025. Абдол Гулзойи ким ва қайси ерда салтанат қилур эди? Принтер учун E-mailга юбориш
Биржанддан йўлга тушганимиздан кейин талоядорларимдан бирор хабар келишига мунтазир бўлиб турдим. Аммо ҳеч бир хабар келмас эди. Бу ҳолда талояларим йўл йўқотган ёки қандай бир ҳодисага дуч келган, деган хаёлга кўчдим. Шунинг учун бошқа бир бўлук талоядорларни маъмур қилиб йўлладим.
Иккинчи талоядорлар аввалги талоянинг барча сарбозлари ўлдурилуб, от ва аслаҳалари талон бўлуб кетганидан хабар берди. Мен турган жойнинг исми Хунгар аталиб, Биржанддан бир манзил масофада бир воқеа юз берган эди. Тезлик билан Биржанд ҳокимини ҳозир қилдурдим, унга воқеани айтиб, сарбозларимни ўлдурган кишиларни билиш тўғрисида таҳқиқға буюрдим.
Биржанд амири ўз мулоҳазасини тубандагича шарҳ этди: “Эй амир, бу едаги сизнинг қўшунингиз афродига дахл қиладурғон ва унга журъат қиладурғон одам йўқ. Бу жаримани ишлагувчилар шубҳасиз, бошқа ҳудуднинг одамларидур. Агар рухсат берсангиз, мен воқеа зуҳурига келган жойни ўз кўзум билан кўруб, мужримларнинг исботи учун бирор далил қўлга келтурсам”, деди.
Менинг мувофиқатим билан Биржанд ҳокими ва афсарларимдан бир нечаси бирга бўлуб, воқеанинг таҳқиқига бордилар. Жуда тезликда қайтиб келиб, ҳоким жавоб берди: “Сизнинг сарбозларингизни ўлдурганлар гулзойилар экан, булар Ғур ўлкаларида яшайдурлар. Ғур ўлкаси катта мамлакатдурки, Ҳиротдан тортиб Кобулғача чўзиладур. Бу минтақаларнинг барчаси Ғур подшоҳи Абдол Гулзойи деган кишининг ҳокимияти остиндадур” (М.Брайвон: Ғур ўлкаси дейилган ерлар ҳозирги Афғонистон ҳудудига тўғри келади. Ғарб томони Кобулга ёпишар эди. Ғур салотинлари баъзи вақтларда Ҳиндистонга қадар қўл ташлаган эдилар).
Мен ноҳақлик билан ўлдурилган сарбозларимнинг қасосини олмоқ учун Ғур ўлкасига бормоққа мажбур бўлдим. Биржанд ҳокимидан: “Ғурга бормоғим учун Ҳирот йўли узоғлиқ қилади. Бу жаримани ишлаганлар ҳам яқин йўлни тутиб келиб талояларимни ўлдургандур. Мен ҳам яқин йўлни тутуб бориб жазо беришим керак. Шунга қайси йўлни тутайин?” деб сўрадим. Биржанд ҳокими айтди: “Эй амир, сиз шу ердан тўғри Искандарга бора оласиз, искандарга бориб, шимол йўлини тутиб, Ғурга кириб борасиз. Фақат сиз бу сафардан кўз юмушингиз керак. Чунки Ғур ўлкасига бормоқлик хатардур. Ғур ўлкасининг подшоҳи қудратлик ва ҳеч нарсадан парво қилайдурғон бебок кишидур” (М. Брайвон: Искандар шаҳрини бу кунда Кандаҳор деб ҳам атайдирлар. Бу шаҳарни Искандар Мақдўний бино қилган. Бу кунгача Кандаҳор Афғонистоннинг машҳур шаҳарларидан биридур).
Мен Биржанд ҳокимидан: “Менинг талояларимни ўлдурганлар Ғур гулзойилари эканлигини қайдан билдинг?” деб сўраб қолдим. У жавобида шундай деди: “Муҳожимлар (ҳужум қилганлар) майдонда бир асар қолдирмай кетишлари камдан-кам вужудга чиқади. Мен ўшал қотилгоҳга бордим, урушдан қолган асбобларга диққат қилдим. Фақат бир талвордан (“Талвор” деб вазни оғир, ошпичоқ шаклида ясалган бир салоҳни айтадур) бошқа нарса қолмаган эди. Мана бу аслаҳа муҳожимларнинг гулзойилар эканлиги далилини кўрсатади. Талворни фақатгина гулзойилар урушда қўлланадурлар”. Мен яна ҳокимдан: “Шу жойдан Искандаргача ва Ғургача қанчалик масофа бор?” деб сўрадим. Ҳоким: “Искандаргача етмиш тош масофадур. Ундан Гулзойининг пойтахтигача олтмиш тошдур” деиши ҳамон Ферузободнинг қандай бир шаҳар эканлигини ҳам сўраб қолдим. Ҳоким: “Ул шаҳарнинг қалъаси тошдан ясалган, улуғ бир шаҳардур. Ҳисорни Абдол Гулзойининг оталари қилиб кетгандур, бу шаҳарни ўн йил муҳосара қилсангиз ҳам, тасарруф қилолмайсиз”, деб жавоб берди.
Сўнгра Гулзойиларнинг шакли, қоматидан баҳс этдик. Ҳоким айтди: “Гулзойилар баланд қоматлик кишилардур. Сарбозларингизнинг бирортасини қолдирмай ўлдуриб кетганидек, урушга кирганларидан кейин, ҳарифларининг охирги нафарини ҳам тугатмагунча урушдан қўл тортмайдурлар. Тоғларида олтун-кумуш конлари ҳам бормиш”.
Мен қатлгоҳни ўз кўзум билан кўриш учун Хунгардан жўнадим. Икки юз эллик нафарлик талоя сарбозларимни ўлдуриб, от-аслаҳаларини олиб кетилган ўринни кўришим лозим эди. Бориб кўрганимда, шундай тахмин қилдим: талоядорларим ғафлатда қолиб, мавзенинг вазиятидан хабарсиз қолгандурлар. Зотан, талоядорлар йўл-тоғларнинг вазиятига диққат қилиб ўрганиш, қайси бир жойларда душман пистирмалари борлиги тахминини аниқлаш, бутун атрофдан ҳар бир ишни ўрганиш учун қўшундан илгари юбориладур. Шу вақтда, талоя мансублари ғафлат билан ўзини душман қўлига туширмаслик учун имкон ва иқтидори худудида душманнинг тамом ҳийла ва тадбирларига қарши ҳушёрлик ва зийраклигини ишлатмоғи лозимдур. Шундоғ бўлуб туриб душман қўлига тушуб қолмоқлик душман тарафининг ҳушёрлигининг аломатидур.  Бундай душман ўз ҳасмини қандай қилиб мағлуб этишнинг ҳам уҳдасидан чиқа олғай. Мен талояларим маҳв бўлган ерни ва атроф ҳолатларни, гулзойиларнинг аслаҳа ва ҳийла ишлатиш йўлларини тадқиқ этмоқ учун йўлга чиқар эканман, Биржанд ҳокимидан бир неча нафар изчиларининг рафоқатимда бўлишини талаб қилдим. Маълумки, Хуросон изчилари ўз муҳимларида маҳоратлидирлар. Улар қумлик чўлларда туя изини таъқиб қилмоққа қодирдирлар. Гулзойилар отлиқ эдилар, менинг талояларим ҳам отлиқ эдилар. Икки отлиқ орасида кечган аҳволни бу изчилар масоидаси-ла яна яхшироқ англамоқ мумкин бўлур эди.
Биржанд ҳокими менга қўшиб берган изчилар таҳқиқни тамомлагандан кейин шундай хулосани баён этиб: “Биз йигирма беш тош ерга қадар таъқиб этдик. Улар Искандар томонга эмас, Ферузободга кетгандурлар. Улар отларни чанқатиб қўймаслик учун сувли минтақалардан йўл солгандурлар”, деганларидан кейин мен яна Биржанд ҳокими билан кенгашдим. Ҳоким айтди: “Сизнинг аскарларингизни нобуд қилган Гулзойи халқи Абдол Гулзойи томонидан маъмур этилган кишилар бўлиши керак. Бу ҳодиса унинг қўмондонлиги остида ижро этилгани имкондан узоқ эмасдур”.
Мен Абдол Гулзойининг қўшуним афродларига қилган аҳонатини, бунинг заминида менга қилган қоқбошлигини жазосиз ташлаб кетолмас эдим. Одатим бўйича, менга итоатда бўлган ва ҳукуматлар ўртасидаги эҳтиромни сақлаганларга қарши нотўғри ҳаракат қилмайман, уларни оғритмайман ҳам. Онт ичиб биламанки, бу кунга қадар бир кишига қасддан ўринсиз озор етузмадим. Шу билан бирга, менга қарши аҳонаткорлик, қоқбошлик қилғувчиларни жавобсиз ҳам қўймадим. Бугун мен ҳеч бўлмаганда Абдол Гулзойининг қилган ишига лойиқ жазо бермоғим лозимдирки, гулзойилар талоя бўлукимни қандай ғафлатга солди. Уларни нима учун охирги фардигача ўлдурди? Мана бу масала менинг фикримни қаттиғ ишғол қилмоқда эди.
Бу нуқта устида Биржанд ҳокимининг таъбири бундай эди: “Гулзойилар бир ва ё бир қанча карвоннинг молига тааруз қилиш, талаб олиш мақсадида бу минтақаларга келган бўлса, бирдан сизнинг одамларингизни, от ва салоҳларини кўриб, ўлжа олмоқ учун ўз дағаллик ва хиёнаткорликларига ўтуб қолғондур. Уни шундай амалга оширғондирлар”, деб тахмин қилар эди. Мен гулзойиларга қарши жазо қўлланиш нияти билан Ғуристон қасдида йўлга тушуб, аскарларга етиб бордим. Албатта, мен бу юртнинг табиати ва халқининг урф-одатига ошно эмасдурман. Бу минтақанинг ҳар бир дарахти, ҳар бир дона тоши бўлсун, кўзумга душман каби кўринар эди. Ерлик одамларнинг шакли узун бўй, қарға кўз, сариғ сочли кишилар эди. Кийим ўраб, баъзан узун энлик шолга ўраниб оладилар ёки елкаларига ташлаб оладилар. Бирлари ўша минтақага яқин тоғлиқ ерларда яшайдиган Потон тоифасидур. Эҳтиёжотлари учун шаҳарга киргандирлар, деб танитдилар.
Бу жойда бир неча нафар йўл билгувчи кишиларни хизматга олдим ва бир неча кишиларни аскарий таъминотларни (озиқ-оқат, ем-хашак) ҳозирламоқ учун олдинга йўлладим. Бундан ташқари, олдимизда турган қишнинг совуғидан сақламоқ учун аскарларга иссиғ либос, кигиз, палосларнинг ҳам чорасини кўрмак лозим эди. Шунинг учун лавозимотчиларга тайин қилдим. Ҳар жойда пўстин, кигиз каби нарсалар кўрунса, сотиб олмоқларига таълим бердимки, бу минтақаларда кигиз ҳам, пўстин ҳам ортиғи билан топилар эди.
Мен кўруб турган тадбирлардан хабарсиз бўлган йўл бошлайдиган хизматчилар огоҳлик бермоқ учун: “Абдол Гулзойи турган жой (Ферузобод) жуда қаттиғ совуқ бўладир. Бизлар етиб боргунча у ернинг совуғи бошланади. Қўшунни совуқдан сақлаш учн тадбир кўрилиши зарурдир”, деди. Мен уларга: “Шундай катта бир ўт ёқаманки, қўшун совуғдан қийналмайди”, деганимда, улар менга ҳайрат билан назар ташладилар. Чунки улар менинг “ўт ёқиш” киноямни, ўтин туташтириш деб тушунган эдилар. Менинг ўт ёқишдаги киноям уларга ойдинлашмаган эди.
Мен Искандардан кўчдим. Йўлга тушганимдан сўнг ҳам шитоб билан йўл босмадим. Бунинг сабаби, биринчидан, сарбоз отларини чарчатмаслик бўлса, иккинчидан, Шайх Умарнинг қуввоблари етиб келишини ҳисобга олиб, атайлаб секин-секин юравердим. Менинг шимолни қоралаб туриб юрган  йўлим Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндистон еридаги Суманотни фатҳ қилишда қўлланғон йўли эди (М.Брайвон: Суманот – Ҳиндларнинг улуғ бутхонасидур. Бутхона Бомби аёлотларининг биридадур. Султон Маҳмуд Ғазнавий ул бутхонани тасарруф қилиб, бутларини синдириб, ўртадан кўтаргандир). У йўлнинг ҳар дўқмишида Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг ва Чингизхоннинг ва машҳур қўмондонларнинг хотиралари кўзга чалиқиб турадир. Баъзи тоғларнинг чўққисида номаълум бонийлар тарафидан бино қилинган қалъалар ҳам кўриниб тургани билан, ясалган тарихи ва кимлар тарафидан ясалгани номаълум қолгандир.
Йўлб бошлағувчи хизматчиларимиз бир жойга келганимизда: “Бу ер Бомиён деб аталади”, дедилар. Бу Бомиён деган жой қадим замонларда дунёнинг икки буюк бутхоналаридан эмиш. Катта-ката бутларнинг асари кўринар эди. У ноҳиянинг тошчи усталарининг фани-маҳорати шу қадар эдики, уларнинг уста қўллари билан тарошланган бутлар, бир жасталигини сақлаб турар эди. Бутларни синдириб ташлаш учун ҳам кўпгина усталарнинг узоғ муддат ишлаганидан кейин бузилганлиги тахмин қилинар эди. Кўриб турганим Бомиён инсонлари бутпараст бўлмасалар ҳам, бутларнинг айни ҳолда тургани бор эди. Мен бу бутларни синдиришга вақт чиқармаганим каби, синдириш қасдим ҳам йўқ эди.
Мен ўз ҳаётимни “ҳаёт мужодаласи” деб атадим, жонсиз нарсаларнинг уруши мужодаласига вақт сарф этмадим. Шунинг учун жонсиз тошлар билан урушмоқни шаънимдан узоқ деб биламан. Мен ўз ҳаётимда қақшатқич мужодалалар қилдим, аммо бирор ўликнинг қабрини кавлаб, ўлик жасадни лаҳаддан ташқари чиқариб қўйдириш каби ҳаракатни қилмадим. Бундай ишлар ким тарафидан қилинган бўлса, унинг мардлик шаънидан узоғлиги деб биламан.
Бомиёнга борганимдан кейин йўлимиз бир минтақага бордики, у минтақа ўша фаслда анчагина совуқ эди. Сарбозларга илиқ кийимлар аввалдан ҳозирланиб қўйилгани учун совуғдан озор чекмас эдилар. Бирор жойда туришга ҳожат бўлса, отлар учун муваққат оғил ясаб, ҳайвонларни совуғдан сақлаб турар эдик. Отларнинг емак-озуқаларининг сариштасини кўриб олганимиз учун беташвиш бўлсак ҳам, олдимиздаги қаттиғ совуқнинг андишаси йўқ эмас эди.
Ўзимча: “Ферузободга етиб, шаҳар ичига кириб олсак, у қадар совуғдан роҳатсизланмасмиз”, деган умиддан ҳам ҳоли эмас эдим.
Мен Самарқандга ўғлим Шайх Умарга ёзган мактубимда икки муҳим вазифанинг ижроси кўрсатилган эди. Бири, гулзойилар менинг талоя аскарларимга ўлум жазоси бериб каттагина беадабликка қадам қўйганликлари сабабидан уларни жазоламасдан туриб Мовароуннаҳрга боролмаслигим, Мовароуннаҳрда эса, Чин ҳукуматининг элчилари менга мунтазир тургани учун уларга менинг муҳиммотларим тугамасдан туриб Самарқандга боролмаслигим билдирилсун. Мен қайтиб боргунча интизор чекадиларми ёки юртларига қайтиб кетмоқни муносиб кўрадиларми, ҳар ҳолда бизнинг ҳукуматимиз тарафидан уларга яхши ором ва тажлил билан дўстона муомалада турилсун. Нимага деганда, бир подшоҳнинг элчисига эҳтиром назари билан боқмоқ ўша подшоҳни эҳтиром қилмоқ демакдир. Бир султон яна бир султонни ҳурматлаб, иззат-икром қилур экан, ўз улуғворлигини комил исбот қилганидир, деб тавсия қилган бўлсам, иккинчи нуқтасида, ҳеч бўлмаганда йигирма минг аскарни Бадахшон йўли билан Кобулистонга келиб, сўнгра Ғур ўлкасида бизларга қўшилмоғини буюрган эдим. Бадахшон шоҳи билан дўст учун аскаримнинг унинг тупроғидан мушкуласиз ҳолда ўтмоғини тушунар эдим. Аммо Кобулистонда муқоваматга дуч келиб қолиши мумкин эди. Буни ҳал қилмоқ аскарбошиларнинг вазифаси бўлур эди.
Менинг аскарларимни нобуд қилган Гулзойи босмачилари ўзларини Ферузободга еткузиш учун тутган йўллари уларнинг оз миқдордаги одам ва ҳайвонларининг ўтиб кетмоғи учун емак сув билан таъмин қила олса ҳам, қўл остимдаги қўшунни ўткузиш учун лавозимот иложидан ожиз эди. Магар, Искандар йўли билан Ферузободга юрсам-чи? Аскар ва отларнинг емак таъминоти бемалол-мўлгина топилар эди. Йўл ва таъминот масалаларидаги мушкуллар шу тартибда кўрунар экан, Биржанд ҳокими охирги ажралиш вақтига қадар мени Ғур ўлкасига бормоқдан қайтариб: “У ерда қўшунингиз хатарлик ҳолларда қолғай”, дер эди. Мен унинг жавобига: “Инсон хатарли истиқбол қилмас экан, муваффақиятга эриша олмас”, деб рад қилдим (Муҳаррир ва мутаржим изоҳи: Амир Темур Биржанддан Искандарга, ундан  Бомиёнга бордим, деб даъво этадир. Марсель Брайвон Искандарни “Кандаҳор” деб изоҳ бергандир. Биз шу нуқталар устида, Амир Темур Кандаҳорга келиб, Бомиёнга борган бўлса, тескари бир йўлни тутканини кўрамиз. Шунинг учун Искандар, Биржанд, Ферузободларнинг бу кунларда қайси шаҳарлар эканлигини аниқлаш  билан Амир Темур қўлланган йўлнинг яқин ва тўғри бир йўл эканлигига маълумот ҳосил қилмоғимизни сезамиз).
Олдимиздаги етмиш тошлик сувсиз, биёбон йўлини кесиб ўтмоқ учун Биржанддан йўлчи одамларини бирга қилиб олдим. Ҳисобимизга қараганда, бу етмиш тошлик йўл ичида ўн жойда сув топилар эди. Бу билан от ва аскарларни таъминламак мумкин эди.
Агар бизнинг бу сафаримиз ёз фаслида бўлса эди, ҳалокликдан бошқа натижа чиқмас эди. Куз ва совуқ фасл бўлгани учун у хатарларнинг андишаси йўқ эди.
Қўшун олдида хабар олиб бормоқ учун икки даста талояни ҳозирлаб, уларга илгари Гулзойиларнинг қўлида қатл бўлган биродарларидан ибрат олишларини тавсия қилдим. Орқа тарафни кузатиб бориш учун бир бўлук ақабдорларам таъйинладим.
Илгари олган маълумотимда шитоб юрган карвон етмиш тош йўлни ўн тўрт кунда боса олур эди. Салт отлиқ бўлса, етти кунда босадиган йўлни тўрт кеча ва беш кундузда босиб, Искандарга етиб бордим.
Искандар шаҳри таърифидаги юноний Искандарнинг овозасига кўра ҳеч нарса йўқ эди. Бир қиссадан афзаллиги кўрунмади. Юноний Искандарнинг қалъасидан ҳеч асар кўрмадим. Бу улуғ номга эга бўлган шаҳар Ҳиндистон йўли устида бўлмаганида, эрта қачон ўртадан йўқ бўлиб кетар эди. Ҳиндистонга қатнайдиган Мовароуннаҳр, Бадаҳшон, Кобулистон карвонлари пайваста у ердан ўтиб, Ҳиндистондан келадиган карвонлар ҳам шу йўлни қўлланиб тургани учун бу қасабанинг ҳамон боқий сақланиб қолмоғига сабаб бўлгандир.
Ферузобод шаҳри кўзга кўрингандаёқ, бу шаҳарни уруш учун таҳқиқ этиб ясалганига фоний бўлдим. Шаҳар бир тепаликка бино қилинган, шаҳарга борғувчи одам биргина юқорига ўрлаган йўлдан бормоқдан бошқа йўл йўқ эди. Йўл эса, хусусан, ёш болалар, кексаларнинг юрмоғига машаққатлик эди. Шаҳар ҳисорини йўниб ишланган тош билан кўтарган эдилар. У ерларда тош кўп бўлгани учун Ғур халқи ўз уй-жой биноларини ҳам тошдан қилур эдилар. Тош йўниб ишлайдиган усталар ҳам кўп эди. Тош илари билан машғул бўлиш ерлик халқнинг маҳаллий сифатлари ҳисобланади. Қадим замонда Бомиён бутларини тарашлаган тошчиларнинг ҳунарлари ўз авлодларига мерос бўлуб қолғондур.
Ферузобод кўзга кўринганда ҳаво хийла шиддатлик совуққа кириб қолғон эди. Фақат, ерда қор йўқ эди. Мен бу тепаликда тошдан чивирилган ҳисорни кўриб, фикрга чўмиб кетдим. Ҳисорнинг бу кўриниши Ферузобод муҳосарасининг хийла чўзилиб кетишини кўрсатар эди. Шаҳарни борут билан ва бошқа тариқа билан бузиш мумкин эмас эди. Бу ҳолда ўзимни шаҳарга қайси тариқа билан еткузиш лозимлигининг андишаси босган эди. Маълумки, тепадаги шаҳарга биттагина йўлдан чиқиб бормоқ иложсиз бир нарса эди. Бошқатдан бир йўл ясаб бориш ҳам осон иш эмас эди. Мен шу фикр билан машғул ҳолда, тепалик остида бир қўшунга кўзим тушди. Абдол Гулзойи мен билан ул ерда урушмоқға ҳаракат кўриб тургани маълум бўлди.
Гулзойилар қўлидаги талвор деган салоҳини жуда ҳам ҳавфлик деб таъриф қилганларида, унинг кескин ва оғирлигини ҳам баён қилиб, талвордан бир зарба еган киши иккинчи оёқ устида  туришга қодир бўлолмайди, деган эдилар. Қўшунимда талвор салоҳи  ишлатилмаган бўлса ҳам, найзадан яхши истифода қила олур эдилар. Бизнинг қўшуннинг отлиқ бўлиши ҳам улуғ мазият эди. Гулзойиларда от йўқ эди, пиёда урушмоққа мажбур эдилар. Бу вақтда бизнинг қўшун отлиқ ҳолда найза ишлатиб, гулзойилар эътимод этган талворларини ишдан чиқариб юборишлари аниқланар эди.
Қўшунни ўнг, сўл икки жаноҳ билан ўртадаги қалб қисмларига тартиблаштирдим. Сарбозлар найзаларини қўлда тутсунлар, вақти келиши ҳамон бирин-кетин найза билан ҳамла қилсунлар, деб буйруқ бердим. Афсарларимга: “Бугунги урушни эртага қўймай, душманни нобуд қилмоғимиз керак. Агар душман қўшуни илож топиб тош қалъа ичига қириб олғудек бўлса, бир-икки йил мухосара қилиб турмоғимизга тўғри келади. Гулзойилар шу минтақанинг одами бўлгани учун совуққа қарши ўтун, емак-ичмакларини тош қалъалари ичига етарлик қилиб чиқариб олган эдилар. Уларнинг қалъага кириб олмоқлари биз учун бир неча йиллик заҳматни орттиради. Шунинг учун уларнинг шаҳарга кирмоқларига йўл бермаслик чорасида бўлшимиз керак. Бу мақсадга эришмоқ учун ўзимизга етадурғон талофатларга аҳамият бермасдан бугуннинг ичида бу урушга хотима беришимиз керак”, дедим. Сўнгра ўзим ҳам сарбозларим каби қўлимга найза олдим. Ҳамлага бошламоқ амрини бердим.
Қўшун гулзойиларга қараб илгарилай бошлади. Гулзойилар эса, ўз қўшунига бир доира шакли танзим берган эдики, садри Ислом мужоҳидларига пайровлик услубида эди. Бу шундоғ эдики, гулзойилар аскарларининг юзи доимо биз тарафда, орқаси ўз-ўзига қараган бўлур эди. Шунинг учун биз қайси тарафдан ҳамла қилсак, уларнинг юзига муқобил бўлиб, ҳеч вақт уларнинг орқасига ўзимизни еткузолмас эдик. Қўшунимнинг қўлидаги найзалар душманга санчилгандан кейин, иккинчи истеъмол қилмоқ учун душман жасадидаги найзани суғуриб олиш лозим келур эди. Бу эса, бир оз вақтни зое қилгани учун душман бу фурсатдан фойдаланмоғи кўзда тутилар эди. Бунинг чораси – сарбозларни бир неча донадан найза билан салоҳлантирмоқ лозим кўрунур эди. Аммо бир неча адад найзани бир сарбозга кўтартирмоқ хийла оғир ишдур. Бу фақат қўшунни суръатлик ҳаракатига ҳалал беради. Ўтмишдаги урушларда ароба юрадиган жойларга заҳира ўқларини аробага юклаб олиб борган бўлсам ҳам, найзаларни юклаб юрган эмас эдим. Ўша асосга мувофиқ бугунги урушда иштирок этувчи сарбозлар бир донадан найза билан салоҳлантирилгандур. Агар шу бир дона найзани қўлдан берсак, гулзойиларнинг хатарлик талворлари олдида салоҳсиз бўлиб қолур эдилар. Мен гулзойилар устига от солдириб борганимда, улар томондан тошбўрон қилиш ёки ўққа тутишни назарда тутган эдим. Улар эса бу икки тадбирдан бирини ҳам қўлламадилар. Маълум бўлишича, гулзойилар қўмондони тошбўрон билан ўққа тутишнинг фойдасидан хабарсиз каби эди. Аҳволни бу ҳолда кўриб, душман сарбозларига яқин етиб боргунимизча шошмасдан секин ҳаракат қилиб бордик.
Душман билан орамизда эллик зироъ масофа қолғонда, узангини қимтиб отларга хай берганимизда, отлар учар қушдек ҳаракатга келдилар. Дафъатан найза билан қилган ҳамламизда ҳар бир найзамиз душман сарбозининг кўксига тегиб, орқасидан тешиб чиқар эди. От билан одам кучи бирлашгандаги ҳамланинг натижаси шундоғ бўлиши табиийдур. Мен ўз олдимдаги душман сарбозидан бирини мўлжаллаб найзамни унга ўқталдим, шу ҳолда ҳеч кўрилмаган бир воқеа юз берди: душман тарафидан менга қаратиб недир ташланди, у нарса эса, хафтонимнинг темирларига тегиб, садои оҳанг акс эттирди-да, силжиб ерга тушди. Чаққонлик билан урган найзам у одамнинг кўксига санчилди ва дарҳол найзамни унинг кўксидан тортиб олдим. Тезлик билан иккинчи душманга ҳамла бошладим. Шу вақтда аскарларимнинг от устидан мункиб ерга тушиб турганини кўрдим. Диққат билан душман ишлатмоқда бўлган салоҳга кўз солдим. Гулзойилар ниманидир менинг аскарларим устига ташлаб, уларни от устидан ерга –тупроққа оғдираётганини кўрдим. Бу аслаҳани камандми деб ўйладим. Ҳақиқатда, у салоҳ ўроғ шаклида бир халқа бўлиб, халқанинг бир чеккасидан ингичка бир занжир боғланиб, занжирнинг бир учи гулзойининг қўлида қолади, яна бир учи келиб менинг сарбозларимнинг баданига санчилади. Сўнгра ул гулзойи ўз қўлидаги занжирни тортиб, сарбозимни отдан ағдариб, талвори билан ҳалок қилади.
Гулзойилар бу салоҳни ишлатишдан шундай маҳоратлидурларки, отилган занжирлик халқа хато қилмасдан бир аскарни бутунлай нобуд қилади. Талворлари ҳам ҳақиқатдан ўткур ва хатарликдурларки, бир зарба билан бир аскарни икки нимта қилиб ташлайди. Гулзойиларнинг бу асрорангиз салоҳидан ўша дақиқада воқиф бўлдим. Дарҳол аскарларимнинг орқага тисарилмоғига қарор бердим. Чунки душманнинг бизга ишлатмоғда бўлган салоҳи ҳеч бир кўрилмаган ва эшитилмаган бўлуб, бунинг мудофаасини фикр қилиб чиқмоқ майдондан ташқарида кенгашмоқ фурсатини талаб қилар эди. Бизнинг найзаларимиз гулзойининг баданига етмай туриб, улар отган халқа бизнинг сарбозларимизни ишдан чиқариб нобуд қилмоқда эди. Бунинг маъноси: бизнинг қўлимиздаги салоҳларимизнинг ишдан чиқарилганини билдирар эди. Мана шу вақтда Биржанд минтақасидаги икки юз эллик нафарлик талоя аскарларнинг бири ҳам қолмай нобуд бўлганининг ҳақиқати очилган эди. Душманнинг менга отган халқаси билан мен ҳам ерга йиқилсам керак эди. Фақат устимдаги хафтон монеълик қилиб, у халқа менинг жасадимга санчилмади. Акс ҳолда, ерга тушиб кетди. Агар хафтон бўлмаганда, мен ерга йиқилар, бир талвор зарбаси билан икки нимта қилинган бўлар эдим.
Карнай овози ва бйроқларни силкитиш ишораси билан бутун аскарларнинг кейин тисарилмоғига амр берилди. Икки жаноҳ билан қалбдаги қувватлар орқага чекинар экан, суръат билан хаёлдан кечдики, бутун аскарларга темир либос кийдирмоқ керак экан.
Гулзойилар қўлига тушган аскарларимни тамоман ўлдурилганини ўз кўзум билан кўрдим. Уларнинг ақидаларида қўлга тушган душман афродини дарҳол ўлдуриб юбориш керак деб билар эдилар. Уларда асир сақлаш одати йўқ эди. Чунки бу соатда устун бўлиб турган қўшун яна бир соатдан кейин мағлуб бўлиши эҳтимолдир. У ҳолда асир тушган душманнинг ҳар бири бир қувватга молик бўлиб, улар бизни ўлдуради, дер эдилар. Душмандан дарҳол интиқом олинса, “Кесилган бошдан ун чиқмайди”, деб масал сўзлашар эдилар. Мен бўлсам, қўлимга тушган асирлар исён қилмаса, ўлдурмайман. Урушдан кейин уларни фидя муқобилинда озод қиламан. Фидя беролмаганини қул қилиб соттираман.
Мен орқага чекингандан кейин ҳам гулзойиларнинг сарбозлари ўз сафларини бузмай турар эдилар. Ҳол тили билан: бизга ҳамла қилмоқчи бўлсанглар, сизларни яхши кутиб оламиз, дер эдилар. Мен дарҳол афсарларимни тўплаб, кенгаш бошладим. Мажлиснинг ибтидо сўзини ўзим шу мазмунда бошладим:
“Мен ўлумдан қўрқмас баҳодир йигитларимга бир ишорат берсам, охиги нафаслари қолғунча амримнинг ижроси учун жон фидо қилмоқларига ишонаман. Аммо бундай ўрунсиз фидо қилишдан фойда чиқмайди. Мен уруш бошланмасдан илгари сизларга ҳар қандай талофотларга назар солмай, урушни бартараф қилиш керак, деб эдим. Менинг мақсадим урушни тўхтатмай давом эттирмоқ эди. Бундан муродим  - хадафсиз ҳолда аскарни азроил қўлига топширмоқ эмас эди. Уруш бошланмасдан илгари қилган тақдир ва тахминларимда, қўлимиздаги салоҳларимиз, аскарларимизнинг  ғайрат ва маҳорати билан енгиб юборамиз, деган фикр бор эди. Уруш давомида маълум бўлдики, бу душманни биз ўйлаган каби осонлик билан маҳв қилмоқ мумкин эмас экан. Уларнинг қўлидаги хатарли талвордан бошқа занжирлик халқаларини ишдан чиқармоқ учун ҳар бирларингиз ўз фикрларингизни билдириб, бу урушдаги ғалабамизни сақлаб қолиш усулларини айтинг. Қани, ҳар кимнинг фикри бўлса, сўзласун, кенгашайлик”.
Афсарлар орасида Латиф чўлоқ исмлик бири сўз олди ва бундай деди:
“Эй амир, сизда борут бўла туриб, нима учун гулзойиларнинг талвор ва халқасидан андиша қиласиз? Нима учун уларга қарши бориб истеъмол қилмайсиз?”
Мен унинг фикрига роса тушунолмаган ҳолда бундай деб жавоб бердим: “Ўғлим, борутни ҳисорларни очмоқ учун истеъмол қилинади. Агар биз Ферузобод халқини мухосара қилган бўлсак, ўзимизни қалъа остига еткуза олсак, у вақтда ҳисорни бузмоқ учун нақиблар кавлаб борут ишлатмоғимиз мумкиндур. Майдон ерида борут ишлатмоқ ноқобулдур”.
Латиф чўлоқ қирқ ёшлардаги жасур инсон эди, менга қараб туриб: “Агар мен сизнинг ўрнингизда бўлсам, гулзойиларнинг оёғи остидан бориб портлатаман”, деди.
Мен яна унинг мақсадини англамай, бундай жавоб бердим:
“Сен гўдаклар каби бемулоҳаза сўзлама. Ўзинг яхши биласанки, биз уларнинг қадамлари остига нақиб қазиб боролмаймиз. Улар бугунги ўзгартиш билан биз кавлаган нақиблар бекор қолаверади. Сўнгра биз улар қаерга кўчса, ўша ерга оёғининг остини мўлжаллаб нақиб кавлаб юраверамизми?”
Латиф чўлоқ жиддийлик билан: “Эй амир, мен сизга нақибдан баҳс қилмадим. Гулзойиларнинг оёғининг остига нақиб кавлаб бориб бўлмаслигини ҳамма билади. Аммо борутни халтага ёки капак кўзага ва ё тўлимга жойлаб, филта ўрнатиб ўт туташтирган ҳамон гулзойи аскарларининг оёғ остиларига ташлаб, портлатиб юбормоқ керак”, деди.
Мен борут билан қалъалаларни бузиб юрган кунларимдан тортиб борутдан уруш майдонида қандай қилиб фойдаланишни фикр қилиб юрар эдим. Бу кунгача бу ҳақда бир қарорга келолмаган эдим. Бу кунги тўпаланг билан у хаёл ҳам мутлақ ёдимдан кўтарилган эди. Латиф чўлоқнинг бу сўзи диққатимни жалб этди. Ўзимга ўзим бу ишни имтиҳон қилиб кўрганда, “Фойдаси бўлмаса зарари ҳам йўқ-ку?” дедим. Бир халта борутни тўлдуриб, бир фатила ўрнатдик. Латиф чўлоқ фатилага ўт туташтиргандан кейин бир тарафга қараб отди. Борутни отар вақтида: “Гулзойи аскарларини ушбу ерда турган деб фараз қилайлик”, деди. Чармдан қилинган борутлик халта ерга тушган ҳамон портлади, мудҳиш бир овоз фазога кўтарилди. Имтиҳон амалиясидан кейин Латиф чўлоқ: “Агар, шу хилда бир мунча халтани борутга тўлдириб, гулзойилар оёғи остига отсак, улардан бирмунча ўлади, қолганлари даҳшатланиб, ўз сафларини бузиб, низомсизликда қолади. У ҳолда бизнинг ҳамлаларимиз уларни тамоман нобуд қила олади”, деди.
Дарҳол бир мунча чарм халталарни ҳозирлаб, кун кеч бўлмасдан туриб Ғур подшоҳининг устига ҳамла бошламоғимизни буюрдим. Ўша куннинг ўзидаёқ борутларимизни гулзойиларнинг қаршисига истеъмол қилдик. Сарбозларимиз фатилаларга ўт туташтириб душманга отди. Баъзи фатилалар қисқа бўлуб қолгани учун мўлжалга боргунча портлаб кетиб, ўзимизга ҳам зарар берди. Шуни ҳам ёдлатиб ўтмоғим лозимдирки, бу вақтгача борутни чағол тошлар билан бирга халтага тўлдириб ёки кўзага жойлаб, фатилалар орқали ўт бериб, душман қўшунига зарба етказиш тажриба қилинмаган эди.  Бу уруш муносабатида қилган тажрибамиз кутилмаган бир муваффақият бағишлаш билан қўшунни чекиниш марҳаласидан ҳужум марҳаласига чиқарди. Иккинчидан: агар биз бу борутни ишлатишдан муваффақият қозонсак ҳам, унинг маънис душман сарбозларини, борут отилгандаги ҳайбатлик овоз билан қўрқутармиз, уларга ҳосил бўлган даҳшатдан истифода қилиб, устига ҳамла қилсак, уларнинг қўлларидаги қўрқинчлик халқа салоҳларини ишлатмоққа фурсат бермай, уларнинг жонлик қўрғони каби бузилмай турган ҳисор шакли сафларини паришон қилармиз, деб ўйлаган эдим. Аммо борутни ишлатгандан кейинги ютуғимиз шундай бўлдики, душман аскарлари, бизнинг портлатган борутимизнинг ҳайбатлик овози билан даҳшатда қолдилар. Доира шаклиндаги сафларини бузиб, саросима бўлдилар. Душман тарафда юз берган бу аҳволин кўрганим ҳамон ўз қўшунимнинг ҳужум қилмоғига амр бердим. Аскар бошлиқларимга, шу жумладан, борутдан истифода қилмоқни таржиҳ тутган Латиф чўлоққа ҳаво қоронғулашмасдан туриб шаҳарга кирмоғимиз керак, агар бу нуқтага бепарволик қилсак, кечаси совуқда қолғон аскарларни ҳалок қилиб олмасак ҳам, эртага ишга ярамас ҳолга тушиб қолишларига сабаб бўламиз, эртага бўлажак урушда мағлубиятни устимизга келтурган бўламиз, деб огоҳлик амрини бердим.
Абдол Гулзойининг аскарлари тузиб турган доиравий сафлари уларнинг енгилмас, баҳодур қўшун қилиб кўрсатар эди. Борутдан кейин доиралари бузулиш билан, заиф бир қўшун қаторига кириб қолди. Сўнгра душман қўшунидаги куллоб (халқа) андозлар ҳам бирмунча нафар маҳоратлик кишилардан иборат эканлиги ҳам англашилиб қолди. Ҳозир менинг аскарларим гулзойиларнинг халқа андозаларига қадар бутун қувватини қандай қилиб ўртадан кўтариб юбориш тариқасини яхши билар ва шу мақсадда ҳужумга ўтган эди. Ишни қилич, найзалар билан бошлаб, гулзойиларнинг саросима, мутафариқ қувватларини ўлдуриш, мажруҳ қилиб ишдан чиқаришга киришганларида, гулзойиларнинг халқа андозалари аввалги каби халқа отолмас, отганда ҳам, у ўзини ростлаб, қорага олиб бўлгунча фурсат берилмас, найзаланар, қиличланар, ерга ағдарилар эди. Энди менинг аскарларимнинг гулзойиларнинг халқа андозалари олдида отдан йиқилиб, талворлари билан икки нимта бўлиб тургани кўрилмас бўлди. Майдонда душман билан урушмоқ ишлари шу тартибда бизнинг ғолибиятимизга кўчди. Бу вақтда гулзойиларнинг тепаликдаги тош билан ясалган қалъаларига кирмоғимиз, салоҳшўрлик нуқтаи назаридангина эмас, қўшуним афродларини ва отларини совуғ шиддатидан зарарсиз сақлаб қолмоқлик учун ҳам зарур эди. Ферузобод қалъасининг хорижинда қолмоқ менинг шахсим учун аҳамиятсиз эди. Масалан, кигиздан қилинган хос чодирим, совуғдан таъсир бермаслиги муқаррар бўлса ҳам, қўшун бошлиғи ўзининг ғамида бўлмай, қўшун афродлари жумласининг фикрида бўлмоғи лозимдур. Агар бу кеча аскарларим бошпаноҳсиз саҳрода қолсалар, отлари билан ҳаммасининг жони ҳалокат сотида қолади, демак эди. Мана шу нозик нуқтага мен нақадар аҳамият берган бўлсам, мағлубиятга учраган гулзойи ҳам мени бир илож қилиб саҳрода қолдириш, қалъа йўлини тўсиб олиш фикрида эди.
Майдондаги ишлар бизнинг ҳисобимизга қараб юргани ҳамон (отлиқларим билан гулзойи қўшуни ўртасида қизғин урушлар давом этиб турган вақтдаёқ) бирмунча сарбозларни ёнимга олдим, халталарга тўдурилган борутларни ҳам кўтариб, Ферузобод қалъасига борадиган тепаликка от қўйдим. Гулзойиларнинг биздан илгарироғда қалъага қараб юрган аскарларига етиб олиб, олдини тўсмоқ, қалъасига киргузмаслик учун шиддатлик ҳолда от қамчилаб илгарилаган эдик. Отларимиз нафас ололмай қолдилар. Шаҳарга мудофаага лойиқ қувват йўқ бўлса ҳам, шаҳар халқи бизни кўриш ҳамон, шаҳар дарвозасини беркитдилар.
Пастдаги майдонда кетиб турган уруш гулзойиларни жуда ҳам тангчиликка солиб қўйган эди. Шу ҳолда, бизнинг тепадаги қалъаларига от солганимизни кўриб кўриб ҳам гулзойи қўмондони бир туркум аскарини бизнинг йўлимизни тўсишга юбормоққа қодир бўлолмади.
Ҳаммага ўхшаб мен ҳам баҳодирликни уруш ютуқларининг омилларидан деб биламан. Аммо шуни билиб қўйиш керакки, баҳодирлик деб бадан кучинигина ҳисобга олинмаганидек, уруш кишилари кучлик юракка ҳам эга бўлмоғи (довюрак бўлиши) керак. Булар билан бир вақтда қўмондоннингуруш фунунларидан хабардор бўлиши, ақл-идроклик бўлмоғи ҳам лозимдур. Агар шу урушда Гулзойи қўмондони Ферузобод шаҳар қалъасини бизнинг юзимизга боғлаган бўлса эди, шу қишнинг совуғ ойлари бўйи бизнинг қўшунимиз шаҳарнинг мухосарасига боғланиб, совуқда қийналар эди. Балки қўшуннинг барбод бўлиши муҳаққақ эди. Аммо Гулзойи қўмондони ўз қўшунидаги талвор билан ҳалқалик салоҳларига ишониб, шаҳар ташқарисидаги майдонда бизни қарши олиш билан ўз бошига зўр балони тилаб олди. Майон уруши бошланганида унинг ҳисобига фойдали бўлуб кўрунган бўлса ҳам, тезлик билан унинг муваффақиятлик салоҳларига барҳам бериш чорасини кўра олдик.
Натижада гулзойиларнинг аскарий сафи бузилиб, бизнинг қалъага томон илгариламоғимизга йўл очди.
Мен Ферузобод қалъаси остига борганим ҳамон ўзим билан бирга борган аскарларни учга тақсим қилдим. Бирини тезлик билан қалъа остига етиб бориб, бирмунча хўфра (чуқур) қазмоққа буюрдим. Иккинчи бўлимни, хўфра қазиб турган аскарлар устига қалъа бошидан тошларни ташлаттирмаслик учун қалъа устидаги ҳаракатнинг зиддига турғуздим. Учинчи дастани орқа тарафдан хабардор бўлиш, пастдаги гулзойиларни бизнинг устимизга ҳужум қилиб чиқиб қолиш эҳтимолини кузатишга тайин қилдим. Хисор утсида кўринган бир неча кишини дарҳол нишонимизга хадаф қилиб юбордик. Маълум бўлишича, бизнинг бу ерларга етиб келишимиз гулзойилар тарафидан ҳеч бир хаёлга олинмаган экан. Ғур подшоҳи бизнинг бу ерларга келмоғимизга имкон бермайди, деб чўтлаган эканлар, нимагаки, бизнинг юзимизга шаҳар дарвозасини беркитиб олган бўлсалар ҳам, бизга қарши фаолиятда бўлмадилар. Бироқ мен ишни ҳисоблаганимда, ўзимни шаҳар ичкарисига кирганимдан кейин қонлик бир урушга дуч келмоғимни ўйлаб, унинг чорасини кўздан кечирар эдим. Мен бу эҳтимолга қадар фикрламоққа мажбур қиладиган омил шу эдики, гулзойилар қўлидаги бизларни бир уриб икки нимат қилиб ташлаган талвор салоҳини истеъмол қилғувчи одамлар шу шаҳарликдир, улар ўз шаҳарларини охирги қатра қонлари қолгунча мудофаа қиладилар. Бизга шаҳар ичида мушкуллик туғдирадилар, деб ҳисобдан ўткузар эдим. Шу ҳисобимга кўра, Латиф чўлоққа хабар йўлладим, ҳар вақт биз тарафдан карнай овози билан ёрдам сўралса, икки минг отлиқ аскар билан қалъага бизнинг олдимизга етиб келасиз, деб тушунтириб қўйдим. Токи Ферузободга етарлик даражадаги қувват билан киргаймиз. Сўнгра ўз ёнимдаги аскарларга уқтурдим: “Шаҳарга кириш билан баланд овоз билан азон айтасизлар, чунки гулзойилар қоидасида азон айтилмоқ сулҳ ишорати бўлур эди. Бир туркум аскарларга амр бердим, шаҳарга кирганимиздан кейин кўча-кўчага тарқалиб, бутун халққа нидо қилиш билан халққа огоҳлик бериб уқтирасизлар: ҳар ким бизга қарши урушмаса, ўз жойларида тинч тураверса, шаҳар халқи қатли омдан, талон-тарож бўлмоқдан сақланиб қоладир. Бу таълимотлар берилгандан кейин Ферузобод дарвозаси остига қўйилган борут портлатилди. Ҳайбатлик бир овоз билан ерлар ларзага кириб, шаҳар дарвозаси синиб тўкилиб тушди. Сарбозлар азон айтиб, шаҳарга кирдилар. Жарчиликка тайинланган бўлимлар шаҳарнинг маҳлла-маҳалласига кириб, менинг таълимотимни халққа билдирдилар. Азон айтиш билан жарчининг нидоси кўп таъсирлик натижа берди. Биз билан урушмоқ учун ҳозирланиб, қўлларида яланғочлаб тутиб турган талворларни қинларига солдилар.
Қўшуним шаҳарга кириши билан подшоҳ қасрини ва аскарларнинг туришига лойиқ ерларни ишғол қилмоқлари лозим эди. Бу ишларни ҳам бир тарафдан муваффақият билан ўрунлаштирмоқда эдилар. Мен ўзим қалъада қолмас эдим, чунки пастда гулзойилр билан бўлиб турган уруш ҳали ҳам тўхтамаган эди. Гулзойилар ҳар дақиқа юзлара ўлим бериб, ададлари озайиб турган бўлса ҳам, таслим бўлмас эдилар. Бу қадар баҳодир одамлар устида лаёқатлик бир одам қўмондонлик қилганида эди, мен ҳаргиз ғалаба қозона олмас эдим. Абдол Гулзойининг лаёқатсизлиги уларнинг шикастига сабаб бўлди. Тун қорайган чоғда майдондаги уруш хотима топди. Бизга тўрт юздан зиёда асир тушмади. Гулзой қўшуни ўлуб тугади.
Майдондаги уруш тугаганидан кейин хотиржамлик билан шаҳарга кириб, подшоҳ қасрига қадам қўйдим. Абдол Гулзойи оиласини қасрдан чиқариб, шаҳардаги уйларининг бирига ўрунлаштирган эди. Шаҳар халқига эълон қилинган омонлик хабари билан шаҳарда ҳеч қандай низомсизлик кўринмади. Шаҳар тинчлигидан бутунлай хотиржам бўлгандан кейин қаср ичини ҳам бирин-бирин кўздан кечирдим. Одамларимнинг иқоматига ҳалал бергудек бир иш кўрмаганим учун уйларига чироғ ёқилсун – оташдонларга ўт ёқиб, аскарларнинг иқоматига топширилсун, ижозатини бердим. Ўзим ташқарига чиқдим. Сарбозларнинг иқоматгоҳларини кўздан кечирдим. Мажруҳларнинг турмоғи учун масжидларни ва шаҳар ичидаги кенгроқ ерларнинг ишғол қилинмоғига амр бердим. Тезлик билан шаҳарда мавжуд ўтинларни ёқиб, татфия чорасини кўриш билан иссиқ таомлар ҳозирлаб, аскарларни тўйдурмоққа буйруқ бердим. Отлар учун иссиқ оғил тадоригини кўриб, мажруҳлар, аскарлар, ҳайвонотларнинг борасида хотиржам бўлганимдан кейин қасрнинг хонасида жой тутдим.
Толор (қасрдаги подшоҳлар учун махсус уй) ўртасида бир манқолга ўт ҳозирланган эди. Толор ичини бир неча адад чироғ билан равшан қилинган эди.
Абдол Гулзойининг юзи ва чап қўли ярадор бўлгани ҳолда менинг ҳузуримга олиб келдилар. Менга хабар берилгани каби, унинг бадани найза барбасидан тешилган экан.
У ўзининг мажруҳлиги ва асирлигига қарамай, ғазаб билан ўшқириб: “Мени нима учун бу ерга ҳозир қилдурдинг” деб менга қаради. Мен унинг сўзига эмас, ъитобига жавобан: “Биржанд минтақасида менинг сарбозларимдан икки юз эллик нафарини ўлдурган одам қандай экан? Уни шахсан кўруб билмоқ учун эди”, дедим.
Абдол Гулзойи аччиғи билан жавоб берди: “Ўша киши менман. Агар сен бугунги урушда ўт ишлатмаганингда, бутун сарбозларингни ўлдуруб ташлар эдим ва сенинг кесилган бошинг, шу соатда кўз олдимда турган бўлур эди”.
Мен унга айтдим: “Сен шерюрак, журъатли бир киши бўла туриб, ўзунгдан бехабар аблаҳ бир киши экансан. Бериб турган жавоб сўзларинг ҳам ўша сифатинг жумласидандур. Агар сенда ақл-идрок бўлса эди, бир ишорат билан ўлумингга амр берадиган бир кишининг олдида бу хилда сўзлар истеъмол қилмас эдинг”. Абдол Гулзойи ўзига чиғанган ҳолда изоҳ этди: “Мен шикаст еган, мажруҳ бўлган бўлсам ҳам, сендан қўрқмайдиган бир одам эканлигимни билдириб қўйиш учун сўзладим. Ишонмасанг, сарбозларингга буюр, мени кўз олдингда талвор билан парча-парча қилсунлар, на қадар азоб-уқубат кўрсам ҳам, сенга ёлбормаслигимни билиб ол!”
Мен унга жавобан: “Мен сенинг ялинмаслигингни, жаҳолатинг билан инодингнинг бирлашганини тасдиқ қиламан. Агар сен менинг икки юз эллик нафар сарбозимни ўлдурмаган бўлганингда менинг сен билан ишим ва ғаразим йўқ эди. Тўғриси -  сен сарбозларимни нима жиноят учун ўлдурдинг? Ҳолбуки, улар ўз йўлларидан ўтиб кетмоқда эдилар. Сенинг худудингда бетартиблик қилганлари йўқ эди-ку? Ё сенда чаён табиати борми, кўрунган бегуноҳга ниш ураверасан?”  дедим.
Абдол Гулзойи менинг сўзимни эшитгандан кейин ўзининг мажруҳлиги ва жисмидаги аламини унутди, оғзини катта очиб, тишларининг оқи кўрунгунча кулиб жавоб берди: “Мен Амир Темур деб жаҳонга шуҳрати билан танилган одамнинг сарбозларини ўлдурганимда қандай лаззат иҳсос қилар эканман, деб ўлдурдим”. Мен унга бундай дедим: “Эй Абдол Гулзойи, мен бугун сенга ғалаба қилдим, пойтахтингни тасарруф қилганимдан кейин шаҳарни қатли ом қилиш, аҳоли мол-амволини талон қилишга буюрмасдан манъ қилдим. Бутун аскарий амалдорларимдан тортиб оддий сарбозгача уқтурдимки, халқнинг жони, моли, номусига эҳтиром қилинсун, аскарий кишиларим ҳеч кимга тааруз қилмасун”, Бу гапни эшитганда Абдол Гулзойининг чеҳрасида менга қарши нафрат ва таҳқир аломати зоҳир бўлди. Ва бундай деди: “Бу сўзларни менинг устумга ўз фазлинг ва шаҳоматингни ошириб кўрсатиш билан миннат қўймоқ учун сўзлаган бўлсанг, шуни билмоғинг керакки, агар қатли ом билан амволларини ғоратга амр берган бўлсанг, шаҳардаги гулзойилар шу кечадаёқ сенинг сарбозларингнинг бирин қўймай ўлдуруб юборган бўлур эдилар”. Абдол Гулзойи ўзининг ва халқининг жасоратини аълон қилиш билан мажруҳ вужудини тетик тутиб кўрунмоқда эди.
Мен Абдол Гулзойига айтдим: “Сенинг шариат амрига хилоф ҳолда, икки юз эллик нафар аскаримни бегуноҳ ўлдирганинг учун Ислом қонуни бўйича қасос қилинмоғинг лозим бўлган бўлса, давлатлар орасидаги қўшничилик ва ёки уруш қонунларига қарши жаллодлик қилганинг учун яна бир қат ўлуминг тасдиқланади. Сенга бериладиган ҳукмлар шу хилда бўла туриб, мен сенинг баъзи шартларимни қабул қилмоғинг муқобилинда ўлумдан қолдирилишингни лозим топаман. Шунинг учун  бу шартларимни қабул қилишинг керак:
1.Менга ҳарбий масруфларим замони учун маълум миқдорда ҳар йили хирож тўлаб турасан.
2.Бундан кейин ҳар ишда, хусусан, давлатнинг хорижий ишидан менга итоат қиласан.
3. Гулзойи тоифасини менинг қўшунимда хизмат қилишларига тарғиб қиласан.
Бу шартларимни қабул қилсанг сени ўлумдан қутултираман, Ғур мамлакатининг кенг масофаси бутунлай ўз ҳукмингга боғлиқ бўлуб қолади. Ҳатто сендан кейин бу ўлкаларга янги ворисларнинг тасарруф қилишлари омонатлик ҳолда таъмин этилади. Мабодо шартларимни қабул қилмасанг, ўз ўлумингни ўзунг тасдиқ қилган эътибор қилинасан”.
Абдол Гулзойи таъхир қилмасданоқ жавобини берди: “Шартларингнинг ҳеч бирини қабул қилмайман. Бинобарин, мени тезлик билан ўлдурмоққа амр бер,-деб илова сўзини ҳам айтди:- Бир Гулзойи подшоҳи ўзига ўхшаган бир одамга хирож тўлаб унинг шартларига итоат қилиб яшамайди”.
Мен Гулзойига этминон бериб, айтдим: “Мен сени дарҳол ўлумга юбормайман, ғазабингдан тушуб, балки ҳордуқ чиқариб, тузукроқ фикр қилиб олишинг учун эртага тонг откунча муҳлат бераман. У вақтда шартларимни қабул қилиб мусбат жавоб бермасанг, сўнгра бошингни жудо қилмоққа буюраман”.
Абдол Гулзойи жиддий тус билан қатъий ҳолда деди: “Агар сен менга бир минг йил муҳлат берсанг ҳам, шартларингни қабул қилмайман ва бундан мусбатроғ жавоб ҳам ололмайсан. Мен сенга хирож тўлаб ҳаёт кечирмоқни, сенга бўйунсуниб ҳукм устида ўлтурмоқни хоҳламайман. Ғур ўлкаси биргина Ферузободга маҳдуд эмасдур. Бу мамлакатда шундай тоифалар бордурки, сен ўзунгни тезроғ бу ерни бўшатиб қўйиш билан қутқазиб олмайдурғон бўлсанг, сендан менинг ўчимни олиш учун қўшунингни еб қўядилар. У ҳолда бу мамлакатдан қочиб ҳам қутулолмайсан”.
Эртаси тонг отганда ҳаво шу қадар совуқ эдики, ходимларимдан бири қўлини темир нарсага текизиб қўйган экан, қўли ёпишиб қолибдир. Агар биз ўтган кечамизни Ферузобод шаҳри ичида кечирмаганимизда, аскар билан отларнинг талофатига сабаб бўлур эдик. Кун кўтарилгандан кейин Абдол Гулзойини илиққина тунаган еридан олдириб келиб, такрор сўрадим: “Ҳа, ўзунгни тирик сақлаб қолмоқ учун бирор фикр топгандурсан?” Ғур подшоҳи жавоб берди: “Мен ўз фикримни ўтган кечаси очиқ-ойдин сўзлаганимдан кейин бошқа фикр ҳам қилмасдан ухлайвердим. Такрор билдираманки, мен сенга хирож тўламайман, итоат ҳам қилмасман, сўзимнинг ҳаммаси ва фикримнинг хулосаси ҳам шулдир”.
Мен унга ўз мақсадимни очиқ баён этмакка бошладим ва айтдим: “Мен келар йили ёки сўнгги йили Ҳиндистонга юрмоқчиман. Бунинг учун сенинг мамлакатингдан ўтмоқ Хуросон ва Зобилистон йўлларидан қулайдур. Бундай бир муҳиммот учун улуғ бир қўшуннинг ўтадурғон йўли сен каби ғоййур қўмондон ва ботир сарбозлари бор бир мамлакатдан бўлмоғи зарур бўлғони учун, менга дўстликни аҳд қилғон бўлсанг, сени ўлдурмак хайфдур. Айтиб турганим дўстлик муоҳодасини қабул қилсанг, сени жаллодга топширмоқдан сарфназар қиламан. Иловатан, Ҳиндистон урушидан тушган ғаниматлардан сени ҳам баҳраманд қилгайман”. Абдол Гулзойи ўзининг аввалги сўзида мустаҳкам турганини такрор қилиб: “Мен сенга хирож бермайман, итоат ҳам қилмайман. Шундай бўлган ҳолда, сен билан дўстлик муоҳадасини имзоламоққа ҳозирдурман”, деди. Мен сўзимни дўстлик юзасидан қилиб бошладим: “Ундоғ бўлса, дўстликка ярашур муомала усулларини билсанг керак?-дедим ва бир оз очиқча сўзлаб:- Дўстлик усулида менинг сарбозларимга ҳамла қилмайсан, зарурат вақтларида ўз ёрдамингни дариғ тутмайсан...” дедим. Ғур подшоҳи “Ҳа албатта, мен бу ишларни бажараман”, деди. Мен унга бўлган эътимодимни яна ҳам кучлик кўрсатмоқ учун: “Мен сенга шу қадар эътимод айтаманки, сендан муоҳада васиқасини имзоламоқни ҳам талаб қилмайман. Сендан бошқаси билан шундай ҳолда аҳдга имзо олганимдан ташқари замонат учун ўғулларидан гаров тутиб турар эдим. Сен эса ўз сўзунгга эга одамдурсан. Сенга ўхшаш сўзига эътибор берган кишилардан бундай замонатлар талаб қилинмайди”, деганимда Абдол Гулзойи: “Хўб, ундоғ бўлса, сен мен билан дўст бўлдинг, бунинг тасдиғи учун қўлингдаги гулзойи асирларини озод эт”, деб талаб қилди. Мен дарҳол “Гулзойи асирлари озод қилинсун”, деб амр бердим. Сўнгра дўстликнинг биринчи машварати қилиб, ундан: “Самарқандга тезроқ етиб бормагим учун қайси йўлдан кетмоғимни маслаҳат кўрасан?” деб сўрадим. Ғур подшоҳи бундай жавоб берди: “Фаслда совуғ бошланди, ерлар музлади. Кобулистон, Ғур, Бадахшон йўлларидаги довонлар беркилди. Шундай вақтда Самарқандга бормоғинг зарурати бўлса, Ҳирот, Хуросон йўли билан Самарқандга жўнайсан. Бошқа йўллар ушбу қиш фаслида юриш учун хатарликдур”.
Мен унга айтдим: “Қўлимдаги улуғ бир қўшунни бир жойда бир неча кун тўхтатиб турмоғим юрт-халққа ҳам оғирлик туширадур. Бу тўғрида фикринг нима?”
Ғур подшоҳи айтди: “Ҳирот ва Хуросон йўлидан юрсанг, аскарларга  озуқа, отларга тубралик кенгри ҳолда топилади”. Мен ундан яна бир муҳимини сўрадим: “Сен ботурликка лойиқ бир кишидурсан. Сарбозларингга амр берсанг, менинг аскарларимга халқа ташламоқни ўргатсалар”. Ғур подшоҳи жавоб берди: “Сен ҳам аскарларингга амр берсанг, борут ясаш, ишлатиш усулларини сарбозларимга ўргатса бўладур”.
Мен унга қатъий жавоб бердим: “Ундоғ бўлса, на сендан ва на мендан бу ишлар талаб қилинмайди,-деб илова қилдим:- Сен билан орамиздаги дўстлик сенинг саломатлигингга эҳтимом бермоғимга ундайдир. Бинобарин, бизнинг табибларимиз сизларнинг табибларингиздан моҳирроқ бўлгани учун уларнинг қўли остида шифоланмоғингни муносиб топаман”. Унинг мувофиқатидан сўнгра хусусий табибларим муолажасига топширилди.
Шу куни Ферузободга бир қосид етиб келганидан хабар бердилар. Сўзлашларига қараганда, у одам тахтадан қилинган узун кавш қўлланиб қорларнинг устидан ўтиб келган эмиш. Мен у одамни кўзум билан кўрмагунимча, бу сўзга эътимод қилолмас эдим. Қосид бўлиб келган одам узун бўйлик, қора чеҳралик Ғур тоғларида яшағувчи одам эди. У одамга кўзум тушган вақтда, таъриф қилинган тахта кавишини қўлида кўтариб турган эди. Қўлидаги икки адад мусатта тахтани қорга ботиб қолмаслик учун оёғига боғлаб олиб, қор устида бемалол юриб кетар экан. Буни “тахтакавш” дер эканлар. Мен тахтакавшни биринчи марта кўриб турганим учун Абдол Гулзойи изоҳ берди: “Булар яшаган тоғ тарафларида қор кўп ёғиб, йўллар тўлиб қоладур. Шундай вақтларда бу минтақа одамлари ушбу тахта кавшларда юриб,ўз муҳиммотларини тугатур”. Мазкур қосиб қўлида Абдол Гулзойига аталган бир мактуб бор эди. Мактуб минтақа ҳокими тарафидан Абдол Гулзойига ёзилгандир. Мазмунида Шайх Умарнинг йигирма минг аскари келганида, йўлга қор тушуб, тўсилиб қолди, деб берилган хабарнома эди. Мен Абдол Гулзойига айтдим: “Ушбу қор билан тўсилиб қолғон йигирма минг асар менга қарашлик, ўғлум Шайх Умар қиёдаси остидаги аскарлардандур. Уларнинг тезлик билан етиб келмоқларини мен талаб қилган эдим. Қорга тўсилиб қолишибди. Гумонимча, у минтақа халқлари менинг қўшунимга ажнабийлик назари билан боқиб, камчиликларига ёрдам беришдан тортинсалар керак. Шунинг учун сен улар дуч келган қийинчиликларнинг изоласига тадбир кўриш билан дўстлигимиз ижросини амалда кўрсатсанг”.
Ғур подшоҳи бундай деди: “Агар вужудимдаги жароҳат физалари монелик бермаганида, ўғлунгнинг ёрдами учун ўзум етиб борардим. Унга қудратим етмагани учун у ернинг ҳокимига менинг ўз ўрнимда ўғлингга куч-қудрати етган қадар ёрдам бермоғини талаб қилиб хат ёзаман”. Ўша вақтда бир котибни ҳозир қилиб, ёздирди: “Минтақаларингизда қор билан тўсилиб қолғон йигирма минг аскар бизга қарашлик дўстларимизнинг аскарларидур. Уларга дўстона муомалаларни камчиликсиз ҳолда кўрсатилсун. Уларга лозимлик озуқа, отларига ем-хашак, истиқоматлари учун кигизлик чодирлар ва бошқа лавозимот эҳтиёжлари таъминлансун, бу нарсаларнинг қиймати ҳарна қадар бўлса, Ғур подшоҳи кафилдурки, Амир Темур хазинасидан қиймати адо қилинадур”.
Сўнгра мен ўз тарафимдан Шайх Умарга бир нома ёздим. Ўтган воқеларни тамоман зикр этдим. Жуда ҳам қаттиғ, қонли урушдан кейин Абдол Гулзойи билан дўст бўлганимни, ўзига минтақа ҳокими тарафидан кўрсатилатурғон муомала шу дўстликнинг натижаси эканлигини билдириб, тез кун орасида Ҳиротда мулоқот бўлишимизни билдирдим. Икки номани ўша тахтакавшлик чопарга бериб, йўлга солдик. Ғур подшоҳининг сўзига қараганда, мактубларимиз тўрт ёки беш кун орасида мухотабга етиб борур экан. Дўстлигимизнинг субутига намуна ўлмоқ учун Абдол Гулзойи менга хос бир зиёфат берди. Зиёфатдан кейин, дўстлик нишонаси деб бир қабза қилич тақдим этди.
Табибларимизнинг муолажасидан ҳам мамнунлиги билинар эди. Табибларимизнинг шаҳодатида, унинг жароҳати оғир бўлса ҳам, шифо топмоғининг имкони борлиги билдирилган эди.
Ферузободда зўр бир қўшуннинг туриб қолиши халққа оғирлик келтургани каби, маҳаллий озуқалар маҳсули ҳам буни идора қилишдан ожиз эди. Шунинг учун ҳаво бир оз юмшагунчалик беш кун миқдори дам олиб, сўнгра мўътадил ҳаволик Ҳирот шаҳрига жўнаш қарорини олган эдим.
Бизга ҳавоси муносиб йўлдан юрмак ҳаммадан зарр иш эди. Шунинг учун узоқ бўлса ҳам, мўътадил ҳаволик чўл йўллари билан бизни бошлаб бормоқ учун беш нафар йўл билармон кишини бирга олиб, Ҳиротга жўнадик. Йўлларда қийинчиликларга дуч келмай, Ҳирот ноҳиясига бориш билан, Ҳирот ҳокимига ўзумнинг келганимни билдириб, бир мактуб ёзиб, махсус элчи билан йўлладим. Мактубим мазмунида: “Орқадаги аскарларим етиб келгунча Ҳиротнинг ташқарисида бир неча кун тўхтаб тураман. Бу муддат ичида аскарий таъминотларни еткузуб бериб, одилона нарх берилган нарсаларнинг қийматини оласан”, деб мақсадимни тушунтирган эдим. Ҳирот ҳокими, менинг элчим номани топширганидан кейин уни ўлдириб ташлаб, номага жавоб ҳам бермади.
Менинг турган ерим Ҳиротга бир кунлик йўл эди. Ҳиротда элчимга етган ҳодисадан хабарим ҳам йўқ эди. Турган жойимдан Ҳирот минтақасига назар ташлаб, бу ерларнинг ёз фаслларида шимол тарафидан эсадурғон шамол билан хийла салқин, латиф ҳавоси борлигини, шуҳратга молик бўлган Ҳиротнинг узум, қовунлари таърифидан маълумотлар олиб, аскарларимни баъзи кечаларда ўт ёқишга эҳтиёж туширмаган худойи бурчига ҳавас билан кўз ташлар эдим. Турган жойимдан (Ҳиротнинг шимолидан) кўриниб турган бир тоғни мушоҳада қилдим. У тоғнинг устида мажусийлар томонидан ясалган бир оташкада борлигидан хабардор эдим. Аммо оташкаданинг бино қилингани тарихидан кўп суриштирсам ҳам, аниқ маълумот ололмаган эдим. Халқ орасидаги сўзларга қараганда, бу оташкаданинг ўти пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам туғилган кунларида ўчиб қолғон экан (М.Брайвон6 Амир Темур иштибоҳ қиладур. Ислом пайғамбари туғилганида ўчиб қолган оташкада Форс оташкадаси эди. Бу оташкаданинг Аршак ёки Саршак деб исми бордур.Тўртинчи  асримизгача ўти ўчмаган эди). Оташкада биноси ҳалигача ўз жойида турибдур. Иморатнинг бинокорлиги шу қадар мустаҳкамдурки, Ҳирот одамлари бозғонғоз тумшуқлар билан уруниб ҳам, иморатдан тош ва бошқа нарсаларни кўчиролмагандурлар.
Ҳирот подшоҳига юборган аввалги номамнинг жавоби келавермагач, иккинчи элчи билан яна бир нома йўлладим.  Нома олиб бормоқдан бошқа гуноҳи бўлмаган элчини бу дафъа ҳам ўлдурди. Иккинчи элчи ҳам кечикиб кетгандан кейин гумон қилдимки, Ҳирот подшоҳининг менга нисбатан бадгумонлиги бор экан. Мен Ҳирот шаҳрида истироҳат қилмоғимни хоҳламас экан-да, деб тушундим.
Ҳирот Чингизнинг ҳамласига учрамасдан илгари олти минг карвонсарой, ҳаммом, тегирмонга молик эди. Уч юз эллик тўққиз мадраса ва хонақоҳ билан қирқ тўрт минг хонажойи бор эди (М.Брайвон: Бу рақамлар муболаға каби кўринади, аммо Амир Темурнинг назариясини очиқламоқ учун айнини кўчурдим). Бу шаҳарда динимизнинг машҳур кишиларидан ҳам бир нечалари мадфундирлар. Жумладан, бирлари: Пири Ҳирот (Ҳожи Абдулло Ан-нисорий); Имом Фахр Розий, Хўжа Муҳаммад Абу Алволиддирлар. Ўтмишда Ҳирот султони Чингизга қарши муқовамат кўрсатгани учун шаҳар зарарланган эди.  Кейинча яна ислоҳ қилиниб, ободлиги ўз жойига келган эди. Бугунги ҳолинда Ҳирот шаҳри у қадар кенгайган бўлмаса ҳам, ободлиги бор эди. Шу вақтга кўра, ҳар ким томонидан Ҳирот шаҳрининг ободлиги тасдиқланиб, шуҳрати ёйилган бир шаҳар эди. Кунларнинг ўтиши билан Ҳирот подшоҳининг хусумати ойдинлашагач, у билан шаҳар хисори орқасидами, майдондами, ҳар нечук бир тўқунишмоғимизнинг кўзда тутуб, Ҳирот шаҳрига қараб йўлга тушдим. Мен хисорга яқин келишим ҳамон маълум бўлдики, Ҳирот подшоҳи мен билан шаҳар қалъаси ичидан туруб урушмоқни таржиҳ қилгандур.
Мен Шайх Умарга юборган хатимда Ҳиротга кўришамиз демаган бўлсам, бир ёқадан ўтиб кетиб, Ҳиротда урушмаган бўлур эдим. Фақат Шайх Умарга берган ваъдамга биноан унинг билан мулоқот учун кутиб турмоққа мажбур бўлдим.
Мен Шайх Умарга қараб турмасдан Хуросонга ўтиб кетаверсам, мендан кейин йигирма минг аскари билан Шайх Умар келиб Ҳирот подшоҳининг тузоғига тушадур. Шунинг учун бу ерда турсам ҳам, Ферузободда зое бўлган аскарларим ўрнини Шайх Умар билан бирга бўлган аскарлар вужуди  билан тўлдурмасдан ҳамла қилмоғим ғолибиятга кафолот беролмас эди. Бинобарин, Ҳирот шаҳри қалъасининг орқасида мунтазир турмоққа мажбур бўлдим.
Ҳирот шаҳри Ҳарируд (Ҳирот дарёчаси) суви  билан таъминланади. У сойнинг бир шохчаси шаҳарнинг жанубидан ўтадир. Шаҳар мудофаасини сув тўғрисидан ситмоқ учун Ҳиротга кирадиган сувни бошқа томонга оғдириб ташламоқни аскарларимга буюрдим.
Фақат, баъзи тадқиқотга молик бўлганимдан кейин тўхтатиб қўйдим. Ҳақиқат шундай эдики, шаҳар ичида, мудофаа кунларини назарда тутиб ясалган жуда кўп сув омборлари бор экан. Ҳар уйда, ҳар маҳаллада сув омборлари бўлганидан ташқари ўтмиш тажрибасидан эҳтиётда бўлган одамлар хайржория қасди билан бино қилиб қолдирилган жуда катта сув омборлари бутун шаҳарни узоқ вақтлар сув билан таъмин қилиб, ҳозир турганлиги маълум бўлган бир вақтда ўғлим Шайх Умар ҳам аскарлари билан етиб келди.
Шайх Умар қўлидаги йигирма минг аскар Ғур ўлкаларида тўсилиб қолиши, совуғнинг шиддатига дуч келиши, совуғдан мудофаа ашёларини беришга Ғур халқининг монеълиги каби сабаблар билан тўрт мингги зойе бўлибдур. Ўн олти минг киши билан етиб келгандур. Унинг сўзига қараганда, Ғур подшоҳининг ўз ҳокимига ёзган мактуби боргандан кейин бизнинг қўшунимиз ўлимдан ва совуқдан қутилди. Улар берган хима, пўстин, ашёларидан ташқари емак моддаларига етишганимиз, қўшунни олдидаги катта бир вабодан қутқузган бўлди. Акс ҳолда, қўшуннинг қирилиб кетмоғи муқаррар бўлиб қолғон эди, деб тақрир қилди.
Шайх Умар келиши билан Ҳиротга уруш бошламадим. Унга уч минг аскар бердим, ўзини Форс султони тайинлаб Шерозга йўлладим. Бу кунгача Форс султонлигини қилиб турган ўғлум Мироншоҳни ёнимга чақирдим. Бу табдилотнинг икки сабаби бор эди. Биринчиси, Мироншоҳ Шайх Умарга қараганда тажрибасиз эди. Иккинчиси, Ҳиндистонга қиладурғон сафаримда Мироншоҳни ўзум билан бирга олиб юрмоқчи эдим.
Бу вақтларда баҳор фасли яқинлашиб, шиддатлик совуғлар ҳам юмшаб келмоқда эди. Шайх Умар қўшунидан мен билан қолган ўн уч минг аскари мавжуд аскарларимга қўшилгач, қўшун хийла кучга кирди. Шу билан Ҳиротга ҳамла қилмоққа азм этдим.
Ҳирот подшоҳи Муҳаммад Зашкий деган одам эди. У ўзини қалъа ичига олгандан кейин, мен аввалги усулимга биноан Ҳирот қалъасини портлатиб юбориш билан унинг хазиматига йўл очмоғим мумкин эди. Бироқ Ферузобод урушида жуда кўп борутимиз сарф бўлиб кетгандан кейин унинг ўрнини тўлғузиш имкони ҳам бўлмаган эди. Қўлимизда қолган борут билан бир қалъани ағдармоқ мумкин бўлмаганидан Муҳаммад Зашкийнинг кучини мустаҳкам ҳамла билан маҳв қилмоққа киришдим.
Ҳиротга келган кунимиздан тортиб аскарларни бўш қўймасдан жилғадаги дарахтларни кесдуриб, ёғоч усталари орқали манжаниқ билан шоти ясатиб турган эдим. Шайх Умар келиши билан Ҳирот шаҳрига ҳужумимни бошламоқчи эдим. Ўртада воқеъ бўлган табдилотлар сабаби билан Ҳиротга ҳужум қилиш кунини биринчи ҳамалга тайин қилиб тўхтатдим.
Ҳамалнинг биринчи куни ҳужумчи дасталардан икки даста аскарга совут кийдириб, бошларига мағфар қўйганларидан кейин Ҳирот шаҳрининг шарқ ва ғарб тарафларидан ҳамла қилиб, қалъа устига чиқмоқларини амр қилдим. Ўқчи-мерган сарбозларни қалъа устидаги мудофаачиларни қорага олиб ўққа тутиш билан бизнинг ҳужумчиларимизга еткузадиган қаршиликларини даф қилиш учун буюрдим. Бунга қўшимча ҳолда, манжаниқ устидаги уҳдадорлар ҳам қалъа устидаги мудофаачилар бошига тош ёғдирмоқларини буюрилди.
Малик Муҳаммад Зашкий бизнинг ҳужумимизнинг аввалги куни қалъа устидан туруб мудофаасига киришганини билдириб, қалъага тирмашган сарбозларимизнинг устидан доғ қилинган ёғни қуйиб юбориш билан бизнинг ҳужумимизни фалаж қилмоқчи бўлди. Аскарларимизнинг совут ва мағфарлари ҳам кўп вақт таъсирсиз қолгани учун бир мунча аскарларимиз куйиб ўлди. Бу муваққат ғолиботни кўрган Ҳирот подшоҳи қалъа девори устига қозон қуриб ора-орқадан ёғ доғ қилиб бизнинг ҳужумчиларимиз устига чўмичлаб қуйиб туришга ривож берди. Суюқ ҳолда қизитилган ёғ сувотларни ҳам игнанинг учи тешигидан оқиб кириб аскарнинг баданига таъсир берар, бадани таъсирланган аскар, иложсиз ҳолда қўлидаги шоти поғоналарини қўйиб юбориш билан ерга юмаланар, баъзан шу йиқилганда, тил тортмай ўлар эди. Мабодо, тирик қолса ҳам қайтиб ишга ярамас эди. Куюк таъсиридан ҳосил бўлган амлам уларга бир лаҳза ором ҳам бермас эди.
Ўзим ҳам ўқчиларим билан бирга қалъас устидаги мудофаачиларга қаратиб, ўқ отиб турдим, қўлидаги чўмич тўла қизиғ ёғни тўкмоқчи бўлиб турган душмандан икки нафарини отганимда қўлидаги чўмич ҳадафсиз ҳолда ерга тушганини кўрдим. Бизнинг ҳужумимиздан аҳамият берганимизда, қалъанинг бир чеккасидан ёриб йўл солмоқ эди. Қалъа устидан қадам босгудек ерга улашиб қолсак, ўша ерни тақвия билан кучлантириб, қалъа устига чиқмоғимизни қулайлаштирмоқчи эдик. Қўшундан бир минг беш юз нафари ўлдирилиб ёки куйиб ишдан чиққандан кейин, Ҳирот ҳисорининг шарқ томонидан оёқ қўйгудек бир жойни ишғол қила олдик. Бу йўлни қўлдан бермаслик, шу йўл орқали шаҳарга кириб бориш учун ёрдам қувватларини узлуксиз йўлламоққа бошладим. Ўғлум Шоҳруҳни бир даста ёрдам аскарларига бош қилиб шаҳарга жўнатдимки, ўғлумнинг ҳужумчилар билан бирга бўлиши, шаҳарга ҳужум қилган аскарлар руҳига қувват бўлиб сезилиши ҳам эътиборга олинган эди. Сўнгра Шоҳруҳга тайинладим: “Шаҳарга киргандан кейин, уйларга ўт қўйиб юбориш халқнинг кўчмоғини осонлаштиради. Халқдан бўшаган уйларни қаъа қилиб олиб олдинга қадам қўяверасизлар. Бунинг яна бир фойдаси, урушнинг узунга чўзилмаслигига ҳам сабаб бўлади. Уруш вақтида мулойимлик, раҳмдилликни муваққат ҳолда бир чеккага қўйиб қўйилмаса ҳужум қилғувчининг шикастига сабаб бўладур. Урушиб тургувчилар енгилгунча ёки таслим бўлгунча мулойимлик, раҳмдилликни ишлатилмай, душманга қарши жиддийликни бўшаштирмаслик лозимдур.Душманнинг яна бир тадбири шулки, сени алдамоқ, фириб бермоқ учун ёш бола, хотун кишиларни нола-фарёд билан олдинга чиқармоғидур. Уларга раҳм қилмоқ учун уруш азмидан бўшашганинг ҳамони, душман сенга ҳеч раҳм қилмасдан боплаб жазоини бераверади. Шундай макр ва фирибларга қарши уруш вақтида зийрак бўлмоқлик зарурдир. Нариги тараф салоҳини ташлаб таслим бўлган ҳамон уларни ўлдирмак мардликдан эмасдур. Шариатимиз ҳам йўл бермайди. Магар бирор тоифанинг қатлини вожиб топилган бўлиб, шаръан тасдиқлангани ҳолда жоиздур”, деган каби таълимларни бердим.
Шоҳруҳ шаҳарга кирди. Ёнғин тутунлари осмонга кўтарила бошлади. Шаҳар ичидаги уруш шиддатли давом этаверди. Хисор устидаги аскарларим шаҳар ичидаги сафдошларига ёрдам бермоқ учун хисор устидан пастга тушиб ерга қўшилмоққа мажбур бўлмоқда эдилар. Бунинг учун шаҳар ичи тарафидан бир йўл очмоқни қовушмоғимиз учун осонлашмоғининг асоси деб билиб, амр бердим. Урушнинг дастлабки куни, яъни, биринчи ҳамалнинг наҳори қиёмга бормай туриб, шаҳар мудофааларининг заифлиги сезилиб бошлади. Бунинг далили бўлиб, бизнинг қувватлар қалъанинг беш жойидан йўл очишга муваффақ бўлдилар. Шаҳага кириш-чиқиш осонлашди. Шаҳардан чиқиб турганлар жумласидан бир тўда киши бир одамни каттагина тахт устига ўтирғизиб олиб келиб турганини кўрдим. Менинг олдимга келдилар. Тахт устида ўғлим Шоҳруҳ ҳали жони чиқмаган ҳолда қаттиқ мажруҳ эди. Ўлдурилган бўлса ҳам, мен учун бунчалик таъсир этмас эди. Нимага деганда, бир оддий аскар билан бир қўмондон ёки амирзоданинг жони мусовийдир. Фақат, уруш қўмондонига аҳамият бермоқликдаги айирма, унинг уруш майдонида кўрсатган маҳорати, иш билишлигидадир. Тажрибаси билан урушни идора қилиб билгани учундир. Шоҳруҳға шиддат билан урилган қилич зарбасида, унинг сони мажруҳ бўлгани учун оёда туришга қодир эмас ҳолда бўлганидан ўз ҳаймасига элтиб, заҳмини боғлаб, тадовий қилинишига жўнатдим. Мен аср намозини ўқиб чиққанимда Малик Муҳаммад Зашкий билан музокара қилмоққа мойил қилмадим. Сабаби – унинг худбинлиги орқали уруш воқеъ бўлди. Икки тарафдан бир мунча одам ўлди ҳам мажруҳ бўлди. Шунинг учун бундай худбин одамнинг бошини кесиб, шаҳар айлантирмоққа буюрдим. Токи таслим бўлмоққа рози бўлмаётган аскар ва афсарлари ўз амирларининг ўлдирилганини билиб, бундан кейинги фидокорликларининг фойдаси йўқ эканлигини тушунтирмоқни лозим топдим. Ҳар минтақадаги афсарларим, жарчилар орқали ўз минтақа халқларига эълон қилсунларки, Муҳаммад Зашкий ўлдурилди. Агар яна муқовамада давом этсалар, унинг икки ўғлининг ҳам боши кесилиб кўзларига кўрсатмоққа тўғри келади. Муқовама қилмасунлар, таслим бўлишсунлар, шаҳзодалари ҳам саломат қолсун, деб нидо қилдирмоқларига буюрдим.
Найза учида кўриниб турган султонларининг боши мудофаачиларнинг муқовамат руҳини бўшаштирди. Кун ботмай туриб ҳаммалари таслим бўлдилар. Таслим бўлганларни асирлик усули билан шаҳардан ташқарига тўпланди. Шаҳар уйларининг бузулиш, куйдирилишидан тўхтатилмоғига амр бердим. Жангчиларга ғанимат олишларига ижозат бердим. У кечаси бизнинг ишимиз асирларни шаҳардан ташқарига тўпламоқ, мажруҳларини иложламоқ билан ўтди. Эртаси куни шаҳар халқига ўликларни дафн қилмоққа амр бердим. Бу ишларни тугатиб бўлиб, шаҳар халқи билан қишлоқ одамлари бирликда Ҳирот шаҳри ҳисорини бузиб ташламоғига сафарбарликка чақирдим. Шаҳар қалъасини бузиш ҳам ўн беш кун давом этди. Шаҳар ҳисори бузулиб бўлгандан кейин, Муҳаммад Зашкийнинг бири ўн саккизда яна бири ўн беш ёшда ўғли  бор эди. Уларни ҳозир қилиб, оталарининг гуноҳсиз икки элчини номардларча ўлдурганининг жазоси берилганини эълон қилдим. Уларнинг (икки ўғлининг) мен билан шахсан ҳеч қандай хусуматда бўлмаганликларини назарда тутиб, авф қилганимни билдиргач, менга итоат қилиб туришлари шарти билан Ҳирот ҳукуматини катта ўғлига топширадурғонлигимни билдириб, эслатиб ўтдимки, агар итоатдан бош тортганлари маълум бўлиб қолса, оталари каби ўлум жазоси берилмоғи вожиб бўладир.
Катта ўғли бўлмиш Маҳмуд Муҳаммад Зашкий: “Эй амир, сизга итоатдан ҳаргиз бош тортмаслигимиз учун сўз берамиз”, деб ўз аҳдини билдирди. Мен унга айтдим: “Бу тааҳудингни мўътабар эътибор қилиб, сени Ҳирот ҳокимлигига тайинладим. Укангга Ҳиротга тобе ерлардан бирининг амирлигини бергин. Мен Ҳирот шаҳрини вайрон қилмоқчи эмас эдим. Отангнинг хунук муомаласи сабаб бўлди. Сен энди Ҳирот шаҳрини обод қилмоққа ғайрат қил, аммо ҳисорни тиклашга урунма. Агар шаҳар атрофига қўрғон қилмоққа ҳаракат қилсанг, сени исён қилмоқчи деб тушунаман ва жазога мустаҳақ бўласан”.
Маҳмуд жавоб берди: “Эй амир, сўзларингизни эшитдим, итоат қиламан, аҳд қиламанки, сизга қарши ёки амрларингизга қарши исён қилмайман”.
Мен қатъий ва очиқ қилиб айтдим: “Мен отангни ўлдургандирман. Бу сабаб билан сени менга самимият билан хизмат қиласан деб умид қилмайман. Фақат, сен мен билан шундай муомалада бўлмоғинг керакки, ўз мол-жонингни хатарга солма. Сен эмас, сендан кейинги авлодларинг ҳам шу мамлакатда салтанатда бўлсунлар. Бугун мен сени ўз қўлим билан подшоҳлик маснадига ўлтирғизғоним учун, сенинг ҳукуматингни ҳар қандай душманнинг таърузидан сақламоқлиқ вожибдур. Зарурат тушган вақтда мендан ёрдам сўрашга йўлунг очиқдур. Ундай вақтларда сени албатта ҳимоя қиламан”.
Бўлиб ўтган Ферузобод уруши билан Ҳирот уруши қўшунимни шу қадар заиф ҳолга туширган эдики, бу қувват билан бу жойларда турушим хатарлик бўлиб қолди. Бирор душман менинг шу қадар заифлашганимни билиб, менга қарши ҳамла қилгудек бўлса, мудофаа қилолмай енгилиб қолмоғим мумкин эди. Шунинг учун Мироншоҳнинг Форсдан келишини кутиб турмай, Тус, Қужон йўллари орқали Эрондан чиқиб, Мовароуннаҳрга етишмоғим зарур эди.
Ҳиротдан шимолга қараб юрмоғим мумкин бўлса ҳам, ўтатурғон йўллардаги баъзи иқлим ҳокимлари билан орамизда уруш воқеъ бўлиб қолиши эҳтимоли йироқ эмас эди. Тус, Қужон йўллар бўлса, қўшунимнинг ўтмоғи учун мутлақ амниятлик эди.
Мен Тусга етиб борганимда офтоб савр буржига доҳил бўлиб, ҳаво исиб бошлаган эди. Бу ерда отларни дам олдириш учун икки кун тўхтадим. Бу фурсатдан истифода қилиб, Фирдавсийнинг мозори нечук бўлди экан, деб кўргани бордим. Мозор воқеъ бўлган жой авалги ҳолатидан ўзгарилиб, анвойи гуллар билан зийнат берилибди. Тус шаҳридаги икки кунлик иқоматимдан кейин Қужонга бордим. Қужоннинг сариғ сочлик, чағир кўзлик эркак-хотунларини иккинчи навбат кўришим эди. Мен яна уларни хизматимга кирмоғини талаб қилдим, аммо улар қабул қилмадилар. Ҳаво кўп яхши, сувлар сероб эди, биз ўтаётган ерларда қўшунга лозимлик озуқа ва алафлар кенгри ҳолда топилар эди. Ёзишга лойиқ бирор ҳодисага дуч келмай, ватанимга етиб бордим.
***
Самарқандга кирмасдан аввал, киндик қони тўкилган Кеш шаҳрига йўл солдим. Ўқувчиларимга ҳам маълумдирки, Кеш шаҳрини дунёда энг чиройлик шаҳарга айлантириш учун амр берган эдим. Берган амримнинг ижросини ўз кўзум билан кўрмоғим ҳам лозим эди.
Мен футуҳотларим асносинда сунъат аҳлларига – ҳунармандларга зарар еткузмай, қатли омлардан омонлик бериб ўз ҳимоятимга олганимни арз этиб ўтган эдим. Бу ҳунармандлардан бир мунчасини Мовароуннаҳрга юбордим. Бу ерларда ўз санъатларини  тирик сақлаб қолмоқ ва шогирдларга таълим бериб, санъат аҳлини қувватламоқ чорасини кўрдим. Кеш шаҳрининг таъмири учун Эрон ва Байнаннаҳрайн шаҳарларининг номдор усталарини ишлатдим. Бино учун лозимлик тошларни Бадахшоннинг самоқ тошидан келтурмоққа буюрган эдим. Иморатларнинг сутуни учун Хуросоннинг яшим тошидан келтурилгандирки, менга хос ясаладурган қасрнинг сутунлари яшим тошидан эди. Қасрларнинг деворлари, ерларига ётқизмоқ учун Форснинг мармар тошидан ишлатилгандир. Иморатдаги кошон ишларини қилмоқ учун Исфаҳоннинг маҳоратли усталарини олдириб келиб ишлатдим. Мовароуннаҳрда бағдодлик икки меъмор бор эди. Улар рум тариқаси билан тоқи боғламоққа маҳоратлари зиёда эди. Кеш шаҳридаги қасрларнинг тоқиларига уларнинг санъатидан истифода қилинди. Баъзиларнинг таърифига қараганда, рум тариқаси билан қилинган тоқиларнинг лавозимотлари қоидага мувофиқ ишлатилган бўлса, унга зилзила таъсир қилмайди. Бирор минг йил яшайди, дер эдилар. Шерозда йўлларнинг икки қатига дарахт тикилганини кўриб, манзур қилган эдим. Бинобарин, Кеш шаҳрининг барча кўчаларининг икки ёқасига дарахт экилсун, унинг тартиби шу қадар бўлсинки, ҳар киши бу кўчадан ўтар экан, бир боғнинг ичида юрган каби тасаввур қилсун, деб тайинладим.
Мен ёшлигимда ўқитган мулла Алибек деган кишини битикнинг бош тарафида танитиб ўтган эдим. У одамнинг оғзида тиши йўқ бўлса ҳам, маҳалла болаларига Қуръон таълими  бериб, хат ёзишни ўргатар эди. Мен етти ёшимда бу одамнинг мадрасасидан чиқиб, Шайх Шамсиддиннинг мактабхонасида ўқиганимни билдирган эдим. Мен Кеш шаҳрини бино қилдираётган чоғимда  у одамнинг вафот этиб кетганига хийла вақт ўтиб кетган эди. Устозларимдан Шайх Шамсиддиндан қолган фарзандларининг ҳаёт вазияти ёмон эмас бўлса ҳам, Мулло Алибекнинг фарзандларида қийинчилик борлиги кўрунур эди. Бу аҳволни кўзда тутуб, устозим Мулло Алибекнинг фарзандларининг ҳар бирига бир донадан уй солиб бериш билан, уларни узилмас маош билан таъминлашни волийларимга таъкидлаб амр берган эдим.
Шу мавзу устида Шом шаҳрида кўрушганим Ибн Холдун деган зотнинг бир ҳикматлик сўзи ҳамон ёдимда эди. У одам бундоғ дер эди: “Аллоҳ таоло инсонларга берган саломатлик неъматидан кейинги неъмати, улуғ одамлар билан дўст қилмоқ неъматидур. Чунки улуғ одамнинг дўстлиги орқасидаги кишилар, тилак ва орзуларига эришиб, халқ орасидаги ўрни ва ҳашамати ҳам юқорилайдур”, деб эди. Бу ҳикматлик сўздан ташқари ўз идрокимда шундай бир ғоя ҳукмфармо эди-ки, менга нисбатан ҳар қандай жиҳатдан дўстлиги зоҳир бўлган, озу кўп хизматлари сабоқ айтган зотларнинг ўзларигина эмас, авлодлари ҳам маишат тўғрисидан қийналар экан, бу менинг паст фитратлигимга далил бўлғай, деб тушунар эдим. Бу умумий кўз қараш орқасида ёлғиз Мулло Алибекнинг авлод афродларигина эмас, киндигим қони тўкилган, кўзим очилганда биринчи марта шу шаҳарни кўрган, мен билан бирга бу шаҳарда ҳаёт кечирган эркак-хотунларнинг барчасининг устозларим каби зиммамда ҳақлари бор эди. Буларнинг бир ҳамшаҳарлари дунёга ҳоким бўла туриб, буларнинг қийинчилик ичида яшамоғлари муносиб бўлмағай, деган фикрда илгаридан Кеш шаҳрининг бўлиб келган ўз қуввату лоёмутига ҳожатманд қадим ерлик кишилардан бўлмоғи шарти билан туғулган шаҳримда бирорта фақир одам бўлмаслиги учун доимий ойлик тайин қилдим. Бирор одам оила таъминотидан қийинчилик кўриб ғамлик бошини тиззасига қўймаслигини тадбирини кўрдим (М.Брайвон: Тўғриси, Амир Темурнинг шахсий лаёқатига қаралганда, ажойиблиги билан бир инсондирки, ўзи қаттиққўл бўла туриб, бу қадар саҳий-валломардлиги ҳам бордир. Шунинг учун бу одамга нима деб қатъий баҳо бермакка инсонни шошириб қўяди).
Мен ўз қарашимда: “Дунёдаги Кеш шаҳридан кўркам яна бир шаҳар йўқдур, деб тушунаман. Кўчаларининг кенглиги эллик зироъ келар эди, яъни йигирма беш отлиқ ёнма-ён юрса, кўчалар торлик қилмас эди. Шаҳарда кўз чалиққан (менга хос) иморат, дунёнинг нодир гўзал биноларидан бўлса ҳам, бу шаҳарда етти кундан зиёда турмадим. Чунки, аҳдимга мувофиқ ўзимни айш-роҳатга топширолмас эдим. Шу асос билан роҳат талаб умароларни йўқотдим. Агар мен ҳам роҳат талаб бўлсам, мени ҳам йўқотганлар бўлур эди. Менинг тажрибам хулосаси шулдурки, бу дунёда ҳар ким роҳат талаб бўлиб, қийматчилик умрини айш тараф билан ўткузгон бўлса, оқибатда хор бўлғусидир. Мана шу ғояларга ихтироманд, саҳрога бориб қўшун бошлиқлари ва сарбозларим билан бирликда турдим ва Ҳиндистонга сафар қилмоқ тадорикига машғул бўлдим.
Менинг Ҳиндистонга икки йўл билан бормоғим мумкин эди. Бири – Хуросон ва Зобилистон йўлидир, иккинчиси – Кобулистон ва Ғур йўли эди. Бунинг аввалгисида сув камчилиги бордир. Хусусан, Биржанддан ўтгандан кейин қўшунни сув билан таъминлаш имконсиз эди. Иккинчисида эса, бу қийинчиликлар йўқ эди. Пиёда қўшунга қараганда отлиқ қўшун учун сув эҳтиёжи кўп бўладур. Чунки бир дона от ўттиз-қирқ киши ичадиган сувни ичиб қўяди. Ўртада яна бир фарқ бордир. Хуросон, Зобилистон йўли текис бўлиб, Кобулистон ва Ғур йўли тоғлик ва довонлик бўлгани учун баъзи минтақалардан ўтиш қийинроқ кўрунур эди. Ҳар нечук Кобулистон йўлини бошқасидан тузук деб билдим. Шунинг устига, Ғур мамлакатига борганимдан кейин Абдол Гулзойи билан бирмунча кишиларни Ҳиндистонга бирга олиб кетмоғим ҳисобини кўздан кечирдим.

 
« Олдинги   Кейинги »