026. Форсда Шайх Умарнинг ўлдирилиши |
![]() |
![]() |
Мовароуннаҳрдан Ҳиндистонга ҳаракат қилишимдан икки кун илгари ҳайратда қолдургундек бир хабар олдим. Хабарни қўл остимдаги шаҳарларга таъсис қилиб қўйилган кабутархоналар орқали жуда ҳам тез олган эдим. Бунда, ўғлим Шайх Умарнинг Форсда ўлдурулганлиги ёзилган эди.
Ўғлимнинг вафоти менга унча таъсир бера олмайди. Чунки менинг наздимда ўлим – ҳамма вақт мунтазир турган ҳақиқий мавжуҳотдандур. Бу масала мени қаттиқ ғамгин қилолмайди. Фақат ўғлимни ўлдиргувчи киши қандай киши бўлғай, деган фикримни машғул қилди. Маълумки, кабутар орқали берилган хабар мухтасар бўлади. Шундай бўлса ҳам, Шайх Умар Шероз шаҳрига яқин бир даштга шикорга чиққан экан. Бу даштда наргиз гуллари кўп бўлгани учун даштни ҳам “Наргиз” дер эканлар. Форс ашоирларидан бирмунча киши ўғлимнинг устига ҳамла қилиб ўлдурубдурлар. Қотилларнинг қайси ашоирдан эканлигини зикр қилинмагандир. Хабарни йўллағувчи киши ўзумга маълум тошкандлик киши бўлуб, Шероз амният бошлиғи эди. У менга шундай илова қиладурки: “Мен амниятни сақлаш учун жиддий тадбирлар кўрмоқдаман. Шундоқ бўлса ҳам, Шайх Умарнинг вафотидан истеъфода этиб харж-марж пайдо бўлишини эҳтиёт қиламан. Форс ашоирлари Шерозга ҳамла қилиб қолишлари ҳам эҳтимолдан йироқ эмас”. Амният бошлиғи вазият оғирлашмасдан туриб тезлик билан ёрдам қувватларини юбормоғимни талаб қилар эди. Кутилмаган ердан зуҳрга келган бир фитнани таъсири билан Ҳиндистонга қилган азмимни ўзгартириб, Форсга бормоғимни зарур деб билдим. Рай ва Исфаҳон йўли узайиб кетади, деб сувсиз бўлса ҳам Хуросон, Язд йўли билан юрмоққа қарор бердим. Ўғлум Мироншоҳни Мовароуннаҳрга қўйиб, ўзум етмиш минг нафар отлиқ қўшун билан йўлга тушдим. Мен Мовароуннаҳрдан Хуросон усти билан иккинчи дафъа юрмакда эдим. Уламо ва фузалолар шаҳри бўлмиш Бушравия шаҳрига, ўтинчисидан масжид имомиғача аҳли фазл бўлган шаҳарда улар билан суҳбат қилмоққа фурсатим йўқ эди. Тезроғ Форсга етиб бориш, Шайх Умарнинг қотилларидан интиқом олиш билан фитнани тезроғ тугатиш масаласи зарур эди. Бушравиядан ўтганимдан кейин Биржанд йўлини қўйиб, бошқа бир йўлга бурилиб кетдим. Работхон деган кичкина ободлиғи бор жойга келдим. Бу ерда лозимлиқ сув ортиғи билан топилар эди. Қалъа шаклинда ясалган бир карвон саройи бордур. Бу манзил, қароқчиларнинг ўтадурғон йўли устида бўлгани учун, қароқчилар ўзларига лозимлиғ сувни олмоқ учун бу ерга келур эдилар. Ўғрилар биронта карвонни босолмаса, ерлик халқни талаб кетар эдилар. Бунинг чораси учун ерлик халқ ҳамма вақт ўғриларга қарши уруш ҳозирлигини кўруб турур эдилар. Мабодо, ўғриларни адади кўб бўлса, карвон саройга кириб дарвозани беркитиб олиш билан ҳисор мудофаалари каби мудофаага давом этар эдилар. Мен Работхонга келганимдан кейин у ернинг тажрибакор кекса одамларидан бир нечасини олдириб келиб, ўзимнинг юрушимга оид машваратлар қилдим. Уларнинг кадхудоси деб аталган оқсоқол киши бундай деди: “Олдингизда 60 тош узоғликда катта бир чўл бор, мутлақо сув топиб бўлмайди. Бир дона гиёҳ ҳам унмайди. Аллоҳи таоло ер юзининг бундан бўлак жойида бу каби ҳосилсиз чўл яратмаган бўлғай. Сизнинг бу қадар одамларингиз билан отларингизни бу чўлдан саломат чиқармоқ имконсиздир. Қўшун бу чўлга кириб, иккинчи куни бутунлай ҳалок бўладур. Бу чўлдан отлиқ эмас, тевалик ўтиш мумкиндур. Шарт шулки, туяни чўл ўртасида бир марта суғориб олингай. Бунинг учун сув кўтарган махсус тевалар бирга бўлиш лозимдур”. Илгарида бу чўлдан чиқолмай сувсизлик билан ҳалок бўлган бирмунча машҳур одамларни исми билан саноғлаб ўтди. Жисмлари ўлумтукка таъма бўлуб, устихонлари ҳанузгача биёбонда оқариб-чириб ётганини сўзлади. Мен кадхудо (қишлоқ оқсоқоли)га айтдим: “Мени бу сўзлар, сувсиз чўллар азмимни қайтаролмайди. Илгари ҳам сувсиз чўллардан ўтганман. Эмди сени сўзунгға қараб келган йўлимдан орқамга қайтиб кетмайман”. Қари чол яна менинг сўзумга аҳамият бермасдан: “Сиз ўтган чўлларга ёмғур ёғади, бир оз сув топилади, хусусан, баҳор мавсумларида бўлса, яна осон бўлади. Аммо бу чўл мутлақо сувсиз чўлдир. Қўшунингиз от ўрнига туялик бўлса эди, катта тулумларга сув тўлдуруб олиб чўлдан ўтсангиз бўлур эди. отлиқ қўшунни ўткузуб бўлмайди”, деди-да, қўлини Шарқ томон узатиб: “Сиз шу тарафга икки кун юруб борсангиз, шимолдан жанубга чўзулган бир тоғни кўрасиз, қўшунни ўша тоғни этагидан ўткузсангиз, ундан кейин сувсизликка дуч келмайсиз. Чунки у тоғнинг этагида оқиб турган сувлар кўп, тоғнинг ҳудуди тамом тугагандан кейин 60 тошлик чўлни босиб тугатдим, деб ҳисобласангиз бўлаверади. Ундан кейин яна чўлга кирасиз, лекин у чўлларда сув топилади”, деди. Унинг бу сўзларига биноан: “Сен бу йўлларни ва ҳудудларни биласанми?” деб сўрадим. Кадхудо жавобида шундай деди: “У йўлларни биламан, хусусан ўғлум билан иккимиз бирликда бўлсак, сизни чўлнинг сувлик ерларига еткуза оламиз”. Мен чолни таъминлаш учун: “Агар қўшунни соғ-саломат чўлдан ўтишига самимий ёрдам қилсанг, яхши мукофот билан мамнун қиламан”, дедим. Кадхудо жавоб берди: “Мен ва ўғлумни ниятимиз сизга хизмат қилмоқдур. Қўлимиздан келадурғон ҳар қандай хизмат бўлса, жонимиз билан қилмоқ учун хизматингизга ҳозирмиз”. Қўшун отлиқ бўлгани учун чол билан ўғлига ҳам от бердим. Чол йўл бўйи ўзи билган ва эшитганларини сўзлаб: “Сиз ўтаман деган катта қуруқ чўл тарихдаги Салм ва Тур қўшунининг кириб қолиб йўқолиб кетган чўлидур. Сиз ҳам у чўлга кириб қолганингизда бутун қўшунингиз маҳв ва нобуд ўлур эди”, каби сўзлар билан бизни тоғ этаги билан бошлаб кетмоқда эди. Ундан: “Сизлар ҳам Форсга боргудек бўлсангизлар, шу тоғ этаги билан юруб борасизларми?” деб сўрадим. Кадхудо жавоб берди: “Биз бугун сизнинг улуғ қўшунингиз билан бирликда бу йўлдан ўтмоқдамиз. Бу минтақанинг ўғрилари бу улуғ қўшунга баробар кела олмагани учун йўл тўсмоқдан воз кечиб, ўзини кўрсатмайди. Агар ушбу сафар бир карвон туркумининг сафари бўлса эди, уларнинг шаридан на мол, на жон қутулар эди”. Мен ундан сўрадим: “Бу минақани ўғрилардан тинчитмоқ учун кучи еткудек амири йўқми?” Чол бундай деди: “Бу ернинг амири бор, аммо ўғриларни тугатиш учун ҳаракат қилолмади. Чунки бу минтақани бир тарафи Зобилистонга энкайиб боради. Яна бир тарафи – юқори қисми Ғур (Афғонистон)га ёпишади, ўртаси эгасиз бўлиб қолғони учун ўғрилар бундан истифода этадур. Бинобарин, биз у йўлларни яхши билсак ҳам, оз қувват билан бу йўлдан юролмаймиз”. Бизнинг юришимиз эса сувлик ерларга боғлиқ бўлгани учун қўшунни тушириш, сув билан таъминлаш режасига мутобиқ юрмоқда эдик. Суҳбат орасида чолдан шуни ҳам сўраб қўйиш тўғри келгани учун савол бердим: “Сен бу йўлдан ўтмаганинг ҳолда, қандай қилиб бу йўлни қарич-қарич билиб олган эдинг?” Чол: “Мен йигитлик чоғимда шу тоғларнинг этагида чўпонлик қилар эдим. У вақтларда Биржанд ва Қоиннинг ғоят қувватлик амирлари бор эди. Қароқчи босмачиларни шу қадар юрагини олиб қўйган эдиларки, мен каби бир нотавон йигит боқиб юрган қўйларга ҳам теголмас, тўғриси, журъат қилолмас эдилар. Мабодо, қўйларимга зарар етса, Биржанд ва ёки Қоин ҳокими тарафидан жазоланишларини билар эдилар”, деб жавоб берди. Бир кун пешин вақти эди, тоғдан тушиб келаётган бир сой бўйига етдик. Сарбозларим у сойга яқин жойга тушдилар. Мен сойдан нарироғ фосила олиб тушдим. Намоз ўқиб бўлганимдан сўнг чодиримга истироҳат қилмоқ учун кирган эдим, бир илон менга қараб ҳамла қилди. Мен уни ўлдургунча бўлмай, оёғимни чақдию мен ҳам уни қочишга қўймай, оёғим билан белини босиб синдирдим. Мулозимлар уни уриб ўлдурдилар. Илон чаққанини бир тикон санчилганча ҳис этдим. Чунки уруш майдонларида мунга қараганда кўп оғир заҳмларга чидаш берган одам учун булар ҳеч қанча сезилмас эди. Бизга йўл бошлаб келган чолни чақириб, илоннинг ўлугини кўрсатдим. “Бу илон мени чақди заҳари хатарли эмасми?” деб сўрадим. Чол илоннинг жасадини кўриши билан даҳшатланди: “Бу илон “кўпча” деб аталган илон жинсидандир, чаққан ерини тезлик билан кесиб у ердан заҳарини чиқариб ташланмаса, одам ўлумга ҳукм этилди, демакдур”, деди. Мен чолга: “Сўзунгга қараганда, менинг ажалим шу ерда эканда?” деб ҳазиллашганимга қулоқ солмасдан: “Тездан арғамчи келтиринглар!” деб қичқирди. Келтурилган арқон билан чап оёғимни тизи остидан маҳкам боғлади: “Илон заҳри юрагингизга таъсир бермасин, деб боғладим”, деган сўз билан эътизорда бўлинди. Ханжаримни сўраб олди-да, илон чаққан ерни ханжар билан ёрди ва оғзини ўша ёрилган жойга қўйиб сўрмоққа бошлади. Оғзига тўпланган қонни тупуриб ташлар эди. Мен ундан: “Нимага бундай қиласан?” деб сўраганимда: “Баданингиздаги илоннинг заҳри хориж бўлсун”, деб қисқа жавоб бериб, ўз ишига давом этди. Шу йўсун амалияси пешиндан асргача давом этди. Ўша пайтда вужудимда иситма борлигини ҳис этдим. Чолдан: “Илон чаққан кишини иситма оладими?” деб сўрадим. У: “Бале, иситма олган ҳолда ўлади”, деб жавоб берди. Мен унга ўлумдан қўрқмаслигимни ва ҳамиша ўлумни истиқбол қилиб турушимни айтдим. Чол мени ўлумдан рад қилган бўлиб бундай деди: “Мен сизни илон заҳрининг таралишидан сақламоқ учун оёғингизни боғладим. Заҳрнинг юрагингизга етиб бормоғига йўл қўймадим. Илон чаққан жой атрофидаги қонларда бўлган заҳар таъсирини сўриб ташладим. Энди ўлимдан қолдингиз. Магар, иложларимиз фойда бериб сиҳат топгунингизча шу ердан қимирламай турасиз,-деди ва давом этди:-Мен ҳаймангиз олдида қапча илоннинг ўлугини кўриб ҳайратда қолдим. Чунки илонлар иссиғ ҳавода ташқарига чиқмайди. Уларнинг терилари шу қадар нозикдурки, ёз фаслининг офтобига дуч келса, ўлади. Шу тоғнинг орқасида қапча илон жуда кўп бор. Аммо иссиғда ташқарига чиқмайди. Бу сизни чаққан илон қандай қилиб иссиққа чиқди, қандай қилиб ҳаймангизга кириб қолди, тушунмадим”. Кадхудонинг тавсиясига кўра, шу жойда уч кун туриб қолдик. Бу муддат ичида чап оёғим шу қадар шишиб кетган эдики, сув тўлдирилган тулмдек кўринар эди. Уч кундан кейин оёғимнинг ишири қайтди. Иситма ҳам қўйиб берди. От миниб ҳаракат қилмоғимга имкон туғилди. Кадхудо олдимиздаги тоққа ишорат қилиб: “Шу тоғнинг у тарафида қапча илон жуда ҳам кўпдир. Чунки бу илон ҳар дафъа бола очганда бешдан юқори, ўттиз ададни остида бола чиқоради, шу тариқада булар жуда кўпайиб кетган”, деди. Мен шундан кейин хайма тутиладурғон ерни текшириб ва хаймага киришдан аввал хайманинг ичини текшириб туришга одат қилдим. Кекса чол эса аввалгидек раҳнамолик вазифасини адо қилиб бормоқда эди. Биз этагини босиб ўтмоғда бўлган тоғларнинг кўзга ҳар хил товланиб кўриниши (яшил, сариқ, ўртаҳол сариқ каби) жилва берса ҳам, кўкарган дарахтлари йўқ эди. Ҳолбуки, тоғдан оқиб тушиб турган сув сероб эди. Тоғлардан оқиб тушган сувлар анҳорлар ташкил қилар, оқиб бориб, қумлик чўлларга сингиб кетар эди. (Бу вақт Астробод, Мозондарон, Гилон тоғларидаги тўлуб-тўлуб кўринган дарахтлар хаёлни ишғол қилар эди.) Шу ерларнинг бирида бўлган бир наҳрнинг бўйига, қирғоғига тушдук. Истироҳат орасида сув ичидаги сариғ товланиб-товланиб турғон кичик тошларни кўруб олтунга ўхшатдим. Йўл бошлаб келган кишимиз жавоб берди: “Бу кўриниб турганлар олтин эмас, балки кичик жиғал тошлардур. Аммо йўлда кўрганимиз тоғларнинг баъзиларида олтин конлари ҳам топилади”. Тоғлиқ йўллар тамом тугаб бўлди, экинсиз, ўтилиши қийин ва хатарлик жанубида воқе бир ерга борганимиздан кейин чол: “Мана эмди олдингиздаги саҳро йўли билан Форсга бора оласиз. Бундан буён отларингиз ташналик хатарига учрамайди. Эмди биз қайтиб кетсак ҳам бўлади”, деб ижозат талаб қилди. Мен ундан сўрадим: “Келган йўлимиздан қайтиб кетмоқчимисан?” У рад қилиб бундай деди: “Йўқ, мен бу йўлдан кетолмайман, ўғрилар биз – ота-болани ўлдиришади. Агар сиз бизга мусоида қилсангиз, чўл йўли билан юриб работхонага етиб оламиз. Бу йўлда, албатта, от билан юриб бўлмайди. Фақат туя билан сафар қиламиз. Заҳира сувларимизни туяларга ортиб олиб жўнайверамиз”. Чол билан ўғлининг бизга қилган хизмати учун бир неча дона туя билан бирмунча нақдиналарни мукофот бериб, ўзим Форсга қараб жўнадим. Йўлимиз устида бўлган юртлардан одам ва отлар учун емак ашёлари топилар эди. Сув тўғрисида бўлса, ҳеч қийинчилик қолмаган эди. Шу йўсин суръат билан Форс. Шерозга етиб бордим. Шерозга борганимдан кейин амният бошлиғи ва катта-катта одамларни йиғиб, ўғлум Шайх Умарга воқеъ бўлган суиқасд воқеасини таҳлили равишда таҳқиқ қилмоққа киришдим. Улардан шундай маълумот олдим. Дедиларки: “Ўғлунгизни ўлдурганлар Бояр қабиласининг кишиларидур. Улар яшайдурғон жой дарахти кўп жангал, сувлари сероб бир минтақадир. Одамларининг ҳар бири ўқ-ёй истеъмол қилиш маҳоратига эгадур. Паҳлавонлари билан ном чиқарган ва ҳеч қандоғ муҳожимга мағлуб бўлмагандурлар. Шу эҳтимолни ҳам диққат назарида тутилмоғи лозимдурки, Бояр ўлкасига бормоқни хоҳлаган қўшун соҳиби бутун қўшунни ҳалокатга тутуб беришни ихтиёр қилганидур, дейилса бўладур. Бояр қабиласининг уҳдасидан чиқмоқлик бугунғача ҳеч кимға муяссар бўлмағондур”. Мен уларга қисқагина қилиб: “Қани, ўйлаб кўрай, қароримни кейин берарман”, деб мажлисни тарқатдим. Шероздаги иқоматим асносида “айтилган маълумот хулосалари тўғрими ё тўғри эмасми? Баъзан душман тарафдорлари шундай қўрқитув сўзлар билан ғафлатга солиб ҳам қўяди”, деган назария устида маҳфий тадқиқотлар олиб бордим, интиқом урушидан илгари душман тарафини ҳар жиҳатдан текшириб бордим. Натижада, калонторларнинг хулосалари тўғри бўлиб чиқди. Шайх Умарни Бояр қабиласининг одамлари ўлдуруб, жасадини Дашти Наргисга қўйиб кетган эдилар. Шерозга аввалги келганим билан бу навбат келишим орасида кўп муддат ўтмаган бўлса ҳам, илгариги келганимда суҳбатлашган орифлардан бир нечаси ҳаёт билан видолашган эди. Жумладан, Шамсуддин Муҳаммад Шерозий (ҳофиз), Сабоҳиддин Сунбулилар бўлиб, ҳаётда қолғонлари Ҳасан Қурбат, Зикриё Форсий (Вомиқ)лар саломга келиб кўришдилар. Илгариги орифона мажлисни давом эттирмакка фурсатим бўлмади. Ҳар бирларига бир-бир мунчадан олтин бериб, узатдим. Менга муҳим бўлиб турган масала Бояр қабиласига ҳамла қилиш тадбирини кўриш эди. Олган маълумотимга қараганда, Бояр ўлкаси жуғрофий қарашидан узундан-узун кетган кенг бир тоғлиқдан ташкил топар эди. Бу тоғлардаги дарахтларнинг кўплигидан ерга офтоб нури тушмас, ернинг зироатга қобиллиги, суви-анҳорларининг кўплиги халқни деҳқончиликка тарғиб қилса ҳам, зироат-меҳнатга тоблари йўқ, қўшни мамлакатларни талон-тарож қилиб яшамоқни ўзларига муносиб билиб олган эдилар. Жумладан, Шайх Умар ҳам бу талончиларга қурбон бўлган эди. Яна баъзи маълумотларга қараганда, талончилар Шайх Умарни талаб кетмоқчи эканлар. Лекин Шайх Умар уруш кишиси бўлгани учун ўғриларга таслим бўлмоқни ўзига ор билиб, урушмоқ давомида ўлдурилгандур. Энди Бояр минтақасига олиб борадурғон йўлларни кўздан кечирайлик. У минтақага фақат икки йўл билан кириш мумкин эди. Бу йўллар жуда тор тоғ йўллари бўлгани учун, у минтақага кирмоқчи бўлган одамнинг тор йўл қатидан оз қувват билан тўсиб олиб, ҳеч кимга йўл бермаслик учун ернинг жуғрофий тузуми уйғун эди. Шу икки тоғ йўлдан бошқа йўл йўқ, атрофи баланд тоғлар билан ўралган ерга Бояр ўлкаси жойлашган эди. Мен Бояр ўлкасига бормоғим борасида ҳар жойда, ҳар турли кишилар билан машварат қилсам, барчалари мени бу матлабдан воз кечишга, қўшунни ҳалокатга солмасликка даъват этиб, бўлмаган ишнинг орқасидан юришни ман қилар эдилар. Мен уларнинг фикрларини тасдиқласам ҳам, қандайки бир тадбир билан Бояр қабиласидан ўғлумнинг қасосини олиб, қабила халқига адаб бериб қўйишдан воз кечмас эдим. Мана шу вақтда хаёлимга бир тадбир тушдики, у тариқа билан Бояр қабиласини алдаб қўлга туширишнинг имкони бор эди. Хаёлимнинг ижроси учун дарҳол халқ орасига бир овоза тарқатдим: Шероздаги қимматбаҳо мужавхуротларимни Исфахонга юбориб, ўзим Форсда қолиш қасдида бўлганимни таратиб турмоқ баробаринда 500 дона от ва туялик бир карвон қофиласи тузиб йўлга солдим. Карвон юрадиган йўлни Бояр минтақасига яқинроқ жойдан солдирдим. Ҳар ҳолда бу карвондан хабардор бўлган Бояр босмачилари тездангина карвонга қўл ташлашлари осон бўлишини ҳам назарда тутиб қўйдим. Босмачилар қабиласи бу қадар қимматлик жавоҳирни соқчи муҳофазалари йўқ ҳолда йўлга солинмоғидан шубҳаланмасун, деб карвонга бир неча киши мусаллаҳ сарбозлардан мухофиз шаклинда ора берган эдим. Карвонни йўлга солиб бўлиб қўшундаги энг яхши баҳодир сарбозларимдан бир нечасини карвон устига ҳамла қиладиган босмачиларни қочирмай тирик тутиш амри билан жўнатдим. Чунки иккинчи марҳалада Бояр қабиласига қўшун тортганимда қабила одамларининг сўроғда берган жавобидан истифода этмоқ фикри ҳам бор эди. Кўрилган тадбирлар ижро этилди. Бояр қабиласидан тақрибан минг киши карвонга ҳамла қилмоққа иштирок этган эдилар. Улар карвоннинг юклари, от, хачирларини олиб кетишга тайёр бўлган вақтларида орқадан ҳозирлаб қўйган аскарларим босмачиларни муҳосара қилиб ҳаммасини ушлаб олди. Кўринишда Исфаҳонга бормоқчи бўлган карвон ўз изига қайтди. Асирлар тезлик билан сўроқ остига олинди. Улардан Бояр ўлкасига кириш учун икки жойдаги тор йўлдан бошқа йўл бор-йўқлиги таҳқиқ этилди. Уларнинг берган жавобини хулосаси шундай бўлдики, Бояр ўлкасини иҳота қилиб турган тоғларнинг ҳаммаси ҳам минтақага олиб боради. Лекин у тоғлардан инсон ўтолмайди. Фақат кийикларнинг юриб ўтиши мумкундур. Тоғдаги хатарлик жарлар, бетартиб ўрнашган қурол тошлар одамнинг юришига имкон бермасдан фалокатга учратади, деган натижа олинди. Ақл ва эҳтиёт шундай шарт қиладурки, хатарлик тоғ йўлига боқмай ўша икки тор йўлдан истифода этмакдан бўлак чора йўқ эди. Мен босмачилар минтақасига кирмоқ учун икки василани мўлжалга олдим: бири – асирларни қўшуннинг олдида юргузиш билан шериклари ўз рафиқларини ўлдурмаслик учун бизларга ўқ отолмасун, тош бўронга тутолмасун, деган усул бўлса, иккинчиси – борутдан истифода этмак эди. Мен Бояр сарбозларини Ғур жанговарларидан маҳоратлироқ билмадим. Бу урушқоқларни борут ва портлатиш билан енгилишига қараб, Бояр босмачиларини тездан енгилмоғига қатъий ҳукм бера олар эдим. Шунинг учун тезлик билан Форсда борут тайёрлансун, чарм халталарга аралаштириб пиликлари борутга ботурилиб, ўт беришга қараб қолсун, деб амр бердим. Отлиқ аскарларимдан бир қисмини Бояр қалъасидан ташқарида амр кутиб туриши учун қолдириб, бир қисмини пиёда ҳолда сафарга ҳозирладим. Ҳамлага ўтиш олдидан баъзи қўмондонларим ҳар икки мадҳолдан биробар ҳамла қилиш режасини олға сурдилар. Уларнинг фикрича, душман кучини иккига бўлиб ташлаш мумкун, деб билур эдилар. Мен эсам аскарларимни икки мадҳал мудофаачиларига ўлимга тутиб бериш каби бўлган бу фикрга қарши чиқдим. Айтдимки: “Биз аввал бир мадҳалдан душманни синаб кўрамиз, агар бизга зарар кўп етадурғон бўлса, бир нуқтадан тортган зараримиз икки нуқтадан кўрилган зарардан енгил бўлган бўлади. Агар ҳамламиз муваффақиятлик бўлиб чиқса, иккинчи мадҳалдан ҳам ҳамла бошламоғимиз, ўнғайдир”. Ҳамла қилмоқға кўрилган муқаддима василалари ҳозирлангандан кейин асирларни олдинга солиб юрмоққа буюрдим. Асирлар орқасидан бирмунча сарбозларим борут халталарини кўтарганча ҳаракат қилур эдилар. Уларга буюрилган вазифа Бояр аскарларига эришган ҳамон борутларига ўт бериб, босмачилар тўдасига отмоқлик эди. Бу амалия орқали қўшунга йўл очиш имкониятига молик бўлмоғлик эди. Ўзим ҳам уруш вазиятларини ўз кўзум билан кўриб туриш учун биринчи даста сарбозлари билан йўлга тушдим. Шундай вақтда мен биринчи даста аскарлар билан бирга жўнамасам ҳам, ҳар дақиқада майдондан хабардор бўлаётганим сабабли, орқада туриб лозимлик фармонларини бериб турсам ҳам бўлур эди. Аммо менинг шахсий назарим билан қўмондонларимнинг кўришида фарқ бўлур эди. Бундай тажрибалар илгарилари ҳам кўрилгандурки, мен кўрганни қўмондонларим кўролмаслар. Кўрсалар ҳам, фарқига боролмаслар, аҳамият бермаслар. Ҳар бир эҳтимолга қарши ҳамлачи биринчи дастанинг бошларида мағфар, таналарида хафтон эди. Биз мана шу тартибда йўлга тушдик. Нисбатан текис кўринган бир йўл билан юқорига қараб ўрладик. Бояр ўлкасига кириш мадҳалига етиб борганимизда ҳар томондан устимизга ўқ ёға бошлади. Аскарларда мағфар, хафтон бўлмаганида босмачиларнинг раҳмсизлик билан ёғдурғон ўқларидан ҳалок бўлуб битган бўлур эдик. Асирларнинг кўплари ўлди ёки ярадор бўлиб йиқилди, қайтиб ўринларидан туролмай қолди. Шундай ҳолда биз ёғилиб турган ўқ ичида илгари босиб борар эдик. Ҳеч ким кўринмас эди. Шу орада дарахтлар устида туриб бизга ўқ отмоқда бўлган кишиларни кўриб қолдим. Босмчилар дарахтларнинг қалин япроқларининг дабдасида туриб бизни ўққа тутар эдилар. Олдимизда душман вужудидан асар кўринмагани учун ҳозирлаб олинган борутлар фойдасиз бўлиб қолган каби кўринар эди. Юқорида сўзлаганим каби аввалги саф қўмондонлари ёллаган каби таҳрирлар нақадар дақиқ бўлса ҳам, мен ўзим кўрганим каби аҳамиятлик бўлолмас эди. Агар, шу вақт уруш ичида бўлмаган бўлсам, вазиятни кўзим билан кўриб турган каби ҳал этиб чора кўролмас эдим. Ўша вақтда дарахтлар япроғи дабдасида бизни ўққа тутиб турган душманни шаҳар қалъаси паноҳида туруб мудофаа ўқиға тутмоғда бўлган мудофааларга қиёс қилдим. Икки ҳолнинг кўриниши бошқа бўлса ҳам, маънан фарқи йўқ эди. Биз ҳисорни бузуб мудофааларнинг ўқларидан қутулишимиз каби дарахтларни йиқиб Бояр ўқчиларини ерга ағдариб, қўшунга йўл очмоғимиз мумкун эмасми? Мустаҳкам қалъалар билан жангал дарахтларини бир-бирига муқояса қилганда қайси бирини осон ҳал этмак ақидаси ўз-ўзидан ҳал бўлган бўлур эди. Дарахтлар эса табиий ҳолда униб, қалинлашиб келганлиги ўз-ўзидан маълумдир. Агар шу дарахтларга борут билан ўт қўйилса, душманни фалаж қилиб бўладими ё йўқми? Бугунга қадар борутни бундай ҳолда ишлатиб тажриба қилган эмас эдим. Натижаси менга маълум эмас эди. Борутчиларга тажриба амрини бердим. Бир лаҳзадан кейин борутлар дарахтларга қараб отилди. Дафъатан. қоп-қора тутун ҳосил бўлиб жангални бутунлай тутиб кетди ва осмонга қараб бурқсаган тутун ўрлади. Нафасларимиз бўғилди. Мени қаттиғ йўтал тутди. Бироқ мулойимгина эсиб турган шамол таъсири билан борутнинг тутуни тарқалди. Бирдан ўт алангалари кўтарилди. Дарахтларнинг заифлари куйиб, йиқилган бўлса ҳам, жисми йўғонлашиб кетганларидан даҳшатли ўт ёйилиб, аланга осмонга ўрлади. Маълум бўлдики, жангал дарахтлари ёғлиқ дарахтлардан бўлгани учун ўт тез туташиб, бир-бирига тез таъсир берди. Кутилмаган бу воқеа бизларни ҳайратда қолдирди. Қўшун афродлари тамоман бу томошага ғарқ бўлган эди. Бояр ўқчилари ўт таъсири билан тирандозликдан маъзул бўлуб, жонларини қутқариш чорасига тушуб қолдилар. Дарахтлардан ўзларини ташлаган бўлсалар ҳам, ёнғин ҳужумидан қутулмоқлари зўрлашди. Ёнғин шиддати тездан зиёдалашиб кетди. Ҳарорат шиддатидан бизлар қочмоққа мажбур бўлдик. Бир оздан кейин жангал манзараси янада янада даҳшатли бўлди. Жангалнинг кўз етган жойида ёнғин бор эди. Осмонга кўтарилган аланга 30 зироага яқин етар эди. Фазони қоплаган тутун билан кун нури тўсилди, қоронғулик босди. Жаҳаннам ўтини хотирлатувчи бу ўт устидан бирорта парранда учиб ўтолмас эди. Ҳеч қандай васила билан бу ўтни ўчириш имкони ҳам йўқ эди. Бу ҳол мен учун бир тажриба бўлдики, ҳар вақт дарахтли жангалзорларда уруш бўлиб қолса, ўт қўйиб бериш билан йўл очмоқ имкони борлигини англадим. Бундай ҳолда жангалда турган аскарнинг қочиб қутулолмаслигига тажриба ҳосил қилдим. Ўн кунгача уруш тўхтаб турди. Форс мамлакатидан юқорироғда мавжуд бўлган Бояр ўлкасидан аланга кўтарилиб турар эди. Ўт ўчган бўлса ҳам, ўтнинг ҳовуридан қўшунни ўтказмоқ имкони бўлмагани учун яна ўн кун сабр қилишга тўғри келди. Ернинг тузилиши баландлик бўлгани учун ёмғир кўп ёғар эди. Ёмғир ёғди. Ердаги ҳарорат сустлашиб, кул устидан юрмоққа имкон бўлди. Бизнинг олдимизни ҳеч ким тўсмаган ҳолда Бояр ўлкасига кирмоққа муваффақ бўлдик. Йўлларда пистирма қилиб туриб бизларга ўқ отатурғон жой бўлмагани учун бирорта муқовамага ҳам дуч келмадик. Урушдан илгари йиққан маълумотларимдан бу ерни дунёнинг жаннати деб таърифлаган эдилар. Ўз кўзум билан кўрганимдан кейин нима деб таъриф қилган бўлсалар, тасдиқ қилдим. Ёнғин асорати – кул уюмларидан ўтганимиздан кейин замин юзини қоплаб турган бир кўклам ерга етдик. Бу табиий бир ёйлоқ (яйлов) эди. Бизнинг Жайхун кинорларимизда ҳам табиий ёйлоқ бор эди. У ерда от, қорамол, қўй сурувлари ўтлаб юрар эди. Олдимизда турган ёйлоқда, гарчи мусоҳаси хийла катта бўлса ҳам, бирор бош қўй ўтлаб юрганини кўрмадим. Балки бу минтақа халқи чорвачиликдан бехабар эдилар. Ёки бизнинг бостириб келишимиз олдидан чорваларини қочирган бўлғайлар. Ёйлоққа етиб борганимиздан кейин жилға остида қолган отларни келтурмоқ учун қўмондонларимдан Қорахон номлик баҳодир кишини юбордим. Отларнинг жилғада қолиши, урушдан аввали ҳолда бу йўлнинг хатарлари назарда уттилган эди. Ҳозир эса ёнғин сабаби билан ҳатар ҳам изола қилинди. Отларнинг у жилғада сақланмоғи ҳарбий низомга уйғун тушмас эди. Бундан буёнги ерларнинг текис бўлиши отлардан яхши истифода қилмоғимизга имкониятли эди. Уруш ва сафар отларини кўкка қўймаслик отларнинг саломатлигини муҳофазат қилгани каби, отдаги азмни йўқотмайди. Бинобарин, ёйлоқнинг ўти кўп бўлишига қарамасдан, Қорахонга тайин қилдимки, отлрнинн ем-хашакларини ҳам бирга олиб келгай. Отлар етиб келгандан кейин бизнинг ҳаракатимиз бошланди. Кўклам алафзорларидан суръат билан ўтиб борар эдик. Ерлик жангчилар бундай теп-текис жойда бизларга мулоқат бўлсалар, мағлуб бўлишлари аниқ бўлгани учун бундай жойларда муқобила қилмоқлари кўздан йироқ эди. Албатта, уларнинг бизга қарши муқобила қилишлари бор гапдур, аммо у муқобила жой жангал ёки тоғлик жой бўлмоғи эҳтимол тутилар эди. Икки кунлик сафардан сўнг бир дарёчага етиб қолдик. Мавсум баҳор фаслининг тошқин ойлари бўлмаса ҳам, дарё сувининг миқдори отларнинг қорнига уруб турарди. Агар баҳор фаслида бўлса, бу дарёчадан қайиқсиз ўтиб бўлмас эди. Бундан бошқа яна бир дарёча борлигини аниқлаган эдим. Бу дарёчалар ўртадан оқади, икки қирғоғи зироатга қулай, серҳосил ер бўлса ҳам, зироат ва ёки мевалик боғча кўринмас эди. Бу кўриниш ерлик халқнинг зироатдан бебаҳра, ҳўкуз, тиш, омоч, кетмонидан истифода қилмаганлари, форс салотинларининг ҳеч бири бу халқни зироат ишларига кўндиролмаганликларини айтиб берилган эди. Шунингдек, мен ҳам бу халқни зироатга ундамоқ билан алоқам йўқ эди. Фақатгина булардан содир бўлган ношоиста амалларининг мукофотини бериш учун келган эдим. Ўша куни биз дарёчадан ўтдик. Олдинги хабар олғувчи дасталаримиз бундай хабар берди: “Биз бир тоғлик минтақага етиб бордик. У тоғ минтақасидан ўтиш бор-йўқлигидан тўлиқ маълумот олмоққа ҳам имконимиз бўлмаганидан хабар берамиз”. Яна бир соатдан кейин иккинчи хабар келди: “Тоғни тўғридан-тўғри кесиб ўтиш мумкин эмас. Магар, тоғни айланиб ўтиш имкони борлигидан хабар топдик”. Учинчи хабарчидан: тоғнинг шарқ томонида бир мабар мавжудлиги, аммо босмачилар йўл тўсиб тургани учун йўлдан ўтиш мунтазир бўлгани ва босмачиларнинг тоғ устига чиқиб олгани, юқоридан туриб тош қулатиш билан йўлдан ўтгувчиларни ўлдириш имкониятига молик эканликлари борлигини билдиришдилар. Олдинги хабарчиларимиз дастасини ўз жойидан қимирламай туришга буюрганимдан кейин икки минг нафарлик аскар билан Қорахонни ўша мабарга бориб ўз кўзи билан вазиятни кўриб келишга тайинладим. Уруш қоидаси бўйича, душман кишилари тоғлик мабарни тўсмоқ учун тоғ устига ўринлашиб йўлдан ўткувчиларни тош юмалатиб ҳалок қилиб йўл бермаслик қасдида бўлса, бир илож топиб душманни ўша ўриндан йўқотиш керак. Ёки узоқлаштирмоққа чора кўриш лозим. Мабодо, тоғ устидаги пистирмалар ўртадан кўтарилмаса, минтақани умумий мухосарага олиб, уларга озиқ-овқат, сув, эҳтиёт йўлларини кесиб қўйишга тўғри келур эди. Ёнимда бирга бўлган форслик мусташорларим айтдиларки: “Бу минтақани мухосара қилиш фойдасиздир. Чунки тоғларда сув сероб, ғазо сероб, ғазо учун шикор ҳам кифоя қиларлик топилади. Бундан ташқари, бу халқ балут дарахтининг мевасини янчиб нон қилиб еб ўргангандур. Балут меваси бу тоғларда жуда кўп топилади. Бу элни зироатга эҳтимомлари йўқлигининг асосий сабаби ҳам шу: балут дарахтининг меваси билан таъминланишларидур. Бу халққа балут дарахти мевасидан қилинган нон буғдой нонидек завқ беради”. Қўмондон Қорахон эса “ижозат берсангиз, ўз аскарларим билан бу мабардан ўтаман”, дер эди. Мен Қорахондаги журъат, баҳодирликка ишонаман, аммо аскарларнинг ўринсиз ўлишига рози бўлмайман. Мен Қорахонни ва сарбозларини фидо қилганим билан иш йўлга тушмайди. Акс ҳолда, шунчалик очиқ турган йўл ҳам беркилиб қолади. Бу маъракада юқоридан юмалатилган тошлар нобуд қиладиган сарбозлар ва отларнинг жасадлари билан йўл тўсилади. Шу каби монеъликлар қаршисинда бирон муфид чора топмоққа тўғри келар эди. Турган жойимиздан тоғ устига қаралса, душман асарини кўриб бўлмас эди. Улар ўзларини яшириб, бизни кўриб туришга лойиқ бир мавқеъга ўринлашган эдилар. Шунинг учун Қорахон шубҳаланиб, “Душман бу ерларда бўлмаса керак”, деб шубҳасини очиб қолди. Мен эсам олдинги хабарчиларимдан олинган хабарни тасдиқлаб, йўлни тўсиб турган душманлар муҳим жойларга ўрнашиб олганларига эътимод қилар эдим. Қорахон шубҳасидин чиқмоқ учун менга айтиб қолди: “Мен йигирма нафар фидойи билан шу маъбардан ўтамаман. Агар душман борлиги аниқ бўлса, бизга тош ташлайди, мабодо душман йўқ бўлса, қўшунимизнинг ўтмоғи учун йўлнинг очиқлиги маълум бўлади”. Мен Қорахонга бундай дедим: “Қорахон, олдимиздаги душман шу жойнинг одамларидур, асрлар бўйи ўз минтақаларини ўйдум-чуқуридан истифода этишни ўрганиб юрган одамлардур. Улар ўзларини мудофаа қилишда биринчи марта майдонга кирган эмас. Биздан илгари эллик мартадан зиёдроқ бизга ўхшаш қўшунларни шу ерларида тўхтатиб қўйғондурлар. Ва уларни алдаган ҳамдурлар”. Қорахон бу гапимдан аажжублангансимон: “Бу одамлар қандай қилиб қўшун қўмондонларини алдай олар эди?” деб ўз билгисини билдирди. Мен унга яна ҳам аниқроқ шарҳ этмоқ қасди билан тушунтирдим: “Масалан, имтиҳон учун озроғ одам бу мабардан ўтган бўлади. Босмачилар ҳам уларнинг устига тош ташламай ўтказиб юборади. Қўшун қўмондони “Бу ерда душман йўқ экан”, қўшун билан ўтаверади. Қўшунни бошдан оёқ мабарга киргизиб бўлуб юқоридан тош ташлаб, ҳаммасини қириб ташлаган бўлади. Мен бу сўзумга далил учун “фалон қўшунга шундай қилган”, дея олмайман. Аммо шундай хийлаларни ишлатиб, кўп қўшунларни нобуд қилган, деб тушунаман”. Қорахон мени тасдиқлаб: “Эй амир, Аллоҳ таоло сизга шундай хуш ва истеъдод берибдурки, ҳар кимнинг зукосидин ортиғдур. Шунинг учун ҳал вужудга чиқмаган ишни олдиндан айтиб бера оласиз. Аммо менинг ақидамча, бу жойларга ҳеч қандай ажнабий қўшун етиб келолмагандурки, уларнинг устларига тош ташлаб ҳалок қилган бўлғайлар. Чунки бу минтақа одамлари ўзларига қарши келган қўшунни ўша ёнғин бўлган жойдан қайтариб юборганлар”, деди. Мен Қорахонга айтдим: “Бу сўзунг ҳам маъқулдур, аммо бу навбат минтақа аҳли жангалда бизнинг йўлимизни тўса олмади. Энди мана бу жойда бизнинг олдимизни тўсади”. Қорахон ўз фикрида маҳкам туриб олди ва такрор мурожаат қилди: “Эй амир, менинг йигирма нафар фидойи билан шу мабардан ўтишимга ижозат беринг. Натижада душман тош ташласа, ўлурмиз. Агар душман йўқ бўлса, йўлнинг саломатлигини аниқлармиз. Мабодо, бизни алдаш учун бизга тош ташламаган чоғда аскаарингизнинг йигирма нафари бу мабардан у томонга ўтган бўладур,-деб менга бармоғи билан ишоратини кўрсатди ва давом этди:-Эй амир, агар ўтишда шу гузаргоҳдан ўтган бирор қўшуннинг устига тош ташлаб ўлдурган бўлса, ўлганларнинг сўнгаклари кўзга чалинар эди. Ҳалигача бирор сўнгак кўрганимиз йўқ”. Мен Қорахоннинг сўзларига ҳам қиймат берар эдим. Шундай бўлса ҳам, балки ўлик сўнгакларини кўзларига чалиқмасин, деб йиғиштириб юборгандурлар, деб Қорахонни йигирма киши билан мабардан ўтишига мувофақият қилдим. Қорахон қўмондонларим орасида баҳодирлиги билинган кишиларимдан эди, душман режалари ва хийлалари аниқланмаган бир вақтда хатарли эҳтимол туғилган ишларга буюришга кўнглим ёр бермасди. Лекин, шу қилинадурғон амалия устида ўзи бўлмаса, кутилган каби ишнинг ўринлашмоғи мумкин бўлмас эди. Қорахон қўшун орасидан йигирма нафар фидойи талаб этиб, нидо қилди. Отлиқлар орасидан айрилиб чиқиб ёнига келиб қўшилганларни санаб турар эди, ададлари йигирмага етганидан кейин ортиғини қабул қилмади. Фидойиларни отлантириш олдидан айилни маҳкамлатди, сўнгра отларни охир даража суръат билан чопиб мабардан ўтмоққа амр берди. Қорахоннинг бошчилиги орқасидан йигирма нафар фидойи от қўйди, мен эсам уларни таъқиб этганимча қараб турар эдим. Шу билан бир вақтда тоғ тепасига диққат қилар эдимки, минтақа посбонлари қайси жойдан тош ташлар экан? Уларнинг турган ерларини аниқлаб олмоққа ҳаракат қилар эдим. Қорахон отини чоптирганича мабардан ўтди. Орқасидан ўн олти нафар йигит ҳам ўтди. Охирги тўрт йигит ўтар вақтида тоғдан юмалатилган тошлар овози эшитилди. Тўрт нафар отлиқ аскарим бирдек от чоптириб кетар эди, кошки мен овозимни улрга етказа олсам. Уларни тўхтатиш учун “От жиловини торт!” деб буюрган бўлур эдим. Ўртадаги масофа ва тоғдан тушмоқда бўлган тошларнинг овози фарёдни еткузишга қўймас эди. Тўрт нафар фидойи минган отлари билан бирга тошлар остида қолиб ўлдилар. Олдинги хабарчимиз келтирган хабарнинг тўғрилиги ва менинг эҳтимолдан ҳисоблаган ишларим ҳақиқатда кўринмоққа бошлаган эди. Фақат босмачилар афроди кўп зийрак, ҳушёр эмас эди. Агар мен уларнинг ўрнида бўлсам, бу йигирма нафарни беиллат ўткизиб юборар эдим. Токи бутун қўшунни ўткузганида тош юмалатиб, бутун қўшунни ҳалок қилар эдим. Аммо Қорахон қўл остидаги йигитлари ўтган жой тор эди. Ўлган тўрт одам ва тўрт отнинг лоши билан йўл тўсилиб қолган эди. Ўликларни йўлдан четлатмай туриб, у тарафга афрод юбормоқ қийин эди. Шунинг учун ўн нафар фидойи талаб этиб нидо қилдим. Ҳозирланган фидойиларга “мабарнинг фазлини кўринглар-у, аммо мабардан нарига ўтманглар”, деб амр бердим. Менинг таҳминимда, босмачилар фақат шу нуқтада тош ташлай оладилар. Бошқа жойда тошбўрон қилолмайди, деб гумон қилар эдим. Икинчи дафъадаги ўн нафар фидойилар мабарга етиб борар эканлар, устимизга тош тушмасин, деб кўзларини тоққа тикканча борар эдилар. Ҳалок бўлган аскар ва отларнинг жасадлари устига етиб бориб тўхтадилар. Шу вақтда тоғдан юмалаб тушаётган тошларнинг даҳшатлик овози эшитилди. Огоҳлик билан турган отлиқлар тездан орқаларига қараб қочдилар. Тепадан юмаатилган тош ўлик лошлари устига тушди. Бу тажриба орқасида босмачилар шу нуқтадан бошқа жойда сарбозларимнинг устига ташлаёлмаслигини билиб олдим. Бу мавзунинг зоҳирон бир фойдаси кўринмаса ҳам, уруш кишиларининг нақадар душман мавзеидан хабардор бўлиб турмоғи кутиладур. Бу вақтда мабарни қандай очиш, қўшунни хатарсиз ҳолда кечириш тариқасининг фикрида эдим. Тоғ устидаги нисбатан текис бир нуқтадан туриб бир кишининг ишорат қилаётганига кўзум тушиб таажжуб қилдим. У нуқтага диққат билан қараб, ишорат қилғувчининг Қорахон эканини пайқадим. Қорахон менинг диққатимни ўзига жалб бўлганини билгандан кейин ўнг томонга ишорат қилди ва бамоғини лабига қўйди. Унинг бу ишорати душманнинг ўнг томонда эканлиги, баланд овоз чиқармаслигим, баланд овоз содир бўлса, душман афродининг диққатини жалб қилиб оламиз, деган маънода бўлганини тушундим. Хаёлан шундай маълум бўлдики, Қорахон мабардан саломат ўтиб, пиёда бўлиб тоғ устига чиқмоққа йўл топибдур. Албатта бу ишни амалга оширмоқда душманлар кўзини ғалат қила олгандур. Агар биз томондан қараганда ишорат қилинса, тоғ устида ўз кишиларимиз борлигини ошкор қилиб қўйган бўлур эдик. Мен тезлик билан бўлук қўмондонларига афродларни тоғ томонга кўп тикилиб қарамасликлари, зинҳор ишорат қилмасликларига амр бердим. Мабардан Қорахон билан бирга ўтган кишиларимиз ҳам бирин-бирин кўриндилар. Қорахон чап томонга ишорат қилди. У ишоратдан “чап томонга яқинроқ келинглар”, деган маъно англанар эди. Бизнинг тамом ҳаракатимиз тоғ тепасидаги душманларга кўриниб тургани учун, туюлиб қолмасун, деб мансабдорларимдан бирини Қорахон ишорат қилган томонга йўлладим. Унга таълим бердимки, “Агар Қорахон билан сўзлашмоқ имкони бўлмаса, ингичка узун йипни ўқ билан у томон отасан, ингичка йипнинг охирига арғамчини боғлайсан. Улар арғамчини тепага тортганда ўзингни арғамчига боғлайсан, улар сени тепага тортиб олишади. У ерда Қорахон билан сўзлашиб, айтадурғонларни билиб келасан”. Ўрдугоҳ билан Қорахон ўртасида арғамчи билан боғланиш пайдо бўлди. Бирин-кетин аскарлар арғамчи орқали тоғ устига чиқиб, Қорахон билан биргалашдилар. Душман кўзини машғул қилиб, нариги томонда юргузуб турган ишларимизни сездирмаслик учун бирмунча кишиларни шарқ томондаги мабардан ўтмоқчи бўлиб тургани каби кўриниш бериб турдим. Душманни Қорахонга диққати жалб бўлмаган ҳолда беш юз нафар сарбозни тоғ устига чиқариб олдик. Тоғдаги кишиларимни палаҳмон тошлар билан дафъатан салоҳлантириш учун пастдан чиқариб бердим. Чунки дафъатан тошларни тоғдан кўмариб олғунчалик фурсатда душман қаршисида шошиб қолмасликлари лозим эди. Тоғ устидаги аскарларни ва у ердаги қилинадурғон ишларни Қорахон амрига тафвуз қилдим ва бизга мабар йўлини тўсиб турган душманларни ҳар тарафидан ҳамла қилиб тезлик билан ўртадан кўтариб юбормоғига буйруқ бердим. Тоғ устидаги душман билан Қорахон қўмондонлигига тобе аскарларни қай тариқада уруш олиб бориб турганлигини тоғ вазияти қабул қилмагани учун кўриб туролмадим. Аммо тоғ устидан майдон наъраси- қичқириқлари эшитилиб турарди. Тоғ устидан ерга учиб тушаётган одамларни мудғиш овозлари эшитилар эди. Учиб кетган одамлар, тушган жойидаёқ ерга чаплашиб қолиб ун чиқармоқға ҳам қудрати етмас эди. Йиқилганларнинг баъзиси менинг кишиларимдан ва баъзиси душман афродларидан эди. Буларнинг жасади ерга тушиши билан сўнгаклари синиб, янчилиб кетар эди. Бу кўринишдаги одамларни суқути менинг вужудимда бир ўзгариш ижодқ иладими-йўқми, деб ўзимни синамоқда эдим. Табиийдурки, уруш майдонида ўлим борлиги муқаррардир. Бундан чекиниш имкони йўқдур. Фақат кўриб турганим – тоғдан учиб ўлиш мен учун янгилик эди. Бу кунғача аскарларим тоғда урушиб, тоғдан учиб ўлган эмас эдилар. Уруш майдонида қилич зарбаси билан ўлган одамларим шу ўлим натижасини берарди. Фақат майдонда қилич зарбасига учраб, найза билан бадани тешилиб, бир неча кунлар мажруҳлик билан дад тортиб, азоб чекиб ўлгандан кўра тоғдан учиб ўлиш шу қадар сари эдики, дардни эхсос қилмоққа ҳам фурсат йўқ эди. Бир вақт тоғ устидан Қорахон: “Эй амир, бу ерда душмандан бир киши ҳам қолмади. Сиз қўшун билан мабардан ўта оласиз”, деб қичқирди. Дарҳол гузаргоҳга тушган тошлар, ўликлар йўлдан кўтарулсун, йўл очилсун, деб амр қилдим. Қорахон “тоғ устида душман қолмади”, деб хабар берган бўлса ҳам мен ўз одатимча, эҳтиётни қўлдан бермай. қўшун олдидан бир даста хабар олғувчи бўлукни йўлга солдим. Улар ҳар лаҳзада йўлнинг омонлиғидан хабар бериб турар, отлиқлар йўлига давом этиб турар эди. Соғ-саломат мабардан ўтиб бўлдук, сўнгра бир жилғага етиб бордикки, у ердан бир наҳр оқиб турар эди. Вақт кун ботишга оз қолган эди. Олдимизда баландлик адирлар бор эди. Йўлда давом этсак, адирга етиб борганимизда қоронғулик бўлиб қолар эди. Душман ўлкасида кечалари ундай тепаликда юрмоқ хатарли эди. Шунинг учун ўша жилғада ўрдугоҳ қурдик. Ўрдугоҳнинг атрофига бирин-кетин уч қатор қоровул қўйдим. Маҳаллий урушқоқларнинг кечаси шабхун урмоғидан мукаммал муҳофаза чорасини кўрдим. Таом тайёрлаш учун ўт ёқилди. Қорахон тоғдан тушиб келиб кўришди. У ўзининг тоғ устида қилғон ишларидан тубандагича тақрир берди: “Мен ўн олти фидойи билан мабардан саломат ўтиб, тоғ тепасига чиқиб бордим. Тоғнинг вазияти шундоғ эдики, душманлар бизнинг сарбозларимизни охир лаҳзагача кўра олмадилар. Улар ўз афродларини иккига тақсим қилғон эдилар. Бир қисмининг қўлларида қарғатумшуқ, темир қалом (лўм) белкурак каби асбоблари орқали тош қўпормоқда эдилар. Иккинчи қисми эса, қўпорилган тошларни учқун лабига элтиб мабардан ўтувчилар устига ташламоқ вазифасини бажармоқда эдилар. Бизга ўрдугоҳ томониндан юборилмиш беш юз нафар қўшилгани ҳамоноқ, дарҳол душман утсига ҳамла бошладик. Дастлаб ўқ ва палаҳмон билан иш бошлаб душманлардан кўпгинасини нобуд қилдик. Уруш икки томон аскарининг бир-бирига яқинлашмоғига уйрулди. Бу вақт орада жуда зўр қонлик уруш вуқуга келди. Мана шу вақтда биз тарафдан ва душман тарафидан бирмунча киши тоғдан учуб пастга томон йиқилди. Аммо душманлар ниҳоятда қоқбош, урушқоқ кишилар экан. Уларнинг баъзилари ярадор бўлуб ўрунларидан туролмаган ҳолда ётган ерларига яқинлашиб қолғон сарбозларимизнинг пайини қирқишга интилдилар. Лекин ҳаммалари ўлдирилдилар ва ёки қаттиғ мажруҳ бўлган ҳолда ҳаракатдан ожиз топиб қолдилар. Натижада, бир оз киши бизга асир тушган бўлса ҳам, қолғонлари биз қўллаган йўл билан қочиб кетди. Бу урушда биздан икки юз қирқ бир киши ўлди ва бирмунча ярадор бўлганлари бор. Соғ қолган аскарлар ёрдами билан ярадорларимни тоғдан олиб тушдим”, деб тақририга ниҳоят берди. Мен Қорахоннинг қилган ишига мамнун ва рози бўлдум ва ундан: “Бу қилғон хизматингнинг муқобилинда мендан нима истайсан?” деб сўрадим. Қорахон айтди: “Менинг қилғон хизматим ўз вожибимнинг адоси ва фидокорлигим нишонасидур, бунинг учун муқобил талаб қилмайман”. Мен унга айтдим: “Қорахон, мен сенинг биҳодирлигингни кўп урушларда синовдан ўткузганман. Бугун эса, ёлғуз баҳодур эмас, ибтикор соҳиби эканлигингни ҳам кўрсатдинг. Довюраклик билан мабардан ёғдирилиб турилган тошлардан ҳазар қилмай ўтдинг. Тоғ устига чиқмоғда душманга сездирмаслик марҳаласини босдинг, тоғ устида ўзингни менга кўрсатиб хотиржам қилиш билан қилинадурғон ишларга ишорат билан йўл очдинг. Тоғ устидаги амалияларни ўз фикринг ва тадбиринг билан бажариб, мабарни очишга душманни мағлуб қилишга муваффақ бўлдунг. Агар сенинг шу режа ва ибтикоринг бўлмаса, шу ўрунда ҳафталарча қолмоққа ёки орқамизга чекинмоққа тўғри келар эди”. Бу сўзларимни тинглаган Қорахон: “Мен ўз вазифамни адо қилмоқда хатосиз ўрунлаган бўлсам, сизнинг қабулингиз мен учун буюк шарафдур”, деди. Мен унга қатъий йўсунда бундай дедим: “Эй Баҳодир киши, сенинг бу хизматингни тақдирлаб, ўн минг динор олтунни ҳозир мукофот қилганим каби, Самарқандга борганимиздан кейин қизим Зубайдани сенга никоҳлаб беражакман”. Қорахон уятчанлик ҳаёси билан “Мен сизга ғулом бўлганимдан қувонган эдим. Аммо куёв бўлмоққа лаёқатим йўқтур”, деди. Мен унга изоҳ қилдим: “Сен ўзунгни менга домод бўлушқа лаёқатинг борлигини исбот қилиб бўлдинг”. Хазиначилар ўн минг динор олтунни келтуруб, Қорахонга тақдим қилдилар. Биз шу ҳолда турганимизда кўзум тоғ устидан кўрунган шуълалик ўтға тушти. Бу ҳол мени биринчи марра тан ларзасига қадар еткузди. Албатта, вужудимдаги титроқни қўрқишдан ҳосил бўлғон, деб гумон қилинмасун. Балки ўзумни кечирилмаслик бир ғалат қилғанимни пайқағонимдан вужудга келган эди. Менингдек умри уруш билан ўтган бир одам буни қилмаслиги лозим эди. Шу қадар қийинчилик билан очилган гўзаргоҳни яна душман истеъфодасига берилмоғи, улар тарафидан йўлни эгаллаб, бизнинг қайта ўтишимизга монеълик қилдирмоқ буюк ғалат эмасмиди? Фақат уруш бошлиғи бўлғон бир киши йўлларга қоровул қўймасдан абурларни душман қўлиға қайта кечмоғига йўл қўймоғи кечириладурғон ғалатлардан эмас эди. Қорахонга қараб: “Чарчагандурсан, ухламоққа майлинг борми?” деб сўрадим. У жавоб берди: “Чарчаган бўлсам ҳам, сизга хизмат қилиш учун уйқудан воз кечаман”. Мен унга ўзум қилган ғалатни – йўлни қоровулсиз ташлаб келганимни баён қилиб: “Шу йўлни сақламоғинг учун қанча аскар кифоя қилади?” деб сўрадим. “Беш юз киши етади”, деб жавб берди. Мен: “Сен у ерга қайтиб боргин, балки уруш воқе бўлиб қолар ўзинг билан минг нафар йигит олгин”, деганимда Қорахон мурожаат қилди: “Буйруғингизга итоат қиламан, аммо жўнашимдан илгари асирлардан баъзи маълумотларни олмоғимиз лозимдур”. Асирларни олдимга келтуриб тоғ тарафдан кўруниб турган ёруғликка ишорат қилиб: “Юртдошларинг бу вақтда тоғнинг устида нима қилади?” деб сўрадим. Асирлардан бири: “Улар бугун ўлганлар жасадини кўтарадур, мажруҳларни тадовий қиладур”, деди. Асирнинг бу жавоби маъқул бўлса ҳам иродлик бўлгани учун бошқа биридан сўрадим: “Жамоатларинг нима учун кечасида жасадларни йиғиштирмоққа киришди. Эрта кундуз ёруғида йиғиштирса бўлмайдими?” дедим. Асир жавоб берди: “Эй буюк амир, бу ерда ўлик жасадларни еб кетадурғон дарандалар кўпдир, ундан ташқари мажруҳларнинг ёрдамга эҳтиёжи бордур. Аларга тезроғ ёрдам беришни эртага қадар кечиктирмаслик керак”, деди. Бу жавоб ҳам маъқул эди. Учинчи асир бошқалардан кўркамроғ кўринар эди, ундан: “Ватандошларинг биз ўтиб келган мабарни ишғол қиладиларми?” деб сўрадим. У қатъий жавоб бериб: “У мабар гузаргоҳни қайтадан ишғол қилмоқларида нима фойда бор?” деб жавобни ўзимга қилиб қўйди. Мен айтдим: “Фойдаси шулки, бизнинг қайтишимизга қийинчилик туғдирмоқчи бўлғайлар”, асир одам айтди: “Сизнинг қайтиб кетмоғингизга булар мажбур қилолмайди, деб тасаввур қиламан. Илова қиламанки, сиз ҳар қачон бу ердан қайтиб кетмоғни хоҳласангиз, йўллардан бемалол ўтиб кетаверасиз”. Бу таҳқиқотлардан кейин Қорахонга айтдим: “Энди ўрнингдан тур, бориб мабарни ишғол қил. Лозимлик емак-ичмакларни бирга ол. Бутун тадбирларни кўруб бўлғонингдан кейин ўша ерда ухла”. Қорахон минг отлиқ билан жўнади. Бориб бўлуб отларни қайтариб юбориш учун бир неча одамни ўзи билан бирга олди. Мен Қорахон жўнаганидан кейин рўй берадиган аҳволни кузатиб тоғ тарафдан кўзумни узмадим. Чунки асирлардан бири жавобида: “Юборган одамингиз бориб турсун, ерликлар ўлук жасадларни йиғиб мажруҳларига ёрдам учун борганми-йўқми, албатта, улар қайтатурғонда сиз юборган одамга дуч келади. Сизга берган баёнимиз тўғри чиқса, юборғон кишингиз уруш бошламаса керак. Аммо улардан таҳқиқлаб олсунки, улар тоғ устига қоровул қўйганми-йўқми?” деган сўзини Қорахонга такрор топшриқ бермаган бўлсам ҳам, унга бу каби кичик ишларда таъкид амрини бермоққа ҳожат тушмас эди. Кўзим-қулоғим тоғ томонда эди. Бирдан ҳуругандек овоз эшитилди. Буни брваста кўрунган асирдан сўраган эдим, “Бу хотунларнинг йиғиси” деб жавоб берди. “Хотунлар ҳам эркаклар билан ўлук йиғишка иштирок этадими?” деб сўрадим. Жавоб бердики: “Хотунлар тоғ этагида қолғондурлар. Эркаклар ўлук жасадлар билан мажруҳларни тоғ этагига олиб тушканда хотунларнинг йиғиси бошланадур”. Бу асир киши тўғри айтар эди. Тоғ этагида ёниб турган машъалалар буни тасдиқлар эди. Анча вақтгача хотунларнинг йиғиси эшитилиб турди. Бора-бора заийлашиб қат бўлди. Мен бу тоғлик минтақани қоровулсиз ташлаб келганим учун вужудимда ҳосил бўлган инқилоб дағдағаси билан ухлаёлмас эдим. Бу камчилик ўзимдагина содир бўлган эди. Тезликда Қорахоннинг чопари ҳам етиб келди. Душманлар тоғ устида ва остида бирорта ҳам қоровул қўймаганини, Қорахоннинг ўзи гузаргоҳ билан тоғ устини ишғол қилиб соқчилар қўйганини хабар қилганддан кейин кўнглим тинчиди. Ўрдугоҳни бир айланиб кўздан кечириб чиққандан кейин ўзимни уйқуга ҳозирладим. Эҳтиёт юзасидан бирор шабхунга учраб қолмаслик тадбирларини кўрганим учун уйқуга ҳам уруш кийими билан бордим. Тонг ёришмасдан бурун ҳануз аскарлар уйқуда чоғда уйғондим. Дарёа бориб таҳорат олиб, бомдод намозини ўқидим. Қорним оч бўлгани учун баковулларга барвақт нонушта бермоғни тайинладим. Менинг одатимда уруш майдонларида бўлганимда хусусан шабхунга учрашлик эҳтиётида бўлсам, оқшом таом емакдан парҳез қиламан. Чунки тўйган ҳамон уйқу келади. Аскар кишилар учун қорин тўйғизиб ётмоғи лозим бўлса ҳам, қўшун масъулларининг уйқусини енгиб бўлмоғига лозим тадбирларнинг қўлланмоғи зарурдир. Нонуштадан сўнг қўшунга қўзғолиш амрини бермасимдан илгари оқшомги хатоимни ёдладим, яна такрор шундай ғалат вужудга келмасун, деб Қорахон билан ўрдугоҳ орасига иртибо соқчилари қойим қилмоқни дилдан кечирдим, токи, душман тарафидан унинг билан қоида орасидаги истихборот алоқасини узиб қўймағай. Хуросонга тобеъ бохазар умароларининг ўғлидан бўлмиш Амир Ҳусайн ўша вақтда ўттиз ёшида эди. Менинг қўшуним мансабдорларидан эди. Ҳузуримга чақирдим. Шу тариқа мақсадимни билдирдим: “Мен қўшун билан илгариламоқчидурман. Сени бир минг киши билан шу жойда қўяман. Қорахон билан менинг ўртамдаги хабарлашиш воситаларимизни сақламоғингни таклиф этаман”, дедим ва илова қилдим: “Биз бу ердан кўчиш ҳамон душман тарафидан бу ерни ишғол қилиб олиш эҳтимоли бордур, у ҳолда Қорахон тоғ устида аскарлари билан мухосара бўлуб қоладур. У вақтда мен Қорахонга еткузадурғон қувватларни еткузмоғим имконсиз бўлуб қоладур. Шунинг учун сенинг бу ерда турушинг лозимдур”. Амир Ҳусайн: “Сиз хотиржам бўлинг, сиз билан Қорахон ўртасидаги алоқани сақлаш тўғрисидаги барча монеъликларга чора кўраман. робитани узадурғон душманга фурсат бермайман”, деди. Бу эҳтиёт чорасини кўрганимдан кейин олимизда кўруниб турғон тепаликлардан ўтмоқ учун йўлга тушдик. Асирларни йўл бошлатмоқға буюрдим. Бояр ўлкасига кирганимдан буён бирорта хона жойга кўзум тушмади. Сабабни билмоқ учун асирларнинг биридан: “Сизларнинг юртларингизда уй солмоқ одат эмасми?” деб сўраганимда асир одам бармоғи билан шимол томонни кўрсатиб: “Уйларимиз ўша томонда”, деди. Қўшун йўлига дуч келган тепаликлар, адирлар аскар бошлиғининг эҳтиётда бўлмоғига мажбур қилади. Чунки баъзан 50 зираъ ердаги ҳолдан огоҳ бўлмоқға ҳам адирлар моне бўлади. Шунинг учун олдинги изчиларимиз ва орқага қўйилган изчилар ўз ҳаракатларини эҳтиёт билан қилгандан ташқари ҳар бир тепаликнинг тўрт атрофини ҳам текшириб чиқишларига тўғри келар эди. Бундай минтақалар душманнинг ҳамла қилмоғига масоид бўлғони учун маҳаллий душманларнинг бу лаҳза билан яна бир лаҳза орасида бир тарафдан бош кўрсатиб қолмоғини кўздан қочирмас эдим. Лекин душман афроди кўзга кўринмас эди. Бироқ олдинги изчиларимиз душман вужудидан асарлар борлигининг хабарини берди. Уруш тартиби билан босиб турган йўлимиздан тўхтаб, иккинчи хабарнинг келишига мунтазир ҳолда турдик. Изчи қўмондонлари қоида бўйича узоқ ерда бўлса, вақт кундузи бўлса, байроқ билан ишорат беради. Тоғлик ерларда байроқ ишоратининг муазафлари баланд ерларда туриб ишорат беради. Иккинчи ишоратга интизор чекканимиз ҳолда ҳеч бир аломат кўролмадик. Ҳайратга қолдирғувчи бу аҳволни аниқламоқ учун бир неча кишиларни йўлладим. Улардан бир дастанинг овози – ҳайқириқ бир баландлик орқасидан эшитилди. Яна жим бўлиб кетди, буни ҳам таҳқиқ этмоқ учун одам юбормоқчи бўлиб турган эдим, устимизга ёмғир каби ўқ ёғди. Ўқлар шу қадар ёйилган ҳолда эдики, олға силжиш ўрнига орқага чекинишга амр бердим. Шу замон орқа-орқасидан икки ўқ менинг вужудимга тегди. Устимда темир кийимлар кийилгани учун жасадимга таъсир қилмади эса-да, баданимга сезилган шиддатдан ўқ отувчининг хийла забардаст, кучлик эканлигини фарқ этдим. Биз орқага чекиниш билан ўққа ҳадиф бўлишдан қутулдик. Бизни бу ерга бошлаб келиб ўз юртдошларига хизмат еткуздими, деб асирлардан шубҳаландим эса-да, улар онт ичдилар, онт билан хабарсизликларини билдирдилар. Ернинг вазнига қараганда, маҳаллий ўқчиларнинг шундай минтақаларда ўрин тутмоғи мумкин ва имкониятлик бўлгани учун йўл бошлаб келган асирларни ўз онтларида ҳақликдур деб тушундим. Аммо шундай йўлдан олиб ўтмай, бошқа осонроғ йўлдан бошласа бўлмасмиди, каби саволимга берган жавобларида бу тепалик ҳамма йўлга қараган бўлиб, қайси тарафидан ўтилса ҳам шу ҳол рўй беришини билдирдилар. Олдиндаги изчиларимизнинг итисоли узилиб қолишидан, улар душман қўлида ҳалок бўлди, деб тахмин қилдим. Бу билан Бояр халқининг иккинчи марта ўқларига учрамоғда эдим (бунинг бири ёнғинга учраган жангалдур). Аввалгисида бизни тўхтатиб қўйган бўлсалар, иккинчисида бизни орқага чекинтирмоқда эдилар. Мен учун бунинг иккиси ҳам яхши синоқ бўлди. Орқада соқчи қилиб қўйиб келганим Қорахон, Амир Ҳусайн вазиятларини яхши деб хабар олдим. Мен уларни бўлган воқеадан тамоман огоҳлантирдим. Агарда уларни огоҳлантириб турмасам, бепарволик билан бирор эҳтиётсизликка учраб қолғойлар. Бояр халқининг ўқ отиш маҳоратини, отган ўқларининг шиддатли таъсирини аниқлаш учун асирлардан суриштирдим. Улар айтдиларки: “Бизнинг халқимиз кичиклигидан бошлаб ўқ отишни ўрганиб бошлайди. Ҳатто ёши ўсганча ўқ-ёйларини ҳам ўз қли билан ясаб олиб ишлатади. Ишлатиладурғон ёйлар маҳаллий ёғочлар – ёғлиқ ёғочдан ясалади, ёйнинг заҳи тоғ эчкисининг ичагидан ясалади, у кўп бақувват бўлади. Ўқ-ёй ясашнинг баъзи хусусиятлари ва асрорлари бўлса-да, уни ўқчининг ўзи идрок этиши билан соғломлаштириб олади. Ўқларнинг учидаги пекон темир эмас, тошдан ясалади. Юртда топилатурғон бир нав тошлар бор, уни йўниб пекон ҳозирлайдилар, бу пеконлар асобат этган ҳамон темир каби баданга ботиб кетади,- деб қўшимча қилдилар:-Бояр ўлкасида яшовчи халқ ҳар йили уч ийд (байрам) қилади. Бунинг бири – “Янги йил байрами” бўлиб, баҳор фаслида бўлади. Иккинчиси - “Ўт байрами” бўлиб, куз фаслида бўлади. Учинчиси – “Ўқ отиш байрами” бўлиб, ўқчилар ўзининг ўқ отиш маҳоратини кўрсатиб мусобақа қиладилар”. асирлар шу тарздаги баёнлари билан ўқчиликка байрам даражасида аҳамият беришларини билдирдилар. Мен Бояр иқлимининг турли хусусиятлари тўғрисида Ибн Холдундан олган маълумотимга қараганда, бу халқ мусулмон бўлмасдан бурун маъжус эди. Маъжусилик одатларида ҳалиғача давом этиб келганлари бор. Масалан, “Ўт байрами” ҳали ҳам давом этади. Унинг сабабини сўралса, “бизларда чақмоқ тош йўқ, оташкадаларда ўт давомлик сақланади, ўт бўлмаса, Аллоҳнинг неъматларидан сув, тупроқ, ҳавосиз яшаш мумкин бўлмаганидек, ўтсиз яшаш мумкин эмасдур. Бинобарин, бу неъматни улуғлигига ишониб ийд қиламиз”, деб жавоб берадилар. Буларга ўт лозим бўлса, туташтиргувчи чўғни оташкададан олиб кетадилар, таом ҳозирлаш, совуғдан сақланмоқда истифода этадилар. Шунинг учун Бояр ўлкасининг ҳар бир қишлоғида бир донадан оташкада, шаҳарларида бир нечадан оташкадалари мавжуддир, деб эшитганман. Асирдардан: “Юртларингизда оташкада борми?” деб сўраганимда манфий жавоб беришди (Илгариги замонларда ўт, чақмоқ топилмаганда маъжуз қизларининг меҳри ўт бўлур эди). Биз қўшун билан душман ўқидан сақланиб, йўл ҳам юролмай турганимизда асирлардан: “Юртдошларингизнинг ўқига учрамасдан шу тепаликни айланиб ўтиб бўладими?” деб сўрадим. Улар шимол томонни кўрсатиб туриб: “Ҳа, мана шу томондан тепаларни айланиб ўтмоқ учун йўл бор, лекин йўл хийла узоқдир”, дедилар. Уларнинг бу жавобига: “Биз узоғ йўлларни босиб юриб ўрганиб қолганмиз, узоқ йўлдан толиқмаймиз”, деб бепарволик билан эшиттириб қўйдим. Мен мансабдорларимни йиғдим. Асирларнинг берган маълумоти устидан машварат қилдим. Асирларнинг сўзларига тамоман эътиқод қилиб ишонилмаса ҳам, тўғрилигига шубҳа қилинмаса ҳам бўлади. Чунки ёлғончиликлари билиниб қолса, ўлимга мустаҳиқ бўлиб қолишларини биладилар. Биз бу ердан ютгалганимиздан сўнг, тепада пистирма қилиб ётган душман ўқчилари Амир Ҳусайн билан Қорахон устига ҳамла қилиб, оғир мусибатлар келтирмоғини ҳисобга олдим. Бунинг тадбири учун икки ерга буюкгина қоровулхона (бурж) ясамоғимиз кераклигини тушундим. Ясайдурғон буржларимиз тош билан мустаҳкам тариқада бўлмай, сарбозларга ғишт қуйдириб, хом ғишт билан тезроқ тиклаб олмоққа мажбур эдик. Бу ҳақда Амир Ҳусайнга амр бердим. Воқеан, икки адад буржни тездан биткуздик. Ҳозирланган қоровулхонага беш юз кишини муҳофаза қилиб қўйиб бўлганимдан кейин шимол тарафга қараб йўлга тушдим. Йўлимиз теп-текис кўклам бир жилғадан иборат эди. Бу жилғада ғафлатан душманга тутилиб қолишимиз эҳтимоли йўқ эди. Суръат билан икки кун юрганимиздан кейин жилғанинг этагида шимол минтақасига етдик. Бундан кейин маҳаллий халқ билан уруш воқе бўлиб қолишини кўзда тутиб, сарбозларни яхши истироҳат олмоқларига буюрдим. Бўладурғон урушда отларга темир кийдирмоқ иложи бўлмагани учун барча хафтонлик сарбозларни бир тарафга айириб, темиртанлик бир гуруҳ ташкил қилдим. Бу пиёда темиртанликлар отларни душман ўқидан сақланмоғи учун аҳамиятлик мудофаа эди. Кўклам даштнинг шимолида кенгруғина бир маъбар бор эди. Ундан ўтиб шарқ томонга бурилмоғимиз керак эди. Бу минтақаларда бизни ғафлатга сололмасалар ҳам, у ердан ўтиб баъзи баландликларга улашар эдик. Ана унда душман ҳамласига дуч келиб қолишимиз мумкин эди. Феълан манбардан ўтиб шарқ томонга бурилганимиздан кейин темир кийинган илғор дастани олдиндан жўнатиб сўнгра темиртанлик сарбозларни юргиздим. Ўзим эса, отлиқлар жумласида бирга бормоқда эдим. Зиррапўш пиёдалар, ўз вазифаларини яхши билур эдилар. Отлиқларнинг ҳамласи бошлангандан кейин ҳам, улар, ўз урушларида давом этмоқлари кутилар эди. Шу йўсин Бояр ўқчиларини икки қилич орасига олган бўлур эдик. Ўтиб турганимиз баъзи тепаликлар ва саёз сойлардан иборат эди. Бу минтақаларда, отлиқларимиз душманни ўқ ёғдириб қолишига учраб қолмасалар, ҳужум ҳамласини қилмоққа қодир ва истеъдодли эдилар. Бўладурғон маъракани бундай тахмин қилар эдим: боярликлар ўзларининг қувватлик ўқчиларида бўлғон мазиаядан истефода қилмоқ учун, қарши-қаршига келиб урушмоққа урунмаслар. Бу ҳолда бизнинг зиррапўш пиёдаларимиз улар билан уруш бошласунлар. Икки томон, шу йўсин урушга киргандан кейин отлиқ қувватлар боярликларнинг орқасидан ҳамла қилиб, ўртадан кўтармоққа ҳаракат қилар, бу вақтда душманлар иккига тақсим бўлиб туриб, (бири пиёдаларга ва бири отлиқларга қарши юзланар) урушмоққа мажбур бўлар, бу тариқада бизнинг талофатимиз озроқ бўлар деб режа тузган эдим. Пешин вақтларида теир кийинган илғорларимиздан: “душман кўринди”, деб хабар келди. Дарҳол пиёдаларни ҳаракатга буюрдим. Бу ерликлар, одатларича, пиёдаларни ўққа тутдилар. Отилиб турган ўқлар, майдоннинг кенглиги вазиятни аниқлаб берди. Қўшун орқасида туриш учун эҳтиёт қувватларни айирдим. Қолган отлиқлар билан ўзим сафнинг аввалида ҳамлага бошладим. Боярликларга Темур Кўрагон қандай бир киши ва қўлидан нима ишлар келишини кўрсатиб – кўзини очиб қўймоқчи эдим. Иккинчи тарафдан менинг аввалги сафдаги аскарлар билан бирга туришим, қўшин афродларининг маънавиятини юқорилатар эди. Шунинг учун қўмондонларнинг ҳеч бири- мени бу қасдимдан қайтаролмас эди. Мен бу қайтаришни шаънимга зиллат деб билар эдим. Пиёдаларга қарши, ўқ отиш билан машғул бўлиб турган Бояр ўқчилари орқа тарафларидан бизнинг ҳамла қилганимизни кўриб, бирмунчалар бизга қараб ўқ отмоққа бошлади. Бизнинг отлиқларимиз, уларга фурсат бермасданоқ – устларига сел каби бостириб борди. Бизнинг ҳамламиз шу қадар сурат билан амалга оширилдики, душманлар отларнинг туёқлари остида босилиб кетдилар. Ҳатто бизга қараб ўқ отишга ҳам қодир бўлолмай қолди. Мен узун соплик болтамни қўлладим. Ҳар зарбада бир донадан душманни ерга ағдариб ташладим. Бир тарафдан ўқчиларим ўқ отиш ўрнига қиличларини қўлларига олиб ҳамлага киришдилар. Душманга майдон тор бўлди. Илгарига юриш, орқага қочишларининг имкони йўқ эди. Мабодо, бу йўл билан қочганлар бўлса, орқадаги эҳтиёт қувватларининг қўлига тушган эди. Уруш пешиндан аср намозига қадар давом этди. Бу вақтда боярликларни охирги моқоваматлари тугатилди, қолғонлари таслим бўлди. Бояр ўлкасининг нуфузидан бехабар эдим. Форсдаги вақтимда ҳам сруштирган эдим. Аниқ билувчи одам бўлмади. Баъзилар юз минг тахмин қилсалар, баъзилар тўрт юз минг дер эдилар. Бу тахминотларга кўра, Бояр халқи орқадан ҳамла қилолмасалар деб тушунмоқда эдим. Шундоғ бўлса ҳам, орқада қўйиб келганим Қорахон билан амир Ҳусайнни ғафлатга солмағайлар, деган андишадан фориғ эмас эдим. Лекин ҳеч кимнинг ҳамла қилгани маълум бўлмади. *** Уруш сўнганда йўлимизга давом этдик. Узоқдан бир шаҳарнинг қораси кўринди. Кўринган шаҳарни сел хатаридан омон қолдирмоқ учун тепаликка бино қилғон эдилар. Маълум бўлишича, хийла кенг бир шаҳар эди. Шаҳар бор тепаликдан тутун буриқсиб чиқмоқда эди. Бунинг маъносини асирлардан сўрадим. Улар бу тутун оташкададан чиқиб турган тутундир, деб хабар бердилар. Мен бу кунгача оташкадани кўрмаган эдим. Мажусийлар оташкадасида нима қилишларини билмак учун асирлардан сўрадим. Улар бундай жавоб бердилар: “Оташадани бир мутавали бошлиғи билан ўттиз нафар ходими бор, ходимлардан – ҳар куни икки киши навбат тутиб, ўтни ўчирмай сақлаб туришга мукаллафдурлар. Ҳар оила, ойда бир кун муфт тариқи билан ўтин келтирадур. Бу билан оташкада ҳисобида доимо икки йиллик ўтин заҳираси мавжуд турадур. Бундан бошқа оташкадага оид вақиф йўқ бўлса ҳам, ҳар йил биринчи ҳамалдан бошлаб етти кун байрамимиз бордир. Бу байрам Худонинг етти муқарраб фаришталари исминда аҳё қилинади. Ҳафтанинг етти куни эканлиги ҳаммага маълумдир. Бунинг асоси ҳам шу, етти фариштага мансубдир. Етти кунлик байрам муносабати билан халқ закотларини оташкаданинг мутаваллисига келтириб беради. Оташкада ходимларининг келар байрамгача маошлари шу пулдан таъминланади”. Боярларнинг дини ислом ва мажусийдан мураккаблашган эди. Халқ ўзини мусулмон деб эътиқод қилгани ҳолда, оташкадалари бор эди. Закотларини ҳам оташкада мутаваллисига топширар эдилар. Фақат намоз ҳақинда тўлиқ маълумот олмоқ учун асирларнинг биридан намоз ўқиб-ўқимаслигини сўрадим. У: “Албатта ўқийман”, деб жавоб берганидан кейин ўзининг намоз ўқиш тариқасини кўрсатмоққа таклиф этдим. У асир юзини кунга қаратиб, қўлини бир неча бор силтади, лабининг учида пичирлаб қўйди-да, “Шу бизнинг намозимиз”, деди. Мен унинг қиблага юзланмаганини айтдим. У таажжуб билан: “Офтоб - қибла”, деди. Унинг жавобига эътимодан “Офтобни қиблада деб биласизларми?”-деб сўрадим. “Бале”, деб тасдиқлади. Бу халққа диний таълим бергувчи пешволарини ҳам оташкаданинг мутаваллиси эканлигини айтди. *** Кун ботиб ўрталиқ қоронғилашди. Биз билан Бояр шаҳрининг орасида бир миқдор фосийла бор эди. Кечасида бегона шаҳарга кииш хатар бўлгани учун Ўрдугоҳни шу ерга қурдирдим. Қўмондонларни йиғиб, бундайча тушунтириш бердим: “Сизлар бир жойдадурсизларки, бу ернинг одамларигина эмас, тош, тупроғлари ҳам сизларга душмандир. Шунинг учун ҳар лаҳзада душманнинг ҳамласига дуч келиб қолишларингизни назарларингизда тутишларингиз мумкиндур. Турган жойимиз эса, баъзан тепалик ва баъзан саёз сойларга тўғри келиб қолди. Душман, бизни ғафлатда босиб қолмоғига муносиб бир минтақадир. Сарбозлар уйқуга бормасдан туриб атрофимиздаги тепаликларга қоровул қўйиш керак. Чарчаган аскарлар қоровулликда ухлаб қолмасликлари учун уларни тез-тез текшириб туриш учун сайёр кузатувчиларни тайин қилишингиз лозимдур”, деб таълимот бердим. Мендаги аскарий қоида бўйича: чарчаган аскарга яхши ҳордиқ чиқариб олдириб андин хизматга буюришдир. Агар яхши дам олиб бўлган аскар навбат кутиб соқчилик қилган вақтинда хатоси авфу қилинмайди. Магар, бизнинг ҳозирги ҳолимиздаги бир аҳволда тўлиқ роҳат ололмаган навбатчининг ухлаб қолгани бўлса, кузатувчилар уйғотиб қўйиш билан кифоя қилинадур. Ўзим бу кеча ҳам таом емадим. Шу билан уйқум пароканда бўлиб ҳар соатда ташқаридаги товушларни эшитиб турар эдим. Шу муносабат билан ташқарига чиқиб атрофга назар солар эдим. Ҳеч қандай ғайриоддий нарса кўринмади. Шу йўсин билан тонг оттирдим. Бомдод намозини ўқигандан кейин аскарлар уйғониб намоз ўқиб отларига қараб бўлиб тўплангунчалик истироҳат қилдим. Сўнгра қўшин уруш тузуми билан Бояр шаҳрига қараб юрди. Узоқдан кўринган Бояр шаҳрини Самарқанддан каттароқми, деб таҳмин қилдим. Бироқ асирлар узоқ-узоқ уй солиш билан шаҳар катта кўринганини айтиб, мени ижтибоҳдан чиқаришди. Дарҳақиқат, бир-биридан йироқлаштириб солинган уйлар узоқдан буюк бир шаҳар каби кўринса ҳам, яқин борганимизда уйлар минг донага бормаслиги аниқланди. Биз шаҳар тузилишини узоқдан кўриб келиб турганимизда илғорлардан “Душман кўринди”, деган хабар келди. Дарҳол икки ёндаги аскарлар қўмондонларига ва орқадаги қувватлар қўмондонларига душманнинг тўсатдан ҳамла қилишларига қарши ҳушёр бўлишлари ҳақинда огоҳлик бердим. Бояр халқи эркак-хотун салоҳланибдур. Ердан гиёҳ ўрнига одам кўкариб чиққандек – қалин, бир кўринишнинг ҳамласи бизга қарши тўрт тарафдан бошланди. Бу ҳолда бизнинг икки жаноҳ аскарларимиз душманга қарши шиддат билан от чопиб бориб, эркак-хотун демай отга бостириб юборилиши лозим кўрилди. Эҳтиёт қувватларидан бошқаси, ҳатто ўзим ҳам, биргаликда от қўйдик. Ерликлар биз билан паноҳсиз, очиқ ерда урушмоқда эдилар. Улар бизга тўрт тарафдан ҳужум қилган бўлсалар ҳам бизларга устун кела олмадилар. Отлиқларнинг ҳамласи уларнинг муқовамат кучларини синдириб юборди. Уларнинг кучи от оёғида янчилиш, қилич зарбасида ўлуш ва ниҳоят ўлумдан қолганларининг биёбонга қочиши билан якунланди. Мен шаҳарни тезроқ тасарруф қилиш учун қочганларнинг орқасидан қувламасликка буюрдим. Мен бу урушни боярликлар билан бўлган охирги урушдир, улар бундан кейин урушмаслар, мабодо урушсалар ҳам аввалги шиддатларини қўллай олмаслар, деб тушунар эдим. Шаҳар йўли очиқ бўлгач, шаҳар сари юрдук. Шаҳарга кирмасдан бурун, қўмондонларимга “Оташкада руҳонийлари ўлдирилмасун”, деб амр бердим. “Улардан бошқа шаҳар халқи муқовамат қилгудек бўлса, ўлдирулсин”, амрини бердим. Биз шаҳарга қадам қўйганда қаршилик кўрсатувчи иши бўлмади. Ўтадурғон йўлимиз устида томдан туриб бизга қарши отса бўладурғон жойлар жуда кўп эди. Бироқ ҳеч ким бу душманликни қилмади. Мен бу уйларни текширмоққа буюрдим. Уйларда ҳам одам йўқлиги билинди. Маълум қилинишида шундоқ чиқдики, халқ уйларини ёппасига бекорлаб бўлиб, бизга бориб ҳамла қилган экан. Биздан мағлуб бўлганлари биёбонга қараб қочиб кетган экан. Шу сабабдан шаҳарда уруш бўлмади. Бир қатра қон ҳам тўкилмади. Муқоваматсиз ишғол бўлган шаҳарнинг оташкадасига бордим. Оташкада дарвозасида бир неча нафар кўк кийимлик одам турган эди. Улар ўзларининг оташкада ходимлари эканликларини билдирдилар. Мен: “Шаҳар халқи уйларини ташлаб кетибдурлар, сизлар нимага кетмадингизлар?”-деб сўрадим. Улардан мартабалироқ кўринган оқсоқол киши: “Биз бу муқаддас ўтни ўзича ўчиб қолмоғига ташлаб кетолмаймиз”, деди. Мен унга: “Ўтларингизни ўчирсам, нима қила оласизлар?” дедим. У одам: “Араблар ҳам бизнинг ўтларимизни ўчирмаган эдилар. Тангри бандаларининг ҳаёт-мамот амри сизнинг қўлингиздадур, сиз бундай қиланг”, деди. Мен унинг оғзидан чиққан “араб” жумласини назарда тутиб. “араб” деб кимни ишорат қилаётганини билмоқчи бўлдим ва: “Араблардан сенга ёққан ёқимли одам ким?” деб сўрадим. У айтди: “Араблардан менга ёққани шул кишидурки, саккиз юз илгари ажам мулкига эга бўлдилар. Ислом динини келтурдилар, аммо оташкадаларни ўчирмадилар. Ибодатхона хизматчилари қочиб кетиб, олов кимсасиз қолган бўлса-да, араблар уни ўчирмаган”, деди. Ҳар ҳолда бу кишини тарихдан ҳам хабари бор эди. Бу одам билан сўзлашмоқ, суҳбатни давом эттирмоқ қасди ила: “Ўтларингизни кўрмоқчи бўламан”, дедим. У одам: “Кўрмоғингизнинг боки йўқ, аммо ўтга яқин бориб нафасингизни етиштирманг, биз ҳам у қадар ўтга яқин бормаймиз”, деди. Мен оташкадага қадам қўйдим. Унда бир бино бор бўлиб, гумбазлик бир уй кўзга кўринар эди. Ҳалиги гумбазнинг устидан тутун чиқиб турсин, деб бир тешик қўйилган.Уйнинг ўрталиғ ерида бир манқал (оташдон) шаклида атрофи тешик бир маҳфаза қўйилган кўринар эди – унда ўт ёниб турар эди. Кўк кийимликлардан бири гоҳ-гоҳ ўтин ташлаб турар эди. Мен оташкада десалар, ўзига хос бир усулга асосланган маъбудмикин, деб хаёл қилган эдим. Кўзим билан кўрганда Самарқанднинг ошхоналарида кабоб пишириб турган қўрадан ҳақирроқ бир нарсани “оташкада” деб эътиқод қилганларига тушундим. Том остидаги бу манзарадан қутилиш учун ташқарига чиқдим. Оқсоқол одамдан: “Сен ва хизматингдаги одамлар ҳаммаларингиз мусулмонмисизлар?” –деб сўрадим. Дарҳол: “Бале” деб жавоб берди. Мен: “Хўп, сизлар мусулмон бўлсангизлар нима учун ўт ёқиб, бу оташкадани чўқунма қиласизлар?” деб сўрадим. У: “Ота-боболаримиздан қолган одатни тарк қила олмаймиз”, деб жавоб берди. “Боболарингиз бутпараст эдилар, ўт ёқиб унга чўқинмоқ бутпарастларнинг ишидур. Мусулмон киши ўтга чўқинмаслиги керак”, дедим. Чол одам изоҳ берди: “Боболаримиз бутпараст эмас эдилар. Яздон (хайри-холиқи)параст эдилар. Уларнинг “Яздон” деганлари бизнинг худойимиздир”. Мен айтдим: “Ўтган куни сизлардан бир кишини кўрдим. Офтобга қараб ишорат қилмоқда эди. Сўрасам, “офтоб бизнинг қибламиз”, деди. Шу ақида тўғрими?” Оқсоқол киши айтди: “Бале, эй амир, офтобни шунинг учун қибла, деб ақида қиламизки, ҳамма нарсани офтоб яратгандир. Офтобни эса Худо яратгандур, деб биламиз”. Мен айтдим: “Диндорлар ва уламоларга, шуароларга озор етказмайман, деб аҳд қилган эдим. Бўлмаса, сени ўлдурур эдим. Чунки сизлар муртад бўлғон қатли вожиб ҳукм қилинғонлардандурсизлар”. Кекса киши бошини қуйи солиб: “Мана бу бош, ана у қўлингиздаги қиличдур. Нима қилсангиз – қилинг”, деди. Мен жавоб бердим: “Агар мен сен билан ходимларингни ўрдурмоқчи бўлсам эдим, сендан ўлумингга муваққат олишга ҳожатим йўқлигини билар эдим”. Ундан кейин ислом билан мажусийлик хусусида бир неча саволлар сўрадим. Саволларимга жавоб беролмаганидан кейин сатҳи бир маълумотга эга эканини пайқадим. Ўз-ўзимга: “Шу Бояр ўлкасидан бошқа ерни кўрмаган, қишлоқ мактабхонасидан чиққан, диндор бўлиб кўринган одамдан бундан зиёда маълумот талаб қилинмас”, дедим-да, “Саводинг борми?” деб сўрадим. “Саводим йўқ”, деб жавоб бергач, яна сўрадим: “Саводинг бўлмаса, Наврўз келганини қандай биласан? Етти кунлик байрамни халққа қандай буюрасан?” У чол жавоб берди: “Бир йилда икки кун кечаю-кундуз баробар бўлади. Бири баҳорнинг аввалидадир, иккинчиси куздадурки, қиш совуғининг ибтидосидур. Ҳаво исиб офтоб тўғри мағрибга томон ботганда кеча-кундуз баробар бўлганини биламан. Халққа “Наврўз келди”, деб эълон қиламан”. Чолнинг ҳисоби ҳам нотўғрилиги собит эди. Унинг сўзида ҳамалнинг биринчи куни билан Наврўз байрами орасида ўн кундан тортиб бир ойгача ихтилоф бор эди. Оташкада мутаваллиси билан ходимларига: “Сизлар қасосдан мафъудирсизлар, аммо шаҳар халқи қасос қилинади”, дедим. Мутавалли: “Эй амир, нима учун шаҳар суконларини жазоламоқчидурсиз?”-деб сўради. “Ўғлим Шайх Умарни ўлдургани учун”, дедим. Мутавалли айтди: “Эй амир, ўғлингизни ўлдурган бўлсалар, ўлдурган одамни жазоламоғингиз лозим эди, наинки бутун халқни ўлдурасиз?” Мен мутаваллига қатъий жавоб бердим: “Эй кекса киши, агар сен илмдан хабардор бўлсанг эди, Аллоҳу таоло Ҳазрат Одам Атоимизни қилган гуноҳларига бутун фарзандларини жазога мустаҳид тутганини ва у зотни жаннатдан чиқариш билан бутун авлодларини жаннатдан ташқарида қолғонини, акс ҳолда (у киши гуноҳ қилмаганларида), бизларнинг ҳаммамиз жаннатда қоладурғонлигимизни тушунтирар эдм. Бу ҳақда форс шоири Ҳофиз “Ман малак будаму Фирдавс барин жоим буд одам овард. Дар ин дайири харобам афганд” (Мутаржимдан: “Мен малак (фаришта) эдиму ужмоҳ (жаннат) менинг жойим эди. Ташламишдир харобага отам войдариғ”), дебдурки, бу “гуноҳни отам қилди, жазо бизга вожиб бўлуб жаннатдан қувландик”, маъносини англатадур. Бу мавзуга қараганда, боярликлардан бир мунчалари менинг ўғлумни ўлдурди. Шу жарима билан боярликларнинг ҳаммаси наздимда гуноҳкор – қотиллик жаримаси билан айбланади”. Бу минтақанинг ишлари битгач, жўнамоққа вақт етгани учун аскарларни минтақадан ташқарига чиқардим ва бир йўла Форс мамлакатидан чиқиб кетмоққа қасд қилдим. Бояр ўлкасидан чиқишимдан илгари шамол учи билан айланадурғон “тахти Сулаймон” деган харобани томоша қилдим. Чунки “ҳар бир тошнинг оғирлиги бир харвор (тақрибан 550 кило) келадурғон азамат тахтни қандай қилиб шамол осмонда айлантириб, шарқдан ғарбга кўтариб юрган ва хоҳлаган жойларига олиб борган экан?” деган савол орқасида фикрга чўмиб кетдим. Кейинроғ Шомга борганимда у ердаги сирёнинг махтутотларидан огоҳ бўлган кишилардан эшитдим. Биз эътиқод қилган ҳақиқий тахти Сулаймон эмас, Форс подшоҳларидан баъзилари шу харобаликни ясаган чоғида пойтахт қилган эканлар. Искандар замонида бузиб ташланган бир жой экан. |
« Олдинги | Кейинги » |
---|