023. Шероз суғутидан кейин Принтер учун E-mailга юбориш
Ўша куни аср вақтларида Низомиддинни чақирдим. Унга аввал берғон ваъдамни ёдлатиб, Шерознинг гўзал қизларидан ўн ададини хотирлатдим. Низомиддин кулди ва: “Менга бир ададгина қиз кифоя қилади,-деди ва бир оз ўйлаб туриб айтди:-Сиз Шероз халқини авф қилдингиз. Ғанимат ҳам йўқ, қиз ҳам йўқ, нимани ҳадя қиласиз?” Мен айтдим: “Сен бу тўғрида ғам ема. Ҳозир Шероз ҳокимини чақириб шаҳарга хабарчи чиқартираман. Сенга маъқул бўлган қизга икки минг динор бериб сотиб оламан. Кимки ўзининг қизини сенга ёқтиролса, мендан пулни олади, сен эса қизни оласан. Иш битдими?” Низомиддин рози бўлди, уятчан йигитлар каби сокитлик билан розилигини билдирди.
Эртаси куни дорул-ҳукумага бўйига етган қизлари бор одамлар қизларини ясаб-тусаб олиб келиб Низомиддиннинг назаридан ўтқузишди. Ул ўзи танлаган қизни олғондан кейин хазинадан ваъда қилинғон пулни бердим.
Ундан кейин ҳар вақт Низомиддин билан сўзлашсам, Шероз қизларини мақтаб, мени ҳам қизиқтириш учун: “Эй Амир, агар умрингизда бир хурсандликка эришиб қолай десангиз, Шероз қизларидан бирини олинг, нимага деганда, Шероз хотунларидек меҳрибон хотун дунёда бўлмайди”, дер эди. Лекин унинг ташвиқи мени Шероз қизларидан олмоғимга қизиқтиролмас эди. Мен Музаффарий наслини қуритмоқға қаттиғ киришган эдим. Шаҳзода Яҳё Музаффарий билан Мутаъсим ибн Зайнуллобидиннинг изини қидирмоғда эдим. Султон Яҳё Музаффарийни Қамшо деган жойда деб хабар олдим. Қамшо ҳокимига бир хат юбордим. Мазмунида: “Агар дунёда ҳаёт юриш ниятинг бўлса, Яҳё Музаффарийнинг бошини кесиб олдимга олиб кел, мукофот ол”, дедим.
Бир кун менга хабар бердиларки: “Амир Абдулбоқий деган Қамшо ҳокими сиз билан мулоқот бўлмоқ истайди”. Ижозатим билан олиб кирдилар. Ғубор билан чанг босиб кетганидан юзини кўриб бўлмас эди. Елкасидаги хуржунни олдимги қўйиб, ичидан бир дона кесилган бошни чиқарди ва: “Эй Амир, сиз талаб қилғон бошни олиб келдим,- деди. Сўзида давом этиб:-Қамшодан бу ерга келгунча етти адад отни юткаб ишдан чиқардим. Бундан мурод кесилган бошни саситмай, иритмай олиб келиб назарингиздан ўткузиш эди”.
Мен шаҳар ҳокими билан бир неча оқсоқолларни чақириб, улардан шу кесилғон бош Яҳё Музаффарийнинг боши деган шаҳодатни олғонимдан кейин, амир Абдулбоқийдан: “Султон Яҳё Музаффарийни қандай қилиб ўлдирдинг?” деб сўрадим. У жавоб берди: “Эй Амир, Сизнинг мактубингиз етиб борди. Шу бошни олмасам, ҳаёт юришим мумкин эмаслигини билдим, уни меҳмон қилиб, емакка даъват этдим. Суфро устида таом еб ўлтурғон эди, кишиларим унинг устига ҳамла қилиб, бир неча қилич-ханжар зарбасини орқа-олдидан уриб ўлдурдилар. Мен дарҳол бошини кесиб, икки кеча-кундуз йўлни тўхтамасдан босиб ҳузурингизга етиб келдим”.
“Демак, Султон Яҳё Музаффарийни суфро устида таом еб ўлтурғонда ўлдирдингму?” дедим. У: “Бале, мен уни шу вақтда ғофил топиб ўлдурмасам, бошқа вақтда уни ўлдуриш уҳдасидан чиқолмас эдим”, деди. “Мен ўз душманимни ҳаргиз таом еб турғонда ўлдурмайман”, дедим. Амир Абдулбоқий “Эй улуғ Амир, мен сизнинг амрингизни бажариб келсам ҳам, ўринсиз ҳисоблайсизми?” деб надоматлик савол берди. Мен унга: “Сен ўринсизликка чиқмайсан, фақат, мен сенинг бу хилда ўлдиришингни писанд қилмадим”, дедим ва унга беш минг динор берилсин, деб буюрдим. Амир Абдулбоқийнинг надомати ўрниға чеҳраси очилди. Олтин солинган халталарни олиб хуржуниға солди. Уни зўрға кўтариб, елкасига кўтармоқчи бўлганида, бу бошни ҳам олиб кет, дедим. У ҳайрон бўлди: “Бу бошни олиб кет, дедингизми?-деди.-Сизнинг бу бошға эҳтиёжингиз йўқми?” “Душманнинг кесилғон бошининг менга кераклиги ва ҳожати йўқ”, дедим. Амир Абдулбоқий бошни ҳам ҳуржунга солиб, олтин билан бошнинг оғирлигидан букилғонча чиқиб кетди.
Султон Яҳё Музаффарийни тугатғонимдан кейин Султон Мутаъсим ибн Зайнулобидинни қидиришга киришдим. Таъкид билан келғон хабарларда унинг Шомда эканлиги маълум бўлди. Шом подшоҳининг ёрдами билан Форсга қўшун тортиб келиб, тасарруф қилмоқ фикрида Форс подшоҳлигининг тамаъида юрган эмиш, деб Форсдан Мовароуннаҳрга кетганимда эшитдим. Мен у ердан Шом подшоҳига хат ёзиб, Султон Мутаъсим Зайнулобидинга ёрдам қилмоқдан воз кечмоғини ва уни муҳофаза билан Мовароуннаҳрга ҳузуримга юбормоғини талаб қилдим. Шом подшоҳи менинг мактубимга: “Маълум бўлишича, сенинг димоғингни ғурур қоплаб олибди. Агар ундоғ бўлмаганида, ўз ҳудудингда адаб сақлаб, мендек бир подшоҳга бундоғ буйруқ қилмас эдинг. Султон Мутаъсим менга паноҳ тортиб келган, мен ҳам унга ёрдамимни камчиликсиз ҳолда бераман”, деган йўсинда жавоб ёзди.
Шом подшоҳининг бу жавоби  мени Ҳиндистонга қилиб турган азимимни кейинга қолдириб, унинг устига қўшун тортмоғимни олға суриб қўйди. Султон Мутаъсим ибн Зайнулобидин оқибатда менинг аскарбошлиғимнинг бири билан кечган маъракада ўлдурилиб, Музаффарий сулоласи бутунлай тугади.
Шероз ишларидан фориғ бўлғонимдан кейин уламолари билан кўришмоқға бошладим. Диний уламолари билан ўткузилғон биринчи мажлис Умар ибн Лайс Саффорийнинг масжидида бўлди (Бу масжиднинг 285 йили ясалғонини илгари ёзғон эдим). Аввал мажлисдаги ҳозирларга хизматчиларим тарафидан шарбат тортилди. Сўнгра мен тарафдан Шерознинг отоғлиқ уламоларидан бўлғон Шайх Баҳовуддин Ўрдустоний билан суҳбат бошланди. Ундан савол қилдим: “Таҳорат олғон кишининг оёғига масҳ қилғони тўғрими ёки ювҳони тўғрими?”
Шайх Баҳовуддин Ўрдустоний: “Оёғни ювмоқ керак”, деб жавоб берди. Лекин далил учун оят ва ҳадисдан аснод кўрсатмади. Мен сабаб сўраганимда, “Аллоҳнинг ҳукми шу”, деб сўзни кесди. Ҳатто далили учун бирор оят ўқимоғини сўрадим. Шайх Баҳовуддин Ўрдустоний жавоб беролмади. Уламолардан бири: “Мен жавоб берсам бўладими?” деб савол қилди. Унинг жавоб беришини хоҳламадим. Фақат Шайх Баҳовуддиннинг жавоб беришини кутиб турдим. Ниҳоят Шайх Баҳовуддин: “Таҳорат хусусида оят борлигини биламан, аммо ҳозир эсимдан чиқиб қолди”, деди. Унинг бу жавоби бир уламога нолойиқ жавоб эди. Шунинг учун унга тавжиҳан ва танбиҳан бундоқ дедим: “Сен шуҳратлик олимдирсан, Шерознинг пешволаридан бўласан, шундоғ бўла туриб, таҳорат ҳақиндаги оятни эсдан чиқариб қўясан. Сен каби катта уламонинг ўз ҳужжати-далилидан айрилиши моҳир жангчининг жангга қуролсиз чиқиши, қиличини уйда эсидан чиқариб қўйғони кабидир. Бу ҳақда сураи Моида, сураи Нисонинг бу оятлари бор”, деб оятларни ўқиб бердим. “Оятларнинг маъносини биласанми, таржима қилиб берайинми?” деб сўрадим. “Маъниларини биламан”, деб сукут қилди.
Навбат Ҳожи Мусо Кутоҳийга келганда, “Намози бомдодга хос фазилат бор, шунинг далилини айтиб берсангиз”, дедим. Мусо Кутоҳий: “Эрта намози бу куннинг бошланишига кириш намози бўлғони учун фазилатликдур”, деди. “Шу сўзингни Қуръон ояти билан далил кўрсатиб исбот қил”, дедим. Мусо Кутоҳий жавоб беролмағанидан кейин мажлисдагиларга хитобан: “Саволимга ким жавоб беради?” деб сўрадим.
Йиғилиш орасидан бир нафар кўса одам: “Рухсат берсангиз, мен айтиб берай,- деди. Ижозат берганимдан кейин айтди: “Эй Амир, Аллоҳу таоло тонг намозининг фазилати ҳақида сураи Исрода “Қуръонул фажр” деб зикр этгандурки, эрта (фажр) намозини Қуръон деб таъриф этиш билан унинг фазлини ҳам Қуръон мартабасидек кўрсатди. Бу ҳақда бутун Ислом уламолари муттафиқдирлар. Динимиз шу асос билан бутун мусулмонларга еткузадирки, эрта (бомдод) намози Қуръон каби аҳамиятликдир. Шу билан бирга, намозни дин арконларидан деб биламиз. Шуни ҳам эсдан чиқармаслик лозимдирки, Аллоҳ таоло Қуръонда бошқа намозларни ҳам зикр этди. аммо ҳеч қайси намозни “Қуръон” деб васф қилмади. Фақатгина тонг намозини “Қуръонул фажр” деб зикр этгандир. Хулосада шуни баён қиламан: Сиз сўраган бомдод намозининг фазлига далил ушбудир, шу билан бирга, бошқа намозларни файзи йўқ экан, деб ташлаб қўймаймиз. Уларнинг ўзига яраша фазли бордир. Фақат “Қуръон” деб фазилат берилмагандир”.
Мен уни: “Марҳабо, эй олим киши, ўрнингдан тур, ёнимга келиб ўтир, сенинг жойинг мажлиснинг садридадир”, дедим. Ул киши келиши билан ёнимға ўлтурғиздим. Устидаги кийимлари йиртиқ бўлиб, бир аҳли илм одамга муносиб эмас эди. Исмини сўрадим. “Ҳасан ибни Қурбат” деб жавоб берди. “Аҳволинг қандай?” деб сўраганимда: “Эй Амир,маош тўғрисида қийналғондирман”, деди. Унга бир минг динор берилишини хазинадоримга буюрдим. Ҳасан Қурбат менга ташаккур қилғондан менга яна ҳам яқинроқ келиб, шивирлади: “Эй Амир, мажлисингизга ҳозир бўлғон уламоларни бундан зиёда ҳижолат қилишга киришманг, буларнинг кўплари руҳониятнинг мазоёларидан маҳрумдир. Фақат кўринишда ўзларини уламо суратида ясаб олғондирлар. Ҳатто арабий тилни тузук билмайдурғонлари ҳам кўпдир. Қуръонни билиб, Қуръон руҳоний уламоси аталмоқ учун арабийни яхши билиш лозимдир”, деб менга интибоҳ берди. Менинг қасдим ҳам уларни шарманда қилиш бўлмай, балки руҳоний фазлу камолотларини билиб, улардан истифода қилмоқ эди. Ҳеч кимда эшитмаган илм ҳикматини улардан эшитиб, илм олмоқни истар эдим.
Шайх Хасан Қурбат: “Эй Амир, Шерозда кўп олимлар бордир; улар ҳақиқий уламолар бўлиб, излатда яшайдурлар. Уларни “урофолар”, “аҳли урафон” деб атаймиз. Кўз олдингизда турғон “уламо”лар уларни “палид” деб шуҳрат берадирлар. Чунки улар ўз шеъларида майхона, маъшуқа, даф-чангдан баҳс қиладирлар. Аммо булар бу румузот ва истилоҳотлардан мутлақо хабарсиздирлар. Уларни майхўр, фосиқ дейдирлар. Ҳолбуки, урофолар истилоҳинда май, майхона, даф, чангларнинг ўзига хос маънолари бордир. У маъноларни ўша урофоларнинг ўзлари биладирлар, шариатга ва одобга хилоф қилмайдирлар. Бу кишилар аҳли урофон билан алоқа қилмағонлари учун уларнинг рамуз-истилоҳлариндан бехабар ҳолда, ҳар хил мағоир таъбирлар билан авомнинг фикрига ва урофолар маслагига ўрунсиз ҳужум қиладирлар. Эй Амир, агар сиз бу янгиликларни билишга қизиқсангиз, Шероз урофоларини хос ўз ҳузурингизга чақириб, улар билан суҳбат қилгайсиз”, деди.
Мен Ҳасан Қурбатга мамнуният билдириб: “Сенинг тавсияларингни қабул қиламан. Албатта, бу орифлар суҳбатидан истифода қиламан”, дедим. Феълан, унинг тавсиясига эътимодан, Шероз урофонларини ўз уйимга чақирдим. Уларнинг ҳаммасининг исмларини зикр қилмоқға ҳожат йўқ учун, буларнинг орасидан: Зикриё Форсий (тахаллуси Вомиқ), Сабоҳиддин Сумбули (тахаллуси Ориф), Шамсиддин Шерозий (тахаллуси Ҳофиз) кабилар мавжуд эди. Булардан Ҳофиз шеърларини ўқиғон эдим. Бошқаларининг номларини ҳам билмас эдим. Шамсиддин Ҳофиз у кунларда кексайиб, кўзлари хиралашиб, бели букилиб, нотавон бўлуб қолғон эди (Мен ҳам қариб қолдим, лекин мен, ул одам каби, нотавон эмасман. Чунки мен ором олмайман, чолушаман (ишлайман),ҳаракат қиламан).
Улар учун ҳозирланган таомлар тановул қилиниб бўлғондан кейин суҳбатни Зикриё Форсий Вомиқға хитобан: “Сен мусулмонмисан, йўқми?” деган савол билан бошладим. У: “Алҳамдулиллоҳ, мусулмонман”, деб жавоб бергандан кейин: “Кўп яхши. Бу ҳолда Исом ақидаси ва фармонларини яхши тушунасан, уларни адо қилмоқ, бўйинсунмоққа ҳам қоилдурсан. Бунинг устига, орифлар зумрасига мансубдурсан. Хўп, шундай экан, нимага намоз ўқиғувчига қибла билан бутхонанинг фарқи йўқ деб ақида қиласан?” дедим.
Зикриё Форсий Вомиқ жавоб беришга бошлаб, шундай деди: “Эй Амир, Каъбанинг аввал бутхоналиги, сўнгра мусулмонларга қибла бўлиб қолғонлигини назарда тутмағон ҳолимизда ҳам, орифларнинг бутхона демакдаги назарияси, Худо қаерда бўлса, қибла ўша жойдир, деган назарияга боғланади. Худо ҳар жойда ҳозир-нозирдир. Қайси тарафга қаралса, уни мушоҳада қилинадир. Демак, ҳамма жойда бутхона қибладир”.
Мен: “Марҳабо, эй Вомиқ, яхши жавоб бердинг. Албатта, Худо ҳамма жойга қаралса, бордир. Аммо Худонинг хос амри мавжуддирким, намоз ўқиғонда, юзларини қиблага қаратиб туриб намоз ўқиғайлар, деб буюрғондир. Акс ҳолда, бутхонага қараб намоз ўқимоқ ҳаром ва ножоиздир”, дедим. Зикриё Форсий Вомиқ: “Сўзингизга изоҳ бермоғим учун ижозат сўрайман”, деди. Ижозат берғонимдан кейин сўзга кирди: “Бир мусулмон суннату вожибларни адо қилиб, мустаҳаб амалларни ҳам ўринлаб  юрган бўлса, унинг даражаси орифликка яқинлашиб борғон бўлади. Фақат, орифлар мулоҳаза ва фикр қилғон нуқталарга етишмағонлик фарқи бўлади. Маълумки, урофолар бу нуқталарда мустаҳаб амалларни ҳам тарк этмайдилар. Шу билан бирга, беш вақт намозни қиблага қараб ўқишлари муҳаққақ ва муқаррардир. Аллоҳу таолони ёдлаб зикр қилғонда кўпроқ фикр билан машғул бўлади. Қайси тарафга қараса, Аллоҳу таолонинг санъатидан бирига қарайди. У нарса тўрт ҳикматнинг қайси бирида бўлса, фарқсиздир. Бу ишни Ислом амрларига қарши деб ҳукм қилиб бўлмайди. Эй Амир, беш вақт намозни ўқиш ва бошқа фарзларни адо қилиш ҳар бир мусулмоннинг аднои марҳалада қиладурғон вазифасидир, агар сиз менинг сўзимдан танқид бобини очиб муораза қилмасангиз, шундай бир мисол қиламиз: бир кичик бола бошқа таомларни еб ҳазм қила олмайди. Унга онасининг сути кифоя қилади; унинг улғаймоғига шу сутни бериб, ой, йиллар интизор чекилади. Катта бўлғондан кейин у бола сутга қаноат қилмайди. Ҳар бир емакни еб, ўзининг комил инсон эканлигини кўрсатади. Садри Исломдаги мусулмонларнинг (баъзи саҳобаи киромлар мустасно ҳолда) кўпларида илм маориф нашр бўлиб етмағон эди. Уларнинг савиясига нисбатан аҳкомлар берилмаса шошиб қолиб, хатоларга иртикоб қилиб қолишлари мумкин эди. Аллоҳу таолони танийман, деб ўз фикрида адашиб кетмоғидан эҳтиёт лозим эди. Бу нуқталар назари Илоҳийда маълум бўлғони учун уларнинг ақли, илми ва ноҳияларига мувофиқ қонунлар (фиқҳ) вазъ этилғондир. Ислом ақидасига асосланиб, уламолар кўпайди, фикрлар, тадбиқларга йўл очилди. Улар кўриб чиқмағон илм, фан назариялари қолмади. Бугун ҳижратдан саккиз аср ўтди. Ислом маорифига оид мингларча китоблар юзага чиқди. Шундай бўлса ҳам, бугунги мусулмонлар садри Исломдаги оддий мукаллафият билан ҳаёт кечирмоғдалар. Албатта, Аллоҳу таоло ўз бандаларидан ундан ортиғроқ нарса талаб қилмайди. Бироқ маориф нури билан танвир этган кишилар зиёдаси билан амал қилмоқлари керак. Худони танимоқда бир орифнинг бир оддий мусулмондан фарқи бўлиши керак. Мана, ориф деганимиз шу зумранинг аҳлидирлар”, деди.
Сабоҳиддин Юсуф Сумбули Орифга: “Сен ҳам Вомиқнинг сўзларига мувофиқмисан?” деб савол бердим. У ҳам тасдиқлаб жавоб берди.
Муноқашани ҳал этмак учун: “Ундоғ бўлса, бу мавзуни соддароқ қилиб, илмлик кишилар Худони танимоқлари учун авомдан кўра кўпроқ амал қилишлари керак, деб тасрий қилмасдан, нега бутхона каби сўзларга уринасизлар?” деб савол қилдим.
Менинг бу саволимга Юсуф Сумбули Ориф жавоб берди: “Эй Амир, орифлар ўз назариясини соддача тил билан изҳор қилмай, махсус истилоҳатларга бош урмоқларига икки сабаб бордир. Биринчиси: авом кишилар илмий кишилар (орифлар) билан илми ноҳияда баробар эмасдурлар. Бинобарин, уларга яқин бир истилоҳ қўлланмоққа мажбур бўлгандирмиз. Иккинчи: уламолар ўз бозорларининг касод бўлиб қолмаслиги учун урофоларга қарши рақобат-хусумат қиладилар. Нимага деганда, халқнинг кўзи очилиб, бутун халқ оммаси Худони ҳақиқий маъноси билан таниб қолсалар, улар ўз шамлари атрофида тавоф қилиб (парвонадек  фидо бўлиб) юргувчи муридлардан айрилиб қоладилар. У вақтда уламоларнинг бозорлари касодлашиб, дўконларини боғламоққа мажбур бўладилар. Мансур Халлож билан Айнил Қузод Ҳамадонийлар содда тил билан сўзлаб, халқнинг кўзини очмоқчи бўлган эдилар. Истилоҳ қўлланишига ҳам рози эмас эдилар. Жумладан, Мансур Халлож: “Мен ҳақман”, дер эди. Буни дарҳол “Мен Худоман” деди”, деб дорга осдилар. Ҳолбуки, на Мансур Халлож, на Айнил Қузод худолик даъвосида эмас эдилар. Уларнинг мақсадлари Худони ҳамма жойда мавжуд демак эди (Мутаржим Учқун изоҳи: Салоҳиддин Салжуқийнинг “Тажаллий худо дор офоқ ва анфус” деган китобида бу ҳақда тавсиҳлар бордур). Бу кунда ҳам бир киши “Худо менда бор” деса, кофирликка ҳукм қилиб ўлдиришади. Токи урфон маслаги дунё халқлари фикрига ўрнашгунча, вазият шу ҳолда қолади. Орифлар ўз назарияларини содда тил билан ошкора қилолмайди. Мана шу сабаблар билан ўз назарияларини махсус истилоҳлар орқали тилга келтирмоққа мажбурдирлар”, деди.
Бу мажлисда мен орифларда илмлардан кўпроқ маърифат борлигини ҳис қилдим. Буларнинг сўзларини ақл қабул қила олар эди. Чунки булар Қуръон маъноларини уламолардан кўра яхшироқ билиб, тушунар эдилар. Сўзлари орасида Қуръон оятларидан кўпгина далил келтириб сўзлашга қодир эдилар.
Навбати билан Шамсиддин Муҳаммад Шерозий Ҳофиз билан: “Сокинони ҳарами сатри ифоф малакут, бомани роҳи нишин бодаи мастона зоданд” деб ёзган шеъри ҳақинда баҳс қилдим. Ва Ҳофиздан: “Шу шеърни сен ёзганмидинг?” деб сўрадим Ҳофиз: “Эй Амир, кўзларимнинг заифлигидан Сизни яхши кўролмайман, аммо товушингизни яхши эшитдим. Ҳа, ўша шеърни мен ёзганман”, деди. “Ундоғ бўлса, Худони бир ҳарамхонаси бор каби танитиб кофир бўлганинг устига, Аллоҳ таолонинг пок ва муназаҳлигига иҳонат ҳам келтиргансанки, Худонинг хотунлари ҳарамхонасидан чиқиб, йўл бўйида сенга учраб, майнўш қилиб, маст бўлғон эмишлар”, дедим.
Ҳофиз: “Эй Амир, мен куфур ҳам айтмадим, иҳонат ҳам қилмадим. Байтнинг аввалги мисрасида: “Сокинони ҳарами сатри ифоф малакут”, дедим. Сатр, ифоф деган бу икки калима Худонинг ҳарамхонаси оддий бир ҳарамхона эмаслигини исбот қилмоқдадур. “Худонинг ҳарамхонаси” деганим румуз калималаридан бўлуб, унинг сирлари розий халққа ошкора эмасдур. У офият маконидир. Сўнгра мен, Худонинг ҳарамхонасида хотун киши бор, демадим ва яна шеър биносинда хотун киши исми тутилмағондир. Масалан, “Занхои ҳарами” деганим йўқ, балки: “Сокинони ҳарам” дедим. Шеъримда “Ҳарамхона” деган гап йўқ. Фақат “ҳарам” исми зикр қилинғондур. Бунинг маъниси -  ғоятда муқаддас жой ва ул жойда бегоналарга йўл йўқ, демакдур. Мен бу шеъримни бир баҳор мавсумининг саҳар чоғида айтғонман. Ўша саҳар чоғида ҳаво кўп матлуб эди. Бутун Шероз ҳавоси гул ҳиди билан қопланғон эди. Бу илоҳий манзара мени мастликка эҳсос эттирар, булбулларнинг нағмасини эшитар эканман, хурсандликдан ҳаяжонга дуч келдимки, гўё мен коинотнинг ҳамма нарсасига шерикдирман. Фаришталар менинг вужудимга шомилдур. Мен ҳам фаришталар вужудига киришғондирман. Бу эҳсос ҳаддан ошди ва бу шеърни ёздим:
Сокинони ҳарами сатри ифофи малакут
Бомани роҳи нишин бодаи мастона заданд
(Таржимаси: малакутнинг ҳарами сатр ифофиндагилар ичдилар май, мен билан маст ўлгунча...)
Ҳофизнинг сўзини кесиб: “Сен иккинчи мисрада: малакутнинг  сатри ифофида ўлтургувчилар ёки, сенинг сўзингга кўра, фаришталар сен билан май ичиб маст бўлмишлар. Оё майнинг ҳаромлигини билмайдурсанми?” деб савол бердим. Ҳофиз: “Эй Амир, май ичмоқлик боёғи айтиб ўтилғон урфон ислоҳларидандир. Шароб ичган маъносида эмасдир. “Май ичмоқлик” деган бу сўзнинг маъниси: “Аҳли камол олим кишилардан маърифат-маориф ўрганиш маъносидадир. Оддий шароб ичиш одамни маст қиладур, камол аҳлидан маърифат ҳосил қилган одам ҳам маст бўладир. Майхона дейилганда, урофолар ўша илм маърифат ҳосил  қиладирғон жойни қасд қиладур (Таржима муҳаррири Яъқуб хўжа Маҳжурий изоҳи: Ҳофиз Шерозийнинг илмий сўзлари соҳибқиронни шиддатидан туширибгина эмас, таслим бўлғонини ўз қалами билан ёзиб эълон қилмоғига қадар таъсир бера олғондир. Соҳибқирон ила Ҳофиз Шерозий орасида ўтган баҳслар, янгидан бирор саволга ўрин ҳам қолдирмасдан “май” сўзи маориф-маърифат душманларининг тааддисига қарши қўлланилган истилоҳ (румуз) эканлигига қаноатлантирди. Мана шу истилоҳни Ҳайём, Навоийлар ҳам қўллагани ўз-ўзидан маълумдир. Афсуски, бугундаги баъзи қалам соҳиблари бу маънони суиистеъмол қилиб, гўёки бу мутафаккирларни ичкулик сотувчиларнинг карнайчисига айлантириб қўймоқдадурлар. Шу билан бирга, ўзларини ҳам ичкулик корхоналарининг ташвиқотчилари ўрнида қалам тебратмоқдадирлар. Умидим шулки: ҳар бир қалам соҳиби инсониятга зарарлик моддани мақташ йўли биланинсонлар саломатлигига зара бермасликни назарда тутсалар, инсониятга буюк хизмат қилган бўлур эдилар. Ҳофиз Шерозий, Умар Ҳайём, Алишер Навоий каби мутафаккирлар истеъмол қилган “май” калимаси илмий истилоҳ бўлиб, унинг замирида илм-маърифат турғонини ўқувчиларга огоҳлатишга ҳаракат қилсалар, деб кўзда тутаман). Ўша баҳорнинг саҳар вақти мени жазб қилиб олғон эди. Фаришталар мен билан суҳбатдадирлар. Хилқат розларини менга очиб бермоқдалар, деб тасавввур қилур эдим. Мана шу ҳолни: “Мен билан шароб ичдилар” деб ифодаладим”, деди.
Ҳофиздан: “Ўша сенга айтган сирлар ва розлар нима эди, айтиб бер”, дедим. Ҳофиз: “Эй Амир, ўша саҳарда фаришталар хилқат асрорини менга очмоқдалар деб тасаввур қилдим. У қадар нарсаларни эҳсос қилдим, таҳаййул эди. Албатта, у таҳаййулни тилга келтиролмайман. Агарда илож бўлса эди, ҳаммасини шеър қолибига солар эдим. Бутун орифлар қаттиғ фикр қиладилар, кўп нарсаларни эҳсос қиладилар, тилга келтирмоқ учун ўзларини ноқис кўрадилар. Шунинг учун бу маҳсусотларни баён қилмоқ қийиндир. Шеър қолибига киргизмак ҳам мумкин эмасдир. Биз бир нарсани қаттиқ-юмшоқ, иссиқ-совуқ деб айта оламиз. Эшитгувчиларимиз ҳам бунга тушунадилар. Бироқ маънавий маҳсулотларни баён қилмоқ бу каби қулайгина эмасдир. Мабодо баён қилғон бўлсак, эшитгувчилар нима деғонимизни ҳеч бир тушунмайди. Ориф бўлмағон оддий бир инсон баҳор фаслининг саҳар чоғида эсғон ел олиб келғон атрий гулларнинг ҳиди димоғини муаттар қилиб, булбулнинг нағмаси муаззин чеккан бомдод намозининг азони қулоғларга кириш билан бир кайфият эҳсос қилинади. Ана шу эҳсосни ким мукаммал ҳолда тасаввур қила олади? Агар тасаввур қилдим деса, лак-лакдан бирини айтган бўлиб, руҳга етган таъсирини комилан таъриф қилолмайди. Мана шундай экан, фаришталар билан нималарни баҳс қилдик, улар нима деди, мен нима сўрадим – буни тилга чиқармоқ имконсиздир. Бинобарин, саволингизга  бир нарса деб жавоб бериб сизни қаноатлантира олмайман”, деди.
Эй ширин сўзлик киши, яхши сўзладинг, берғон жавобларинг менга қаноат бағишлади. Қуръонни ёд биармушсан, тўғрими?” дедим. Шоир: “Бале, эй Амир”, деб жавоб берди. Мен “Аъроф” сурасининг этагидан бошлаб оят ўқиб бергин”, дедим. Шоир: “Суранинг оёғидан тортиб бош тарафига қараб оят-оят ўқи, демоқчисиз, лекин мен бундан ожиздурман”, деди.
Сўнгра мен ўзимнинг сўрмоғимнинг мумкин эканлигини айтдим. Улар: “Бизда сизни имтиҳон қилгудек журъат йўқ” дедилар. Мен уларга тортинчоқлик қилмасликларини бемалол қилғонимдан кейин сураи Бақарани талаб қилишди. Мен ўқиб бердим. Улар таҳсинга оғиз очдилар. Ҳофиз эса: “Эй Амир, сиздек бир  донишманд кишининг олдида ўзимнинг ожизлигимга эътироф этаман. Гарчи мен Ҳофизи Қуръон бўлсам ҳам, сизнинг олдингизда ўзимнинг қори эканлигимни сўзлай олмайман”, деди.

 
« Олдинги   Кейинги »