа чораларини ўринлаштирдим. Зарурат вақтида икки бўлакни бир-бирларига  ёрдамлашмоғи учун асослар пайдо қилдим. Қайси бўлак йўл оча билса, иккинчи бўлак унга қўшилиб очилғон йўлдан чиқиб кетмоғини таъкидладим. Чунки катта бир қўшуннинг элат халқи билан урушиб нобуд бўлишини хоҳламас эдим.
Мен қўл остимдаги темир кийинғон отлиқларим билан Ироқ ажам йўли бўлмиш довоннинг чиқаверишида ҳаракат бошладим. Жуда ҳам суръат билан от чопмоғимиз керак эди. Довонни ошиш ҳамон баландликлардаги пистирмаларини ўртадан кўтариб, қўшунга довондан ўтиш йўлини очмоғимиз лозим эди. Бироқ довоннинг чиқаверишида бирмунча элатнинг йўл тўсиб турғонини қўрдук. Бу ҳолга кўп хурсанд бўлдим, чунки юқоридагилар ўз шериклари бизнинг баробаримизда бўлғонликлари учун тепадан тош юмалатмас эди. Юмалатсалар, бизни ўлдураман деб ўз шерикларини ўлдуриб олур эдилар. Дарҳол тизгинни бўйнимга солдим, икки қилични икки қўлумга олдим. Узангини қимтадим. Икки ёнимда темир кийинган отлиқларим от чопиб борар эдилар. Кўз очгунча душман устига етиб бордик. Икки қўллаб қилич урмоққа бошладим. Элатда муқовамат кийимлари йўқ эди. Чоч усталарининг қўлидан ясалиб чиққан ўткур қиличимга бас келишлари маҳол эди. Уларнинг ҳам найза ва қиличлари устимга тушди, ҳафтон ва мағфар кийганим учун таъсир қилмади. Элат халқи ҳам бизга қарши хийла яхши урушар эдилар. Мен уларнинг қаршиликларини даф этиб, йўл очмасдан бошқа чора йўқ, деб тушунганим учун ғоят сари ва шиддат билан қилич урар эдим. Самар Тархон ёдимга тушди, унинг руҳига дуо-санога тил югурди. Самар Тархон менга икки қўллаб қилич урушни ўргатган устозимдур. Вафотини ҳам илгарироғ ёзиб эдим. Унинг фарзандларини ўз ҳимоятимга олдим ва муносиб ўрунлар бердим. Инсониятда, бир яхшилик қилган одам ўлса, унинг фарзандларининг бошини силаб, отаси ўрнида атодорлик қилмоқлик, ҳар одамнинг вожиботларидандур.
Отнинг югани бўйнумда эди. Отни узангу билан юргузиб-тўхтатмоқчи бўлганимда бўйнимни тортар ва отни тўхтатар эдим. Мен ўша вақтда инсон кучининг улуғ бир куч эканлигига ишондим. Шунинг бир қисми қўлумда эканлигига ҳам ишондим. Мендан кейин мен каби қилич урадурғон бир одам пайдо бўлишини эҳтимолга келтуролмас эдим. Ўша онда Зобулистон паҳлавони Рустамдек юз кишини муқобилимда кўрсам, бир лаҳзада енгар даражада эдим. Ўша ҳолда ҳеч қандай паҳлавон менинг муқобилимга келолмаслигимга ишонар эдим. Ҳаяжоним шу даражада эдики, тамом вужудимни бир-биридан ажратиб ташласалар, оғриқ эҳсос қилмас эдим. Олдимни юз минг отлиқ тўсуб турган бўлса, ўтуб кетишга қудратим борлигини кўрар эдим. Мастоновор офтобга қараб: “Дунёда мен каби яна бир қаҳрамон йўқлигига сен  ҳам шаҳодат бера олсанг керак”, деб шивирладим. Кўзумни очиб қарасам, рўпарамда душман номига ҳеч ким қолмабдир, элатнинг кўп қисми ўлғоч, қолғон оз қисми қочиб жонларини қутқазғондур. Шу билан довоннинг йўли юзимизга очиқ эди.
Уруш тугаши билан, довоннинг нариги бошидаги аскарларни, урушдан қўл тортиб бизга келиб қўшилмоғини амр бердим. Уруш қизғин давом этган  соатларда улардан хабар олишни ҳам унутган эдим. Уушдан фориғ бўлиб олган хабаримдан маълум бўлдики, у ерда бирмунча элат халқи йўл тўсуб урушғон бўлса ҳам, улар билан урушмоқ сарбозларимга ҳеч қийинлик келтурмағондур. Фақат, уларнинг тоғ устидан туриб сарбозларимга тош юмалатишлари орқасида, баланддан тушган тошларнинг зарбаси билан бирмунча кишилар нобуд бўлғондур. Биздан борғон хабарга итоат қилиб, улар ҳам бизга келиб қўшулди.
Уруш бизнинг ғалабамиз билан тугади. Қиличларимни ғилофларига солдим. Олдимиздаги тоғлар устида ҳам пистирма қилиб ётган элатлардан андишамиз бўлгани учун бирмунча сарбозларни тоғ устига чиқарғоним ҳамон, улар ҳам нариги тарафдан қочиб кетдилар. Шу билан Патоқ довони мукаммал очилди. Қўшун бемалоллик билан ўтди.
Патоқ довонининг боши тарафида етмиш икки кишини устига тош ташлаб ўлдурдилар, мен билан бирга бўлғонлардан қирқ тўрт киши ўлди ва бир нечаси ярадор бўлди. Патоқ довонидаги урушда оз ҳаракат этган бўлсак ҳам, бу урушдан катта ибрат олдим. Бундан кейин довондан ўтадурғон бўлсам талояларнинг хабаригагина эътибор қилиб қолмасдан, тоғнинг усти, ёнидаги жилғаларнинг орқаларини ҳам текширмоқ лозимлигини хотирга олдим. Чунки бир қўшун бир тоғнинг орқасида турган бўлса, ундан ғофил ҳолда довонга кириб қолиш зўр хатар эканлигини ёдимда тутиб эҳтиёт чораларини кўрадурғон бўлдим.
Довоннинг чиқишидан тушишигача тамом қўлимда эканлигига қаноат ҳосил қилғонимдан кейин довонга йўлланадиган бўлдим. Бу тажрибаларимни Рум (Туркия), Қобилистон (Афғонистон),Ҳиндистон, Шом (Сурия)ларда ҳам амалга оширдим. Агар бир довоннинг кириш-чиқиши тамом қўлумда бўлмаса, йўлнинг узоқ бўлишига қарамай, тоғни айланиб ўтиш қўшуннинг саломатлигига сабаб бўладир. Ўлғон кишиларимизни кўмиб, бўлғондан кейин йўлга тушдик. Бирор ҳодисага дуч келмай, Қазвинга келдик. Қазвинга келганимдан илгари, Сабзаворда бўлганим каби, хасталаниб оёғдан қолдим. Табиблар буни иссиқликнинг ошганидан деб натижа чиқариб, ҳаммавақт совуқлик қилиб юришимни муносиб кўрдилар. Бунинг ягона иложи лимун суви эди. Илгари Сабзаворда лимун тополмаган эдим. Қазвинда лимун кўп бўлса ҳам, таъмда форс лимунидек эмас эди. Хасталигимнинг дафъига анор суви билан илож қилдилар. Бу хасталик Форсга бориб Султон Музаффардан лимун жавобини олишга, бурнини ерга ишқалашга монеълик бермоқда эди. Ўзум бу ерда қолиб қўшунни йўлласам ҳам бўлгудек эди. Фақат мен қилғонимни булар қилолмас эди.
Менинг мақсадимга қарши баъзи бировлар: “Форс шоирлари ботир кишилардур, агар Султон Музаффар Масфарий сизнинг қошингизга урушга солса, қўшунингиз бутунлай нобуд бўлғусидур”, дер эдилар.
Мен бу сўзлар билан ўз азмимдан қайтмас эдим. Нобудлик ҳар жойда ҳам бор, нобудликдан қўрқғон киши урушни оғзига олмаслиги лозим деб тушунар эдим.
Қазвинда олти ҳафта қолдим. Шу муддат ичида истеъмол қилдиришғон лимун суви, анор сувлари билан хасталик кўтарилди. Ҳаво ҳам совуб қолғон эди. Форс минтақалари билан таниш одамларнинг бир нечаси билан сўзлашдим. Улар Форс минтақасини гармсер (минтақа хора) деб таъриф қилиб: “Ироқи Ажамдан ўтиб Форс мамлакатига кирсангиз, эрта ёз фасли каби бир ҳавога кириб қоласиз. Биз тарафда бўлғон совуқлар ул тарафда бўлмайди”, дейишдилар.
Мен қишнинг совуқ кунларини Форсда ўткузмоққа қарор бердим ва феълан Форсга жўнадим. Ҳаво анчагина совуғ бўлиб қолғон бўлса ҳам, Қипчоқ йўлидаги совуқдан қийналиш воқеаларига дуч келмай, қийналмасдан, Форсга кириб қолдик.
Шоҳ Мансур Музаффарий менинг Форсга келишимдан воқиф бўлиб, ерлик ашоирлардан мингларча одамларни йўл тўсмоқға юборган, ўзларига мувофиқ ерларни танлаб, ўринлаштириб, йўлимни банд қилиб қўйғон эди.
Мен, одатимга мувофиқ, жуғрофий аҳволи, халқининг тарих-мозийси билан танишмоқ учун ерликларнинг табақасидан сўраб, маълумот олиб тураман ва ўз ўқиғонларим-билганларимга қўшиб, хулоса чиқараман. Ашоирлардан олинган маълумотимга қарағонда, бу ернинг одамлари Жамшиднинг авлодларидан эмиш, булар иштирок этган урушларда бир қадам орқага қайтғони йўқ эмиш. Душман аскари ўзларига нисбатан нақадар кўп бўлишига аҳамият бермас эмишлар. Душман буларнинг охирги нафарини ўлдурмагунича буларнинг қўлларидаги ерлардан ўтолмас эмиш...
Мен Жамшиднинг васфини “Шоҳнома”да ўқиғон эдим. Жамшид Эроннинг аксар шаҳарларини бино қилғондир. Эронга қонун (яса) ёзғондир, ундан илгари низомсиз яшаган Эронни низомлаштурғондур. Мен борғон кунларда асари турғон “Жамшид қасри”ни ҳам кўрғонман ва ўз исмимни келажакда бу ерни зиёрат қилғувчиларга билдириш учун, катта тошға “Эронни фатҳ қилғувчи Темур” эканлигимни ёздириб қўйғонман. Шу куни  Жамшид авлодларининг юртида эканлигимни англаш мен учун янги маълумот эди. Мен Форсга кириб, ҳаммадан аввал Астаҳарга қадам қўйдим. Бу шаҳар Форс вилоятининг шимолидаги қадим ва буюк шаҳарлардан биридур. Кўз билан кўрғонимда ҳақиқат бошқа чиқди: бу шаҳар катта эмас, кичик экан. Шаҳарнинг жами эллик оилалик нуфусни ташкил қилади. Араблар Форсни олғонларидан кейин Астаҳарни бузиб юборғон эдилар.  Ўқиғон ва эшитғонларимга нисбатан кўзга кўрилғон ҳақиқат шудир. Менинг таҳқиқотларимдан бирида шундай дедилар: “Форс султонига тобеъ ашоирлар кўпдур, уларни тўплаб, ҳар қандай душманни тездан маҳв эта оладур. Ашоирлар баҳорда яйлоққа чиқиб чорваларини боқиб, кузда қишлоқларига келиб ўлтиришади. Агар Шоҳ Мансур Музаффарий ашоирларга ҳожати тушса, икки гуруҳ сарбоз жамъ қила оладур. Бу қувват билан ҳеч қандай душманнинг ўз юртларига кирмоғига йўл қўймайдурлар. Мабодо, бутун қабоил урушда ўлуб тугаб кетса, Султонга тобеъ уч қалъа бор, буни ҳеч қандай қувват тасхир қилолмайди”, дедилар.
Мен бу уч қалъани таҳқиқ қилишга бошладим. Астаҳорнинг ғарб шимолидаги тоғларда уч қалъа бор экан. Бу уч қалъани ҳам Жамшид бино қилган экан. Исмлари: биринчи – Астаҳарёр; иккинчиси – Шикаста; учинчиси – Шанкувондур. Астаҳарёр қалъаси бир тоғнинг устига бино қилинган бўлиб, тоғнинг устида, кенг бир майдон бормиш, ул майдонга юз минг киши жамъ бўлиб уруш майдони қилса бўлгудек эмиш. Тоғдаги қорлар, баҳор ёмғирлари оққанда Астаҳарёр қалъасига қурилган сув омборини тўлдириб олар эмишлар. Бу сув билан ўн минг аскарни бир йил таъминлаш, агар эҳтиёт қилиб сарфланса, икки йил таъминлаш мумкин эмиш. Шикаста, Шанкувон қалъаларининг катталиги Астаҳарёрча бўлмаса ҳам, сув омборлари мўътабар эмиш. Уруш бўлсун-бўлмасун, бу уч қалъада муҳофизлар доимий ҳолда турармиш, қалъадаги эҳтиёт озуқалари билан сув омборларини сақлаб турар эмиш. Қўқис уруш бўлиб қолғон тақдирда озуқа ва сув тўплашга ҳожат туширмас эмуш. Фақат, аскарларнинг ўша қалъага кириб олишлари кифоя эмуш. Ундан кейин Афросиёб қўшуни келса ҳам, қалъадагиларга кучи етмас эмуш. Пастдан қалъага чиқиш йўли тор бўлгани учун бир неча одам тош орқасига туриб, душманни чиқармасликка имкони бормиш. Шунинг учун Форс халқи менга насиҳат қилиб: “Агар Султон Музаффарий Астаҳарёр қалъасига кириб олса, йилларча урушиб ул қалъани ололмайсиз, яхшиси бош оғриқни фикр қилишнинг ўрнига, келган йўлингизга кетаверинг”, дер эдилар.
Мен Кород қасабасида эдим (Форсий мутаржим: Кород – Форснинг шимол-ғарбида катта қасабадур. Темурнинг баъзи сўзларида биз – эронийлар учун янгиликлар бордур). Бу ернинг ашоирларини таҳқиқ қилмоқда чоғимда Шоҳ Мансур Музаффарийдан менга бир нома келди. Ундан олинган бу иккинчи хатда ҳам мени қаттиқ ҳақоратлаб, турли паст алфозни такрорлар эди. Ўзини эса мақтаб: “Форс шерларнинг жойидур, сендай тулкилар бу мамлакатни тасарруф қилолмайди, сендан илгари Форсни тасарруф қилмоқчи  бўлганларнинг бошига нима кунлар тушганини билай десанг, йўлларнинг икки чеккасига кўз ташлаб кўр: зеустихони Куштигон, роҳийст сартопо сафид (Бош-оёқ йўл ўлдурилганлар сўнгагидан баёз). У ишлар сенинг бошингга келгусидир”, дер эди.
Унинг номасига чап қўлим билан ёзғон жавобни шундай бошладим:
Бўзургаш наҳонанд аҳли ҳирад
Ки номи бўзургон безишти борад.
(Таржимаси: Улуғвор номини ким айтса бад,
                        Улуғ зот эмас, дерлар аҳли ҳирад)
Биринчи дафъада мен сендан озгина лимун сувини талаб қилдим. Бу талабни сен эмас, ҳар қандай оддий одам ҳам ижро қила олур эди. Сен бунинг ўрнига носазо сўз айтиб нома ёздинг. Бугун мен сенинг юртингга қадам босганимда, олдимга чиқиб ва ёки туҳфа юбориб узр сўраш ўрнига яна ҳақоратли носазо айтасан, мен бугунгача нима иш қилган бўлсам, ҳақиқий эркакнинг ишини қилиб келдим ва бундан кейин ҳам шундай йўл тутаман”, деб жавобни йўлладим.
Кород  қасабасидан жўнадим, Хубдон деган жойга бордим. Бу ер ҳам улуғ қасабалардан эди. Бу ергача форс султонининг сипоҳидан асар бўлмади. Икки кундан сўнг бир қўшун Аржан жангалидан илгарироғда менинг интизоримда турганидан хабар олдим (Форсий мутаржим: аржан ёки аржўн – жангал бодомининг дарахтидур. Ёғочи қаттиғ бўлади. Бугун кунларда “аржан жангали” демасдан, “Дашти аржан” деб атайдилар).
Султон Мансур Музаффарий қўшунинибу жангалга ўрунлаштириб, қувватларини яхши сақлаб қолиб, бизга жиддий зарба бермоқ учун шу жойни танлабдур. Ҳарбий нуқтаи назардан, унинг бу тадбиридан муроди шулки, бизнинг аскарлар отлиқдур, отлиқлар жангалда яхши ҳаракат қилолмайдур, дарахтлар путлашадур. Унинг пиёдалари озод ҳаракат қила оладир. Каттароқ дарахтга чиқиб олиб, бизнинг сарбозларни ўққа тутадир. Мен бу ҳисобда шошмайман, жангалда уруш ҳам қилмайман. Отлиқларимни улар тақдир қилғон каби осонлиқча ўлумга тутиб бермасдан, бошқа йўл кўраман.
Йўл биладурғонлардан бир неча кишини ижарага олдим. Аржан жангалидан узоғ йўлдан бизларни бошлаб Шерозга олиб борғайлар. Чунки Шерозни дорул-илм дер эдилар. У ернинг уламолари билан учрашиб, суҳбатлашиб, илмларининг миқдорини билмоқ орзуим эди.
Шероз 64 ҳижрий санасинда Ҳажож бин Юсуфнинг укаси тарафидан бино қилинғондур. Бу кунлардашаҳарнинг ўн икки дарвозаси бордир. Шаҳарда бўлса, уч дона катта масжид бор, улардан бирининг исми Жомаи Атиқдурки, 285 сана ҳижрияда Умар бин Сафарий тарафидан шаҳар қалъаси бино қилинғон. Чидамлик, маҳкам деб эшитғонман. Агар Султон шоҳ Мансур Музаффарий шаҳар ичидан туриб муқовамат қилмоқчи бўлса, мени шаҳар ташқарисида тўхтата олса ҳам, бундан менинг қўрқинчим йўқ эди. Чунки менинг қалъаларни бузишда тажрибам кўпдир.
Шероз катта масжидлари, қалин қалъаси, машҳур уламоларидан ташқари, ўғил-қизларининг жамоли билан ҳам шуҳратлик эди. Эрон ўлкалари ичида Шерознинг ҳусни баландлигини бу шаҳардан чиққан тануғлик шоир Ҳофиз ҳам сўзлағондур дер эдилар. Форсга борғонимдан кейин менинг воқоянигорим (воқеа ёзувчи) Низомиддинни аскар бошлиқлари ўраб олиб, ундан Шероз аҳволи ва гўзалларининг сифатида савол қилишар эди (М.Брайвон:Низомиддин деганлари Амир Темурнинг воқеа ёзғувчисидир. Темур воқеаларига тарих ёзғон эди. У китоб мавжуд эмасдур. Аммо Шарофиддин Али Яздий “Зафарнома”сида Амир Темурнинг шарҳ ҳоли урушларидан баҳс қилғондур. У киши Низомиддиннинг китобидан кўпгина  истифода қилғондур). Низомиддин ҳам Шерознинг гўзаллигини, қош-кўзларини таъриф қилиб: “Шероз гўзаллари шу қадар қора кўзлардурки, уларнинг кўзларига қараб тоқат қилиб туролмайсизлар”, дер эди. Аммо мен ул гўзалларни кўрмоқға рағбатим йўқ, аҳдимда туриб, мардоналик сўзумни амалга оширмоқни гўзал ҳисоблар эдим. Шерозга кириб ҳақиқатни билдим. Низомиддиннинг сўзлари муболаға бўлиб чиқди. Ёки менинг гўзалларга нисбатан тутган йўлим уларнинг гўзаллигини иқрор қилдурмадими, ҳар қалай, жозибалик ҳусн кўрмадим.
Мен Форс султонининг қўшунлари ўрунлашган Аржан жангалини айланиб, бир мавзега етдимки, йўлнинг икки тарафи ангунордан мастур эди. Унинг ҳажми катта ғунча шаклиндадур. Остига гиёҳлар унғондир. Буни ғазо ўрниға ейиладур, дедилар. Қўшундагилар ангунордан йиғиб олиб пиширдилар. Мен ҳам едим, лазиз бир нарса эди (Форсий мутаржим: Ангунор гиёҳи Эрондан Оврупога кетган эди. Ҳозир бизлар унинг исмини ҳам унутганмиз. Теҳроннинг кўкат сотувчилари баҳор фаслида топиб келиб франса тилида “Ортишув” деб сотадилар). Бу минтақадан ўтганимдан кейин Султон шоҳ Мансур Музаффарийнинг иккинчи мактуби келди. Бу мактубда у ота-бобосини мақтаб, ражисхонлик қилган, холос. Мен унинг ота-бобосини яхши биламан. Унинг бобоси Паҳлавон Ҳожи исмлик қашшоқ одам бўлиб, Хуросоннинг Хавоф деган шаҳри аҳолисидан эди. Паҳлавон Ҳожи Хавофдан Тусга келиб, ўзининг қувватини кўрсатиб ном қозонмоқ учун у ердагилар билан куч синашмоқчи бўладир. Тус шаҳрида паҳлавонларни етиштурадиғон махсус таълим ўрни бор эди. Уларга таълим беришни умид қилса ҳам, уни бир парча нон билан сийламайдирлар. Ундан Нишопурга бориб курашга тушадир, енгиладир. Нишопурда туролмасдан, Райга келадир. Райдаги бирмунча паҳлавонлар орасида Паҳлавон Ҳожига ҳеч ким қарамайдир. Ноилож Исфаҳонга, сўнгра Форсга қараб жўнайдир.
Бундан етмиш икки йил илгари Форсда тузуккина паҳлавон йўқ эди. У ердаги бир неча йигитлар унинг атрофига йиғиладирлар, овозасини атрофга тарқатадирлар. Натижада паҳлавон Ҳожи Хавофий салтанат тамаъига тушадир. Форс султонининг вафотидан кейин ҳукмдор бўладир.
Ўзи илмсиз, маълумотсиз бир киши. Кексалигига қарамай, кўп таом ейдурғон одати бордир. Емакдан бошқа фикри ҳам йўқдир. Султон бўлгач, бомдоддан кейин дастурхон бошиға ўлтируб егани тушғача тўхтамас, емоқдан кейин асрғача ухлаб, уйқудан туриб, суфрога ўлтурганича кечанинг бир ҳиссасига довур емак ер, яна ухлар эди. Кўп емакдан келадурғон зарарларнинг бирига учраб, жон берғондир. Шоҳ Мансур Музаффарийнинг улуғ жадим деб фахр қилғон кишиси шул эди.
Аммо менинг жадим қорун тўйғазиб таом емас эди. Ҳазми енгил ғазолардан (овқат), очликни тўсғунча қадар озгина еб тўхтар эди. Яхши кўрғон ғазоси от сути бўлур эди. Оз еб одат қилғони учун уч кеча-кундуз от устида юришдан парво қилмас эди. Паҳлавон Ҳожи Хавофийнинг салтанатига эришган кейинги авлодларининг ҳаммаси қисқа фикрлик, ҳиммасиз, нолойиқ, қуруқ насаб суриштиргувчилардур. Мен Форсга кирғон кунга қадар улардан саккиз киши Форс, Язд, Кермонда салтанат қилғондир.
Аржан жангалини айланиб ўтиш билан Шерозга қараб юрдим. Бизнинг суръатлик юришимиз туфайли унинг қўшунлари етиб бориб олдимизни тўса олмадилар. Унинг аскарлари қўзғолғунча биз Шерозга етиб борғон эдик. Султон Музаффарий Шерозда эди. Ҳолбуки, форсликлар менга уни Астаҳар қалъасига борса керак, йиллар урушиб ҳам қалъани фатҳ қилолмайсиз, деғон эдилар. Мен ундай ҳаволи сўзларга қулоқ солсам ҳам, ўзим билиб иш қиламан. Масалан, Султон шоҳ Мансур Музаффарий Астаҳарёр қалъасига кириб олиб, тоққа чиқадурғон кичик йўлни тўсиб, йўл бермаса, мен у билан йўл талашмайман. Бошқа тарафдан илонизи қилиб йўл очаман. Аскарларим тепага чиқиб олдими, қалъани бузиб юбориш қийин иш эмасдур. Лекин Султон Музаффарий қалъага чиқмади. Балки Шероз шаҳридаги Умар бин Лайс Сафорий томонидан бино қилинғон масжиди Атиқға кириб, Худодан менинг йўқолмоғимни тилаб дуо қилишга бошлади.
Форс халқининг масжиди Атиқ тўғрисида кўпгина афсона ва хурофотдан иборат ақидалари бордурки, Султон Музаффарий ҳам ўша фосид ақидага мағлуб бўлиб, суннати набавияга назар солмаган эди. Масжиди Атиқ тўғрисида шундай дейдурлар: “Ҳар кимнинг ҳожати бўлса,шу масжидга кириб тиласа, меҳроб билан минбарнинг орасидан кетмай туриб ўз мақсадиға етадур”. Форс султони ҳам масжидда менга ғалаба ҳосил қилмоқ учун меҳроб билан минбар орасиға ўлтуриб Худодан мени унинг қўлиға тушириб бермоғини тиламоқда, икки кўзумни иккки бармоғи билан ўйиб, тилимни ҳам ўз қўли билан кесиб, икки қўлимни ҳам кесканидан кейин бошимни олмоғига Худованди каримдан ёрдам сўрамоқда эди.
Эй мусулмонлар, фақат дуо билангина душманга ғалаба қозонмоқ муқаррар бўлса эди, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зираҳ кийиб, қилич тутиб, уруш майдонига кириш ўрнига масжидда ўлтириб, душманларнинг устидан зафар тилаш билан чекланган бўлур эдилар.
Бу ҳолда Аллоҳу таоло ўз расулининг дуосини Султон Музаффарийдан кўра ижобат қилмоғи муҳаққақ эди, масжиддан чиқмай, уруш майдонига бормай туриб, фотиҳ бўлур эди. Аммо пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо билан чекланмай, катта урушлардан Уҳд, Хайбар урушларида иштирок этдилар. Уммати Муҳаммадийға фақат дуо билан эмас, уруш билан душман устидан ғалаба қозонмоғи мумкин эканлигига суннати шарифаларини барпо қилдилар.
Мен кун ботмасдан аввал Фотила деган жойга етиб бордим. Кенг жилғанинг узоқ уфқидан қўшун қораси кўрунди. Мен дарҳол қўшунимни тўхтатдим. Афсарларим вазифаларини яхши билур эдилар, шундоғ бўлса ҳам, душман шабхун урушға киришса, деб эҳтиёт чораларини кўриб қўймоқни таъкид қилдим. Албатта, биз ёт мамлакатдадурмиз, душман қўшунининг тамом ушоқ-тушоқ усул-харакатларидан хабаримиз йўқ. Ҳасм эса ўз мулкида урушмоғда эди. Ерларининг жуғрофий аҳволидан воқифдур. Аржан жангалида қўйган қўшуни бизнинг орқамиздан келиб қолиши мумкин ёки бошқа йўл билан ўзини Султон Музаффарийга еткуза оладур. Бу тахминларга биноан эртага эрта биландан қолдирмай ҳамламизни бошламоғимиз лозим бўладир. Чунки Аржан қўшуни эртага етиб келиб ўз султонига ёрдам беролмайди. Эртанинг буюк хизматини яхши адо қилмоғ учун сарбозлар яхши истироҳат олмоғлари лозим эди. Уларни яхши истироҳат олдирмоқ учун фурсат бўлғонда шу кечадаёқ лойдан девор қилдириб, яхши истироҳат қилдирар эдим. Фақат вақтнинг торлигидан, навбатчи аскарлардан бошқасининг роҳат олмоғига буйруқ бердим. Ўрдугоҳни кеча босқинидан омон сақлаш учун тегишли чораларни кўрдим. Талоядорлар ишга тушди, қоровуллик ишларини сергаклик билан тутдим.
Агар мен Султон Музаффарийнинг ўрнида бўлсам, Амир Темур пойтахтимга яқин ерда ўрдусини қурса эди, кечалаб унинг ўрдусига шиддатли ҳамла қилиб, аскарларнинг роҳат олмоғига имкон бермас эдим. Бундан фойда шулки, эртасига майдонға кирғон аскар ёлқов, уйқусирағон ҳолда мағлуб бўлишига йўл очилар эди. Бир кеча босқини билан ўрду интизомини номарғуб вазиятга тушириб қўймоқ мумкин эди. Аммо Султон Музаффарий буни қилолмади, чунки унинг ўзи уруш кишиси эмас эди. Шабхун урушдан мақсад душман аскарига ғалаба қилиш эмас, балки эртасига бўладурғон урушда душман ўз сафини тузолмасин, тартиби бузилсин, деб шабхун урилади. Бу маънони Султон Музаффарий каби уруш ишига чиниқмаганлар билмайди. Унинг фикрида, Аржан жангалидаги аскарлари келиб бўлғондан кейин уруш бошламоқчи эди. Бу ҳам унинг ғафлатининг бири эди. Зотан, мен у аскарлар ўз султонига ёрдам беролмасун деб уларни орқага қўйиб суръат билан келдим. Агар уларга интизор қилса, яна икки кундан кейин келади. Унга қадар мен урушни тамомлайман. Яна бир катта хато қилдики, бутун ўзининг мағлубиятига асос қурди. Масалан, унинг менинг олдимга чиқарғон аскарлари Фотила даштида кўрунди. Билдимки, Султон Музаффарий уруш кишиси эмас экан. Шундай жилғада менинг отлиқаримга қарши урушаман демак бўйнига арғамчи солиб келмоқ билан баробардир. Кенг-ёйиқ майдонда бўлган отлиқ аскарга пиёда аскар муқобала  қила оладими? Бу нуқтада Патоқ довонида олдимни тўсғон Кирмоншоҳ ашоирларининг усули ўрунлик эди. Улар мени ёйиқ жойда тўсмадилар. Довоннинг ичига олиб кириб туриб қаршимга чиқдилар.Улар бир оз бесабрлик қилдилар. Агар яна озроқ тахаммул қилиб, талофотларни ўзларига олғонларида, қўшунимни Патоқ довонидан чиқазмас эдилар.
Султон Мансур Музаффарийнинг бу танлағон минтақаси фақат менинг фойдам учун танланғон эди. Агар мен унинг ўрнида бўлсам, Шерознинг шарқ томонидаги Мохлу дарёчасининг қирғоғига ўрунлашар эдим. У минтақанинг бир тарафи тоққа ёпишғон бўлуб, яна бир тарафи Мохлунинг шўр сувлик дарёчаси эди. Бундай жойда отлиқ қўшунни тўсмоқ имкони бўлур эди. Ундай вақтда мен Форс султони билан урушаман, десам, ўша минтақага боришга мажбур бўламан ёки Форсдан бутунлай чиқиб кетаман, чунки Форс султони Шерознинг шарқий ўлкаларига ҳокимлигини сақлаб турғони учун, улуғ бир қўшун билан келиб мени таҳдид қилишидан эҳтиёт қилур эдим. Аммо шоҳ Мансур Музаффарий уруш санъатига ношуд бўлганлиги сабабли бу нуқталарни кўролмади, шабхун ҳам уролмади.
Ўша кечаси мен неча бор уйқудан туриб ташқарига чиқдим, ўрдугоҳни у бошидан-бу бошига қадар бориб-келиб турдим, ташқаридаги товушларга қулоқ солдим. Бир булбулнинг нағмаси қулоғимга келди. Бу жонивор Шерознинг қайси бир боғида сайраб, Шерозга янги баҳор келғонини эълон қилмоғда эди. Одинги тарафга қўйғон хабарчиларим  уч марра душман талоясини кўрғонидан хабар берди. Уларнинг талояси кўриниш билан, сарбозлар уйғотилмасун, деб амр берғоним учун аскар уйғотилмади. Фақат, улар шабхун урмоқ қасдида бўлсагина, аскарларни уйғотмоққа изн берғонман. Уларнинг талоядорлари бизнинг талоядорларимизни кўрғон ҳамон орқасига тисарилиб кетар эмиш.
Тонг отди. Намози бомдодни ўқиб, уруш кийимларимни кийдим. Чунки Форс султонининг Аржан жангалидаги қўшуни келмай туриб ҳамла қилмоғим зарур эди. Карнай овози билан баробар уйғонган аскарлар тезлик билан тайёр бўлдилар. Ўрдугоҳ йиғиштирилди. Тамоми истеъдод билан ўрдунинг урушга ҳозирлиги кўрилди. Мавқеимиз бўлғон Фотила дашти катта ва кенг эди. Душман даштнинг шарқида эди. Мен ғарбдан шарққа қараб юрар эдим. Куннинг нури бизнинг кўзларимизга тўғри бўлгани учун офтоб кўтарилиб бизларга таъсир бермайдурғон бўлгунча шошилмай юрдим.
Мен, душман қўшунининг кўриниб турғонидан бошқасини билмас эдим. Султон Музаффарийнинг Мутасим бин Султон Зайниддин ва Яҳё Музаффарий деган бирваста икки қариндоши аскарга бошлиқ деб эшитган эдим. Султон Мансур Музаффарий у икков қариндошидан қўрқади, деб эдилар. Чунки уларнинг кўзларига мил тортиб кўр қилиб қўймоқчи бўлганида, шу сулолага мансуб қизлардан бўлган хотинларининг илтимоси билан уларнинг кўзларини кўр қилмоқдан воз кечгандир (Форсий мутаржим: Қадим вақтларда бир дона қизиган сихни кўз халқаси устидан юргизиб (мил тортиб) кўзларни кўр қилишар эди. Кўзнинг жароҳати тузалгандан кейин, зоҳиран очиқ каби кўринган кўз ҳеч нарсани кўрмас, умр бўйи кўр бўлиб қолур эди. Ундай кишиларни макхул – “кўзига сурма тортилган” деб аталур эди.).
Музаффарийнинг оиласидан ҳар ким подшоҳ бўлса, ўз қариндошларининг кўзларини кўр қилиб қўймоқ расм бўлиб келғондур. Буларнинг соғ қолиши бу оиланинг наводиротларидан ҳисобланадур. Ҳатто ўғиллар оталарининг кўзларини кўр қилғондур. Бир кекса ота ўз ўғлини тахтга ўлтурғузғон бўлса, ўғлидан салтанатни олиб бошқага бериш ёки ўзи ўлтириш каби ишлар кўрилмағондир (Форсий мутаржим: Ал-Музаффар сулоласидан тўққиз киши подшоҳлик қилғондир. Уларнинг фаолиятидаги ёмон ва ёвузликлар инсон вужудига ларза келтурадир. Булар Форс, Язд, Кирмон,  Ироқи Ажамда султонлик қилғондирлар. Ҳофиз Шерозий улардан икки ҳукуматни кўрғон. Ҳофизнинг гўшанишинлигининг сабаби буларнинг золимликлари эди).
Ҳар бир одамга бир одамдан таъна дашном, таъна ишончсизлик содир бўлса, у одамнинг содиқ ва мухлис қолмоғи мумкин эмасдир. Султон Музаффарийнинг икки қариндоши ўрду бошида турғон бўлсалар ҳам, уларнинг бу урушда кўрсатадиган фаолиятлари ва ихлоси юзасидан эмас, қўрқувдандир.
Акасининг суиқасдидан воситалар орқали қутулғон ўрду бошлиқларининг фидокорона уруш қилишларига ҳеч ким ишонмагани каби, мен ҳам ишонмайман.
Салтанат усули шулдурки: подшоҳ бир бегуноҳни ҳаргиз жазоламаслиги керак, гуноҳ қилғувчининг эса жазосини бермай қўйишлик ҳам ярамайди. Мен ўғилларимга бу ҳақда бундай таълим берар эдим: “Ҳар қандай одамнинг қилғон хизматини мукофотламасдан қўйманглар, гуноҳ қилғонларнинг эса гуноҳини билиб жазосиз ҳолда қўйиб берманглар. Ҳар бир хизматкор гуноҳ қилса, жазоланишини, яхши хизмат қилса, мукофотланишини билсун”.
Аммо Султон Музаффарийнинг атрофидаги кишилар эрта билан султон ҳузурига саломат бориб, кечқурун саломат қайтмоқларига эътимод этолмас, қўлларидан кимлар етаклаб келишни билмас, оёқ остиларини кўришдан маҳрум бўлиш қўрқинчиси билан юрар эдилар. Мана буларнинг қилғон хизматалари ҳам холис ихлос билан бўлмай, қўрқинч юзасидан бўлади, султонларига юракдан ён босмайди.
Офтоб кўтарилди. Кун шарқий жанубга кўчди. Ҳаракат амрини беришим баробаринда отлиқларим ҳамлага ўтдилар. Ўнг жаноҳимнинг қўмондонлигини Фаттоҳбекка бердим. Бу Фаттоҳбек аввалда Мир Фаттоҳ деб аталур эди. Менинг эҳтиромим учун “Мир” унвонини ташлаб, оддийгина Фаттоҳбек деб танилди. У менинг аскарбошиларимдан саналар эди. Бир уруш бошлиғидан талаб қилинадурғон мазояларнинг ҳаммаси унда мавжуд эди. Аммо англар эдимки, мендан яширинча шароб ичар эди. Менинг шароб ичувчиларни ёмон кўришимни билгани учун қаттиқ эҳтиёт қилар эди. Сўл жаноҳ қўмондонлигини ўғлим Мироншоҳга бердим (М.Брайвон: Амир Темурнинг Жаҳонгир, Шайх Умар, Мироншох, Шоҳрух, Халил, Иброҳим, Саидваққос деб етти ўғли бор эди. Булардан Шоҳрух подшоҳ бўлган, қолғон ўғулларининг набиралари подшоҳ бўлишгандир. Масалан, Султон Ҳусайн Бойқаро Шайх Умарнинг набираси, Султон Маҳмуд (Ғазнавий эмас) Мироншоҳ набираси ва шунингдек бошқалари бор). Мироншоҳга журъат бермоқ учун урушларга бирга олиб борган бўлсам ҳам, сипоҳга қўмондон қилган эмас эдим. Шунинг учун унинг бугунги рутбаси муносабати билан тубандаги интибоҳларни бердим:
“Бугун сен сўл жаноҳимнинг қўмондонидурсан. Муқобилингда душманнинг ўнг жаноҳи бордир. Сен отлиқ, душман пиёдадир. Уруш майдони шундай кенгдирки, отлиқларинг ҳеч қандай мушкулга дуч келмайди. Рўбарўдаги душманнинг қандай маҳорати борлигини мен ҳам билмайман. Фақат қўлингдаги отлиқларнинг синовдан чиққан, тажрибакорликларини биламан. Уларнинг баъзиларида ўн беш йиллик тажриба бордир. Ушбу далиллар билан маъракада муваффақият қозонолмасилигингга узр йўқдур. Мабодо бирор узрни пеш қилганингда ҳам, қабул қилмайман. Менинг назаримда сенинг ўлуминг билан бир фард сарбоз ўлумининг фарқи йўқ. Иккингиз баробардирсизлар. Мен хийла вақтдан бери шу куннинг интизорида эдим. Уруш тақозоси ҳар жиҳатдан тилагимчадир. Султон Музаффарийнинг жазосини бермоқ фурсати келгандир. Агар шу фурсатда менинг қўшуним муваффақиятга эришолмаса, афсарларимнинг лаёқатсизлигидан деб биламан. Мендан бошқа афсарларимнинг лаёқатига ишонаман. Сен бошқа урушларда ботирлик, матонатлик лаёқатингни кўрсатдинг, бугун эса, бир қўмондон сифати билан лаёқатлик бир йигит эканлигинг имтиҳони аҳдасидан ўтмоғинг керак. Агар душман пиёдаларининг муқобилингда шиддатлик муқовамаларини кўргудек бўлсанг, унинг ўнг жаноҳини синдирмоққа тиришмасдан, Султон Музаффарийнинг ўнг жаноҳини айланиб, унинг орқа тарафидан келиб муҳосара қилмоқ қасдида ҳаракат қил. Фаттоҳбек ҳам шундай қилади. Икковларингиз Султон Музаффарийнинг орқасида қовушғон бўласизлар. Мен ҳам қалб сипоҳи билан Музаффарийнинг қалбини парчалашга уринаман. Балки орқадан сизларга йўл очмоқ учун душман кучини ўз томонимга тортиб келаман. Сизлар бемалоллик билан орқадан ҳаракат қиласизлар. Шуни ҳам билиб қўйишинг керакки, Музаффарийнинг аскарлари ва афсарлари ихлос билан жиддий уруш қилолмайди. Шундоқ бўлса ҳам, душманнинг ҳар бир фардини ўз олдингда Султоннинг фидойиси деб тушуниб, унга қараб ҳаракат қилмоғинг керак”.
Бу топшириқ ва тавсиялардан кейин Мироншоҳ отига минди. Чап жаноҳим қўмондонлиги уҳдасини устига олиб, бажармоққа жўнади. Мен ўша ондаёқ унинг ўлумини хатга ёзиб, онасига юбормоғим ҳозирлигини дилимдан кечирдим. Аскар ўлади, ўғлим ўлади – буларни тақдир ёзуғи деб қабул қиламан, фақат душмандан енгилишни қабул қилмайман, душманни енгиш учун жонимни фидо қилишга ҳозирдирман.
Отлиқлар икки саф бўлиб бирин-кетин ҳаракатга келдилар. Мен аввалги сафда қарор олган эдим. Одатимча, урушда ўлсам деб ўз ўрнимга қоим-мақомни тайинладим.
Уруш вақтида кийган хафтон вамағфарларим билан аскарларнинг кийғонларининг фарқи йўқ эди. Майдонда мен билан бир аскарни айириб оладурғон аломат-фарқ йўқдир. Ана, душман қўшунига яқин бориб, биринчи қарашимдаёқ Султон Музаффарийни сипоҳ ўртасида кўриб танидим. У олтиндан ишланган алатемур қалпоқни бошига кийғон, эгнидаги хафтони кўзгу каби порқирар эди (у хафтонни олтиндан ясатган экан). Атрофида эса бир мунча зарах ва темир қаноқ кийган отлиқ муҳофизлари бор эди. Менинг шошилиб бориб уни кўришимда, унинг шаклидан бирмунча сар ўрганиш эди. Йўқ, унинг туриши мен ўйлаган каби чиқмади. Қўшун бошлиғи аскарлар билан қўшилиб ўз ғайратини кўрсатганида, аскарлар ҳам ғайратланиб жиддий ҳараат қилади. Сафнинг аввалида шундай сарбозлар бўладики, ҳар қандай шиддатга чидаш бериб муқовамат қила олади, ҳар бир урушда бундай аввалги сафни тутувчилар ҳаммадан олдин қурбон бўладир ёки мажруҳ бўлиб майдондан чиқадир. Улар ҳам дам ўлимни истиқбол қиладурлар. Мана булар ўзларидан илгари жонини тутиб душманга қараб кетиб турғон бошлиқларини кўрғонда, ўз жонларини фидо қилмоқдан тортинмайдирлар. Уларнинг жонлари коидларининг жонидан ортуқ эмас. Биз билан душман орасида юз зироъ фосила қолғонда бизга ўқ отдилар. Биз ҳам юришимизни тезлатиб уларга ўқ отдик. Ўзимизни душманга қадар еткузуб олғунча бўладурғон талофатларни озайтирмоқға киришдик. Майдонда бизнинг от чопишимизга монеъ бўладурғон нарса йўқ эди. Масалан: Султон Музаффарий бир кун олдин бизларни ғурубда кўрғон эди. Унда аскарий лаёқат бўлса эди, ҳеч бўлмағонда кечаси билан йўлимизга ҳандақ ковлатиб қўйғон бўлса ёки ҳар жой-ҳар жойга қозиқ ўрнатиб занжир тортиб қўйғон бўлса, лоақал арғамчи тортиб бўлса ҳам бизларнинг отлиқларимизни тенглаштирса, бир оз ҳозирларини олиб ташлагунча бирмунча от талафот бермасдан ўта олмас эди. Шунча кичик тадбирларни ҳам кўрмағондир. Бир пиёда қўшуннинг олдида етарлик вақт масоидаси бўла туриб, ҳеч бир монеълик ижод қилинмағони менга ажойиб туюлар эди. Ҳатто, бизни ғафлатда қўймоқ учун шундай кўринмоқдами, деб ҳам хаёлимдан ўтди. Уруш тугағондан кейин билдим, ҳеч қандай ҳийла ишлатмағон эканлар. Султон Музаффарий аскарий ишдан бехабар бўлгани учун отлиқ қўшуннинг олдини тўсмоқ, ҳалал еткизмоқдан бехабар эди. Унинг аскарбошлиқларини ҳам мунчалик тадбирдан бехабардур, деб ҳукм қилолмайман. Балки султонларидан нафрат қилғонлари учун билғонларини ҳам ишлатмағондир, деб баҳо бераман.
Бизнинг аввалги сафдаги аскарлар душман пиёдаларининг сафларини бузиб, бетартибликка туширишни вазифа қилғон бўлса, орқамиздаги иккинчи саф аскарларининг вазифаси майдонни тасвия қилиш учун таслим бўлмағонларни ўлдириб, таслим бўлғонларни асир қилиб майдондан ташқари чиқармоқ эди.
Биз душманга етиб бориш билан душман қўли ўқ отмоқдан тўхтади, қўлларига найза олдилар. Уларни бутунлай ишдан чиқармоқ учун қўлларидаги найзаларидан ажратмоғимиз лозим эди. Дарҳол отимнинг тизгинини бўйнимга солдим, ўнг қўлимга қилич, чап қўлимга болта олиб, душман пиёдасига ҳамла бошладим. Уларнинг қўлларидаги найзалари кўзимга кампир хотиннинг игнасича кўринмас эди.
Мен дарҳол душманнинг аскарий фаолиятининг жуда ҳам тушкунлигига тушундим. Форс султонининг сарбозлари  жуда ҳам суст эди. Мен истаганчалик мардона урушмас эди. Ғолибан булар Форс ашоирлари эмас эдилар. Мен бугунги урушнинг таъхирига қўйсам ёки уларнинг сустлигига мағрур бўлуб тезлик билан тугатишга кечикадурғон бўлсам, Аржун жангалидаги қўшунлари етишиб келиб, бизга хийла заҳмат беришлари мумкин эди. Султон Музаффарийнинг ёнидаги афсарлари тузукроқ урушни хоҳламаган бўлса керакки, аскарлари жуда ҳам суст эди. Уруш майдонидаги аскарнинг ҳаракати бошлиғининг намунасидир. Афсарнинг атвори сарбозларда кўриниши табиийдир. Майдонда қўрқоқ, бўш кўринган аскарнинг афсари қўрқоқ бўшдир. Майдон унинг кўзгусидир. Ёнимдаги отлиқларим қилич, болта қўлланиб, душман аскарларининг қўлидаги найзаларини ерга тушириб илгари босмоқда эдилар.
Шу вақтда минган отимнинг бўшашганини сездим. Отнинг ярадор бўлганини тахмин қилиб, тизгинни бўйнимдан чиқардим. От ҳам ерга йиқилмоғда эди. Тезлик билан оёғимни узангидан чиқариб, ўзимни ерга олдим. Оёғимни отнинг устида қолишидан сақлаб қолдим. Отнинг қорнига найза тиқиб ўлдурғон эканлар. Пиёда юрганимча, душман пиёдаларига қараб ҳамлага кирдим. Икки қўллаб салоҳ ишлатишим душманнинг найзадорларига шундай зарба етказдики, уларнинг қўлидаги найзалари қалам каби синар эди. Отлиқларимдан бир нечалари отларидан тушиб, мени отлантирмоқчи бўлганларида, “Ишингни қил!” деб ҳайбат қилдим. Бири келиб: “Менинг пиёда қолишимни хоҳламасангиз отимга мингашинг”, деди. Унга ҳам: “Чалғима, мени ўз ҳолимга қўй, бугун пиёда урушмоқни истаганман”, дедим.
Мен ўша пиёда ҳолимда фавқулотда бир учга молик бўлғон каби эдим. Устимдаги темир кийимлар гарчи Чочнинг моҳир усталари енгил қилиб ясағон бўлсалар ҳам, оғирлиги хийла бор эди. Пиёда одамлар бу кийимлар билан ярим соат тўғри йўлда юриши ҳам мушкулдир. Мен эса икки қўлимда салоҳ билан душманга қарши урушмоғда ва бу оғир кийимларни кўтармоғда эдим. Бунинг сабаби эса, менинг ҳамиша бекор вақтимни ҳарбий машқ билан ўтказушимдадур. Тамринларим менинг бу қадар оғирликни кўтаришимни сезмас, балки варжис қилиб қўйғондир. Менинг бу сувратда фаолиятим сабабини урушдан кейин пайқадим. У эса, қонларнинг томиримда қайнағонидан эмас, душман аскарларининг бўшашганига ғазабланмоғимдан вужудга келғон эди. Нимагаки, Султон Мансур Музаффарийнинг сарбозлари қўлларидаги найзаларини кераклик қадар истифода қилолмас эдилар. Янги аскар каби уруш қонунларидан бехабар кўринар эдилар. Бу кўриб турғонларим Султон Мансурнинг иқболи синғонлигининг башоратини берар эди. Ўзини уруш майдонига етарлик ҳолда ҳозирламағон киши иқболлик бўлиб қололмас эди.
Сизларким, менинг шарҳи ҳолимни ўқимоқдасизлар, билиб қўйингларки, уруш майдонида нолойиқ қўшун бошлиғи муваффақиятга эриша олмайди. Агар бир киши сизларга нолойиқ қўшун бошлиғининг фалон майдонда ғолиб қозонғонининг хабарини берса, ишонманглар, бу сўзлар пуч ҳарфлардан иборатдир.
Ҳар урушда узоқ тажриба соҳиблари, синовдан ўтган сарбозлар танланиб ҳар бири лаёқатига кўра мавзеъларга қўйилади. Уларга берилғон вазифа ҳам ўз фаолиятига боғлиқ бўлади. Майдонни бошқарувчи қўмондон олдидаги қўшуннинг бутун фунунларига тездан жавоб бермоқға қодир бўлмоғи билан майдонга кирса, ютуқ қозона олади. Бу майдонга Музаффарийнинг ниқоби тушди. Бутун асрори менга намоён бўлди.
Майдонда пиёда урушга киришим билан, душман найзаси кўзумни кўр қилмасун, деб мағфарим ниқобини юзимга тушириб олғон эдим. Бу вақтда бутунлай темиртан бўлиб қолғон эдим. Душманнинг найза, ўқлари баданимга таъсир қилмас, мен ўзимни ҳаммадан ортиғроқ ҳис қилар эдим...
Икки қўлимда салоҳ ишлаб туради. Баъзан душманнинг қилич-найзалари баданимга урилгани ҳам сезилади. Фақат ўзимни Исфандиёрдан ортиқроқ топар эдим. Исфандиёр ўзининг темир либосига ишонган эди, шунинг учун ўлдурилди. Мен эса ўз ботирлигимга ишонар эдим. Гоҳо бошимни кўтариб, куннинг қайси вақт эканини билиб қўяр эдим-да ва ишимга машғул бўлаверар эдим.
Икки ёнимдаги отлиқларимнинг жиддий урушиб туришлари туфайли душман менинг икки ёнимдан келолмас эди. Олдинги бўлак отлиқларим ўз вазифаларини тугатдилар. Иккинчи бўлаклари эса, илгари айтиб ўтганимдек, уруш майдонини тозаламоққа машғул эдилар. Шу вақт бирининг: “Амир қани, амир қани?!” деган товуши эшитилди. Мен қўлимни ишдан тўхтатмай, юзимни ўгирмай туриб: “Амирга нима ишинг бор?” деб овоз бердим. Улар мени овозидан танигандан кейин: “Мен Фаттоҳбек томонидан хабар келтирдим.,-деди ва давом этди:-Фаттоҳбек душманнинг чап жаноҳини уриб бормоқда, душмандан тозаламоғда”. Буни эшитиб, шу заҳоти жавоб бердим: “Фаттоҳбек душманнинг чап жаноҳини айланиб ўтсун, тезлик билан ўзини Мироншоҳга еткузсун, балки Мироншоҳ душманнинг ўнг жаноҳини айланиб ўтолмаса керак”. Сўзларимиз туркий тилида бўлгани учун душманлар бизнинг мақсадимизга, сўзимизга тушунолмас эдилар. Ишлаб турган қўлларимнинг ҳар зарбасидан бир душманнинг йиқилмай қолғони жуда оз кўрилар эди.
Султон Мансурнинг сарбозлари заиф, нотавон эдилар. Назаримда, бир нечта ёш боланинг ҳужуми каби сезилар эди. Унинг қўшунида уруш фанидан хабардор бўлғон бир одам йўқ каби, аммо менга қилич, найза кўтариб енгмоқчи бўлур эдилар. Темир кийимлик бир муҳожимни темир тўқмоқ билан йиқитишни ҳеч ким ўрганмағонмикан? Бир паҳлавон чиқиб бошимга бир гурзи урса, мени майдондан чиқариб ташлар эди. Бу ишлардан хабардор бир киши Султоннинг қўшунида йўқ экан. Унинг сарбозларида яна битта катта хатолик бор эди. Масалан: мен пиёда урушиб турибман, оёғим остида ярадор бўлиб ётғонларнинг бирортаси менга ўхталиб ҳам қўймади. Бу ҳол қўшунда зотан аскарий тарбия йўқлигини исботлади. Агар булар таълим олғон бўлсалар эди, аскарнинг ярадорлик ҳолда ҳам душманга қарши қиладурғон бир қанча ишлари бордир: ётиб-туриб қилса бўлаверади. Масалан: ерда оёғимнинг остида ётган ярадор аскарлардан бири оёғимнинг пайини кесиб юбориш қўлидан келар эди, уни ҳам қилишмади. Урушиб турган сарбозлари мендан бир зарба тегиш билан йиқилар эди. Шу ҳам қўшун тарбияси бўлдими?!  Отлиқларим босиб-янчиб ўтиб кетгунча ҳам тахаммул қилиб ётар эдилар. Улар ўтиб кетғондан кейин бошларини кўтариб, ўзларини четга олади. Уруш тугашини кутиб, асирларини билолмас эдилар. Бу кўринишларнинг ҳаммаси Султон Музаффарийнинг лаёқатсиз бир киши эканлигига шоҳид эди. Сарбозлар майдонда экан, уларга кераклик нарса етказиб бериш билан руҳларини кўтариш лозим эди.  Нотавон сарбозлар бундан ҳам маҳрум, султонлари ғофил эди. Мен сарбозларимнинг оти билан ҳатто исмларига қадар  биламан, мендан илгариги аскарбошлиқларини ҳам тамоми аскарнинг исмини  билади деб тасаввур қилолмайман. Фақат Исломнинг  аввалги марҳаларида қўшун адади етти-саккиз юздан ошмағони учун қўмондонлари ҳаммаларининг исмларини билур эдилар. Мен шу қадар аскардан бирини хоҳласам, исмини тутиб чақираман. Бунинг билан аскарнинг руҳи ўсади. Менинг унга алоқам борлигини сезади, майдонларда ҳам қизиқиб, кўнгиллик билан урушади. Хусусан, бирор муваффақиятлик иш кўрсатиб, мукофотларимга ноил бўлишга уринади. Шунинг учун мамлакатларимнинг ҳар бир жойида ғолибларни ўз қўлимда ишлаган аскар кишиларимдан қўйиб, вилоят ишларида уларга эътимод қилгандирман.
Шу муносабат билан ўғилларимга ҳам мендан кейин шу йўсинда иш олиб боришларини таъкидлайман. Эй ўғилларим, давлатларингизни сақлаб қолиш ниятида бўлсангизлар, сарбозлар, афсарларга жиддий алоқада бўлиб юринглар.
Мен қизиқ урушда эдим, “Эй амир, отга минмайсизми?” деган таниш овоз қулоғимга кирди. Бу менинг воқеаларимни ёзиб турадурғон Низомиддиннинг овози эди. “Менга нима ишинг бор?” деб сўрар эканман, қўлимни урушдан тўхтатмадим. Кўзим душманда бўлғони учун Низомиддин тарафга ҳам қарамадим. Низомиддин жавоб берди: “Қандай аҳволда эканлигингизни биласизми? Ўзингизни хатарга тўғри қўймоқдасиз. Мен сизга от олиб келдим. Отга миниб олинг”, деди. Мен юзимни душмандан ўгирмай, орқага чекиндим. Низомиддиннинг ёнига бориб, юзимдан мағфар ниқобини кўтардим. Низомиддин: “Бугунги ишингизни тарихда Афросиёб, Рустамлар ҳам қилғон эмас. Шунча  тарихлар ўқидим, майдонларда бўлдим, минглаб душман аскарларига қарши сиз каби узоқ муддат урушиб чарчамаган кишининг бугун шоҳиди бўлиб турибман”, деди. Низомиддинга жавоб бердим: “Сен мени унча мақтамагин, бу урушда мен танҳо эмасдурман. Атрофимда отлиқларим мени муҳофазат қилғоч урушиб турибдурлар. Улар мени душман ўраб олишидан ҳам сақлаб турар эдилар. Ундан ташқари, кўриб турибсан, уст-бошимда темир либослар бор, душман зарбаси ҳам дарҳол таъсир этмайди. Душман ҳам янги уруш кўрган аскар каби тажрибасиз, уруш фунунидан бехабар экан. Яна бир тарафдан, совуқ қўллик билан урушиб турганлари маълумдур. Агар улар жиддийлик билан урушганларида бу майдондан саломат чиқиб кетмоғим қийин эди”. Низомиддин отни тўғрилаб: “Тезроқ отга миниб, сизга бўлаётган ғолибиятни томоша қилинг. Бу маъракада зафарингиз очиқ кўриниб турибди”, деди.
Қўлимдаги болтанинг халқаси билагимга ўткузулганча отга миндим ва Низомиддинга қараб: “Сен бу маъракада ютуғим борлигидан яхши башорат бердинг. Бу яхши ниятинг мукофотга лойиқдур. Сен Шерознинг қоракўз гўзал қизларини яхши кўришингни биламан. Шерозга кирганимизда ўн адад қоракўз қизнинг эгаси бўлмоғингга ихтиёр бераман”, дедим. Низомидин лабида табассум билан: “Кексайиб қолдим, ўн нафар қоракўз ортуғлик қилади”, деди. “Ортуғ айтғон бўлсам, ози сенинг ихтиёрингдадир”, дедим.
Бир оздан кейин ўғлим Мироншоҳдан чопар келди. Фаттоҳбекнинг отлиқлари билан қўшилишиб, Султон Музаффарни муҳосара қилишга бошлаган эмишлар. Отланганим ҳамон, қўшун қўмондонлигини билфеъл ўз уҳдамга олдим. Фаттоҳбеку Мироншоҳларга бирмунча буйруқлар содир қилдим. Ўзим билан бирга урушуб турғон афсарларимга шоҳ Мансур Музаффарий тирик тутилсин деб амр бердим. Урушни тезроқ хотимага эриштириш учун душманнинг баъзи номард, қўрқоқ сарбозларининг қочадурғон йўлини бир неча жойидан очиб қўйдим. Кўпчилик бўлиб қочмаса, таъқиб қилинмасун, дедим. Қирқ-эллик нафар отлиқлари қочғониға кўзум тушиб қолди. Урушдан кейин маълум бўлишича, булар Султоннинг ўнг қўли бўлғон қариндоши Султон Мутаъсим ибн Зайнулобидин экан. Уларнинг қочиши қайтадан ҳамлага сабаб бўлмағони учун хатасиз эди. Бир оздан кейин Султоннинг чап қўл жаноҳ қўмондони ҳам аскари Рутубани оёғ ости қилиб: “Урушиб ўлғондан қочиб қутулғон яхши”, деб қочиб кетди. Унинг бу қочиб кетиши бизнинг фойдамизга бўлғони учун хурсанд бўлдим.
Воқеан, юқори мансабдаги қўшун бошлиқлари қочиши билан қолғон афсар ва сарбозлар урушни давом эттиролмайди. Туш-тушдан Музаффарийнинг сарбозлари яроғларини ташлаб таслим бўлмоғга бошладилар. мен қилични қўлга олиб Султон Мансур Музаффарийнинг устига бордим. Албатта, Султоннинг муҳофизлари фидокорлик қилиб, бизга қарши қаттиғ муқовамат қилсалар керак, деб ўйлағон эдим. Йўқ, улар ҳам муқовама қилмади. Дарҳол асир қилиб олдик. Музаффарийнинг Қиёда марказида Султон билан биргина хос чатирдори қолди. Ҳали Форс баҳорининг офтоби инсонни бероҳат қилғудек қизигани йўқ эди. Аммо Форс султони шу қадар нозик эдики, муътадил ҳавонинг ҳароратини тахаммул қила олмас эди. Султоннинг чатирдори (соябон тутиб турувчи) қора тусда бир киши эди. Занги шаклида кўринғон бу кишининг жасорат ва ғайрати Музаффарийнинг бутун аскар мансабдорларидан юқори эди. Нимга деганда, у бизни кўрғонда бошқалардек чатирни ташлаб қочиб кетмай, ўз жойида туришга журъат қилди.
Мен тўғри Форс султонининг ёнига бориб, белида осилган қилични ечиб олиб, афсарларимдан бирига: “Буни сақла” деб бердим. Ундан кейин Султондан: “Мени танийсанми?” деб сўрадим. Султон Мансур Музаффарий хонқайиб, ҳайронлик билан менга қаради ва: “Форс тилини биласанми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, форсийни сендан кўра яхшироғ биламан, сендан сўрамоғдаман, мени танийсанми?” деб такрорладим. У жавобида: “Йўқ, мен сени танимайман, ғолибон Амир Темурнинг мансабдорларидан бири бўлсанг керак”, деди. Мен: “Амир Темурнинг ўзи бўламан”, дедим. У мени таниғондан кейин, бош-оёғимдаги қонларга қараб ранги ўчиб кетди. Султоннинг қўрққанлиги очиқ билиниб турар эди. Неча йиллар юрагимда тош каби туриб қолғон номасининг изи, оғзимдан: “Эй муҳмал (бемаъни, аҳмоқ одам), мен сендан йилқи от ёки бирор ботмон олтин сўрағоним йўқ эди. Сендан сўрағонимнинг ҳаммаси бир неча шиша лимун суви эди. Форс лимунининг суви дардимга даво бўлғонини бир оддий одамга айтғон бўлсам, бу тилагим оғир таклиф бермағони учун ҳар қандай одам талабимни ижоб қилиб беришини билар эдим. Аммо орамиздаги алоқани чиройлик сақламоқ ниятида бу арзимаган нарса учун сенга хат ёздим. Сен паст фитратли киши бўлғонинг учун талабни юбориш ўрнига нолойиқ сўзларни ёзиб юбординг. Мана энди ўз амалингнинг мукофотига ҳозир бўл”, деб сўз чиқди.
Султон Мансур Музаффарий жон қўрқувсини кўзида тутиб, номардларча савол қилди: “Эй Амир, мана, энди менинг устимдан ғалаба қозондинг, мени нима қилмоқчисан?”
Мен қатъий ва кескинлик билан унинг ўлумга маҳкум эканини айтдим. “Хонадонингни, сулолаи Музаффарийни бутунлай қуритаман”, дедим. У яна ўрунсиз савол берди: “Менинг хонадоним билан нима ишинг бор?” деди. “Менга носазо айтган бир кишининг ўлимидан кейин сулоласи тирик юришини муносиб кўрмайман”, дедим. Султон Музаффарий менга: “Ёлбораман, муроса қиламан”, деб менинг одатимга хилоф бўлғон бир воситани ўртага қўйди: “Эй Амир, агар сен мени ўлдирмасанг, хонадонимни йўқотмасанг, қизимни сенга никоҳлаб бераман”, деб лаёқатсизлигини билдирди. Мен айтдим: “Агар мен сенинг қизингни хоҳласам, розилигинг керак ҳам эмас, зотан у менинг асирамдир. Сенинг шартларингнинг мувофиқатига эҳтиёж йўқ. Мен қизингни хотин қилиб олиб, уруғингни кўпайтириш ниятида эмасман. Мен унақа қатъиятсиз одам эмасманки, хотин эвазига аҳдидан қайтадиган. Эҳтимол, қачондир, ёшлик кезларим жононлар макрига учгандирман. Лекин майлларимни жиловлаганимга анча бўлди.  Ҳозир эса, менга ҳаво-ҳавас итоатлидур. Агар ҳаво-ҳавас мен ҳукмига олғон бўлса эди, сенга ғалаба қилолмас эдим”.
Султон Мансур энди ялинишга ўтди: “Эй Амир, мени ўлдурма, мен Шероз ҳокимига хат ёзай, сенга қарши муқовамат қилмасун, шаҳар дарвозасини сенга очиб тутсун”, деди. Мен унга: “Сенинг хатингга ҳожат йўқ. Менинг аскарларим у ерга борғонида дарвозани ҳокимнинг ўзи очиб қўяди”, дедим. Султон: “Мен унга қаттиғ муқоваматда бўлишига буйруқ берғонман”, деди. Мен айтдим: “Шероз ҳокими сенинг асир тушғонингни билади, ҳукмингнинг ҳам бекор бўлғонига ақли етади. Ул ҳам аскарбошиларинг каби сендан нафратланиб юрғон бўлса, хурсандлиқ билан дарвозани очиб қўйиб истиқболимга ўзи чиқади”.
Султон Музаффарийнинг Аржан жангалидаги қўшуни ёрдам учун етиб келишлари эҳтимоли борлигини кўзда тутиб, ўша куннинг ўзида Шерозга дохил бўлмоққа қасд қилдим. Пешиндан бир оз ўтканда уруш тамом бўлди. Султоннинг аскарларидан бир қисми асир бўлган бўлса, қолғонлари қочиб қутулди. Асирлар орасида бирмунча Музаффарий шаҳзодалари ҳам бор эди.
Дарҳол Фаттоҳбекка Шерозни шарқ томонидан, Мироншоҳга жанубдан шаҳарга кирмоқлари учун ёрлиқ бердим. Ўзим жануб йўлини тутиб,, Султон Музаффарийни ўзим билан бирга олиб жўнадим.
Менинг аскарбошиларим Шероз ҳокими муқовамат қилгудек бўлса, ҳаммани тиғдан ўткузишини яхши билар эдилар. Намози аср вақтида Шерозга етиб бордим. Дарвозалар боғлиқ. ҳисор устида бир неча киши кўрунди. Дарҳол жарчини ҳозирладим: “Шероз ҳокими ҳисор устига фозил бўлиб, мен билан сўзлашмоғини билдириб, нидо қил”, дедим. Бир оздан кейин Шероз ҳокими ҳисор устига келғонини билдиришди. Унинг ростдан Шероз ҳокими  эканлиги ҳақиндаги текширишларимни аниқлағонимдан кейин жарчи орқали эшиттирдим: “Султон Музаффарий мағлуб бўлди. Аскар бошлиқлари уни ташлаб қочдилар. Қўшуни буткул ўртадан кўтарилди. Ўзи асир тушди”, деғондан кейин Султон Музаффарийни ҳокимга кўрсатдим. Собиқ султонни таниғондан кейин эшиттирдим: “Энди сенинг муқовамат қилмоғингнинг фойдаси йўқ. Жуда урушга рағбат қилсанг, бир-икки кунда барбод бўласан. Сенга ёрдамга келадурғон қўшун ҳам йўқ. Агар урушсиз дарвозани очсанг, шаҳар халқининг молини ва жонини сақлаб қоламан, Шероз халқига ҳеч ким тааруз қилмайди. Чунки мен Шероз халқи билан урушиб, ўзларини ўлдуриб, молларини талаб, уйларини бузиб кетишга келғоним йўқ. Балки мен ёшлигимдан тортиб Шероз шуароларининг шеърларини ўқуб, ҳавасланиб юрғоним учундир. Ўзим ҳам уламоларни улуғлаб ҳурматлағондурман. Уларга ҳеч бир зарар етмаслигини риоя қилиб юраман. Форсга қўшун тортиб келишим эса, султонларингизга жазо бериш учун эди. Унга шикаст бериб бўлдим, ўзини асир олдим. Урушсиз дарвоза очилган ҳолда бу ерда бир неча кун туриб, қўшуним хордиқларини чиқарғондан кейин чиқиб кетаман”.
Шероз ҳокими жавоб берди: “Мана ҳозир дарвозаларни очиб, ўзим сизнинг истиқболингизга ҳозир бўламан”. Ўйлағоним тўғри чиқди: шаҳар ҳокими султоннинг муқайяд бўлғонини кўрғондан кейин унинг қайтадан салтанатга етолмаслигини билди ва таслим бўлди.
Бир оздан кейин шаҳарнинг ҳамма дарвозаси очилди. Шаҳар ҳокими шаҳарнинг атрофларини бирга олиб, қўлида улуғ бир китобни кўтарғон ҳолда истиқболимга келди. Баланд овоз билан бу шеърни ўқиди:
Ривоқ манзар чашми ман ошёни ту аст
Корамнамо фруд оки хона хона ту аст.
(Кўзим равоқининг кўзгуси ошёнангиз,
Карам қилиб келинг энди бу уй Сизнинг уйингиз)
Шаҳар ҳокимидан: “Бу шеър Шамсиддин Ҳофизнинг шеъри эмасми?” деб сўрадим. Шаҳар ҳокими: “Бале, эй амир”, деди. Кейин қўлидаги улуғ китобни кўрсатиб: “Эй Амир, мен Сизни озод бир мусулмон киши деб биламан. Ушбу Қуръон ҳаққи, Шероз халқини ғорат ва қатли ом қилмағайсиз”, деди. Жавоб бердимки: “Агар шу Қуръон ҳурматини сақламағон бўлсам, сени ўлдуришга буюрар эдим. Чунки сен менинг сўзимнинг ростлигига даргумон бўлдинг. Мен сенга: “Дарвозани урушсиз ҳолда очсанг, шаҳар халқининг молу жонига ҳеч ким таадди қилмайди”, деган эдим. Менингдек бир кишининг берғон ваъдасидан қайтмаслигига эътибор бермоғинг лозим эди”.
Шаҳар ҳокими узр сўради. Сўнгра унга айтдим: “Жарчи воситаси билан менинг тилимдан шаҳар халқини огоҳлантириб қўй, сарбозларим уларга таариз қилмайди. Дарвозаларни очиб қўйиб, бемалол ухлайверсинлар. Биз шаҳарда турғон кечаларда уйлардан бирон нарса ўғирланса, шаксиз маҳаллий ўғрилар ўғирлаган бўлади. Сарбозларим менинг буйруғимга итоат қилишларига эътимод қиламан. Уларнинг буйруғимга хилоф қилишлари кўрилмағондир. Мабодо бирор мухолифот зоҳир бўлиб қолса, моли зое бўлган кишининг зарарини тўлаб, жиноятчига қаттиғ жазо бераман”. Бу тавжиҳдан кейин шаҳар ҳокимидан: “Бу шаҳарда бирор майдон борми?” деб сўрадим. “Бале, эй Амир, шаҳарда кенг бир майдон бор”, деди.
“Ундай бўлса, жарчилар чақирсин, эртага офтоб кўтарилғондан кейин шаҳар халқи ўша майдонга ҳозир бўлсинлар”, дедим. Ҳоким: “Эй Амир, нима учун жам бўлмоқларини айтмоқ мумкинми?” деб сўради. “Йўқ, эртага у ерга йиғилғонларидан кейин билишади”, дедим.
Шероз ҳокими: “Буйрғингизга итоат этаман, ҳозир жарчи орқали халққа эълон қиламан”, деди. Илова қилиб: “Дорул-ҳукума сиз учун ҳозирлаб қўйилғондир, кечаси ўша ерга бориб ётишингизни рижо этамиз”, деди. Мен жавоб бердим: “Менинг бу кеча истироҳат қилмоққа фурсатим йўқ. Сўнгра дорул-ҳукумага тушиб турмоқни ҳам хоҳламайман”, деб ўз фикримни билдирдим.
Мен Шероз ҳокими таслим бўлгани билан иш битди деб қаноат қилиб қолмайман, чунки Аржан жангалидаги Музаффарий қўшунига ҳеч қандай зарба берилгани йўқ эди. Унга қарши мудофаа ҳозирлигида турмоғим лозим эди. Дарҳақиқат, шаҳарда Шероз ҳокимининг аскаридан салоҳларини олиб, шаҳар амнияти, аскари боқимидан бошлиқ этиб, Мироншоҳни тайин қилиб, усули бир тартибга қўйган бўлсам ҳам, шаҳар халқининг Аржан жангалидаги қўшунларидан ёрдам олиб, тил бириктириб исён қўзғашидан ҳам эҳтиёт лозим эди. Шаҳарни ўғлим идорасига топшириб, Фаттоҳбекнинг аскарлари билан ўзим шаҳар ташқарисида, аскарларга ҳам ҳордиқ чиқаришни тарк этиб, узоқ-яқин ҳар тарафни кезмалар (кезгувчи аскарлар) ёрдамида қаттиғ назорат остига олдим.
Гарчи Султон Мансурнинг Аржан жангалидаги аскарларининг урушга журъат қилолмасликларини билсам ҳам, эҳтиётни қўлдан бермас эдим. Эҳтимолий урушга ҳозирлик кўрар эдим. Мана бу масалаларни шаҳар ташқарисида туриб, эркинлик билан ҳал қилмасам, шаҳардаги дорул-ҳукумада туриб, бу ишларни қилиб бўлмас эди. Балки муҳосара бўлиб қолмоғим ҳам мумкин эди. Ундан ҳам нарироғни тушунсак, менинг ҳаётимга ҳам суиқасд қилишлари мумкин эди.
Кечаси билан ҳеч қандай ўзгариш юз бермай тонг отди. Мен жангалда қолғон Музаффарий қўшунининг тадбирларига ҳайрон эдим. Чунки уларни султонлари неча йиллардан бери тарбия қилғон. Валинеъмати менинг қўлимда асир бўлиб, берғон қароримнинг ижросига мунтазир эди. Шундай вақтда султонига вафо қилолмағон қўшун қўшунми, ҳайвон галасими? Инсоният замирига оид бўлғон бу нуқталар мени кечаси билан бутун эҳтиёт чорасини кўрмоққа мажбур қилғон эди.
Бомдод  намозидан кейин шаҳар ташқарисидаги ўрду қўмондонлигини Фаттоҳбекка топширдим. Кечаси билан ўрдугоҳда сақланғон Султон Мансур Музаффарийни ўзим билан олиб, шаҳарга кирдим. Шаҳарнинг улуғ майдони томошачилар билан тўлғон эди. Буйруғим билан ясалғон мунассага (баланд тахтга) Султон Мансур Музаффарий бошлиқ ўн бир нафар шаҳзода занжирлар билан боғланган ҳолда чиқариб ўтқузулди. Уларнинг атрофини жаллодлар ўрағон эди.
Буйруғим билан жарчи оммага – халққа эшиттириб нидо қилди:
-Эй Шероз халқи! Бундан бир неча вақт илгари Амир Темур Кўрагон Хуросон тарафларда бир хасталикка учради. Табиблар унинг хасталигига Форс лимунининг сувини ичмоқға буюрдилар. Амир Темур Султон Мансур Музаффарийга дўстлик изҳори билан бир мактуб ёзиб, ундан бир оз лимун суви юбормоғини илтимос қилғон эди. Аммо Форс султони Амир Темурнинг мактубига жавобида бошдан-оёқ носазо гапларни ёзғон ва юборғон эди. Ўша мактубни сизларга ўқиб эшиттирилади”, деб (Музаффарийнинг ўша мактуби халойиққа ўқиб берилди), сўнгра Амир Темур Кўрагоний шу одамни жазолаш учун Форсга келди. Кўзларингиз олдида ўша хатни ёзғон “Султон” оиласи арши-соҳиблари ва ворислари билан турибди. У ўз аъмолини (жазосини) тортади”, деганида, Форс султони фарёду фиғон билан: “Эй Амир, мен бу қилғон ёмон ишимга иқрордурман. Лекин сиздан авф сўрайман, мени кечиринг”, дер эди.
Мен унга берғон рад жавобимни халққа эшиттириб туриб баён қилдим: “Мен сенга афуни муносиб кўрмайман, кечирмайман. Сенинг ёзғон хатингни олғон кунимдан буён кечаги куни сени асир олгунимга қадар ғазабдан тўлғонар эдим. Сен ёзғон сўзларнинг таъсири менинг руҳимни эзади. Ҳар нафасда сенга ўлим бермағонимга надомат қилдириб, яна ғазабимни оширади. Хатингни олғонимдан бу кунга қадар, ўша сўзларингнинг бир жумласи ёдимға тушса, ўрнимдан туриб кетаман, ухлаёлмайман ва ниҳоят, сенга жазо бериш учун аҳдимни янгилаб, Музаффарий авлодидан катта-кичигининг тухумини қуритиб, бу дунёда бу боши бузуқни ҳокимиятга эришмоғидан бенасиб қилиб, форс халқини озод қилиб қўяй, деб такрор аҳд қилғонман. мана ҳозир ўша аҳдимни амалга оширмоқ соати келди. Мабодо, шу каби носазо сўзларни сенга мен айтган бўлсам эди, мени қўлга туширғонингда, темир қафасга солиб, ўтнинг устига қўйиб, тириклай кабоб қилар эдинг ё тириклай теримни сўйишга буюрар эдинг. Ҳеч бўлмаганда икки нимта қилдирардинг. Мен буларнинг ҳеч қайси бирини сенга тадбиқ қилмайман. Фақатгина бошингни кесмоқға буюраман”, деб жаллодга амр бердим. Султон Мансур охирги иймон калимасини талафуз қилиш ўрнига яна ялина бошлади. Лекин мен ҳукмимда қатъий эдим. Султон Мансурнинг боши кесилғон вақтда Шероз халқининг хурсандлик изҳор қилиб турғонларини кўриб, эшитиб турар эдим. Бутун халқнинг султондан ва амалдорларидан норози эканликлари авомнинг нидосидан англаниб турар эди...

 
« Олдинги   Кейинги »