024. Луристон ўлкасида бир айланиш Принтер учун E-mailга юбориш
Мен Шероз уламолари билан кўришиб, улар билан қизғин суҳбат ўтказиб, суҳбатлардан лаззатланиб турган вақтимда бир хабар келди. Луристон мамлакати ҳудудидан ўтаётган бир юз эллик  нафар аскарларимдан бож тўлаб ўтишни талаб қилган эмишлар. Аскарларим Луристон султони Отабек Афросиёб ибн Юсуф Шоҳга қарашлик божгирларнинг сўзига итоат қилмагани учун ҳаммасини ўлдурган эмишлар.
Бу хабардан кейин илмий мажлисни йиғишга тўғри келди. Суҳбатларга иштирок этган кишиларнинг ҳар бирига минг динордан олтин бердим. Ҳасан Қурбатга аввал берганим учун 500 динор изофа (қўшиб) бердим. Форс салтанатини ўғлим Мироншоҳга топшираётиб таъкид этдимки, “илгари Музаффарий ҳукуматида ишлаган мансабдорлар ўз ўринларида ишласинлар. Ҳеч бирини ўрнидан бекор қилма. Уларнинг ўз мансабларида қолишлари сенга қарши вафодорлик олдини олади. Ўринларида азл қилсанг, ҳар бир дақиқада сенга қарши ҳаракат қилиб, заҳмат туғдиради”, деб огоҳ қилдим. Бутун қўшунни уч тақсим қилдим. Бирини ўғлим Мироншоҳ билан қолдирдим. Қолган икки қисми билан Лурисонга қараб йўлга тушдим. Йўлда кета тури, ҳар манзилнинг тажрибакор одамларидан Луристон ҳақида таҳқиқ олиб бордим. Уларнинг ҳаммаси мени Луристон сафаридан қайтарар эди. Луристон томондаги тоғларнинг баландлиги, ошиб ўтишнинг қийинлиги, Отабек Афросиёб ибни Юсуф Шоҳнинг турган жойи шундай баланд тоғлар орқасида эканлиги, хатарлик сойлар ва жилғалардан ўтишнинг иложсизлиги, бизнинг юз минг кишилик қўшунимизни Отабек Афосиёбнинг юз нафар аскари мағлуб қила олиши... каби сўзларни сўзлар эдилар. Халқнинг қомати икки зироъдан баландроғ бўлса ҳам, бир тоғда туриб наъра тортсалар, нариги тарафдаги тоғнинг тошлари ларзага келиб, юқоридан пастга юмалаб кетади, дедилар. Улар бир юз эллик йил умр кўрадилар. Хотунлари саксон ёшгача бола туғиб туради. Сиз билан уларнинг ораларингизда фарқ кўпдир. Бинобарин, юз эллик аскарингизнинг қонидан кечиб, ўзингизни бу хатарлик минтақанинг одамлари юртида ҳалокатга ташламанг, деб менга насиҳат қилур эдилар.
Яна бир кишилар: “Агар Афросиёб ибн Юсуф Шоҳ ўз пойтахти Ҳусайнободдан ташқари чиқмаса, сизнинг у билан урушмоғингиз маҳолдир. Қўшунингизни Ҳусайнободга етказмоғингизнинг ўзи мумкин эмасдир. Баъзи шундай ўрмонлилар, минтақалар борки, кундузи чироғ ёқиб ўтилмаса, бўлмайди,-дер экан, қадимги фотиҳларни санаб:-Искандардек бир подшоҳ Луристонга келолмади. Сиз нечук Афросиёбга бориб урушасиз”, деб ачиниш билдирар эдилар.
Мени сафардан қайтариб турган ул кишилар тарихдан хабарсиз авом одамлар эди. Искандарнинг Луристонда зарур иши йўқ эди, бормади. Луристонлик менинг юз эллик отлиғимни ўлдурмаганида, мен ҳам у ёққа бормас эдим, улар билан урушмоққа қасд қилмас эдим. Мен Байнаннаҳрайнда турган вақтимда Луристон ҳақинда баъзи таҳқиқотлар ўтказганман. Унда мен Луристон йўли билан Форсга бормоқчи эдим. Луристоннинг ғарбидаги олтмиш тошлик тоғ йўлидан ўтиш имконсизлигини билган эдим. Мана шу сабабдан ҳеч бир қўшун ғарб тарафдан Луристонга кирмаган эди. Аммо шарқ тарафдан Луристонга кириш мумкин эди. Буни тарихларда ҳам ўқиганман. Луристонга кирган қўшун мол-амволни тасарруф қилибгина қолмай, Ҳусайнободни ҳам тасарруф қилган эдилар. Мен ёз фаслининг ярмида Луристонга жўнадим. Агар Лурсионга бормаганимда Мовароуннаҳрга мурожаат қилмоқчи эдим. Илгари ҳам айтган эдим. Ватанимдан чиқиб Астрободга, ундан Мазондаронга борганимда ҳам йўл устида ҳамма жойларга кабутархоналар таъсис қилган эдим. Ҳукуматим бор жойларнинг ҳаммаси билан алоқалашиб турмоғимга имкон бор эди.
Катта ўғлим Шайх Умар Самарқандда бўлса ҳам робита-алоқалар узлуксиз табодил қилинар эди. Агар Луристон воқеаси туғилмаганда ўғлим Шайх Умарни Форс султони қилмоқчи эдим ва Мироншоҳни ўзим билан бирга Мовароуннаҳрга олиб кетар эдим. Луристон воқеаси ўртага тушгандан кейин бу фикрларимдан мувақатан воз кечдим.
 Луристон йўлларига ҳам кабутархоналар таъсис этдим. Луристон ҳудудидан ўтгандан кейин қўшун аскарий тартибда йўл босди. Орқа ва олдимизни эҳтиёт учун талоялар орқали кузатиб бордим.
Бир куни кун ботар вақтида бир жойга етиб келдик. Ундан нари бир довон бор эди. Табиийю довонлан эҳтиётсиз ўтмас эдим. Бу ерда бир неча адат кулба билан би дона тош тегирмон бор эди ва бир неча дона ўтлаб юрган қўй, эчкидан бошқа нарса йўқ эди.
Бошига катта бир қалпоқ кийган баланд қомат, узун оқсоқоллик кеса одам кўринди. Қалпоғининг атрофига шоли похолидан ўраб катта ўрама қилиб олган эди. У одамни олдимга олиб келишларига буюрдим. У одам кўп яшаган бўлса ҳам, ўқдек қомати билан ҳузуримда ўзини кўрсатди. Одатан мени уруш либосида кўрган ҳар бир одам бир оз ваҳшатланар эди. Бу кекса одам ҳеч бир ваҳшатланмади. Мен зўрға тушунадиган лаҳжада: “Нима ишинг бор?” деди. Мен ундан минтақанинг исмини сўрадим. Чол киши: “Бу ерни Изо тегирмони дейдурлар”, деди. Унга айтдим: “Менинг билишимча, Изо моли амир шаҳрининг иккинчиси бўлса керак?” Кекса киши бармоғи билан бир нарсага ишорат қилиб: “Ўша кўриниб турган тоғнинг орқаси моли амир шаҳри,-деди ва:-уни ҳам Изо дейдурлар. Аммо бу ерни Изо тегирмони деб таъмиз этилади”, деди. Мен ундан бу ерда нима иш қилишини сўрадим. кеса ода мўзининг қийин лаҳжаси билан тегирмончилик қилишини айтди. Қанча замондан бери тегирмончилик қилиб турганини сўраганимда, эллик йил бўлганини билдирди ва ёшининг бир юз йигирмага кирганидан хабар берди. Мен ишонолмаган каби қайта сўрасам ҳам, яна ўша жавобни айтди. Ёнимга яқинроқ келмоғини талаб қилдим. Ёнимга келганидан кейин: “Оғзингни оч, тишларингни кўрай”, десам, чол аччиғланиб: “Мен от эмасманки, тишларимни кўрасан”, деб қўпол ҳазиллашди. Тишларини кўрдим, таажжубландим. Чунки икки тараф тишлари садафдек ярқираб, бирорта тиш тушмаган эди. Ундан сўрадим: “Сен қандай сув ичасан, тишларинг оппоқ ва ҳам соғ турибди?” Чол ариқдаги сувни кўрсатиб: “Шундан ичаман”, деди. “Сен тегирмончилик қилмасдан илгари нима иш қилар эдинг?” деб сўраганимда: “Мен ўша тоғда ҳаёт кечирар эдим,- деб бир тоғни ишорат қилди.-Биз билан  Бейронданд тоифасининг орасига низо тушиб қолиб, ўз жойимда туролмай қолдим. У жойна ташлаб келиб бу ерда тегирмончилик қилмоқдаман”, деди. Ўзининг Рованд тоифасидан эканлигини билдирди. Эмди суҳбат бир оз юришди, қисқа-қисқа саволларимга жавоб бериш билан бошқа нарсаларни сўраш мавқе келиб қолганидан фойдаланиб: “Луристон султони Отабек Афросиёбни ҳам танийсанми?” деб сўраб қўйдим. Унинг чеҳрасида нафрат туси кўринди. Қисқа ва маънолик қилиб: “Ҳу, у бегонани танийман”, деди. Мен унга бир оз муқаддима билан: “Отабек Афросиёб катта оталаридан тортиб бир юз олтмиш йилдан буён Луристонга султонлик қилиб келмоғдадир, нечук сен уни бегона деб атадинг?” дедим.
Чол тўмтайибгина жавоб берди: “У Афросиёб луристонлик эмас, ота-боболари ҳам луристонлик эмас, бошқа жойлардан Луристонга келиб қолган”.
У кекса киши рост айтар эди. Мен Луристонга бормасимдан бир юз олтмиш йил илгари Отабек Абу Тоҳир исминда бир киши Хуз (Хузистон) ўлкасидан Луристонга келган ва у ерда салтанат қурган эди, ундан кейин ўғли Отабек Хазоасп подшоҳ бўлди. Ундан кейин Отабек тугал салтанатга эришди. Мен Луристонга дохил бўлган кунга қадар отабеклардан у ерда тўққиз киши салтанатга етишган эдилар. Улардан охиргиси Афросиёб ибни Юсуф Шоҳ эди.
Кекса одам сўзида давом этиб: “Отамнинг айтганига қараганда, бир юз олтмиш йил аввал келган Абу Тоҳир  жуссаси кичик бир одам экан. Ерликлар уни гўдак деб гумон қилар экан. Бу кунда отам кексаликдан қимирлай олмай ўлтириб қолган, агар имкони бўлса эди, ҳузурингизга олиб келиб, сўзларини ўз оғзидан англатар эдим”, деб афсус қилди.
Мен ундан Абу Тоҳирни кўрган отаси ҳаётда борлигини билдим ва отасининг ёшини сўраганимда “бир юз етмиш ёшдадур”, деб хабар берди. “Ундоғ бўлса, отангни зиёрат қилмоғим лозим бўлди. Бир юз етмиш ёшли одани кўриш вожибдур”, дедим (М.Брайвон: Бу кунларда ҳам ғарбий Эронда воқеъ бўлган Луристоннинг тоғ орқаларида ёшағувчиларнинг ўртача ҳисоб билан умрлари бир юз йигирма ёшга боради).
Кекса одамнинг йўл бошчилигида бир қанча афсарларим билан бир юз етмиш ёшлик кишининг зиёрати учун йўлга тушдик. Ниҳоят, бир уйга кирдик. Бир қари одам орқасини деворга йўлаб, оёғларини узатиб ўлтирар эди. Бошида қалпоғи йўқлигидан боши туксиз эканлиги кўринар эди. Бироқ узун соқоли мавжуд эди. Бизларни олиб борган кекса одам мени таниттириб, зиёрат қилишдаги мақсадни ўз тилларида билдирганидан кейин қари одам хуш омади сўзларини сўзлар экан, оғзида тиши йўқлигидан сўзларини мукаммал тушуниш қийин бўлур эди. Мен ўғли воситаси билан: “Отабек Абу Тоҳир Луристонга келганини ўз кўзинг билан кўрганмисан?” деб савол қилдим. Қари чол тасдиқлаб, бундай деди: “Мен уни ва ўғли Хазоаспнинг набираси Такалани ва бошқа авлодларини ҳов ўша тоғнинг орқасида турган (яшаган) замонларида кўрганман. Пуштикўдан бу ерга келиб қолғонимдан кейин уларни кўрмадим ва нима қилиб турганларини ҳам билмайман”.
Мен қари чол ўзининг бир етмишга кирганини қандай исбот қилар экан, деб берган саволимга бундай жавоб берди: “Тўғри, мен сиз айтган каби саводсиздирман. Ҳисоб тарихларини ҳам билмайман. Фақат ҳар йили юртга дастлаб қор ёққан замон болут дарахтига ханжарим билан бир чизиқ чизиб қўяман. Мен Пуштикўдан келадурғон куним чизиқларни санаганимда бир юз йигирма адад эди. Бу ерга келганимдан кейин ҳисоб йўқолмасун деб адирнинг устидаги болут дарахтига бир юз йигирмани чиздим, сўнгра ҳар йили дастлаб қор ёғиши билан яна бир чизиқ чизиб қўяман. Менинг оёғим юришдан қолғондан  буён ҳар йили ўғлим бориб, бир чизиқ чизиб келади. Йўлингиз устида ўша болут дарахтига кўзингиз тушар, санаб кўрсангиз, бир юз етмиш чизиқ мавжуддир”.
Мен ундан қайси диндан эканлигини сўраганимда: “Диним Худонинг динидур”, деб қисқа жавоб берди. Мен унинг динини жазм билмоқ учун: “Худонинг дини кўбдур, сен шу динларнинг қайси биридадурсан?” деб сўрадим. Чол жавоб берди: “Худонинг бир қанча дини йўқдур, Худо бирдур, дини ҳам бирдур”, деди.
Мен у қария одамнинг орзусини билмоқ учун, “Ҳар қандай орзуларинг борми?” деб сўрадим. Бир юз етмиш ёшлик одам ҳеч қандай оруси йўқлигини билдирди. Сўнгра унинг ўлимдан қўрқиш-қўрқмаслигини сўрадим. Қария киши кулиб: “Эй яхши йигит, ўлум қўрқадургон нарсамидурки, инсон ундан қўрққай?” деб менга кўз ташлаб қўйди. Мен унга: “Эй дунёнинг узоқ йилларини бошидан кечирган одам, мен бир мусофирдурман. Мусофирнинг ҳар бир сўзи сарзаниш қилинмайди. Иложим бўлса эди, ёнингда туриб, бир юз етмиш йил ичида кўрган-билганларингни сўраб, ҳаёт учун дарс олар эдим”, дедим. Қари одам жавоб берди: “Сен ўз ишингдан қолмағил, мен кечирган йиллар ва мен билан бирга бўлган бу кўзларим тоғлар, жилғалар, болут дарахтлари тоғларнинг ваҳший қўй сурукларидан бошқа нарса кўрмагандур. Бундан ҳаёт дарси чиқадими?”
Унинг бу сўзлари юрагимда, инсоннинг узоқ яшаши, ҳамма нарсадан хабарсиз қолмоғига боғлиқми, деган бир савол қолдирди. Қари кишининг уйидан ташқарига чиққанимда, бир юз йигирма ёшлик ўғлидан “Исминг нима?” деб сўрадим. Ул ўз исмини “Гайв” деб билдирди. Унга: “Мен Ҳусайнободга бормоқчидурман, менга йўл кўрсатувчи бўлиб борасанми?” деб савол бердим. Гайв жавобни шундай бошлади: “Ҳусайнободга ушбу йўлдан бормоқчи бўлсангиз, отларингизни шу ерга ташлаб кетмоғдан бошқа чора йўқдур. Нимага деганда, довондан от билан ўтмоқ мумкин эмасдур. Бутун сарбозларингиз довондан пиёда ошмоғи керак. Бундан бошқа яна бир йўл бордур, фақат масофаси узоғдур. Ундан ҳам, бир Семара дарёча деб монелик бордур. Лекин дарёчанинг гузари бордур. Ўшал гузардан сарбозларингизни ўткуза оласиз”.
Мен ушбу узоқ йўл билан қачон Ҳусайнободга бориш мумкинлигини сўрадим. Гайв жавоб берди: “Ёлғуз бир от одам ўн кунда борса ҳам, сиз билан қўшун бирга бўлгани учун ўн беш кунда Ҳусайнободга етиб борасиз”. Йўлнинг қайси тарафидан ўтушимизни сўрадим. Гайв бармоғи билан ишорат қилиб жанубий ғарбни кўрсатиб, “Ҳусайнобод ўша жойдадур, агар пиёда борсангиз, уч кунда етиб борасиз,- деди ва илова қилиб:-Агар отларни қўйиб кетмоққа кўнгилларингиз бўлмаса, йўлингиз шундай бўлиши керак”, деб ҳавога шимол ва шимолий ғарб ва жанубий ғарбни чизиб кўрсатди.
Ҳавога чизилган бу шаклдан маълум бўлдики, кўриниб турган тоғларни айланиб ўтиб, Ҳусайнободга бормоғим лозим экан. Илгари ҳам шу ҳақида маълумот олган, аммо икки йўлнинг ҳеч бирини жазм қилмаган эдим ва Изо тегирмонига борганимдан кейин узоқдур-яқиндур икки йўлдан бирини тутмоққа жазм қилган эдим.
Кеча қоронғулигида менинг илгарига юборган талоядорларимдан бир қисми қайтиб келиб, йўлнинг жуда торлиги, отнинг ўтиш имконсизлигидан хабар беришди. Мен ўз афсарларим билан кенгашиб олгандан кейин талоя афсарига: “Ўша турган жойларингизда ҳушёрлик билан йўлни кузатиб туринглар. Эртага кун чиққанда қайтиб келинглар”, деб амр бердим.
Биз бу муддат ичида юрадурғон йўлимизни жазман қарор қилиб, довондаги талоядорларимизнинг орқа томонимиз кузатувчилигини адо қилмоғига қарор бердик. Қари отасига қараб туриш учун қўшниларидан бирини тайин қилиб хотиржам бўлган Гайв эртаси бомдод вақти билан сафарга ҳозир бўлиб келди. Мен бу кекса одамнинг садоқатига ишониб қолган эдим. Унинг сўзларида, ҳаракатларида ва берган машваратларида ҳийладан асар кўринмас эди. Олдинги талоя бўликини жўнатганимдан кейин, Гайвга от ҳозирлаб берсалар, йўлга тушсак, дедим. Лекин Гайв ўз оёғларии кўрсатиб: “Менинг отим шулардур, бу отлар жуда тез ҳаракат қилади, бошқа отга ҳожат йўқ”, деб ўз монелигини билдирди. Гайв рост айтар эди. Изо тегирмонидан чиққанимиздан тортиб отлиқлар билан баробар ҳаракат қилди.
Кетиб турган йўлимиз бошқа тоғ йўллари каби чуқур қирғоқ ва сой тепаларидан ўтилур эди. Шундоғ бўлса ҳам, ҳеч қийинчилик кўрмасдан йўлда давом этдик. Фақат, Луристон тарафига қўшундан илгари ҳеч қандай йўлчининг ўтмоғига ижозат бермас эдим, токи бизни кетиб бормоғимиздан Отабекни хабарсиз қолдирмоққа уринар эдим. Баъзан тоғ йўлида қаршимиздан чиққан йўловчиларга дуч келар эдик, улар бизнинг орқа тарафга кетиб тургани учун монелик бермас эдик. Бир кун аср пайтида ўз-ўзидан бир турли овоз эшитилди. Бу овозни Гайвдан сўрадим. У: “Бу овоз Семара дарёчасининг бу ердаги обшорининг (шаршарасининг) овозидур”, деб жавоб берди. Шундан кейин биз илгарилаганча обшорнинг овози яна аниқланар эди. Шу куни кечаси етиб борган жойимизда, Гайвнинг сўзича, ярим тош ҳам масофа қолмаган эди. Аммо обшорнинг овози тоғларга шундай инъикос қилар эдики, биз обшорнинг жуда ёнида турган каби сезилар эди. Уруш майдонининг шовқин-суронига ўрганиб қолган отларимиз борут портлашидан ҳам чўчимас эдилар. Бироқ қулоқларига янгидан эшитилган обшорнинг ғалабалик овозига улфатлашиб олгунча –токи ярим кечадан ўткунча олдиларидаги хашакларини тишламас эдилар. Қачонки обшор овозига унс олганларидан кейин емакларини емоққа бошладилар.
Менинг ватанимда Сайхун, Жайхун деб катта дарёлар бўлса ҳам, унда бундай обшорлар йўқдир, кемаларни суриб юриш имкони бордир. Аммо Луристондаги Семара дарёчаси обшорлик, тез ва нишоб бўлганидан кема юргизиш имконсиз эди. Дарҳақиқат, мен учун бу сувдан топилган ҳайбатлик овоз бир янгилик бўлиб қолди.
Эртаси бомдод вақтида йўлга тушиб, обшорга яқин бордик.Тузукроқ кўрмоқлик учун отлардан тушиб пиёда бўлиб ерга қадам қўйишим билан сунинг шиддатлик оқимида ерлар ларзага келгандек сезилди. Ёнимда Гайв билан сўзлашсак ҳам, бақириб сўзлашмоққа мажбур бўлган эдик. Унинг сўзига қараганда, ҳозир сувнинг суғалган (камайган) вақти экан. Агар баҳор вақти тошқин замонларида бўлса, сувнинг ҳайбатидан тоғдаги тошлар юмаланиб тушар экан. Сўзининг исботи учун кўриниб турган тоғларга бармоғи билан ишорат қилди. Воқеан, тоғнинг тошларидан бирмунчаси тўкилиб тушганлиги маълум бўлиб турар эди. Семара дарёчасининг бирмунча обшорлаи бўлса ҳам, бу каби ҳайбатлиги йўқлигини Гайвдан эшитдим. Дарёчани ости билан сув тушиб турган обшоригача тахмин қилиб кўриб, 30 зироъ келар деб чўтладим.
 Пиёда борган жойимдан дарёнинг нариги қатига ўтмоққа йўл йўқлиги учун қайтиб келдим. Гайв эса, ҳамон пиёда юриб, бизларни гузарга етказмоққа йўл бошлар эди. Семаранинг гузари (кечиги) хийла ёйиқ кўринар эди. Мен уни 400 зироъ тахмин қилдим. Сувдан кечиш қулайлиги маълум бўлиб турса ҳам, кечикни тажриба қилдим. Токи дарёнинг ўртасида гум чуқурликлари бўлмасун деб эҳтиёт қилдим. Отлиқларим Гайвдан эшитган Луристон дарёчасидан саломат ва хатарсиз ўтиб кетдилар. Дарёчадан ўтиб бўлиб, талояларни илгари йўлладим. Гайв йўл бўйи ичадирган сув топилишидан қаноатлик хабар берса ҳам, талоядорларимга ичадургон сувларга мулоҳазада бўлишларини таъкид этдим. Гарчи Гайвнинг ёлғон сўзламаслиги маълум бўлса ҳам, иштибоҳдан чиқишни маъқул кўрган эдим. Балки тошқин вақтида ҳар жойда мўл кўринган сув суғорилган вақтида мутлоқ йўқ бўлиб қолиши ҳам эҳтимол эди.
Бир кун талояларим йўлдан отлиқ ўтиб бўлмайдиган жойга бориб қолганларининг хабарини бердилар. Дарҳол буни Гайвдан сўрадим. Гайв жавоб бердики: “Болут дарахтларидан муқшакл бир тоғлиқ жангал бор. У ерга ўрлаб чиқилгандан кейин тушишда пиёда бўлиб отларни етаклаб олмоқ лозимдур”.
Олдимиздаги жангал Астробод, Мозандорон ва Гилон жангалларидан қалинроқ эди. Дарахтлари болут дарахтларигина эди. Гайв баъзи дарахтларни кўрсатиб, “Шу дарахт минг йил умр кўрган”, деб иршод берар эди. Биз отларни тизгинидан етаклаб олганча, юқорига ўрламоқда эдик. Тоғнинг ерлари тупроғлик бўлгани учун отларнинг туёғи сирғанмас эди. Баъзан жангал айиқлари кўриниб қолар, бизни кўриши ҳамон қочиб кетар эди.  Тоғнинг тупроқлари устида бирор карвоннинг у ердан ўтганлигининг асари йўқ эди. Балки бу тоғдан ўтаётган мусофирларнинг биринчиси биз бўлсак керак, деб чоғлар эдик. Гайв менинг йўл юришдаги қиёда назаримни уйғотмоқ учун “Бу тоғдан ўтмасак, Ҳусайнободга етолмаймиз, аммо бу чиқмоғидан тушмоғи қийинроқдур”, деб интибоҳ берди. Пешин вақтида тоғнинг устига чиқдик. Энди йўлнинг усти дарахтлар билан қопланган энгайишдан пастга тушмоғимиз лозим эди. Энгайиш шу қадар нишоб эдики, отларни арқон билан боғламаса, мункиб кетмоғи кўриниб турар эди.
Сарбозларга амр бердимки, отларнинг бўйнидан арғамчи боғлаб, арғамчининг бир учини қўлда тутсунлар ва ўзларини дарахтларга яқин тутиб юрсунлар. Агар отнинг юмалаб кетишига аломат кўрилса, дарҳол арғамчининг учини дарахтга чулғаб олунсун, деб буюрдим. Биз тоғ тепасида экан, сувимиз тугаб қолган эди. Аммо паст томонда бир наҳр оқиб тургани кўринар эди. Сувсизлик сарбозларгагина эмас, отларга ҳам таъсир кўрсатди. Кун ботган вақтда отлиқларимнинг нисфи тоғ тепасида эдилар. Аммо ўн тўрт кечалик ойнинг ёруғидан истифода қилиб, ҳалокатлик тоғдан тушиб олдик. Ҳар қанча эҳтиёт қилган бўлсак ҳам элликка яқин от тоғдан қулаб кетган эди. Сарбозлардан юз нафарчаси мажруҳ бўлган эди. Магар ўлган одам йўқ эди. Ярим кечада тоғдан тушиб бўлиб, осмон тўла юлдузларга қарадим, вақтнин ярим кечалигига далолат берувчи сукунатлик фазода жимжитликдан бошқа аломат йўқ эди. Шундай бўлса ҳам, ўрдугоҳнинг мароқабаси билан машғул бўлиб, ухламадим. Бомдод вақтидан кейин бир оз Гайв билан сўзлашиб олгандан сўнг ухламоқчи эдим.
Гайв ўз сўзида давом этиб: “Биз эртага бомдод вақти билан Ҳусайнободга кириб бормоғимиз учун ўртада қолган йўлни шиддат билан босмоғимиз керак”, дер эди.  Мен ўрдугоҳни вазнида мутмаин бўлганимдан кейин истироҳатга бордим. Бирор соат ҳам ўтмаган эди, ўрдугоҳнинг ҳозирланиш карнайи чалинди. Мен ҳам уйғондим. Устимдаги уруш кийимлари билан ётганим учун бош кўтариб, хаймадан ташқарига чиқдим. Талоядорларим бир туркум аскарларнинг Ҳусайнобод тарафидан бизга қараб келаётганини кўрибдир. Мен Гайвдан “Бу қўшун кимники бўлғай?” деб сўрадим. У жавоб берди: “Қўшунингизни Изо тегирмонида ҳар ким кўргандир. Ҳусайнободга бормоқчи бўлиб турганингизда ҳам ҳамма одам билгандур. Йўлингизни ўзгартирганингиз ҳам ҳаммага маълумдир. Изо тегирмони билан Луристон, Ҳусайнобод  орасида мана шу йўлдан бошқа йўл йўқ эканлиги ҳам Афросиёб ибн Юсуф Шоҳга маълумдур. Бу атрофларда унинг қўшунидан бошқа қўшун йўқдур. Бинобарин, сизнинг олдингизни тўсуб келиб турган қўшун Отабекнинг қўшуни деб қатъий ҳукм қилаверасиз”. Мен Отабекнинг қўшунларининг ададини билиб, унга қараб мудофаа тадбирини кўрмоқни Гайвдан сўрадим. Гайв айтди: “Мен хийла муддатдан буён Отабекнинг аскарининг вазнидан хабарсиздурман. Аммо шунчалик биламанки, у хоҳласа Пайронванд қабиласининг бутун афродларини ўз қўшунига шомил қила олади. Фақат, уларнинг ҳаммаси пиёдадур”.
Гайвнинг сўзлари тўғри эди. Мен Изо тегирмонида эканман, бутун воқеани Отабекка етказишганлиги аниқ эди. Отабек ўз юрти атрофининг жуғрофий  нуқталаридан огоҳ бўлгани учун менинг қайси йўл билан Ҳусайободга кириб боришимни яхши билиб турар эди. Фақат Луристон отабеги катта ғалат қилди. Нимага дейилганда, у ўзининг тоғлик ва мустаҳкам ерини қўйиб, пиёда қўшун билан менинг истиқболимга югурди. Ҳолбуки, мен билан дарё бўйида, сувлик, кенг ва мусатаҳ тоғнинг этагида ўрдугоҳ қурган эдим. Турган жойимда отлиқларимни хоҳлаганимча ҳаракат қилдира олардим. Агар Луристон отабеги ўз минтақасида туриб берганида эди, мен унинг олдига боришга мажбур эдим. Отлиқ қувватларимдан хоҳлаганимча истифода қилолмас эдим. Фирдавсий таъбири билан айтилса, Луристон отабеги ўз оёғи билан гўрга кирган эди.
Луристон отабеги қўшунининг қорасикўринмай туриб ўрдугоҳимзини йиғиб олдик. Олдинги талояларимиз ҳам биз билан бирга уруш тузумига иштирок этмоқда эди. Бу вақтда қўшунимни тўртга бўлдим. Ўнг ва сўл, қалб деган нуқталарга уч ҳисса қўшунни ерлаштирдим. Қолган бир қисми эса, қўшун орқасида заҳира-эҳтиёт учун сақланди. Мен бу тартибларни кўриб бўлганимча, Отабек қўшунининг қораси кўринди. Улар тоғ этагидаги бир бўғоздан чиқиб келмоқда эдилар. Узоғдан уларнинг салоҳларига назар солдим. Найза кўрунмаганимдан маълум бўлар эдики, уларнинг қўлида қисқа аслаҳалар бордир, аммо ададлари анча кўп эди. Саксон минг киши чоғлаган эдим. Улар, фақат, уруш тузумини кўрмай, бизга яқинлашиб келганча келар эдилар. Душман сарбозларининг барчаси баланд қоматлик кишилар бўлиб, ораларида оқсоқоллик кишилар ҳам кўринар эди. Уларнинг бепарво илгарилаб келишлари қўрқмасликларини кўрсатар эди. Бизга яқинлашганларидан кейин фалахмон билан бизни тошбўронга тутдилар. Менинг аскарларим тошбўронга биринчи дафъа тутилмадилар. Илгари айтиб ўтганимдек, Сабзавор амири Али Сайфуддиннинг аскарлари ҳам шиддатлик тошбўрон қилган эдилар. Уларнинг қўлларида найзалари ҳам бор бўлишига қарамай, ҳужум қилиб бориб ғалаба қозонган эдик. Одатан, душман томон тошбўронга тутиши ҳамон тездан от суриб бориб ҳамла қилмоқ лозимдирки, уларнинг фалахмон салоҳлари бутунлай ишламай қолади. Шунинг учун умумий ҳамлага амр бердим. Гайвни майдон орқасига жўнатдимки, ўлимга учраб кетмагай.Ўзим узун соплик болтани чап қўлимга олиб, душман жабҳасига боргунча ўнг қўлим билан отнинг жиловини тутиб бордим.
Менинг сарбозларим фалахмондан қилинган тошбўронга қарши отларининг устига ётиб олиб, отни суръат билан чопиб, душманнинг устига ўзларини еткузиб бориш билан душманга озроқ талаф бўлур эдилар. Сизлар менга қарши: “Сизнинг ҳам қўлингиздан фалахмон билан тош ёғдириш келмайдими?” деб савол берасизлар. Мен шундай вақтда бу ишни фойдасиз деб билганим учун сарбозларимга бу амр берган эмасман. Зотан, урушмоқ душманни мағлуб қилмоқдур. Вақтни фойдасиз ишларга сарф этиб, аскарни чарчатишдан нима фойда чиқади? Агар менинг қўшуним Луристон Отабеги билан ўн кун тош отишсалар, қатъий бир натижага эришмас эдилар.
Лекин мен тарафдан бир шиддатлик ҳамланинг вужудга чиқмоғи Луристон Отабеги қўшунининг шерозасининг узулиб кетмоғи демак эди. Барча отлиқларим, шу жумладан, ўзим ҳам тўрт оёқ от суриб душман тарафга бормоқда эдик. Ҳаммамиз отнинг устига ётиб олган ҳолда, йўлни кўриб қўймоқ учун гоҳ-гоҳ бош кўтариб олар эдик. Мен аскар олдида ҳар замонги каби фидокорлик билан от суриб борар эдим. Мен ўз жонимни бир сарбознинг жонидан азиз деб ҳисобламас эдим. Бугун мен шарқдан ғарбгача ҳукм сурмоқдадурман. Ҳеч қачон ўз жонимни бир оддий аскарнинг жонидан ортиқ деб эътиқод қилмадим. Шу билан бирга, ўлумдан ҳам қўрқиб турмадим. Шу сабабдан ажал мени йўқлаб келмаган бўлса керак.
Киши нақадар ўлумдан қўрқса, унга ўлум ша қадар тез келади. Маълумдурки, урушда ғолибият ҳам бор, енгилиш ҳам бор. Мен бу усулни Рум подшоҳи Йилдирим Боязидга ҳам: “Агар сен, ўлумдан қўрқмаган бўлсанг, урушда енгилмас эдинг”, деб изоҳ қилган эдим (Боязид билан бўлган уруш шарҳини ўз жойида ёзаман).
Илгари ҳам айтиб ўтиб эдим, бир қалъани олишда жабҳанинг  орқасида ўрин тутаман. Аммо аҳамиятсиз урушлардамайдоннинг аввалида қарор тутаман. Мен шунча урушда иштирок этдим. Услубларимдан пушаймон бўлмадим. Нимага деганда, менинг бу усулим афсар ва сарбозларимнинг  ҳадди аъло даражада ботурлик ва фидокорлик билан урушларга иштирок қилишларига сабаб бўлади. Луристон отабеги сарбозларига етиб олгунимизча бирмунча сарбозларим ва отлиқларимнингнобуд бўлишини сезар эдим. Аммо ҳамла қилинур экан, бундай талофотларга таҳаммул қилмоқ зарурийдур. Унингсиз душманга етишиб олмоқ ҳам имконсиздур. Вақтики бизнинг аскаримиз душман аскарига етишиб олдилар, сарбозларимнинг қилич ва болта ургандаги қичқириқлари эшитилар экан, бу ҳол майдонни мусиқавор бир жунбушга киргузган эди.
Қизиққанимдан мен ҳам сарбозларимга қўшилиб қичқирар эдим эса-да, майдонда қичқирмасак экан, деган умид билан уларга “Қичқирманглар!” деб нидо қилолмадим. Чунки мен ўзимни тутолмай қичқирар эканман, уларни манъ этиб бўлмас эди. Яна бир тарафдан, майдонга қизиқиб ҳамла қилиб турганларни совутиб қўймаслик лозим эди. Уларни манъ этиш майдон ҳайсиятларини йўқотиш бўлур эди.
Отабекнинг пиёдаларига етганимдан кейин ўнг қўлимдаги от жиловини бўйнимга ташлаб, ўнг қўлим билан қилични ғилофдан суғурдим. Луристон сарбозлари ҳам қилич, гурзи, болта билан салоҳланган эдилар. Биздан қўрқмасликлари билиниб турар эди. Мен Отабек сарбозларига қўшилганимда.  у ўз сарбозларини узун сопли болталари билан салоҳлантириб қўйса, орқага чекинишимиз муҳаққақ деб ҳукм қилиб қўйган эдим.
Улар найзалари билан отларимизни нобуд қилиб қўйса, узун қоматлик одамлар билан пиёда урушмоққа мажбур бўлар эдик. Чап томонимда Луристон сарбозларидан бири бизнинг отлиқларимизнинг бирига гурзи ҳавола қилиб, отдан йиқитди. Токи мен етиб боргунимча иккинчи гурзи билан уни ўлдирди, аммо менинг болтам унинг белининг қирига бориб ботди. У Луристон сарбози бир фарёд қичқириғи билан ерга йиқилди. Бир оздан кейин отларнинг туёғи остида янчилиб кетди. Ўнг томонимдан бир қилич зарбаси менга ҳавола бўлди. Душман қиличи менга етмай туриб, тезлик билан солган қиличим Луристон сарбозининг қўлини кесиб кетди ва қўлни танасидан ажратиб ташлади. Иккинчи ҳамлага тоқат қилолмай ўлтириб қолган онда отлиқлар туркуми уни отга бостириб ўтиб кетди. Менинг ўнг-чапдаги аскарбошлиқларим ўз вазифаларини яхши билсалар ҳам, дарҳол душманни истиқоматлик ва журъатлик эканлигини билдириб хабар бериб қўйдим ҳамда тадбир билан душманни мухосара қилиш учун Отабек қўшунининг орқасидан ҳамла қилмоқларини тавсия этдим. Ўзим уруш билан машғул бўлсам ҳам, тез-тез душман қўшуни орасидан Афросиёб ибни Юсуф Шоҳ – Луристон отабегига таъқиб назарини ташлаб қўяр эдим. Аммо уни кўролмас эдим. Чунки унинг мумайиз аломати йўқ эди. Луристон сарбозларида зириҳ ва хафтон йўқ эди. Мағфар ўрнида, бошларига қора ёки хурморанг кийгиздан қилинган катта қалпоқ кийиб олган эдилар. Қалпоқларининг катталиги қозон кийиб олган каби кўринур эди. Уларнинг бу қалпоқлари болтанинг дамини тутолмаса ҳам, қилич зарбасини тўса олар эди.  Унинг муқобилинда бизда зириҳ ва хафтон бор эди. Менинг сарбозда ҳеч бўлмаганда каж оканд (калтача камзулдирки, пахта ўрнига хом ипак солиб тикилгандур, бу эса қилич зарбасини тўсадур) маавжуд эди. Зириҳ ва хафтон тайёрлаш зўр чиқиб тургани учун (бу жанг анжомларини тайёрлаш қимматга тушгани сабабли) аксариан салотинг сарбозларини каж оканд билан кийинтирар эди. Мен ҳам авваллари шу усулни қўлланар эдим. Йигитлик даврларимда сарбозларни уруш майдонига хос либослар билан кийинтиролмаган эдим. Сарбозларга хос либослар ҳозирламоқ оғир-қиммат эди. Қўлимда етарлик бизоатим ҳам йўқ эди. Аммо салтанатим кенгайган сари урушлардан тажриба орттирдим. Урушга қатнашган сарбозларга ҳарбий кийимлар ҳозирламоқ зарурлигини тушундим. Амири лашкар, подшоҳлар аскарларига доимий маош беришни хазиналарга юклаганда, сарбозларнинг ҳарбий кийимларини ҳам хазинадан тайёрлаб бермоқ лозим эди. Мен аскарларга темир либослар лозимлиги аҳамиятига тушунганимдан кейин Исфахон, Рай, Занжон, Тошканд санъатчиларига сарбозлар учун мухталиф андозаларда уруш кийими ясамоқға буюрдим. Ўша вақтдан букунгача Эрон ва Мовароуннаҳр  ҳунармандлари қўшунимга зириҳ, хафтон, мағфар каби уруш кийимларини узлуксиз ясаб турадилар. Бу кунларда майдондаги афсар ва сарбозларимнинг ҳаммаси темир кийимлар билан урушга қатнашадурлар. Бу сабабдан ўқ, қилич, найзалар уларга озроқ асар қилади.
Луристон отабегининг аскарларида  озроқ каж оканд бўлса ҳам, бошқа мудофаа воситалари йўқ эди. Шу ҳолда ҳам уларнинг устунлиги сезилиб турар эди. Бироқ Луристон сарбозлари мажруҳ бўлгандан кейин қайтиб урушга қатнаша олмас эдилар. Менинг аскарларим шиддатлик мажруҳ бўлиб қолмасалар, урушдан тўхтамас эдилар. Сўнгра Луристон отабегининг эҳтиёт аскарларининг йўқлиги унинг уруш фанидан хабарсизлигини кўрсатар эди. Муҳим нуқталардан бири шулки, Луристон отабегини мен ҳозиргача кўрмаган бўлсам ҳам, у ҳеч бир орқага сурилмади. Бу шуни кўрсатадики, у уруш илмини билмас эди. Агар Афросиёб ибн Юсуф Шоҳ Отабекнинг маълумоти бўлса эди, қўшуннинг мухосара хатарига учаганини тахмин қилиш билан қўшун маслаҳати учун бир оз орқага сурилиб, ўз ўрнини мухосара хатаридан сақламоғи лозим бўлур эди. Агар у орқага сурилса, ернинг муносиб мавзеларини истифода қилиб, муносиб жойларни эгаллаб олар эди. Орқага сурилишни ўзига ор билиб – чиғониб туриши унинг осонгина мухосарага кириб қолишига йўл очиб беради ва бунинг натижаси тездан енгилмоғига сабаб бўладур. Ўша куни Луристон қўшуни аста-аста орқага чекиниб, ўзлари келган ерга қайтиб кетсалар эди, менга унинг қўшунини маҳв қилмоқ хийла мушкуллик туғдирган бўлур эди. Чунки улуғ бир қўшун тоғлик минтақаларни эгаллаб олиш билан уларга ғалаба қилмоқ, хусусан, Отабекнинг ботур сарбозларини, қўрқув асари бўлмаган йигитларини енгиш осон иш эмас эди. Натижада мени зўр талафотларга учратар, мен ҳам қайтиб кетишга мажбур бўлур эдим.
Кейинги таҳқиқларимдан маълум бўлдики, Луристон халқи урушдан орқага силжимоқни ўзларига уят деб ҳисоблар эканлар. Улар ҳар бир урушда ўз турган жойларидан орқага силжимасдан ҳаммалари ўлиб биткунча урушиб ғолиб ёки мағлуб бўлишни шиор қилган эканлар. Шундоғ бўлса ҳам, Луристон отабеги уруш фанидан бебаҳра эканлиги ҳамон ёрқин эди, чунки у аскарларини тоғларнинг тепасига чиқариб, бизга тош юмалатиб берганларида, бизнинг баримиз ҳам соғ қолмай, тошларнинг орасида ўлиб кетмоғимиз мумкин эди. Мабодо биз тоғнинг устига чиқа олсак ҳам, яна улар ғолиб бўлур эдилар. Чунки тоғлардаги дарахтларнинг ҳаммаси болут дарахтидур. Луристон халқи болут дарахтини ун қилиб еб, ўзларини таъмин қила олур эдилар. Биз эса очликда қолур эдик.
Уруш давомида менинг ўнг ва чап қўл аскарларим Отабекнинг сипоҳининг орқасидан айланиб, бир-бирларига қўшилиб олмоққа муваффақ бўлдилар. Бу хабар менга етиб келган ҳамон тезлик билан қалбдаги ҳамламни шиддатлироқ қилиб юбордим. Икки жаноҳим ҳам орқадан ҳамла қила бошлади. Бир вақт кўрсам, қўлида гурзи ушлаган узун қора соқол, кийиздан қилинган катта қалпоқ кийган отлиқ бир одам “Темур шоҳ ким? Мен Темуршоҳнинг ўзи билан урушмоқчиман!” деб нидо қилди. Унинг ким эканлигини сўраганимда, “Луристон отабеги Афросиёбдурман”, деди. Унинг туриши сўзининг ростлигига далил эди. Атрофимда луристонликлар унга эҳтиром блан қўл боғлаб турар эдилар. Ўзи ҳам фохир либослар кийиб, белига мурасса дасталик бир дашна (бир наф ханжар) боғлаб олган эди.
Мен унга жавобан: “Сен билан урушмоққа ҳозирдурман, сарбозларингга айт, майдонни кенгри очиб қўйсун”, дедим.
Унинг амри билан сарбозлари бир оз орқага сурилди. Майдон очилди. Мен ҳам ўз сарбозларимни майдондан узоқлашиб туришларига амр бердим. Шу ҳолда қўшун орқасидаги қисмларда уруш давом этиб турар эди. Сарбозларим Луристон қўшунини ичкарига ўтолмайдиган қилиб, кичик бир парчаларга бўлиб ташлаб, таслим бўлишларига мажбур қилиб бормоқда эдилар. Фақат Отабек билан мен турган жойда муваққатан уруш тўхтаган эди. Отабекни қаршимда кўрганим ҳамон унинг қомати ва оёғлари луристонликлар каби катта бўлмаганини мулоҳаза қилиб, унинг Луристонга ташқаридан келганлигини тасдиқ қилдим.
Отабек қичқириб: “Эй Темуршоҳ! Сен иккови қўлингда салоҳ ушлабсан, мен бир қўлимда салоҳ қўлланаман, сен ҳам бир қўлингдаги салоҳингни ерга ташлағил, иккимизнинг салоҳимиз баробар бўлсун!” деди.
Мен жавоб бердим: “Эй Отабек, Аллоҳу таоло бандаларига меҳрибонлик қилиб икки қўл бергандурки, иккисидан ҳам истифода этсун дегандур. Бунинг бирини ишлатмаслик куфрони неъматдур (неъматга шукр этмасликдур). Шундоғ бўлса ҳам, сенинг талабингга мувофиқ иккимиз баробар салоҳлик бўлмоқ учун бир қўлимдаги салоҳни бир четга қўймоққа ҳозирдурман. Яна сен ўзунг айтғил, қайси қўлумдаги салоҳдан сарфи назар қилайин?”
Отабек: “Ўнг қўлунгдаги салоҳингни қўйғил”, деди. Мен: “Хўб бўлғай, мана, ўнг қўлумдаги қиличимни ғилофига солиб чап қўлимдаги болта билан сенинг урушингга ҳозирдурман”, дедим.
Луристон отабеги мени ҳам ўзи каби ўнг қўлидан яхши истифода қилади, деб хаёл қилгани учун ўнг қўлимдаги салоҳни ишлатмаслигимни талаб қилган эди. Менинг ўнг қўлим мажруҳ бўлгандан буён чап қўлимдан кўпроқ истифода қилганимдан ҳам хабарсиз эди. Ўнг қўлумда қилич уролсам ҳам, хатни чап қўлимда ёзар эдим.
Мен қиличимни ғилофга солгач, Отабек узангига тираниб қаддини ростлаб, отига ҳай берди. Ўша куни мен Луристон халқининг гурзибозликдаги маҳоратига қойил бўлдим. Улар бошқа аслаҳалардан кўра, гурзидан яхши истифода қилар эдилар. Отабек ҳам шу сабабдан қўлига гурзи олган эди. Отига ҳай берганча, каттагина бир қавс шаклида от ўйнатиб менга қараб келди. Атрофда уруш ғавғоси қулоққа кириб турар эди. Икки киши, майдонда сукут ҳукм сурар эди. Менинг отлиқларим ҳам ун чиқармас эдилар. Икки томоннинг лашкарлари ва афсарлари икки кишининг орасидаги уруш оқибатига мунтазир турар эдилар. Отабек менга яқин келиб гурзини ҳавола қилди. Мен ҳам отимга ҳаракат бердим. Менинг юришим Отабекнинг юришига акс эди. Мен отимнинг юганини юқорига тортдим. Отим икки оёғи устида тик турди. Отабекнинг менинг бошимни мўлжаллаб урган гурзиси мағфарга тегмай, танам бўйлаб тушиб чап оёғимга тегди. Мен отимнинг икки оёқ устида турганидан истифода қилиб, от икки қўлини ерга қўйишига баробар узун соплик болтамни душманга қараб солдим. Мен илгари ҳам айтган эдим, от икки оёғи устида  турган чоғида отнинг икки қўли ерга тушган ҳамон қилич ёки болта истеъмол қилинса, инсон кучи билан отнинг кучи бир-бирига ёрдамчи бўлиб, урилган зарба икки ҳисса шиддатлик бўлиб душманни нобуд қилади, деб эдим. Урган болтам Отбаекнинг сонига тушган эди. Бу зарба шундай шиддатлик эдики, Луристон Отабегининг йўғон сўнгакини кесиб кетди. Афросиёб ибн Юсуф Шоҳнинг гурзиси қўлидан тушиб ўзи эгарнинг қошига мункиб қолди.
Бу аҳволни кўрган луристонликлар менга ҳамла қилсалар керак, деб қиличимни суғуиб қўлимға олғач, аскарларимни майдон ўртасига юришига буюрдим. Отабек сарбозлари билан менинг сарбозларим орасида ўлик-тирик орасидаги бир жасадни талашиб қўрқинч, тўқиниш юз берди. Луристонликлар  фақат Отабек жуссасини майдондан чиқариб кетмоққа тиришар эдилар. Менинг сарбозларим эса, уни асир қилмоққа уринар эдилар. Оқибатда сарбозларим асир олмоққа муваффақ бўлдилар. Отабекнинг жароҳатига тездан муолажа қилмоқ учун жуссани жабҳа орқасида табибларга топширишларини сарбозларимга таъкидладим.
Бутун аскарий қисм бошлиқларимга хабар бердим. Хасим вилоятларида бўлган Луристон халқига тубандагича эълон қилинсун: “Менинг Луристон халқи билан ҳеч бир алоқам ва адоватим йўқ. Луристон тупроғидан умидим ҳам йўқ. Фақат Отабекнинг ҳусни идорани билмай, менинг аскарларимдан бир юз эллик нафар отлиғимни ўлдириб юборгани учун адаб бермоқ қасди билан келганман. Мана, ҳозир Отабек қўлимга асир бўлиб тушди. Мана шу муҳуммотни адоси учун тоғ орқасидан бу ерга қадар келган эдим. Луристон халқи билан урушмайман, улар ўз тириликларини қилаверсунлар”, деб таблиғ қилинсун, деб буюрдим. Луристон халқи бизнинг жарчиларимиз сўзига аҳамият бермай, урушни давом эттираверар эдилар. Бу вақт мен хаёл қилдимки, луристонликлар бизнинг сўзимизга тушунмаган бўлсалар керак, деб жабҳа орқасидан Гайвни келтиришга буюрдим. Гайв келганидан кейин луристонликларга яхшироқ кўринсун, деб отга миндириб луристонликлар томон йўллаб, юқориги мақсадни уларга эшиттирдим. Гайвнинг сўзига тушуниб туриб ҳам яна урушни давом эттириб бормоқда эдилар. Мен Гайв орқали Отабекнинг қолдиқларига шундай хитоб қилдим: “Сизлар мен билан урушмас эдингизлар. Отабек уруш ишларингизга амр берди. Сизларга амр берган Отабек эса, асир тушди, энди нима учун урушасизлар? Агар Отабекни асир олганимга адоват қилиб турган бўлсангизлар, менга урушиб ғалаба қозонолмайсизлар. Мабодо ғалаба қозониш имкониятингиз туғилса, мен Отабекни ўлдириб юбораман. Уни менинг қўлимдан тирик ажратиб ололмайсизлар,-дедим ва илова қилдим:-Модомики, бу урушингиздан фойда йўқ экан, майдонда ўлик қолдиришларингизнинг нима лозими бор? Яхшиси шулки, салоҳларингизни ташлаб, ўз ишларингизга кетаверинглар. Сизларни асир ҳам қилмайман. Бож ҳам олмайман. Агар уруш давом этса, менинг сарбозларимнинг нобуд бўлишига сабаб бўлсангизлар, у вақтда сизлар билан муомала душманлик қилганлар билан қилинган муомала каби бўлади. Яъни, сизлардан тушган асирлар фидя тўлайди ёки қул қилиб сотилади, юрт халқи эса, уруш чиқимларини мажбуран тўлайди”, деган сўзимни Гайв уларга англатди. Улар ўзаро кенгашга киришганларида, айтган сўзим уларга таъсир қилган каби кўринар эди. Улар орасидан бир оқсоқол одам Гайв орқали шундай деди: “Бизлар тўққиз нафар киши сизга таслим бўламиз, бизларни ўлдириш ёки қул қилиб сотиш ихтиёри сиздадур. Фақат, Отабекнинг озодлигини бахш қилмоғингизни шарт қиламиз”. Мен Гайв орқали жавоб бердим: “Мен Отабекни озод қилиш учун минг одамни бадал берсалар ҳам, қабул қилмайман. Бу талаблари мутлақо амалга ошмайди. Аммо Отабек қаттиғ яралангандир. Заҳмининг сабаби билан ўлуб қолса, сизларга жасадини бераман, қай ерга олиб бориб кўмсанглар – кўмаверасизлар. Агар заҳмидан тузалса, у вақтда Отабекни ўшал сарбозларимни ўлдурган жойига олиб бориб ўлдураман. Жасадини ҳам сарбозларимнинг жасади ёнига кўмаман. Токи сарбозларимнинг руҳи ўз қотилларидан интиқом олганимдан роҳатласун,-дедим. Сўнгра Гайв орқали сўрадим:-Булар ҳозирдан бошлаб салоҳларини ташлаб кетишга рози бўладиларми ёки бирортасини ҳам тирик қўймай, хотун-болаларини асир олайинми?”
Луристонликлар ҳануз қатъий жавоб беролмас эдилар. Бироқ менинг отлиқларим, атрофни ўраб илгарилаб келмоғда эдилар. Бу ҳолда қочиб қутулолмасликларини тушундилар. Муқовамат қилсалар ҳам, Отабекни қутқариб олмоқларининг имкони йўқ эканлигига қаноатландилар. Салоҳларини ерга ташлаб, таслим бўлдилар. Таслим бўлганларнинг ўтишига йўл очиб берилишни афсарларимга буюрдим. Таслим бўлган луристонликлар жилғадан қайтиб, тоғ томонга ўрлаб кетдилар.
Уруш бутунлай тамом бўлди. У кунлар куз фасли бўлгани учун тездаёқ тун кириб қолди. Уруш тугади, душман мағлуб бўлди, демасдан ҳар эҳтимолга қарши ўрдугоҳ муҳофазати учун атрофларга талоялар чиқардим. Ўрдугоҳни эҳтимол остидаги шабхунга ҳозирлаб қўйдим. Балки таслим бўлган луристонликлар янгидан салоҳланиб келишлари ҳисобга олинар эди. Офтоб ботгандан кейин совуққина шамол тоғдан эсиб бошлади. Ўша кунга урушда чап оёғим зарба еган бўлса ҳам, эсиб турган шабадага ўзимни тутай деб хаймадан ташқарига чиқдим.
Кечадан бир оз ўтган бўлиб, ўн беш кунлик ой нури уруш майдонида қолғон мингларча ўлук ва отларнинг лошини ўз ёруғи билан майдоннинг ниҳоятсиз каби этагига қадар кўрсатиб турар, кечанинг ўзига хос ҳайбати, ўлукларнинг сел оқими қолдирган тош каби ётиши ҳақиқий ададига қанча баробар қўшиб, муболағали кўрсатар эди. Шу ҳайбатлик майдоннинг қайси бир жойларида гоҳ-гоҳ соя каби бир нарса силкиниб қўяр эди. Мен буни майдонда чала ўлган бирорта жасаднинг ҳаракатидур ёки бирорта отнинг бошидур деб гумон қилар эдим. Мен кўз олдимдаги вазиятнинг таҳқиқи учун аввалроғда, майдондаги мажруҳларнинг бирини ҳам қолдирмай муолижа учун ташқарига чиқарилганини ёдладим-да, силкинаётган соя тўғрисида таажжуб билан фикрга тушдим.
Одат бўйинча, урушда ўлган ўликларни икки тараф намояндалари йиғиштириб олиб кўмиб юборар эди. Майдонда фақат отларнинг лоши қолиб, турган жойда чириб, оппоқ-оқарган суяги бу майдоннинг тарихий шоҳиди бўлиб қолар эди.
Мен томоша қилиб турган кечанинг ой шуъласидаги манзараси менга сурур бахш этар эди. Чунки нариги тараф мен билан куч синашди, мағлуб бўлди. Бу ерда ётган жасадларнинг ҳаммаси менинг мардлигимга шаҳодат берар, бир кунда шунча одамни тиғдан ўтказиш кичик бир иш эмаслигини қайтадан ёдлатиб турган шоҳидлар эди. Мен чуқур ўйга ботиб кетдим. Аллоҳ таолонинг жонларни олғувчи сифатига эргашган бўлсам ҳам, унинг тирилтирғувчи сифати олдида бир ожиз инсонлигимни эътироф этар, “Эй Темур, кучинг етса, шунча ўликдан бирини тургизиб кўр-чи”, деб ўз-ўзимга танбеҳ берар эдим.
Мен шу тафаккурда эканман, насимнинг эсиши билан бирга, кўп бўри увиллагани каби узоғдан бир товуш келар эди. Гайвни чақиртириб: “Ҳали тузуккина совуғ тушмай туриб бу ернинг бўрилари увулламоқдами?”-деб товуш тарафга ишорат қилдим. Гайв фикримни рад этиб, бундай деди: “Булар бўриларнинг товуши эмас, луристон халқининг навҳа мотам товушидур. Улар тоғнинг этагига жамланишиб олади. Ўз уйларига боришдан ҳижолат бўлишади. Чунки халқлари улардан Отабек қани, ўлган бўлса, нимага жасадини олиб келмадинглар, деб таҳқиқ қилишади. Бериладурғон жавоб ғайри мусбат бўлгани учун юртга қайтолмай, умидсизлик билан ачиниб йиғлайдилар”.
Ҳақиқатда эса, Луристон халқи яхши урушган эдилар. Уларни урушдаги вазиятларида айблаб бўлмас эди. Шундай шижоатга молик бўлган қаҳрамонларнинг йиғига илтижо этишларига таажжубландим. Буни англаган Гайв изоҳ берди: “Ўз райисларидан айрилмасалар, бу халқнинг эркак жинси йиғламайди. Бугун Отабекни қўлдан берганлари сабаби билан эркак одамлар йиғламоқдадурлар”. Мен дарҳол Гайвни Отабек асир ётган хаймага бориб аҳволини ўз кўзи билан кўриб келмоғига буюрдим. Гайв тезлик билан бориб кўриб келди: Отабекнинг аҳволи анчагина тубан экан.
“Заҳмидан қонни тўхтатишга ҳар қанча уринган бўлсалар ҳам, қон тўхтамасдан оқиб турибдур”, деди. Мен ҳам табиблардан сўраган эдим, улар шундоғ деган эдилар: “Отабекнинг сон сўнгаги чўрт кесилгандур, синиқ боғлағувчи ҳакимлар у кесилган оёғини бир-бирига жуфтлаб боғлаб қўйган бўлса ҳам, сўнгаклар бир-бирига чаплашиб битгунча ҳеч бўлмаса, бирор ой қимирламай ётмоғи лозимдур”. Ҳолбуки, шу куннинг ўзидаёқ уни неча қатладан бир жойдан яна бир бошқа жойга кўчирилди. “Биз бу ердан кўчганда, Отабекни ҳам олиб кетамиз. Вазиятни мана шу ҳоли хастанинг бир ой қимирламай ётишига мусоид қилмайди”, деганимни эшитган Гайв: “Ундоғ бўлса унинг ўлиши муҳаққақдур?” деди. Мен Гайвга бундай дедим: “Отабек ўз ўлимига ўзи сабаб бўлди. Аввалдан менинг сарбозларимни ўлдирди. Бугун эса, мен билан тан-батан урушмоқни унинг ўзи талаб этди. Ниҳоят, болтамнинг зарбасига сазовор бўлди”. Мағлуб йигитларнинг мотам навҳалари кечанинг бир вақтиғача қулоғимга кириб турди...
Эртаси ўликларимизнинг дафинига машғул бўлдик. Бир тарафдан қўшуннинг қайтмоғига ҳозирлик кўрдик. Биз қайтиб кетишда ҳам ўзимиз тушган дарахтлик тоғдан қайтиб кетмоғимиз лозим эди. Биз ўлукларимизни кўмаётганимизда ҳам Луристон халқинингқораси узоқдан кўриниб турар эди. Улар ҳамон ўз юртларига қайта олмас эдилар. Қиёмдан ўтгандан кейин Отабекнинг жон берган хабари келди. Офтоб ғурубига яқин бир вақтда жасадни Луристон халқига топшириб бермоқларини буюрдим. Гайв билан бирга бир неча отлиқларим, луристонликларга бориб ўлик подшоҳ жасадини таслим олмоқларини хабар қилдилар. Бу хабарни эшитган луристонликлар, улуғ муваффақиятга эришган каби хурсанд бўлишиб келиб, Отабек жасадини олишиб кетдилар.
Луристон урушига қатнашган сарбозларим бутун уруш ғаниматидан маҳрум эдилар. Чунки Луристонда бойлик учун чорвалари бордир. Бу молларини ҳайдаб кетишда кўрилган меҳнат сотилгандаги пулига арзимайди. Сўнгра вақт куз бўлиб қолгани учун мол ҳайдаш билан умрни зое қилиб қишнинг узоқ муддатлик совуғида қолмоғнинг фойдаси йўқ эди. Луристонга келишдан мақсад Отабекни жазолаш эди. Буни жазолантирилди. Энди сарбознинг ғаниматдан маҳрум қолғон ҳолда қайтмакдан бўлак чора йўқ эди. Ойнинг ўн олтинчи куни бомдод вақтидан бошлаб дарахтлиқ тоққа чиқа бошладик. Бутун отлиқларимни тоққа чиқаргунимча ўзим тоғ этагида қолдим. Қўшунни довонга илаштириб бўлғондан кейин охирги отлиқ мен бўлиб тоққа чирмашдим. Мен Луристон халқи биздан ўч олиш учун тоғ йўлини пойлаб туриб, тоғ устида бир фитна туғдирмасун, деб ўзим орқада қолдим. Тамом йўлларни текширишдан ўтказдим. Луристонликлар Отабекнинг жанозасини Ҳусайнободга етказиб, дафн қилиш билан овора бўлганликлари учун бизни таъқиб эта олмадилар. Улар ўз султонлари жасадини қутқариб олиб чиққан қаҳрамонликларини собит қилмоққа машғул эдилар. Биз отларимизни тўғридан-тўғри тоғ бошига чиқаролмас эдик. Шунинг учун йўлларда илон изи шаклинда эгри-бугри юришлар пайдо қилиб довонга чиқиш йўлини осонлаштирмоқ учун ойнинг ўн олтинчи, ўн еттинчи, ўн саккизинчи кунларини кечирдик. Тоғнинг ярмидан ўтгандан кейин отларга арғамчи боғлаб юқорига тортиб чиқариш учун йигитлар арқоннинг бир учини белларига боғлаб олиб, яна бир учини отларига боғлаб тортар эдилар. Отлар арқонлар ҳимояси билан юқорига қараб тўрт оёқ сакраб ўрламоққа бошладилар. Қўшундаги бир неча дона хачирларни отдан кўра осонроқ тепага чиқарилди, чунки хачирлар тепага чиқар вақтда нафаси бўғилиб тутилмайди, отлар эса, юқориламоқда нафас олмоқдан қийинлик тортадилар. Баланд довон, тоғ тепаларига юк билан чиқмоққа хачирдан яхшироқ тўрт оёқлик ҳайвон йўқдир.
Тоғдан ошмоқ уч кун давом этди. Икки юз қадар одам ўлди, бирмунча отлар ҳамнобуд бўлгандан кейин тоғ тепасига чиқиб олдик. Пўшти кўҳдан (тоғ орқасидан) чиқиб кетмоқчи бўлдик.
Бу вақтда ҳаво ҳам хийла совуқ бўлиб қолғон эди. Семара дарёчасидан ўтганимиздан кейин уч кун ёмғир ёғди. Биз Гайвнинг истиқоматгоҳига – Изо тегирмонига борганимизда, ёмғир тўхтади. Куз совуғини олиб келган уч кунлик ёмғир совуғидан сабозларим орасида хасталик бошланди. Уларни иссиқ сақламоқ учун дарахтларни кесиб бошпана ҳозирлатдим. Бу билан дафъатан совуққа маъруз қолмоқдан сақланиб олдик.
Менга йўл устида самимият билан хизмат қилиб ёрдамлашган Гайвга Форс сафари олдида турганимни баён қилиб, мендан нима истамоқчи эканлигини сўрадим.
У: “Эй амир, пўшти кўҳ (тоғ орқаси) одамлари бу ронванд тоифасидан бўладурлар. Менинг сизга йўл бошлаб борганимни кўрдилар, сиз кетгандан кейин менинг қари отам ва барча бола-чақаларимни ўлдуруб, ўч олишлари мумкиндур”, деб хасратланди. Мен унинг чораси учун Форсга кўчиб кетмоғининг машваратини бердим. Гайвнинг кўзи ўз ватани тупроғидаги биргина тегирмонда эди. Жавоб берди: “Мен шу тегирмонни шунчалик қилгунча кўп заҳмат чекдим, Форсга кўчиб кетгудек бўлсам, бу тегирмоним нима бўлади?” “Тегирмонни сот”, дедим. “Тегирмонни оладурғон яхшироқ харидор топилмайди”, деди. Мен унга ўз фикримни баён қилиб: “Сен ўзинг ва оила ҳаётингни сақлаш учун Форсга кўчиб кетмоқни мувофиқ кўрсанг, мен сенга Форсдан экинга ер, яхши жойдан тегирмон олиб бериб, ҳаётингнинг фаровон таъминига лойиқ чораларни кўриб бераман”, дедим.
Гайв рози бўлиб, оиласи билан Форсга борди. Унга яхшигина бир қитъа ер олиб бериб, икки минг динор олтин пул берганимдан кейин, қидолашар эканман, Гайв: “Сиздан яна тақозоим бор”, деди. “Хўп, нима тақозоинг бор?” деб унга қарадим. У хомушлик билан ўзини тўхтатиб олгандан кейин: “Мен сиз билан юз ўпишмоқчи эдим”, деди. Мен унинг талабига ижозат бериб ёнимга чақирдим. Гайв ёнимга келиб, манглайим билан юзимдан ўпиб, видолашди. Ундан айрилганимдан кейин яна қайтиб кўриша олмадим. Аммо мен шу воқеани ёзиб турган кунларимда ҳаёт бор эди. Фақат отаси бир юз етмиш ёшдан ўтиб вафот этгандур.
Мен Форсга қайтганимдан кейин Мовароуннаҳрдаги ўғлум Шайх Умар кабутар воситаси-ла, Чин мамлакатидан бир бўлак киши элчи ҳайъати номида келганлигидан хабар берди. Уларнинг бошлиғи Чин ҳукуматининг Амир Темур билан дўстлик воситаси ўрнатмоқ учун бу элчи ҳайъатини комил эътимод ва қимматбаҳо ҳадялар билан юборганлигини баён қилган эмиш. “Мен сизнинг қайси вақтда Самарқандга келишингизни билмаганим учун муддат тайин қилолмадим”, деб ёзгандур.
Ўғлумга бундай жавоб бердим: “Мен Форс, Луристонда ўз ишларимни тугатдим. Тез кунда Мовароуннаҳрга етиб бораман. Унга қадар Чин элчилари кутилсун”.
Мен Самарқандга бормоқ учун Исфаҳон, Рай йўлларини тутсам, йўлим узойиб кетар эди. Шу сабабдан Кавир чўли орқали Хуросонга қараб йўл солдим. Кавир чўлига оид маълумотларни Зобулистонга юриш асносида баён этган эдим. Шуни ҳам изофа қилиб қўймоқ лозидирки, Эроннинг Кавир чўлидан ёз фаслида бир қўшунни ўткузаман демак тентакликдур. Фақат ҳозирги мен ўтаётган вақт куз фасли бўлиб, ҳаво совуб қолгани учун Биржанд деган жойгача ҳеч бир ҳодисага дуч келмай, қўшуним билан йўл босиб кетдим.

 
« Олдинги   Кейинги »